8-Мавзу. Эстетика назарияси
Download 56.07 Kb.
|
8-1
8-Мавзу. Эстетика назарияси Инсон камолоти оиладан бошланади. Оила кишилик жамиятининг ижтимоий пойдеворидир. Шунга кўра, жисмонан соғлом, маънан баркамол, ахлоқан пок ва юксак маданиятли ёш авлодни вояга етказиш оиладан бошланади. Оиладаги соғлом муҳит – соғлом мафкурани шакллантиради. Жамиятда ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, фаровонлиги, ўзаро бир- бирига ҳурмат, бир–бирига вафодор ва садоқатли бўлишга чақириш билан миллий мафкурада кўзда тутилган мақсадларни амалга оширади. Оила қурган ёшлар ҳаёт қийинчиликларини бирга енгишга, болалар тўғрисида ғамхўрлик қилишга, ота-оналарини эъзозлаб ардоқлашга, бир-бирига меҳрибон бўлгани ҳолда, ҳурмат кўрсатишга интиладилар. Оилада ота – оналар ҳам ўз фарзандларини миллатига, ватанига содиқ ҳизмат қилиш учун тўғри тарбиялашга ҳаракат қиладилар. Юртбошимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда: «Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф одатларимизни сақлайдиган, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.» Никоҳ – эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли, эркин ва ихтиёрий иттифоқи бўлиб, у фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш органларида тузилади ва оила тузиш мақсадига ҳизмат қилади. Никоҳ ўз моҳиятига кўра аҳлоқий ҳодиса. Унда эҳтирослар ахлоққа бўйсундирилади. Оила қуйидаги холатларда қурилади: 1. севги – муҳаббат билан; 2. ҳиссоб – китоб билан; 3. урф – одат анъанага кўра; 4. мажбур бўлиб қолган ҳолатларда; Оилавий муҳит. Оиланинг мустаҳкамлиги оила аъзоларининг ахлоқий тарбиясига боғлиқ. Халқимизда бежиз “Соғлом турмуш тарзи мустахкам оиланинг гаровидир” деб айтилмаган. Соғлом турмуш тарзи деганда биз нафақат оиладаги эр ва хотиннинг бир – бирига бўлган муносабати балки, улардаги ахлоқий фазилатлар, имонлилик, поклик, ҳалоллик, ростгўйлик, ширинсўзлик, каби ахлоқий меъёрларга амал қилган холда урф – одатларга асосланган, замонавий оилани тушунамиз. Маънавиятсиз моддий фаровонликка ҳам, умумтараққиётга ҳам эришиб бўлмайди. Маънавий қашшоқлик миллий таназзулга олиб боради. Харом аёлдан ҳалол фарзанд дунёга келмайди. Умуман, нопок аёлни она дея шарафлаб бўлмайди. “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Онасини кўриб, қизини ол” деган мақоллар бекорга айтилмаган. Оиланинг мустаҳкамлиги ва тотувлиги кўп жиҳатдан аёлларга боғлиқ дедик. Аммо бу фикр, оилада эркакларнинг масъулияти кам экан, деган ҳулосага олиб келмаслиги керак. Ж.Маздани айтганидек «Эркак ва аёл – бамисоли икки майин товушки, инсон қалбидаги торлар уларсиз ҳақиқий ва тўлақонли оҳанг беролмайди.» Дарҳақиқат, эркаксиз оила бу бахти кемтик, яримта оила демак, “эркак-оиланинг устуни» деб бекорга айтилмаган. Оилада азалдан эркаклар рўзғорнинг энг оғир юмушларини ўз зиммаларига олиб келганлар. Ота – боболаримиз ҳам оила тинчлиги аввало эркакка боғлиқ, деб билганлар. Халқимиз ўзининг кўп минг йиллик тарихи жараёнида оила ҳусусида миллий–мафкуравий тарбияни шакллантирган. Оилада отанинг шахсий ибрати, онанинг меҳри орқали турмуш захматларини енгишда, фарзандларини тарбияли бўлишида мустаҳкам таянч бўла олишган. Оилада эркак кишининг кейинги вазифаси хотин ва оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг номусларини сақлашдир. Таъбир жоизки оила бахти, фарзандларнинг тарбияли етук инсон бўлиб етишида ота–онанинг саъй ҳаракати, тарбия маҳоратига боғлиқ. Истиқлол ота–оналар зиммасига буюк келажак қурувчиларини тарбиялаш, заминимиз учун фидоий фарзандларни етиштириш масъулиятини юклайди. Фуқаролик жамияти - ҳақиқий фуқаролардан, яъни узвий борлиқликда бўлган ҳамда ахлоқий маданиятга таянадиган ҳуқуқий ва сиёсий маданиятга эга одамлардан иборат жамиятдир. Фуқаролик жамияти нафақат давлатнинг мажбурлов кучи билан, балки унинг аъзолари бўлмиш фуқароларнинг ўзлари орқали сақлаб туриладиган ва қатъий тартиб қарор топган жамиятдир. Бундай жамият ўзини-ўзи юксак даражада ташкил этиши билан ажралиб туради. Фуқаролик жамиятига давлатнинг кучли таъсири талаб этилмайди. Ҳамма жамиятлар ҳам фуқаролик жамияти эмас. Фуқаролик жамияти анча юксак даражадаги ижтимоий ривожланиш кўрсаткичидир. Маълумки, фуқаролик жамиятининг асоси жамоат ташкилотларидир. Ва шу билан бир қаторда фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусиятларидан бири - бу нодавлат тизимдаги барча жамоат ташкилотларига аъзоликнинг ихтиёрий шаклда бўлишидир. Бундан ташқари, бизда фуқаролик жамияти қуришни маълум маънода тезлаштирадиган, Ғарб менталитетига хос бўлмаган маҳаллалар бор. Маҳаллани йирик бир оила дейиш мумкин. Оиланинг намунали бўлиши, эр – хотиннинг тинч тотув, пири бадавлат, ували – жували бўлиб юришида қўни – қўшниларнинг, маҳалла куйнинг таъсири кучлидир. Айниқса, ёш авлод тарбиясида маҳалланинг ўрни катта. Ўсмирлар маҳалланинг оқсоқолларидан ҳайиқиб турадилар, уларнинг салобати таъсирида ўзларини ножўя ҳаракатлардан тиядилар. Қизлар эса ҳаё ва ибони дастлаб оиладан, кейин маҳаллада ўрганадилар. Бўлажак келин – куёв ҳақида ҳам биринчи маълумотни маҳалладошларидан олинади. Шунинг учун ҳам “Бир болага етти қўшни ота – онадир” деган нақл бор. Бугунги кундаги глобаллашув жараёнларининг инсонга таъсирига эътибор қилинса, этика фани олдида жуда катта вазифа турганлигини кўриш мумкин. 1. Этика категориялари – жамиятни аҳлоқий ҳаётини ифодаловчи асосий тушунчалардир. Этика категорияларининг ўзига хос хусусиятлари. Ҳар бир фан ўз категориялар системасига эга; категорияларнинг мазмуни инсон онгининг ўрганилаётган предмет моҳиятига қай даражада кириб борганлигини кўрсатади., Ахлоқ категориялари ўз мазмуни жиҳатидан объективдир. Лекин бу мазкур категориялар кишилардан ташқарида, уларнинг баҳоловчи-норматив муҳокамаларисиз мавжуд деган маънони англатмайди. Ахлоқ категориялари фақат шу маънода объективки, уларда кишиларнинг, баҳо берувчи субъектнинг онги ва иродасидан қатъи назар мавжуд бўлган хатти-ҳаракатлари, қилмишлари специфик шаклда ўз аксини топади. Ахлоқий категориялар рўёбга чиқиш шаклига кўра субъективдир, чунки улар субъект-нинг яхшилик билан ёмонлик, худбинлик билан альтруизм ва ҳоказолар орасидан мустақил танлаш имкониятига эга бўлган ички эътиқод сифатида намоён бўлади. Объективлик ва субъективликнинг бу диалектикаси барча ахлоқий категорияларга тааллуқлидир. Этика категорияларининг кўпчилиги қутбий, қарама-қарши характерга эга, чунончи, яхшилик ва ёмонлик, адолат ва адолатсизлик, бахт ва бахтсизлик, виждон ва виждонсизлик ва ҳ. Ҳар бир категориянинг ўзига хос хусусиятлари бор ва у шахс билан жамият ўртасидаги алоқанинг маълум томонларини акс эттиради, илмий билишнинг турли поғоналарини ифодалайди. Баъзи бир категориялар (яхшилик, ёмонлик, эзгулик, адолат, адолатсизлик) ахлоқ соҳасини нисбатан жуда кенг қамраб олади ва ўз мазмунига кўра бирмунча умумий ҳисобланади, бошқалари эса (бурч, виждон, шаън, қадр-қиммат, бахт) нисбатан тор категориялар бўлиб, ахлоқий муносабатларни шахснинг ички дунёси орқали бурмунча яққол акс эттиради. Этика категориялари фақат улардаги ахлоқий мазмуннинг умумийлиги ва кенглиги билангина фарқланмайди, балки шу билан бирга, улардаги баҳолаш ва нормативлик элементларининг ўзаро муносабатларига кўра ҳам ажратилади. Агар яхшилик, ёмонлик, адолатни ҳам, шахслар ўртасидаги муносабатларни ҳам турли ижтимоий факт ва ҳодисалар (иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий) ни қамраб олувчи баҳо категориялари бўлса, бурч, виждон энг аввало норматив ва ички даъватга боҳлиқ категориялардир. Этика категориялари бир бутун системанинг «ҳужайра»лари сифатида уларнинг генезиси (келиб чиқиши ва ривожланиши), субординация (қамраш даражасига жойлаштирилиш) белгиси ва ҳоказоларга кўра ҳам туркумланиши мумкин. Ўтмишдаги этика системалари, одатда, у ёки бу категориянинг устунлиги ва унга бошқаларининг тобелиги асосига қурилган. Масалан, Аристотель билан Платон этикасида — яхшилик, Кантда — бурч, Гегелда — виждон, Демокрит, Эпикур, Гельвеций, Фейербах этикасида—бахт белгиловчи категория ҳисобланган. Этика бирон бир категорияни асосий категория деб, бошқаларини ундан келтириб чиқармайди, бирини бошқа категорияларга қарама-қарши қўймайди, балки уларни ўзаро алоқадор бир бутун система деб қарайди, бу системада ҳар бир категория зарурий ва бошқаси билан алмаштириб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Категориялар, айниқса уларнинг этика системасидаги ўрни категорияларни ифода қиладигаи муносабатлар абадий бўлмаганлиги сингари... асло абадий эмасдир. Ахлоқий нормалар ва принциплар категорияларнинг асосий мазмунини конкретлаштиради. Этиканинг муҳим тушунчаси бўлган ахлоқ категориялари жамиятнинг ахлоқ-қий тараққиёти жараёнида янгича белгилар касб этиб, ўзгариб ва ривожланиб боради. Шунинг натижасида бутун категориялар системаси ҳам этика фанининг назарий равнақига мос равишда янгича тушунчалар билан доимо бойиб боради. 2. Эзгулик ва ёвузлик: яхшилик ва ёмонлик, адолат ва адолатсизлик,виждон категорияларининг мазмун-моҳияти. Ахлоқий онгнинг бирмунча умумий тушунчаларига мансуб бўлиб, ахлоқлилик билан ахлоқсизликнинг фарқи ва қарама-қаршилигини яхлит бир шаклда ифода этади. Кишилар бу категориялар ёрдамида теварак-атрофда содир бўлаётган ҳамма ҳодисаларни баҳолайдилар. Айнан ниманинг (инсоннинг хатти-ҳаракати, ахлоқий сифати, кишиларнинг, синфларнинг алоқа ва ўзаро муносабат шакллари, жамиятнинг умумий аҳволи) баҳоланаётганлигига қараб бу категориялар янада конкретроқ тушунчалар (принцип, норма, ахлоқий сифат) шаклига киради. Яхшилик ва ёмонлик ўзаро муносабатли, айни вақтда қутбли ва бир-бирини инкор этувчи категориялардир. Агар яхшилик категориясида бирмунча ижобий нарсалар, яъни ахлоқий идеалга мос келадиган нарсалар ҳақидаги тасаввурлар жамланса, ёмонлик тушунчасида кишиларнинг идеалига, улар эъзозлайдиган нарсаларга зид келадиган, бахтга эришишга, одамлар орасидаги муносабатларда прогресснинг қарор топишига ва инсонийликнинг ўсишига тўсқинлик қиладиган ҳамма нарсалар ҳақидаги тасаввурлар ифодаланади. Бу категориялар ҳам барча бошқа ахлоқий тушунчалар сингари тарихан ўзгарувчан, релятив ва ҳаракатчандир. «Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тасаввурлар халқдан халққа, асрдан асрга ўтиб шунчалик ўзгариб кетганки, натижада улар кўпинча бир-бирига тамомила зид келиб қолган». Яхшилик тушунчасининг моддий ва ахлоқий аспектлари, яъни яхшиликнинг инсон хатти-ҳаракатига ахлоқий характеристика бериш учун хизмат қиладиган ахлоқий қиммат сифатидаги аспекти билан реал қиммат, моддий неъматлар сифатидаги аспект ўртасидаги чегара янада яққоллаша боради. Ёмонлик категорияси яхшилик ва эзгуликнинг қутбий зидди сифатида сақланиб келмоқда. Этика яхшилик ва ёмонликни ахлоқий онг тушунчалари сифатида назарий таълил қилишга, уларнинг мазмун-моҳиятини, табиати ва келиб чиқишини тушунтиришга киришади. Диний этика яхшилик ва ёмонлик тушунчасига космологик мазмун «илоҳий асос» бағишлайди: худонинг иродаси билан бўладиган хамма нарса — яхшилик, аксинча унинг иродасига зид келадиган нарса — ёмонлик; инсон худонинг ирода ва хоҳишини муқаддас китобларда баён этилган «ҳақиқат» орқали билиб олиши мумкин, дейди. Дин худони табиат қонунларидан, ақл-идрокини устун қўйиб, уни адолат ва адолатсизликни бошқарувчи қилиб кўрсатади, яхшиликни ёмонликка, ёмонликни яхшиликка айлантиради, Кўпчилик қадимги идеалист-философлар, жумладан, Сократ ва Платон яхшилик ва ёмонликни абстракт тушунганлар. Улар яхшилик ва ёмонликни конкрет шахсга ҳеч бир алоқаси бўлмаган абсолют идеялар сифатида қараганлар.И. Қант яхшилик ва ёмонликнинг асосида ҳар қандай ҳаракатдан олдин ҳосил бўладиган ва шунинг учун ҳам ўзи ҳаракатда бўлолмайдиган «эркин ирода» туради деб тушунтиради. Худонинг хоҳиши инсондаги «эркин ирода»ни белгилайди ва ҳаракатга келтиради деб ҳисоблайди. Кантдан фарқ қилароқ, Гегель яхшилик ва ёмонлик категорияларини диалектик бирликда кўради, уларнинг тараққиёти зиддиятлар орқали, биринингиккинчисига ўтиб туриши орқали содир бўлади, деб ҳисоблайди! Гегель, ўзидан олдин ўтган ва ёмонликнинг фақат салбий томонини кўрган барча философлардан фарқ қилароқ, «ёмонлик» тушунчасида икки ёқлама маъно борлигини кўради. «Гегель назарида ёмонлик тарихий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи намоён бўладиган шаклдир. Гегель яхшилик ва ёмонликнинг баҳо мезони субъектив баҳо эмас, балки жамоатчилик фикридир деб ҳисоблайди. Тўғри у мазкур категорияларни текширганида уларнинг синфий мазмунини назарга олмади ва бу категорияларнинг табиати хусусида бир қанча қимматли фикрларни баён этганлигига қарамасдан, умуман, бари бир объектив иде-ализм позициясида қолиб кетди. Материалистлар яхшилик ва ёмонликнинг идеалистик талқин этилишига қарши чиқдилар ва бу категорияларнинг илоҳий эмаслигини исботлашга ҳаракат қилдилар. Уларнинг кўпчилиги — Эпикурдан тортиб Фейербахгача ахлоқий мулоҳазалар замон ва жойга қараб маълум даражада ўзгаришини тан олдилар, бироқ айни пайтда, доимий ва ўзгармас ёмонлик сабабларига эга бўлган «инсон табиати»нинг ўзгармаслигини таъкидладилар ва бу билан ўзларининг доҳиёна фаразларини йўққа чиқардилар. Этика инсоният оламидан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда яхшилик ва ёмонликнинг мавжуд бўлмаслигини исбот қилиб берди.Ҳатти-ҳаракатдаги ахлоқий, маъқул нарсаларнинг ҳаммасини — яхшилик, ғайриъ ахлоқий, номаъқул, қораданадиган нарсаларнинг ҳаммаси — ёмонликдир. Бундан ташқари, синфий жамиятда ҳар бир синф нима яхшилиг-у, нима ёмонлик эканлигини - ўзларича белгилайдилар, ўз навбатида, бу ҳукмлар ҳам бир-бирига зид келади. Аммо бу билан яхшилик ва ёмонликнинг объектив асосга эга эканлиги инкор этилмайди. Яхшиликнинг объектив томони кишининг жамиятга фойда келтириш учун интилиши ва бу фойда жамият ривожланишининг объектив манфаатларига мувофиқ келишидан иборатдир . Яхшилик ва ёмонликнинг субъектив томони айрим шахсларнинг, ўз хатти-ҳаракатлари ва бошқаларнинг хулқи ҳақидаги фикрларидан иборатдир . Этика яхшилик ва ёмонликнинг икки ёқлама табиатини очиб бериб, уларни абсолютлаштиришга қарши чиқди, ёмонликнинг зиддиятли характерини, унинг тарихий ролини кўрсатиб берди. Синфий қарама-қаршилик вужудга келган даврдан бошлаб, тарихан ҳалокатга маъкум бўлган синфлар наздида ёмонлик ҳамиша прогрессив синфлар учун яхшилик бўлиб келган, лекин у фақат жамият тараққиётини амалга оширишга хизмат қилган даврдагина яхшилик ҳисобланган. Масалан, ибтидоий тузумнинг сўнгида хусусий мулкчилик ва қулдорликнинг пайдо бўлиши ёки феодализм даврида буржуа муносабатлари ва маслагининг вужудга келиши бир томондан «ёмонлик» бўлса, иккинчи томондан у, аввало ижтимоий зиддиятлар пайдо бўлганлигини, оқибат натижада бирмунча прогрессив ижтимоий муносабатларнинг ғалаба қозонишига олиб борадиган синфий курашнинг дунёга келганлигини билдиради.Ахлоқий ёмонликнинг дастлабки манбаи — ижтимоий ёмонликни очиб, яхшилик ва ёмонлик диалектикасини, уларнинг нисбийлигини, ўзаро ўрин алмашиши мумкинлигини кўрсатиш билан бирга, улар ўртасидаги ҳар қандай чегараларнинг йўқотилишига ҳам қарши чиқади. Яхшилик ва ёмонлик ўзаро алоқадор ва айни вақтда қутбий, бир-бирини инкор этувчи категориядир. Инсон ҳаётининг барча ижобий томонлари яхшилик категорияси билан боғлангандир. Ижтимоий тараққиёт, кишилар ўртасидаги муносабатда инсонийликнинг ўсишига мос келадиган туб социал проблемалардан кундалик турмуш муносабатлари, хулқ-одобгача ҳаммаси яхшилик билан ифодаланади. Яхшиликнинг тескариси бўлган ёмонлик эса ижтимоий тараққиёт, идеал ва инсоний қимматларга ҳамда кишилар ўртаси-даги муносабатларда инсонийликнинг ўсишига қаршилик қиладиган хатти-ҳаракатларда ўз аксини топади. Яхшилик ҳамиша тарихан конкретдир ва ўзининг зидди—ёмонликсиз мавжуд бўлмайди. Хозирги кунда «ёмонлик» бахтсизликлар (бевақт ўлим, фожиали ҳолат юз бериши, рад қилинган севги, касаллик, оиладаги кўнгил-сизлик ва ҳоказо), хафагарчилик, изтироб, омадсизлик, хато ва ш. к. ҳамда фан, ахлоқ ва санъатдаги фикрлар кураши тарзидагина сақланиб қолади. Шубҳасиз ўша вақтда ҳам мағлубиятнинг алами, ғалабанинг қувончи кишиларнинг ақл ва қалбини ҳаяжонга солади, ахир янги, прогрессив нарсанинг эскилик билан кураши — яшашнинг абадий қонуни-ку. Фақат ёмонликка қарши фаол кураш олиб боришгина кишиларнинг ахлоқий ўзаро муносабатларда янада инсон-парварроқ поғоналарга кўтарилишларига ёрдам беради, яхшилик ва ёмонликнинг индивидуал ривожланиш манфаатларига ҳақиқий мос келадиган, бирмунча юксакроқ, олижаноброқ нисбатнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Адолат бу — тенгликнинг ҳаққоний ва тақдирлашнинг зарурий ўлчовидир. Этиканинг бошқа категориялари сингари у ҳам ўзининг йиғиндиси билан ахлоқни ҳосил қиладиган энг муҳим алоқа ва муносабатларни акс эттириш воситаси бўлиб хизмат қилади. Лекин адолат кишиларнинг ўзаро муносабатларини шунчаки қамраб олавермайди, балки шахс ва ижтимоий бирликнинг реал иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий ҳолатини қайд қилади. Адолат яхшилик категорияси каби, ижтимоий муносабатларнинг ҳамма томонларига дахлдордир, лекин яхшилик, ёмонлик идеалдан фарқ қилароқ, кишиларнинг кундалик амалий ишлари (бунда тақдирлаш, қоралаш, хизматига қараб мавжуд неъматларни таҳсимлаш ва ҳоказолар содир бўлиб туради) билан янада конкретроқ, янада мустаҳкамроқ боғлангандир. Бундан ташқари, у ўз эътиборини тарихий жараёнларни, воқеаларни, сиёсий ва мафкуравий акцияларни, ижтимоий ҳодисаларни, ахлоқий ҳаракатнинг нисбийлик даражасини шунчаки баҳолашга эмас, балки воқеликнинг бу икки томонининг ўзаро муносабатларига қаратади. Яъни айрим кишилар, синфлар, гуруҳларнинг жамият ҳаётида ўйнайдиган роли билан уларнинг ижтимоий аҳволи ўртасидаги, қилмиш билан қидирмиш (жиноят билан жазо) ўртасидаги, кишининг қадр-қиммати билан унинг тақдирланиши ўртасидаги, ҳуқуқ билан мажбурият ўртасидаги ўзаро муносабатларни диққат-марказига олади. Бу муносабатлардаги мутаносибликнинг бузилишини ахлоқий онг адолатсизлик деб баҳолайди. Виждоннинг табиати ҳақидаги масала азалдан мутафаккирларни қизиқтириб келади. Виждон нима, у ҳамиша ҳам мавжуд эдими, бу тушунча фақат инсонгагина хосми, ҳамма кишиларда ҳам виждон бир хилми, виждонни тарбиялаш лозимми, бу ҳодиса абадий яшайдими? Идеалист-философлар ва материалист-философлар бу саволларга турлича жавоб бердилар. Платондан бошлаб, идеалистлар виждонни ғоялар дунёсига мансуб дейдилар. Уларнинг фикрича, виждоннинг манбаи реал оламга боғлиқ бўлмаган абсолют руҳда, ғоялар дунёсида бўлиши мумкин. Бошқа ахлоқий категориялар сингари виждон ҳам барча давр идеалистлари томонидан нимаси биландир «абадий», «ўзгармас» деб эълон қилинди. Кант виждон ўз ҳолича вужудга келмаган сергаклантирувчи туғма руҳий кучдир, деб ҳисоблайди. «Бизнинг руҳимизда яшовчи қонун виждон деб аталади, — деган эди Кант. Шахс яшаш шароитидан қатъи назар ўзида виждон ҳиссини олиб юради, виждон қандайдир ҳосил қилинадиган, эгаллаб олинадиган нарса эмас. Ахлоқий мавжудот бўлган ҳар бир инсонда худонинг вакили сифатида виждон туғма мавжуд бўлади ва у бизнинг ичимизда туриб ҳукм чиқаради». Кант назарида виждон туйғуси келиб чиқиши жиҳатдан априор характерга эга. Виждон категориясига катта аҳамият берган Гегель Кантдан фарқли ўлароқ, уни объектив руҳнинг маҳсули дейди. У биринчи марта виждонни муайян жамиятда мавжуд ахлоққа боғлиқ эканлиги нуқтаи назаридан ўрганишга ҳаракат қилди, бунда у инсоннинг ҳақиқий ва формал виждонини бир-биридан фарқлади. Ҳақиқий виждон жамият ахлоқига тўла мос келади ва унинг моҳиятини ўзида ифода этади, формал виждон эса ўта индивидуал бўлганлигидан жамият ахлоқига мос келмаслиги ва қарама-қарши келиши ҳам мумкин; фақат ҳақиқий виждонгина ахлоқийдир, деган эди Гегель. Гегелнинг виждон проблемасига ёндашишини, унинг бу масала юзасидан субъектив идеалистлар Кант ва Фихтеларни кескин танқид қилганлигига юксак баҳо бердилар. Лекин Гегель бундан нари бормади. У умуман ахлоқни идея сифатида талқин этиб, реал муносабатларни сохталаштирган ҳолда виждон категориясини объектив идеализм позициясидан туриб тушунтирди. У бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилади, лекин ичимизда туриб ҳукм чиқаради деб тушунтирдилар. Виждоннинг бу амрига қарши қилинадиган ҳамма нарса пуллик тавба талаб қиладиган оғир гуноҳ ҳисобланган. Бу фикрларнинг сохталиги, ҳақиқатдан йироқлиги, руҳонийларнинг ўзлари бойлик орттириш учун фақатгина ўтмишдаги эмас, балки келажакдаги «гуноҳларни кечириш» ёрлиқлари билан савдо қилганликларидан ҳам очиқ-ойдин кўринади. ХВИ аср немис гуманисти Ульрих Фон Гуттен ёзган эди: «Художўйлар Римдан уч нарсани: нопок виждонни, ишдан чиққан ошқозонни ва қуп-қуруқ ҳамённи олиб келишади». Диний ахлоққа мувофиқ асосий нарса виждон азобига солувчи ёмон хатти-ҳаракатлар қилишдан қочиш эмас, балки тавба қилишдан иборатдир. Шундай қилиб, диний ахлоқ кишилар олдида эмас, балки худо олдида тоза виждонли бўлишни талаб этади. Виждон азоби бўлса теологлар томонидан ғайри табиий мавжудотлар, «руҳлар»нинг сирли, маъшум таъқиби сифатида, кўриб бўлмас қасос кучлари юборган қийноқ сифатида қаралади. Руҳонийларнинг шахсий ахлоқий камолотга, виждонни «тозалаш»га ундаши — бу уларнинг ўзлари ҳеч уялмасдан қиладиган қабиҳ ҳаракатларини бекитувчи икки юзламачилик, ёлғондан иборатдир. Виждон ҳақидаги диний таълимот инсоннинг мустақиллигини камайтиришга уни ўз хатти-ҳаракатлари, фикр ва туйғулари устидан назорат қилишдан йироқроққа суриб қўйишга, яъни ҳақиқий инсоний виждондан маърум қилишга қаратилгандир. Қадимги замон материалист философлари виждоннинг диний- ъ идеалистик талқинига кескин равишда қарши чиқдилар. Масалан Демокрит табиатни материалистик тушунишга асосланиб, виждон категориясида аллақандай кўринмас обрўли зотнинг, «муқаддас руҳ эҳсони»нинг аҳамияти борлигини инкор этди, аксинча, унда инсоннинг бошқа кишилар билан муносабатида намоён бўлувчи ўз хусусиятини кўради. Тўғри, биз ҳали Демокритда «виждон» терминининг ўзини учратмаймиз,лекин у киши ўзининг олдида ўзи кечирадиган уят ҳисси ҳақида гапирганида, айнан шу туйғу (виждон)ни кўзда тутади. «Уят иш қилган киши, аввало ўзидан ўзи уялиши керак»1—деган эди файласуф. «Бошқалардан кўра ўзингдан кўпроқ уялишга ўрган»2 — деб талаб қилган эди у. Шу нарса диққатга сазоворки, бу ерда виждон худди ўз-ўзини назорат қилиш сифатида таъкидланади, яъни Демокрит ўша даврдаёқ виждоннинг ахлоқий аҳамиятига эътиборни қаратган. Бирмунча кейинги даврларнинг материалист философлари виждонни инсон бошқа кишилар билан қиладиган барча алоқаларининг унинг онгида инъикос этиши сифатида қараганлар. Улар виждои ҳиссининг пайдо бўлишини реал ҳаёт талабларидан келиб чиққан ҳолда тушунтиришга уринадилар. Спиноза ва Локк ахлоқий виждон ҳиссини ўстиришда тарбиянинг аҳамиятини таъкидлайдилар. ХВИИИ аср француз материалистлари виж-доннинг табиатини очиб кўрсатишда унинг ижтимоий жиҳатдан шартланганлигига алоҳида эътибор берадилар. Фейербах виждон ҳиссини бошқа бир кишининг манфаатларини тушуниш билан боғлайди, лекин ўша бошқа бир киши унда мавҳум, амалий фаолиятда ташқаридалигича қолиб кетади. Жамият тарихини идеалистик тушуниш ўтмишдаги барча материалистларга виждоннинг ҳақиқий табиатини очиб кўрсатишга халақит берди, уларнинг фикрлари метафизик характерда эди. Натуралистик назария вакиллари (Дарвин, Спенсер, Латурно, Каутский, Кропоткин) виждонни инсонга ҳам, ҳайвонга ҳам хос бўлган ҳодиса сифатида антропологик ёки очиқдан-очиқ биологик талқин этадилар. Уларнинг фикрича, виждонни келтириб чиқарадиган манба — ижтимоий инстинктдир. Аниқ ижтимоий инстинктга эга бўлган ҳар қандай ҳайвонда ахлоқ севгиси ёки виждон бўлиши керак дейди Дарвин. Бу йўналиш вакилларидан ҳеч бир киши ҳайвоний инстинкт билан инсоний онгнинг сифат фарқини кўра олмади, шунинг учун ҳам виждон категориясининг табиатини кўрсатишда улар идеализм томон кетдилар. Виждонни биологиялаштириш унинг келиб чиқишини секс билан боғловчи фрейдизм томонидан ўта учига чиқарилди. Этика виждонни ижтимоий туйғу деб қарайди, бу туйғу эса кишилик жамиятининг турмуши талаблари билан ижтимоий меҳнат практикаси жараёнида вужудга келади ва у коллектив меҳнат жараёнида ахлоқий муносабатнинг бутун мажмуи билан ёнма-ён ривожланди. Виждон ахлоқий тушунчаси пайдо бўлишидан олдин хулқ-атвор ва урф-одатнинг шаклланиш жараёни, инсон онгининг тараққий этиш жараёни кечган. Виждон шахснинг ахлоқий қарор топишини кўрсатувчи муҳим белгидир. Юқорида қайд этилганидек, қадимги замонларда инсоининг ахлоққий онги ривожланмаган бир ҳолатда эди. Инсон ҳали унда ўзини коллективга қарши қўя олмас, мазкур коллективда ишланиб, одат ҳукмига кирган хулқ нормаларини эса лузумий нарса сифатида қабул қилар эди. Эҳтимол тутилган жазодан қўрқув ҳисси бу нормаларга риоя қилишга мажбур этарди. Бу даврда ҳали ахлоқий виждон инсонга хос хусусиятга айланмаган эди. Кейинчалик ибтидоий жамият табақалана борган сари мавжуд ахлоқий нормалар яққоллашиб бир-бирига қарама-қарши қўйила боради. Ахлоқий онг ва ўз-ўзини англаш аста-секин субъектив мойилликни, характер ва одатларни келтириб чиқаради. Инсон коллектив томонидан унга юкланган муайян мажбуриятни англай бошлайди, энди бу нормаларни фақат жазодан қўрққанлигидан эмас, балки бажармаган тақдирда кўнгил ғашлигидан ҳам уларни бажариш зарур эканлигига тўла ишонч ҳосил қилади; нотўғри хатти-ҳаракат учун жамоатчилик олдида уялиш, айбдор бўлиш, пушаймон чекиш ҳисси тараққий этади. Инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини, фикр ва ҳис-туйғуларини баҳолаши, яъни виждон ана шундай пайдо бўлади. Инсон ўз индивидуаллигини англай бошлагани, унинг конкрет вазиятдан абстракциялаштириш, кўп чигал вазиятлардан умумийсини ажратиб олиш қобилияти намоён бўлаётган, тақдирланишни ҳам жазоланишни ҳам кутмасдан ўз ҳаракатларини жамият талабларига мувофиқлаштирган ҳолда муайян хатти-ҳаракатлар қилишга ўзида ахлоқий эҳтиёж сезган чоғида туғилган виждон ахлоқий онгнинг хийла юксак даражада тараққий этган бўлишини талаб қилган, албатта. Жамият тараққиётининг бир-мунча юқори даражасида виждон «олий судья»га, худди мудроқ билмас ички бир соқчига айланган. Ахлоқий яхши ишлар қилишнинг ва ахлоққа зид хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликнинг гарантияси сифатида майдонга чиққандир. Шундай қилиб ахлоқий категория бўлган виждон — жамиятнииг узоқ тарихий ривожланишининг маҳсули (тўғриси, бирмунча кейинроқ юзага келган ҳо-сила) шахсга жамоатчилик фикри таъсирининг натижаси, муайян шароитларда фақатгина инсонда вужудга келган биологик эмас, балки ижтимоий ҳодисадир. Инсоний маданият ўсиши билан виждон тушунчаси ривожланиб, бойиб боради. У ахлоқий ўз-ўзини назорат қилишдаги ҳиссий ва рационал элементларнииг бирлиги сифатида қандайдир ўз-ўзини жазоловчи куч бўлиб майдонга чиқади, «ичга қаратилган ўзига яраша бир ғазаб»1 га айланади. Қадимги римликларда- виждон бу — мингта гувоҳдир» деган мақол бежиз ишлатилмаган. Виждон азоби инсон ҳаётида жиддий роль ўйнайди. Виждон қийноғи инсоннинг маънавий ҳаётига кириб келади, режаларини барбод қилади, баъзан эса унинг шахсий ҳаёт йўлини кескин буриб юборади. Жаҳон адабиётида виждон қийноғи туфайли зўрайган азоб-уқубатларни тасвирловчи мисоллар беҳад кўп. Виждон категорияси бошқа категориялар сингари ўзининг ривожланиш тарихи давомида умуминсоний маъно элементлари билан бойиб борди; унда кўп жиҳатдан ахлоқ, адолат ва одамгарчиликнинг оддий нормалари ўз аксини топди, булар эса хозир жамиятда бутун тўлалиги билан намоён бўладн. Виждондаги умумйнсонийлик кишиларнинг уялиш ва пушаймон бўлиш ҳисси билан қилинган яхшилик учун қувониш ҳиссининг бир-бирига боғлиқлигидаги руҳий ҳолатида ҳам кўринади. Виждон фақат хатти-ҳаракатлар учун оқлайди ёки қоралайди, лекин хатти-ҳаракатларни танлашга ёрдам бермайди. У келажакка эмас, балки ўтмишга қаратилгандир, инсонга ахлоқий қониқишдан кўра кўпроқ азоб-уқубат келтиради. Ана шунга ўхшаш мулоҳаза юритган идеалистлар виждон мутлақо салбий функцияни бажаради, инсон ҳаётини азоб-уқубатларнинг яхлит занжирига айлантириб қўйиб қониқишликка халақит беради, деган хулосага келадилар. Улар виждоннинг ижобий ижтимоий характерини батамом инкор этадилар. Виждон кишиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиққанлигини тан олмасдан, уни инсоннинг ҳис-туйғу ва кечинмаларининг бирон қонуниятга бўйсунмаган эркин комплекси деб кўрсатадилар. Виждон эркинлиги — кишининг жамият талабларига мувофиқ ҳаракат қилиш зарурлигини англаб олишидир, холос. Виждонни фақат субъектив баҳоловчи категория деб қараш керак эмас: у объектив воқелик, муайян ижти-моий шарт-шароитлардан иборат ўз манбаига эга, бу эса унинг объектив мазмунини белгилаб беради. Этика виждон категориясини объективлик ва субъективликнинг диалектик бирлигида олиб қарайди. Виждоннинг субъектив ҳукмлари у ҳақидаги жамоатчилик тасаввурлари таъсирида шаклланади. Муайян жамият ахлоқи шундай объектив мезонки, субъектив ҳукмлар унинг ёрдамида шаклланади, тузатилади. Виждон ахлоқий онгнинг формаларидан бири сифатида ва ҳиссиёт сифатида ҳам намоён бўлади. Виждон эмоционал куч сифатида намоён бўлганида кечинмаларнинг бутун бир комплекси билан боғлиқ бўлади. Унинг эмоцион характери пушаймон бўлиш, уялиш ёки ахлоқий хотиржамлик, Ахлоқий қониқиш ҳиссида ифодаланади. Эмоционал кечинмалар кишини фаолиятга ундайди, улар фидокорона хатти-ҳаракатларнинг сабаби бўлиб қолиши мумкин. Масалан, виждон амри ўтмишдаги илғор кишиларни халқ оммасини озод қилиш учун курашга қаратилган ҳаракатларга ундаган. Хозирги прогрессив кишиларнинг виждон амри уларни тинчликни ҳимоя қилиш учун курашувчилар сафига чорлайди. Виждон категорияси барча бошқа ахлоқий принциплар ва нормалар билан алоқадордир. Бундай алоқадорликка сабаб уларнинг ижтимоий табиатга эгалигидир. Виждон тушунчасини тилга олмасдан, яхшилик, адолат, бахт, инсонийлик ҳақида гапириб бўлмайди. Виждон инсоннинг фақат ўзига, ўз хатти-ҳаракатларига нисбатангина эмас, балки бошқа кишиларга, ижтимоий манфаатларга муносабатини ҳам ифода этади. Кимнингки манфаатлари, халқ, Ватан манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлса, унда жамият олдидаги бурч ҳисси, уни бажариш учун ахлоқий масъулият ҳисси, яъни виждон ҳисси теран ривожланган бўлади. Киши қанчалик виждонли бўлса, у ижтимоий бурчни шунчалик чуқурроқ англайди ва шунчалнк фаолроқ бажаради. Бу тушунчаларнинг бир-бирига яқинлиги «виждон ўзингнинг олдингдаги бурчингдир», «бурч талаблари виждон қонунларидир» ва ҳ. к. формулаларда ўз аксини топган. Бурч билан виждон бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлса-да, виждоннинг ўзига хос хусусиятлари бор. У мураккаб психологик ҳодиса ўлароқ инсоннинг ички дунёси билан бурчга нисбатан кўпроқ боғлиқ ва ташқаридан туриб назорат қилишни деярли талаб этмайдиган соҳага мансубдир: у муайян вазиятда жамоатчилик фикри борми-йўқми, бундан қатъи назар ҳаракат қилади, яъни унда субъектив момент объектив моментга қараганда устунлик қилади. Бурч эса ўзининг объектив намоён бўлиш заруриятига кўра ҳамиша жамоатчилик бисотига айланувчи муайян ҳаракатлар, хулқ-атворларни назарда тутади, яъни бурч тушунчасида шахснинг фақат ўз-ўзига эмас, балки энг аввало жамиятга, ахлоққа нисбатан муносабати ёрқинроқ намоён бўлади. Бундан ташқари виждон ҳисси ҳамиша жуда чуқур англаб олинган бўлади, бурч эса баъзан ташқи тазйиқ таъсирида бажарилади. Хуллас, инсоннинг хатти-ҳаракатларини олдиндан кўрсатувчи норматив категория бўлган бурчдан фарқли ўлароқ, виждон ёрқин ажралиб турган эмоционал баҳо категориясидир. Виждон ҳиссисиз адолат, одамгарчилик, ҳақиқат категориялари ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Юксак даражада тараққий этган виждон ҳиссига эга бўлган шахс ҳамиша инсонийлик ва адолат тарафдори бўлади, у адолатсиз хатти-ҳаракатлар қилиши, бошқа кишилар адолатсизлик қилаётганларида ҳам уларнинг ёнидан индамай ўтиб кетиши мумкин эмас. Биз биламизки, ҳар бир давр, ҳар бир синф ўз ахлоқини вужудга келтиради, шунга кўра виждонга ҳам янгича мазмун бағишлайди шахсий виждоннинг характери, шу йўсинда, ижтимоий-синфий аҳвол билан белгиланади. Антагонистик жамиятда эксплуататорларнинг мазлумларга муносабатларида ҳеч маҳал виждонийликдан асар ҳам бўлган эмас. Лекин виждон категорияси фақат инсоннинг инсон томонидан эксплуатация қилиш бўлмаган жамиятдагина ўзининг энг тўла ривожланиши учун қулай заминга эга бўлади. Бунга демократик воқелик мисол бўла оладики, у виждонни аввало меҳнатга онгли муносабатда, шахсий манфаатни бутун давлат манфаатига онгли равишда бўйсундиришда, гражданлик бурчига ҳалол муносабатда бўлишда, кишилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда намоён бўладиган янгича мазмунлар билан бойитади. Бизнинг жамиятимизда виждон тобора жамият ҳаётининг турли томонларига, кишининг муносабатини тартибга солувчи ахлоқий факторга айланиб бормоқда. Виждонни тарбиялаш жамоат ва давлат ташкилотларининг бутун системаси таъсири остида-амалга оширилади. Маълум мақсадга қаратилган тарбия ва ҳосил қилинган ахлоқий муҳит натижасида демократик жамият ша-роитида кишиларнинг шундай авлоди шаклландики, уларда ҳалол виждонлилик уларнинг бутун ҳаёт ва фаолиятлари мазмунини белгилаб берувчи принципга айланади. Виждон ахлоқий категория сифатида абадий мавжуд бўлади, чунки инсон ўз-ўзига баҳо бериш ва ўз-ўзини қоралаш қобилиятини ҳеч қачон йўқотмайди. «Виждон» ва «инсон» ижтимоий тушунчалар сифатида бир-биридан ажралмасдир. 3. Бурч, ор-номус ва қадр-қиммат категорияларининг мазмун-моҳияти. Бурч категорияси шахснинг жамиятга ёки кишиларга нисбатан бўлган ахлоқий мажбуриятини ифодалайди; бу объектив мавжуд жамият та-лабларини бажаришнинг ички маънавий зарурати, ижтимоий бахт-саодат эҳтиёжлари тақозо қиладиган муайян хулқ-одоб заруратидир. Бурч категориясида инсон ахлоқий борлиғининг ижтимоий характери тўла намоён бўлади, унда ахлоқнинг жамият ўз аъзоларининг ҳар бирига маълум талаблар қўйишини ифодаловчи императив характери энг ёрқин акс этган. Бурчнинг манбаи, унинг таг замини ижтимоий манфаатдир. Бурчда манфаат буйруқ, императив характер касб этади, асосий ҳаракатга ундовчи, хатти-ҳаракатни танлашдаги ҳал қилувчи мотив бўлиб майдонга чиқади. Бироқ шахс бурчни автоматик равишда бажармайди. Бурч ҳамиша хатти-ҳаракатнинг сабабларидан бири сифатида намоён бўлади, лекин бошқа категориялардан фарқи шундаки, у хатти-ҳаракатга ундовчи энг кучли раҳбат тарзида юзага чиқади. Инсон ибтидоий жамият билан алоқасини узар экан, айни вақтда бурчни англай боради, бу эса ахлоқий тушунчаларда ўзгариш бўлишига олиб келади, ахлоқий тараққиётнинг янги босқичига пойдевор қўяди. Кишилар ўз ихтиёрлари билан, онгли суратда коллектив олдидаги бурчга риоя қила бошлайди. Жазодан қўрқиш коллектив обрўсини тан олиш сари ўсиб боради. Коллектив билан биргалик ҳисси, ўз муваффақиятлари коллективнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ эканлигини англаш хатти-ҳаракатларни жамиятда қарор топган принцип ва нормаларга мослаш учун ички эҳтиёжни туғдиради. Жамият талабларини маъқуллаш, уларни тан олиш шу тарзда ҳосил бўлади. Бурч тушунчасини этикага Демокрит олиб кирган деб ҳисобланади. У мазкур тушунчани инсон ҳаракатининг ички мотиви билан боғлайди ва эътиқод билан қилинган хатти - ҳаракатларни бирмунча ахлоқий ҳисоблаб, киши ўзини «қўрқиш туфайли эмас, балки бурч ҳисси туфайли ножўя ҳаракатлар қилишдан тийиши» кераклигини уқтиради. Айрим кишининг бурчи жамият олдидаги бурч сифатида намоён бўлади, бошқача айтганда, шахсий манфаатларнинг ижтимоий манфаатларга тобелиги рўй беради. Бурч категориясининг асосий хусусияти ва айрим белгиси мажбуриятни англаш ҳисобланади. Диний ахлоқда бу худо олдидаги мажбурият; Бурчнинг табиати ва келиб чиқишини изоҳлаш, тушунтириш этика тарихидаги қийин муаммо-лардан бири эди. У давр этикаси бурчни ғирт абстракт тарзда ижтимоий алоқалардан ташқаридаги мавҳумий индивидни асос қилиб олиб таърифлар эди. Масалан, гетереном этика деб аталмиш этика тарафдорларининг фикрича, ахлоқий бурч кишиларнинг иродасига боғлиқ эмас, у назарий ва эмпирик асослашни талаб қилмайди, балки фақат ташқи сабабларга боғлиқдир. Кант мазкур ўрта аср этикасига қарши чиқди. Лекин у бунинг ўрнига нимани таклиф этди? «Бурч — деб ёзган эди Қант,— сен юксак ва буюк сўзсан, сенда кишиларга манзур бўдадиган бирон ёқимли нарса йўқ, сен тобеликни талаб қиласан, сенинг қаршингда барча иштиёқлар (гарчи улар сенга яширин қаршилик кўрсатсаларда) лол қолади, сенинг ўзингга муносиб манбаинг қаерда, сенинг асл келиб чиқиш илдизларинг қаерда?». Бундан кўринадики, Кант этикасида бурч бу шахснинг соф практик ақлга ъбўйсунишдан бошқа нарса змас, унинг қаршисида барча майл-у иштиёқлар (гарчи пинҳона норозилик билдирса ҳам) жим қолади. Кант умуман ахлоқ сингари бурчни ҳам практик ақлдан, бизнинг ички дунёмизда ташқи сабаб ва ҳиссий қўзғатишларга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳаракат қилувчи инсоннинг «автоном» иродасидан келтириб чиқаради. Бурч талаблари, ана шу тариқа, жамият ҳаётининг оддий қоидаларидан келиб чиқади. Бурч шахс билан жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади, у инсон хулқидаги асосий ва доимий мотивдир. Шунинг учун ҳам ахлоқий бурч ҳеч қачон объектив зарурат ва жамият назоратидан холи соф субъектив бўлиши мумкин змас. Лекин бурчда фақат бир томонни — заруратни кўриш ҳам хато бўлур эди: бунда ҳамиш а субъектив момент — эркинлик элементи ҳам мавжуддир. Ана шунинг ўчун ҳам этика бурчнинг ташқи, буюрувчи кучини тан олган ҳолда, шу билан бирга, жамият талабларининг инсон индивидуал онги билан қўллаб-қувватланиши зарурлигини таъкидлайди. Этика ташқи, формал бурчга англаб олинган бурчни қарама-қарши қўяди. Инсон муайян бир ишни қилиш зарурлигини англаб, хатти-ҳаракат қилади, бунинг натижасида унннг ўз зиммасига ихтиёрий олган мажбурияти амалга ошади. Шундай қилиб, «ахлоқий бурч» тушунчаси инсоннинг уни бажаришдаги онглилиги ва ахлоқий эркинлигини сўзсиз ўз ичига олади. Англаб етилган бурч ҳамиша кучли, у индивидга ички қониқиш бағишлайди ва аслини олганда, ахлоқлиликнинг моҳиятини энг тўғри ифодалаб беради. Гарчи этика бурчни хоҳишга зид равишда ва ҳаттоки ташқи тазйиқ туфайли бажаришни ахлоқсизлик деб ҳисобламаса-да, мажбурият орқасида бажарилган бурч яққол ифодаланадиган ахлоқлилик белгисига эга бўлмайди. Ахлоқий бурчнинг мазмунинн у ёки бу синфнинг манфаатларига ҳам боғлиқ қилиб қўяди: бурчнинг синфий мазмуни у ёки бу мажбуриятларни бажариш кимнинг манфаатларига бўйсундирилганлиги ва .бу мажбуриятларнинг қандай эканлиги билан белгиланади. Масалан, феодализм даврида феодалга, черковга итоат этиш, бўйсуниш «ижтимоий» бурч ҳи-собланган (ўрта аср ахлоқида бурчнинг чеклаб қўювчи функциялари биринчи ўринга чиқади). Эксплуататорлик жамиятида бурч фақат у ёки бу синфларнинг фаолияти бутун жамиятнинг прогрессив тараққиётини акс эттирган чоғдагина (масалан, уларнинг фаолияти тинчлик учун кураш ишига, миллий озодлик ҳаракатига, фан ва маданиятни прогрессив тараққий эттиришга хизмат қилгандагина) ҳақиқий ижтимоий аҳамият касб этади. Лекин энг теран ижтимоий манфаатларга факат ахлоқий бурчгина жавоб беради. Меҳнаткаш халқнинг бурч ҳақидаги тасаввурлари (ҳалол меҳнат қилиб яшаш, меҳнаткаш инсонни ҳурмат қилиш, ўртоғининг бошига кулфат тушганда ёрдам кўрсатиш, ватанга содиқ бўлиш) асрлар давомида таркиб топгандир. Бир хил кишиларда фақат ҳуқуқ, бошқаларида эса фақат мажбурият бўлган жамиятда ахлоқий бурч доираси ҳаддан ташқари торайиб кетади. Меҳнат соҳасида у деярли бўлмайди: бу ерда асосан, моддий манфаатдорлик ва қўрқув интизоми ҳукмронлик қилади. Онг билан бурч ҳиссининг ўзаро муносабати ўтган ҳамма даврлардагига нисбатан тубдан ўзгаради: омма фақат ўзи қилиши керак бўлган нарсаларнигина эмас, балки нима учун ўз бурчини бажариши кераклигини ҳам англаб олади. Ахлоқий бурчни англашда шахсий ва ижтимоий манфаатлар ўз ифодасини топади. Шахсий манфаат ижтимоий манфаатлардан ташқарида мавжуд бўлмайди, ижтимоий манфаатнинг ўзи эса умумий бахт-саодатга хизмат қилиш туфайли туғилади. Ахлоқий бурч ҳисси ҳаракатга келтирувчи қудратли кучга айланади. Унинг бошқа ҳар қандай ахлоқ системасидаги бурчдан фарқ қилиб турадиган асосий белгиси ҳам_ ана шундан иборат дейиш мумкин. Юқорида айтилганидек, ахлоқий эркинлик ҳар қандай хатти-ҳаракатни оқловчи қандайдир ўзбошимчалик эмас ва бундай бўлмайди ҳам. Эркинлик бурчни англашни талаб қилади. Ижтимоий бурчни бажариш кишиларнинг эҳтиёжига, одатига айланиши керак эканлиги, онгли кишига шахсий истак, шахсий манфаат жамият олдидаги ўз бурчини охиригача бажаришга халақит бермаслиги жамият ва ахлоқ ривожланишининг қонуниятидир. Бироқ жамиятда шундай кишилар учраб турадики, улар мавжуд барча ҳуқуқ ва моддий бойликлардан фойдаланганлари ҳолда ўзларининг ижтимоий мажбуриятларини бажаришдан қочишга ҳаракат қиладилар, улар учун бурчни бажариш шахсий манфаатга зид келадигандай, унинг қобилият ва истакларини чеклайдигандай туюлади. Киши фақат жамият олдидагина эмас, балки оилага нисбатан, ўртоқларига нисбатан, яқинларига нисбатан ҳам ахлоқий мажбуриятга эгадир, бундан эса оилавий бурч, ўртоқлик бурчи келиб чиқади. Лекин бу ҳолларда ҳам бурчнинг мазмуни фақатгина чуқур шахсий истаклар, манфаатлар билан эмас, балки оқибат натижада ижтимоий манфаатларга хизмат қиладиган нарсалар билан боғлиқдир. Бурч қандай куринишда намоён бўлмасин ҳамиша унинг ижтимоий манфаатлар билан, кишининг жамият олдидаги бурчи билан алоқасини (баъзан биринчи "қарашда узоқ туюладиган алоқасини) кузатиш мумкин. Бурчнинг юқорида кўрсатиб ўтилган шаклларини алоҳида шахсга ҳам, коллективга ҳам бир хил даражада мансуб дейиш мумкин. Улар бир-бири билан узвий алоқада, органик уйғунликда рўёбга чиқади ва ижтимоий қимматларни жамлаш учун курашда катта роль ўйнайди; меҳнат унумдорлигини оширишнинг, ишлаб чиқариш активлигини кўтаришнинг, меҳнат ташаббускорлиги, ихтирочилик ва рационализаторликнинг, мамлакатимизда илмий- техника тараққиётини тезлаштиришнинг манбаларидан бири ҳисобланади. Ахлоқий категориялардан бири- ор-номус ва қадр-қиммат категорияларидир. Тарихий жиҳатдан ор-номус ва қадр-қиммат тушунчалари ибтидоий жамиятнинг охирларида кишиларнинг ахлоқий онгида вужудга келган. Ижтимоий тенглик даврида ор-номус «шахсий» эмас, балки уруғ тартиботи сифатида намоён бўлган. Инсонии индивидуалликни уруғ ўзига сингдириб олган; амалий жиҳатдан шахсий қадр-қимматни англаш бўлмаган. Ор-номус коллектив характерда бўлган, шунинг учун ҳам индивиднинг ҳақоратланиши. бутун уруғнинг ҳақоратланиши деб қабул қилинган. Хун олиш ва аввало бутун уруғнинг шаънини ҳимоя қилиш учун хизмат қилган. Алоҳида кишининг қадр-қиммати эса, гарчи у уруғ учун ўзини қурбон қилишга тайёр бўлса-да, асосий ўрин тутмас эди. Ор-номус ва қадр-қиммат тушунчалари фақат озод гражданларгагина мансуб бўлиб қолди, қулдорларнинг тасаввурлари қулларнинг ҳеч қандай ахлоқий сифатини тан олмас эди, қулнинг қиммати инсон сифатида баҳоланмас эди. Урта асрларда рицарлик шахсий қадр-қиммат ва ор-номусни ҳарбии шон-шуҳрат билан чеклаган ҳолда абсолютлаштиради. Рицарлик шундай ор-номус тушунчасини яратди ва ривожлантирдики, у кейинчалик дворянлик шаънининг асосий негизига айланди. Феодал ор-номуси тоифа имтиёзлари ва обрўси билан боғлиқ эдики, улар хийла кўп бойликка эга бўлган кишиларгагина мансуб эди. Авлод қанчалик бой бўлса, унинг вакиллари шунчалик аслзода бўлган, улар қанчалик кўп унвон ва обрўга эга бўлсалар, уларга шунчалик кўп ҳурмат кўрсатилган. Фамилиянинг ор-номуси, шон-шавкати шу фамилия эгаси бўлган кишиларнинг ҳақиқий номуссизлигини бекитиб, авлоддан-авлодга ўтган. Ор-номуснинг феодал-аристократларча тушунчаси ташқи дабдаба, кўргазма характерида бўлган. Буржуа жамиятида ор-номус бу бойлик, чунки унинг нуқтаи назарида пул ҳамма нарсани бойлик, мулк объеқтига айлантиради, улар эса ор-номуснинг энг ишончли ифодасидир. Шундай қилиб, инсон шахсий қадр-қимматига қараб эмас, балки капиталига қараб баҳоланади. Чек дафтарчаси улуғворлик ўлчови бўлиб хизмат қила бошлайди, бунда пуллар қаёқдан олинганлиги ва қандай қилиб тўпланганлигининг аҳамиятй йўқ. Хозирда жамият инсон ор-номуси ва қадр-қимматининг ҳақиқий намоён бўлишига барча объектив шарт-шароитлар яратиб берар экан, кишининг шон-шарафга эга бўлиши унинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига, интилишларига, ахлоқий қиммати ва интизомига, маданиятига, ишчанлик сифатларига боғлиқ. Тенглик шароитида инсоннинг шахсий ор-номус ва қадр-қиммат туйғуси коллектив шаъни ҳисси билан узвий боғланади ва бойийди. Коллектив шаъни унинг фаолиятига берилган жамоатчилик баҳосидир. Коллектив шаънига завод маркаси, шаъни, корхона шаъни, полк шаъни ва бошқалар ,мисол бў-лиши мумкин. Шаън, ор-номус тушунчалари билан шон-шуҳрат, тушунчаси узвий боғлиқдир. Бизнинг жамиятимизда кишининг шон-шуҳрати, унинг фаолияти жамиятнинг олға қараб ривожланишига қанчалик ёрдам беришига қараб белгиланади. Шунинг учун ҳам киши ўз қадр-қимматини қанчалик юксак даражада сақласа ва ўз инсоний бурчини амалга оширса, жамиятда у шунчалик катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлади. Инсонга унинг хизматлари учун коллектив, жамият томонидан билдириладиган эътибор фақатгина маънавий тан олиш, ва маъқуллаш тарзида эмас, балки, шу билан бирга, маънавий асосга эга бўлган ва коллективнинг шахсга нисбатан ҳақиқий ҳурматни ифода этадиган моддий мукофот тарзида ҳам бўлиши мумкин. Лекин фақат моддий рағбатлантириш кишиларга керак деб ўйлаш катта хато. Йўқ, кишига жуда кўп нарса — катта ишга ўзининг дахлдорлигини англаш, ўзини меҳнатда кўрсатишга интилиш, ўз маҳоратидан фахрланиш, ўртоқларининг ҳурмат-эътиборини қозониш, иззат-икромига сазовор бўлиш ҳам керак. 4.Жамият ва шахс ҳаётида ҳаёт маъноси ва бахт тушунчаларнинг ўрни. Баркамол авлод тарбиясида ахлоқий тушунчаларининг ўрни. Ахлоқий-этикавий муаммолар орасида яшашдан мақсад ва ҳаётнинг маъноси ҳақидаги, инсоннинг тақдири ва вазифаси ҳақидаги, киши ҳаётининг махфий сирлари ва мураккаблиги ҳақидаги масала марказий ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳаётнинг маъноси проблемаси—ъбу инсон ҳаёт фаолиятининг умумий йўналиши тўғрисидаги, у ўз олдига қўядиган асосий вазифа тўғрисидаги масаладир. Ҳаёт бемаъни бўлмаслиги учун нима қилмоқ, қандай яшамоқ керак деган саволга жавоб излаш ҳар бир кишининг диққат марказида бўлиб келган ва туради, ахир киши ниманидир ўзгартириш учун ва шу билан биргаликда ўзини бундай ўзгартиришга қобил шахс сифатида қарор топтириш учун дунёга келган. Қадимги Юнонистондаёқ ҳаётнинг маъносини бахтда, фазилатда, билимда, ҳиссий баҳра олишда, кишиларга хизмат қилишда, дунёнинг ҳузур ҳаловатини татиб, табиий яшашда ва ҳ. к. деб турлича тушуниш бор эди. Турли давр ва замонлардаги турлича фалсафий йўналишларнинг тарафдорлари бу муаммони ҳар хил талқин этдилар. Этика тарихида инсон ҳаётининг маъноси ҳақидаги, инсоний яшашнинг қувончлари ҳақидаги таълимотнинг яратувчиси Эпикур ҳисобланади. У ҳаётнинг маъносини донишмандликда кўради, донишмандлик кишини ақл-идрок билан билиб олингам табиатга ва беъҳуда хоҳишларни рад қилиб ҳосил бўладиган руҳий осойишталикка мувофиқ тарзда яшашга ўргатади, деб ҳисоблайди. Ҳаётнинг маъноси муаммосига қадимги материалистлар катта эътибор бердилар. Хусусан, улар инсон ҳаётининг аҳамияти ва бир томонга йўналтирилганлиги ҳақидаги диний тасаввурларни кескин танқид қилиб, идеалистларга қарама-қарши ўлароқ, ҳаётнинг маъноси ва инсоннинг заминдаги мақсад ва вазифаси ютуқларга, ҳузур-ҳаловатга, бахтга, муваффақиятларга эришишдир деб ҳисоб-лайдилар. Субъектив идеалистлар ҳаётнинг маъноси инсоннинг ўзида, роҳат-фароғатда (бу роҳат-фароғатнинг манбаи қандай бўлишидан қатъи назар) деб қарайдилар. Хозирги замон этикаси инсон ҳаётининг қимматини тан олган ҳолда, фақатгина ҳаётни тўғри тушуниш кишига ишонч бағишлайди, унинг хулқига, юриш-туришига мақсад сари тўғри йўналиш беради, деб тасдиқлайди. Инсоннинг ахлоқий принциплари ҳаётнинг маъносини қандай тушунишига ҳам боғлиқдир. Уз ҳаётининг маъносини тўғри тушуниб олган ва унга мувофиқ яшаган киши ахлоқий мангулик касб этади, чунки у жамият ишида, ўзи тарбиялаган кишилар сиймосида, яратган ғояларида яшайди. Этика ҳаётнинг маъносини ғирт шахсий проблема деб қарамайди, лекин бундан этикада айрим шахс, киши ҳаётининг маъноси ҳақида гап бўлиши мумкин эмас деган маъно чиқмайди. Асосий нарса шундан иборатки, инсон ҳаётининг ҳар қандай кўриниши, шу жумладан, ички, руҳий кўриниши ҳам (гарчи у коллектив ҳаракат шаклида намоён бўлмаса-да) ўз табиатига кўра ижтимоийдир. Шахснинг умуман жамият билан алоқасиии ҳисобга олмай туриб унинг ҳаётининг маъноси ҳақидаги масалани ўртага қўйиб бўлмайди. Фақат ана шундай ҳаётий фаолиятгина объектив қимматга, маънога эга. Ҳаётнинг маъноси ҳақида гапирар эканмиз, инсоннинг шунчаки яшашини эмас, балки унинг ўз ижтимоий моҳиятини қарор топтиришни кўзда тутамиз. Буни инсоннинг қандайдир бойлик яратиши лозимлиги маъносида тушунмоқ керак. Инсон ҳаёти мақсадга қаратилган фаолият сифатида тушунилади, шунинг учун ҳам кимдаки мақсад бўлмас экан, унинг ҳаёти қимматидан маърум бўлади, яъни унинг яшаши ўзини оқламайди, маънога эга бўлмайди. Лекин мақсадга эга бўлишнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Шахснинг ўз активлиги, унинг барча ҳаётий интилишларни амалга ошириш учун кураша билиш қобилияти ва маҳорати ҳам муҳимдир, чунки ҳаётнинг маъноси моддий оламдан пассив баҳра олишда эмас, балки уни ўзгартиришдадир. Ҳаётнинг маъноси ва яшашдан мақсад, гарчи бир-бири билан мустаҳкам боғланган бўлса-да, лекин улар бир хил маъноли тушунчалар эмас, чунки инсоннинг ҳаёти қандайдир эзгу мақсад амалга оширилмай қолганлиги билан ўз маъносини йўқотмайди. Ҳаётнинг маъноси — бу ҳаётнинг бутун бош йўлидирки, конкрет мақсадлар ана шунга боғлиқ бўлади, яъни мақсадларни белгилаб берадиган йўналишдир. Мақсад инсон онгида объектив дунёнинг, унинг ривожланиш тенденция ва қонуниятларининг инъикосидир. У объектив воқеликниннг инсон амалий фаолияти натижасида унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олувчи бўлажак ҳолати образидан иборатдир. Инсон ўз олдига ўзи мақсад қўяди, лекин мақсадлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, балки уларни инсоннинг турмуш шароитлари тақозо қилади. Ҳаётнинг маъноси — унинг инсон онгидан қатъи назар мавжуд бўла оладиган объектив мазмунидир. Агар мақсад инсон интиладиган нарсани кўрсатса, ҳаётнинг маъноси унинг буни нима учун қилишини айтади. Ҳаётнинг маъноси ва ҳаётдан мақсад ё бир-бирига уйғунлашиб кетиши ёки бир-бирига зид келиши мумкин. Лекин қандай бўлишидан қатъи назар улар диалектик бирликда мавжуддир. Агар киши ўз олдига «мен бу дунёда кимман ва унга нима янгилик киритаман, уни нима билан бойитаман, менга ўтмишдаги ва ҳозирги барча авлодлар томонидан муҳайё қилинган ҳаёт шодликларини нима билан қайтараман» деган савол қўймаган бўлса, унинг ҳаётини бамаъни ҳаёт деб бўлмайди. Инсон ўзининг ижтимоий табиатига кўра амалий мавжудотдир, демакки, у ўз олдига мақсад ва вазифалар қўяди, аммо бусиз у ҳайвонга ай-ланади. Инсон ўз ҳаётининг оқилона асосини ва вазифасини, ўз камолотининг истиқболларини, бутун фаолиятини кўра билиши англаши ва тушуниши керак. Агар мақсадни ошириш йўлида инсон бирон-бир ўтиб бўлмас тўсиққа учраса, у ўз ҳаёти маънодан маърум бўлмаслиги учун умумий ҳаётий йўлига мувофиқ келадиган бошқа олижаноб мақсадларни қўяди. Бунда кўзланган мақсадлар қанчалик олижаноб, юксак бўлса ҳаётнинг маъноси шунчалик теран ва аҳамиятлироқ бўлади. Инсоннинг моддий ва маънавий эътиёжлари асосида вужудга келадиган яқин, бевосита, «бир кунлик» мақсадлари бўлади. Бундай эҳтиёжлар кишида жуда кўп бўлганлигидан у эҳтиёжларни қондиришда мувофиқроғини танлайди, у кўпинча бир хил мақсадларга эришиш учун бошқаларини четга суриб қўяди. Одатдаги шароитда, бунда ҳеч қандай мақсад «қурбон қилинмайди», чунки барча талаб ва эҳтиёжларни бирданига қондириб бўлмайди. Инсонда катта узоқ мақсадлар бўладики, уларга эришиш учун бутун кишилик фаолияти қаратилади. Бу идеал мақсадлардир. Инсон ҳаётининг маъноси унинг айрим мақсадларининг аҳамиятлилиги билан эмас, балки бутун ҳаётидаги барча хатти-ҳаракатлари мақсадларининг умумий йўналиши билан белгиланади. Бироқ инсон ҳаётининг маъносинн фақат жамият бахт-саодатига эришишгагина боғлаб қўйиш ярамайди — ҳаётнинг маъноси ўз-ўзига хизмат қилишда ҳам, шахсий бахтга эришишда ҳам намоён бўлади. Чунки, ахир жамият индивидлар ҳаётий фаолиятларининг формаси сифатида кишилар бахт-саодатига алоқаси бўлмаган «ўз» бахт-саодатига эга эмас-ку. Жамият бахт-саодати — олий мақсад, индивидлар бахт-саодати эса — пировард мақ-сад). Албатта, муътожлик ҳаётнинг тўлақонлилигига тўсқинлик қилади, кишиларга ҳам жисмоний, ҳам маънавий зиён келтиради. Ҳаётнинг моддий таъминоти шак-шубҳасиз, унинг яшаш негизини ташкил этса ҳам бари бир бу унинг мазмуни ҳам, жозибадор қудрати ҳам эмас. Унда, яхшилик категориясига қарама-қарши равишда, бирмунча кенг умумийликни акс эттирувчн алоҳидалик ёрқин ифодасини топган. Этика таълимотлари тарихи бахт масаласининг ҳамма давр ва замонларда материалистлар билан идеалистлар ўртасидаги қизғин мунозараларга сабаб бўлиб келганлигидан далолат беради. Қадимги Ҳиндистон, Хитой, Юнонистоннинг кўпгина идеалистлари бахтни ҳузур-ҳаловатнинг ўзига хос ҳолати, бузилишни билмайдиган мутлақ осойишталик деб қараганлар. Улар роҳатга ҳам, азобга ҳам бефарқ муносабатда бўлишгина кишини бундай ҳолатга олиб келади, деб таълим берганлар. Қулдорлар синфининг идеологи бўлган Аристотель қуллик кўпчилик кишиларнинг табиий ҳолати деб ҳисоблаб, ҳар бир ижтимоий гуруҳ ўз бахт мезонига эга бўлади деган. Бахтнинг ўзи эса, мутафаккирнинг фикрича, оқилона фаолиятдан, ақлга мувофиқ келадиган фазилатдан иборат. Идеалистлар орасида скептиклар ўтакетган нуқтаи назарни ёқлаб чиқадилар. Улар «атараксия»— батамом хотиржамлик тарафдори эдилар. Скептикларнинг идеали —«апатия» (лоқайдлик) эди. Қадимги замон материалистлари аскетизмни ҳаётий неъматлардан воз ке-чиш сифатида инкор этиб, дунёвий бахтни ёқлаб чиқдилар. Улар бахтни бузуқ ҳаётдан эмас, балки оқилона яшашдан баҳра олиш деб қарадилар, ҳар нарсада, шу жумладан, овқат ва кийимда ҳам нафсни тийишни ва мўътадилликни талаб қилдилар. «Ақл эҳтирослар устидан ҳукмрон бўлиши керак» деган эди Демок-рит. Бундай турмуш тарзи саломатликка ёрдам беради, инсонни ижтимоий жараёнларга қизғин муносабатда бўлишга мажбур этади, бахтсиз ҳодисаларни енгил кечиришга кўмаклашади, ҳаётдаги ҳузурликларнинг қадр-қимматига етишга мажбур қилади дейди Эпикур. Қадимги материалистлар ақл, мулоҳазалилик инсоннинг бахтга эришишига ёрдам беради, уни гўзалликдан баҳра олишга ўргатади, деб кўрсатадилар. Улар кишиларнинг бахтсизлик сабабларини кишиларнинг ўзларидан қидирадилар, чунки уларнинг таълимотича, бахт ва бахтсизлик манбаи инсоннинг қалбида бўлади. Дин дунёвий бахтни илоҳий ахлоққа зид келадиган нарса деб қарайди. Диннинг даъвосича бахт — бу нариги дунёда худонннг марҳамати билан ато-этиладиган абадий роҳат-фароғатдир. Шуни таъкидлаш керакки, фақатгина Фейербах эмас балки кўпчилик материалистлар ҳам бахт масаласига ёндашишда бир томонламалик дардига мубтало эди. Гарчи улар кишиларнинг ҳақиқий зарурат ва эҳтиёжларини назарга олиб бахтга эришиш мумкинлигига ишонган бўлсалар-да, кишиларнинг эҳтиёжларини ҳамиша мавжуд, турғун, ҳодиса деб ҳисоб-лардилар, кишиларнинг эҳтиёжлари билан жамият тараққиёти ўртасидаги ало-қани кўрмадилар. Хозирги замон этика фани бахт масаласини ҳал этишга жамият ҳаёти-нинг ҳамма томонлари ва ҳодисаларини ҳисобга олиб туриб, конкрет тарихий нуқтаи назардан ёндашади.Ҳар бир ижтимоий-иқтисодий тузум, ҳар бир синф бахтни ўзича тушунади. «Умумий инсон» бўлмаганидек, «умумий бахт» ҳам бўлмайди. Бахт тушунчасининг ривожланиши жамият тараққиёти билан узвий боғланган, у жамият ҳаётида содир бўладиган ўзгаришларга мувофиқ равишда янги мазмун билан бойиб боради. Абсолют бахтнинг бўлиши мумкин эмас. У ҳам худди эҳтиёжлар сингари доим ўсиб, ривожланиб боради. Бахт категорияси тарихий тараққиёт давомида сифат жиҳатидан янги маъно ва мазмун билан бойиб бориб, умуминсоний элементларни сақлаб қолади ҳамда унга термин ва тушунчада ифодаланган эски шаклдан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Бахтнинг умуминсоний элементи шахснинг ҳаёт фактини, ўзининг мавжудлигини идрок этишидаи, нормал яшаш шароитини таъминлашдан, ўз мавжудлигининг фойдалилигига ишончдан, инсоннинг муҳаббат, дўстлик, ота-оналик завқ-шавқини англашдан иборатдир. Лекин мазкур элементлардан биронтасининг ҳам абсолют даражага кўтарилиши, уларнинг конкрет ижтимоий, синфий талабларга боғлиқ бўлмаслиги мумкин эмас Давлатимиз кишиларнинг бахти учун имкони борича ҳамма шароитни яратиб берди ва жамиятнинг ҳар бир аъзосига максимал даражада ғамхўрлик кўрсатмоқда. Биз учун бахт бойлик орттириш, индивидуализм, тийиқсиз-эътирос ва истакларнинг жўш уриши, пул учун меҳнат қилиш, истеъмол қилиш учунгина яшашдан иборат эмас. Биз учун янги, соф ижтимоий эҳтиёжлар — ижодкор, мутафаккир, жамоат арбобининг эҳтиёжлари характерлидир. Унинг бахти — ўзи яшаётган жамиятни яхшилаш ва такомиллаштиришдан, шу жамиятга хизмат қилишдан иборат Жамиятимизда бахт жамият тараққиётининг ахлоқнй мақсади сифатида ҳам, киши шахсий эҳтиёжлари қондирилишининг кўрсаткичи сифатида ҳам намоён бўлади. Бахт категориясининг таҳлили, агар унинг объектив ва субъектив томонлари очилмаса, тўлақонли бўлмайди. Бахтнинг объектив томони ахлоқий мақсад билан белгиланади, ана шу мақсадга эришиш йўлида инсоннинг ҳаётий кучлари ривожланиб боради. Объектив томон ижтимоий томон билан айнан бир нарса эмас. Агар ижтимоий томон ижтимоий-сиёсий тузум билан белгиланса ва шахснинг у билан ўзаро муносабатини билдирса, бахтнинг объектив томони ахлоқий идеални белгилаб берадиган ижтимоий борлиқни ўз ичига олади. Бахтнинг объектив мазмуни бўлмаганда эди кишилар ҳеч қачон унга эришиш учун курашда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштира олмас эдилар. Бахтнинг объектив томони унииг тўлақонлилигининг мезонидир. Бахтнинг субъектив ва индивидуал томонлари ҳам бир-бирига айнан ўхшаш эмас. Бахтнинг рационал намоён бўлиши шундан иборатки, инсон ақл кучи билан объектив жараёнларнинг ҳақиқий мазмунини, уларнинг ижтимоий аҳамияти ва ахлоқий қийматини англаб олади, ўз мақ-садларини ва уларга эришиш йўлларини белгилайди. Бахтнинг нимада эканлигини билмасдан уни излаш мумкин эмас, деб ёзган эди Ж- Ж. Руссо, чунки унинг нимадалигини билмасак, биз ундан ажралиб қолишимиз мумкин, уни топишга қанчалик имкониятларимиз бўлса, шунча сохта йўллар ҳам бор. Хуллас, бахтнинг юқорида эслатиб ўтилган томонлари (объектив ва субъектив, ижтимоий ва индивидуал, рационал ва эмоционал томонлар) дан ҳеч бири мустақил равишда мазкур категорияни тўла очиб бера олмайди. Бу томонларнинг ҳаммаси бир-бирига сингади, бир-бирига таъсир кўрсатади. Бахтнинг турли томонлари ўртасидаги диалектик ўзаро алоқа улар ўртасидаги зиддиятларни ҳам ўз ичига олади. Узаро зиддиятлар шунинг учун ҳам мавжуд бўладики, бахт категориясининг асосини субъектив процесслар, бутун мураккаблик ва зиддиятларга тўла бўлган реал ҳаёт ташкил этади. Шунинг учун ҳам шахсий ҳаётдаги барча ижтимоий ҳодиса ва воқеаларни бахтлилик ва бахтсизликка ажратиб бўлмайди. Бахт категорияси бахтсизлик категорияси билан қутбий ўзаро муносабатда бўлади. Бахтсизликка қарши кураш жараёнида бахтга эришилади. Шундай қилиб, бахт асло қандайдир сирли, илғаб ва аниқлаб бўлмас нарса эмас. Уни илмий жиҳатдан тадқиқ қила билиш ва ҳаётда амалий жиҳатдан тўла-тўкис рўёбга чиқариш мумкин. Download 56.07 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling