12-маъруза америка адабиёти. Ж. Лондон ва э. Хеменгуэй ижоди
Download 185.94 Kb.
|
12-ma\'ruza
ЖЕК ЛОНДОН 150 дан ортиқ ҳикоялар ёзган ва уларда асосан, мамлакат шимоли ва Океания оролларидаги ҳаётни зўр бадиий маҳорат билан тасвирлаган. Асарларида халқ оммасининг ўз ҳуқуқлари учун курашини акс эттирган, ёшлигидаёқ ҳаётнинг бор машаққатларини бошидан кечирган ёзувчи. Адабий фаолиятини 1898 йилдан бошлаган.
Ҳикоялари: “Оқ сукунат”, “Қирқ мил нарида”, “Оталар худоси”, “Совуқ болалари”, “Ҳаётга муҳаббат”. Романлари: “Темир товон” (1907), “Мартин Иден” (1909). Бу романларида буржуа жамиятини қаттиқ танқид остига олган. Очерки: “Тубанлик кишилари” (1903). Унда лондонлик ишчиларнинг қашшоқ ҳаёти тасвирланган. “Ҳаётга муҳаббат” ҳикоясида ҳаётга бўлган муҳаббатнинг ўлим устидан ғалабаси тасвирланган. Унда Билл сувда оёғини чиқариб олган шеригига ҳатто қайрилиб ҳам қарамай ўз йўлида давом этади. Кит овловчи “Бедфорд” кемасидаги илмий экспедиция қирғоқда ғалати бир махлуқни кўриб қолишади. У қум устида зўрға ўрмалаб денгиз томонга келарди. Бу махлуқ фақат олдинга интилган, яшаш учун курашиб келаётган олтин изловчи эди. Одам кўлмакдаги кичкина балиқчани тутиш учун қилган меҳнати зое кетганда илк бор йиғлаб юборди. Шу ҳикоядан парчалар: 1) “...умид аччиқ ҳақиқат билан ҳисоблашишни истамасди” сатрлари мавжуд. 2) “... қўрқув яшаш учун кураш билан чамбарчас боғлиқдир”. 3) “Одам энди ҳаёт учун курашмай қўйди. Ундаги ҳаётнинг ўзи ўлишни истамас, шунинг учун ҳам уни илгарига ҳайдарди”. Ҳикоя қаҳрамони ҳақида: “... ҳаётда учраши мумкин бўлган курашларнинг энг шиддатлиси”ни шу асар қаҳрамони енгиб ўтганди. У ҳеч нарсани эшитмас, ҳеч нарсани тушунмас, қум устида улкан қурт сингари буралар эди. У олдинга деярли силжимас, лекин орқасига ҳам қайтмасди, буралиб-буралиб олдинга қараб ҳаракат қилар ва соатига 20 қадамдан йўл босар эди. ... у овқатнинг мўллигидан қувонар, бошқаларнинг оғзига тушиб йўқ бўлиб кетаётган ҳар бир луқма уни зўр ташвишга соларди. Унинг ақли жойида, лекин стол атрофида ўтирган одамларга нафрат билан боқарди. Овқатнинг тамом бўлиб қолишидан қўрқиб безовта бўларди”. Х IX асрнинг иккинчи ярмида Америка ижтимоий ҳаётида катта ўзгаришлар содир бўлди. 1861-1865 йилларда гражданлар уруши натижасида Шимол буржуазияси қулдорлар Жануби устидан ғалаба қозониб, бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Шундан сўнг АҚШ жадал капиталистик тараққиёт йўлига кирди. Саноатнинг муҳим тармоқлари илдам қадамлар билан ривожлана бошлади. 70-80-йилларда монополия бирлашмалари юзага келиб, улар ишчиларни қаттиқ эзиш эвазига катта фойда ола бошладилар. Бунинг оқибатида 1886 йилнинг май ойида ишчилар катта қўзғолон уюштирадилар. Аммо бу қўзғолон шафқатсизлик билан бостирилади. Америка буржуазиясининг милитаристик сиёсати кучаяди. У Испания билан уруш олиб боради, Пуэрто-Рико, Филиппинларни ўзига бўйсундириб олади. Қисқа муддатли ўсиш ва кўтарилишлардан сўнг мамлакат хўжалигида кризислар бошланиб, сон-саноқсиз ишчилар ишдан ҳайдаладилар. Булар Американинг ўзига хос тараққиёт йўли бор, у ерда ҳамма учун баробар имкониятлар мавжуд, шунинг учун Америка капитализми зиддиятларни билмайди, деган қарашлар қуруқ хаёлдан иборат эканини фош этади. Табиийки, бу ижтимоий воқеалар ўз даври адабиётида ёрқин акс эттирилди. ХIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошида адабиётни ҳаётга яқинлаштиришда маълум хизмат қилганлардан бири Эрнест Хемингуэй бўлди. У Америка реалистик адабиётининг машҳур вакилларидан биридир. Эрнест Хемингуэй 1899 йилда Американинг Оук-Парк шаҳрида врач оиласида туғилган. Бўлажак ёзувчи мактабни битирганидан сўнг кичик бир газетада ишлайди. Европага бориб, аввал Францияда, кейин Италияда жойлашган Америка тиббий қисмларида туриб, биринчи жаҳон урушида қатнашади. Урушдан сўнг у Америка газеталарининг мухбири сифатида Парижда яшаб ижод этади. 20-йилларнинг охирларида ўз мамлакатига қайтиб, Флорида соҳилларида истиқомат қилади. Хемингуэй Испания республикачиларининг фашист фитначиларига қарши олиб борган курашларида фаол қатнашган ва бу ҳақда кўп асарлар ёзган, иккинчи жаҳон уруши йилларида авиация қисмларида мухбир бўлиб ишлаган. Иттифоқчилар армиясининг Францияга бостириб киришида иштирок этган. Урушдан сўнг Америкага қайтган ва ҳаётининг охирги йилларини Кубада ўтказган. Хемингуэй ижодининг бошланиши биринчи жаҳон урушидан кейинги йилларга тўғри келади. «Бизнинг замонда» китобига кирган ҳикояларида ёзувчи, биринчидан, асарнинг лирик қаҳрамони Ник Адамснинг ёшлиги, ўсмирлик йиллари, севгиси ва оиласи ҳақида ҳикоя қилса, иккинчидан, тинч ҳаёт ҳақидаги хаёлларга қонли уруш воқеаларини қарама-қарши қўяди. Индивидуалистик характерда бўлса ҳам, асарда қаҳрамоннинг разил урушга қарши норозилиги баён этилади. Империализм келтириб чиқарган босқинчилик урушларини лаънатлашга бағишланган «Алвидо, қурол!» (1929) романи ёзувчи ижодида муҳим босқични ташкил этади. Асарда биринчи жаҳон уруши йилларида Австрия-Италия фронтида рўй берган воқеалар ҳикоя қилинади. Тиббий хизмат лейтенанти америкалик Генри урушнинг бутун даҳшатлари – очлик, ифлослик, ўзаро қон тўкиш ва сон-саноқсиз бегуноҳ кишиларнинг ўлиб кетаётганликларини кўриб, уруш ҳақидаги фикрларининг пуч хаёллардан иборат эканини билади ва умидсизликка берилади. Итальян солдат ва офицерлари билан самимий суҳбат ва алоқалар уни миллий худбинлик ва мағрурликдан холи қилади. Шунинг учун лейтенант Генри урушдан юз ўгириб, қуролини ташлаб, бетараф мамлакат Швейцарияга ўтиб кетади. Ёзувчи уруш қабоҳатларига шахсий ҳаётни қарши қўяди. Генри Кeтрин Барклига бўлган севгиси билан уруш даҳшатларидан ҳам, ташқи дунё машаққатларидан ҳам қутулишга интилади. Лекин у шахсий ҳаёт ва муҳаббатдан ҳам бахт тополмайди. Кэтрин туғруқхонада ўлганидан сўнг Генри бутунлай умидсизлик ичида қолади. «Алвидо, қурол!» романида биринчи жаҳон уруши қораланган бўлса-да, лекин унда баён этилган норозилик шахсий йўсиндадир. «Бу китобнинг муаллифи, – деб ёзади Хемингуэй асар сўз бошисида, – онгли суратда шу фикрга келдики, урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар, иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир... Мен уруш оловини ёққанлар... отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман». Хемингуэй 30-йилларнинг ўрталаригача бўлган асарларида ташқи дунёга муносабати зиддиятли ва индивидуалист ижодкорлигича қолади. Ўша йиллари очерк шаклида ёзган «Тушдан кейинги ўлим» (1932) китобида ўлим мавзуси яна ҳам очиқ кўринади. Асарда буқалар уруши ва унга боғлиқ қоидалар батафсил берилади. Буқаларни ўлдирувчи матадорлар ёки матадорларни ҳалок этувчи буқалар, отларнинг ёрилиб кетган қорнидан отилиб чиқаётган қонлар, фожиа устига фожиа ва айниқса, жароҳатланган одамнинг ўлими олдидан кечирган азоблари умидсизлик руҳида тасвирланади. «Африканинг яшил тепаликлари»да (1935) ҳам юқоридаги китобига хос бўлган ўлим масаласи кўрсатилади. Агар «Тушдан кейинги ўлим» матадор билан буқа ўртасидаги олишувда иккаласидан бирининг ҳалок этилиши билан тугаса, бунда овчи ҳақида гапирилади. Ва албатта, воқеа овчининг ғалабаси ва ҳайвоннинг ўлими билан якунланади. Ёлғизлик, умидсизлик ёзувчининг бошқа асарларида ҳам акс этади. Масалан, «Тоза ва ёруғ жойда» (1936) китоби қаҳрамони кеча қоронғулигидан ваҳимага тушади, унинг учун ягона макон тоза ва ёруғ майхона бўлиб қолади. 30-йилларнинг ўрталарида Хемингуэй ижтимоий воқеаларга мурожаат этади. Шу даврга хос романи «Ҳаёт ёки мамот» (1937) қаҳрамони Гарри Морган ўз оиласини боқиш йўлида тинмай ишлайди, аммо кучайиб бораётган иқтисодий инқироз унинг хўжалигига ҳам таъсир этади. Унинг моторли қайиғини ижарага олувчи бой сайёҳларнинг камайиши туфайли даромадига путур этади. Энди Гарри ўзига бошқа иш, хавфли касбни танлашга мажбур. «Қонунларни ким ўйлаб чиқаришини билмайман. Лекин мен одам оч қолсин, деган қонуннинг йўқлигини биламан», – дейди у. Гарри яшашга бўлган табиий эҳтиёжини қондириш мақсадида буржуа жамиятининг ваҳшийликка асосланган қонунларига таяниб ўзини ҳам аямайди, бошқаларга ҳам шафқат қилмайди, ҳатто одам ўлдиришгача бориб етади. У фақат ўзининг шахсий кучига ишонади. Куба анархистлари билан тўқнаш келган ва қаттиқ жароҳатланган Гарри Морган ўлими олдидан ёлғиз одам ҳеч нарса қила олмайди, деган фикрга келади. Қаҳрамоннинг фожиали ҳалокати ёзувчидаги индивидуалистик қарашларнинг самарасизлигини кўрсатади. Илгари жамият ҳаётидан четда турган ва фақат ўз кучига ишонган Хемингуeй энди ижтимоий воқеликка қизиқиб қарайди. Испаниядаги ҳодисалар, республикачиларнинг фашистлар тўдасига қарши курашлари унинг диққат марказида туради. Ёзувчи республикачиларни қўллайди, уларга моддий ёрдам беради, тез-тез фронтга боради. Бу воқеалар энди унинг ижоди учун материал бўлиб хизмат қилади. «Бешинчи колонна» пьесаси бунга мисол бўлади. Асар қаҳрамони америкалик Флипп Раулингс қалбан хаста, бўшашган шахслардан эмас. У оғир аҳволда бешинчи колонна жосуслари билан кураш олиб боради, жосус ва қўпорувчи шахсларни қўлга туширади. Бу жасур киши ўзидаги индивидуализмни бутунлай бартараф этган эмас. Флипп Раулингс ёш, бой ва гўзал америкалик аёл Доротини кўргач, ўзгаради. Бу аёл уни ўзи билан бирга бу ердан кетишни таклиф қилади. Жиддий ишдан толиққан Раулингс бундай фикрга қўшилади ҳам. Сўнгра у ўзида туғилган бундай худбинлик ҳиссини бартараф этади ва Доротидан алоқани узиб, Испанияда қолади. Макс исмли қаҳрамон унинг қарашларига таъсир кўрсатади. У Раулингснинг кўпчилик учун хизмат қилиши зарурлигини эслатиб, Раулингсни тетиклаштиради. Шундай қилиб, Флипп Раулингс ўзининг шахсий интилишларини жамият манфаатига бўйсундирган, фашизм йиртқичларига қарши курашувчи ижобий қаҳрамон бўлиб етишади. Раулингс Макс билан фашистларнинг кузатув пунктига дадиллик билан ҳужум уюштириб, франкочи полковникни асир оладилар ва фашистларнинг янги ҳужумини барбод этадилар. Бу асарида Хемингуэй мураккаб ва чалкаш, зиддиятли йўлни босиб ўтади ва ижобий қаҳрамон яратишда катта ютуққа эришади. Хемингуэй Америка адибларининг II конгрессида «Ёзувчи ва уруш» (1937) мавзуида сўзлаган нутқида фашизмни қонли жиноятчилар тўдаси, деб қаттиқ қоралайди. У испан республикачиларининг мағлубиятидан азият чекади. Фашистлар зўравонлик қилиб давлатни босиб олганларидан сўнг, яна унда якка-ёлғизлик қобиғига ўралиб, умидсизликка берилиш кайфияти юз беради. Бу ҳол адибнинг «Қўнғироқ нимадан дарак беради» (1940) романи мисолида кўринади. Асар қаҳрамони Роберт Жордан эрк ва саодат учун курашиб, ҳаётни эмас, ўлимни ўйлайди, ғалабага эмас, балки ўлимга тайёрланади. Бу эса шу даврда ёзувчи онгида туғилган ғоявий парокандаликнинг кўриниши эди. «Дарёнинг нариги томонидаги дарахтлар соясида» (1950) асарида ижтимоий ҳаётдан четда турувчи якка қаҳрамон пайдо бўлади. Бу икки урушда қатнашган америкалик полковник Ричард Кентуэллдир. Унга хос хусусият шуки, у ҳамма вақт ўлим хаёли билан яшайди. Бу eса повестнинг ғамгин руҳини кўрсатади. Хемингуэй сўнгги «Чол ва денгиз» (1952) қиссаси учун Нобель мукофотини олган. Асар қаҳрамони чол Сантьяго балиқ овига чиққанига анча кунлар бўлса ҳам, лекин иши юришмайди. Унингча, елканига «кўп ямоқ тушган» қайиққа қандай қилиб ҳам балиқ илинсин. Сантьяго кекса бўлса ҳам, лекин ўзи тетик. Шунинг учун ёзувчи бу одам «таслим бўлмайди», деб уқтиради. Чол тўрига катта балиқ тушганда чексиз севинади. «Балиқ, – деб чақирди у секингина, – ўлсам ўламанки, сендан ажралмайман». Чол бутун куч-ғайратини ишга солиб, балиқ билан олишади ва енгади. Унинг: «Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни бўйсундириш мумкин эмас», деган сўзлари инсон қудратига ёзувчининг чексиз ишончини кўрсатади. Балиққа бир гала акула ҳужум қилганида ҳам, Сантьяго бўшашмасдан курашини давом эттиради. Бир акулани ўлдирганида, иккинчиси ўлжага ташланади, шу тариқа олишув анча давом этади. Унинг пичоғи синиб, қўллари қонга беланса-да, тўқмоқ билан акулаларнинг бошига уришда давом этади. Сантьяго қирғоққа етиб борганида катта балиқнинг фақат гавда суягигина қолган эди. «Ким ҳам сени енга қолди ўзи, чол, – сўради ўз-ўзидан, – ҳеч ким, – жавоб берди у. – Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоққа кетиб қолибман». Сантьяго учун умидсизлик гуноҳдир. У китобхон кўз ўнгида мағлубиятни билмайдиган, иродали инсон тимсолида намоён бўлади. Сантьяго шу жиҳатдан ёзувчининг олдинги асарлари қаҳрамонларидан фарқ қилади. Уни қирғоқда кутиб олган бола навбатдаги балиқ овида чол билан бирга боришни ва ундан кўп нарса ўрганиши зарурлигини айтадики, бу – Сантьягонинг ёлғиз эмаслигига ишорадир. Эрнест Хемингуэй босиб ўтган мураккаб ва зиддиятли йўл кўп чет эл ёзувчилари учун характерлидир. Улар жамиятда кучайиб бораётган тушкунликни, пулга асосланган жамият қонун-қоидаларини танқид қилиш йўлидан борадилар. Хемингуэй ҳам Ғарбнинг йирик инсонпарвар ёзувчилари қаторида буржуа жамиятининг истиқболи йўқ эканини тобора кенгроқ тушуниш билан унинг иллатларини ўз ижодида акс эттирган йирик реалистлардан биридир. Download 185.94 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling