2-§. Билим, кўникма ва малакани баҳолаш
31. Мономарказларда аҳолининг билим, кўникма ва малака даражасини баҳолаш учун ташкил этиладиган Касбий компетенцияларни баҳолаш марказининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
талабгорларнинг билим, кўникма ва малакасини миллий ва халқаро (Worldskills ва бошқа) стандартларга мувофиқ мустақил ва холис баҳолаш;
кенг ва тор ихтисосликлар бўйича ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш;
талабгорнинг мавжуд билим, кўникма ва малакаси белгиланган касб стандартларига мослигини аниқлаш;
касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш.
Компетенцияларни баҳолаш маркази ўз фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун тааллуқли бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
32. Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази таркибидаги Компетенцияларни баҳолаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мономарказларида фуқароларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун зарур бўлган методик ҳужжатлар ва тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги мономарказлар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ташкилотларида билим, кўникма ва малакани баҳолаш талабларига риоя қилинишини мувофиқлаштиради.
3-§. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга кўмаклашиш
33. Мономарказда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш бўйича қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
касб-ҳунарга ўқитиш;
хорижий тилларга ўқитиш;
хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва меҳнат қилиш шароитларини ўргатиш ва бошқа керакли маълумотлар бериш бўйича мослаштириш тадбирларини амалга ошириш;
хорижда ишлаш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш, кредит олиш, суғурта полисини ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш;
халқаро стандартлар бўйича касбий малакани баҳолаш.
Мономарказларда хорижга ишга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин касб-ҳунарга йўналтириш марказлари ташкил этилиши мумкин.
34. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш харажатлари:
Давлат жамғармаси;
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси;
хорижий иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари маблағлари;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маблағлари;
фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |