18. Қандай мол-мулклар ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас?
Муомаладан чиқарилган ва тасарруфдан чиқарилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас.
Қонун ҳужжатларида мажбурий хусусийлаштирилиши назарда тутилган ёки хусусийлаштирилиши тақиқланган ёхуд чекланган корхоналар ва мол-мулк турлари ҳамда гуруҳлари ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас.
19. Тошкентда пропискасиз ҳам ипотека кредити бериладими?
Амалдаги қонунчиликка биноан фуқаро Тошкент шаҳридаги бирламчи бозордан уй-жой сотиб олса 5 фоизлик давлат божи тўлаш орқали уй-жойга эга бўлиши мумкин.
20. Аннуитет тўлов усули ҳақида тушунча беринг?
Ҳар ойда тенг миқдорларда тўланадиган тўлов усули.
21. Тадбиркорлик фаолияти ва унинг субъектлари тўғрисида тушунча беринг?
Тадбиркорлик фаолияти - тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.
22. Кичик тадбиркорлик субъектлари тоифасига қандай субъектлар киради?
Кичик тадбиркорлик субъектларига:
якка тартибдаги тадбиркор – яъни, юридик шахс мақомига эга бўлмаган қонун хужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширадиган жисмоний шахс.
микрофирмалар - ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва бошқа ноишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан ўн киши, улгуржи ва чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан беш киши бўлган;
кичик корхоналар-енгил ва озиқ-овқат саноатидаги, металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноати ҳамда қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан юз киши;
машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қурилиш ҳамда бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан эллик киши;
фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан йигирма беш киши бўлган.
Деҳқон хўжалиги - оила бошлиғига умрбод мерос қоладиган эгалик қилиш учун бериладиган томорқа ер участкасида оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштирадиган ва сотадиган оилавий майда товар хўжалиги;
Фермер хўжалиги - ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |