1. Иқтисодиёт / Ахборот ва ахборотлаштириш. Электрон тижорат


Download 25.88 Kb.
Sana07.04.2023
Hajmi25.88 Kb.
#1337285
Bog'liq
ПҚ-167 05.09.2005




[ОКОЗ:

1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.04.00.00 Ахборотлаштириш. Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари / 12.04.02.00 Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари;

2.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.08.00.00 Ахборот хавфсизлиги, ахборотни ва ахборот жараёнлари ҳамда ахборотлаштириш соҳаси субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (шунингдек, 16.04.03.00 га қаранг))]

[ТСЗ:

1.Иқтисодиёт / Ахборот ва ахборотлаштириш. Электрон тижорат (ҳужжат айланиши)]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Миллий ахборот-коммуникация тизимларининг компьютер хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 30 октябрдаги ПҚ-2058-сонли «Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг янгиланган тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда Интернет тармоғидан фойдаланиш йўналишидаги миллий хавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, компьютер хавфсизлигига таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш масалаларида уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида:
1. Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази «Ўзинфоком» ҳузурида ходимларнинг чекланган сони 10 кишидан иборат Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг таклифига розилик берилсин.
Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази ҳузурида Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг тузилмаси ва Низоми 1, 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2. Қуйидагилар Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
компьютер ва ахборот технологияларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари бўйича операторлар, провайдерлар ҳамда бошқа субъектларнинг компьютер хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;
компьютер техникаси ва дастурлардан фойдаланувчилар ҳамда уларни ишлаб чиқарувчилардан, шу йўналишда ишлайдиган хорижий тузилмалардан компьютер хавфсизлигига оид замонавий таҳдидлар тўғрисида олинадиган ахборотларни, шунингдек муайян компьютер ҳодисалари, компьютер тизимларини ҳимоясида қўлланилаётган дастурий-техник воситаларнинг самарадорлигига оид материалларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тегишли маълумотлар базасига жамлаш;
компьютер хавфсизлигини таъминлашнинг халқаро тажрибасини ўрганиш ва умумлаштиришдан келиб чиқиб, ахборот тизимларига ноқонуний суқилиб кириш ҳолларининг олдини олишни таъминлайдиган энг самарали дастур-аппарат воситаларини қўллаш бўйича мамлакатимиздаги фойдаланувчиларга тавсияномалар ишлаб чиқиш, уларга маслаҳат хизматлари ва техник ёрдам кўрсатиш;
компьютер тизимларига хакерлар ҳужумлари тўғрисидаги хабарларни тезкорлик билан қабул қилиш ва уларни олдини олиш бўйича шошилинч ёрдам кўрсатиш, компьютер хавфсизлигига таҳдид туғилаётгани ҳақида Интернет тармоғи ҳамда бошқа ахборот тизимлари, шу жумладан мамлакатимиздаги маҳаллий ва корпоратив ахборот тизимларининг фойдаланувчиларини ўз вақтида огоҳлантириш;
компьютер хавфсизлигини таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
3. Белгилансинки, Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг ваколатига қуйидаги ҳуқуққа зид ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш вазифалари киради:
тармоқларнинг базавий узеллари ва катта сервер ресурсларининг иш қобилиятини издан чиқариш, тизим ахборотини бузиш ёки ишончсизлантириш мақсадидаги хакерлик ҳужумлари;
ахборот тизимлари, шунингдек ахборот ресурсларини бошқариш функцияларидан рухсатсиз фойдаланишга қаратилган тармоқ ҳужумлари;
ҳимояланган ахборот тизимларининг паролларини, ҳамда бошқа идентификация қилиш жараёнида ишлатиладиган ахборотни қўлга киритиш, танлаш ва бузиш;
ахборот тармоқлари ҳимоя тизимларини бузиш, жумладан махсус дастурларни жорий этиш йўли билан ҳам, компьютер вирусларини аниқ мақсадга кўра тарқатиш, шунингдек ахборот компьютер технологиялари соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар.
4. Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг фаолиятига тезкор раҳбарлик Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
5. Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Н.Арипов):
икки ҳафта муддатда Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари Дастурини ишлаб чиқсин, ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин, бунда зарур моддий-техникавий базани яратиш, уни замонавий компьютер ва тармоқ ускуналари, дастурий таъминот билан жиҳозлаш, шунингдек кенг йўлли Интернет тармоғи билан таъминлаш кўзда тутилсин;
Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини белгилаб берадиган иш регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
бир ой муддатда Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматини ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар, муҳандис-таҳлилчилар билан таъминласин.
6. Компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизматининг фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техникавий таъминлаш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига тасдиқланган смета доирасида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 5 сентябрь,
ПҚ-167-сон

Download 25.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling