25- мавзу. Бозор иқтисодиётига муҳолиф социалистик йўналиш моҳияти ва унинг тарихий тақдири
Download 482.69 Kb. Pdf ko'rish
|
25-мавзу
Юқорида марксча иқтисодий таълимотнинг асосий хусусиятлари таҳлил этилди, энди шу ғояларнинг назарий ва амалий аҳамияти тўғрисида фикр юритилади. Ҳозирги даврда марксизмга бўлган муносабат салбий ҳисобланади. Аммо бу таълимотнинг муҳолифлари ҳам айниқса Карл Маркснинг (1818-1883) иқтисодиёт назариясига қўшган буюк ҳиссасини тан олмоқдалар (масалан, Р.Хейлбронер, Л.Туроу «Экономика для всех»). Умуман, иқтисодиёт ғоялари тарихида уч шахс - А.Смит, К.Маркс ва Ж.М.Кейнс таълимотларига алоҳида эътибор берилади. Шунинг учун одатда К.Маркс ва Фридрих Энгельснинг (1820-1895) капитализмга бўлган муносабатларига баҳо берилади. Бу икки олимнинг таълимоти бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган бўлиб, бу ягона таълимот марксизм деб аталади, шунинг учун кўпроқ К.Маркснинг номи тилга олинади. Бу олимнинг иқтисодий қарашларини тушуниш учун уларни бошқа тадқиқотчи - А.Смит ғоялари билан солиштиришни ўринли деб ҳисоблаймиз. А.Смит капитализмни тартибга солиш ва тараққиётининг меъмори эди. К.Маркс эса бу жамиятнинг иллатлари ва бўлажак ўлими ташбехчиси бўлган. Уларнинг қарашларида тарихга бўлган турли муносабат очиқ-ойдин бўлиб қолади. А.Смитнинг фикрича, инсоният овчилар ва балиқчиларнинг илк ва содда жамиятидан олий коммерция жамияти сари борадиган йўлни босиб ўтди. К.Маркс эса инсоният тарихи синфларнинг тўхтовсиз кураши, барча даврларда эзувчи ва эзилувчилар ўртасидаги антогонистик рақобати ҳисобига ривожланишини айтади. А.Смит ва кўпгина бошқа олимлар капиталистик тизим охир-оқибатда жамиятдаги барча тарафларнинг шахсий манфаатлари билан ижтимоий манфаатларининг уйғунлиги ( гармонияси)ни, бу жараён абадий ёки жилла бўлмаса жуда узоқ вақт давом этишини башорат қиладилар. Маркс эса синфий кураш зиддият ва антагонизмни вужудга келтиради ва капиталистик тизимнинг умри қисқа, иш ҳақи ва фойда ўртасидаги қарама-қаршилик капитализмни ўзгартиради ва уни яксон этади, деган фикрни билдиради. Смит фикрича, айрим шахслар ва жамият манфаатининг мос тушиши «Кўринмас қўл» орқали (табиий қонунлар ва рақобат натижасида) тартибга солиб турилади. Ваҳоланки, Маркс бўйича, ишлаб чиқариш воситалари марказлашуви ва меҳнатнинг ижтимоийлашуви капитализмни инқилобий йўл билан бошқа жамиятга ўтишини тақозо этади. Смит хусусий мулкни ҳимоя қилса, марксчилар умумхалқ (давлат) мулкини афзал деб ҳисоблайдилар. Марксчилар капитализмни ривожланаётган тизим, деб қарадилар ва бошқа ҳали тўла аниқ бўлмаган жамият сари кетаётганлигини аниқладилар (буни баъзилар социализм деб қарайдилар). Маркс иқтисодчи сифатида бозорни капитал ва бойлик жамғаришнинг кучли воситаси сифатида билади. Аммо бу жараённи Смитдан бошқачароқ таҳлил қилади. Агар Смит бўйича бозор ўзини-ўзи бошқара олса, Марксда бу ўсиш турли тўсиқлар, инқирозлар орқали рўй беради. Маркс жамғарилиш жараёнини бизнесмен нуқтаи назаридан ўрганади: асосий масала шундаки, маълум капитал (банкдаги пул ёки корхонага қўйилган маблағ) фойда келтириши керак. Маркс ибораси бўйича П ( пул суммаси) ундан каттароқ П’ га айланиши керак. Бунга Маркснинг жавоби қуйидагича: капиталистлар ўз пулларини товар ва ишчи кучини сотиб олишга ишлатадилар, шундай қилиб ишлаб чиқариш жараёни учун асос солинади, керакли хом ашё, ярим фабрикатлар олинади, ишлаб чиқариш қувватлари ва ишчи кучи ёлланади. Бу босқичда ҳамма нарсани ҳақиқий баҳода олиш қийинчилиги юзага келади. Реал ҳаётда (масалан, меҳнат қиммат турса) П ўзгармас ҳолда қолади ва жамғарилиш жараёни бошланмайди. Агар юқоридаги биринчи босқич муваффақиятли ўтса, пул капитали ёлланма ишчи кучи ва моддий неъматлар заҳирасига айланса, яъни пул меҳнат жараёни билан материаллар, хом ашё, ярим фабрикатлар орқали қўшилиб кетса, кейинги босқичга ўтилади. Худди шу ерда фабрика цехларида фойда юзага келади, унинг манбаи шундаки, капиталистлар ишчи кучига улар томонидан ажратилган қийматдан камроқ ҳақ тўлайдилар. Фойда, яъни П ва П’ орасидаги фарқ амалда ҳақ тўланмаган меҳнат бўлиб чиқади. Бу Маркснинг қўшимча қиймат назарияси фойданинг манбаи сифатида капитализмни таҳлил этишда жуда муҳимдир. Бу қўшимча қиймат одатда икки йўл билан вужудга келиши мумкин: 1. Иш соатларини чўзиш (абсолют). 2. Зарурий иш вақтини қисқартириш (нисбий) ёки меҳнат унумдорлигини ошириш. Маркснинг фикрича, иш куни икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи зарурий иш вақтида ишчи ва ишлаб чиқаришга кетган сарф- харажатлар тўла қопланади ва қолган вақтда (қўшимча иш вақтида) қўшимча қиймат ҳосил бўлади, яъни ҳақ тўланмаган иш вақти капиталист томонидан ўзлаштирилади (одатда иш кунининг ярми ёки маълум қисми ўшанга сарфланади). Капиталист аввалги даврларда иш соатларини кўпайтириш йўли билан қўшимча иш вақтини чўзган бўлса, кейинги пайтларда зарурий иш вақтини қисқартириш йўлини қидиради ва бу кўпинча ишлаб чиқаришга машиналаштириш, автоматика, телемеханикани киритиш билан амалга оширилади. Маркс капитализмнинг тўғри тизим эмаслигини, унинг турли инқирозлар, циклик ўзгаришларга мойиллигини кўрсатиб берди. Ҳақиқатдан ҳам Смитнинг фикридан фарқли равишда капитализм тизимининг кибернетик кафолатланган жараёндан анча узоқлиги аниқ. Капитал жамғарилиши меҳнат ва капитал манфаатларининг ноаниқлиги, қарама-қаршилигини енгиши керак бўлган бозор тизими билан бевосита боғлиқдир. Бизнеснинг асосий мақсади бойлик тўплаш бўлса ҳам бу мақсадга эришиш ҳар доим ҳам амалга ошавермайди. «Капитал» асарида капитализмнинг турғун эмаслиги охир- оқибатда тизимнинг қулашига олиб келади, деган қисқача хулосалар чиқарилади. Бу асарда яна иккита муҳим фикр берилган: 1. Корхоналар ҳажми инқирозлар туфайли доим ўсиб боради, бу эса иқтисодиётнинг монополлашувига ва қулашига сабаб бўлади. Инқирозлар туфайли банкрот бўлган корхоналар мулки бошқа фирмалар томонидан сотиб олинади. Бундан фирма ва фермерларнинг йириклашув тенденцияси капитализмнинг муҳим ажралмас хусусиятидир. 2. Омманинг «пролетарлашуви» натижасида синфий кураш кескинлашуви кутилади. Инқирозлар туфайли кичик бизнес ва мустақил ҳунармандлар оммавий равишда кўчага ҳайдалади. Шундай қилиб жамият таркибида оз сонли капиталист-магнатлар ҳамда кўп сонли, мулкдан маҳрум этилган, норози, «пролетарлашган» оммадан иборат икки синф пайдо бўлади, «...охир-оқибатда бу жараён узлуксиз давом этиши мумкин бўлмай қолади. Капитал монополияси ўзи яратган ишлаб чиқариш усулининг кишанига айланади. Ишлаб чиқариш воситаларининг марказлашуви ва меҳнатнинг ижтимоийлашуви капитализм билан мос келмай қолади. Капитализм қобиғи портлайди. Капиталистик хусусий мулк зил кетади. Экспроприаторлар экспроприация қилинади...» Капитализм жамияти бошқа янги жамиятга инқилобий йўл билан ўз ўрнини беради, деб башорат қилинган эди. Бу ҳодиса энг ривожланган мамлакатларнинг бир қанчасида ҳар ҳолда бир вақтда рўй бериши керак эди. Илгари сурилган иқтисодий мунозара асосан капитализм охир- оқибатда ўзини ўзи вайрон эта оладими, деган масалага бориб тақалади. Капитализмнинг ички қарама-қаршиликларининг чуқурлашуви туфайли бозор механизми уларни тартибга сола оладими, деган ва бошқа саволларга аниқ жавоб бериш қийин. Маркс танқидчилари тўла ишонч билан капитализм вайрон бўлмади, ишчилар синфи қашшоқлашмади, фойда нормасининг пасайиши ва бошқа прогнозлари тасдиқланмади, демоқдалар. Унинг тарафдорлари эса бунинг аксини исботламоқдалар. Уларнинг фикрича, капитализм ХХ асрнинг 30-йиллари деярли вайрон бўлди, одамларнинг «пролетарлашуви» тобора ортиб бормоқда, масалан, 1800 йилда 80 фоиз америкаликлар ёлланган ҳолда ишлаган бўлсалар, уларнинг ҳиссаси ҳозир 10 фоиздан тушган, Маркс айтганидек, фирмалар ҳажми тобора йириклашмоқда, капиталистик тизим нокапиталистик Осиё, Жанубий Америка ва Африкага тобора кириб бормоқда. Бу борада ўз фикримизни билдирмоқчи бўлсак, шуни айтиб ўтиш керакки, марксизм ғоялари ўша давр учун кўп жиҳатдан тўғри эди. Капитализм шаклланаётган ва ривожланаётган даврда ишчиларнинг аҳволи кескин ёмонлашди, эксплуатация кучайди, инқилобий вазият юзага келди ва бу қисман амалда рўй берди. Аммо инқирозлар гирдобига учраган етакчи капиталистик мамлакатлар аҳволни тўғрилаш учун ўз иқтисодий сиёсатларини кескин ўзгартиришга мажбур бўлдилар, ижтимоий бозор элементларидан фойдаланиш йўлига ўтдилар. Бунда собиқ СССР ва бошқа «социалистик» деб аталган давлатларнинг таъсири ҳам кучли бўлди. Бу даврда капитализм янги даврга мослашди ва аслида «социализм» элементларини ҳаётда қўллай бошлади. Ҳозирги ХХ аср капитализми ХIХ асрдагидан кескин фарқ қилади. Олимлар Маркснинг оташин демократ бўлганлигини тан олган ҳолда, унинг жуда шошқалок одам эканлигини ҳам айтмоқдалар. Таниқли иқтисодчи олим Марк Блаугнинг таъкидлашича, К.Маркснинг иқтисодий таълимоти ҳозирги даврда ҳам долзарбдир («Экономическая мысл в ретроспективе», стр.207). Лекин бу олим «қиймат» тушунчасини «қиммат» билан алиштирган (қиммат қонуни, қўшимча қиммат қонуни ва бошқалар). Унингча, Маркс қиммат қонунидан нисбий баҳо, капиталга фойда нормасини аниқлаш учун фойдаланади, бошқача айтанда, унинг тизимида «қўшимча қиммат» қандай аниқланиши кўрсатилади. Асосий капитал «С», айланма капитал «V», қўшимча қиммат «С» (Марксда «m») ҳарфлари билан белгиланса, ялпи миллий маҳсулот C + V + S билан, соф миллий маҳсулот V + S билан аниқланади. Қўшимча қиммат нормаси g = S / V шаклида келтирилади. Капиталнинг органик тузилиши q = C / C + V ( ёки V / C + V) шаклида ифодаланган. Маркс иқтисодий таълимотининг асоси қўшимча қимматнинг пайдо бўлиши қуйидагилар билан тушунтирилади. Жамият аъзоларининг катта қисми мулкдан маҳрум этилган, бу мулк озчилик қўлида тўпланганлиги туфайли, кўпчилик ўзларининг меҳнат қувватларини сотиш ҳисобига тирикчилик қилишга мажбур. Ишчи кучи товар сифатида (бошқа товарлар каби) бозорда тўла баҳода сотилади ва сотиб олинади. Аммо бу ишчи кучи яратган қиммат ишчи кучи баҳосидан ортиқ бўлади. Ана шу фарқ (иш ҳақи тўланмаган меҳнат) қўшимча қимматдир. Марксда халқ оммасининг абсолют ёки нисбий қашшоқлашуви масаласи ҳам муҳимдир. Лекин М.Блаугнинг маълумотларига кўра, Маркснинг юқоридаги ғояси, кичик ва ўртача корхоналарнинг йўқолиб бориши, фойда нормасининг пасайиб бориши тўғрисидаги фикрлари ҳатто назарий жиҳатдан ҳам исботланмайди (Ўша китоб, 227-бет). Маркс ишчиларнинг реал иш ҳақлари ошиб бориши мумкинлигини инкор этмайди. Аммо меҳнат унумдорлигининг ортиши ҳар доим маошнинг ошишига олиб келмайди, бу абсолют қашшоқлашувдир. Капитализмнинг тарихий ривожланиши ҳар доим ҳам бу ғоянинг тўғри эканлигини исботламайди. Кўпгина мамлакатларда ишчилар синфининг аҳволи яхшиланиб борган. Марксча иқтисодий таълимотнинг асоси бўлган қўшимча қиймат назарияси ҳам ҳақиқатдан йироқ деб топилди. Хусусий мулкнинг инкор этилиши, умумхалқ мулкининг афзалликлари ҳам ҳаёт синовидан ўтмади. Барча турдаги мулкларнинг мавжудлиги, айниқса хусусий мулкдаги рағбатлантирувчи куч тарихда ва умуман иқтисодиётда муҳимдир. Бу олимларнинг буюк хизматлари шуки, улар ижтимоий иқтисодий формациялар тўғрисидаги таълимотни, уни ташкил этувчи таркибий элементларини, формацияларнинг алмашув сабабларини, капитализмнинг ривожланиши қонунларини, унинг ички ҳаракатлантирувчи кучлари, ички қарама-қаршилиги, бу формациянинг ўткинчи характерини ифодалаб бердилар, такрор ишлаб чиқариш ва иқтисодий инқирозлар, ишлаб чиқариш баҳоси, меҳнатнинг товарда акс этган иккиёқлама характери, товар қарама-қаршилиги, қўшимча қиймат тўғрисидаги таълимотларни ишлаб чиқдилар; қиймат эволюциясининг ноёб таҳлили; абсолют рентанинг моҳияти очиб берилди; капиталистик эксплуатациянинг умумий характеристикаси берилган. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, социалистик жамият қуриш борасида марксизмнинг асосий ғоялари догматик равишда бузиб қўлланилди. Асосий эътибор синфлар ўртасидаги антагонизмга қарши қаратилади. Жамиятни келажакда ривожлантириш тавсиялари иккинчи даражали деб қаралди. Капитализмни фақат эксплуататорлик жамияти эканлигига ортиқча урғу берилди. Капитализм эса шароит тақозоси туфайли адаптацияга мойиллигини намойиш этди. Маркс ва Энгельснинг иқтисодий қарашлари улар ҳаётлиги давридаёқ қаттиқ танқидга учради. Социалистик ва коммунистик жамият тўғрисидаги ғоялар ҳам аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Download 482.69 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling