2-Мавзу. Ўзбекистон Республикасида биржалар фаолияти
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
БИРЖАЛАР ВА БИРЖА ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади биржаларни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
2-модда. Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Ушбу Қонун валюта биржасига нисбатан татбиқ этилмайди.
3-модда. Биржа тушунчаси
Биржа юридик шахс бўлиб, олдиндан тайинланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида оммавий ва ошкора биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш орқали биржа товарлари савдоси учун шарт-шароит яратади.
4-модда. Биржа фаолияти
Биржа фаолияти биржа савдоларини ташкил этиш ҳамда талаб ва таклифнинг ҳақиқий нисбатини аниқлаш асосида биржа товарларининг нархларини чиқариш орқали биржа товарларининг бозорини яратишга қаратилган ҳаракатлар йиғиндисидан иборат.
5-модда. Биржа фаолиятини лицензиялаш
Биржалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
6-модда. Биржа фаолиятининг давлат томонидан тартибга солиниши
Биржалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Биржалар ёки уларнинг аъзолари томонидан биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талаб билан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга ҳақлидир.
Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органларнинг ушбу Қонун 14 ва 15-моддалари талабларининг бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини биржалар томонидан бажарилмаган тақдирда, биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар биржа лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ёки биржа лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёхуд унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органларнинг қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаганлик учун, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно, биржаларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.
Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича судларга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |