6-мавзу. Ёшлар ва оила маъруза режаси


Download 27.04 Kb.
bet2/2
Sana20.09.2023
Hajmi27.04 Kb.
#1681783
1   2
Bog'liq
6-мавзу

Оила ҳам муҳим ижтимоий институтлардан бири ҳисобланади. Унинг фаолияти ҳуқуқий ва бошқа ижтимоий меъёрлар билан белгиланади. Ушбу институтлар билан бир қаторда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, маданий-тарбиявий муассасалар ва ҳ.к. тизими каби ижтимоий-маданий институтлар ҳам сезиларли аҳамиятга эга. Шунингдек, жамиятда дин институти ҳам кўзга ташланадиган ролни ўйнашда давом этмоқда.


Инсондаги маънавият асослари, ахлоқ меъёрлари айнан оилада шаклланади, шахс ички дунёсининг индивидуал сифатлари очилади. Оила нафақат шахснинг шаклланишига, балки унинг ўзини кўрсатишига ҳам ёрдам беради, унинг ижтимоий, ижодий фаоллигини рағбатлантиради, ўзига хос томонларини очиб беради. Цивилизация ривожланиши билан оила ўз зиммасидаги ғам-ташвишларнинг бир қисмини бошқа ижтимоий институт ва ташкилотларга юклади, бу билан ота-оналар кўпроқ бўш вақтга эга бўлишди, болалар эса жамиятда ижтимоийлашув имконини олишди. Оила ва бошқа ижтимоий институтларнинг ўзаро алоқаси фарзанд туғилган пайтдан бошлаб намоён бўлади, ушбу алоқа қанчалик яхши йўлга қўйилган бўлса, боланинг тўлақонли шахсга айланиш босқичларини босиб ўтиши шунчалик осон бўлади. Ижтимоий муҳит жамиятдаги ижтимоий меъёрларни ва маданий қадриятларни ўзлаштиришга ёрдам беради, бунда оила таянч асос ҳисобланади, шахсиятнинг пойдевори қўйилади, кейинги «бунёдкорлик ишлари»ни эса мактаб, сўнгра навбатдаги ўқув юрти, кейин ишхонадаги жамоа амалга оширади.
Бола ўзининг ижтимоийлашувини оилада бошлайди, аммо оила ўз навбатида касалхоналар, мактаблар, болалар муассасалари, мактаблар, иш жамоаси, спорт секциялари, маданият муассасалари, давлат идоралари, норасмий бирлашмалар, диний идоралар, дўстлар ва бошқа кўплаб ташкилотлар билан мулоқот қилиш заруратига тўқнаш келади. Айнан ушбу барча ташкилот ва муассасаларнинг ўзаро алоқаси жараёнида ёш шахс шаклланиб боради. Оиланинг ушбу ташкилотлар билан ўзаро муносабати қанчалик яхши йўлга қўйилган бўлса, шунчалик ижтимоийлашган, омадли шахс балоғатга етади.
А.Г.Харчев оилани кишиларнинг никоҳ ва қон-қариндошлигига асосланган, турмушнинг умумийлиги ва ўзаро масъулият билан боғланган институт сифатида таърифлайди. Оилавий муносабатларнинг бирламчи асосини никоҳ ташкил этади. Никоҳ – бу аёл ва эркак ўртасидаги муносабатларнинг тарихан ўзгариб турадиган ижтимоий шакли бўлиб, унинг ёрдамида жамият одамларнинг жинсий ҳаётини тартибга солади ва санкциялайди, уларнинг эр-хотинлик ва қариндошлик ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатади. Аммо оила, одатда никоҳга қараганда муносабатларнинг мураккаброқ тизими ҳисобланади, чунки у нафақат эр-хотинларни, балки фарзандлар ва бошқа қариндошларни ҳам бирлаштириши мумкин. Шу боис оилага шунчаки никоҳ гуруҳи сифатида эмас, балки ижтимоий институт, яъни ижобий ва салбий санкциялар тизими орқали кенг ижтимоий назоратга дучор бўладиган муайян қадриятлар ва меъёрлар асосида ўзаро алоқа ва муносабатларнинг барча алоқаларини тартибга солувчи ҳамда инсон наслини кўпайтириш функциясини бажарувчи индивидларнинг ўзаро алоқа ва муносабатлар тизими сифатида қараш керак. Оила ижтимоий институт сифатида бир қатор босқичлардан ўтади, уларнинг кетма-кетлиги оилавий цикл ёки оиланинг ҳаётий циклини ташкил этади. Тадқиқотчилар ушбу циклнинг турли миқдордаги фазаларини ажратади, уларнинг орасида қуйидагилари асосий ҳисобланади:
1) илк никоҳни қуриш – оиланинг пайдо бўлиши;
2) бола туғилишининг бошланиши – биринчи фарзанднинг дунёга келиши;
3) бола туғилишининг якунланиши – охирги фарзанднинг дунёга келиши;
4) «бўш қолган уя» – охирги фарзанднинг никоҳ қуриши ва оиладан ажралиб чиқиши;
5) оиланинг тугаши – эр-хотинлардан бирининг ўлими. Ҳар бир босқичда оила ўзига хос ижтимоий ва иқтисодий характеристикага эга бўлади.
Оила социологиясида оила ташкилоти турларини ажратишнинг шундай умумий тамойиллари қабул қилинган. Никоҳ шаклига қараб, бир никоҳли(моногам) ва кўп никоҳли(полигам) оила ажратилади. Бир никоҳли оила никоҳ жуфтлиги, яъни эр ва хотиннинг бўлишини кўзда тутади, кўп никоҳли оилада эса, одатда эр бир нечта хотинли бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Қариндошлик алоқаларининг тузилишига қараб оддий, нуклеар ёки мураккаб, кенгайтирилган оила турлари ажратилади. Нуклеар оила никоҳда турмаган, аммо фарзандли эр-хотин жуфтлигидан иборат бўлади. Агар оиладаги фарзандларнинг баъзилари никоҳда бўлса, ўз ичига икки ёки ундан зиёд авлодни олувчи кенгайтирилган ёки мураккаб оила ҳосил бўлади.
Оила социал институт сифатида жамият шаклланиши билан бирга юзага келди. Оиланинг шаклланиш ва фаолият юритиш жараёни қадриятли-меъёрий бошқарувчиларга боғланган. Уларга, масалан, севгилисининг кўнглини олиш, никоҳ жуфтини танлаш, эр ва хотин, ота-оналар, болалар ва ҳ. амал қиладиган хулқ-атворнинг сексуал андозалари, меъёрлари ҳамда уларни бажармаганлик учун санкциялар киради. Ушбу қадриятлар, меъёрлар ва санкциялар мазкур жамиятда қабул қилинган эр ва хотин ўртасидаги тарихан ўзгариб турадиган муносабатлар шаклидан иборат бўлиб, унинг ёрдамида эр-хотин ўзларининг жинсий ҳаётини тартибга солади ва тасдиқлайди, эр-хотинлик, ота-оналик ва ўзга қариндошчилик ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатади. Жамият ривожланишининг бошланғич босқичларида эркак ва аёл, катта ва ёш авлод орасидаги муносабатлар қабила ва уруғ урф-одатлари билан тартибга солинган. Улар диний ва маънавий тасаввурларга асосланган хулқ-атворнинг синкретик меъёрлари ва намуналаридан иборат бўлган. Давлат пайдо бўлиши билан оилавий ҳаётни тартибга солиш ҳуқуқий характер касб этди. Никоҳни юридик расмийлаштириш нафақат эр-хотинга, балки уларнинг иттифоқини тасдиқловчи давлатга ҳам муайян мажбуриятларни юклади. Эндиликда ижтимоий назорат ва санкцияни нафақат жамоатчилик фикри, балки давлат органлари ҳам амалга ошира бошлади. А.Г.Харчевнинг таърифидан келиб чиқиладиган бўлса, репродуктивлик оиланинг асосий, бирламчи функцияси ҳисобланади, яъни жамият учун аҳолини биологик кўпайтириш ҳамда шахсан ўзи учун болаларга бўлган эҳтиёжини қондириш. Ушбу асосий функция билан бирга оила бир қатор бошқа муҳим ижтимоий функцияларни ҳам бажаради:
а) тарбиявий – ёш авлодни ижтимоийлаштириш, жамиятни маданий такрор ишлаб чиқаришни сақлаб туриш;
б) хўжалик-турмуш – жамият аъзоларининг жисмоний саломатлигини сақлаш, фарзандлар ва оиладаги қарияларни парвариш қилиш;
в) иқтисодий – оила аъзоларининг бошқалар учун моддий маблағларни олиши, жамиятнинг вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз аъзоларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
г) бирламчи ижтимоий назорат соҳаси – оила аъзоларининг хулқ-атворларини ахлоқий жиҳатдан қатъий белгилаш, шунингдек эр-хотинлар, ота-оналар ва болалар, катта ва ўрта авлод вакиллари ўртасидаги муносабатларда жавобгарлик ва мажбуриятларни қатъий белгилаш;
д) маънавий мулоқот – оила аъзоларини шахс сифатида ривожлантириш, ўзаро маънавий бойитиш;
е) ижтимоий-мавқе – оила аъзоларига муайян ижтимоий мавқени тақдим этиш, ижтимоий тузилмани такрор яратиш;
ж) бўш вақт – бўш вақтни оқилона ташкил этиш, манфаатларни ўзаро бойитиш;
з) эмоционал – руҳий ҳимоя, эмоционал мададни олиш, индивидларнинг эмоционал барқарорлашуви ва уларнинг руҳий терапияси.
Оилани ижтимоий институт сифатида тушуниш учун оиладаги роллар муносабатини таҳлил қилиш катта аҳамиятга эга. Оилавий роль – бу кишининг жамиятдаги ижтимоий роллари турларидан биридир. Оилавий роллар индивиднинг оила гуруҳидаги ўрни ва функциялари ҳамда биринчи навбатда эр-хотин, ота-она, фарзанд (ўғил, қиз, ака-ука, опа-сингил), авлодлараро ва авлодлар ичидаги аъзоларга (бобо, буви, катта, кичик) бўлиниши билан белгиланади. Оиладаги ролни ижро этиш бир қатор шартларни бажаришга, биринчи навбатда, рол образини тўғри шакллантиришга боғлиқ. Индивид эр ёки хотин, оилада катта ёки кичик бўлиш қандайлигини, ундан қандай хулқ-атворни кутишларини, унга у ёки бу хулқ-атворга эга бўлишини қайси қоидалар, меъёрлар буюришини аниқ тасаввур қилиши керак. Ўз хулқ-атвори тарзини ифодалаб бериш учун индивид ўзининг ва бошқаларнинг оилавий роллар тузилмасидаги ўрнини аниқ белгилаши лозим. Масалан, умуман олганда у оила бошлиғининг, ёки хусусан, оиланинг моддий бойлигини идора қилувчи ролини бажара оладими? Шу нуқтаи-назардан у ёки бу ролни бажарувчисининг шахсияти билан мос келиши сезиларли аҳамиятга эга. Оилада ёши катта ёки рол мавқейи бўйича катта (масалан, эр) бўлса ҳам, иродаси заиф киши замонавий шароитларда оила бошлиғи ролига тўғри келмайди. Оилани муваффақиятли шакллантириш учун оилавий ролнинг вазиятли талабларига таъсирчанлик ва у билан боғлиқ бўлган ҳамда вазият талаб этиши билан бир ролдан дарҳол иккинчисига қийинчиликсиз киришиш қобилиятида намоён бўладиган ролли хулқ-атворнинг мослашувчанлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Масалан, оиланинг у ёки бу бадавлат аъзоси бошқа аъзоларга моддий ёрдам берадиган ҳомий ролини ўйнайди, аммо унинг молиявий аҳволи ўзгариши оиладаги ролининг ҳам ўзгаришини талаб этади. Муайян функцияларни бажаришда вужудга келадиган оиладаги ролли муносабатлар ролли келишиш ёки ролли низо билан характерланиши мумкин. Социологлар ролли низо кўп ҳолларда қуйидагича намоён бўлишини қайд этишади:
1) ролли образлар низоси, бу уларнинг оиладаги бир аъзода ёки бир нечта аъзода нотўғри шаклланиши билан боғлиқ;
2) роллар орасидаги низо, бунда зиддият турли роллардан келиб чиқувчи ролли умидларнинг қарама-қаршилигида мавжуд бўлади. Бундай низолар кўп авлодли оилаларда тез-тез кузатилади. Уларда иккинчи авлодга мансуб эр-хотин бир пайтнинг ўзида ҳам, фарзанд, ҳам ота-она ҳисобланади ва шунга муносиб тарзда қарама-қарши ролларни биргаликда ўйнашлари лозим бўлади;
3) рол ичидаги низо, бунда бир рол қарама-қарши талабларни ўз ичига олади. Замонавий оилада бундай муаммолар кўп ҳолатларда аёллар ролига хос бўлади.
Бу аёл роли бир пайтнинг ўзида анъанавий ролни (уй бекаси, болалар тарбиячиси, оила аъзоларига қаровчи ва ҳ.к.) ҳамда эр-хотинларнинг оилани моддий маблағ билан таъминлашда тенг иштирок этишини кўзда тутувчи замонавий ролни мужассам этадиган ҳолатларга тегишлидир. Агар хотин ижтимоий ёки касбий соҳада юқорироқ мавқени эгаллаган бўлса, низо чуқурлашиши мумкин, чунки бунда аёл ўз мавқесига боғлиқ ролли функцияларни ички оилавий муносабатларга ҳам олиб киради. Бундай ҳолатларда эр-хотиннинг ўз ролларини мослашувчанлик билан ўзгартиришга қодирлиги муҳим аҳамият касб этади. Ролли низога замин яратувчи омиллар орасида ролни руҳий ўзлаштириш билан боғлиқ қийинчиликлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ахлоқий ва эмоционал жиҳатдан етарли даражада етилмаганлик, эр-хотин ва, айниқса, ота-она ролини бажаришга тайёр эмаслик каби эр-хотин шахсиятларининг ўзига хос томонларига боғлиқ. Масалан, қиз бола турмушга чиқар экан, оиладаги хўжалик ишларини ўз зиммасига олишни ёки бола туғишни ҳечам истамайди, унга она ролига юклатиладиган чекловларга бўйсунмаган ҳолда олдинги ҳаёт тарзини юритишга ҳаракат қилади ва ҳ.к.
Замонавий жамиятда оиланинг социал институт сифатида заифлашуви жараёни, унинг ижтимоий функциялари, ролга асосланмаган оилавий муносабатлари ўзгариши кузатилмоқда. Оила индивидларни ижтимоийлаштириш, бўш вақтни ташкил қилиш ва бошқа муҳим функциялар бўйича ўзининг етакчилик позициясини йўқотаётир. Анъанавий роллар, яъни аёл уй хўжалигини юритиб, бола туғадиган ва тарбиялайдиган, эр эса хўжайин бўлиб, кўп ҳолларда мол-мулкнинг ягона мулкдори бўлган роллар ўрнини, христиан ва буддизм маданиятлари ривожланган мамлакатларда кўпгина аёллар ишлаб чиқариш, сиёсий фаолият, оилани иқтисодий таъминлашда қатнашадиган ҳамда оилавий қарорларни қабул қилишда тенг, баъзида эса етакчиликни қўлга олган роллар эгалламоқда. Бу оила фаолиятининг характерини тубдан ўзгартирди ва жамият учун бир қатор ижобий ва салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Бир томондан, у аёлнинг ўзлигини англашига, эр-хотинлик муносабатларида тенгликка эришишига ёрдам берган бўлса, бошқа томондан, низоли вазиятни чуқурлаштирди, туғилишнинг камайишига ва ўлим даражасининг ошишига олиб келган ҳолда демографик вазиятга таъсир кўрсатди.
Download 27.04 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling