5-mavzu. Xiva xonligining qizil armiya tomonidan tugatilishi va xxsrning tashkil topishi. (2soat) Reja


БХСРнинг 1921 – 1924 йиллардаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти


Download 178.2 Kb.
bet5/9
Sana08.03.2023
Hajmi178.2 Kb.
#1252757
1   2   3   4   5   6   7   8   9
Bog'liq
5-mavzu

5. БХСРнинг 1921 – 1924 йиллардаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти
1920 йил кузига келганда Бухоро иқтисодиёти таназзулга учраган ва халқнинг турмуш даражаси анча пастга тушиб кетган эди. Қизил армия томонидан Бухоронинг босиб олиниши, босқинчиларга қарши олиб борилаётган миллий озодлик кураши иқтисодий инқирозни яна ҳам чуқурлаштирди. Деҳқон хўжаликларининг хонавайрон бўлиши натижасида 1918 йилга нисбатан олганда 1920 йил охирида деҳқончилик 30 фоиз, 1922 йил бошларида 40 фоиз, чорвачилик эса мос равишда 40 фоиз ва 53 фоизга тушиб кетди. 1922 йилга келганда экин майдонлари деярли 2 баравар қоракўл тери тайёрлаш 20 баравар пахта етиштириш эса 26 баравар қисқарди. Ана шу даврда ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 50 фоиз, савдо-сотиқ айланмаси эса 75 фоизга тушиб кетди132.
Бухорода 1920 йил кузида савдогарлар ва йирик мулкдорлар қўлидаги товар ва бошқа бойликлар оммавий равишда мусодара қилинди. 1920 йил 17 сентябрда Туркистон комиссияси томонидан Бухоро Республикасидаги озиқ-овқат ишлари бўйича қабул қилинган махсус қарорда қуйидагилар таъкидланади
“1. Бухоро Республикасидаги озиқ-овқат ишларини Озиқ-овқат нозирлиги олиб боради…
2. Бухоро Республикасида озиқ-овқат ишлари Озиқ-овқат нозирлиги томонидан олиб борилади ва мулкдорлар табақаси белгиланган қатъий нархларда давлат развёрсткаси (тақсимоти)ни бажаришлари шарт.
3. Бухоро Республикасидаги фронтни ҳимоя қилаётган 1-армиянинг озиқ-овқат таъминоти Озиқ-овқат нозирлиги томонидан таъминланиши керак”133.
Мазкур қарорни бажариш учун 1920 йил сентябрда махсус БХСР Озиқ-овқат халқ нозирлиги ташкил қилинган. Нозирлик фаолиятига Мирзо Исом Муҳитдинов раҳбарлик қилган. Нозирликнинг фаолият доирасига яна озиқ-овқат тақсимоти яъни продразвёрстка сиёсатини амалга ошириш ҳам тушган.
БХСР Марказий Ревкоми раиси Абдулқодир Муҳитдинов раис ноиби Абдулҳамид Орипов саркотиб Содиқ Маҳмудий имзолари билан 1920 йил 11 октябрда қабул қилинган озиқ-овқат тақсимоти ҳақидаги “Озуқ андози ва унинг миқдори нархи хусусида” чиқарилган қонун Бухоро Халқ Совет Республикаси вилоятлари аҳолиси зиммасига қанча миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш мажбуриятини юклайди134.
БХСР ҳукумати ва янги ҳокимиятнинг бошқа тузилмалари Бухорода юзага келган иқтисодий инқирознинг олдини олиш ва уруш натижасида вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш учун 1920 йил сентябрь ойи охирларидан бошлаб жиддий киришдилар. Бироқ Россиядаги марказий ҳукумат ва большевиклар Бухоро Халқ Совет Республикасида юзага келган танг ҳолатдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун Бухорода иқтисодий барқарорлик стратегиясини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратди. Бу стратегияни амалга ошириш бир томондан миллий иқтисодиёт ва сиёсий барқарорликни тиклашга ёрдам берса иккинчи томондан РСФСР билан БХСР ўртасида мустамлакачиликка хос иқтисодий муносабатлар тизимини мустаҳкамлашга шароит яратиб бериши керак эди. Бу стратегия аслида “ҳарбий коммунизм” сиёсатидан янги иқтисодий сиёсат – НЭПга ўтишнинг совет Россияси шароитига асосланган бўлиб аҳолининг аксарияти – 9/10 қисми қишлоқларда яшаётган “деҳқонлар мамлакати” – Бухорода йўқсиллар жамияти – социализмнинг иқтисодий негизини яратишга қаратилган эди.
Мамлакат халқ хўжалигининг асосини ташкил қилган қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишдан БХСР ҳукумати ҳам манфаатдор бўлган. Бироқ улар қишлоқлардаги аграр ва иқтисодий муносабатларни синфий асосда қайта қурмасдан балки миллий иқтисодиётни бозорга мослаштириш ва жамиятни демократик асосда янгилашни хоҳлар эдилар.
РСФСР ва Туркистон АССР сиёсий раҳбарияти эса Бухоро Халқ Совет Республикаси арбобларини хусусан коммунистларни қишлоқ хўжалигида кескин туб ислоҳотлар ўтказиш йўли билан Бухоро деҳқонларини совет ҳокимияти томонига ағдариб олиш йўлидан боришга ундади135.
Бухорода янги аграр сиёсатнинг дастурий қоидаларини ишлаб чиқишда кескин қарама-қаршилик юзага келди. Бу ҳолат демократик кайфиятдаги БХСР ҳукумати аъзолари (нозирлар) билан синфий муросасизлик йўлини танлаган Бухоро Коммунистик партияси Марказий Комитети (БКП МК) сўл етакчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларда кўзга яққол ташланди. Большевиклар таклиф қилган йўлни танлаган Бухоро Коммунистик партиясидаги “сўллар” (Нажиб Ҳусаинов Олимжон Акчурин Ҳасан Алиев Ҳожи Ҳасан Иброҳимов Мирзо Баҳром Аҳмедов Ражаб Муҳамадиев Мирза Ғулом ва б.) ерни ёппасига мусодара (национализация) қилиш ва қишлоқни социалистик усулда жадал қайта қуришни ёқлаб чиқдилар. Бутунбухоро Марказий Инқилобий Қўмитаси раиси Абдулқодир Муҳитдинов бошчилигидаги бир гуруҳ миллий арбоблар (улар тарихий адабиётларда ўнглар даб аталади) сўл коммунистларга қарши чиқиб БХСР халқаро майдонда мустақил ҳаракат қилсин, деган сиёсий йўлни ўтказишга интилдилар. Улар Марказнинг ваколатли органлари бўлган Туркистон комиссияси ва Туркистон бюросини тугатиш қизил армияни (Туркистон фронти қўшинларини) БХСР ҳудудидан чақириб олишни талаб қилдилар. Улар Москва ва Тошкентдан Бухорога юборилган большевик эмиссарлари рус ва татар коммунистлари БХСРдан чиқиб кетсин деган ҳақли талабни ўртага қўйдилар ва мамлакатни эркин бозор муносабатлари йўлида ривожлантириш учун ҳаракат қилдилар. БХСР ҳукумати таркибидаги собиқ Ёш бухороликлар эса (тарихий адабиётларда улар Файзулла Хўжаев бошчилигидаги марказчилар дейилади) оралиқ йўлни танлаб демократик руҳдаги мўътадил ислоҳотлар ўтказишни таклиф қилдилар136. Уларнинг фикрига кўра мамлакатдаги барча ерларни хусусан вақф ерлари ва бойлар қўлидаги ерларни мусодара қилиш ҳалокатли ижтимоий портлашга Бухоро жамиятининг синфий жиҳатдан парчаланишига ниҳоят, БХСРнинг сиёсий ва иқтисодий инқирози ҳамда таназзулига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам улар биринчи босқичда амир ва унинг қариндош-уруғлари йирик сарой аёнлари ва амалдорларига қарашли ерларни мусодара қилиш таклифи билан чиқдилар.
1920 йил 30 сентябрда Бутунбухоро Марказий Инқилобий Қўмитаси раиси Абдулқодир Муҳитдинов томонидан имзоланган “Ер тўғрисида”ги қонунда собиқ амир унинг қариндош-уруғлари ва беклар қўлидаги барча мол-мулклар ва ер умумхалқ мулки деб эълон қилинди. Қонунга кўра аҳоли хирож муштбар, амлок ва бошқа солиқлардан озод этилди. Қонун матни орадан 2 ой ўтгач – 1920 йил 21 ноябрда “Бухоро ахбори” газетасида эълон қилинди. Мазкур қонун аграр соҳадаги дастлабки ҳужжат бўлиб унда БХСР иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган эди137.
БХСРда ер-сув ислоҳотини амалга оширишда зироат (деҳқончилик) нозирлиги катта роль ўйнади. Нозирлик ташкил қилингач уни дастлаб Абдураҳим Юсуфзода 1920 йил кузидан 1921 йил январига қадар бошқарди. У БХСРнинг Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси қилиб тайинланганидан сўнг аввал Порсо Хўжа (Порсохўжа Ҳасанхўжаев) 1922–1923 йилларда эса Сафо Жўрабоев зироат нозири вазифасида ишлади. Ҳалим Ашуров зироат нозирининг муовини бўлиб турди138.
БХСРнинг даврий матбуот органлари бўлган “Бухоро ахбори” ва “Озод Бухоро” газеталари билан танишар эканмиз уларда қишлоқ хўжалигининг аҳволи уни ривожлантириш йўлидаги чора-тадбирлар билан боғлиқ ўнлаб мақола ва хабарларни учратамиз.139
1921 йил баҳоригача фақат Бухоро Чоржўй ва Кармана вилоятларида собиқ амир ва унинг амалдорларига қарашли 13000 таноб ер ҳисобга олинган ва мусодара этилган. Бу ерларнинг асосий қисми ерсиз ва кам ерли камбағалларга тақсимлаб берилган.
Бутунбухоро Марказий Инқилобий Қўмитаси раиси А.Муҳитдинов «Зироат назоратидан нима кутамиз?” номли мақоласида янги ҳукумат иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида қуйидагича муҳим кўрсатмалар берган “Бу кун иқтисодий сиёсатимизни тузатилмоғи фақат зироат ишларининг тараққийси билан бўладир. Чунки мамлакатимизда фабрика ва маъдан ихтисослари йўқдир.
Бинобарин, бу мамлакатнинг бутун тўқлик ва очлиги зироат ишларининг тараққий ва таназзулига боғлиқдир. Зироат ишларининг тараққийси учун зарур бўлғон ишлар сувнинг мамлакатда маъқул бир тарзда тақсимидир. Бунинг учун зироат назоратининг шундоқ чораларига киришмоғи лозимдирки ҳар бир ер учун заруратдан ортиқ сув берилмасун ва дигар тарафдан сувсиз ерлар ҳам қолмасун. Сув учун шиддатли эҳтиёжлар бўлиб турганда бўш сувлар кўлларға йўлларға тошмасун. Бунинг учун бандлар иншооти ариқларни муносиб суратда қаздирмоқ лозимдур.
Назоратнинг вазифасидурки шундоқ деҳқонларга асбоб зарурият билан ҳукумат тарафидан ёрдам қилсун. Бунинг учун лозимдурки ҳар вилоятнинг ҳар туманнинг, ҳар кентнинг муҳтож деҳқонлари ва улар учун зарур бўлган сабабдан зироат назорати хабардор бўлиб миқдор рақамларини билиб вақтинда ҳозирлик кўрсун.
Зироат назорати маълум муддатда маълум миқдорда асбоби зироатдан бўлғон от ароба ҳўкиз ва темир-терсаклар ҳозир қилсунки бу нарсаларни муҳтож бўлган деҳқонларға бериб ёрдам этсун. Хусусан Бухоронинг лозим тараққийсини зироат орқали амалга оширмоқ лозимдир.
Мамлакатнинг ўрмонлари ва дарахтзорлари ҳам зироат назоратининг низомномасига кўра тобедир”140.
Камбағал деҳқон хўжаликларига мусодара қилинган уруғлик иш ҳайвонлари ва асбоб-ускуналар билан бир қаторда айни пайтда хўжаликни тиклаш ва ривожлантириши учун ҳукумат томонидан махсус қарз (ссуда) ҳам берилган.
БХСРдаги янги тузум ва унинг ижобий чора-тадбирларини аҳоли маъқуллаб кутиб олди. Жойларда инқилобий қўмиталар тузилди. Бироқ янги ҳокимият томонидан мулкдорлар табақасига нисбатан кўрилган қаттиқ чоралар, уларга тегишли бутун мол-мулкнинг мусодара қилиниши, сарой аъёнлари ва амир амалдорларининг ёппасига ҳибсга олиниши ва отиб ташланиши, катта миқёсдаги амир хазинасининг Москвага олиб кетилиши, мажбурий озиқ-овқат развёрсткаси ва унинг қаттиққўллик билан амалга оширилиши, ислом дини ва уламоларга нисбатан душманлик сиёсати, республика ҳудудида турган қизил армия таъминотининг аҳоли зиммасига юклатилиши, бунинг устига, қизил аскарларнинг босқинчилик ва талончилик “фаолияти” ҳаққоний равишда халқнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Республикадаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ҳам кескинлашди. Ёш давлатнинг навқирон етакчиси Файзулла Хўжаев мураккаб ва оғир шароитда ишлашга мажбур бўлди. Бухоро ҳукумати ва коммунистлар ичида ҳам сиёсий бўлиниш кучайди. Бир тарафдан, Бухоро Коммунистик партияси ичидаги сўл ва ўнг коммунистларга қарши ғоявий жиҳатдан кураш олиб боришга тўғри келса, иккинчи тарафдан, РСФСР ва унинг фавқулодда органлари бўлган Туркистон комиссияси, Туркистон бюроси ёш “мустақил давлат”нинг босган ҳар бир қадамини сергаклик билан назорат қилиб турар эди. Шундай бўлишига қарамасдан Файзулла Хўжаев билан бирга Усмон Хўжа, Отаулла Хўжаев, Фитрат, Муинжон Аминов, Мусожон Саиджонов, Абдулқодир Муҳитдинов, Порсо Хўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Абдураҳим Юсуфзода ва бошқалар ҳукуматда демократик йўл тутиб мўътадил мавқеда турдилар. Улар БХСРнинг амалда мустақил бўлиши, эътиқод эркинлиги, ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини ёқлаб чиқдилар.

32-сурат. 93-бетга. Усмон Хўжа, Порсо Хўжаев (Бухоро, 1922)

БХСР Нозирлар Шўросининг раиси Файзулла Хўжаев Бухоро билан совет Россияси ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилар экан, ўзаро иқтисодий муносабатлар тенг эмас, деган ҳаққоний хулосага келади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Файзулла Хўжаевнинг ўзи кучли иқтисодчи бўлиб, у Бухоро томонидан совет Россияси ва Туркистон АССРга етказиб бериладиган молларга аниқ баҳо ва товар экваленти белгилаш зарурлиги тўғрисида айниқса ташвишланиб гапирар эди. БХСР ва Туркистон АССРнинг Закаспий вилояти ҳудудида жойлашган совет Россияси қўшинлари, яъни қизил армия (уларнинг миқдори 40000  60000 кишидан кам бўлмаган) Бухоро давлатининг озиқ-овқати ва ем-хашаги билан таъминланар эди. Ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжаев 1921 йил март ойида Тошкентда бўлган Туркистон комиссияси мажлисида (мажлис раиси – Я. Петерс) Бухородаги Россия қўшинлари сонини тахминан 15000 кишигача қисқартириш тўғрисидаги масалани кўндаланг қўяди.
Файзулла Хўжаев ушбу мажлисда Россия Федерацияси билан БХСР ўртасидаги товар алмашиш тўғрисида ҳам тўхталар экан, ўзига хос истеҳзо билан қуйидагича таъкидлаган: “Ташқи савдо (Внешторг) шундай бир ташкилотки, у ҳамма нарсани олиши мумкин, бироқ ҳеч нарса бермайди”. Файзулла Хўжаев кейинчалик ҳам бу талабларни бир неча марта совет Россияси раҳбарияти олдига кескин равишда қўйган эди.141
БХСР ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев 1921 йилда қуйидаги фикрни бежиз билдирмаган эди “Биз бутун кучимизни сармоядорлар уруши ва дохилий уруш142 натижасида қарам бўлган қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишга ва жумҳуриятнинг орқа таянчи ҳисобланғон деҳқонларнинг моддий ва маънавий ҳолларини яхшироқ этишга сарф қилишға тегишлимиз”143.
Бухоро Коммунистик партиясининг I (V) съезди арафасида, 1921 йил 22 февралда БКП Марказий Комитетининг кенгайтирилган мажлисида бошқа масалалар қатори ер масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу масала бўйича Бутунбухоро Марказий Ревкоми раиси Абдулқодир Муҳитдинов сўзга чиқиб, ерга хусусий мулкчилик ҳуқуқини, ерни сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолишни таклиф қилди. Сўл коммунистлар Саъдуллахўжа Турсунхўжаев ва бошқалар А. Муҳитдинов таклифига қарши чиқдилар ва барча ерларни национализация қилишни талаб қилдилар.144 Бироқ Марказий Комитет марказчиларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида кўпчилик овоз билан А. Муҳитдинов таклифини тасдиқлади.
Ер масаласи бўйича сўл коммунистлар ва собиқ Ёш бухороликлар ўртасидаги кураш айниқса съездда жиддий тус олди. Ҳаттоки сўл коммунистлар съезд ишининг бошланишида ер масаласи бўйича ўз резолюциясини қабул қилдира олмай, мажлислар залини ташлаб чиқиб кетди. Улар ўз кирдикорларини оқлаш мақсадида БКП I съездида бўлиб ўтган воқеани қуйидагича тасвирлаган эдилар: “Ер (уни сотиш) тўғрисидаги” партия Марказий Комитетининг олдинги кундаги қарори съезд кун тартибига қўйилган эди. Бу масала катта жанжалга сабаб бўлди. Сўл коммунистлар пролетариат ва деҳқонларнинг ердан фойдаланиши тўғрисидаги фикрни, ерни сотишга қарши қатъий норозилигини билдириш учун сўз беришни қаттиқ туриб талаб қилди, лекин съезд раиси ўртоқ Файзулла Хўжаев ва А. Муҳитдинов – собиқ миллионерлар ва съездда қатнашган уларнинг тарафдорлари сўл коммунистларга сўз бермадилар... Шундан кейин сўл коммунистлар қуйидаги сўзлар билан съездни тарк этадилар: “Биз ўзимизга жавобгарликни олмаймиз, бундай съездга қатнашишни хоҳламаймиз ва бундай съездни тан олмаймиз, биз фақат III Интернационал байроғи остида ишлаймиз”. Сўл коммунистлар шу сўзларни айтиб, съездни ташлаб кетдилар ва фракция мажлисини ташкил қилдилар”.145
Бироқ Коммунистик Интернационал (Коминтерн)нинг Бухородаги вакили Файзи Ҳоди, Санжар Исфандиёров, РСФСРнинг БХСР ҳукумати ҳузуридаги мухтор вакили Карим Ҳакимов таклифи билан сўл коммунистлар съездга қайтиб келдилар. Хуллас, съездда сўл коммунистларнинг тазйиқи билан ер тўғрисида уларнинг резолюцияси қабул қилинди.
Съезд қарорига асосан сўл коммунистлар талаби ва тазйиқи натижасида БХСР Марказий Инқилобий Комитети 1921 йил 2 февралда “Ер тўғрисида” декрет эълон қилди. Ушбу декретнинг 1- ва 2-моддаларида шундай дейилган:
“1. Бухоро Республикаси ҳудудидаги барча ерлар, сувлар, ўрмонлар ва табиий бойликлар кимнинг фойдаланишида бўлишидан қатъи назар, ягона халқ мулки ҳисобланади.
2. Барча вақф ва собиқ амир ерлари, амалдорларга ва шу кабиларга тегишли ерлар меҳнаткашларга бўлиб берилиши лозим. Ерлар меҳнат нормаси доирасида чорикорлар, мардикорлар, ерсиз ва кам ерли деҳқонларга тақсимлаб берилади. Бўш қолган ерларда эса совет хўжаликлари, қишлоқ хўжалик артеллари, ширкатлари ташкил қилинади”.146
Мазкур ҳужжатдан кўриниб турибдики, барча ерлар, жумладан, вақф ерлари ҳам умумхалқ мулки, давлат мулки деб эълон қилинган. Вақф, собиқ амир ерлари, унинг амалдорлари ва шу кабилар, яъни меҳнат қилмай бошқалар ҳисобига яшайдиган бойлар ерлари меҳнаткашларга бўлиб берилади, дейилган.
Сўл коммунистларнинг барча ерларни, жумладан, вақф ва бойларнинг ерларини национализация қилиш, бу ерларни кам ерли ва ерсиз деҳқонларга бўлиб бериш тўғрисидаги ғоясини амалга ошириш учун Бухоро Республикасида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий шарт-шароитлар етилмаган эди.147
БКПнинг сўл коммуниcтлари 1921 йил бошларида РКП(б) Марказий Комитетига ахборот ёзиб, унда БХСРда аграр масалани ҳал қилиш борасидаги асосий келишмовчиликлар, ихтилофларни баён қилган. Бу ахборот РКП(б) МКда кўриб чиқилиб, Туркистон комиссияси ва РКП(б) МКнинг Туркистон бюроси аъзоси Я.Э. Рудзутакка хулоса ёзиб бериш учун юборилган. Ўрта Осиё республикаларининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхши билган ва бу соҳада минтақада Марказ сиёсатини ашаддий тарзда амалга ошираётган Я.Э. Рудзутак эса бу ҳужжат билан танишиб чиқиб, қуйидаги хулосани ёзган эди: ”Бухоро сўл коммунистлари руҳида ер ва бошқа ислоҳотларни ўтказиш учун Бухорода ижтимоий табақа (ёки ҳатто хайрихоҳлар, тарафдорлар) йўқ. Ерни национализация ёки социализация қилишни эълон қилиш 99 фоизи деҳқонларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Катта ер эгалари (бойлар) хўжаликларини тугатишни юқоридан амалга ошириш мумкин эмас. Туркистон тажрибаси шуни кўрсатадики, бойларнинг ерлари берилган камбағаллар совет органларидан яшириниб, олдинги хўжайинларига шариат (диний қонунлар) бўйича белгиланган фоиз маҳсулотини берган. Ислоҳотни ўтказиш учун қишлоқни табақалаштириш бўйича катта ташвиқот ва ташкилий ишлар қилиш зарур”.148
Я.Э. Рудзутакнинг хулосасидан кўриниб турибдики, РКП(б) МКнинг Туркистон бюроси, Туркистон комиссияси каби ваколатли органлари ҳам Бухорода барча ерларни национализация қилиш ва вақф ҳамда бойларнинг ерларини мусодара қилиб, камбағалларга бўлиб бериш учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар йўқ, деган фикрда бўлган ва улар дастлаб БКП сўл коммунистларининг ер масаласидаги қарашларига қўшилмаган. Лекин кейинчалак Я.Э. Рудзутак бу масалада ўз фикрини ўзгартириб, сўл коммунистларни қатъиян қўллаб-қувватлади.
Ҳақиқатан ҳам Бутунбухоро МИКнинг 1921 йил 2 февралда сўл коммунистлар тазйиқи билан қабул қилган “Ер тўғрисида”ги мазкур декрети бажарилмади ва ҳаётга жорий қилинмади. Амалда у қоғозда қолиб кетди.
1921 йил 18 – 23 сентябрда бўлган Бутунбухоро халқ вакилларининг II қурултойида демократик руҳдаги БХСР Конституцияси қабул қилинди. Бухоро тарихидаги дастлабки Конституция фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Конституцияда давлатни идора этиш учун халқнинг барча табақа вакилларининг иштироки таъминланди. Хусусий мулк ва савдо-сотиқ эркинликлари Конституцияда ўз ифодасини топди. Бухорода ўрнатилган тузум халқ демократик республикаси эди. БХСРнинг Конституцияси барча фуқароларга тенг сиёсий ҳуқуқ берди, миллий тенгсизликни йўқотди. Конституцияга кўра, БХСРнинг олий органи Бутунбухоро халқ вакиллари қурултойи бўлиб, у ҳар 2000 сайловчига бир вакил сайланадиган 350 аъзодан иборат эди. Қурултой йилига бир марта чақирилар ва унда республика конституциясини қабул қилиш, ўзгартиришлар киритиш, ҳукуматнинг ҳисоботи ва давлат бюджетини тасдиқлаш каби муҳим масалалар кўрилар эди. Конституцияга кўра, қурултойлар орасида қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи олий орган – Бутунбухоро Марказий Ижроия Қўмитаси ҳисобланади. Қурултойда Бутунбухоро МИК раиси қилиб Усмон Хўжа (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) сайланди (1922 йил августда бўлган III қурултойда бу лавозимни Порсо Хўжаев эгаллади) 149. Конституцияга мувофиқ, Халқ Нозирлар Шўроси давлат ҳокимиятини ижро қилувчи ва бошқарувчи олий орган сифатидаги ўз вазифасини сақлаб қолди.

Download 178.2 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling