5-mavzu. Xiva xonligining qizil armiya tomonidan tugatilishi va xxsrning tashkil topishi. (2soat) Reja
Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин Бухоро ва Хивадаги сиёсий вазият
Download 178.2 Kb.
|
5-mavzu
- Bu sahifa navigatsiya:
- № 21-сурат. 65-бетга.
- 21-в-сурат. 66-бетга.
- № 22-сурат. 67-бетга.
- 23-сурат. 71-бетга.
- № 23- в-г- сурат. 71-бетга.
2. Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин Бухоро ва Хивадаги сиёсий вазият
1917 йил февраль ва октябрда Россия марказида юз берган воқеалар Туркистон минтақасини ҳам четлаб ўтмади. Хусусан, 1917 – 1920 йилларда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ҳудудида муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Большевикларнинг ҳокимият тепасига келиши, минтақада совет режимининг мажбуран ўрнатилиши бу даврда Бухоро ва Хива халқлари учун ҳам аянчли оқибатлар ва жиддий ўзгаришларни, турли фожиаларни юзага келтирди. Россияда бўлган 1917 йил Февраль инқилобининг ғалабаси ва Россия императори Николай II нинг ўз хоҳиши билан тахтдан воз кечганлиги ҳақидаги хабар хонликлар халқлари томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Улар бу тарихий воқеани ўз мамлакатларининг Россия мустамлакачилик зулмидан озод бўлиши ҳамда мустақиллик ва тараққиёт йўлидан ривожланиши учун имкон берадиган бир воқеа сифатида қабул қилдилар. Россияда мутлақ ҳоким – самодержавиенинг ағдариб ташланганлиги ҳақидаги хабарни жамиятнинг энг илғор вакиллари бўлган Бухоро ва Хива жадидлари айниқса катта умид билан қарши олдилар. Бу даврда Бухоро амирлиги ҳудудида жадидчилик ҳаракати ва ундан ўсиб чиққан Ёш бухороликлар партиясининг фаолияти кучайди. Ёш бухороликлар даставвал мавжуд монархия тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимиятини чеклаб қўйиш тарафдори бўлишган. 1917 йил Февраль инқилоби Ёш бухороликлар ичида кучлар нисбатининг қайта гуруҳланишини тезлаштирди. Аста-секин ислоҳ қилиш тарафдорлари бўлган жадидларга Абдулвоҳид Бурҳонов (1875 – 1934) ва Садриддин Айний (1878 – 1954), ислоҳот соҳасида фаол ҳаракатларни қўлловчи, нисбатан оз сонли Ёш бухороликларга Фитрат (1886 – 1938) ва Файзулла Хўжаев (1896 – 1938) етакчилик қилди25. Ёш бухороликлар амир ҳокимиятига қарши курашни янада кучайтириш мақсадида 150 та партия ячейкаси тузиб, ҳар бир ячейкада 12 кишидан иборат кичик-кичик гуруҳлар ташкил қилдилар. Фақат Бухоро шаҳрининг ўзида 50 та ячейка пайдо бўлди. Ана шундай ячейкалар Чоржўй, Карки, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларда ҳам тузилди.26 1917 йил 15 мартда Ёш бухороликлар партияси Марказий Қўмитасининг йиғилиши бўлиб, унда партиянинг янги раҳбарияти сайланди. Марказий Қўмитага Абдулвоҳид Бурҳонов (раис), Фитрат (бош котиб),Усмон Хўжа (хазиначи), Файзулла Хўжаев, Мусожон Саиджонов, Отаулла Хўжаев, Муҳитдин Рафоат, Аҳмаджон Абдусаидов (Ҳамдий), Ҳомид Хўжа Меҳрий (аъзолар) киритилди.27
Ёш бухороликлар партияси раҳбарлари Россиядаги тарихий воқеаларни қутлаб, Петрограддаги Муваққат ҳукумат номига юборган телеграммаларида қуйидагиларни ёзишган: “...Буюк Россия ўзининг асл фарзандлари қўли билан эски мустабид тузумни ағдариб ташлаб, унинг ўрнига озод демократик ҳокимият ўрнатилди. Янги рус ҳукуматидан шуни илтимос қилиб сўраймизки, яқин келажакда бизнинг ҳукуматга ҳам демократик бошқарувнинг озодлик ва тенглик тарзи тўғрисида кўрсатма берсангиз, биз бу ҳолат билан фахрлансак”28. Бироқ Петрограддаги Муваққат ҳукумат раҳбарлари орасида Бухородаги ислоҳотларга нисбатан турлича қарашлар мавжуд бўлган. Архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, Россия Ташқи ишлар министри П.Н. Милюков (кадетлар партиясининг йўлбошчиси) амирликда ислоҳотлар ўтказиш тарафдори бўлса, кейинчалик Бош министр бўлган А.Ф. Керенский (1881 – 1970) эса Бухоро давлатини Россия таркибига қўшиб олишни қаттиқ туриб ёқлаган. Умуман олганда, Керенский Туркистон мустақиллигига қарши бўлган. Рус резиденти А.Я. Миллер ва унинг ёрдамчиси Н.А. Шульга Бухоро амири Саид Олимхон ва қўшбеги Насрулло томонидан эълон қилинадиган фармон (манифест)ни яна бир бор таҳлил қилиб, 20 март куни Муваққат ҳукуматнинг Ташқи ишлар министрига юборади. 1917 йил 7 апрелда фармон матни бироз ўзгартиришлар билан Бухоро амири Саид Олимхон томонидан эълон қилинади. Садриддин Айний ўз асарида фармоннинг асл матнини форс (тожик) тилида келтириб, сўнгра ўзбекчага таржимасини беради29. Амир фармонида нуфузли кишилардан иборат Мажлис тузиш, давлат хазинасини таъсис этиш ва мамлакат бюджетини белгилаш, пойтахтда босмахона очиш, саноат ва савдони ривожлантириш, солиқларни тартибга солиш, амалдорлар устидан назорат ўрнатиш ва уларга мояна тўлаш кабилар тилга олинган эди. Хуллас, фармонга биноан Бухоро тарихида илк марта баъзи демократик ислоҳотларни амалга ошириш белгиланган. Ёш бухороликларнинг Фитрат, Файзулла Хўжаев, Усмон Хўжа бошчилигидаги сўл қаноти фармон эълон қилинган куннинг эртасига – 1917 йил 8 апрелда Бухоро шаҳрида катта намойиш уюштирди ва Регистонда митинг ўтказди. Бироқ Саид Олимхон намойишчиларни куч билан тарқатиб юбориб, уларнинг раҳбарларини зиндонга ташлади. Намойиш ўтказишга қарши чиққан С. Айнийга ҳам 75 таёқ урилиб, обхонага ташланди. Намойишни баҳона қилиб, 14 апрелда амир ўз фармонини бекор қилди. Олимхон томонидан Насрулло қўшбеги жадидларни қўллаб-қувватлаганликда айбланди ва уни лавозимидан олиб ташланиб, 15 апрелда мутаассиб Низомиддин Урганжий (Низомиддин Девонбеги) қўшбеги қилиб тайинланди. Хуллас, Ёш бухороликларнинг демократик ислоҳотларни тинч йўл билан амалга ошириш мақсади пучга чиқди.
1917 йил 8 апрелда Бухорода бўлган намойишдан кейин А.Я Миллер ва унинг ёрдамчилари Н.А. Шульга, П.П. Введенский (1880 – 1938) ва И.И. Умняков (1890 – 1976) ўзларини истеъфога чиқаришни сўраб, Россия Ташқи ишлар министрига мурожаат қилишган. 17 апрелда Миллер ва Шульга уй қамоғига ташланди. Муваққат ҳукуматнинг Туркистон комитети раиси Н.Н. Шчепкин ўша куни Петроградга юборган махсус ҳисоботида Бухорода юз берган воқеаларни таҳлил қилади ва вазиятни жойида ўрганиш учун Бухорога Туркистон комитети аъзолари Преображенский ва Давлетшин шошилинч поезд билан жўнатилганлигини таъкидлайди. “Ислоҳот тарафдорларига қарши муллалар ва халқ кучли даражада қўзғатилганлиги”30 ушбу ҳужжатда алоҳида уқтириб ўтилган. 1917 йил октябрь-ноябрь ойларида Петроград ва Тошкентда содир бўлган воқеалар Бухоро амирлигида катта акс-садо берди. Тошкент ва Фарғонадаги жадидлар Туркистонда мухторият эълон қилиш учун ҳаракат қилган бўлса, Ёш бухороликлар Бухорода амирнинг истибдод тузумига қарши курашни давом эттирди. Ёш бухороликлар партияси ичида турли гуруҳларнинг борлиги, қарашларнинг хилма-хиллиги туфайли ягона дастур тузишга эҳтиёж туғилди. Марказий Қўмита бу вазифани 1917 йил ноябрда Фитратга топширди. Фитрат бу пайтда Самарқандда чиқаётган “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири эди. Марказий Қўмита Фитрат томонидан 1918 йил январда ёзилган Ёш бухороликлар партиясининг дастурини тасдиқлади ва уни “Бухоро ислоҳот лойиҳаси” сифатида эълон қилди.31 Дастурда мамлакатда конституциявий монархия ўрнатиш, Бухоронинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигини таъминлаш, маданий тараққиёт, деҳқончилик ва солиқ тизими масалаларига алоҳида эътибор берилди. Шунингдек, замонавий армияни ташкил этиш, 2 йиллик мажбурий ҳарбий хизматни жорий қилиш, давлат ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш, 10 та нозирлик (вазирлик)дан иборат Нозирлар Шўроси тузиш таклиф этилди32. Бироқ Файзулла Хўжаев кейинчалик Фитрат лойиҳасининг анча чекланганлигини танқид қилиб, унда бошқарувнинг республика тузумини жорий этиш талаб қилинмаганлигини тўғри кўрсатган эди. Октябрь тўнтаришидан кейин совет Россияси билан Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Бу ҳолат большевиклар томонидан Бухоро давлатининг ички ишларига аралашишдан тортиб қуролли тажовуз қилишгача намоён бўлди. 1917 йил 2 декабрда бўлиб ўтган Бухоро амирлигидаги рус посёлкалари вакилларининг II область съездида Россия ва Туркистон ҳукуматининг Бухоро ишлари бўйича ҳайъати сайланди. Орадан кўп ўтмай Ёш бухороликлар партияси Файзулла Хўжаев бошчилигидаги делегацияни кескин ва қатъий чора кўриш учун Тошкентга жўнатишди. Улар Бухорода очиқ қўзғолон кўтариш учун шароит етилди, унда камида 30 000 киши иштирок этади, деб Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советини ишонтирдилар33. 1918 йил 28 февралда (айрим манбаларда 1 мартда) Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети раиси Ф.И. Колесов (1891 – 1940) қизил гвардиячилар отряди (3500 киши) ҳамроҳлигида, маҳаллий тарихчилар фикрича, 10 000 киши атрофида Янги Бухоро (Когон) шаҳрига келди. Ёш бухороликларнинг Файзулла Хўжаев раҳбарлигида 7 кишидан иборат инқилобий қўмитаси (аъзолар: Фитрат, Отаулла Хўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Исҳоқ Ағдаров, Қори Йўлдош Пўлатов, Фазлиддин Махсум) тузилди. Улар билан бўлган қисқагина кенгашдан кейин Ёш бухороликлар ҳамда Колесов номидан амирга имзо чекиш учун манифест тайёрланди. Унда қуйидаги бандлар бор эди: ”1) сўз, матбуот ва бошқа демократик эркинликлар берилади; 2) амир ҳузурида Ёш бухороликлардан иборат махсус Кенгаш бўлиши керак, амирнинг маслаҳатчилари ўз лавозимларидан бўшатилади; 3) Бухоро ҳукуматининг барча аъзолари Ёш бухороликлар партияси томонидан тавсия этилган янги аъзолар билан алмаштирилиши лозим; 4) ўлим жазоси ва тан жазоси бериш бекор қилиниши даркор; 5) бир қатор солиқлар бекор қилиниши зарур”.34
Амир Саид Олимхон 24 соат ичида ушбу талабларга рози эканлигини маълум қилса, у ўз ўрнида қоладиган бўлди. Мабодо у рад жавобини берадиган бўлса, қурол кучи билан амирлик тугатилиши пўписа қилинди. Амир Олимхон вақтдан ютиш учун музокаралар бошлади. У ўз жавоб мактубида ислоҳотларни аста-секин амалга ошириши мумкинлигини баён қилди. Бу жавобдан қаноатланмаган Ф.И. Колесов ҳарбий ҳаракатларни бошлашга буйруқ берди. 1918 йил 2 мартда Бухорога ҳужум бошланди. Бу ҳужумда ҳар бири 200 кишидан иборат Ёш бухороликлар ва Янги Бухоро (Когон) ишчиларининг отряди ҳам қатнашдилар.35 Бухоро шаҳри яқинидаги Фатҳободда бўлган дастлабки тўқнашувда амир қўшини мағлубиятга учраб, шаҳарга чекинди. Вазият бундай тус олишини кутмаган Саид Олимхон Колесовга ўзининг махсус фармони олийини юбориб, унда барча талабларга рози бўлиши билан бир қаторда мамлакатда солиқлар камайтирилиши, тан ва ўлим жазоси бекор қилинишини айтади. Натижада икки ўртада ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиб, музокаралар қайтадан бошланади. Бухоро давлати мустақиллиги дахлсизлигини сақлаб қолиш учун интилган Саид Олимхон бу фурсатдан унумли фойдаланиб, айрим манбаларда келтирилишича, 35 000 кишилик лашкар тўплайди. Бухороликлар муқаддас шаҳарлари ҳимоясига қўзғалади. Карманадан Қоракўлгача бўлган 170 км масофадаги темир йўл излари амир сарбозлари ва маҳаллий аҳоли томонидан бузиб ташланади. Уруш ҳаракатлари бошланиб, Колесов отряди қуршовда қолади. Колесов қўшинининг ўқ-дориси тугайди ва аҳволи оғирлашади. Тошкент, Самарқанд, Чоржўй, Ашхобод, Марв, Карки, Янги Термиз гарнизонларидаги қизил аскар отрядлари Колесовга ёрдамга жўнатилади. Бироқ Бухорони босиб олиш режаси амалга ошмаслигига кўзи етган Колесов 5 март куни кечқурун Тошкент томонга чекинишга буйруқ беради. Бунинг асосий сабаби, Ёш бухороликлар партияси йўлбошчилари кенг халқ оммасининг ишончини қозона олмаганлиги эмас, балки қизил аскарлар, гарчи улар сафида Ёш бухороликлар бўлса ҳам, бухороликлар томонидан босқинчи ва истилочи сифатида қабул қилинганлиги бўлди.36 Тошкентдан зудлик билан Колесовга ёрдамга юборилган қизил гвардиячилар 11 мартда Кармана шаҳрини эгалладилар. Улар амирнинг ёзги саройида жойлашдилар ва маишат билан шуғулландилар. Шундан сўнг босқинчиларни бухороликлар Карманадан қувиб чиқардилар. Большевикларнинг Тошкентдаги сиёсий мухолифлари улар тутган босқинчилик йўлини маъқуллашмади. Шунинг учун Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети амир Саид Олимхон билан музокарага кўнди.37 Аслида Тошкентдан ёрдамга юборилган Г. Колузаев отряди бу пайтда Қизилтепада Колесов қўшини билан бирлашган эди. Колесов Қизилтепага келгач, сулҳ музокаралари олиб бориш учун амир Саид Олимхонга вакиллар жўнатди. Саид Олимхон ўз навбатида Колесов билан сулҳ музокаралари олиб боришга тайёр эканлигини билдирди. 17 мартда Колесов ўз отряди билан Самарқандга етиб келди. Бу пайтда қизил аскарлар Хатирчи, Зиёвуддин, Мир, Кармана, Қизилтепа, Қоракўл ва Чоржўйни босиб олган эдилар. Ўша давр воқеаларининг бевосита шоҳиди маҳаллий тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг “Тарихи Нофеий” (“Фойдали тарих”) асарида ёзишича, қизил гвардиячилар билан курашда Музаффарнинг ўғилларидан бири Мир Мансурхоннинг ўртанча ўғли ҳалок бўлган. У амир Саид Олимхоннинг амакиси эди. Кармана ҳокими эса Саид Олимхоннинг тоғаси Сайидбек бўлиб, у қизил гвардиячилар томонидан асир олинган. Кейинчалик қизил аскарлар Сайидбекни Бухоро ҳокимиятига топширганлар.38 Амир Саид Олимхон кейинчалик ёзган “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” номли хотираларида Колесовнинг Бухорога босқини оқибатларини сал бошқача оҳангда ўзининг ғалабаси сифатида қуйидагича тасвирлайди: “Аллоҳнинг инояти билан, пайғамбар шариатининг мадади билан ҳарбий қуролларнинг камлигига қарамай, Бухоро ислом аҳлига зафар кулиб боқди, бу банда ғалабага эришди. Большевиклар ўз мақсадларига эришолмай сулҳ тузишга розилик билдиришди. Бу банда сулҳ тузишни яхшироқ деб билиб, аҳволни тузатиш мақсадида аҳд тузишга рози бўлдим”.39 Ҳолбуки, бу пайтда воқеалар ривожи бошқачароқ кечган. Большевиклар Кармана ва Хатирчи вилоятларини бутунлай ғорат қилгач, амир ҳам сулҳ тузишга мажбур бўлган. Икки томондан ўзаро сулҳ тузиш учун вакиллар ажратилди. Совет Россияси томонидан: отряд комиссари В.Я. Шмидт, ҳарбий командирлар: Г.А. Колузаев, Степанов, В.М. Копилов, Туркистон ўлкаси темир йўллар комиссари А.Ф. Солькин, Янги Бухоро маъмурияти бошлиғи А.Я. Гальперин, Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советининг махсус вакиллари П.П. Введенский ва Х.К. Мирбадалов; Бухоро амирлиги томонидан: бош закотчи Мирза Салим Парвоначи (Мирза Салимбек; 1850 – 1930), Абдурауф (Бий Хўжа) Карвонбоши Азизов, Мир Мирохўр каби махсус вакиллар сулҳ музокараларида қатнашган. Совет Россияси томонидан вакилларга В.Я. Шмидт, Бухоро ҳайъатига Мирза Салимбек бошчилик қилишган.40 Музокаралар жараёнига В.Я. Шмидт раислик, А. Солькин котиблик, П. Введенский таржимонлик қилган.41 Бухоро давлати томонидан сулҳ музокараларида амир махсус вакилларининг бошлиғи ҳисобланган бош закотчи Мирза Салим Парвоначи (Мирза Салимбек) бу воқеалардан сал кейин ёзган “Тарихи Салимий” асарида 1918 йил март ойида Ф. Колесов бошчилигидаги большевиклар ва уларнинг ҳарбий кучлари бўлган қизил гвардиячилар томонидан Бухоро амирлиги ҳудудида қилинган ваҳшийликларни шундай тасвирлайди: “1336 ҳижрий йилнинг ҳамал ойида 18-кун (милодий йил билан 1918 йил 18 мартда) биз: мен, карвонбоши (Абдурауфбой Хўжа Карвонбоши Азизов) ва таржимон Мирбобо мирохўр ўз болаларимиз ва оиламиз билан хайр-хўшлашиб, уларга васиятимизни қолдириб, Когон темир йўл бекатига келдик. Биз бу ерда ўзимизга қўшилган Махди Хўжабий, Ҳайдар Хожа ва Введенскийни олиб, коляскага ўтирган ҳолатда Куюкмозор қишлоғига келдик. Бу ерда биз нонушта қилгач, ўзаро маслаҳатлашган ҳолда дастлаб Қизилтепа темир йўл бекатига боришга қарор қилдик. Биз бу ерда ўзимизнинг араваларни қолдириб, поезд орқали Карманага боришга аҳд қилдик. Бизнинг отларимиз эса Қизилтепада қолдирилди ва улар дам олишди. Бу ҳақда биз маслаҳатлашиб олгач, Куюкмозордан жўнаб Ваганзи (Ванғози) қишлоғига етиб келдик. Бу ерда божхона амлокдорларидан йўлбошловчи олиб, унинг қўлига сулҳ рамзи бўлган оқ байроқни тутқазиб, йўлга тушдик. Ваганзидан Қизилтепага жўнадик. Биз йўлда атрофдаги қишлоқларнинг ёқиб юборилганлигини, уларнинг аҳолиси таланганини ва турли томонга қочиб кетганлигини билдик. Ҳеч қайси қишлоқда биз бирорта тирик жонни ҳам, ҳатто бирорта ҳайвонни ҳам кўрмадик. Баъзи катта ҳовлилар ҳануз ёниб турарди. Бу ҳолатни кўриб биз чуқур қайғуга ботдик ва шўрлик кишиларнинг ҳолига ачиниб йиғладик. Қуёш ботиши олдидан биз Қизилтепага етиб келдик ва бу ерда қатор-қатор поезд эшелонлари турганлигини, уларда тахминан 500 та вагон борлигини кўрдик. Биз ҳайратга тушган ҳолатда эшелонга яқинлашдик. Вагонлардан сон-саноқсиз большевиклар худди қумурсқа (чумоли) ва чигирткалардек тушиб келишди. Улар бизни ўраб олишди. Уларнинг барчаси Кармана ва Хатирчида аҳолидан талаб олган зар халатлар, кимхоб ва зарбоф чопонлар кийиб олишган, бошларида барра териси (қоракўл) ва зардўзи иссиқ телпаклар бор эди. Отряд командири Колузаев, у Кармана ва Хатирчига ўт қўйган ва талон-торож қилган эди, бизнинг оқ байроқ кўтарганимизни кўргач, вагондан чиқиб, олдимизга келди. Биз билан кўришгач, у барчамизни вагондаги тўғри бурчакли хонага таклиф қилди. Бизни яхши қабул қилди ва соғлиғимизни суриштирди. Биз унга тинчлик музокаралари олиб бориш учун Карманага жўнаётганимизни тушунтирдик. У бизга айтди: “Бутун қўшин ва бу ерда турган вагонлар ичидаги нарсалари билан менга тегишли. Сулҳни бизни бошлиқ Домогат(ский) ҳал қилади. У эртага Карманадан бу ерга келади. У келгунча сизлар менинг меҳмоним бўласизлар”. Хуллас, у бизни уч кун Қизилтепада ушлаб турди”42. 1918 йил 25 мартда Қизилтепада Россия ва Бухоро вакиллари томонидан шартнома имзоланди. Бу шартнома тарихда Қизилтепа битими сифатида машҳур бўлиб, у 9 банддан иборат. Хуллас, Қизилтепа битими шартига кўра, озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилган Бухоро амирлиги ўз ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар учун жавобгар деб ҳисобланди ва товон тўлаши лозимлиги белгиланди. Амир ўз сарбозлари миқдорини 12 000 кишидан оширмаслик мажбуриятини олди. Бироқ битимда амирликнинг ички ҳаётига тааллуқли ҳеч қандай фикрлар йўқ эди. Шу билан бирга қизил аскарлар ҳам амирлик ҳудудидан чақириб олинди.43 Қизилтепа битими имзолангач, Ф. Колесов ўз қўшини билан талон-торож қилинган катта бойлик (Кармана, Хатирчидаги хазина ва б.) билан Тошкентга қайтди. Бу ҳолатни ҳатто ўлкадаги большевик комиссарлари ҳам эътироф этишга мажбур бўлишган эди. Колесовнинг Бухорога босқинидан кейин Марказ томонидан Туркистонга юборилган фавқулодда комиссар П. Кобозевнинг шоҳидлик беришича, “Степанов ва Колузаев бошчилигидаги Тошкент – Перовск қизил гвардиячилар отряди Бухорога қилган ҳужумидан жуда кўп миқдорда мусодара қилинган пул, сигир, от ва бошқаларни олиб қайтди. Улар шундан бир қисминигина республика хазинаси ва ҳукуматига расмий равишда топширишди, анча қисмини ўзларида яшириб олиб қолишди. Бухоро ва Қўқондан Колесов бир неча ўн миллион рубль олиб келиб, билганича сарфлади. Пуллар дарёдек оқиб келарди, ҳеч ким уларнинг ҳисобини олмаган”.44 Хулоса қилиб айтганда, Колесовнинг Бухорога босқини Бухоро амирлигида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқарди. Қизил армиянинг ҳужуми аввало Бухоронинг яқин қўшнилари совет Россияси ва Туркистондаги янги режимнинг ҳақиқий моҳиятини очиб ташлади. Саид Олимхон ўз ички сиёсатида катта миқдордаги замонавий қуролланган мунтазам армияни тузишга интилди. У Афғонистон ва бошқа хорижий мамлакатлар билан яқинлашишга ҳаракат қилди. Саид Олимхон билан Хива хони ва Жунаидхон ўртасида совет Россиясига қарши биргаликда кураш олиб бориш учун ҳарбий битим ҳам тузилди. Шунингдек, Саид Олимхоннинг буйруғи билан Бухоро мамлакати ҳудудидаги минглаб кишилар (Файзулла Хўжаевнинг ёзишича, 1500 киши;45 Садриддин Айнийнинг фикрича, 3000 киши46) жадидчиликда айбланиб, ноҳақ қатл этилди ва уларнинг мол-мулки мусодара қилинди. Хусусан, Ёш бухороликлар партиясининг аъзолари қонундан ташқари деб эълон қилинди. Уларнинг тирик қолган вакиллари Бухоро мамлакатини тарк этиб, муҳожирликда яшашда давом этдилар. Бу ҳолат 1920 йилнинг августигача давом этди. Бу даврда Хива хонлигида ҳам аҳвол мураккаб эди. Россиядаги Февраль инқилоби Хива хонлигида ҳам сиёсий жараёнларнинг кучайишига туртки берди. Кўпгина шаҳарларда йиғилишлар, митинглар ва намойишлар бўлиб ўтди. 1917 йил 4 апрелда хонлик пойтахтида Ёш хиваликлар бошчилигида бўлиб ўтган намойишда кўпчилик қатнашди. Уларга қўшилган Хивадаги Россия гарнизони аскарлари тинч намойишга хонга қарши йўналиш беришга уриндилар ва унинг қатнашчиларини хонга қарши қуролланган қўзғолон кўтаришга даъват этдилар. Айнан шу тарихий шароитда бундай даъват қилиш ғаламислик, нопок мақсадни кўзлаб қилинган бўлиб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам осойишта намойиш қилишга қарор қилган Ёш хиваликлар уларни қўллаб-қувватламадилар. Демократия кайфияти юксалган бир пайтда Ёш хиваликлар Асфандиёрхонни ён беришга кўндира олдилар. 1917 йил 5 апрелда хон Хива шаҳрида Ёш хиваликлар тақдим этган дастур (манифест)ни имзолади. Бу ҳужжатда сайлаб қўйиладиган Мажлис ва Нозирлар Шўроси таъсис этилиши, давлат хазинаси назорат остига олиниши, темир йўл, почта, телеграф қурилиши, янги усул мактаблари очилиши ва шу кабилар маълум қилинган эди.47 Хон ҳузурида ислоҳотлар амалга оширилишини назорат қилиш учун 30 вакилдан иборат Муваққат қўмита (Мажлис) ташкил топиши керак эди. Айрим тарихий адабиётларда қўмита номи идораи машрута деб нотўғри кўрсатилади. Аслида идораи машрута конституциявий монархия бўлиб, бу даврда Хива хонлигидаги бошқарув усули ҳисобланган. 8 апрелда мамлакатни бошқариш учун Хивада хон ҳузурида Ёш хиваликлар ва йирик амалдорлардан иборат Мажлис (раиси – Бобоохун Салимов) ва Нозирлар Шўроси (ҳукумат раиси Ҳусайнбек девонбеги Матмуродов) тузилди. Мажлис таркиби 30 кишидан иборат эди.48 Ёш хиваликлар партиясининг раҳбарларидан бири Полвонниёз Ҳожи Юсупов (1861 – 1936) зиммасига Россия ҳукумати ва рус қўшинлари билан муносабатларни барқарорлаштириш вазифаси юклатилди. Мажлис таркибига кейинчалик яна 19 киши, шунингдек, 7 нафар туркман киритилди. Ёш хиваликлар Хива хонлигида ҳокимиятни бошқарувчи ҳукмрон кучга айланди. Мажлис ва Нозирлар Шўросини тузиш, унинг фаолиятини ташкил қилиш, ҳужжатларининг ислом шариати асосида бўлишини таъминлашда уламо сифатида Бобоохун Салимов асосий роль ўйнади. Бу ҳақда Полвонниёз Ҳожи Юсупов ўз хотираларида шундай ёзади: “Махфий қолмасинким, хоннинг берган манпесинда ўттиз вакилдан иборат, деб ёзган эрдик. Ондин сўнг Бобо Охун Эшон бирлан маслаҳат қилиб, тамоми Хоразм қалъаларига ҳам Туркманистон, Қозоқ, Қорақалпоқ истансаларига вакил сайлаб келмак учун хатлар юборилди”49. Хивада ташкил қилинган Мажлис ва Нозирлар Шўроси мамлакат янги йўлга – ислоҳот ва демократия йўлига кирганидан дарак берарди. Мажлис ва Нозирлар Шўроси таркибига уламолар, тижорат аҳли, зиёлилар вакиллари, туркман уруғ ва қабилаларининг бошлиқлари киритилди. Бу янгиликларга Хива жамиятида муносабат турлича бўлди. Ёш хиваликлар мамнун эди: конституциявий монархия ўрнатилганини улар ўз ислоҳотчилик муддаолари рўёбга чиққанлигининг ифодаси деб билдилар. Уларнинг намояндалари давлатнинг янги муассасаларига бошчилик қила бошлади. Ёш хиваликларнинг таниқли арбоби Бобоохун Салимов Мажлис раиси бўлди, уларнинг раҳбарлари Ҳусайнбек Матмуродов эса ҳукумат бошлиғи – Нозирлар Шўросининг раиси этиб сайланди.
1917 йил майда Мажлис аъзоси Полвонниёз Юсупов бошчилигидаги делегация Муваққат ҳукумат вакиллари билан музокара ўтказиш учун Тошкентга жўнатилди. Асфандиёрхон Муваққат ҳукуматнинг Хивадаги вакили генерал Ҳайдар Хўжа Мирбадалов (миллати татар) бошчилигидаги ҳарбий кучларга таяниб, июнь ойида Мажлисни тарқатиб юборди. Ёш хиваликларнинг Ҳусайнбек Матмуродов бошчилигидаги 17 нафар таниқли арбоби қамоққа олинди, уларнинг Мажлисдаги ўринларига амалдорлар, олий руҳонийларнинг вакиллари киритилди. Хуллас, хон ўзига маъқул кишилардан янги таркибдаги Мажлис (раиси – Ортиқ Охун) ва Нозирлар Шўроси (ҳукумат раиси – Исҳоқхўжа Хўжаев) ни тайинлади. Ёш хиваликлар партиясининг барча аъзолари кофир деб эълон қилиниб, улардан шафқатсиз ўч олишга киришилди50. Ҳ. Матмуродов бошчилигидаги собиқ Мажлиснинг 17 нафар аъзоси қамоққа олинди. Шунингдек, Бобоохун Салимов устидан кучли назорат ўрнатилди. Хоннинг Ёш хиваликлар устидан ғалабасини мустаҳкамлаш, хонликдаги мавжуд тузумга қарши янги чиқишларга барҳам бериш учун Муваққат ҳукумат 25 июлда Хивада комиссар лавозимини таъсис қилди. 1917 йил сентябрда Хивага полковник Зайцев катта казак отряди билан етиб келди. У Ёш хиваликларга қарши курашаётган хонни қўллаб-қувватлади. 21 ноябрда Ёш хиваликлар устидан “қозиларнинг шариат суди” ўтказилди. 1917 йил ноябрда Асфандиёрхон рус казаклари ёрдамида Мажлисни бутунлай тугатди. Хоннинг истибдод тузуми билан курашда мағлубиятга учраган Ёш хиваликлар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1917 йил ноябрь-декабрь ойларида Полвонниёз Юсупов, Назир Шоликоров (1881 – 1938) Тошкентга, Мулла Жуманиёз Султонмуродов Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) га етиб боришди.51 Ёш хиваликлар партиясининг бошқа етакчилари Ҳусайнбек Матмуродов, Исҳоқхўжа Хўжаев, Абдусалом Ҳожи Исломхўжаев, Ҳожи Авазберди Эшонов 1918 йил 18 майда хон буйруғи билан қатл қилинди.52
Бу воқеалар Хива хонлигининг кейинги сиёсий ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Бир томондан, хонликдаги мутлақ ҳокимлик тартибини қўллаб-қувватловчи кучлар жипслашди ва фаоллашди, хонлик эса ўз сиёсатини шафқатсиз тус олдирди. Иккинчи томондан, мухолифлик ҳаракатида ҳам ўзгаришлар рўй берди. Жамиятни тинч йўл билан ислоҳ қилиш ҳақидаги хом хаёл пучга чиққач, жадидларнинг бир қисми, айниқса, либерал қаноти фаол сиёсий курашдан воз кечди, бошқа қисми – Ёш хиваликлар кураш услубини кескин ўзгартирди, ҳукмрон тартиб-қоидаларга қарши қуролли кураш йўлига ўтди. Россияда 1917 йилда бўлган Октябрь тўнтариши ва Туркистон ўлкасида совет ҳокимияти ўрнатилгач, Хива хонлигидаги сиёсий кучларнинг мавқеи аниқ намоён бўлди. Большевиклар ҳокимият тепасига келгандан кейин Бухоро амирлиги сингари Хива хонлигини босиб олиш учун зимдан тайёргарлик кўрди. 1918 йил бошларида Хива хонлигида аҳвол мураккаб бўлди. Асфандиёрхон ўз ҳокимиятининг мамлакатда кескин тус олган сиёсий вазиятга қарши кураш олиб бориш учун заифлигини ҳис қилиб, 1918 йил 22 январда туркманларнинг ёвмут уруғи бошлиғи Жунаидхонга хонликни биргаликда бошқариш ва большевикларга қарши кураш олиб боришни таклиф қилди ва уни пойтахт Хивага чақирди. Асфандиёрхон пойтахтга етиб келган Жунаидхонни қўшин қўмондони (сардори карим) қилиб тайинлади ва мамлакатдаги бутун ҳокимиятни тўлалигича унга топширди.53 Бироқ бу воқеадан кейин Асфандиёрхон тахт тепасида узоқ ўтирмади. Иродаси заиф ва айш-ишратга ўч Хива ҳукмдори Асфандиёрхон мамлакатни большевиклар тажовузидан ҳимоя қилишга қодир эмас эди. 1918 йил 1 октябрда уни Жунаидхоннинг ўғли Эшим бошчилигидаги суиқасдчилар гуруҳи ўз саройида пичоқлаб ўлдирди. Жунаидхон ўлдирилган хоннинг катта акаси Саид Абдуллахонни Хива тахтига ўтқазди.54 Ёш хиваликлар фирқасининг раҳбари П. Юсупов кейинчалик бу сарой тўнтаришини ўз хотираларида қуйидагича тасвирлаган эди: “Ёвмутлар ўз одатлари бўйича хон (Асфандиёрхон – Муҳ.) бирлан кўришганлар. Ичкаридин бировга топшируб қўйган эрканлар. У хон бирлан кўришиб, уни маҳкам тутуб, кийимларини чиқариб олиб, пичоқ бирлан бир неча маротаба санчиб, нимбисмил қилиб ташлаган... Туркманлар ташқарига чиқиб, Иброҳим Хўжа ва Рўзимуҳаммад маҳрамларни ҳам отиб ўлдирганлар. Андин сўнг хоннинг ҳарам саройига ясовулбоши олиб кириб, хоннинг тамоми олтин, бриллиант, жавоҳиротларини талон-торож қилиб, олиб бўлгандан сўнг, қалъага жар чектирганлар. Фуқаролар фарорат бўлиб, ҳеч қўрқмасинлар деб ... Эртага эрта билан хоннинг биродари Саид Абдулла Тўрани Ушоқбек (Жунаидхоннинг саркардаси – Муҳ.) олиб келиб, хон қилган. Андин сўнг Асфандиёрхонни жанозасини ўқиб, Обулвафойи Хоразмий деган азизнинг жойинда ўзининг бино қилиб қўйган мадрасасида дафн бино қилганлар”.55 Қисқа муддатда Жунаидхон ўз қўшини миқдорини 10 000 кишига етказди. Бироқ Амударё бўлимида 1918 йил сентябрь – 1919 йил мартида ўтказилган ҳарбий ҳаракатлар унинг қўшини ҳали большевикларга қарши курашга тайёр эмаслигини кўрсатди. Жунаидхон чекинди ва большевиклар билан сулҳ музокаралари бошлашга рози бўлди.56 Аммо РСФСР хонликнинг ички ишларига аралашмасин ва Хоразмдан рус қўшинларини олиб кетсин, деб қўйган кескин талаблари унинг большевиклар сиёсати билан муроса қила олмаслигини амалда ошкора кўрсатди. 1919 йил 7 апрелда РСФСРнинг фавқулодда мухтор вакили А.Н. Христофоров Жунаидхон билан музокаралар ўтказиш учун унинг Хива яқинида жойлашган Тахта қалъасидаги қароргоҳига келди. 9 апрель куни Тахта қалъасида совет Туркистони билан Хива хонлиги ўртасида тинчлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Музокаралар пайтида Жунаидхон рус қўшинларини Хоразмдан олиб чиқиб кетиш масаласини кескин қилиб қўйди. Шартномага биноан, совет ҳукумати хонликдаги халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олди, иккала томон ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, бир-бирларига вакиллар юборишни йўлга қўйиш, иккала мамлакат фуқароларининг сув ва қуруқликдаги барча йўлларида эркин ва хавф-хатарсиз ҳаракат қилишини, ўз ҳудудларида тижорат мақсадларида алоқа ўрнатишларини кафолатлаш мажбуриятини олди.57 Шартнома тез орада Туркистон АССР МИК ва Хива хони Саид Абдуллахон томонидан тасдиқланди.58 Бироқ иккала томон ҳам, хусусан, большевиклар бу шартнома талабларини писанд қилиб ўтиришмади. Натижада 1919 йил ёзида большевиклар Туркистони билан Хива хонлиги ўртасидаги муносабатлар баттар кескинлашди. Жунаидхон Россияга қарши Бухоро амири Саид Олимхон билан ташқи сиёсий иттифоқ тузди. Халқ оммаси давлатни большевиклар босқинидан асрашга аҳд қилиб, энг аввало, ўзининг мустақиллик ҳуқуқини ҳимоя қилди. Download 178.2 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling