10-мавзу. Кредитнинг зарурлиги, функциялари, турлари ва шакллари режа


Download 33.62 Kb.
bet1/3
Sana04.04.2023
Hajmi33.62 Kb.
#1325749
  1   2   3
Bog'liq
kredit


10-МАВЗУ. КРЕДИТНИНГ ЗАРУРЛИГИ, ФУНКЦИЯЛАРИ, ТУРЛАРИ ВА ШАКЛЛАРИ
Режа:

  1. Кредит, унинг мазмуни, зарурлиги.

  2. Кредитнинг тамойиллари ва функциялари.

  3. Кредитнинг турлари ва шакллари.



1 – савол баёни: Жамиятда товар – пул муносабатларидан кейинги вужудга келган муҳим ижтимоий – иқтисодий муносабатлардан бири кредит муносабатлари ҳисобланади. Кредит, пул каби иқтисодий категория бўлиб, пул маблағларининг самарали ишлашига, хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарф қилмасдан қўшимча пул маблағларига бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
Кредит муносабатлари иқтисодий фанларнинг барча бўғинларида бевосита ёки билвосита алоҳида ижтимоий – иқтисодий жараён сифатида ўрганилади.
Иқтисодий адабиётларда “кредит” сўзи лотинча “creditum” – ссуда, қарз сўзидан пайдо бўлганлиги қайд этилади. Айрим иқтисодчи олимлар “credо”, яъни “ишонаман” деган маънони англатишини қайд этади1. Албатта, кредит муносабатларида иштирок этаётган субъектларнинг бир – бирига бўлган ишончи асосий омил ҳисобланади. Бу ерда кредитор, кредитни беришда асосий масала кредит олувчига нисбатан “ишончи” муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ, кредит иқтисодий категория сифатида амал қилиши учун биргина ишончнинг ўзи етарли бўлмайди. Кредит ва кредит муносабатларининг вужудга келишида ишонч билан биргаликда шундай бир категория мавжудки, бу кредитор ва кредит олувчи ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорликни амалга оширишга ундайди. Буни кредитор ва қарз олувчи нуқтаи назардан кўрадиган бўлсак, кредиторни ушбу муносабатларни ривожлантиришига асосий омил бу иқтисодий манфаатдорлик, яъни кредит фоизи ҳисобланади. Қарз олувчи учун эса ишлаб чиқариш жараёнини узлуксизлигини таъминлаш орқали тегишли иқтисодий манфаатдорликка эришишдир.
Бундан кўриниб турибдики, кредит ва кредит муносабатларини вужудга келиши ва ривожланишида ҳар иккала томоннинг ҳам иқтисодий манфаатдорлиги кучли молиявий механизм ҳисобланади. Бозор иқтисодиёти шароитида кредитнинг зарурлиги қуйидаги омиллар билан белгиланади:
– кредит муносабатларида иштирок этувчи томонларнинг иқтисодий манфаатдорлигини таъминланиши. Хусусан, кредитор кредит ҳисобидан фоиз тўловлари сифатида фойда олса, қарз олувчи ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлаш орқали тегишли фойдани шакллантириш имкониятига эга бўлади;
– иқтисодиётда вақтинчалик бўш пул маблағлар ссуда капитали сифатида жамғарилиб, тегишли мақсадларга йўналтирилади;
– иқтисодиётда ишлаб чиқариш циклининг даврийлиги. Бунда айрим тармоқларда вақтинчалик бўш пул маблағлари вужудга келса, бошқаларида қўшимча молиявий ресурсларга эҳтиёж туғилади, ушбу жараён кредит орқали тартибга солинади;
– ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнида қўшимча молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг асосий қисми кредитлар орқали қондирилади.
Замонавий иқтисодиётда кредит муҳим молиявий элемент сифатида мамлакат иқтисодиётини ривожланишининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кредит ва кредит муносабатларининг вужудга келиши ва ривожлашининг асосида товар ишлаб чиқариш, янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак – капитал муомаласи ва айланиши ётади. Жамиятда капитал муомаласи ва айланиши доимо ҳам бир маромда амал қилмайди, булар юқорида таъкидланганидек қатор омиллар билан изоҳланади.
Кредитнинг моҳиятига қатор иқтисодчи олимлар тегишли таърифларни шакллантирган. Хусусан, Щегорцова В.А. таҳрири остида тайёрланган дарсликда, “Кредит – қайтариш ва тўлов шарти билан қарздорга вақтинчалик фойдаланиш мақсадида пул маблағи ёки моддий буюм кўринишида бериш жараёнида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар тизимидир” тарзидаги таърифи шакллантирилган2.
Профессор О.И.Лаврушин таҳрири остида нашр этилган дарсликда кредитнинг моҳиятига аниқ таъриф берилмаган. Бироқ, уларнинг фикрича, кредит ижтимоий муносабатларнинг бир кўриниши бўлиб, иқтисодий категориядир. Шу билан бирга, кредит турлича ижтимоий муносабатларда эмас, балки иқтисодий муносабатларни акс эттирувчи қийматнинг ҳаракати жараёнида намоён бўлади. Дарсликда, кредитнинг моҳиятини аниқ акс эттириш учун унинг таркиби, ҳаракат қилиш жараёни ва вужудга келиш асосига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланади3.
Бошқа россиялик иқтисодчи олимлар “Пулли (товарли) кредит тўлов асосида амалга ошириладиган бир тоифадаги эквивалентнинг турли вақтдаги ўзаро ҳаракатининг йиғиндисир”, деган таърифни беришган.
Ўзбекистонлик иқтисодчилардан профессор Ш.Абдуллаева томонидан нашр эттирилган дарсликда: “Кредит – бу вақтинча бўш турган пул маблағларини пул эгаси ёки бошқалар томонидан маълум муддатга, ҳақ тўлаш шарти билан қарзга олиш ва қайтариб бериш юзасидан келиб чиққан иқтисодий муносабатлар йиғиндисидир” тарзидаги таъриф берилган4.
Кредитнинг иқтисодий моҳиятига берилган таърифлардан кўриниб турибдики, бу борада иқтисодчи олимларнинг фикрлари бир – биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Шу боис, “Кредит – тегишли тамойиллар асосида (қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик) қиймат ва моддий буюм кўринишида, жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиладиган иқтисодий категорияларнинг бир шаклидир” тарзидаги таърифни шакллантиришга жазм этдик.
Кредитнинг моҳиятини янада аниқроқ ва тўлиқроқ очиб беришда унинг субъектив ва объектив моҳиятига эътибор қаратиш лозим. Кредит муносабатларининг вужудга келишида, шунингдек, унинг моҳиятини очиб беришда кредитнинг субъектив моҳияти ҳам алоҳида ўрин тутади.
Кредитнинг субъектив моҳияти бир – бирига боғлиқ бўлган “кредитор” ва “кредит олувчи”нинг муносабатларида намоён бўлади. “Кредитор” ва “кредит олувчи” ўртасида вужудга келадиган муносабатларнинг асосида товар – пул айланмаси ётади. Жамиятда вақтинчалик бўш маблағларнинг мавжудлиги ва товар айланмасининг мавжудлиги кредит ва қарз олувчининг манфаатларини бир – бирига тўқнашишига хизмат қилади. Агар, ушбу манфаатлар бир – бирига мос келса улар ўртасида кредит муносабатлари вужудга келади.
Кредитор – кредит муносабатларини ташкил этишда кредит берувчи сифатида майдонга чиқади. Кредитор пул маблағларини вақтинчалик фойдаланишга берувчи субъектлар ҳисобланади. Бундай субъектлар банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлар, ломбардлар, давлат ва бошқа молиявий ташкилотлар бўлиши мумкин. Кредитор ссуда сифатида берадиган пул маблағлари уларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. Кредитор субъектлар ичида, банклар ва кредит уюшмалари нафақат ўз маблағлари ҳисобидан, балки четдан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан кредитлар беради. Маблағларни жалб қилишнинг турли йўллари мавжуд бўлиб, бозор иқтисодиёти шароитида акциялар ва облигацияларни муомалага чиқариш асосий ва самарали йўлларидан бири ҳисобланади.
Кредитор жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларни тегишли шартлар асосида жалб қилиб, ушбу маблағларни кредитнинг қайта тақсимлаш функцияси орқали реал секторнинг зарур бўлган бўғинларига жойлаштиради. Бу жараён иқтисодиётдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини самарали ишлашини, яъни капитал айланмасини тўхтовсизлигини таъминлаш билан бирга, кредитор жамланган маблағларни зарур мақсадларга жойлаштириш асосида ушбу маблағларни ўз мақсади ва кредит муносабатлари иштирокчилари манфаатлари йўлида хизмат қилишига эришади. Кредит олувчи – кредит муносабатларида кредит олувчи сифатида иштирок этади. Кредит олувчи субъектлар сифатида хўжалик юритувчи субъектлар, аҳоли, давлат, банклар ва бошқа шахслар майдонга чиқади. Иқтисодий адабиётларда кредит олувчини қарздор сифатида талқин этиш ҳолатлари учрайди, шунингдек, кредит ва қарзнинг бир – биридан иқтисодий жиҳатдан фарқланиши хусусида ҳам тортишувлар кўзга ташланади. Албатта, “кредит” ва “қарз” ўртасида ўзаро боғликлик бўлиши мумкин, лекин иқтисодий моҳиятан бу икки тушунча ўртасида бир – биридан жиддий фарқ қиладиган жиҳатлари мавжуд. Кредит иқтисодий категория сифатида тегишли ижтимоий – иқтисодий қонунлар ва тамойиллар асосида амал қилади. Кредит муносабатларида иштирок этувчи ҳар иккала томоннинг иқтисодий манфаатлари мавжуд бўлиб, ушбу манфаатлар ўзаро мужассамлашганда кредит муносабатлари рўй беради. Кредитор берилган кредит учун иқтисодий манфаатдорлик (фойда)ни фоиз кўринишида ундирса, кредит олувчи кредит ёрдамида ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш орқали қўшимча қиймат яратиш имкониятига эга бўлади. Кредит муносабатларида кредитор учун кредит олувчи шахснинг қандай шахс эканлиги, қандай фаолият билан шуғулланиши жудаям муҳим эмас, асосийси берилган кредит ўз вақтида ва тегишли фоиз тўлови билан тўлиқ қайтиши муҳим ҳисобланади. Қарз муносабатларида эса қарз берувчи учун бирламчи масала шахс ҳисобланса, берилаётган қарз суммаси учун тегишли манфаатдорликни устама тўлов сифатида олишга умид боғламайди, яъни кўпчилик ҳолларда берилган қарз учун қўшимча ҳақ талаб этилмайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш муносабатларининг чуқурлашуви, товар – пул муносабатларининг мавжудлиги, ишлаб чиқариш циклининг даврийлиги, ўзаро иқтисодий манфаатларнинг бир – бирига мос келиши кредитнинг зарурлигига замин яратувчи асосий омиллар бўлиб қолаверади. Кредит муносабатлари жараёнида иштирок этувчилар, мавжуд ижтимоий – иқтисодий ҳолат эса унинг моҳиятини у ёки бу даражада ёки кўринишда намоён бўлишига хизмат қилади.



Download 33.62 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling