10-мавзу. Кредитнинг зарурлиги, функциялари, турлари ва шакллари режа
Download 33.62 Kb.
|
kredit
- Bu sahifa navigatsiya:
- 3 – савол баёни
Кредитнинг муомала жараёнини тезлаштириш функцияси мамлакат пул муомаласи, пул массаси, пулнинг айланиш тезлигига бевосита таъсир қилади. Бу жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини тегишли фондларга жалб этиш орқали уларни пул айланмасига киритади.
Маълумки, мамлакат пул массасининг товар массасига нисбатнинг таъминланиши миллий валютанинг барқарорлиги ва сотиб олиш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бу жараёнда кредит мамлакат пул массасининг умумий ҳажмини оширмаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларининг қўшимча маблағларга бўлган эҳтиёжни таъминлайди. Одатда берилаётган кредитлар асосан молия муассасалари орқали бир ҳисобварақдан иккинчи ҳисобварақларга ўтказилади. Бу ўз навбатида муомаладаги пулларнинг айланиш тезлигига ижобий таъсир кўрсатади. Кредит пайдо бўлиши билан бирга, кредит пулларининг оддий шакли бўлган векселларни пайдо бўлишига сабаб бўлди. Албатта, векселлар хўжалик юритувчи субъектларнинг вақтинчалик пул маблағлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда, кредит муносабатлари ёрдамида муҳим молиявий қурол сифатида майдонга чиқади. Кредитнинг пулларни муомалага чиқариш ва уларни нақдлаштириш функцияси асосан Марказий банкнинг қайта молиялаш сиёсати орқали амалга оширилади. Маълумки, Марказий банк муомаладаги пул массасини тартибга солиш мақсадида қайта молиялаш ставкалари асосида тижорат банкларига кредитлар беради, берилган кредитлар иқтисодиётдаги пул массасини ошириш билан бирга, Марказий банк томонидан кредитлар кўринишида муомалага чиқарилган нақдсиз пулларни у ёки бу йўл билан нақдлаштиради. Кредит пул капиталини жамғариш ва марказлашувини жадаллаштириш функцияси ёрдамида йирик ссуда капиталини тегишли фондларда жамғаради. Жамғармалар ёрдамида мамлакатлар, ҳудудлар, минтақалар, қитъалар ёки айрим компанияларда маблағларнинг марказлашуви рўй беради. Кредит маблағларининг марказлашуви ҳудуднинг иқтисодиёти ва молия – кредит тизими ривожланган жойларда юз беради. 3 – савол баёни: Иқтисодий адабиётларда, иқтисодчи олимлар ва мутахассислар томонидан кредитининг турлари ва шакллари хусусида турлича фикр юритилади ва талқин этилади. Масалан, Ўзбекистонлик олима, профессор Ш.Абдуллаева кредитнинг шакллари хусусида аниқ фикрларни баён этмаган бўлсада, унинг турларини “қисқа муддатли кредитлаш” ва “узоқ муддатли кредитлаш”дан иборат эканлигини таъкидлайдилар, худди шунингдек, россиялик иқтисодчи олимлар ҳам кредит шакллари бўйича турлича фикрларни илгари сурадилар. Шу боис, ушбу параграфда кредитнинг турларига атрофлича тўхталишга қарор қилдик. Кредитнинг турлари асосан унинг моҳиятини аниқроқ тушуниш имкониятини беради. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, кредитнинг нафақат турлари ва шакллари ўртасида, балки таснифланиши ҳам улардан ажралган ҳолда ўрганилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Кредит анъанавий равишда қатор белгиларга қараб таснифланиши мумкин. Хусусан, кредит қарздор ва кредитор тоифаси бўйича, кредитни тақдим этиш муддатига қараб ва кредитни бериш шаклларига қараб таснифланади. Агар кредитнинг бу тартибда таснифланишига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан бундай таснифланиш кредит субъектлари ўртасида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар жараёнида юз беради. Шунингдек, унинг эътиборли жиҳати материал қийматни ўзида акс эттирганлиги бўлиб, амалиётда тақдим этиш билан боғлиқ ҳолатларни ўзида намоён этиши ҳисобланади. Юқорида қайд этилганларга ва иқтисодий адабиётлардаги манбаларга таяниб, кредитнинг а) товар, б) пул ва в) аралаш шакллари мавжудлигини таъкидлаш мумкин. Кредитнинг товар шакли унинг жуда оддий шакли ҳисобланиб, кредит билан боғлиқ дастлабки муносабатлар айнан ушбу шакл доирасида ривожланган. Мавжуд иқтисодий адабиётларда баён этилишича, кредитнинг товар шаклида у асосан буюм кўринишида тақдим этилиб, қарздор кредиторнинг кредитини қоплашда худди шу миқдордаги буюмни унга қайтарган. Манбаларга кўра, кредитнинг ушбу шакли антик жамият даврида, қадимги Римда вужудга келган ва ривожланган. Ҳаттоки, ўша даврнинг ҳуқуқшунослари “ссуда” ва “кредит” иқтисодий категориялари ўртасидаги бир – бирига ўхшашлик ва фарқлар хусусидаги айрим фикрларни илгари суришган. Маълумки ушбу масала ҳозирги кунда ҳам иқтисодчи олимлар ва мутахассислар ўртасидаги мунозарали ҳолатлардан ҳисобланади. Бир гуруҳ олимлар, “ссуда” ва “кредит” ўртасида жиддий фарқлар мавжуд эмаслигини таъкидлашса, иккинчи гуруҳ олимлари буни инкор этишади. Эътиборли жиҳати шундаки, Римда ўша даврнинг ҳуқуқшунослари “ссуда” ва “кредит” (қарз) ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлаб беришга уринишган. Уларнинг фикрича, ссудада қарздор, яъни товар шаклида кредит олувчи кредитни қайтаришда ундан олган айнан шу товар ёки буюмни кредиторга тақдим этиши зарур бўлади. Масалан, қарздор кредитга отни олган бўлса, ушбу кредитни қайтаришда айнан шу от унга қайтарилиши зарур бўлади. Кредитда эса товар шаклида олинган кредитнинг ўрнига шунга ўхшаш турдаги товар билан қайтарилиши мумкин эканлигини эътироф этишади. Масалан, товар шаклида олинган буғдойнинг ўрнига шу навдаги ва миқдордаги буғдой ёки бошқа маҳсулот билан қайтарилиши кредит сифатида тавсифланади. Иқтисодий адабиётларда кредитининг товар шаклидаги жиҳатлари бўйича ҳам фикрларнинг хилма – хил эканлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Юқорида кредитнинг товар шаклига берилган таснифдан фарқли ўлароқ, профессор В.А.Щегорцова таҳрири остида нашрдан чиққан дарсликда, кредитнинг товар шаклида машина, станок ва бошқа жиҳозларга тўловни кечиктириш, уларни ижрага ва ҳатто лизинга бериш эканлиги ҳақидаги фикрлар илгари сурилади. Фикримизча, бу ерда россиялик олимлар кредитнинг товар шаклини унинг тури билан аралаштириб юборган. Кредитнинг товар шакли кишилар ўртасида пул муносабатлари вужудга келиб, тўлиқ тараққий этган вақтгача қўлланилган, кейинчалик ушбу кредит пул – товар кўринишида қўлланилган. Жамиятда товар – пул муносабатларининг ривожланиши ва меҳнат тақсимотининг таборо такомиллашуви кредитнинг товар шакли замирида унинг пул шаклини вужудга келишига замин бўлди. Кредитнинг пул шаклини вужудга келиши, унинг кредитор ва қарздорга қулайлик жиҳатлари хусусида батафсил тўхталишга, фиркимизча, эҳтиёж мавжуд эмас. Чунки, кредитор жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини тегишли шартлар асосида ўзига жалб этиб, ушбу маблағларга эҳтиёжи бўлган юридик ва жисмоний шахсларга қайтаришлик, тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик асосида беради. Ўз ўрнида қарздор ҳам ушбу кредит суммасини белгиланган муддатларда тегишли тўловлар асосида кредиторга пул кўринишида қайтаради. Пул жуда ликвидли ва қулай айирбошлаш воситаси бўлганлиги туфайли кредитнинг пул (қиймат) шакли кенг тарқалди, бунинг натижасида кредитининг товар шакли ўз ўрнини секинлик билан кредитнинг пул шаклига бўшатиб берди. Кредитнинг юқорида қайд этилган шакллари билан бирга унинг аралаш шакли ҳам амал қилади. Кредитнинг ушбу шакли унинг товар ва пул шаклини ўзида мужассам этади. Бунда кредит товар ёки пул шаклида берилиши мумкин, уни қайтаришда ҳам қарздор олган кредитини пул ёки товар кўринишида кредиторга қайтариши мумкин. Айнан мана шу тескари боғлиқлик кредитнинг аралаш шаклини ўзида ифода этади. Кредитнинг айирбошлаш шаклига мисол сифатида тижорат кредитини келтиришимиз мумкин. Масалан, товар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот сотиб олувчининг молиявий муаммолари мавжуд ҳолларда сотилган товарлар ва хизматларга тўловни кечиктиради, кечиктирилган тўлов кейинчалик қўшимча тўлов асосида амалга оширилади. Мазкур масала кейинги параграфларда батафсил кўрилади. Умуман олганда, юқоридагилардан кўриниб турибдики, кредитнинг шакллари хусусидаги турли фикрларнинг мавжудлиги мазкур масалалар устида қатор илмий тадқиқот ишлари амалга оширишни давом эттириш зарурлигидан далолат беради. Шу билан бирга, кредитнинг шакллари унинг турларида янаям аниқроқ намоён бўлади. Хусусан, кредитнинг турлари бўйича ҳам турлича қарашлар мавжуд бўлиб, россиялик айрим иқтисодчи олимлар кредитнинг фирмалар ўртасида (хўжалик) кредити, банк кредити, фуқаролик (шахслар ўртасидаги) кредит, давлат кредити, халқаро кредит ва истеъмол кредитлари мавжудлигини таъкидлайди. Россиялик бошқа иқтисодчи олимлар банк кредити, хўжалик (тижорат) кредити, давлат кредити, халқаро кредит, фуқаролар (хусусий, шахсий) кредитлари мавжудлигини эътироф этишади. Яна бир таниқли иқтисодчи олим, профессор О.И.Лаврушин таҳрири остида тайёрланган дарсликда кредитнинг банк кредити, хўжалик (тижорат) кредити, давлат кредити, халқаро кредит, ишлаб чиқариш ва истеъмол кредитлари амал қилиши ҳамда булардан ташқари кредитнинг бевосита ва билвосита, намоён бўлувчи ва ёпиқ, эски ва янги, асосий ва қўшимча, ривожланган ва ривожланмаган турлари мавжудлиги таъкидланади. Профессор Ш.Абдуллаева кредитнинг банк, тижорат, истеъмол, давлат, халқаро ва судхўрлик турлари мавжудлиги хусусидаги фикрларни баён этади. Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, иқтисодчи олимлар кредитнинг турларига мавжуд ижтимоий – иқтисодий жараёнлардан келиб чиқиб турлича ёндашганлар. Фикримизча, кредитнинг турларига тавсиф беришда уларнинг амалиётда қўлланилиши ва иқтисодий самарадорлигига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Шу нуқтаи назардан, давлат кредити, банк кредити, истеъмол (ипотека) кредитлари, тижорат кредити, халқаро кредит мавжудлигини эътиборга олиш мақсадга мувофиқ. 1 Деньги, кредит, банки: Учеб. – 2 – е изд., перераб. и доп./под ред. В.В.Иванова, Б.И.Соколова. – М.: ТК Велби, изд – во Проспект, 2008. –С.410. 2 Деньги, кредит, банки: Учебник для вузов. Под. ред. проф. – Щегорцова В.А. М.: ЮНИТИ – ДАНА, 2005. – С.176. 3 Деньги, кредит, банки: учебник/кол. авт.: под ред. засл. деят. науки РФ, д.э.н. проф. О.И.Лавшурина. – 5 – е изд., стер. –М.: КНОРУС, 2007. –С. 237 – 238. 4 Абдуллаева Ш.З. Пул, кредит ва банклар. –Т.: “Иқтисод – молия”, 2007, 165 – б. Download 33.62 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling