7-мавзу: жамият ва тарих фалсафаси режа


Download 38.27 Kb.
bet2/2
Sana26.01.2023
Hajmi38.27 Kb.
#1129325
1   2
Bog'liq
7 МАВЗУ (2)

аксиологиянинг мустақил фан сифатида ривожланаётганлигидир. Собиқ совет жамиятида буржуа фани сифатида камситиб келинган аксиология мустақиллик йилларида маънавий ҳаётимизда ўз ўрнини топиш имконига эга бўлди.
XIX асрнинг 60- йилларида фалсафага қадрият тушунчаси кириб келди. Бу - инсониятнинг синфий, сиёсий, мафкуравий манфаатларидан устун турадиган, оламга бутунлай янгича муносабатни ифодалайдиган тушунчалар яратиш йўлидаги катта ютуқ эди. ХХ аср бошларига келиб қадриятлар моҳияти, мазмуни ва функцияларини ўрганиш билан шуғулланувчи фалсафанинг алоҳида бир соҳаси - аксиологияга француз мутафаккири П. Лапи ва немис олими Э. Гартман асос солдилар.
ХХ аср бошларида оламга, ижтимоий - сиёсий борлиққа илмий, диний, бадиий-эстетик ёндошишдан кескин фарқланадиган қадриятли онг, қадриятли муносабат ва қадрлаш ҳисси ривожлана бошлади. Аниқроғи, оламга қадриятли муносабатнинг моҳияти ва мазмунини илмий асосда ўрганишга алоҳида эътибор берила бошлади.
Қадрият фалсафий тушунча бўлиб, аввал бошданоқ умумбашарий мазмун касб этиб, инсониятни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириб, ер юзида тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим омили вазифасини бажара бошлади. XX аср ўрталаригача фалсафада “борлиқ” ва “қадрият” бири-биридан ажратилмас эди. Борлиқдаги икки муҳим элемент: ниманингдир мавжудлиги ва унинг аҳамияти бири-биридан фарқланиши билан қадрият тўғрисидаги тушунча ва уни ўрганувчи фан соҳаси (аксиология) вужудга келди.
Бошқача қилиб айтганда, объект билан субъектнинг ўзаро муносабатида субъект объектда ўзи учун қандайдир аҳамиятли томон мавжудлигини кашф этди ва ўшани “қадрият” тушунчаси орқали ифода этди.
Қадриятлар - воқеликдаги нарса ва ҳодисаларнинг субъект учун аҳамиятини ифода этадиган фалсафий тушунчадир.
Инсониятнинг улуғ мутафаккирлари, донишмандлари инсон ва унинг ҳаёти учун, ижтимоий тотувлик учун нимаики зарур бўлса, ўшани буюк неъмат, қадрият сифатида эoзозлаб келганлар, ёш авлодда ҳаёт учун зарур бўлган барча нарсаларни қадрлаш ҳиссини тарбиялашга алоҳида эътибор берганлар. И. Каримов таъкидлаганидек: “халқнинг маданий қадриятлари, маънавий мероси минг йиллар мобайнида Шарқ халқлари учун қудратли маънавият манбаи бўлиб хизмат қилган” (Каримов И. А. Ўзбекистон ХXI аср бўсағасида. 137-бет).
Қадриятлар жамиятни инсонпарварлаштиришга, халқлар, миллатлар ва давлатлар ўртасидаги зиддият ва ихтилофларни оқилона ҳал этишга, бутун жаҳонни ташвишлантираётган экологик танглик, қашшоқлик, СПИД, гиёҳвандлик, терроризм сингари глобал муаммоларни, минтақавий можароларни оқилона ҳал этишга ёрдам беради.
Инсониятнинг улуғ мутафаккирлари қадриятлар моҳиятини теранроқ идрок этишга ва айниқса тарихнинг бурилиш нуқталарида “қадрият нима?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилганлар. Инсоният жамияти, унинг маънавий-интеллектуал салоҳияти ривожланиб боргани сайин қадриятлар тўғрисидаги тушунча ҳам тобора чуқурроқ мазмун ва аҳамият касб этиб борган.
Ҳар бир тарихий давр ўзига хос қадриятлар тизимини яратган ва шунга таяниб, ижтимоий - сиёсий муаммоларни оқилона ҳал этишга ҳаракат қилган.
Марказий Осиёдан етишиб чиққан улуғ аждоларимиз ўз асарларида маънавий қадриятларни, хусусан, диний, ахлоқий, маoрифий қадриятларни кенг тарғиб этишга, дўстлик, меҳнатпарварлик, ватанпарварлик, ҳалоллик сингари ахлоқий қадриятларни эъзозлашга даъват этганлар. “Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди. Биз маънавий қадриятларни тиклашни миллий ўзликни англашнинг ўсишидан, халқнинг маънавий сарчашмаларига, унинг илдизларига қайтишдан иборат узвий, табиий жараён деб ҳисоблаймиз”. (И.А Каримов.Юқоридаги асар, ўша ерда).
Дарҳақиқат, ҳозирги замон фалсафасида моддий ва маънавий борлиққа қадриятли ёндашиш, кишиларда қадрлаш ҳисси ва маданиятини ривожлантириш, қадриятлар моҳиятини илмий- фалсафий идрок этиш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамият касб этаяпти.
Қадрият нима? “Қадрият” тушунчасининг келиб чиқиши “қадр-қиммат” сўзи билан боғлиқ бўлиб, “қадр-қиммат” кишиларнинг ҳаётдаги ўрни, мавқеини тавсифловчи сўз сифатида кундалик ҳаётда кўп қўлланади.
Масалан, “қадримга йиғлайман”, “қадри ўтди”, “қадрдон” сингари ибораларни кўп учратамиз. Лекин шунга қарамай “қадрият” фалсафий тушунча сифатида моҳиятан “қадр-қиммат” сўзига нисбатан кенг қамровли ва барқарор тушунчадир.
Қадрият фалсафий тушунча сифатида:
Биринчидан, нарса, ҳодиса, жараёнларнинг объектив борлиғини, уларнинг шахс, гурух ва жамият учун инсоний аҳамиятини ифодалайди.
Иккинчидан, оламдаги нарса ва ҳодисалар такомиллашиб боргани сайин, уларнинг инсон, гурух, жамият ҳаётидаги аҳамияти ортиб боргани сари қадриятларнинг мазмуни ҳам тобора чуқурлашиб ва кенгайиб бораверади.
Учинчидан, қадриятлар “ижтимоий - тарихий амалиёт жараёнида кишилар томонидан кўп марта синалгач, инсоният ўз тажрибасида нарса, ҳодиса, ғояларнинг муҳим ва зарурлигига ишонч ҳосил қилгач, уларни қадрият сифатида англай бошлайди; қадриятлар умумбашарий аҳамият касб эта бошлайди.
Тўртинчидан, қадриятлар нарса ва ҳодисаларнинг реал борлиғини, уларнинг жамият ва шахс учун аҳамиятини объектив равишда акс эттирса ҳам уларнинг кишилар томонидан идрок этилиши ва қадрланиши субъектив характерга эга бўлади.
Шахс, коллектив ва жамият маънавияти юксалиб, манфаатларнинг уйғунлашиб бориши билан кишилар ҳаётида қадриятларнинг аҳамияти ортиб бораверади. Қадрият фалсафий тушунча сифатида қарор топгунига қадар жуда узоқ давом этган эволюцион тараққиёт йўлини босиб ўтган. Хусусан, ХХ аср бошларига қадар қадрият тушунчаси билан бирга “бойлик”, “неъмат” тушунчалари параллел қўлланган. Бу айниқса халқ мақоллари, нақл ва маталларида ўз аксини топган: “Соғлигинг-бойлигинг”, “Сиҳат-саломатлик - туман бойлик”, “Вақт - ғанимат” ва ҳ. к.
Кишилар ҳаётда ўзлари учун зарур ва фойдали бўлган барча нарса ва ҳодисаларни қадрлашга, авайлаб-асрашга ҳаракат қилганлар ва ўзларининг объектив борлиққа бўлган бундай муносабатларини қадрият деб атаганлар.
Оламга қадриятли муносабат қадриятли онг тараққиётининг маҳсулидир, албатта. Қадриятли онг ҳар бир халқнинг кундалик ҳаёти, фикрлаш тарзи, миллий руҳи билан узвий боғлиқ равишда ривожланган. Шунинг учун ҳам бирон бир халқ учун қадрият ҳисобланган нарса ва ҳодисалар бошқа халқлар учун аҳамиятсиз, қадрсиз туюлиши табиийдир. Масалан, туя араблар учун саҳродаги асосий транспорт ва истеoмол воситаси сифатида ғоят қадрли бўлиб, уни эзгулик, гўзаллик рамзи сифатида эъзозлайдилар. Бироқ ўзбеклар назарида туя ҳайвоннинг бир тури, холос. Ўзбеклар учун у транспорт воситаси ҳам, истеoмол воситаси ҳам эмасдир. Ҳинд филлари тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Сигир ҳиндлар учун муқаддас ҳайвон, илоҳийлик рамзи ҳисобланади. Бинобарин, қадриятлар турли халқларда турлича аҳамият касб этиши ва қадрланиши мумкин.
Қадриятлар қадрлаш объекти сифатида кишиларнинг хулқ-атворини бошқарувчи, инсоний муносабатларни такомиллаштирувчи муҳим воситадир. Қадрият тушунчасида ҳамиша яхшилик, эзгулик, ҳақиқат мужассамлашган бўлиб, ҳамиша ижобийлик ва тараққиёт рағбатлантирилади. Шунинг учун ҳам салбий ва реакцион қадриятлар бўлмайди, қадриятда ҳамиша умуминсонийлик, яхшилик, ёруғлик англашилади.
Қадрият тушунчаси инсон, жамият ва шахс учун фойдали, аҳамиятли бўлган барча моддий, маънавий, табиий, социал реалликни ифодалайди.
Бироқ ҳар қандай объектнинг мавжудлик факти қадрият бўла олмайди. Қадрият учун объектив реалликнинг инсон учун фойдалилиги, аҳамиятлилиги муҳимдир. Объектларнинг аҳамиятлилиги хосса ва хусусиятлари билан эмас, балки инсон манфаатларига, ижтимоий муносабатлар соҳасига уларнинг қай даражада даҳлдор эканлигига боғлиқдир. Қадрият қадрлаш ҳисси, қадриятли онг, қадриятли муносабат ва қадриятли мўлжал (ориентация)нинг узвий бирлигидан иборат бўлган тушунчадир. Қадриятли онг, қадрлаш ҳисси ва қадриятли муносабатнинг шаклланишида инсоният маънавий тараққиётининг турли даврларида ахлоқ, мифология, дин, санoат, фалсафа, фан муҳим роль ўйнаган.
Қадрият ва маданият ўртасида яқинлик, ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлса ҳам, уларни айнийлаштириш хатодир. Ҳар қандай маданият қадрият бўлмагани сингари ҳар қандай қадрият ҳам маданият эмасдир. Шунингдек, айни бир предметни ҳам маданий ҳодиса, ҳам қадрият сифатида баҳолаш мумкин.
Қадрият маданият тушунчасига нисбатан бой ва кенг қамровли тушунчадир. Чунончи, табиатнинг инсон ҳаёти учун зарур бўлган неъматлари: ер, сув, ҳаво, ўсимлик, ҳайвон, тоғу тошлар - қадриятдир. Ҳолбуки, уларни маданият деб бўлмайди. Қадриятлар объектларнинг инсоний аҳамиятини тавсифлайди. Айни вақтда объектларнинг кишилар томонидан қадрланаётганлигини ҳам кўрсатади. Бу қадриятларнинг маданиятдан фарқланадиган муҳим белгисидир.
Қадриятлар маданият соҳасига кирмайдиган объектларни, ҳатто маданият субъектини ҳам ўз ичига олади. Чунончи, маданият ижодкори бўлган инсон ҳамма замонларда ҳам олий қадрият ҳисобланиб келган. Ҳар бир инсоннинг тинч-тотув, хавф-хатарсиз яшаши, социал ҳимояланиши, қулай меҳнат шароитлари билан таъминланиши, миллати, ирқи ва эътиқодидан қатoий назар кишиларнинг шахсий эркинликлари, уларнинг инсоний шаoн-шавкатлари ва қадр-қимматлари умумбашарий ва миллий қадриятлар тизимида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Айниқса, миллий мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик қадриятларни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор берила бошланди. “Биз ҳозирги цивилизация ўзида ифода этадиган ижобий қадриятлар жумласига ҳуқуқий демократик жамият қуриш жараёни билан боғлиқ бўлган қадриятларни киритамиз. Бу - инсон ҳуқуқларига риоя этиш, тадбиркорлик эркинлиги, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва ҳоказолардир” (И.А.Каримов. Юқоридаги асар, 147 бет).
Оламга қадриятли муносабат кишиларнинг меҳнат фаолияти жараёнида шаклланади. Айниқса, бу жараён кишилар томонидан маънавий маданият обидалари, меҳнат қуроллари, алоқа воситаларини яратишда, ахлоқий нормаларни ўзлаштиришда яққол кўзга ташланади. Шахс фаолиятининг маҳсули эмас, балки унинг инсоний аҳамияти, фаолият натижаларида акс этган ғоя, эътиқод, фаолият усули қадрият мазмунини ташкил этади.
Қадриятнинг маданият ривожига баракали таъсири натижасида маданиятнинг аксиологик концепцияси вужудга келди. Қадриятлар ўз табиатига кўра ижтимоий - тарихий характерга эгадир: ижтимоий тараққиёт жараёнида у ўзгаради ва такомиллашади. Зарурият туфайли бир вақтлар вужудга келган, амалга оширилган ва аҳамиятли бўлган ҳодисалар, социал ўзгаришлар ва ғоялар кейинчалик ижтимоий амалиёт томонидан инкор этилиши, ўз ўрнини бошқа қадриятларга бўшатиб бериши мумкин. Масалан, коммунистик мафкура совет жамиятида узоқ йиллар давомида қадрият ҳисобланиб келинди, бироқ ижтимоий амалиёт унинг тўғри эканлигини тасдиқламади: унинг моҳиятан инсон табиати ва ижтимоий тараққиётга зид эканлиги равшан бўлиб қолди. Агар ўрта асрларда дин олий қадрият ҳисобланган бўлса, ХХ асрга келиб, фан ва техника олий қадрият даражасига кўтарилди. Жамият ривожининг муайян босқичларида инсоният унутилган қадриятларга қайта мурожаат қилиши ҳам мумкин. Масалан, собиқ совет жамиятида диннинг маданий- тарихий қадрият сифатидаги аҳамияти бирёқлама инкор этилган, диний қадриятлар поймол қилинган бўлса, миллий мустақиллик йилларида диний қадриятлар тикланди.
Қадриятлар субъект учун муҳим ва номуҳим, зарурият ва нозарурият бўлиши мумкин. Қадриятларнинг қандай қадриятланиши кишиларнинг билиши, маданий савияси, интеллектуал-ахлоқий салоҳиятига бевосита боғлиқдир. Қадрлаш жараёнида шахснинг индивидуал хусусиятлари, ҳаётий тажрибалари, характер ва темпераменти муҳим ролp ўйнайди. Шу боисдан ҳам бир хил шароитда яшайдиган кишилар бир хил ҳодисаларга турлича қадриятли муносабатда бўладилар. Қадриятларнинг яна бир муҳим томони шундаки, инсон меҳнат фаолиятининг ўзи қадрият ҳисобланади. Меҳнатсеварлик ҳамма замонларда ҳам ахлоқий қадрият сифатида улуғланган. Бироқ субъект томонидан меҳнатнинг қадрланиши ижтимоий - сиёсий тузумга бевосита боғлиқдир. Агар инсон ўз меҳнати самараларидан баҳраманд бўлмаса, у ҳолда меҳнат ўз аҳамияти ва жозибасини йўқотади: инсон меҳнатдан, ўз-ўзидан ва ниҳоят жамиятдан бегоналашади. Меҳнатнинг қадрсизланиши иқтисодий таназзулнинг кучайишига, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг издан чиқишига олиб келади.
Ўз ҳаётий эҳтиёжларини ижтимоий-фойдали меҳнат воситасида қондириш имконига эга бўлолмаган кишилар қонунга зид турли йўллар билан тирикчилик воситаларини топишга ҳаракат қиладилар.
Фалсафий адабиётларда қадриятлар қуйидагича тасниф қилиняпти:
1. Қадриятлар нима қадрланаётганлиги ва нимага асосан қадрланаётганлигига қараб: а). Предметли қадриятлар; б) Субъектив қадриятларга бўлинади.
Предметли қадриятлар субъект учун муайян аҳамиятга эга бўлган реал ҳодисалар, қадриятли муносабат объектларидир. Бундай қадриятларга: табиий объектлар, жараён ва ҳодисалар; социал субъектлар, жараён ва ҳодисалар киради.
Субъектив қадриятлар - ҳодисаларни қадрлашда асос бўлиб хизмат қиладиган, норматив тасаввурлар шаклида ифодаланадиган установкалар, баҳолар, мақсадлар, тадқиқлар, лойиҳалардир.
2. Қадриятлар жамиятнинг қайси соҳаси билан боғлиқ эканлигига қараб ҳам бир-биридан фарқланади. Шунга асосан ахлоқий, сиёсий, диний, илмий, оилавий, ҳуқуқий, бадиий ва ҳ.к. қадриятларга ажратилади.
3. Қадриятлар умумийлик даражасига кўра, яъни бирон бир ҳодиса, субъектларнинг қанчаси учун аҳамиятга эгалигига қараб тасниф қилинади. Бундай қадриятларга: индивидуал қадриятлар; гуруҳ (миллий, диний, жинсий ва ҳ.к.) қадриятлари; умуминсоний қадриятлар киради.
4. Қадриятлар субъект томонидан ўз мақсади ва принциплари сифатида ёки ташқи вазият тақозоси билан шунчаки қабул қилинишига қараб ҳам тасниф қилинади. Бундай қадриятларга: ички қадриятлар; ташқи қадриятларни кўрсатиш мумкин.
5. Қадриятлар инсон ҳаёт- фаолиятининг туб асослари учун, унинг эҳтиёж ва интилишлари моҳиятини ифодалаш учун қанчалик аҳамиятга эга эканлигига қараб ҳам фарқланади: мутлоқ ёки абадий қадриятлар; ўткинчи қадриятлар ёки қадриятларнинг конкрет тарихий шакллари.
6. Қадриятлар ўзларининг бажарадиган функцияларига қараб ҳам бир-биридан фарқланади: моддий қадриятлар; маънавий қадриятлар; социал қадриятлар.
Download 38.27 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling