1 Ҳалим Карим Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Download 45.62 Kb.
Sana05.01.2023
Hajmi45.62 Kb.
#1079860
Bog'liq
Кунлардан бир кун


1 Ҳалим Карим

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Кунлардан бир кун
(Ҳикоя)
Чексиз само худди бомдод маҳалидай бўзарган. Оромбахш майин сабо эсади. Кўкда саноқсиз деб бўлмайдиган даражадаги юлдузлар аллақандай чароғон ва тиниқ порлайди. Бутун осмонни эгаллагандай бургутсимон буюк бир Қуш ҳайбатли қонотларини хиёл очиб чўғдай қизил, лекин жуда чиройли кўзларини бир нуқтага тикканича қотиб турадир... У Қушдан кўз узолмасди. Келбати юрагида ваҳм уйғотса ҳам чиройли қўзлари ором ва ҳайрат бағишлар эди. У беихтиёр Қушга яқинлаша бошлади. Яқинлашгани сайин унинг нақадар улкан эканлигини сезди.Унинг қаршисида ўзини ушоқдай ҳис этди. Қушга кўзи тушган илк лаҳзалардаги ваҳм, ҳайрат ва оромнинг кучайиб бораётганини туйди. Ваҳм, Ҳайрат ва Ором бир вужудда жам бўлди. У бирдан ҳайбатли Қушнинг даҳшатли оёқларининг ости бўшлиқ эканлигини пайқади. Ўзининг ҳам оёларининг тагида ер йўқ эди. Ҳайрат энди қўрқувга айланди.Ўтакаси ёрилиб, нажот излагандай Қуш томон талпинди... Ўзини Буюк Қушнинг тумшуғида кўрди. Негадир қулашдан чўчимасдан пастга қаради. Денгизлар, тоғлар, ўрмонлар ва дашту биёбонларни бағрига олган мовий сайёра бир маромда чарх урар эди. Уни таниди ! Фазогирлар тасвирлари орқали тасаввурига ўрнашган Ер сайёраси ! Сокин ва гўзал эди... Малолсиз ёришиб турарди... Оҳанрабодай ўзига тортарди... Бир зум тикилиб қолди... Кўз узгиси келмасди...
Само қалқиди ! Буюк Қуш тўлғонгандай бўлди. Тумшуғи қизиди шекилли унинг ҳам оёқларининг остига иссиқлиқ югурди.Лекин Қуш сеҳрлангандай ҳануз ўша бир нуқтага термулганча қотиб турарди. У ҳам қаради. У Қуёш ҳам, Юлдуз ҳам, Ой ҳам эмасди. У Қуёш янглиғ, лекин ранго-ранг нур таратар, аммо асло кўзни олмас, куйдирмас эди. Унга қараган кўзлар термулиб қолар, вужуд беқиёс ором олар эди. Унга худди Онага қарагандай қараш мумкинлигини ҳис этди. Чунки ундан жуда ёқимли Меҳр таралар эди... У Буюк Қушнинг тумшуғида туриб, унга қўшилиб Меҳр томонга қараб, ўзининг намоз ўқиётганини кўрди. Ажабланди, намоз ўқимасдику... Салом бераётиб аввал онаси, кейин отасига кўзи тушди. Унга худди ачингандай қараб турардилар. Соғинган эди. Кўзидан ёшлари оқиб, уларни қучгиси келди. Лекин улар бошларини сарак-сарак қилиб узоқлаша бошладилар... Зумда ҳаммаси ғойиб бўлди...

2


-Дадаси !.. Ҳой дадаси... тузукмисиз ? Ёмон туш кўрдингизми ? Бирам йиғладингиз-ей... Қўрқиб кетдим... Уйғотганиям кўнглим бўлмади...
Жиққа терга ботган Шокир Толипович уйқусидаги йиғидан ёшланган кўзларини катта очганча тепасида хавотир билан қараб турган аёлини кўриб меровланиб қолди. Ўзига келиб, енгил тин олди. Боягина кўрган тушини эслаб юраги ҳапқирди. “Во ажаб ! Бу қандай ажойиб туш бўлди .?! Чексиз гўзал само... Меҳрли Нур, кўзлари оловли Қуш, оромбахш сабо...” Тушини яна кўргиси келиб, кўзини юмган эди хотинининг овози эшитилди : - Мен намоздан кейин ухлаганим йўқ. Китобимни ўқиб ўтирдим. Сиз худди ўша пайтда авжга чиқдингизда...
Комила эридан олдин нафақага чиқиб олгач, намозга берилган, Мустақил Қурьон ўқишни ўрганар эди.
-Хуррак отдимми ? – сўради кўзини очмасдан.
-Йўқ... хуррагингиизга-ку ўрганиб қолганман. “Оҳ-воҳ” қилдингиз, инградингиз, роса йиғладингиз, Қўрқиб кетдим... Атайлаб кўз ёшингизни артган эдим уйғониб кетдингиз. Ёмон туш кўрдингизми ?..
-Йўқ, ёмонмас... – деди-ю тушини сўз билан таърифлаб беролмаслигига ақли етди.
“Онамни, дадамни кўрдим... – деб қўя қолди – улар мен билан кўришмадилар...”
Шокир Толипович нафақа ёшига яқинлашгани сайин ўлимни кўп ўйлайдиган бўлиб қолди. Қоронғу гўрга кўмилишини тасаввур қилса юраги орқага тортади. Тор ва ёритилмаган жойларга кириш тугул, кўз олдига келтиришдан ҳам қўрқади. Шундай пайтда кабинетида ўтирган бўлса апил-тапил галстугини ечиб, ташқарига отилади.Кенг мовий осмонга, гулларга, дарахтларга узоқ тикилади. Уйда эса кечаси уйқуси қочиб, ҳовлисини узоқ айланиб юради. Худди ҳаво етмаётгандай чуқур-чуқур нафас олади. Шундагина қалбидаги ваҳима бироз чекингандай бўлади.
Аслида у ҳам ўлим нима эканлигини яхши билади. Яқинларидан айрилиш изтиробларини бошдан ўтказган. Онаси жуда ёшлигида вафот этган бўлса-да, отасини, туққанидай бўлган бувисини кўмган. Дўстларининг, қариндошлари ва таниш-билишларининг жанозаларида, дафн маросимларида қатнашган. Юрагига ўлим ваҳми тушгандан бери жанозада тик турса ҳам қабристонга бормайдиган бўлиб қолди.
3

Ётоқхонасидаги катта ойнага қараб галстугини боғлар экан, оқарган сочларига қараб яна маҳзунлашди. Эрини ишга кузатишни маросимга айлантирадиган, атрофида беҳуда куймаланаётган аёлига қарамасдан сўради :


- Озодбек қаерда ? Кечаси неччида келди ? Келдими ишқилиб ?
- Келган... Уйида ухлаяпти – деди Комила нороз оҳангда.
- Яна ичиб келдими ? ... Сендан сўраяпман... нега индамайсан ?

Комила қошини чимириб куймаланишда давом этарди,эрининг пўписасидан сўнг : “ Ҳа энди,сизнинг ўғлингиз бўлганидан кейин...” деб норозилигини ошириб,эридан аламини олмоқчи бўлди.


У қаҳр билан хотинига ўгирилди.Эрининг олайган кўзларига дош беролмай ташқарига чиқиб қутулди.
Комиланинг хафа бўлганича бор.Сочларининг оқи қорасини енгаётган бўлишига қарамасдан Шокир Толипович ҳалиям ичкиликдан қайтган эмас.Нима кўп,ҳар хил тадбирлар кўп.”Меҳмонлар” деб аталадиган комиссияларнингку кети узилмайди.Ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб кузатмасанг,зиёфат қилиб кўнглини олмасанг бўлмайди.Ҳар қандай қовоғини солиб тургани ҳам бир-икки қадаҳдан сўнг мулойимлашиб қолганини кўп кўрган.Меҳмонларга қўшилиб ўзинг бирга ичмасанг бўлмайди.Тез-тез дўстлари ҳам йўқлаб туришади.Уларни яхши кўради.Улар ҳам амалдор оғайниларининг дастурхонини яҳши билишади.Биргалашиб “тозаларидан олишади”. Ичмасам, қуйиб бермасам, келмай қўйишади,деб ўйлайди.Одатда у ичганда бироз сергапроқ бўлиб қолса ҳам қаттиқ маст бўлмайди.Ўзи айтмоқчи вақтида “тўхтаб” олади.”Бўлди,қизил чизиқ кўринди”деб туриб олади.Авваллари у давраларнинг “гулига” айланар,тамаддаликни қўлга олар,ҳатто махсус ёдлаган шеърлар,латифалар айтиб даврани қиздирар,ҳаммани қойил қолдирар эди.Уйига қайтишида эса гуллар ва совғалар билан келиб,аёли ва болаларининг ҳам кўнглини оларди.Кейинги пайтларда озгина ичилгандан сўнг эски гапларни қўзғайдиган,гапирмаса ҳам бўладиган гапларни айтадиган ва иззатталаб бўлиб қолди.Шунинг учун бўлса керак кайфи тарқалгач,завқ ўрнини надомат,шавқ ўрнини пушаймонлик эгаллаб,ўзининг гаплари ва қилиқларидан хижолат тортадиган бўлди.Ҳар сафарги пушаймонлик тонгида ўзини сўкар,ўзига ичмаслик сўзини берар,лекин бу ваъдалар кечки дастурхондаги биринчи қадаҳ олдида таслим бўлаверарди.У торлик ва қоронғиликдан қўрқа бошлагандан сўнг
4

пушаймонлик ва хижолатликка гуноҳкорлик ҳисси ҳам қўшилиб бутун борлиғини эзғилай бошлади.У ўзининг бу ҳолатини жуда аянчли деб билар ва ундан қутулиш учун жон жаҳди билан уринар эди.


Ниҳоят, галдаги ўтиришларнинг бирида унга қадр қилиб, ўзига яқин олиб юрадиган, кўркам соқоли ўзига ярашган, каттаю кичик “қори ака” деб чақирадиган синфдош дўсти Оловуддинга ёрилди :
-Мана шу юриш-туришларим, охири йўқ зиёфатлар ўзимга ҳам ёқмай қолди, қори ака. Ҳамма нарсам етарли : оилам, рўзғорим бут, ҳурматим ҳам жойида. Лекин ичим ғаш, ҳотиржамлигим йўқ... Ҳадеб минғирлаб насиҳат қилавермасдан мени ҳам бир дуо қилиб қўй ! Зора, кўнглим таскин топса !..
- Сени ҳам, қолган ўртоқларимни ҳам ҳар куни намозларимда дуо қиламан, оғайни ! – деди Оловиддин дўстига меҳри товланиб. – Сен катта одамсан, раҳбарсан. Кўпчилик сени” яхши одам” дейди.Бу ҳам катта гап. Кўпларга яхшилик қилгансан, ҳимматлисан. Безовта бўлаётган экансан, бу ҳам яхшилик аломати Ҳудо дилингга соляпди. Сен ичишни тўхтат ! Сенга қараб қолганлар ҳам ташлайди. Энди катта бўлиб қолдик, ўртоқ. Сочингнинг оқарганини қара... Синфимиздаги болаларнинг ичида сенинг сочинг чиройли эди. Бу ҳам бир белги ! Хотиржамликни истасанг намоз ўқи ! Ибодат қил ! Ҳудога яқинлаш, сўрайдиганингни Ўзидан сўра ! У доим ҳаммани эшитади ! Сўрасанг бўлди, гуноҳларимизни мағфират этса, зора. Сен ахир Оллоҳ билан гаплашишни хоҳламайсанми ?!
- Нималар деяпсан ? Худо билан гаплашишни ким ҳам хоҳламас экан ? Бунинг иложиси бор эканми ?
- Албатта бор ! Намоз Оллоҳ билан мулоқот қилишдир ! Фақат бунинг учун танангнигина эмас, балки қалбни ҳам буткул поклайсан. Ҳеч қандай шак-шубҳасиз Ўзига ишонасан яъни имон келтирасан. Ҳар нарса Унинг амри билангина ҳаракатга келишини – чумолининг қадам ташлашидан тортиб то новдадаги баргнинг “шитирлаши-ю” узилиб, ерга қўнишигача Унинг ихтиёрида эканлигини тан оласан. Фақат тилдагина эмас, балки дилингдан ҳис қиласан ! Хўжа кўрсинга – риё учун эмас, ич-ичингдан ўзгаришингга тўғри келади.
Ўзини анча-мунча ақллилардан кам билмайдиган Шокир Толипович давраларда кўпроқ сукут сақлайдиган, камтар-камсуқум синфдошининг сўзамоллигидан анграйиб қолган эди :

5

- Э... қойил, қори ака ! Шунча гапинг бор экан, ҳамма ўртоқлар йиғилганда гапирсанг бўлмайдими ?


- Неча марта гапирдим ахир... Ҳар гапнинг мавриди бор, раҳбар. Сенлар ичиб ўтирганда гапирсам кайфиятларинг бузилади. У пайтда қулоқларингга гап кирмайди. Бундан ташқари “Гапни гапир уққанга” деган нақл ҳам бор. Ўтиришларингга келмай десам, болаликдаги ўртоқларимдан ўзимнинг ҳам айрилгим келмайди. Инсоф бериб қолар, деб сабр қиламан. Ичимда ҳаммангни дуо қилиб ўтираман. Ҳар ҳолда сен кўпни кўрган, ўқимишли одамсан. Ҳаммага сен ўрнак бўлишинг керак. Уйингдаги китобларингни кўриб ҳавас қилганман. Сенчалик кўп ўқимаган бўлсам ҳам ўқиганимда кўнглимга ёққанларини юрагимга жойлаб оламан.
- Ҳа, сен мактабда ҳам ёмон ўқимагансан. Математикани ҳаммамиз сендан кўчирар эдик, - дея Шокир Толипович дўстининг кўнглини олгандай бўлди.
- Тўғри айтасан, тоат-ибодат қиладиган пайтимиз ҳам келди. Лекин Худо билан гаплашиш ҳам осон эмас экан, - деди жилмайиб.
- Сен менинг бу гапимга кулма ! – деди қатъий оҳангда Оловиддин. – Бу аския қиладиган гап эмас. Кейин бу гапни мен айтмаганман. Масжидда шу ҳақида кетаётганда бир йигит қитмирлик қилиб замон донишмандига савол берибди : “ Тақсир, Оллоҳ билан гаплашиш мумкин дейсиз... Телефон қилиб турасизми ? Рақами неччи ?”
- Ҳа, У билан истаган одам гаплашиши мумкин ! Сизга ҳам рақамини бераман, ёзиб олинг, дебди. Ҳамма ҳайратдан қотиб қолибди. Ҳазрат рақамларни айта бошлабди - 4, 10 ,4, 5, 9 ! Жамоатни таҳликали сукут эгаллабди. Бу қандай рақам ?! Бу нима дегани ? Донишманд дебди : Жаноб пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида бир кунда беш вақт намоз фарз бўлди! “4” рақами бу бомдод намозининг 4 ракатдан иборатлиги, “10” эса пешин намозининг 10 ракатлиги. Буёғи тушунарли : 4 ракат аср, 5 ракат шом, 9 ракат ҳуфтон ! Хуллас, покланиб жойнамозга қадам қўйингда, Оллоҳ билан истаганча гаплашаверинг ! У бизни ҳамма вақт эшитгувчи ва ёрдам бергувчидир ! Қудрати улуғ, марҳамати кенг ва раҳмдил Зотдир ! ”
Шокир Толиповичнинг раҳматли бувиси отинча аёл эди. У қизининг ногоҳоний вафотидан кейин жавдираб қолган набирасига болалик пайтларидаёқ бир мусулмон билиши керак бўлган илк сабоқларни беришга улгурган эди.
6

У намоз ўқишни ўргатадиган китобларни қайтадан ўқий бошлади. Гоҳ-гоҳида намоз ўқиди. Жойнамозда ўтирганида ўзида аллақандай ҳотиржамликни сеза бошлади.


-Келдингми, Назиржон – деб дарвозаси олида хизмат машинасининг олди ойнасини артаётган ҳайдовчиси билан сўрашгандай бўлди. Доимгидай машинанинг орқа ўриндиғига ўтирар экан, юзига дуо тортди. Назиржон бошлиғининг дуосига қўшилар экан, орқасига қарамасдан сўради : - Қаёққа ҳайдай ?
- Ишхонага ! Қаёққа бўларди ? – деди Шокир Толипович энсаси қотиб.
- Ҳокимиятгамасми дейманда ..., - деди ҳайдовчиси тезликни ошираркан.
- Нега ҳокимиятга бўларкан ?..
- Анови тасқара яна ёзибди-ку ... Ўтган сафаргидай яна ҳокимиятга чақиришгандир дейманда.
Кўнгилсизликни сезгандай Шокир Толиповичнинг юраги сиқилиб, “уфф” тортди. Эрталабдан нохушликни эслатганидан шофёридан норози бўлди. “Тасқара”нинг яна ёзганидан унинг хабари бор, лекин ҳали муҳокама қилмаган эди.
Назиржон анча тўпори йигит. Бирон нарса ёқмаса, ёки жаҳли чиқса “лов” этиб ёнадиган одати бор. Узоқ йиллардан бери бирга ишлаганлари ва чексиз меҳру вафоси билан Шокир Толиповичнинг ўз инисидай, оила аъзосидай бўлиб қолган. Улар баъзан нонуштани ҳам бирга қилишарди. Бунинг учун Назиржон бошлиғининг эрталабдан кайфияти қандайлигини олдиндан сезган бўлиши ва йўл – йўлакай хўжайини яхши кўрадиган 2 та иссиқ нон, нўхот ва махсус қаймоқ олиб келган бўлиши керак эди. Бундай кунларда у чақирмасдан тўғри кириб келаверар, бошқа пайтларда эса келганини ҳам билдирмасдан дарвоза олдида кутарди. Авваллари бошлиқ унинг бу одати учун танбех берса-да кейинчалик ўзи ҳам, нонуштага астойидил тайёргарлик кўрадиган хотини Комила ҳам унинг бу одатига кўникиб кетишганди. Ҳар ҳолда эр-хотин ҳайдовчисини қадрлар ва турли йўллар билан уни рағбатлантиришдан тўхташмасди.
Назиржон айтганидай, Мармарни бундан икки йил олдин унинг ўзи ишга қабул қилганди. Ўшанда қорачадан келган, озғин, одмигина кийинган, неча ёшдалигини билиб бўлмайдиган аёл кириб келганида туни билан Махбубанинг висолидан лаззатлнган Шокир Толиповичнинг кайфияти жуда яхши эди. Кўринишидан ачиниш ва шафқат аралаш хайрихоҳлик уйғотадиган
7

бу қизнинг тилининг бурролиги ва дадиллиги унинг тажрибали ва билимли эканлигини ҳам ифодалаб турарди. Биратўла қизни тавсия этган ҳокимиятдаги бўлим мудирининг ҳам кўнглини олиш истагидами ҳар ҳолда кадрлар бўлимига ишга қабул қилганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай янги келган қизнинг бўлимда “инқилоб” қилаётгани, ҳужжатларни янгича тартиблаётгани, ходимларнинг ишга келиб-кетишларини ҳам назорат қилаётгани, барчанинг ундан норози эканлиги бошлиқнинг ҳам қулоғига етиб келганди. Ўша пайтларда ўй-ҳаёли хушторида бўлиб, ишга анча-мунча бепарво бўлиб қолган Шокир Толипович Мармарнинг ишларини маъқуллаб кулиб қўя қолган, ҳатто мажлисларнинг бирида унинг ёнини олиб мақтаб ҳам қўйган эди. Кўп ўтмай узоқ йиллар кадрлар бўлимининг бошлиғи бўлиб келган Холида опа унинг қаршилигига ҳам қарамай ишдан бўшаб кетганида унинг ўрнига Мармардан бошқа номзод кўринмаётган эди.


Бўлим бошлиғи бўлгач, қирққа чиқса ҳам ҳануз турмушга чиқмаган, бурнининг чеккасидаги беўхшовроқ холи бор ҳуснига ҳам соя солиб турадиган бу қизнинг мустақил ҳаракатлари борган сари кўпайиб борди. Асосан, бошлиқ гапириб, тезда якунланадиган мажлислар анча – мунча чўзиладиган, бошлиқнинг ҳам гаплари кесиладиган бўлиб қолди.
Шокир Толипович кўпни кўрган, раҳбарликда сочи оқарган бўлгани учунми ёки атрофидагиларнинг маслаҳати биланми ҳар ҳолда жамоадаги тизгинни яна ўз қўлига олди. Қаторасига икки мажлисда Мармарнинг гапларини атайин қайириб ташлаб, жойига ўтқизиб қўйди. Рухсатсиз ҳам кириб келадиган бўлиб қолган қизни бир неча бор қабул қилмади. Шокир Толипович бошқармадаги ҳокимиятни ўзига қайтариб олди-ю тинчи бузилди. Мармар ҳокимият ва вазирликка бирин-кетин хатлар ёза бошлади. Ҳатто телевидениега ўзи ишлайдиган бошқарма ва унинг бошлиғини танқид қилиб интервью ҳам бериб юборди. Бошлиқнинг “ваколатсиз ва қатъиятсизлиги, маълумотлар ошириб кўрсатилганлиги, сметадан ташқари харажатларга йўл қўйилганлиги, мукофот пулларини ўз яқинларига (масалан ҳайдовчисига) ёзганлиги тўғрисидаги бири тўғри, бири нотўғри бўлган маълумотлар раҳбарият олдида ҳам обрўли бўлган Шокир Толиповичнинг юрагига пичоқдай санчилди.Устига устак вазирликдаги катта мажлисларнинг биридан кейинги зиёфат чоғида худди келишиб олгандай ҳоким ҳам, вазир ҳам унга дашном беришди.Бири” Ўзинг ишга олган қизчага гапингни ўтказа олмасанг, нима қилиб юрибсан ?” деган бўлса,бири “Ўша “офат” яна ёзадиган бўлса,мендан ёрдам сўрама” деб огоҳлантириб қўйди. У нохуш хаёллар билан ишхонасига етиб келганда,бошлиқнинг ҳорғин юзи ва уйилган қовоғини кўрган ходимлар салом ҳам бермасдан ўзларини четга олишди.
8
. . .

Улар Мармар ишга қабул қилинган кундан икки хафтача олдин танишган эдилар...


Шокир Толипович ҳокимиятдаги мажлисда ўзига деярли алоқаси бўлмаган иш учун қаттиқ гап эшитди.Ҳокимнинг баъзан бўлиб турадиган аччиқ гапларига “Ўзига яқин олгани учун қаттиқ гапирди-да” деб кетар эди,бу гал қаттиқ ботди.Ичида сўкиниб ҳам олди.Мажлисдан қизариб-бўзариб кайфиятсиз чиққан,йўл бўйи “уф” тортиб,дам бошини,дам қулоқларини сийпалаб келаётган бошлиғига астойдил ачинган Назиржон машинани бошқармага етмасдан йўл бўйида келадиган поликлиниканинг ойнаванд эшиклари олдида тўхтатди.Одатига хилоф равишда сўрамасдан машинадан тушди-да,”Ака,юринг кириб чиқамиз”,- деди дабдурустдан.
Поликлиникани кўриб ҳайдовчисининг нимага ишора қилаётганини тушунган Шокир Толипович бир муддат иккилангандай бўлди-ю унинг сезгирлигигига ичида тан бериб, машинадан тушди ва сўзсиз Назиржонга эргашди. У эшикдан кира солиб “Давленияни ким ўлчайди?” деб бақирди.Йигитнинг ортидаги пўрим костюми,галстуги ва келишган қиёфаси биланоқ амлдорлиги билиниб турган одамни кўрганлари заҳоти рўпарадаги диванда ўтирган оқ халатлари доимгидек ўзларига ярашиб турган уч аёлнинг бари тенг оёққа қалқидилар.Уларнинг ичида чиройи билан алоҳида ажралиб турган ўрта ёшлиси пешвоз чиқиб, “Бу ёққа кира қолинглар”,дея хонани кўрсатди.Ораста хонанинг ўртароғидаги юмшоқ стулга ўтказар экан, “Костюмингизни еча қолинг”,деди.Унинг овози шундай ёқимли эдики,тоби қочиб турган Шокир Толипович дарҳол ўзига келди.Аёлга ва хонага разм сола бошлади.Унинг юзи оппоқ ,шунчаки оппоқ эмас,оққа пушти атиргул ранги уйғунлашган чечак япроғи каби эди.Бўялмаган лаблари худди бўялгандай қизғиш бўлиб,нур таралгувчи истарали кулча юзга Яратган томонидан моҳирона ўрнатилган Жаннат булоғи монанд бўлиб, ташналик куйини чаларди.Оппоқ халатга ихфо бўлган бўлиқ болдирлари ва тугмаларни узгудай бўлиб сакрашга тайёр турган кўкраклари кўзларга завқ ва қувват бағишлар эди.Хона ўртасидаги оқ чойшаб ёзилган стол устига қўйилган биллур гулдондаги уч қизил атиргул,ёнида сув тўлатилган графин ва икки чиройли финжон,девордаги итальян даҳосининг Мадоннаси расми остига берилган тақвим хона соҳибасининг дид ва талабларини намоён қилаётгандай эди.У аввал графиндаги сувдан қуйиб узатди.Тонометрни мутахассисга хос чаққонлик билан бўйнига илар экан,соғинган одамини кўпдан кутаётгандай Шокир Толиповичга ғалати меҳр билан тикилди:

9
-Нима бўлди,мазангиз қочдими? – деб сўради. Йўқ,бу докторнинг мижозига берадиган саволга ўхшамас эди.У беихтиёр етим қолган набирасининг пешонасини силаб,бағрига босадиган энасини эслади.Туйқусдан оҳанрабодай тортаётган бағирга бошини қўйиб кўзларини юмгиси,суҳбатлашгиси келди.Базўр ўзини қўлга олди : - Қочмоқчи эди... Хонангизга кирдиму қайтиб келди,- деди қувлик билан.Аёл унинг хушомад аралаш жавобидан шундай завқланиб кулдики,томирлардаги ишққа ташна қонлар қайтадан гупиргандай бўлди.


-Хўш,энди қон босимимизни бир ўлчаб кўрайлик-чи,-деди доктор бирдан жиддий тус олиб.
- Сизники жуда яхши эканлиги аниқ !Меникини ўлчай қолинг – дея билагини тутди Шокир Толипович.У ҳозир ўзини жуда яхши қилар,негадир аёлни ўзига яқин олиб, у билан суҳбатлашгиси,ҳазиллашгиси келарди.Доктор фонондоскопни қулоғига - солар экан бирдан ёдига тушгандай Назиржонга юзланди: - Сиз ҳам беморми?..
У аёлнинг гўзаллигидан ҳам кўра ҳозиргина мазаси қочиб турган бошлиғининг бирдан қувноқ бўлиб қолганидан анграйиб қолганди: - Йўқ... мен... ҳалиги...
- Унда бизни коридорда кутинг,- дея нигоҳлари билан коридорни кўрсатди...
-Ҳа,бироз кўтарилибди, - деди аёл қулоғини бўшатар экан, - ҳозир битта укол қилиб, дори ёзиб бераман.Даволанишингиз,дам олишингиз керак.Қўрқинчли эмас,лекин даволаниб турмасангиз қон босимингиз ўйнайдиган бўлиб қолиши мумкин.
- Ҳа энди,ўзим ўйнамаганга яраша қон босимим ўйнаса ўйнабди-да, - деди Шокир Толипович докторнинг гапини ҳазилга буриб.Шу пайт у пешонасига бироз қиялатиб кийилган оқ қалпоқ остидан мўралаб сеҳр қилаётган жингалакка мойил қора сочларга,ҳатто маҳзунликда ҳам бирдайин порлаб тургувчи жоду тўла кўзларга,ҳаёт чашмаси янглиғ ақиқ лабларга беихтиёр тикилиб қолди.Юраги “потиллаб” ураётганидан ҳайратланди.Одатда мазаси қочган пайтлари юраги шундай безовталанар эди.Ҳозир эса ҳолати яхши,жудаям яхши эди.Жисмида йигитлик чоғидагидай қувватни ҳис қилаётган эди.Ниҳоят кўзларнинг жодусига дош беролмай нигоҳини биллур гулдондаги қизил гулларга бурди.Ўша заҳоти узоқ йиллар кўрмаган қадрдонини тўсатдан топиб олган одамдай ўрнидан қалқиб кетди ва беихтиёр: “Сиз ўшами ?” – деб юборди. Ҳаммага таниш бу жумла аёлнинг яна завқини
10

келтирди.Кўнгилларни қитиқлагувчи “қиқирлаб” кулиши билан жавоб қилди:”Ҳа, мен ўша !”...


Ўша куни ҳам кабинетида ишлаб ўтирган Шокир Толиповичнинг бирдан юраги сиқилиб ,ташқарига чиққан эди. Бошқарма биноси шаҳар ичида,йўл ёқасида бўлса ҳам йўловчилар камқатнов кўчада жойлашган,бошқа давлат ташкилотлари каби баланд ва ҳашаматли қора панжаралар билан оммадан ихоталанган .Панжара ташқарисидаги бинонинг эни баробар узун майдон бошқарма ходимлари томонидан ободонлаштирилган бўлиб,қимматбаҳо манзарали дарахтлар ва анвойи гуллар хуш кайфият берар,ёнидаги рангли тошлар босилган пиёдалар йўлаги эса бинога кўрк бериб турарди .Шокир Толипович баъзан деразасининг бир қаноти доим очиқ турадиган иккинчи қаватдаги хонасидан пастга тушиб,панжаралар ортидаги арчалар ва гулларни томоша қилганча сайр қилишни хуш кўрарди.
Ўшанда Аҳмад қоровулнинг гариллаган овози унинг хаёлини бўлган эди: -Ҳой опа,.. бу нима қилганингиз,узманг гулларни... ие... бу қанақаси?... уялмайсизми?...
Шокир Толипович шундоққина рўпарасида - панжара ортидаги йўлакда жиноят устида қўлга тушгандай ранги бўзарса ҳам чиройли ва хушбичим эканлиги кўриниб турган аёл қўлида ҳозиргина узиб олинган гул билан ёш боладай қўрқиб турар эди: - Кечирасиз ...,узр... билмабман...Икки-уч дона узиб хонамга қўймоқчи эдим,кечирасиз...
Қоровулнинг жаҳд билан аёлга қараб келаётганини кўрган Шокир Толипович узоқдан унга қараб “Ҳўвв, Аҳмад ! Қўявер узаверсин.Мен ўзим рухсат бердим”,- деди. Кейин панжара ортидаги аёл томонга қараб “Майли,узаверинг, хижолат бўлманг,ҳаммасини узмассиз ахир “,-деди.
- Йўғе, - деди аёл, - уч донагина узиб,хонамга қўймоқчи эдим.Бўлди,энди узмайман -дея ҳалоскорига миннатдорчилик билан жилмайиб,йўлида давом этган,қаттиққўл бошлиқнинг аёлга қилган юмшоқ муомаласидан энсаси қотган Аҳмад қоровул эса жавраганча ортига қайтган эди.
“Сиз ўшами?”нинг маъноси шу эди...
Поликлиникадан чиқиб ишхонага келгач,Шокир Толипович яна бироз гўзал доктор аёлнинг хаёлида ўтирди.Унинг ҳатто исмини сўрамагани ёдига тушиб ўзидан ўкинди.Доктор олдида ўсмир боланинг ҳолига тушиб қолганидан уялди.Кейин ҳамма нарсани буткул унутиб,ишга киришиб кетди.
11

Кечга яқин котиба қиз бир аёл кирмоқчи эканлигини айтганида у эртанги кун режаларини тузиш билан банд эди.Хушламайгина ижозат берди.Остонада гўзал доктор аёлни кўриб,аввалига ҳайратидан серрайиб қолди.Бир муддат тили айланмай каловланиб ўтирди.Бирдан ўзига келиб,ўрнидан ирғиб турди.


-Сиз ?... Қандай бўлиб?... Келинг... қайси шамол учирди?... – дея ҳаяжонини жилмайиш билан босди.
Аёл эса ўзидан ўн-ўн беш ёшлар катта эркакни ҳаяжонга сола олганлиги ортидан куладиган фахрни яшириш учун юзига жиддийлик тусини беришга ҳаракат қиларди.
- Ишдан қайтаётган эдим... Қарасам деразангиз очиқ турибди... Мен шу яқин ўртада яшайман. Сиздақа раҳбарлар иш билан овора бўлиб соғлиқларига эътибор қилмасликларини биламан. Шунинг учун ўзим кира қолдим. Бизнинг поликлиника сизнинг ташкилотингиз учун ҳам маъсул. Эрталаб қон босимингиз анча баланд эди... Яна бир ўлчаб қўйсам, дегандим... Дориларни ичдингизми...
Аёл ўзига тикилиб турган эркакка қарай олмас, қизарганча қўлидаги сумкасидан ниманидир қидираётгандай бўларди. Ниҳоят у қон босим ўлчагич жойлашган чарм ғилофни чиқарди.
Шокир Толипович кўйлагининг енгини шимариб аёлнинг олдига ўтирар экан кўзлар бирдан тўқнашди... Бир зум бир-бирларига термулиб қолдилар... Тезда кўзларини олиб қочдилар. “Аниқ, эри йўқ !” деган фикр ўтди.
“Қон босимингиз жойига тушиб қолибди. Лекин юрак уришингиз тезроқ... Эрталаб ёзиб берган дориларни вақтида ичиб турсангиз ҳаммаси жойида бўлади”.
Аёлнинг сўзларида меҳрибонлик, кўзларида жон олгувчи ишва бор эдики, бундан тажрибали, кап-катта одамниннг юрак уриши тезлашгандай эди.
-Юрагим яхши эди... Ҳозир сал тезлашди, шекилли...
Доктор Шокир Толиповичнинг гапидаги тагдорликни сезмагандай бўлдида сумкасидан кичик ҳалтага солинган бир неча дориларни узатди : - Барибир, дори олишга вақтингиз бўлмагандир, деб ола келдим. Вақтида ичиб туринг, - деди ва асбобини ғилофига солар экан, ўрнидан турди : - Бўпди, энди мен бора қолай...
Шокир Толипович истар-истамас эшик томон юраётган аёлга беихтиёр эргашар экан, ниҳоят тили айланди :
12

- Ўтирсангиз бўларди... Овора бўлибсиз-да... Мен сизни кузатиб қўяман... Ҳа, ҳайдовчимга айтай сизни уйингизга олиб бориб қўяди...


- Безовта бўлманг... хожати йўқ... айтдимку, уйим яқин... мана шу чорраҳадан кейинги тўрт қаватли уйларда яшайман. Қизим ўқишга киргандан бери ўзим қолганман... ТашМИда 2-курсда ўқийди.
- Нега энди ўзингиз ?... , ажаблангандай сўради Шокир Толипович
- Ҳа, афсуски шундай, - деб жилмаяркан юзида афсус аломатлари кўринмасди – Эрим ароқ деган касофатга бизни алмаштиргандан кейин ажраганмиз... Беш йилдан ошди... Кўникиб кетганман... Сиз безовта бўлманг, ўн минут яёв юрсам етаман...
Шокир Толипович аёлнинг атайлабми, беихтиёрми берган маълумотларини яшин тезлигида миясида айлантираркан : - Кечирасиз, мен сизнинг исмингизни ҳам сўрамабман... Менга ўзингиз ғамхўрлик қилаётганинггиздан миннатдорман... Ёлғиз бўлсангиз... шошиб нима қиласиз... балки кечки овқатни бирга қилармиз... – шундай деди-ю ўзининг гапидан ўзи қўрқиб кетди “Бирдан хафа бўлиб, уришиб берса-я !” Йўқ доктор хафа ҳам бўлмади, уришмади ҳам. Аксинча, мамнунликнинг ҳосиласи бўлган табассум билан : - Исмим Маҳбуба ! Мен эса сизни сал-пал танийман. Телевизордаги чиқишларингизни кўрганман, ишга бориб келаётганимда бошқарма ҳовлисида юрганингизга кўзим тушади – деди-ю, аллақандай хомушлик билан қўшиб қўйди : - Кўчада овқатланишни ёқтирмайман. Кейин... одам ёлғиз бўлса қорни ҳам очмай қўяр экан...
Ўшанда Маҳбуба бошқарманинг қўпол қоровули ёнидан терс қараганча ўтиб,анвойи гулларга мафтун бўлганча рангли тошлар босилган йўлакдан кетган,унинг ортидан суқланиб қараб қолган Шокир Толипович эса аёлнинг гапларидан аниқ хулоса чиқаролмай гангиганча туриб қолганди.Уйда эса туни билан ухлаёлмаган,нонуштани чала қилган,ишга кетаётиб ҳайдовчисини ажаблантирганча машинани поликлиника олдида тўхтатган эди.Шундан кейин у тез-тез қон босимини ўлчатиб турадиган бўлиб қолди.
Кунларнинг бирида ишдан кейин бошқармага яқин чорраҳанинг нариги тарафидаги тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган шинам уй остонасида совға-саломлар билан пайдо бўлган меҳмонни гўзал доктор ҳоним кўпам ажабланмасдан қабул қилди.
Ёлғизликдан зериккан тўшак ташна жисмларни бирлаштирганча уларни туни билан ютиб юборди...
13

Шокир Толиповичнинг кайфияти яхшиланиб,қон босими ҳам жойига тушиб қолди. Маҳбуба бир неча бор “Ҳеч йўғи никоҳ ўқитиб олайлик” деб туриб олди.У эса ҳар сафар ваъда берар,ўзи ҳам буни чин дилдан хоҳлар,лекин уни қандай амалга оширишни билмай гангир,уйга келгач, Комиланинг юзига қараёлмасдан азобланар эди.Ниҳоят бир кун Оловиддин қорига сирини очди.


- Албатта никоҳ ўқитишинг керак.Ўқитишинг шарт!Худодан қўрқ! –деди қори.- Лекин маҳфий эмас.Маҳфий никоҳ дуруст эмас!Оллоҳдан яширмаган бандасидан беркитиб нима қиласан.Тўғри,осон эмас.Чидамасанг бу ишни қилма.Зинонинг жавоби қийин! Мен никоҳ ўқиёлмайман,ваколатим йўқ – дея Оловиддин изтироб билан бошини хам қилиб ўтирган дўстининг елкасига қоқиб қўйди.
Шу ишларга ҳам икки йил бўлибди.Шундан бери анча-мунча русча тарбия кўрган Маҳбуба зўрға топган хушторини йўқотиб қўйишдан чўчиганиданми ҳар ҳолди унинг баҳоналарига кўникиб борди.Уни эса хотинининг кўзига қараганда азоб берадиган қийноқ борган сари оғритмай қўйди.
. . .
Агар ўзи кўриниб қолмаса,уни бугун чақирмаслиги ҳам мумкин эди.У билан бўладиган нохуш суҳбатга тоқати етмайдигандай эди. Тушлик сабаб пастга тушганда ташқаридан келаётган Мармарга кўзи тушди-ю таъби хира тортди. Шундай бўлса-да яқинлашишини кутди. У эса ҳеч нарса бўлмагандай, ҳеч кимни кўрмагандай, ўз хонаси томон бурилди. Бу уларнинг Мармарнинг навбатдаги шикоят хатидан кейинги илк кўришишлари эди. – Ҳой қиз ! – деб салом ҳам бермай кетаётган ходимининг ортидан чақирди Шокир Толипович. Қиз эса шуни кутаётгандай шарттта ўгирилди-ю бошлиқ томон юрди.
- Мен билан юринг !
Улар олдинма-кейин бошлиқ кабинетига кирар эканлар Шокир Толипович муқаррар бўлиб турган жанжални бошлаб юборди :
- Ҳа, бу, салом ҳам бермасдан кетяпсиз. Ота-онангиз ҳеч йўғи саломлашишни ўргатишмаганми ?
- Биринчидан, сиз менинг ота-онамни тинч қўйинг ! – деди Мармар ўз креслосига жойлашган бошлиқнинг қаршисига таклифсиз ўтирар экан, - шундоғам уларнинг бу ҳаётда кўрмаган жабру-жафоси қолмаган. Иккинчидан салом бериш мажбурий эмас. Низомда кўрсатилмаган.
14

У қизнинг аламдан бўзарган юзига, нафрат тўла кўзларига қараб ҳайратда қотди : “Ё тавба.. бу қиздаги шунча юзсизлик, шунча нафрат қаердан пайдо бўлди. Мен ахир унга нима ёмонлик қилдим.?! Наҳотки унга нисбатан бирор ҳақсизлик қилган бўлсам...”


- Нега ўз ходимим бўла туриб, устимдан ёзаверасиз ? Ҳар жойда ёмонлайсиз? Уялмайсизми ?! Ота-онангиз жабру-жафо тортган бўлса мен айбдорми ?!
- Ҳа, сиз, сизга ўхшаган ўн йил, йигирма йиллаб мансабни эгаллаб олиб, фақат ўзини ҳақ деб биладиган амалдорлар айбдор ! Сиз ҳам ўшаларнинг биттасисиз !
- Ҳа, энди тушундим ! – деб ўрнидан туриб кетди Шокир Толипович, ҳаётдан аламзадалигинг учун ҳаммани ёмон кўрар экансан-да. Қаерданам сени ишга олган эканман...
Унинг қизга нисбитан нафрати кучайган, бу нафрат унинг маданияти ва тарбиясини ҳам енгиб, тилидаги “сиз”ни “сен”га айлантириб юборган эди. -ўзинг раҳбар бўлмоқчимисан ?.. Мана ол, сенга бердим шу амални... Бўлдими?!
- Кўпам катта кетманг, - деди қиз совуққонлик билан – Ўн беш йилдан бери креслойингизни қўриқлаб ўтирибсиз, осонлик билан бериб қўярмидингиз. Лекин мен бўламан, билдингизми ?! Кейин мен сизга “Ҳой қиз !” эмасман... Мен Мармар Қаҳҳоровна бўламан ! Мени “сенламанг”! Мен билан Низом бўйича гаплашишингизни талаб қиламан !
- Билиб қўй, ҳой қиз ! Жамиятда низомлардан ташқари инсонийлик деган ёзилмаган қоида ҳам бор ! Афсуски, низомни бузганларни жазоласа, ишдан бўшатса бўлади, одамийликни бузган юзсизларни бўшатиб ҳам, жазолаб ҳам бўлмайди...
Шокир Толипович энди чинакамига ғазаб отига минган, Мармарнинг, совуқ ва хотиржам қиёфасидан фарқли ўлароқ ҳаяжондан қип-қизарганча “дағ-дағ” титрар эди : - лекин мен сени бўшатаман, ҳой, қиз !.. Қиз бўлсанг ҳам, бўлмасанг ҳам, аризангни ёз !
- Ҳаққингиз йўқ ! – деди янада ранги оқариб, - мен ҳали кўрсатиб қўяман. Бу гапларингиз учун ҳам жавоб берасиз. Тегишли жойларга ёзаман !..

15


Эшик тарақлаб ёпилгач, Шокир Толипович ўзини креслога ташлади. Кўнглидаги ўкинч ва жаҳлдан пайдо бўлган ҳиссиёт қалтираган лаблардан учиб чиқди : “Ёзсанг, ёзиб ўл !”
У яна аллақанча вақт қақшаб ўтирди. Дорисини ичди. Лунжини тўлдириб “уф” тортиб турган эди унча-мунчага хўжайинининг кабинетига чиқмайдиган Назиржон кириб келди :
- Тузукмисиз ака ? – деди бошлиқнинг саволнамо қарашига жавобан.
- Ҳа, Наргиза етказдими ? – деди, котибаси унинг мазаси қочса ёки қаттиқ асабийлашса негадир Назиржонни чақириб келишини биларди.
- Бирон нарса керакмасми ? Дорингизни ичдингизми ? – деди ва - Чақирайми ? – деб сирли қилиб қўшиб қўйди. Назиржон Маҳбубани назарда тутаётганини билиб “йўқ” дегандай бошини сараклади. Ўз акасидай бўлиб кетган бошлиғининг ҳар қандай ишини тўғри деб биладиган йигит Маҳбуба билан ҳам яқин бўлиб кетган, баъзан “акаси”нинг уйга келмаганда ўз хотини олдида ўтмай қоладиган баҳоналарида далилловчи вазифасини ҳам бажариб турарди.
- Сен боравер, бугун уйга эртароқ қайтсак керак, - деди ҳорғин. Назиржон бошлиғига аллақандай синчковлик билан қаради-да “Хўп” деб чиқиб кетди. Шокир Толипович ўзига чин дилдан ғамхўрлик қиладиган, хайрихоҳлиги яққол билиниб турадиган ҳайдовчиси-ю котибасини, ҳужрасида қайнатадиган камтарона шўрвасини ҳам илиниб турадиган қоровул Аҳмадни, маҳалласида унга ҳавас билан салом бериб қоладиган қўшниларини, дардингни оламан деб турадиган дўстларини, меҳр ва муҳаббат тўла кўзлари билан кутиб оладиган Маҳбубани, уни авлиёдек кўрадиган аёли, ўғил-қиз ва набираларини кўз олдига келтирди. Уларга меҳри ийиди. “Улар мени туппа-тузук одам, деб билишади” деган ўй ҳозиргина қалбида пайдо бўлган хушҳавони бир зумда қувиб юборди. Ўзининг ҳануз ичкиликдан қайтмаётгани, намозини мукамамал ўқимаётгани, Маҳбуба билан никоҳсиз яшаб юргани тағин юрагини эза бошлади. Кўкси безовталанди. Дарҳол тил остига дори ташлади. Креслога ястанганча яна ўйга толди. “Ростданам, менга нима зарил ? Шунча ташвиш менга нимага керак ?.. Бошқармага бошлиқ бўлиб келганимга ўн беш йил бўлибди ! Харобгина, кўримсиз, сувоқлари тўкилган, томидан чакка ўтадиган бино эди. “Отанг яхши, онанг яхши” деб, совға-саломлар ташиб, маблағ ундириб, ўзим тепасида туриб, мана шу мухташам бинони қурдирдим. Вазир ҳам, ҳоким ҳам қойил қолган эди ўшанда. Кўрсаткичларни беш боробарга оширдим. Орден ҳам, медаль ҳам олдим. Келганимда ходимларнинг биттасида

16

машина бор эди. Ҳозир машингоҳга машина сиғмайди... Энди эса битта нимжон қизнинг уддасидан ўтолмай гангиб турибманми... Чарчадим шекилли... Кўнглим осойишталикни, ҳаловатни истайди. Бекорга нафақага чиқаришмас экан-да... Синфдошларимни чақириб, зиёфат уюштирсамми... Йўқ... яна ичишга тўғри келади ”. Тонг саҳар туриб, бомдод намозини ўқигани, кўнгли анча ёришгани ёдига тушди. Яна намоз ўқигиси келди. Соатга қаради. Пешин ўтиб кетиб, аср намози пайти кириб қолган эди. Тезроқ уйига бориб, ҳотиржам таҳорат олиб, намоз ўқишга ахд қилди. Ўрнидан туриб, столи устидаги қоғозларни йиғиштирган бўлди. Тўлдириши керак бўлган жадвалга кўзи тушиб. “Эртага эрталаб ишни шундан бошлайман” деб ният қилди. Костюмини кийиб, кетишга чоғланар экан, бугун бормоқчи бўлиб Маҳбубага берган ваъдаси эсга тушди. Ёрининг хаёли қалбини энтиктирган бўлса ҳам, хотинининг маъсум нигоҳини кўз олдига келтириб сесканди. Яна ўзини ёмон кўрди... Машина Шокир Толиповичнинг давозаси олдида тўхтаганида у одатига хилоф равишда дархол тушмай хаёлланиб ўтирди. Назиржон ҳам индамай ўтираверди. Ниҳоят, ўзига келгач, “ие, “келдик” демайсанми...” деб тушаркан “Келинга салом айт ” дедида уйига кириб кетди.


У витрдан олдин қазо намозини адо этаркан, боя шом намози пайтида туйган ҳиссиёти қайтганини сезди : жойнамозга қадам қўйганида, ният қилиб қулоқ қоққанида жисмида ҳам, руҳида ҳам аллақандай ёқимли енгилликни, хотиржамликни ҳис қилди. Шунчадан бери намоз ўқимай юрганидан ўкинди. “Шу вақтгача нима қилдим ? “Иш”, “иш” деб югуриб юраверибман. Ишлагандан кейин дам ҳам олиш керак-да деб маишатга берилган пайтларим бўлди. Маҳбуба-чи... Уни яхши кўраман... У билан анчадан бери ҳаммадан яшириб никоҳсиз яшаб юрибман. Бунинг гуноҳи қандай бўлар экан ?! Худойим жазойимни берса-я ! Билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг кечир, Парвардигори олам. Лекин, нима қилай, уни севаман ! Ундан айрилишни тасаввур ҳам қила олмайман. Ундай десам, Комилани ҳам яхши кўраманда... Болаларимнинг онаси... вафодор ва меҳрибоним ! Муҳаббат битта бўлади, дейишарди. Иккита ҳам бўлар эканку ! ” У жойнамоз устида яна хаёллар олиб қочганини сезиб қолди У гоҳида бўлса ҳам намоз ўқишни бошлагандан бери айни ибодат чоғида турли ўй-хаёллар чулғаб олишидан безиган эди. Бу ҳақда Оловиддин қорига айтганида у “Сен шайтон билан олишяпсан экан. Енгишга ҳаракат қилиб, ўқийвер ! ” деб далда берган ва бир ривоятни айтиб берган эди. Улкан Қуш кўрнишида ҳам бўлган Жаброил алайҳиссалом Оллоҳ ҳузурида уч юз йил узлуксиз намоз ўқибди ва савол берибди : “Уч юз йил қилган ибодатимнинг мукофоти нима бўлади ? ” Оллоҳ

17

азза ва жалла айтибди : “Жаннат узра бир бор қанот қоқиб учишинг бўлади, холос. Лекин вақтлар келадики, бандаларимнинг минг бир хаёл билан ўқиган икки ракаат намози сенинг уч юз йиллик ибодатингдан афзал бўлади ! ” Олти юз қанотини очса осмонни тўсиб қўядиган Жаброил алайҳиссалом сабаб сўрабди. Худойим жавоб айтибди : “Сен менинг ҳузуримда, мени кўриб туриб уч юз йил ибодат қилдинг. Бандаларим эса Мени кўрмасдан, Шайтон алайҳил лаъна билан олишиб, намоз ўқийдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг икки ракаат намози сенинг уч юз йилллик ибодатингдан устун бўлди ! ”


Шокир Толипович ривоятни эслар экан ўзига далда берди. Кўнгли таскин топгандай бўлди : “Ҳар хил хаёл билан бўлса ҳам намоз ўқидимку ! Бўлди ! Энди беш вақт намозни канда қилмайман ! ”
У хуфтон адосидан сўнг яна бир муддат жойнамозда ўтирди. Яна хаёл олиб кетди... яна курашди... Билганича дуолар ўқиди... Ташқарига чиқса айвонда ўғли ва келини болалари билан телевизор кўриб ўтиришган экан. Анчадан бери улар билан бирга ўтирмагани ёдига тушди. Невараларини суйди... Кечаги қилиғидан хижолат бўлганича ерга қараб ўтирган ўғлига қараб, - энди ичма, ўғлим ! – деди. Озодбек индамасдан “Хўп” дегандай бош ирғиб қўйди. Ўрнидан турар экан, барча яхшиликларни кафтига жойлаб ўғлининг елкасига қўйди.
Ётоқхонада ҳам телевизор қўйилган, лекин хотини беозоргина ухлар эди. Меҳри товланиб, аста унинг пешонасидан ўпди-да, телевизорни ўчирди. Ўрнига ётар экан, энаси ўргатган, ёшлигидан ухлашдан олдин айтадиган сўзларни одати бўйича такрорлади : “Ётдим ё Оллоҳ, тургазгайсан иншаоллоҳ ! Эрта билан турсам-турмасам : Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар расулаллоҳ...”
Алламаҳалгача ухлолмасдан тўлғонди... Чексиз само худди бомдод маҳалидай бўзарган эмиш... Оромбахш майин сабо эсади... Кўкда саноқсиз деб бўлмайдиган даражадаги юлдузлар аллақандай чароғон ва тиниқ порлайди... Бутун осмонни эгаллагандай буюк бир Қуш ҳайбатли қанотларини хиёл очиб, чўғдай қизил, лекин жуда чиройли кўзларини бир нуқтага тикканича қотиб турадир... Худди буйруқ олгандай Қуш қўзғалди. Улкан-улкан қанотларини силкитганича шиддат ва мақсад билан учиб кетди. У эса Қуш томон талпинганича қолаверди.

18


Қуш кетган томондан бошқа бир ҳайбатли Қуш унга қараб қуюндай яқинлаша бошлади... Чўғдай қизарган тиғ юрагига санчилди... Даҳшатли оғриқ овоз чиқаргани қўймади...
Бирдан ўзини хотиржам ва енгил ҳис қилди.
15 сентябрь 2022 йил.
Download 45.62 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling