5-mavzu. Xiva xonligining qizil armiya tomonidan tugatilishi va xxsrning tashkil topishi. (2soat) Reja
Қизил армиянинг Хива хонлигига босқини. Монархиянинг ағдарилиши ва Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР)нинг эълон қилиниши
Download 178.2 Kb.
|
5-mavzu
- Bu sahifa navigatsiya:
- 23- д- сурат.
- 2 4 -сурат. 75 -бетга.
- 25-а-сурат. 76-бетга.
- 25-б-сурат. 76-бетга.
- 26-сурат. 78-бетга.
3. Қизил армиянинг Хива хонлигига босқини. Монархиянинг ағдарилиши ва Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР)нинг эълон қилиниши
Совет Туркистони раҳбарияти ва уларнинг ҳарбий кучлари мустақил давлатлар ҳисобланган Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудини босиб олиб, бу давлатлар ўрнига инқилобий ҳукуматлар ташкил этишга ҳаракат қилди. Бу РКП (б) МК ва РСФСР раҳбариятининг Шарққа нисбатан тутган янги йўлининг Туркистон минтақасида акс этиши эди. 1918 – 1920 йилларда Хива хонлиги ва Бухоро амирлигида, шунингдек, хонликларга яқин ва чегарадош давлатлар бўлган Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа мамлакатларда ўз миқёсига кўра жуда катта миллий озодлик ҳаракатлари ва турли қўзғолонлар бўлди. Большевикларнинг олий сиёсий раҳбарияти ўртасида 1919 йил ёзида Шарқ мамлакатларида авж олган озодлик ҳаракатларини совет Россияси манфаатига бўйсундириш учун фойдаланиш режаларини амалга ошириш, бу империявий режага эришиш учун ҳатто ҳарбий куч ва зўравонлик ишлатишдан ҳам тўхтамаслик фикри кучайди. Масалан, Россия армиясининг Эронга қилган босқини натижасида Гилон вилоятида 1920 йил июнь – 1921 йил ноябрь ойларида Гилон Совет Республикаси ташкил қилинди.59 Совет Россиясининг ҳарбий тажовузини биринчилардан бўлиб Хива хонлиги ўзида синаб кўрди. Бу мустақил давлатга босқинчилик ҳужумини уюштириш учун 1919 йилнинг кузида қулай шароит вужудга келди. 1919 йил сентябрда Туркистон Инқилобий ҳарбий кенгаши РСФСР қўшинлари Олий бош қўмондонига юборган телеграммасида Хива хонлигига қарши мўлжалланган ҳарбий ҳаракатларини “асослаш” учун қуйидагича баҳона кўрсатилган : “...шубҳасиз, қулай фурсат келиши биланоқ Хива хони фаол ҳаракат бошлайди...”60 Хива хонлиги билан эълон қилинмаган уруш ҳолати большевиклар ҳукумати ва унинг Туркистондаги вакилларини қаттиқ асабийлаштирар, улар можарони тобора зўравонлик йўли билан ҳал этиш пайига тушмоқда эдилар. Бу масалада Россияда Л.Д. Троцкий бошлиқ айрим ҳарбий раҳбарларнинг нуқтаи назари устун бўлиб чиқа бошлади. Улар Шарқдаги кучайиб бораётган миллий озодлик ҳаракатидан “жаҳон инқилоби” манфаатлари йўлида фойдаланишни, бу ишда ҳатто ҳарбий куч ишлатишдан ҳам қайтмасликларини талаб қилар эдилар. Россия ва Туркистоннинг большевик раҳбарлари Хива хонлигидаги барча мухолифат кучларини жипслаштириш ва мустаҳкамлашга интилдилар. 1919 йил ноябрда шу кучлар ўртасида иттифоқ тузилди. Жунаидхон билан рақобат қилувчи йирик ҳукмрон қабилаларнинг вакиллари – Қўшмамедхон ва Ғуломалихон коммунистлар ва Ёш хиваликлар билан бирга тузилган инқилобий марказга кирдилар. Бу марказ хонни ағдариб ташлаш ва ҳокимиятни қўлга олиш учун уруш бошлаш мақсадини ўз олдига қўйган эди. Большевикларнинг ҳарбий қўшини ёрдамга чақирилди.61 Бу ҳолат совет Туркистони большевиклари орзиқиб кутган воқеа эди. Чунки “қўзғолон кўтарган Хива халқига ёрдам кўрсатиш” ва унинг “илтимоси” билан қўшни мустақил давлатга қўшин киритиш учун бу ҳолат большевикларга яхши баҳона ва катта асос бўлди. Бу масалада уларни айнан 1919 йил ноябрда ташкил қилинган Бутунроссия Марказий Ижроия Комитети ва РСФСР Халқ Комиссарлари Совети ҳузуридаги Туркистон комиссияси (Турккомиссия) тўла қўллаб-қувватлади. 1919 йил 20 декабрда РСФСРнинг Хива хонлигидаги вакили Георгий Борисович Скалов (1896 – 1935) Туркистон комиссиясининг “қўзғолон кўтарган Хива халқи”га ёрдам кўрсатиш ҳақидаги директивасини олди. Бу директиванинг қабул қилиниши ва унинг амалий жиҳатдан бажарилиши РСФСР ҳукуматининг суверен Хива давлати ички ишларига тўғридан-тўғри аралашуви эди. Туркистон комиссияси РСФСР ҳукуматининг минтақадаги назоратчиси сифатида бу босқинчиликнинг бевосита ижрочиси бўлди. Туркистон комиссиясининг Хива хонлигига қўшин киритиш тўғрисидаги директиваси, Туркистонга махсус юборилган бу сиёсий ташкилот олдига РСФСР ҳукумати ва РКП (б) МК томонидан қўйилган умумий вазифанинг моҳияти эканлигини англаш қийин эмас эди. Бу директива Туркистон комиссияси фаолиятининг асл мақсадини, большевикларнинг Шарққа доир сиёсатининг мустамлакачилик моҳиятини яққол кўрсатиб турарди. Туркистон комиссиясининг шу қадар масъулиятли қарорни қабул қилишидан мақсади Хива хонлигини тугатиб, Хоразмда бундан кейин қандай давлат (тузум) бўлиши масаласида большевиклар ва совет ҳокимиятига маъқул бўлган бошқарув шаклини танлашда ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш эди. Совет раҳбарияти мазкур масалага доир ҳужжатлардан бирида тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтганидек, хонликдаги қўзғолоннинг совет ҳокимияти томонидан қўллаб-қувватланишидан мақсад “вужудга келган ҳароратни сўндириб қўймаслик ва уни керакли йўналишга солиш”дан иборат эди.62 1919 йил 22 декабрда Туркистон комиссияси директивасига биноан Туркистон комиссияси ва Туркистон фронти (Туркфронт) вакили Г. Скалов ва Амударё гуруҳи қўшинларининг қўмондони Н.М. Шчербаков Хива хонлиги ҳудудига “унинг қўзғолон кўтарган халқига ёрдам кўрсатиш учун” бостириб кириш тўғрисида буйруқ бердилар. Амударё (Хива) гуруҳи қўшинларининг қисмлари икки отрядга: Н.А. Шайдаков қўмондонлигидаги Шимолий отряд ва Н.М. Шчербаков қўмондонлигидаги Жанубий отрядга бўлинди. 23 декабрда совет қўшинларининг хонлик ҳудудига бостириб кириши бошланди. Жанубий отряд таркибида хивалик қочоқлар (Ёш хиваликлар, коммунистлар ва ҳ.к.) дан ташкил топган кўнгилли отряд ҳам курашди. Совет қўшинлари илгарилаб борган сари уларга туркман ва ўзбек аҳолисидан ташкил топган қўзғолончилар отрядлари қўшилаверди. Тез орада хивалик қўзғолончиларнинг умумий сони 3000 кишига етди. Совет қўшинлари Жунаидхон йигитлари қаршилигини енгиб, қўзғолончилар отрядлари билан биргаликда Кўҳна Урганч, Эминқалъа, Порсу, Иляли, Тошҳовузни қўлга киритди. Улар 1920 йил январь ойининг иккинчи ярмида Жунаидхон қўшинларига Ғазовот туманида жиддий зарба бериб, пойтахт Хивага яқинлашиб келдилар ва 1 февралда шаҳарни жангсиз эгалладилар.63 2 февралда Хива хони Саид Абдуллахон тахтдан воз кечди.
Совет қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудда тинч аҳолига нисбатан ўзбошимчалик ва зўравонлик қилинган. Бу ҳақда Туркистон фронти Инқилобий ҳарбий кенгашининг мухтор вакили Григорий Бройдо (1884 – 1956)нинг 1920 йил 6 апрелдаги буйруғида шундай дейилган: “Жанглар вақтида ва қўшинлар ҳамда бизга иттифоқчи туркман отрядлари ҳаракати даврида Хива мамлакати бўйлаб аҳоли устидан кўпгина нотўғри хатти-ҳаракатлар ва зўравонликлар қилинишига йўл қўйилди”.64 Туркистон фронти Ревтрибунал раиси И.Р. Фонштейн 1920 йил 6 апрелда Тошкентга юборган телеграф хабарида янги ташкил қилинган ёш Хоразм Республикасида қизил аскарлар томонидан қилинган жиноятларни қуйидагича кўрсатган эди: “Бу ерда илк қарашда кўзга ташланадиган даҳшатни биз ҳеч қаерда кўрмаган эдик. Қўшин қўмондонлиги штаби раҳбарининг фаол ташкилотчилиги натижасида очиқ равишда ҳарбий талон-торож ўтказилди, талаб олинган нарсалар ошкора тақсимланди. Аёллар олиб кетилиб, асирлик ва қулликда сақланди ҳамда Петро-Александровск ва Хивадаги бозор майдонларида ташкил қилинган ким ошди (аукцион) савдосида сотиб юборилди, Хива хони саройи вайронага айлантирилди, қизил аскарларга дуч келган ҳар қандай одамлар талаш ва тунаш учунгина отиб ташланди. Бу ишларнинг бошида Скалов турибди...”65 Маълумки, Г.Б. Скалов “Хива инқилоби”нинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлиб, қизил аскарлар унинг сиёсий раҳбарлигида Хивада хонлик тузумини ағдариб ташлаган эди. Г.Б. Скалов кейинчалик Бухородаги қизил армия сафларида раҳбарлик лавозимларида ишлади, “босмачилик” ҳаракати ҳақида мақолалар ёзди. РСФСРнинг Хива ва Амударё бўлимидаги фавқулодда вакили Г.И. Бройдо Тошкентга келгач, 3 майда Туркистон комиссияси ҳузурида қилган ҳисоботида эътироф этишича, “қизил аскарлар 12 ва ундан катта ёшдаги қизларни тўплаб, уларни Петро-Александровскка жўнатишган, бу қизларни зўрлашган, турли мақсадларда фойдаланишган, сўнгра уларни қайта сотиб юборишган, иш ҳатто шу даражага бориб етганки, қизлар ва аёлларнинг хўжайинлари уларни янги эгаларига кийимларини ечиб, қип-яланғоч ҳолатда қайта сотиб юборганлар... ”66 Г. Бройдо ўз маърузасида Жунаидхон устидан қилинган ғалаба, яъни Хива хонлигининг тугатилиши фақат зўравонлик ва талон-торож билан амалга оширилганлигини таъкидлаб, ўз фикрини исботловчи кўплаб далилларни келтиради. Унинг эътироф этишича, “Жунаидхон фаолиятини Амударё бўлимидаги қизил аскарлар билан солиштирсак, у бевосита европалик бўлиб чиқади!”.67 Г. Бройдо бу ўринда қизил аскарларнинг талон-торожидан фарқли ўлароқ, қатъий интизом асосида ташкил қилинган Жунаидхон қўшинининг маънавий қиёфаси устида сўз юритган ва уларни ўзи бевосита раҳбарлик қилган қизил армиядан устун қўйган эди. Бройдонинг бу сўзлари назаримизда бошқа шарҳга муҳтож эмас. Ҳатто янги ташкил қилинган ХХСР раҳбарлари ҳам Хоразмда турган қизил армия фаолиятини кескин қоралаб чиқишган68.
Хоразм халқининг босқинчилар томонидан бу даражада таҳқирланиши унинг қаҳр-ғазабини қўзғатиб юборди. Воҳанинг барча жойларида қизил армияга қарши бошланган норозиликлар ва ғалаёнлар кучайиб, у оммавий қўзғолон даражасига ўсиб чиқди.69 Бу пайтда большевиклар томонидан Хоразмда янги ҳукумат органлари ташкил қилина бошланди. Улар дастлаб Ёш хиваликлар, айрим уламолар ва йирик туркман уруғлари бошлиқларига таяниб иш кўрдилар. Хивада хонлик тузуми ағдариб ташланган куннинг ўзида Ёш хиваликлар фирқаси аъзоларидан иборат Муваққат инқилобий қўмита тузилиб, Тўрткўлдаги Ёш хиваликлар инқилобий қўмитасининг бошлиғи Мулла Жуманиёз Султонмуродов унга раис қилиб тайинланди. Қўмита таркибига уламолар вакили Одамохун Ортиқов, йирик савдогар Матпанобой Мадраҳимов, туркманлар вакиллари Мулла Ўроз Хўжамуҳамедов ва Мулла Наврўз Рўзибоев аъзолар қилиб киритилди.70 Бу қўмита 2 ой давомида ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижро қилувчи ҳокимият вазифасини бажарди. 1920 йил 9 апрелда Муваққат инқилобий қўмита ишини яхшилаш учун унинг таркибида 10 кишидан иборат дастлабки халқ ҳукумати – Нозирлар Шўроси ташкил қилинди. Кундалик масалаларни ҳал қилиш учун Жуманиёз Султонмуродов (раис), Полвонниёз Юсупов, Бобоохун Салимовдан иборат ҳайъат сайланди. Ёш хивалик жадидлар Хоразмда ағдариб ташланган хонлик тузуми ўрнига демократик республика қуриш учун интилдилар. Янги давлатнинг асосларини яратишда 1920 йил 26 – 30 апрелда бўлиб ўтган Бутунхоразм халқ вакилларининг I қурултойи катта роль ўйнади. Қурултойда Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) тузилганлиги тантанали равишда эълон қилинди. Қурултойда 15 кишидан иборат ёш республика ҳукумати – Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси тузилди.71 Полвонниёз Ҳожи Юсупов (1861 – 1936) бошчилигидаги ҳукумат таркибига Ж. Султонмуродов (раиснинг биринчи муовини), Бобоохун Салимов (адлия), Абдулвоҳид Қориев (адлия нозирининг муовини), Бекжон Раҳмонов (маориф), Эшчонқори Жабборқулов (халқ хўжалиги), Ўроз Хўжамуҳамедов (хорижий − ташқи ишлар), Наврўз Рўзибоев (ҳукумат котиби), Қўшмамедхон Сапиев (раиснинг иккинчи муовини), Ғуломалихон Баҳодир (ижтимоий таъминот), Шомурод Бахши (соғлиқни сақлаш), Муҳаммадпанобой Абдуллаев (молия), Худойберган Девонов (олий муфаттиш − назорат), Ризо Шокиров (ҳарбий ишлар), Ҳаким Бобожонов (зироат − қишлоқ хўжалиги), Назир Шоликоров (дохилия − ички ишлар) нозир қилиб сайландилар.72 Ҳукумат таркибига жадидлар билан биргаликда туркман қабила бошлиқларининг киритилиши Хоразмда миллий масалани ҳал қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Ҳукумат бошлиғи П. Юсупов тажрибали давлат арбоби бўлиб, у дастлабки кунлардан бошлаб Хоразм Республикасида демократик ислоҳотларни ўтказиш, мамлакатнинг амалда мустақил бўлиши учун курашди.
ХХСР биринчи ҳукумати нозирларининг аксарияти жадидлардан иборат бўлган ва шу сабабли ҳукумат Ёш хиваликлар ҳукумати деб юритилган. Ёш хиваликлар мамлакатда хонликдан қолган асоратларни тугатиш, республикада демократик тузумни қарор топтириш, мустақил Хоразм давлатини барпо қилиш учун курашди. Россия расмий доиралари, Туркистон комиссияси ва Туркистон фронти вакиллари мустақил сиёсат юритишга интилаётган Ёш хиваликлар ҳукуматини бадном қилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Совет давлатининг қуролли иғвогарликларига қарамай, Ёш хиваликлар ҳукумати қарийб бир йил яшади.73
Бутунхоразм халқ вакилларининг I қурултойида қабул қилинган Хоразм Халқ Совет Республикаси Муваққат Конституцияси Хоразмнинг кўп минг йиллик тарихидаги дастлабки конституция бўлиб, унда илк марта кенг халқ оммаси сиёсий ҳуқуқларни қўлга киритди. Мамлакатда демократик эркинликлар жорий қилинди.74 Конституцияда Хоразмдаги давлат қурилиши республика асосида бўлиши, мамлакатдаги олий орган – Бутунхоразм халқ вакиллари қурултойи эканлиги, унда Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси – республика ҳукумати сайланиши таъкидланган эди. Янги тузумни ўз кучлари билан ҳимоя қилиш ва сақлаб қолиш қийинлигини тушунган ёш ХХСР раҳбарлари РСФСР ёрдами ва мададига таянишди. Бироқ совет Россияси ва унинг ҳарбий кучлари, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Хоразм тупроғида зўравонлик ва ёвузликни авж олдирди. Совет Россиясининг расмий доиралари, Туркистон комиссияси ва Туркистон фронти вакиллари Хивадаги давлат тузумини ағдариб ташлашдаги ҳарбий босқинларини яшириш учун бўлиб ўтган воқеаларни шоша-пиша инқилобий ҳаракат, халқ инқилоби деб атадилар, аммо Хива босқинининг моҳияти барчага аён эди. Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Турор Рисқулов 1920 йил 25 майда РСФСР Халқ Комиссарлари Совети раиси В.И. Ленинга юборган хатида бу ҳақда ўзига хос ошкоралик билан ёзади.75 У Шарқдаги миллий озодлик ҳаракатларининг ривожланишида Россиянинг ўрни ҳақидаги ўз фикрини баён этиб, қуйидагиларни таъкидлаган эди: ”Россиянинг Шарқдаги қўшни давлатлар ишларига бевосита аралашуви, қизил армия қўшинларини юбориш йўли билан сунъий тўнтаришлар қилишга интилиши, Туркистон фронтининг Хивада қилганидек талон-торож билан шуғулланиши ва Бухорога нисбатан ҳам шундай йўл тутишни мўлжаллаш империалистик босқинчилик сиёсатининг янги усулини билдирган бўлур эди”.76 Хоразм воҳасида қизил армиянинг зўравонлиги ва янги режимга қарши турли қўзғолонлар бошланиб кетди. Масалан, 1920 йил 23 июнда Хива шаҳрида хон тарафдорлари ва уламолар бошчилигида қўзғолон бошланди. Бу қўзғолон Хоразмдаги турли сиёсий кучлар манфаатларини ифодалаган. Улар Муҳаммад Аминхон мадрасасида бир неча минг мусулмонни тўплаб, шариатни ҳимоя қилиш шиори остида қизил аскарларнинг Хивадан чиқиб кетишини, Ёш хиваликлар ҳукуматини ағдариш ва хон ҳокимиятини тиклашни талаб қилиб чиқдилар. Жунаидхон пойтахт остоналарига ўз қўшини билан етиб келиб, қўзғолончиларни қўллаб-қувватлади. Лекин Хива шаҳрига тез орада катта миқдордаги қизил аскар қўшинлари ташланганлиги сабабли қўзғолон шафқатсизлик билан бостирилди. Намойиш қатнашчилари зудлик билан тарқатиб юборилди ва уларнинг кўпчилик қисми қамоққа олинди. Ҳарбий инқилобий трибунал ҳукми билан қўзғолон етакчилари ва унинг ғоявий раҳнамолари – Иброҳим Охун, Рафиқ Охун, Саиджон Қори, Мулла Муҳаммадниёз Бадирхон, Муҳаммадамин Охун ва бошқалар отиб ташланди.77Бу қўзғолонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам Хиванинг собиқ хони қўнғиротлар сулоласидан бўлган Саид Абдуллахон ( ? – 1933) ва унинг ҳарами, шунингдек, яқин қариндош-уруғлари; қозикалон Ҳикматилла Охун, Обид Охун ва бошқалар 1920 йил ёзида Хоразм Республикаси ҳудудидан бадарға қилиниб, Россия ва Туркистоннинг турли бурчакларига сургун қилинди.78 Туркистондаги большевиклар режими Жунаидхонга қарши курашда айтарли ютуққа эриша олмагач, маккорлик йўли билан айрим туркман уруғлари етакчиларидан ўз мақсади йўлида фойдаландилар. Хуллас, Хоразм воҳасидаги истиқлолчилик ҳаракати турли сиёсий мақсадлар учрашганлиги ва тўқнашганлиги билан ҳам минтақанинг бошқа жойларидагидан ажралиб туради. Туркистон АССР раҳбарларидан бири бўлган Қ. Отабоевнинг айтишича, “Жунаидхонга қарши курашда қўққисдан унинг душманлари ҳисобланмиш Ғуломалихон ва Қўшмамедхон деган туркман йўлбошчилари қўшилиб қолишди, натижада биз икки уруғнинг ўзаро курашувига эришдик”.79
Бироқ бу хизматлари эвазига ХХСР ҳукуматининг аъзолари бўлган Қўшмамедхон Сапиев (Нозирлар Шўроси раисининг иккинчи муовини) ва Ғуломалихон Баҳодир Суюн ўғли (Ижтимоий таъминот нозири)нинг кейинги тақдири фожиали тугади. Хоразмдаги қизил қўшин раҳбарлари бу икки туркман уруғи йўлбошчиларининг гуруҳларини тугатишга қарор қилади. 1920 йил сентябрда ҳеч нарсадан шубҳаланмай Хива шаҳрига келган Қўшмамедхон йигитлари устига қизил аскарлар қўққисдан ташланишади. 18 сентябрда Қўшмамедхон ҳибсга олиниб, бир неча соат ўтгач, фожиали ўлдирилади, Ғуломалихон бўлса, Тошҳовуздаги қароргоҳини тарк этиб, мухолифат томонга ўтиб кетади.80 Қўшмамедхоннинг ҳамроҳлари бўлган 80 нафар нуфузли кишилар ва уруғ сардорлари қизил аскарлар томонидан ўша кечаси қатл қилинади. Бундан ташқари икки ҳафтадан кейин бошқа уруғ сардори Шомурод Бахши ҳам ўзининг 16 нафар шериги билан бирга ўлдирилади.81 Хуллас, 1920 йил сентябрь ойида туркман қабилаларининг бир қатор раҳбарларидан шафқатсизларча ўч олиниши билан боғлиқ бўлган воқеалар большевиклар Россиясининг ХХСРда турган мухтор ва фавқулодда органларининг камситувчилик сиёсатини аниқ - равшан ошкор қилди. Ўша пайтдаёқ шу иш билан шуғулланган тергов комиссияси мазкур отрядларни қуролсизлантириш ва шундан кейин содир бўлган фожиалар учун бевосита айбдорларни аниқлаган эди. Россиянинг Хоразмдаги фавқулодда вакили Ризо Шокиров “туркман отлиқларини отиб ташлаш ҳақида якка ўзи фармойиш” берганликда айбланди, Россия қизил армияси қўшинлари гуруҳининг қўмондони Дубянский туркман отрядларининг ишларига аралашишда, ҳеч бир сабабсиз репрессиялар қилишда айбланди ва бошқалар82. Бироқ фожианинг мазкур ҳақиқий айбдорлари четда қолиб, бутун айб Ёш хиваликлар ҳукумати зиммасига юкланди ва бундан Туркистон комиссияси томонидан ХХСРнинг ички ишларига яна ҳам кўпроқ аралашиш учун баҳона сифатида фойдаланилди. Туркистон комиссиясининг 1920 йил 19 октябрдаги қарори билан янги тайинланган РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор ва фавқулодда вакили М. Сафоновга ўша воқеалардан кейин республикада кескин тус олган миллатлараро муносабатларни тартибга солиш соҳасида жуда кенг ваколатлар берилди. М. Сафонов республикадаги ўз ваколатчилик фаолиятини кенг авж олдириб юборганлиги, бутун республика ҳудуди бўйлаб сафар қилиб, учрашув ва митинглар уюштирганлиги унинг республика қонуний ҳукуматини писанд қилмаслигидан, республика ички ва ташқи ишларига бевосита аралашишга ҳаракат қилганидан далолат беради.83 Воқеаларнинг бундай жиддий тус олиши хоразмликлар орасида кучли норозилик уйғотди. Большевиклар ва қизил аскарларга улар босқинчилар сифатида қарай бошладилар. Совет Россиясига қарши норозилик кайфияти кучайди. Натижада қизил армияга қарши курашаётган мухолифат кучларининг сафи яна кўнгиллилар ҳисобига ошиб борди. Большевиклар ва қизил аскарларнинг бундай маккорлигини кўрган истиқлолчилар босқинчиларга қарши курашда шафқатсизроқ бўла бошлашди. Ғуломалихон йигитлари билан қизил аскарлар ўртасида 16 сентябрь куни қаттиқ жанг бўлди. Жангдан сўнг Ғуломалихон ўз дастаси билан Жунаидхонга бориб қўшилди. Истиқлолчиларни таъқиб қилаётган қизил аскарларнинг жазо отрядлари йўлида учраган бутун қишлоқларни ер билан яксон қилиб кетди, тинч аҳолини аямасдан ўлдирди. Воқеаларнинг бундай жиддий тус олиши оқибатида ёвмут аҳолиси чўл орқали оммавий равишда Эрон давлатига ўтиб кетди. Хоразм Республикасида миллатлараро муносабатлар яна кескинлашди. Большевикларга қарши кайфият кучайди. Сиёсий вазиятни зийрак идрок қилган Жунаидхон Хоразмдаги истиқлолчилик ҳаракатини кучайтириб юборди. Оғажон Эшон Жунаидхоннинг пири сифатида бутун қўзғолончилар лашкарининг ғоявий раҳнамоси эди. Совет ҳокимияти қалтис ҳолатдан муроса йўли билан чиқиш ўрнига, аксинча, Тошкентдан янги ҳарбий кучларни зудлик билан ХХСР ҳудудига юборди. Натижада 1920 йил 9 декабрда Қўшмамедхоннинг қалъаси – Порсу шаҳри, 12 декабрда Хўжайли, 13 декабрда Кўҳна Урганч, 18 декабрда Қўнғирот шаҳарлари совет қўшинлари томонидан босиб олинди.84 1920 йил 13 сентябрда Москвада РСФСР билан ХХСР ўртасида 24 моддадан иборат Иттифоқ шартномаси, ҳарбий-сиёсий ва 15 моддадан иборат иқтисодий битим каби ҳужжатлар имзоланган эди.85 Шартномада Россия томонидан “Хоразм Халқ Совет Республикасининг тўла эркинлиги ва мустақиллиги” тан олинган бўлса-да, амалда у қуруқ декларация бўлиб чиқди. Иттифоқ шартномасига биноан совет Россияси ёш ХХСР мустақиллиги ва дахлсизлигини расмий суръатда тан олди. Россия империяси даврида рус капиталистлари томонидан Хива хонлиги ҳудудида бунёд қилинган банклар, фабрикалар, савдо корхоналари ва бошқа муассасалар Хоразм Республикасининг мулки деб эътироф этилди. Шартнома имзоланган кунгача Россия билан Хоразм Республикаси ўртасида мавжуд бўлган чегара давлат чегараси қилиб белгиланди86. Иттифоқ шартномасининг 17-моддаси асосида алоҳида ҳарбий-сиёсий битим ҳам тузилди. Унда Хоразм қизил армияси РСФСР ҳомийлиги остида тузилиши таъкидланди 87. Бироқ шартнома ва битимларда кўрсатилган асосий моддаларни, хусусан, Хоразм Республикасининг мустақиллиги ва дахлсизлиги ҳуқуқини совет Россияси тан олмай, доимий равишда ёш республиканинг ички ва ташқи ишларига аралашиб турди, Хоразм ҳудудида катта миқдордаги қизил аскарларни сақлаб, бу ҳарбий кучлар орқали мамлакатни ўзи бошқаришга интилди. Хуллас, бу ҳужжатлар, бир томондан, мамлакатда ҳарбий ва сиёсий тўнтариш натижасида ўрнатилган янги тузумни мустаҳкамлашга ёрдам берган бўлса, иккинчи томондан, ёш ХХСР давлатининг РСФСРга қарамлигини қонунлаштирди. Ўша пайтда тузилган ҳар икки давлат ўртасидаги ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий битимларда большевиклар Россияси томонидан Хоразм Республикасига ҳарбий, иқтисодий ва маданий ёрдам бериш кўзда тутилган эди. Шу билан бирга янги давлатнинг иқтисодий тараққиётидаги эркинлиги чеклаб қўйилди. “Аҳдлашувчи томонлар бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаши қоидаларига асосан, − дейилган эди битим моддаларидан бирида, –Хоразм Республикаси ўзининг ички истеъмоли учун зарур бўлганидан ортиқча барча хомашёни Россия Республикаси ихтиёрига топширади”.88 Битимда энг аввало пахта хомашёси ва унинг маҳсулотлари, шунингдек, мўйна, гилам, чарм, жун, турли уруғликлар ана шундай Россияга жўнатиладиган хомашё маҳсулотлари жумласига киритилган эди. Шундай қилиб, ХХСР Россиядан бошқа давлатлар билан эркин савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди, унинг иқтисодиёти эса Россиянинг иқтисодий эҳтиёжларига маҳкам боғлиқ қилиб қўйилганлиги сабабли у қарам ҳолатга тушиб қолди. Хива шаҳри Хоразм Халқ Совет Республикасининг пойтахтига айланди. Хива пойтахт мақомини ўзида сақлаб қолгач, янги давлатнинг ҳам маъмурий-сиёсий маркази бўлди. Шаҳарда янги ҳокимиятнинг турли марказий муассасалари, сиёсий ва жамоат ташкилотлари: Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси, Бутунхоразм Марказий Ижроия Қўмитаси (1921 йил майдан), унинг ҳузурида туркман ва қорақалпоқ бўлимлари, турли нозирликлар ишлаб турди. Бу идоралар республиканинг сиёсий, хўжалик ва маданий қурилиши вазифаларини ҳал қилган. Хивада Бутунхоразм халқ вакилларининг бешта қурултойи, Хоразм коммунистик партиясининг тўртта съезди, касаба уюшмаси, комсомол, деҳқонлар ва уламоларнинг турли йиғилишлари, конференциялари ва қурултойлари бўлиб ўтди. РКП(б) Марказий Комитети Москвадан юборилган Туркистон комиссияси ваколатларини яна ҳам кенгайтирган эди. Унинг зиммасига фақат Туркистон АССР эмас, балки бутун Ўрта Осиёдаги сиёсий ва олий партия назорати вазифаси юклатилган эди. Бу эса Туркистон комиссиясига ёш коммунистик ташкилотларга ёрдам бериш ниқоби остида воқеаларнинг ривожланишига таъсир ўтказиш ва уларни ўз йўлига солиб юбориш учун баҳона бўлди. Туркистон комиссияси миқдор ва ташкилий жиҳатдан жуда заиф бўлган Хивадаги коммунистик гуруҳларни ташкилий жиҳатдан жипслаштиришга доимо эътибор берганлиги шунинг учун ҳам бежиз эмас. Улар хивалик коммунистларга ҳар томонлама, аввало ҳарбий мадад бериб, улар учун махсус сиёсий кўрсатмалар ишлаб чиқиш орқали “1920 йилдаги Хива революцияси” деб аталган воқеаларда тарих ғилдирагини бошқа ёққа буриб юборишга, кейинчалик улар Ёш хиваликларнинг мўътадил сиёсий дастури доирасидан чиқиб кетишга муваффақ бўлдилар.89 Хивадаги қуролли тўнтаришдан кейин бир неча кун ўтгач, 1920 йил 10 февралдаёқ Туркистон комиссияси ўз мажлисида Хоразмдаги воқеалар ва “Хива инқилоби” нинг истиқболлари тўғрисидаги масалани расмий равишда муҳокама қилди. Хива шаҳрига фавқулодда ваколатлар билан фавқулодда комиссия юборишга қарор қилинди. 1920 йил март ойида бу ерга юборилган Туркистон комиссиясининг Хоразм ишлари бўйича фавқулодда вакили (фавқулодда вакил кейинчалик большевиклар Россиясининг шунга ўхшаш бошқа фавқулодда вакиллари билан тез-тез алмаштириб турилди) ва махсус комиссияси амалда янги ташкил қилинган Хоразм давлатининг ва ундаги халқларнинг тақдирини ҳал қилиш билан шуғулланди.90 Мазкур мухтор органлар Хивада бўлиб ўтган ҳар бир воқеа ёки йиғилишга аралашар, ХХСРнинг ҳар бир қарорига ўзининг тузатишини киритар эди. Масалан, 1920 йил 4 апрелда Хива шаҳрида бўлиб ўтган партия-совет фаолларининг йиғилишида Хива инқилобий қўмитаси, Ёш хиваликларнинг шаҳардаги аъзолари билан бирга РСФСРнинг Хоразм ишлари бўйича фавқулодда комиссияси тўла таркибда, Россия қуролли кучларининг Хивадаги қўмондонлари ва коммунистлари ҳам қатнашдилар. Йиғилишда Хоразмда ягона партия-совет маркази тузишга қарор қилинди. Хива коммунистлари қўмитаси таркибига кирган Ёш хиваликлар илгариги келишувга биноан ўз партияси – Ёш хиваликлар фирқаси тарқатиб юборилганлигини эълон қилдилар.91 Шу тариқа, ташқаридан тазйиқ қилиш йўли билан, коммунистик ҳаракатнинг базаси сифатида саноат пролетариати мутлақо бўлмаган бир мамлакатда сунъий равишда тузилган коммунистларнинг якка ҳокимлиги эълон қилинди ва Ёш хиваликлар миллий демократик партияси тугатилди. Жуманиёз Султонмуродов бошчилигидаги кўпчилик Ёш хиваликлар коммунистик партия сафига кирдилар. 1920 йил 7 апрелда Инқилобий қўмита ва Хоразм Компартияси ташкилий гуруҳининг йиғилишида Хивада халқ демократик тузуми ўрнатилганлиги эълон қилинди.92 Бироқ маҳаллий коммунистик ташкилотлар сафига кирган Ёш хиваликларнинг аксарияти Полвонниёз Юсупов раҳбарлигида либерал демократ бўлганликлари учун ўз мамлакатининг мустақил давлат сифатида миллий демократик йўлдан боришини ёқлаб чиқдилар. Бу ҳол Россиянинг большевик раҳбариятига ёқмас эди, шу сабабли улар Ёш хиваликлар ҳукуматини бадном қилишга уриндилар. Туркистон комиссияси 1920 йил июнидаёқ биринчи ҳукуматнинг фаолиятини “ҳукуматнинг иш қобилияти паст ва меҳнаткашлар ўртасида ҳурматга сазовор эмас”, деб баҳолади. Ҳолбуки, иқтисодиёт даражаси ҳаддан ташқари паст ва хўжалик турмуши бутунлай издан чиққан, Биринчи жаҳон уруши йилларида бошланган кулфатлар кейинги йилларда баттар кучайган мамлакатда жуда қисқа муддат ичида бирон-бир муваффақиятга эришиш амримаҳол эди. Ёш хиваликлар ҳукумати ўз мавқеини мустаҳкамлашга, фавқулодда вакил М. Сафоновни Хоразмдан чақиртириб олишга эришишга ҳаракат қилади, миллий армияни ташкил этиш, мамлакат раҳбариятида мустақил йўл ўтказишга интилади. Бу ҳаракатларга жавобан Хоразм Компартияси (ХКП) Марказий Қўмитаси ва ҳукуматдаги Ёш хивалик раҳбарларга қарши уларни сиёсий жиҳатдан яккалаб қўйиш мақсадида навбатдаги кампания бошланди. Туркистон комиссияси ва унинг мухтор вакили М. Сафонов Хива армиясининг сиёсий бошқармасига асосий умид боғлайди. Сиёсий бошқарма Хоразмдаги бутун партивий-сиёсий иш аппаратини ўзбошимчалик билан қўлга олиб, қизил аскарларга таянган ҳолда ХКП Марказий Қўмитаси ва Ёш хиваликларнинг сиёсатига зид ишлар қилади. 1921 йил 6 мартда Хоразмда қизил армия сиёсий бошқармаси ва қизил аскарлар уюштирган ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин Полвонниёз Юсупов ҳукумати ағдариб ташланди. Ҳукуматнинг собиқ раиси яширинишга зўрға улгурди.93 Бироқ орадан кўп ўтмай, у қамоққа олинди. Қизил аскарлар қўлига тушмай қолган айрим нозирлар Жунаидхон қўшинлари сафига бориб қўшилди. Сиёсий бошқарма рўйхати асосида 5 кишилик Инқилобий қўмита тузилгани эълон қилинди. Шундай қилиб, Хоразм Халқ Совет Республикасида яна ташқи кучлар томонидан давлат тўнтариши ўтказилди ва қонуний сайланган Ёш хиваликлар ҳукумати ағдарилди. Афсуски, бу ҳолат ХХСР мавжуд бўлган кейинги йилларда яна ҳам давом этди. Download 178.2 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling