5-mavzu. Xiva xonligining qizil armiya tomonidan tugatilishi va xxsrning tashkil topishi. (2soat) Reja


Download 178.2 Kb.
bet6/9
Sana08.03.2023
Hajmi178.2 Kb.
#1252757
1   2   3   4   5   6   7   8   9
Bog'liq
5-mavzu

Усмон Хўжа (1878 – 1968) Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳисобланади. У 1908 – 1913 йилларда Истанбулда таҳсил олган. Усмон Хўжа ва унинг укаси Отаулла Хўжаев (1894 – 1937) Ёш бухороликлар партиясининг йирик намояндаларидан эди. Усмон Хўжа БХСР тузилгач, турли лавозимларда ишлади. БХСР давлати бошлиғи сифатида қисқа муддат фаолият кўрсатган бўлса ҳам ёш республикада демократик ислоҳотлар амалга оширилишида жонбозлик кўрсатди. У 1921 йил декабрда Шарқий Бухорода (Душанбе атрофида) қўрбошилар сафига ўтади ҳамда 1922 йил бошларида Афғонистонга жўнаб, БХСР миллий армияси учун замонавий қуроллар сотиб олишга ҳаракат қилган150.
Қурултойда миллий масалага ҳам катта эътибор берилди. Бутунбухоро Марказий Ижроия Қўмитаси ҳузурида Омонгелди Омонов бошчилигида Туркман бўлими тузилди. Кейинчалик шу асосда Туркман автоном вилояти ташкил қилиниб, унга миллий мухторият ҳуқуқи берилди. Шарқий Бухоро ҳудудида ҳам ўзбекларнинг лақай уруғи ва тожик халқи учун кенг имкониятлар яратиб берилди. Хуллас, БХСРда туркман ва тожик халқи учун уларнинг она тилларида фаолият юритувчи турли маданий-маърифий ва бошқа муассасалар очилди.
Бироқ БХСР ҳукуматининг демократик йўл тутиши натижасида мўлжалланган ислоҳотлар секинлик ва эҳтиёткорлик билан ўтказилди, белгиланган вазифаларнинг кўпчилиги амалга ошмай, қоғозда қолиб кетди. Бу ислоҳотларни мўлжалланганидек амалга ошириш учун Файзулла Хўжаев бошчилигидаги марказчиларда етарли даражада сиёсий куч ва имкониятлар етишмади. Бу эса Бухорода республика янги ҳукумати тузилмалари ҳали заифлигини билдирар эди. Бу ҳолатдан Марказнинг кўрсатмалари асосида иш кўраётган сўллар – Бухоро Коммунистик партияси (БКП) раҳбарлари унумли фойдаланиб қолишди.
Бухоро Коммунистик партиясининг 1921 йил декабрда ўтказилган II съезди “инқилобий” жараёнларнинг янада авж олишида сезиларли босқич бўлди. Унда қабул қилинган БКП дастурида Москванинг мафкуравий йўл-йўриқларига мувофиқ Бухоро Республикаси учун “тараққиётнинг капиталистик босқичини четлаб, хўжалик юритишнинг феодал-патриархал шаклларидан социализм”га сакраб ўтишнинг стратегияси белгилаб берилди.151 Айни вақтда тактик жиҳатдан социалистик Россиядан андоза олиб, Бухорода ҳам янги иқтисодий сиёсат (НЭП)га ўтиш йўли эълон қилинди. Шунга мувофиқ иқтисодий сиёсат соҳасида завод ва фабрикаларни национализация қилиш вазифаси биринчи галдаги вазифалар сифатида илгари сурилди. Бироқ саноат соҳасида ҳам худди савдо-сотиқ каби хусусий хўжалик ташаббусини рағбатлантириш таклиф этилди.
Иқтисодий ёндашувлар бирмунча эркин бўлишига қарамасдан, БКПнинг дастурий ҳужжатида ифодалаб берилган умумий “халқ демократик тараққиёт” йўли шаҳар ва қишлоқларда социализмга бориш жараёнида синфий курашни зўр бериб авж олдиришни назарда тутар эди.
Маълумки қоракўлчилик асрлар бўйи Бухорода қишлоқ хўжалигининг асосий даромад берадиган тармоғи бўлиб келган. Бироқ республика даврида қоракўл тери етиштириш ва уни хорижга чиқариш кескин камайиб кетган эди. “XX аср бошларидан 1913 йилга қадар амирликда ҳар йили 1 500 000 донадан 2 000 000 донагача қоракўл тери етиштирилган. 1920 йилга келиб бу рақам 200 000 донага тушиб қолган. Фақатгина 1922 йилда бу соҳада бироз жонланиш бўлиб 800 000 дона қоракўл тери етиштирилган”.152
Қоракўлчилик инқирозига Биринчи жаҳон уруши йилларида қўйларнинг қирилиб кетиши ички урушлар туфайли қоракўл терини хорижий давлатлар (Россия ва Германия)га чиқаришнинг кескин қисқариши давлат томонидан юқори бож тизимининг жорий қилинганлиги каби омиллир сабаб бўлди. Бироқ тадбиркорлар қоракўл терини хорижга чиқаришга интилишган. Архив ҳужжатларида кўрсатилишича хусусий тадбиркорлар 1920 – 1922 йилларда Бухоро қоракўл терисини яширин равишда Афғонистон орқали Англия бозорларига чиқарганлар153.
Афғонистон – БХСР давлатларининг савдо-сотиғида Амударё бўйидаги Карки шаҳри муҳим роль ўйнаганлиги манбаларда қайд қилинган.
“Сўнгги вақтларда (1922 – 1923 йиллар) Бухоро Жумҳуриятининг Карки вилояти ва шаҳрига Афғонистон савдогарлари келиб кумуш (нуқра) пул баробарига қоракўл ва юнг олиб Афғонистонга узатаяптилар”154 деб маълумот берилади “Бухоро ахбори” газетасида. Каркига келган Бухоро савдогарлари афғон вакиллари олиб келган маҳсулотларни БХСРнинг бошқа вилоят ва шаҳарларига сотиш учун олиб кетарди. Бир пайтнинг ўзида Карки Афғонистон – Бухоро алоқаларидаги хабарларни алмаштириб туриш маркази ҳам бўлган. У геосиёсий жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган бўлиб хуллас икки мамлакат ўртасида транзит савдо вазифасини маълум маънода бажарган.
Афғонистондан Бухорога олиб келинган маҳсулотлар уларнинг нарх-навоси икки мамлакат ўртасидаги божхона муносабатлари масалалари билан боғлиқ маълумотлар манбаларда кўп учрайди. Уларда келтирилишича “Афғонистон – Бухоро савдо муносабатлари кундан-кун кенгайиб борадур. Афғонистондан юнг пахта ва оёқлик мол келиб улар баробарига Бухородан керосин қанд каби моллар юбориладур”155.
Бухоро ва Афғонистон ўзининг миллий саноатини эндигина оёққа қўяётган мутахассислар базасини яратаётган бир даврда асосан хомашё билан савдо-сотиқ қилиши табиий ҳол эди. Бухородан Афғонистонга чиқарилган маҳсулотлар эса Россия саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган товарлардан иборат бўлган156.
Бухоро ҳукумати истиқболда Афғонистон – Бухоро савдо муносабатларини тўғридан-тўғри йўлга қўйиш, кооперативлар иттифоқини ташкил қилиш хорижий савдо шуъбасини тузиш божхона тизимларини такомиллаштириш мақсадида бўлган.
Бухоро азалдан Шарқнинг ислом маданияти ривожланган давлатларидан бири эди. Бухоро шаҳри эса, айни пайтда, ислом динининг йирик маркази ҳисобланган. Бухоронинг номларидан бири “Фохира” (“Фахрли шаҳар”) атамаси, машҳур тарихчи Наршахий таърифи бўйича, ислом динининг барқарорлиги йўлида қон тўккан шаҳидлар шарафига нисбат қилиб берилган. Шаҳар ва шаҳарликлар ўз даврида минтақада исломни тарғиб қилиш ва қарор топтириш йўлида ҳам муҳим роль ўйнаган. Бухородан исломият ва ҳадис илмларининг йирик тарғиботчилари ва таснифчилари, машҳур сўфийлар етишиб чиққан. Унда ислом ҳуқуқшунослигининг Бухоро мактаби ташкил топди. Ислом дини тараққиётида Имом Бухорий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Бухорий (Калободий), Сайфиддин Бохарзий, шунингдек, тасаввуфнинг йирик намояндалари – бухоролик машҳур етти пир (Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон, Хожа Маҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Ҳазрат Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд) ва бошқа бухоролик уламоларнинг ҳиссаси катта бўлган.
Бухоронинг ислом дини, мусулмон ахлоқи ва ҳуқуқшунослигининг Шарқдаги кучли марказларидан бирига айланиши туфайли унга IX аср бошларидаёқ “қуббат ул-ислом” (“ислом динининг гумбази”) деган сифат ҳам берилган. Наршахийнинг гувоҳлик беришича, машҳур ҳуқуқшунос олим Абу Ҳафс Кабир Бухорий туфайли Бухоро “қуббат ул-ислом” деб аталган157. Тахминан шу даврлардан бошлаб, бу табаррук шаҳар “Бухоро – қуввати исломи дин аст” (“Бухоро – ислом дининг қуввати”) деб ҳам улуғланган. Кейинчалик шаҳар “Бухоройи шариф” (“Шарофатли Бухоро”) деб аталадиган бўлди. Инсоният тарихида турли даврларда ер юзидаги фақат етти шаҳарга бундай юксак мақом, яъни “шариф шаҳар” унвони берилган.
Туркистон минтақасидаги дастлабки масжид ва мадрасаларга ҳам Бухоро шаҳрида асос солинган. Ислом уламолари ва ўз соҳасининг чуқур билимдонлари Бухоро мадрасаларида мударрислик қилган. Шунинг учун Туркистон шаҳарларидаги маҳаллий мадрасаларни битирган муллаваччалар ўз билимларини ошириш учун Бухоро мадрасаларига боришга интилганлар. Улар Бухорони иккинчи Макка деб ҳисоблашган.
Бухоро шаҳри Шарқдаги ислом динининг энг йирик ва кучли марказларидан бири бўлганлиги учун унда диний ташкилотлар, масжид ва мадрасалар, қорихоналар кўп бўлган ва уларга ажратилган вақф мулклари катта эди. Жумладан, диний ташкилотларнинг вақф ерлари Бухоро амирлигидаги барча фойдаланиладиган, яъни суғориладиган ва лалми экинларнинг 25 фоизини ташкил қилган. Бозор майдонлари, турли расталар ва дўконлар, карвонсаройлар, каппонлар, обжувоз ва тегирмонлар, ҳаммомлар, ҳунармандчилик устахоналари, ҳар хил савдо-саноат мулклари, экинзорлар ва бошқа вақф қилинган мулклар Бухорода Туркистон ўлкасидаги диний ва ўқув ташкилотларининг шундай мулкларига нисбатан бир неча баробар кўп бўлган.
Бухородаги аграр муносабатларда диний ташкилотларнинг ер эгалиги, вақф ерлари масаласи муҳим ўрин эгаллаган. БХСРдаги вақф мулкларига давлат муносабати ва ҳукумат сиёсатини белгилашда мутасадди органлар Туркистон АССРда вақф масаласини ҳал қилиш тажрибасидан фойдаланганлар. Бухородаги вақф мулклари – ерлар ва кўчма мулк, савдо, саноат ва маиший корхоналар (бозорлар, дўконлар, карвонсаройлар, тегирмон ва обжувозлар, ҳаммомлар ва б.) икки туркумга – диний вақфлар ва маданий-маърифий вақфларга бўлинган. Диний ташкилотларнинг вақф мулкларига масжид, мозор, мақбара, хонақоҳ, қорихона, ҳожихона ва бошқалар кирган ҳамда улардан келадиган даромад диний ташкилотлар ва уларнинг хизматчиларига сарфланган. Маданий-маърифий вақф мулкларидан эса мадрасалар, мактаблар, касалхоналар, етимхоналар таъмирланиб, уларнинг хизматчилари таъминланган ва улардан келган даромад БХСРда янги ташкил қилинган халқ маорифи таъминоти учун ишлатилган.158
Бухоро Халқ Совет Республикасида вақф мулкларининг миқдори Туркистон АССР ва ХХСРдаги вақф ерларидан ҳам кўп бўлган. БХСРдаги вақф ерлари 488 265 танобни159 ташкил қилган. Маданий-маърифий вақф ерларига 327 037 таноб ва диний вақф ерларига 161 228 таноб ер қарашли эди.160
1920 йил 12 сентябрда БХСР Маориф халқ нозирлиги қошида Вақф бошқармаси (Авқоф) ташкил қилинди. Вақф бошқармаси бошлиғи лавозимига Муҳитдин Рафоат тайинланди. Кейинчалик бу бошқармани маълум муддат Тошкентдан Бухорога келиб яшаган Мунаввар Қори бошқарди. Жойларда маориф бўлимлари қошида вақф бўлинмалари ташкил қилинди. БХСР ҳукумати диний вақфларни илгаридек диний ташкилотлар тасарруфида қолдирган бўлса ҳам, маданий-маърифий вақфларни амалда давлат ихтиёрига ўтказди.
Вақф бошқармасига дастлабки вазифаларни бажариш қуйидагича юкланган эди: “1) ҳар бир мутаваллидан ҳисобот талаб қилиш ва вақфномаларни йиғиштириб олиш; 2) мутавалли ва ижарачиларда қолган пул маблағларини йиғиштириб олиш; 3) мадрасаларга ҳалол ишлайдиган мутаваллилар ва инспектор-назоратчиларни тайинлаш; 4) таъмирлаш талаб қиладиган вақф бинолари рўйхатини тузиш; 5) шаҳардаги барча вақф мулкларини ҳисобга олиш”.161
БХСР МИК 1920 йил 24 октябрда масжидлар ва уларнинг вақф мулклари тўғрисида махсус қарор қабул қилди.162 Қарорга биноан, масжидларнинг барча бинолари ва асбоб-анжомлари Вақф бошқармаси ихтиёрига ўтказилди. Имом ва муаззинлар шариат бўйича тайинланган, бироқ улар Вақф бошқармасининг барча топшириқларини сўзсиз бажариши шарт бўлган.
Хуллас, Бухоро мамлакати иқтисодини ривожлантиришда вақфлар ҳам катта аҳамият касб этган. 1921 йил 1 августдаги расмий маълумотларга кўра Бухорода 208 та масжид ва 215 та мадрасага қарашли 200 та вақф муассасаси рўйхатга олинган163.
Бу пайтда вақф ерларининг миқдори 3000 таноб бўлган. Вақф қилинган мулклар 57 та сарой 1414 та дўкон 23 та бозор 10 та ҳаммом 18 та тегирмон ва 133 та ҳужрадан иборат бўлиб улар бир йилда 1 млн. сўм соф даромад келтирган164.
БХСРда қишлоқ хўжалик соҳасидаги иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқишда вақф ерларини бошқариш тўғрисидаги чора ва тадбирлар ҳам муҳим роль ўйнаган.
1920 йил кузидан бошлаб Бухорода вақф ерларини ижарага бериш шакли ўзгартирилган. 1920 йил 24 ноябрда БХСР Нозирлар Шўроси раиси Файзулла Хўжаев томонидан қабул қилинган қарорда айтилишича ижарачилар қўлидаги ғаллани тўплаш ва ҳукуматга топшириш ижарачилар томонидан мутаваллиларга тўланадиган пулни (ижара ҳақини) бекор қилиш деҳқон вақфкорларнинг йирик ижарачиларда қолган қарзини улардан ундириш керак эди165.
Бутунбухоро халқ вакилларининг II қурултойида ер-сув ислоҳотини ўтказиш борасидаги ҳукумат сиёсатига анча тузатишлар киритилди ва бу соҳада олиб борилаётган қатъий чора-тадбирлардан либераллашув томон қадам ташланди. Ушбу қурултойда Бутунбухоро Марказий Инқилобий Қўмитаси раиси А.Муҳитдинов нутқ сўзлаб унда қуйидагиларни алоҳида таъкидлади “Шариатга биноан мусулмоннинг ҳеч қандай мулки унинг розилигисиз тортиб олиниши мумкин эмас. Мен ер эгаларининг қўлларида мавжуд бўлган ерларини аввалги ҳолда қолдиришни ёқлаб фикр билдираман”166.
Демак Бухоро иқтисодиётида вақф мулклари катта роль ўйнаган. Бухорода вақф мулкларини тартибга солиш билан боғлиқ мураккабликлар бу йўналишда алоҳида лойиҳа ишлаб чиқишни тақозо қилган. Ушбу лойиҳа БХСР Маориф халқ нозири Фитрат томонидан 1922 йил ёзида ишлаб чиқилган бўлиб у 19 моддадан иборат бўлган.
“Вақф ишлари ҳақида”ги лойиҳада вақф мулклари ўтмишда Бухоро халқининг юксалишига сабаб бўлган омил эканлиги ёш республика томонидан вақфни аҳамиятсиз қолдирмоқ ўзбек халқи манфаати ва руҳиятига мос келмаслиги баён қилинган. Вақф мулкларини (ер дўкон сарой бозор ҳовли ва ҳ.к.) ҳукумат солиғидан озод этиб фақат ундан ушр солиғини олиш, Марказий Вақф мудириятини Маориф нозирлиги ичида қайта тузиш вақф идорасини 5 та шуъба (диния илмий ижара молия хўжалик шуъбалари)га бўлиш, асосий вақфларни 6 қисм (масжид ва масжид ишлари мактаб ва кутубхона маҳкама ошхона авлодий Макка ва Мадина вақфлари қисмлари)га тақсимлаш мутаваллилар фаолиятини назорат қилиб туриш вақф мудириятининг хазинасини вужудга келтириш (олтин оқча ҳисобида) кабиларни ўзида мужассамлаштирган.167
Фитрат вақф даромадлари ҳисобидан масжид ва мадрасалар тарихий ёдгорликларни таъмирлаш мактаб таълим-тарбия курслари ташкил этиш дорилмуаллимин кутубхона музей касалхона етимхона хонақолар очиш газета ва журналлар чоп этишни лойиҳа моддаларида батафсил баён қилган168.
Фитрат лойиҳаси тасдиқланганидан сўнг республика ҳудудидаги вақф мулкларини ҳисобга олиш ижарачиларни ўтмишдаги ҳуқуқларидан маҳрум этиш вақфкор деҳқонларга шарт-шароит яратиб беришга киришилган. “Кейинги маълумотларга қараганда Бухоро Чоржўй Қарши ва Кармана вилоятларида вақф идорасига қарашли 276 737 таноб ер бор. Булар 2 445 753 танга ҳамда 10 418 ботмон буғдой эвазига Бухорога берилганлар… Бундан бошқа вақф идораси қарамоғида 57 та сарой 10 та ҳаммом 23 та тегирмон Бухоро ва унинг туманларида 24 та бозор жойи Бухоро шаҳрида 1769 та дўкон ҳамда 262 та ҳовли бор. Булардан 1 683 119 танга ҳамда 779 ботмон буғдой ва 15 ботмон жўхори олинадур”169 – деб “Бухоро ахбори” газетасида ёзилган.
Хуллас 1923 йилда БХСРда вақф мулкларидан келган бутун даромад 4 128 871 танга ҳамда 12 212 ботмон буғдой бўлиб унинг тахминан 50 фоизи масжидларнинг имом ва муаззинларига вақф идорасига қолгани эса маориф ва маданият ишлари таъминотига сарфланган170.
Вақф соҳасида Марказий Бухорода амалга оширилган ўзгаришларни Шарқий Бухорода ўтказиш имконияти бўлмаган. У жойда истиқлолчилар қизил армияга қарши кескин кураш олиб бораётган эди. 1922 йил январда Бухоро Марказий Ижроия Комитети Президиуми тасдиқлаган Шарқий Бухоро иши бўйича Диктаторлик комиссиясининг йўриқномасида кўрсатилганки: “Шарқий Бухорода вақф ерлари эски эгаларига аввалгидек қайтарилади”.171
Вақф масаласини ҳал қилиш учун республика тарихида биринчи марта 1923 йил 5 октябрда вақфкор деҳқонларнинг Бутунбухоро вақф қурултойи чақирилган. Қурултойнинг иккита катта мажлиси бўлиб ҳайъат раёсати фахрий раислигига Файзулла Хўжаев Порсо Хўжаев Абдулла Раҳимбоевлар сайланган. Қурултой кун тартибига 6 та асосий 4 та қўшимча жами 10 та масала қўйилган. Кун тартибидаги масалалар вақф билан боғлиқ барча муаммоларни қамраб олган. Қурултой фаолияти “Бухоро ахбори” ва “Озод Бухоро” газеталарида батафсил ёритилган172. Вақф идораси мудирининг ҳисоботида Бухородаги вақфлардек кўп даромадли вақфлар ҳеч бир мамлакатда бўлмаганлиги қайд қилинади.
1923 йил охирларида вақфлар билан боғлиқ “жанжал ва шикоятлар”ни ҳал қилиш учун махсус комиссия тузилади. Комиссия таркибига БХСР Маориф нозири Мусожон Саиджонов вақф идораси мудири Муҳитдин Рафоат (Рафиқ) иқтисодчи Косинскийлар киритилган. Комиссия ўзининг фаолиятини 1924 йил охиригача давом эттирган.
1923 йил 11 – 17 октябрда бўлган Бутунбухоро халқ вакилларининг IV қурултойида субаренда тақиқланганига қадар вақф ерлари Вақф бошқармаси томонидан йирик ижарачилар ва воситачи-олибсотарларга ижарага берилган. Улар Вақф бошқармасидан ерни ижарага олиб ўз навбатида вақфкор деҳқонларга уларни асоратга соладиган шартнома асосида, яъни юқори ижара ҳақи тўлаш шарти билан ижарага берган.
Қурултойда Вақф бошқармасининг фаолияти ҳақидаги Аҳмаджон Абдусамадовнинг маърузаси тингланди ва муҳокама қилинди. “Вақф тўғрисида” қабул қилинган қарорда илмий ва маданий мақсадлар учун васият қилинган вақфлар Вақф бошқармаси ихтиёрида бўлиши, масжидларга васият қилинган ва дин билан боғлиқ вақфларни мутаваллилар бошқариши яна бир бор таъкидланди. Қарорда Вақф бошқармасига маданий-маърифий вақфлардан тушадиган даромаддан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланиш топширилган: “1) янги усул мактаб ва мадрасаларни таъминлаш; 2) муаллимлар, агитаторлар, мактаб ташкилотчилари ва пропагандистлари курсларини таъминлаш; 3) кутубхона, ўқув хоналари ва нашриётларни таъминлаш; 4) эски мактаб ва мадрасалар биноларини таъмирлаш; 5) муҳим тарихий ёдгорликлар ва ҳужжатларни таъмирлаш; 6) камбағалларни ижтимоий ҳимоялаш; 7) мударрис, муаллим ва мусулмон ҳуқуқшуносларини таъминлаш”.173
БХСРнинг иқтисодий сиёсатида молия ва савдо тизимларидаги ўзгаришлар хусусан пул тизими ва бу соҳада ўтказилган ислоҳотлар алоҳида ўрин тутади.
Бухорода республика тузуми ўрнатилгач Бухоро пул тизимида ҳам катта ўзгаришлар юз берган. 1920 йил 5 сентябрда Туркистон фронти қўмондони М.В.Фрунзе ва Марказдан келган бошқа Россия вакилларининг талаби билан Бухоро Республикасида янги пул белгиларини жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилинган174. Бироқ ўша куни БХСР Халқ Нозирлар Шўросининг раиси Файзулла Хўжаев ва Марказий Ревком раиси Абдулҳамид Орипов имзолаган 2-декретда Бухоро ҳудудида амалда бўлган эски пул белгилари то янги пул чиқарилгунга қадар муомалада юриши шу билан бирга РСФСР пул бирликлари ҳам янги ташкил қилинган республика ҳудудида амал қилиши айтилган175.

33-сурат. 101-бетга. Отаулла Хужаев, Мухторжон Саиджонов, Файзулла Хужаев

БХСРнинг дастлабки миллий валютаси – кумушдан ишланган танга (нуқра танга) бўлиб у 1920 йил сентябрь ўрталаридан бошлаб муомалага чиқарилган. Орадан кўп ўтмай қоғоз ақчалар – қўлда тайёрланган 50 100 200 500 ва бошқалар (улар сўм деб аталган) босилган. Кейинроқ пул чиқариш учун янги қолип ясалган. Бироқ Бухорода кейинчалик ҳам тилла ва кумуш тангалар муомалада бўлган. БХСРнинг қоғоз пуллари бошқа бир янги давлат – Хоразм Халқ Совет Республикаси валютасига нисбатан анча барқарор эди. Пулнинг тўлов қурби яъни харид қобилияти юқори бўлишига ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжаев алоҳида эътибор қаратган176.
БХСР Молия нозири Усмон Хўжа (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) томонидан 1920 йил 12 октябрда чиқарилган 3-рақамли буйруқда пул ислоҳоти бўйича Молия халқ нозирлигининг асосий сиёсати қуйидагича баён этилган
“Ушбу кундан эътиборан Бухоро ва Бухорога тобе барча вилоят ва туманлар аҳолисига Молия назорати томонидан эълон қиламизки
Қўлларинда бўлган барча муҳрсиз ва қолип қоғоз ақчаларни тездан Молия назорати комиссиясига келтириб топширсинлар ва ҳам мундан сўнгра муҳрсиз ва қолип қоғозларни ҳеч ким олиш-беришга истеъмол қилиб олмасунлар. Агар бу кун ва бу тарихдан сўнгра ҳар қайси олиш-берувчи қасаба ва бозор халқи қолип ва муҳрсиз қоғоз ақчаларни олиш-беришга қўлласалар олган ва берган ҳар икки тараф қаттиқ жазо кўрадурлар”177.
1922 йил БХСРда яна пул ислоҳоти ўтказилди. Энди янги пуллар қўлда эмас балки матбаа усулида ишлаб чиқарила бошланди. 1922 йил 14 апрель ва 15 майда БХСР Нозирлар Шўроси янги пуллар чиқариш бўйича махсус декретлар қабул қилган. 1922 йил охирида эса бу пуллар ҳам қадрсизлана бошлагач яна пул алмаштириш лозим деб топилди.
“Бухоро ахбори” газетасида нашр қилинган “Нуқра танга зарби” номли мақолада БХСРда амалга оширилган пул ислоҳоти ҳақида қуйидагича муҳим маълумот келтирилади “Жадал суръатда қоғоз пулларни нуқра танга (кумуш танга – Муҳ.) билан алмаштириш учун Халқ Хўжалик Олий Шўроси нуқра танга зарбига қарор берган. Бу ҳақда лойиҳа тузиб йўлга қўймоқ иши Халқ Хўжалиги Олий Шўросининг раиси Фитрат билан ўртоқ Жўрабоевга топширилган”178.
1922 йил ноябрь ойида БХСР ҳудудида танга курси (1 кумуш танга курси) 100 000 сўм қилиб тайинланган179. 1922 йил 5 декабрда БХСР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Порсо Хўжа (Порсо Хўжа Ҳасан Хўжа ўғли) тарафидан махсус декрет чиқарилиб унда Бухорода 1000 2500 5000 сўмлик қийматда янги қоғоз пуллар чиқарилиши айтилган180.
1923 йил март ойида Тошкентда Ўрта Осиё республикалари (Туркистон АССР БХСР ХХСР)нинг биринчи иқтисодий конференцияси бўлиб ўтди. Айнан шу конференцияда бу республикаларда маҳаллий пулларни чиқаришни тўхтатиш ва РСФСР давлат пул белгиларига ўтишга қарор қилинган181. Хуллас Марказнинг тазйиқи билан 1923 йил ёзида Бухородаги миллий валюта Россия рублига (35 Бухоро сўмига 1 Россия рубли тенг нисбатда) алмаштирилди.
БХСРда ўша пайтда мавжуд бўлган бозор нарх-навосини унинг яқин қўшнилари – Туркистон АССР ва совет Россиясидаги худди шундай маҳсулотларнинг давлат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархига солиштирилса бухороликларнинг иқтисодий турмуш ва яшаш шароити уларга нисбатан бирмунча яхши эканлиги англашилади.
1920 йил сентябрда БХСРнинг дастлабки Молия нозири лавозимига тайинланган Усмон Хўжа (1878–1968) Бухородаги жадидчилик ҳаракати ва Ёш бухороликлар партиясининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири таниқли давлат ва жамоат арбоби ҳисобланади. Айнан Усмон Хўжа БХСРнинг молия соҳасидаги ўзгаришларни ишлаб чиқишда фаол қатнашган.
1921 йил бошларидан БХСР Молия нозирлигини Носир Ҳакимов бошқарган. Бу ҳақда ўша давр матбуоти гувоҳлик беради182. 1921 йил кузида эса Ҳошим Шойиқ БХСР Молия нозири бўлган183. Усмон Хўжа бўлса сал кейинроқ – 1921 йил 13 августдан бошлаб БХСР Иқтисодий назорати нозири қилиб тайинланади. Унинг ноиби қилиб Мусожон Саиджонов назорат коллегия аъзолигига Ҳожи Ҳамро Носир Маҳмуд Қилич Хўжа Мирзо Абдулвоҳид Бурҳонов белгиланган. Иқтисодий назорат идораси учун Бухоро шаҳридан кўркам бинолар (Абдуллахон тими ва б.) ажратиб берилган184.
Усмон Хўжа БХСРда вақф ерларини ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш, вайрона ҳолатга келган мамлакатни тиклаш, маданий-маърифий ўчоқлар очиш, меъморчилик обидаларини таъмирлаш, 50 000 кишилик қизил қўшинни Бухородан чиқариб юбориб, миллий армияга асос солиш, ҳар қандай воситачисиз мустақил халқаро ҳамкорликка киришиш, мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш, ўзбек тилини давлат тили сифатида расмийлаштириб, ҳаётга татбиқ қилиш учун курашди. Бироқ 1921 – 1922 йилларда Москванинг Бухоро Республикаси ички ишларига аралашуви кучаяди. Бухоро миллий армияси РСФСР инқилобий ҳарбий кенгаши қўмондонлигига бўйсундирилади. Маълумки, 1921 – 1922 йилларда Шарқий Бухорода истиқлолчилик ҳаракати авж олган эди. Совет раҳбарлари озодлик учун курашчиларни тинчитишда, оз бўлса-да, вақтдан ютиш мақсадида БХСР давлатининг Усмон Хўжа сингари обрў-эътиборли арбобларидан фойдаландилар. 1921 йил 10 мартда Бутунбухоро МИКнинг Шарқий Бухоро бўйича фавқулодда ишлар вакиллиги тузилди. Унинг раиси Усмон Хўжа, аъзолари эса Мирзоанвар Азимов ва Абдулҳаким Қулмуҳаммедов эди. Усмон Хўжанинг укаси Отаулла Хўжаев 1921 йил 12 августда Балжувонда Давлатмандбек билан учрашиб, музокаралардан сўнг ўзаро шартнома имзолашга эришди.185
Архив ҳужжатларида келтирилишича, Усмон Хўжа БХСРнинг фавқулодда вакили сифатида Шарқий Бухорода хизмат сафарида юрган даврида, яъни 1921 йил 9 декабрда ўз ёрдамчилари: ҳарбий ишлар нозири муовини Али Ризобек, Термиз гарнизони қўмондони Ҳасанбек ва Дониёлбек ёрдамида Душанбе гарнизонидаги қизил аскарларни қуролсизлантиришган. Бу пайтда Душанбе яқинидаги Иброҳимбек қўрбоши қароргоҳида турган туркиялик ҳарбий саркарда Анвар Пошо ўз ёрдамчилари Ҳожи Сомий (у кейинчалик Салим Пошо номи билан машҳур бўлган) ва Усмон Афандини бир гуруҳ аскарлари билан Усмон Хўжага кўмак бериш учун юборади. Бироқ Иброҳимбек билан тил топиша олмаган Усмон Хўжа Боботоғ томонга чекиниб, 1922 йилнинг январь ойи бошларида ўз ихтиёридаги миллий ҳарбий қисмлар билан биргаликда Беҳбудий (ҳозирги Қарши) шаҳрига келади. Бу ерда турганида у узил-кесил бир қарорга келиб, большевиклар билан алоқани узган ва истиқлолчилар томонига ўтган.186 Қизил аскарларга қарши бир қатор тўқнашувлардан сўнг у хорижга жўнаб кетишга мажбур бўлган ва кейинчалик Кобулга келган. Усмон Хўжа умрининг охиригача муҳожирликда яшашга мажбур бўлади.
1921 йил бошларидан бошлаб Бухорода саноат ширкатлари ташкил қилинган. Савдо-сотиқ ва тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳолат ҳам БХСР иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган.
1921 йил 29 декабрда “Бухоро иккинчи саноат ширкати” ташкил қилиниб 1922 йил 4 январдан у ўз фаолиятини бошлаган. Бухоронинг Чиннифурушлар растасидаги Улуғбек мадрасасидан ширкат идораси учун жой ажратилган. БХСР ҳукумати томонидан 1922 йил 4 – 10 январда унга 500 млн сўм ақча ажратилган ва ширкат сармояси 1 млн олтин сўм қилиб белгиланган. Ўша давр матбуоти хабарларида ширкат фаолияти қуйидагича кўрсатилган “Бу ширкат совун заводи очиб бозордан 20000 сўмга олина турган совунни 1000 сўмга гугурт заводи қилиб 5000 сўмлик гугуртни 1000 сўмга сотмоқ ва шунга ўхшаш заводларни борлиққа келтириб нарсаларни арзон баҳога чиқариб қимматчиликни битирмак бўлгандур ҳам ширкатнинг сармояси кўпроқ тўпланиб кўпроқ нарсалар ишлашга имкон бўлсин учун ширкатнинг нархини арзон қилиб ҳар бир камбағалнинг ширкатга қўшилмоғига йўл очқонлардир. Ширкат ҳозирги кунда электрик истансаси бино қилиб шаҳар халқига лампа ўрнига электрик чироғи бермак учун бу тўғрида ҳисоб юрғизиб кўрди”187.
1922 йили саноат ширкати томонидан Бухорода электростанция қурилиши гугурт ва совун заводларининг очилиши БХСР ҳукумати ўтказаётган янги иқтисодий сиёсатнинг илк самаралари бўлган. Бу ҳолатлар БХСР ҳудудида қимматчиликка қарши кураш ва иқтисодий инқирознинг олдини олишда ҳам муайян даражада ижобий роль ўйнаган.
1920 йил кузида Бухоро шаҳрида Марказий халқ банки иш бошлаган. 1922 йил 15 октябрда Бухоро Давлат банки ҳам очилган. Бундан ташқари Бухорода Ўрта Осиё тижорат банкининг бўлимлари ва бошқа банклар ҳам фаолият кўрсатган. Бухорода Савдо банки ҳам очилиб унга Шодмон раис қилиб тайинланган188. Бу банклар БХСР ҳукумати раҳбарларининг фармойишига кўра иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик ширкатлари ва саноат корхоналари ташкил қилиш учун катта маблағ ажратган.189
БХСР вилоятлари, туманлари ва кентларида қишлоқ хўжалик кредит ширкатлари ташкил қилинган. Бу ширкатларнинг миқдори 1923 йил охирида 7 та 1924 йил 1 июлда 64 тага етган уларга 9688 киши аъзо бўлган190. Шунингдек бу даврда Бухорода 26 та пахта ширкатлари хам мавжуд эди. Бу ширкатлар томонидан берилган кредитларнинг умумий миқдори 1924 йил баҳорида 521000 червон рублни ташкил қилган. Ҳар бир хўжаликка 20 – 75 червон рубль ҳисобида кредит берилган. Лекин бу кредитлар қишлоқ хўжалигини тўлиқ тиклаш учун камлик қилар эди.
БХСРнинг Тошкентдаги Иқтисодий ваколатхонаси бошлиғи Головиннинг Бухоро Иқтисодий Кенгаши раиси А.Муҳитдинов номига 1923 йил 27 декабрда ёзган маълумотида айтилишича Ўрта Осиё қишлоқ хўжалик банки ширкатларга кредит ажратишдан ташқари тижорат операциялари билан ҳам шуғулланган яъни каустик сода мануфактура (газлама) вино каби товарларга ҳам кредит берган191.
Бухоро Давлат банки 1923 йилнинг биринчи ярмида мамлакат халқ хўжалигидаги давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги реал муносабатлардан келиб чиқиб давлат корхоналарига 17,2 минг олтин сўм (банк кредитлари умумий миқдорининг 7 фоизи) кооперация учун 5,5 минг олтин сўм (банк кредитлари умумий миқдорининг 2 фоизи) ширкатлар ва хусусий шахслар учун (деҳқонлар ҳам киради) 123 минг олтин сўм (банк кредитлари умумий миқдорининг 90 фоизи) кредит ажратган192. Бу ҳолат эса большевикларга ёқмаган.
Марказнинг тазйиқи билан 1923 йил ёзида БХСР Давлат банки раҳбарияти алмаштирилди. Давлат банки директори лавозимини Москвадан юборилган эмиссарлардан бири П.А.Мирошников эгаллади. У ўзининг “Бухоро бозоридаги савдо-саноат гуруҳлари ва Бухорода кредит масаласи” (1923) номли махсус маърузасида Марказнинг банк соҳасидаги молия сиёсатини асослаб берган193. Бу сиёсат Бухорони СССРга қарам қилиб қўйишни мўлжаллаган эди.
1923 йил 30 январда Тошкентда бўлган РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро) мажлисида (бу мажлис Я.Рудзутак раислигида ўтган) И.Любимов Я.Рудзутак ва Михайлов томонидан БХСР ҳукумати раҳбарияти хусусан Файзулла Хўжаев кескин танқид остига олинган. Бироқ Файзулла Хўжаев большевик доҳийларининг бу дағдағаларидан чўчимай БХСРнинг иқтисодий мустақиллигини дадиллик билан ҳимоя қилади. У ўз сўзида Бухоро Давлат банкида 5 млн сўмдан иборат тилла фонд борлиги БХСР иқтисодиёти қўшни Туркистон АССР ҳатто совет Россияси иқтисодиётига нисбатан анча барқарор ривожланаётганлигини таъкидлайди. Файзулла Хўжаев мажлисда ўз фикрини қуйидагича кескин иборалар билан тугатган “Ўртоқ Рудзутак … сиз ушбуни жуда яхши биласизки мен тижорат билан ҳам шуғулланмайман менда пул ҳам шахсий манфаатлар ҳам йўқ. Мени фақат бизнинг давлатимиз (БХСР кўзда тутилмоқда – Муҳ.) манфаатлари қизиқтиради ва шунинг учун ҳам биз ўз фикримизда қоламиз ва Сизлар ҳам бунга кўнишга мажбурсизлар”194.
Хуллас Марказнинг тазйиқларига қарамай Бухоро Давлат банки ва Ўрта Осиё қишлоқ хўжалик банки 1923/24 хўжалик йилида ҳам кредит ажратишни халқ хўжалиги аҳамиятига эга иш деб ҳисоблаган ва унга амал қилган195.
БХСР ҳукумати деҳқон хўжаликларига кооперация йўли билан ёрдам кўрсатиш мақсадида 1923 йил сентябрда кооперация тўғрисида декрет чиқарди ва “Бухоро Республикасида кооперациялар уюштириш бўйича Марказий кооператив комиссияси” тузилди196.
БХСР ҳукумати Бухоро қишлоқ хўжалик банкига камбағал деҳқонларга кредит бериш мақсадида 1 млн. червон рубль ажратган. 1924 йил январда бўлган Бутунбухоро МИК сессиясида БХСР Нозирлар Шўросининг раиси Файзулла Хўжаев қилган маърузада айтилишича, 1924 йил 1 апрелгача мамлакатда 60 та ширкат очиш кераклиги, Бухоро, Қарши, Кармана, Нурота, Чоржўй ва Қарши вилоятларидаги деҳқонларга 500 000 червон рубль миқдорида пул қарз берилиши таъкидланган. 1924 йил иккинчи чорагида асосан Шарқий Бухорода 40 та ширкат очилиши мўлжалланган197.
БХСРдаги иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Бухоро Иқтисодий Кенгаши муҳим роль ўйнаган. У ўз фаолиятини 1921 йил 12 мартда бошлаган эди.198 Кенгаш раиси этиб таниқли арбоб Муҳитдин Мансуров (Абдулқодир Муҳитдиновнинг отаси) тайинланган. Бухоро Иқтисодий Кенгаши 1921 йил 9 майда қайта тузилиб199, қуйидаги бўлимлардан иборат бўлган: “1) бошқарув; 2) ишлаб чиқариш; 3) савдо; 4) озиқ-овқат; 5) пахтачилик; 6) транспорт; 7) ҳарбий 8) молия”.200
Бошқарув бўлими раиси, унинг икки ўринбосари ва беш нафар аъзолардан иборат бўлган. Бухоро Иқтисодий Кенгаши мазкур бўлимлар орқали мамлакат иқтисодиёти устидан назоратни тўлиқ ўз қўлига олган.
Бухоро Иқтисодий Кенгаши ташаббуси билан 1921 йил 20 ноябрда РСФСР Савдо халқ комиссарлигининг Ўрта Осиёдаги вакили М.Д. Залсманов ва БХСР Савдо ва ишлаб чиқариш халқ нозири А.Муҳитдинов ўртасида савдо битими тузилган.201 Битимга мувофиқ Бухоро ҳукумати Ғарбий Европа бозорларига РСФСР воситачилигида 200 000 дона қоракўл тери сотган. РСФСР ҳукумати қоракўл тери учун 200 000 рубль олтин пулда аванс берган, шунингдек, БХСР ҳукумати учун керакли бўлган бошқа маҳсулотларни етказиб беришни ўз зиммасига олган.202
Бухоро Иқтисодий Кенгаши аҳолидан пахта хомашёсини сотиб олиш учун ташкил этилган “Бухтекстил” фабрикаси устидан ҳам умумий назорат ўрнатган. Фабриканинг пахта қабул қиладиган пунктлари Хатирчи, Калла, Кармана, Янгиқўрғон, Ғиждувон, Вобкент, Эски Бухоро, Лақлақа, Когон, Чоржўй, Карки, Термиз ва Шерободда очилган. Ушбу пунктлар аҳолидан 1921 йил маҳаллий пахта хомашёсини 225 000 пуд, америка навли пахта хомашёсини 57 000 пуд, жами 282 000 пуд пахта ҳосилини қабул қилган.203
Лекин большевиклар бу билан қаноатланмасдан Ўрта Осиё республикалари иқтисодиётини умумлаштириш ва улар иқтисодиёти устидан ягона назорат ўрнатиш мақсадида 1923 йил 5 – 9 мартда Тошкентда Туркистон, Бухоро, Хоразм Республикаларининг биринчи иқтисодий конференциясини чақиради. Мазкур конференциянинг 1923 йил 9 мартдаги охирги мажлисида учта республикани иқтисодий жиҳатдан бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, Тошкентда Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (СЭС) ташкил этилди.204
Файзулла Хўжаев Ўрта Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашуви тўғрисидаги фикрни бошида қўллаб-қувватламади. Чунки у иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқариш, ҳатто минтақа халқ хўжалиги истиқболлари тўғрисида қарор қабул қилишгача бўлган барча ишлар Марказ қўлига ўтаётганлигини энг аввало сезган ва бу сиёсатнинг машъум оқибатларини чуқур тушунган арбоб эди.
1923 йил 30 июнда БХСР ҳукумати Туркистон, Бухоро, Хоразм Республикаларининг биринчи иқтисодий конференцияси қарорларидан келиб чиқиб, Бухоро Меҳнат ва мудофаа кенгашини Бухоро Иқтисодий Кенгашига қайта айлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда БХСР ҳукумат қарорида шундай дейилади: “1923 йил 5 – 9 мартдаги Ўрта Осиё республикалари иқтисодий конференцияси қарорига кўра БХСР Халқ Нозирлар Шўроси ҳузурида Бухоро Иқтисодий Кенгаши қайта ташкил қилинсин”.205
Марказ Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши фаолиятига кенг йўл очиш ва Бухоро Халқ Совет Республикаси иқтисодиётини ўзига қарам қилиб олиш учун БХСР ҳукумати таркибини ўзгартиришга қарор қилди. Марказ томонидан кўрсатилаётган тазйиқларга қарамай, ХХСР Нозирлар Шўросидан фарқли ўлароқ, БХСР Нозирлар Шўроси тузилган пайтидан бошлаб то 1923 йил ёзигача бир маромда фаолият кўрсатиб, миллий манфаатларни изчил суръатда ҳимоя қилаётган эди. Албатта, бундай “ўзбошимчалик” Кремлда ўтирган большевик доҳийларининг ғазабини қўзғатар, уларни кескин чоралар кўришга ундарди.
Бухородаги демократик жараёнларга мамлакат ташқарисидан тазйиқ тобора кучайиб борди. 1923 йил 3 июнда Бухорога СССР Қуролли кучларининг Олий бош қўмондони С.С. Каменев, Туркистон фронти Инқилобий ҳарбий кенгаши раиси А.И. Корк, РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси аъзоси Михайлов ва бошқалар келишди. Улар Бухоро ҳукумати фаолиятидан қониқмаётганликларини очиқ айтиб, социалистик ўзгаришларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлашди. Орадан кўп ўтмай – 12 июнда РКП(б) МК Сиёсий бюроси махсус қарор қабул қилиб, Бухоро ҳукуматини советлаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди.
Совет ҳукумати БХСРдаги сиёсий вазиятни назорат қилиш ва ўз буйруқларини тез ва қаршиликсиз амалга ошириш учун РКП (б) МК котиби, РКП (б) МК Ўрта Осиё бюросининг раиси Я.Э. Рудзутакни 1923 йил июнь ойининг ўрталарида Бухорога жўнатди. 1923 йил 22 – 23 июнда Бухоро коммунистларининг кенгаши чақирилди ва бу масала махсус муҳокама қилинди. Икки кун давом этган кенгаш Я.Э. Рудзутак раислигида бўлиб, у БХСР раҳбарлари ва маҳаллий коммунистлар олдига қатъий талаблар қўйди. Бухоро ҳукумати аъзолари фаолиятини текшириш учун Абдулла Раҳимбоев, Устанур Саидмуродов, Позднишевдан иборат махсус комиссия тузилди. Файзулла Хўжаевнинг энг яқин сафдошлари бўлган собиқ Ёш бухоролик жадидларнинг деярли ҳаммасига турли асоссиз айблар қўйилиб, улар Бухоро ҳукумати таркибидан чиқариб ташланди. Хуллас, БХСР ҳукумати аъзоларидан 5 киши: Отаулла Хўжаев (Нозирлар Шўроси раисининг биринчи муовини ва касаба уюшмаси раиси), Фитрат (Маориф нозири), Наим Ёқубзода (Назорат комиссияси раиси), Саттор Хўжаев (Молия нозири), Муинжон Аминов (Бухоро Иқтисодий Кенгаши раиси), шунингдек, Мухторжон Саиджонов (Ички ишлар нозири) ўз вазифаларидан бутунлай четлаштирилди ва Бухородан бадарға қилинди. Бошқа нозирлар ҳам ўз ихтиёрларига кўра лавозимларидан бўшатилдилар.206
1923 йил июнда бўлган Бухоро Компартияси МК ёпиқ пленумида БКП МК масъул котиби Ражаб Муҳаметдинов ўрнига Абдулла Раҳимбоев сайланди.207

34-сурат. 107-бетга. БХСР ҳукумати таркиби. 1923 йил.

Шундай қилиб, БХСР ҳукумати Москва ва Тошкентнинг “коммунистик сабоғи”ни олган “тажрибали совет ходимлари” билан бир қаторда давлат бошқаруви соҳасида ҳеч қандай уқуви бўлмаган оддий коммунистлар (деҳқонлар, мардикорлар, косиблар, аравакашлар ва ҳ.к.) билан алмаштирилди. Бу ҳам Марказнинг ўзига хос ғирром ўйинларидан бири эди.
Хуллас, БХСР ҳукуматида Туркистондан юборилган эмиссарларнинг таъсири кучайиб борди. Инқилобий экстремистик унсурлар бу билан чекланиб қолмасдан, 1923 йил 14 августда бўлган Бутунбухоро Марказий Ижроия Қўмитаси фавқулодда сессиясида БХСР Конституциясига ҳам ўзгартириш киритишга муваффақ бўлдилар.208
Бутунбухоро халқ вакилларининг IV қурултойи (1923 йил 11 – 17 октябрь) Конституцияни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Унга биноан барча савдогар, мулкдор ва собиқ амалдорлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аммо ишчи ва косибларнинг сайлов ҳуқуқи кенгайтирилди. Шунингдек, қурултойда жамиятда ижтимоий беқарорликни кучайтирадиган ”Совет қурилиши тўғрисида” махсус қарор қабул қилинди. Жамият тобора сиёсийлашиб борди. Бухорода ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг тақдири хавф остида қолди. Марказнинг талаби билан мамлакатда сунъий равишда социалистик қайта қуришларни амалга оширишга киришилди. БХСРдаги бу кескин сиёсий вазият қизил армия ва большевикларга қарши қаратилган қуролли мухолифат ҳаракатининг кучайишида ҳам ўз ифодасини топди.209
БХСР ҳукумати маданият ва маориф соҳаларини ҳам ислоҳ қилишга катта эътибор қаратди. Бу борада БХСР ҳукумати таркибида ташкил қилинган Маориф халқ нозирлиги катта роль ўйнади. БХСР маориф нозирлари сифатида 1920 – 1924 йилларда Бухородаги жадидчилик ҳаракати ва Ёш бухороликларнинг етакчилари бўлган Қори Йўлдош Пўлатов (1890 – 1965), Абдулвоҳид Бурҳонов (1875 – 1934), Фитрат (1886 – 1938), Мусажон Саиджонов (1893 – 1937) фаолият кўрсатишди. Хусусан, Фитрат БХСРда маорифни ривожлантиришда катта хизмат қилди.

35-сурат. 108-бетга. Фитрат ва Саттор Хўжаев

Бутунбухоро инқилобий қўмитасининг 1920 йил 20 октябрдаги қарорида республика ҳудудидаги барча эски мактаблар ва мадрасаларни ислоҳ қилиш ва уларда дунёвий билимларни кенгроқ ўқитишни жорий қилиш кўзда тутилди. Шу билан бир қаторда янги типдаги мактаблар ташкил қилиш, аҳоли ўртасида саводсизликни тугатиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. 1923 йилга келиб БХСРда янги типдаги мактаблар сони 40 та бўлган бўлса, 1924 йилда 69 та умумтаълим, 4 та мусиқий, 3 та ҳунар мактаблари, 13 та интернат фаолият кўрсатди. Уларда жами 5604 нафар ўқувчи таълим олди. Бироқ бу рақам мактаб ёшидаги болаларнинг фақат 3,1 фоизини ташкил қилар эди, холос210.
Маориф ва мактаб тизимини йўлга қўйишда энг асосий меъёрий ҳужжат БХСРнинг дастлабки маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов раҳбарлигида ишлаб чиқилган “Мактаблар ҳақида умумий қоидалар” (“Қоидалар”) бўлиб, унинг матни 1920 йил 29 ноябрда “Бухоро ахбори” газетаси саҳифаларида тўла ҳолича эълон қилинди211. Мазкур қоидаларда БХСРда маорифни йўлга қўйишнинг умумий вазифалари, мактаб маъмуриятида бошқарув, педагог ходимларга маош тўлаш тартиби, мактабда фанларнинг ҳамда таълим-тарбиянинг асосий йўналишлари қайд этилади212.
БХСРда 1920 йил охири ва 1921 йил бошларида маориф тизимини йўлга қўйиш мақсадида турли шаклдаги таълим муассасалари очилган. “Бухоро ахбори” ва “Озод Бухоро” газеталаридаги маълумотларга таяниб, республикада фаолият бошлаган мазкур муассасаларни бир неча тармоқларга ажратиш мумкин: пойтахт Бухоро шаҳри ва вилоятларда ибтидоий (бошланғич) ва умумий таълим берадиган мактаблар, намуна мактаблари, хотин-қизлар мактаблари, ҳунар мактаблари, мусиқа, духовой оркестр мактаблари, устахона мактаблари, сиёсий мактаблар, рус тили мактаблари, дорулмуаллимин (ўқитувчилар билим юрти), хотин-қизлардан муаллимлар етиштириш учун 6 ойлик таълим-тарбия курслари, диний таълим берадиган эски усул мактаблари, шу соҳада олий таълим берувчи муллаваччалар тайёрлайдиган дорулилм, саводсизликни тугатиш мактаблари, кечки курслар ва бошқалар.
Бухоро вилояти маориф шуъбаси томонидан 1921 йилнинг январида Эски Бухорода 5 та мактаб, бутун вилоят бўйича 15 та мактаб, битта хотин-қизлар мактаби, битта ҳунар мактаби мавжудлиги хабар қилинади. 1922 йилда шу каби мактабларни 80 тагача етказиш режаси қайд қилинган. Айни шу даврда 5 жойда кечки курслар ҳам фаолият олиб бориб, улардан биттасида форс, турк, рус, немис тилларида таълим берилиб, 120 киши таълим олган экан213.
1921 – 1922 ўқув йилидан бошлаб Бухоро шаҳрида биринчи дорулмуаллимин очилган. Дорулмуаллиминда ўқиш муддати 2 йиллик бўлиб, аҳзори – сиртқи бўлим ҳам мавжуд эди. Дорулмуаллимин тайёрлов бўлимига қабул қилинадиган ўқувчи-талабалар ёши 15 дан кам, 22 ёшдан катта бўлмаслиги шарт қилиб қўйилган. “Дорулмуаллиминнинг очилиши илм ва маориф йўлида биринчи одимдир. Бухоронинг истиқболи ва саодати учун дорулмуаллиминнинг яшамоғи лозимдир. Бунга ҳукумат аҳамият бериб, бунинг яшамоғини таъмин этиш керакдир”214, деб ёзилади “Бухоро ахбори” газетасида. Унда таҳсил олиш учун БХСРнинг 10 та вилоятидан ёшлар тўпланган.
1921 – 1922 ўқув йилида Янги Чоржўй шаҳрида иккинчи дорулмуаллимин ҳам иш бошлади. “Янги Чоржўйда собиқ амир ҳукумати тарафидан солинган Николай гимназияси (Россия подшоси Николай номи билан аталган) ўқув юрти биносида ўтган сана (1921) дорулмуаллимин иш бошлағон эди. Бунга маориф назорати томонидан Файзулло Хўжа исми берилиб, очилиш маросимида ҳукумат бошлиқлари қатнашди”215,– дейилади газета хабарларида.
Ўқув даргоҳига қўшни туркий республикалардан (Татаристон АССР, Бошқирдистон АССР, Туркистон АССР) педагог муаллимлар ишлаш учун таклиф қилинган. Бироқ БХСР маориф тизимида фаолият кўрсатган ушбу вакиллар турли сабаблар туфайли орадан кўп ўтмасдан ўз ватанларига қайтиб кетишган.
БХСР ташкил топган дастлабки йилларданоқ маданият муассасаларидан театр, кутубхона, қироатхона, музей, клуб, чойхона, болалар боғчаси ташкил этиш билан боғлиқ амалий вазифалар бажарилган. 1921 йилда республиканинг маркази Эски Бухорода ва Карки шаҳрида театр биноси қурилди. 1922 йилдан бошлаб Қоракўл, Шеробод, Кармана, Чоржўй, Шаҳрисабз, Янги Бухорода ҳам театр томошалари ташкил этилган216. Гарчи малакали мутахассис ва артистлар етарли бўлмаса-да, ҳаваскор труппалар томонидан “Қизил қўшин” (Шерободда), “Қозикалон” (Қоракўлда), “Жувонбоз қўрбоши” (Карманада) каби пьесалар намойиш этилди217. Албатта, бу пьесаларда синфий кураш ғояси ва коммунистик мафкура устунлик қилган.
БХСР ҳукумати 1920 йил охириданоқ маориф назорати қарамоғида турли тиллардаги адабиётлар мавжуд бўлган давлат кутубхонасини ташкил қилиш чораларини кўрган. 1921 йил ёзига келиб Бухородаги энг катта кутубхона Минораи Калон атрофида Абу Али ибн Сино номи билан очилди. Бу марказий кутубхона бўлиб, 1924 йилга келиб унда ўзбек, форс, тожик, турк ва араб тилларида 43000 жилд, рус тилида 20000 жилд, яҳудий тилида 1800 жилд китоб мавжуд бўлган218. 1923 – 1924 йилларда Эски Чоржўй, Карки, Термиз, Қарши, Ғузор, Китоб, Шаҳрисабз, Карманада кутубхоналар бўлган.
1922 йилнинг 8 ноябрида Бухоро яқинидаги Ситораи Мохи Хоса (Бухоро амирларининг ёзги саройи)да музей очилди. Бухорода фаолият бошлаган биринчи музейнинг очилишида ҳукумат раҳбарлари ҳам иштирок қилиб, ўша пайтда БХСР Нозирлар Шўроси раиси вазифасини бажарувчи Отаулла Хўжаев унда нутқ сўзлаган. Бухоро музейининг очилиши ва у билан боғлиқ маросим ва тантаналар ҳамда музейда тўпланган экспонатлар ҳақида “Бухоро ахбори” газетасида йирик мақола босилади219.
БХСРда аҳолини маданий ҳаётга кенгроқ тортиш учун 1923 – 1924 йилларда 5 та клуб ва 10 та қизил чойхона очилган. Қизил чойхона ва клублар турли вилоят ва туманларда ҳам ташкил қилинган220.
Бухородаги тарихий ва маданий ёдгорликларни ўрганиш ва уларни муҳофаза қилиш мақсадида 1920 йил охирида БХСР Маориф нозирлиги ҳузурида тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш учун махсус шуъба ташкил қилинди. Ушбу шуъба ишида, айниқса, Абдураҳим Юсуфзода фаоллик кўрсатди. Унинг ташаббуси билан 1924 йил 1 августда Москвада Бухородаги мавжуд тарих ва маданий обидаларни таъмирлаш бўйича шартнома тузилди. Шунингдек, Бухоро ҳукумати мамлакатда маданий оқартув муассасалари ташкил қилиш ва улар фаолиятини яхшилашга ҳам эътибор қаратди. 1924 йилга келиб БХСРда 14 та кутубхона, драма театри, музей ва кўплаб клублар аҳолига хизмат кўрсатди. Ўзбек ва рус тиларида янги газета ва журналлар ҳамда бошқа адабиётлар чоп этиш ҳам йўлга қўйилди221.
1924 йил 18 – 20 сентябрда бўлиб ўтган Бутунбухоро халқ вакилларининг 5-қурултойида БХСРни Бухоро Совет Социалистик Республикаси (БССР)га айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. БССРнинг тузилиши юқорида туриб сунъий тарзда амалга оширилган ҳодиса эди. Натижада тараққиётнинг демократик йўли инкор қилиниб, социалистик йўналиш танланди. Марказдаги большевик раҳбарларининг Бухоро ва Хоразм Халқ Республикаларини социалистик республикага айлантиришдан қўзда тутган асосий мақсадлари маҳаллий халқларни тезроқ советлаштириш ва руслаштириш, уларнинг онгига коммунизм мафкурасини сингдириш эди. Шарқда “социализмнинг порлоқ ғалабаси”ни таъминлаш учун бу жуда зарур бўлган.
Қурултойда Файзулла Хўжаев БХСР ҳукуматининг иши тўғрисида ҳисобот берди ва “Ўрта Осиёнинг миллий давлат чегараланиши тўғрисида” маъруза қилди.222 Қурултой қатнашчилари халқ ҳукуматининг 4 йиллик фаолияти якунларини чиқариб, Ўрта Осиёда миллий республикалар тузиш зарурлигини ёқлашди. 1924 йил 18 ноябрда Туркистон АССР, Бухоро ССР ва Хоразм ССР Марказий Ижроия Қўмиталари қўшма қарор қабул қилдилар ва қарорга биноан ўз ваколатларини Ўзбекистон ССР Советларининг Таъсис қурултойига қадар иш кўрувчи Файзулла Хўжаев раислигида янги ташкил этилган Ўзбекистон ССР Муваққат инқилобий комитетига топширдилар. Шундай қилиб, Ўрта Осиё республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланиши деб аталмиш тадбир асосида 1924 йил ноябрь ойи охирида Бухоро ССР тугатилиб, унинг ҳудуди янги ташкил қилинган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ва Тожикистон АССР (1929 йилдан Тожикистон ССР)га киритилди.
Хуллас, 1920 – 1924 йилларда БХСРда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди. Иқтисодий ислоҳотлар асосан янги валютани жорий қилиш, савдо-сотиқ муносабатларини йўлга қўйиш, янгича асосдаги банк ва божхона тизимини ташкил этиш ва шакллантириш каби иқтисодий масалалар билан бевосита боғлиқдир. Ушбу ўзгаришлар натижасида қисқа муддат ичида Бухоро Халқ Совет Республикасида иқтисодиёт, хусусан, қишлоқ хўжалиги жонланиб, халқнинг турмуш даражаси амирлик давридагига нисбатан анча яхшиланди.



Download 178.2 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling