13- seminar: Islom dini tarixi va falsafasi


Download 31.9 Kb.
bet5/6
Sana10.01.2023
Hajmi31.9 Kb.
#1086541
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
13 семинар

Усмон мусҳафи. Араб тарихчиларининг хабар беришича, 656 йилда халифа Усмон Қуръонни мутолаа қилиб ўтирганларида ўлдирилган. У кишининг қони Қуръонга тўкилган. Шу туфайли ҳам Усмон Қуръони асл нусхалиги ва халифа қони тўкилгани билан мусулмон дунёсида алоҳида эътибор билан қаралади. Тошкент шаҳридаги Усмон Қуръонида ҳам қон излари бўлиб, шу нусха халифа Усмонга тегишли деган фикрлар мавжуд.
Усмон Қуръони Россия империяси Марказий Осиёни босиб олгунча Самарқандда, Хожа Аҳрор мадрасасида сақланар эди. Қуръоннинг Самарқандга келтирилиши ҳақида ҳам халқ ўртасида ҳар хил ривоятлар мавжуд.
Кўпчилик олимларнинг фикрича мазкур мусхаф соҳибқирон Амир Темур томонидан Басрадан кўплаб қўлёзма китоблар ва бошқа ўлжалар билан бирга Самарқандга келтирилган ва машҳур Темур кутубхонасига қўйилган. 400 йил давомида бу муқаддас китоб Самарқандда сақланади.
1868 йилда Россия аскарларининг Самарқандга бостириб кириши билан халқимизнинг моддий, маънавий бойликларига тажовуз бошланди. Бу тажовуздан қабр тошлари, мақбара ичидаги ёдгорликлар ҳам, мусулмонлар диний эътиқодининг шоҳона мулки Усмон Мусҳафи ҳам четда қолмади. Мусулмонлар Қуръонини тезликда бекитиб Бухорога жўнатмоқчи бўладилар. Бироқ бу хабар Зарафшон ўлкасининг бошлиғи генерал Абрамовга етиб, “фан учун бундай нодир, бебаҳо, қадимий ёдгорликни қўлдан чиқармаслик учун ҳамма чора кўрилсин” деб полковник Серовга буйруқ беради. Серов Қуръонни генерал Абрамовга келтиради. Абрамов эса уни зудлик билан Туркистон генерал-губернатори К.Н.Кауфманга етказади. У ўз навбатида зудлик билан 1869 йил 24 октябрда Петербургга – Император кутубхонасига алоҳида кузатувчилар билан юборади.
1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг Бутунроссия мусулмонлар жамияти номидан РСФСР Халқ Комиссарлари Советига мурожаат қилиб, муқаддас Усмон Қуръони ўз эгаларига, яъни мусулмонларга топширилишини талаб қилади. РСФСР (ХКС – Халқ комиссарлари совети) томонидан мусулмонларнинг талаби қондирилиб, Қуръон мусулмонлар ихтиёрига берилади. 1917 йил 29 декабрь куни Петербургдаги подшо кутубхонасининг “нодир қўлёзмалар” бўлимидан олиниб, Уфа шаҳрига жўнатилади. Қуръон 1923 йилгача Уфада сақланади.
1923 йил 23 июлда Бутуниттифоқ Марказий Ижроқўми Усмон Қуръонини Туркистонга қайтаришга қарор қилади. Муқаддас ёдгорликни Уфадан Тошкентга махсус комиссия кузатувида олиб келинади. Усмон Мусҳафи Тошкентдаги Эски шаҳар музейига келтирилади ва махсус пўлат сандиқда сақлана бошланади. 1926 йилнинг 1 январидан Эски шаҳар музейи Ўзбекистон давлат музейига айлантирилди. Музей очилгандан сўнг 1926 йилнинг фақат бир ойи ичида бу ерни 4000 киши зиёрат қилган. 2000 йилда ЮНЕСКО ташкилоти томонидан махсус сертификат билан “энг бебаҳо ёдгорлик” деб эътироф этилган Усмон Мусҳафи бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади.
Ҳадис. Ҳадис сўзининг араб тилидаги луғавий маъноси “сўз”, “янги”, “суҳбат”, “ҳикоя”, “ривоят” маъноларини англатади. Унинг истилоҳий маъноси Муҳаммад пайғамбарнинг айтган сўзлари, қилган ишлари ва тақрирлари, яъни кўриб қайтармаган ва қўллаб-қувватлаган ишларидир. Ҳадислар икки қисмдан: айнан хабар берувчи матн ва уни ривоят қилган ровийлар занжири – санаддан иборат.
Ҳадис икки хилдир:

  1. ал-ҳадис ал-қудсий (бу каби ҳадисда, маъно Аллоҳдан, лафз эса Пайғамбардан бўлади);

  2. ал-ҳадис ан-набавий (бунда эса, маъно ҳам лафз ҳам Пайғамбарникидир).

Ҳадислар илк даврда фақат оғзаки равишда авлоддан-авлодга узатилган. Ёзма равишда ҳадисларни тўпламаслик ҳақидаги Пайғамбарнинг кўрсатмалари асосан илк ислом даврига тааллуқли эди. Расулуллоҳ ўз сўзларини ёзиб олишдан саҳобаларни қайтаришларига сабаб ҳадисларнинг Қуръон оятларига аралашиб кетмаслиги учун эди. Чунки ваҳий нозил бўлиб турган пайтда баъзи кишилар Қуръон оятларини ёзиб борар эдилар. Бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ: “Бу оғиздан – дея ўз оғизларига ишора қилдилар – фақатгина ҳақ сўз чиқади” – деб, ўз сўзларини ёзиб олишга буюрганликлари ҳақида ривоят қилинган. Абу Довуд ўзининг “Сунан” асарида икки ҳадисни кетма-кет келтиради. Улардан бирида Пайғамбар ўз сўзларини ёзиб олишдан қайтарган бўлсалар, иккинчисида унга буюрадилар.
Кейинчалик эса бу ёзувлар катта тўпламларга асос бўлди. Шундай илк тўпламлардан бири Мадинадаги Урва ибн Зубайрга (ваф. 94/712 ёки 99/717 й.) ва иккинчиси Сурияга кўчиб кетган Муҳаммад ибн Муслим Зуҳрийга (ваф. 124/741 й.) тегишли.

Download 31.9 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling