9. Маънавият ва ижтимоий онг шакллари
Download 24.15 Kb.
|
18-mavzu (1)
9.Маънавият ва ижтимоий онг шакллари Маънавий онг тизим сифатида ижтимоий онгнинг барча шаклларини ўз ичига олади. Маънавий онгга ижтимоий онгнинг муҳим, аҳамиятли унсурлари, қадрият даражасига кўтарилган ғоялари, баҳолари, меъёрлари, идеаллари киради. Маънавият ижтимоий онгнинг моҳияти, ўзаги, ядроси. Ижтимоий онг эса маънавиятнинг мавжудлиги, воқелиги, юзага чиқишидир. Фалсафага, динга, ахлоққа, нафосатга, сиёсатга, ҳуқуққа ёки ижтимоий онгнинг бирор бошқа аниқ шаклига тааллуқли бўлмаган маънавият, маънавий ғоя, меъёр ёки қадрият йўқ, бўлиши мумкин эмас. Ҳалоллик, инсонпараварлик, адолат тушунчалари бир вақтнинг ўзида ижтимоий онгнинг бир неча шаклига – ахлоққа, динга, ҳуқуққа тегишли. Тенгҳуқуқлилик, демократик эркинлик сиёсий ва ҳуқуқий онг тушунчаларидир. Эзгулик, виждон, бурч, бахт-саодат ахлоқий онг тушунчаларидир. Гўзаллик эса эстетик онга тааллуқли. Чизмада ижтимоий онг ва маънавий онг нисбатини қуйидагича тасвирлаш мумкин: маънавий онг ижтимоий онгга киради, унинг ядросини ташкил этади. Ижтимоий онг шаклларига маънавий онг шакллари мос келади. Аммо ижтимоий онг маънавий онгга нисбатан анча кенг ва анча беқарор. Ижтимоий онг шакллари бир-бири билан яқиндан боғланган, уларнинг маънавиятга кирадиган қисми маънавий онг даражасида умумий яхлит тизимни ташкил қилади. Шу боис улар ўртасида ўтиб бўлмас чегара йўқ. Улар бир бирига таъсир кўрсатади, бир бирини бойитади, ривожлантиради. Уларнинг бир бирига ўзаро таъсир кўрсатишида маънавият боғловчи, бирлаштирувчи, тартибга солувчи, бирининг ютуғини иккинчиси ўзлаштиришда узатувчи восита вазифасини бажаради. Ҳар бир ижтимоий онг шакли маънавият билан умумий муштараклик, алоқадорликдан ташқари, хусусий, конкрет алоқаларга киришади. Бу улардан ҳар қайсининг ягона маънавият тизимида ўзига оид тушунча, ғоя ва мўлжалларни акс эттиришида маънавий онгга тегишли ахборотни, билимни етказиб беришида намоён бўлади. Масалан, ахлоқ ҳақидаги тушунчаларни, ғояларни, билимни, ахлоқий мўлжалларни маънавият сиёсий онгдан эмас, айнан ахлоқий онгдан олади. Ижтимоий онгнинг бир шаклига оид тушунча унинг бошқа шаклида ҳам қўлланилиши, талқин этилиши мумкин. Биз юқорида айрим тушунчалар, меъёрлар ижтимоий онгнинг бир неча шаклига оидлигига мисоллар келтирдик. Энди ижтимоий онгнинг аниқ бир шаклига мансуб тушунчанинг бошқа шаклида қўлланилишига ва талқин қилинишига мисол келтирамиз. Масалан, бурч – ахлоқий тушунча. Аммо у ҳуқуқ доирасида ҳам қўлланилиши ва талқин қилиниши мумкин. Масалан, амалдорнинг хизмат бурчига содиқлиги. Бурчига хиёнат қилиб, ёки совуққонлик муносабатда бўлиб, уни тўлиқ бажармасдан одамларга, жамиятга, давлатга зарар келтирган киши қонун олдида жавоб беради: ё жиноий, ё маъмурий жазога тортилади. Бурч ҳуқуқда муайян зарурий хатти-ҳаракатини содир этиш ёки этмаслик сифатида талқин қилинади. Виждон тушунчаси ҳам ахлоққа тегишли. Аммо виждон эркинлигини юзага чиқаришда инсон эркин бўлиши қаторида бошқаларга зиён етказмаслиги керак. Буни қонун ҳимоя қилади ва таъминлайди. Виждон эркинлиги юзага чиқаришга бошқаларга халал берган ёки зиён етказган кимса ҳам, ташкилот ҳам қонун олдида жавоб беради. Ижтимоий онгнинг муайян шаклига оид ғоя, тушунча унинг бошқа шаклида хусусий ҳолатларни англатувчи, ифодаловчи ғояга, тушунчага айланади. Ижтимоий онг маънавиятнинг мавжудлик ва воқе бўлиш шакли сифатида маънавият билан ўзаро алоқаларда моҳият ва ҳодиса муносабатларини намоён этади. Маънавий онг ижтимоий онгинг моҳияти, ижтимоий онг маънавий онгининг воқелигидир. Зарур ҳолларда маънавият ижтимоий онгга, ижтимоий онг эса маънавияга айланади. Масалан, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликлари, инсонга эъзозли ва ғамхўрли муносабат жамиятнинг эътиқоди, мафкураси даражасига кўтарилса, у ижтимоий онг ҳодисасига айланади. Ижтимоий онгдаги ғоялар одамлар хулқ-атворини, жамият институтлари фаолиятини белгиласа, маънавий ҳаётнинг, маънавиятнинг узвий бўлагига айланади. Бундан ташқари, ижтимоий онгнинг ҳар бир алоҳида шакли – фалсафа, дин, илм-фан, адабиёт ва санъат, сиёсий онг, ҳуқуқий онг – нисбатан мустақил тизимни ташкил этади ва мустақил ижтимоий функцияларни (вазифаларни) бажаради. Фалсафа ва дин одамларнинг дунёқарашини, эътиқодини, оламга муносабатини шакллантиради. Инсон ва жамият онгининг, бинобарин, маънавий онгнинг ҳам, умуман маънавий маданиятнинг эътиқодий асосини ташкил этади. Ахлоқ ва ҳуқуқ жисмоний ва юридик шахслар, одамлар, ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Ижтимоий ҳаётни маълум томонга йўналтиради, меъёрлаштиради, баҳолайди, баъзи бир хулқ-атворлар, фаолият турларини чеклайди, тақиқлайди, баъзиларни рағбатлантиради ва ҳ.к. Эстетик онг, адабиёт ва санъат одамларни “гўзаллик қонунлари бўйича” ўзларини, атроф-муҳитини ўзгартиришга, такомиллаштиришга, ижодкорликка ундайди. Ҳаётда фаол ижтимоий позицияни эгаллашга, яхшиликни ёмонликдан, гўзалликни хунукликдан, юксакликни (улуғворликни) тубанликдан фарқлашни ўргатади. Инсон қалбини тарбиялайди. Сиёсий онг жамият ҳаётини ташкил этиш ва бошқарувни такомиллаштиришда, демократик ҳуқуқий давлатни қарор топтиришда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини юзага чиқаришда катта аҳамият касб этади. Бу билан жамият маънавияти ривожланишига кучли таъсир кўрсатади. Айни пайтда сиёсий онгнинг инсонпарварлашуви, либераллашуви ёки авторитар мазмун касб этиши сиёсий режим қаторида жамиятнинг маънавиятига боғлиқ. Муайян мамлакатда миллий консолидация даражаси кучли, адолат, эркинлик ғоялари, маънавият яхши ривожланган бўлса, ҳеч қачон нодемократик сиёсий режимлар ўрнатилмайди. Ҳарбий фитна ва тўнтаришлар орқали бундай режим ўрнатилиб қолганда ҳам, умри қисқа бўлади. Тарих гувоҳлик берадики, қайси мамлакат халқига миллий жипслик етишмаса, турли синфлар, табақалар ўртасида ҳокимият учун талашлар кучайиб, сиёсий парокандалик содир бўлса, ўша мамлакатда турли хил диктатуралар, сиёсий режимлар ўрнатилиши мумкин. Россияда октябрь тўнтариши ва пролетариат диктатураси ўрнатилиши, Германияда Гитлер бошчилигидаги национал-социалистларнинг ҳокимият теппасига келиб фашистик диктатураси ўрнатилиши, Италияда Мусоллини, Испанияда Франко фашистик режимлари ва бошқа қатор давлатларда ҳарбий режимларнинг қарор топиши турли ижтимоий гуруҳларнинг носоғлом рақобати, миллий жипсликнинг етишмаслиги, маънавий ва сиёсий парокандалик туфайли юз брган эди. Жамиятнинг фалсафий ва сиёсий онги мамлакат ривожланишида тарихий бурилиш, тарихий янгиланиш юз бераётганда унинг ҳаётига, шу жумладан маънавий ҳаётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин. Тарихий бурилиш, тарихий янгиланиш деганда, жамиятнинг бир ижтимоий –иқтисодий тузумдан бошқасига ўтиши назарда тутилади. Бу борада айниқса феодализмдан (аграр жамиятдан) капитализмга (индустриал жамиятга ) ўтиш даври кўплаб мисоллар беради. Европада буржуа инқилоблари даврида жамиятнинг сиёсий онги кучли ривожланган, ижтимоий онгнинг бошқа шаклларига қаттиқ таъсир кўрсатган, улар орасида етакчига айланган эди. Аграр жамиятнинг сиёсий тузуми (монархия), бошқарув усуллари, маънавий ҳаётнинг етакчи эътиқодий институти – дин ва черков қаттиқ танқидга учради. Сиёсий ғоялар, қарашлар таъсирида революцион йўл билан давлат ва жамият институтлари, маънавий-маданий ҳаёти қайта қурилди. Черков давлатдан, мактаб черковдан ажратилди. Черков цензураси расмий бекор қилинди. Ахлоқ , адабиёт ва санъат зўравонлик воситасида тубдан ўзгартирилмаган бўлса-да, янгича мезонлар, тамойиллар, ҳурфикрлилик ва ҳуқуқий эркинлик асосида ривожлана бошлади. Индустриал жамиятда табақавий имтиёзлар бекор қилинди. Қонун олдида ҳамма тенглаштирилди. Қонунчилик асослари ва қонунлар тизими қайта кўриб чиқилди. Натижада жамиятнинг янги ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти шаклланишига замин яратилди. Булар ҳаммаси фуқаронинг ҳеч ким олдида шахсан қарам бўлмаслиги, жамият аъзоларининг тенгҳуқуқлигини, эркинлигини ёқловчи фалсафий ва сиёсий ғоялар, қарашлар таъсирида рўй берди. Фалсафий ва сиёсий қарашлар таъсирида Европада ХVIII асрдан бошлаб маънавиятнинг кўплаб соҳаларига танқидий руҳ, догматизм ва эски қарашларни танқид қилиш, рационал тафаккур, хурфикрлилик, тараққийпарварлик ғоялари кириб келди ва ривожлана бошлади. Инсонпарварликни тушуниш анча кенгайди ва чуқурлашди. Булар жамиятнинг маънавиятига, умуман ижтимоий ҳаётга қаттиқ таъсир кўрсатди. Барча соҳаларда рақобат қарор топди. Индивидуализм кучайди. Одамлар кўпроқ ўз манфаатларини ўйлай, ўз фойдасини кўзлай бошлади. Меҳр-оқибат, баъзи бир анъанавий қадриятлар, ахлоқий меъёрлар деформацияга учради. Янги жамиятга хос ютуқлар, юксалиш, илғор ғоялар билан бир қаторда салбий унсурлар, ахлоқий иллатлар кўпайди. Илм-фаннинг, биринчи галда табиатшуносликнинг ривожланиши материалистик қарашлар, айниқса табиат ҳодисаларни тушунишда материализм кенг тарқалишига, дин ва черов танқиди кучайишига туртки берди. Бу жамиятнинг ижтимоий-маданий, сиёсий-ҳуқуқий ҳаёти секуляризация бўлишига маънавий-ғоявий замин яратди. Ижтимоий онг, дунёқараш турли хил бидъат ва хурофатлардан анча-мунча қутилди, тозаланди. Инсоннинг яратувчилик, ижодкорлик фаолияти кескин ўсди. Илмий билимлар асосида табиий жисмларнинг, ашё ва бойликларнинг физикавий, кимёвий хоссалари, улардан янги маҳсулотлар олиш усуллари кашф этилди. Табиий бойликларни, хомашёларни қайта ишлайдиган машина ва механизмлар, завод ва фабрикалар яратилди. Бу иқтисодиётни кескин ривожлантириб, саноат инқилобига олиб келди. Натижада индустриал жамият тез ривожланди. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузум, маънавий ҳаёт тубдан ўзгарди. Кўриниб турибдики, ижтимоий онг шаклларининг ўзгариши, юксалиши маънавиятни ҳам, жамиятни ҳам тубдан янгиланди. Аграр жамиятнинг индустриал жамиятга айланишда моддий-иқтисодий омиллар қаторида маънавий омиллар, биринчи галда жамиятнинг фалсафий ва сиёсий онгида, илм-фанда (илмий онгда) юз берган ривожланиш катта аҳамият касб этди. Инсон шахсини юксалтириш, инсонпарварлик ғоялари жамиятнинг қадриятлар мўлжалига, идеалига айланишига адабиёт ва санъат (жамиятнинг эстетик онги ва маданияти) катта ҳисса қўшди. Тараққиёт жараёнида ижтимоий онгнинг нисбатан алоҳидалашган шакллари ва йўналишлари вужудга келиб, ривожланиб боради. Аграр жамиятда, айниқса қулдорлик тузумида омманинг сиёсий онги анча қашшоқ бўлиб, алоҳида тизимни деярли ташкил этмас эди. Феодализм даврида ҳам омманинг сиёсий онги анча паст эди. Шу боис омма ўта оғир аҳволга тушиб қолган пайтларда ғалаёнлар, қўзғалонлар кўтарган, аммо ҳокимият олдига сиёсий талаблар қўймаган. Улардан фарқли, аристократиянинг сиёсий онги анча баланд эди. Улар қиролга, марказий ҳокимиятга талаблар қўяр, агар талаблари қаноатлантирилмаса, айирмачилик ҳаракатини бошлар эди. Шу сабабдан феодал тарқоқликка интилиш юзага келган эди. “Хабеас корпус”институтининг вужудга келиши Англияда олий табақанинг қирол олдига қўйган талаби натижасидир. Албатта, таъкидлаш жоизки, биринчидан, ўша даврда хабеас корпус тамойиллари анча чегараланган, иккинчидан, фақат дворянлар ва руҳонийларга нисбатан қўлланилар эди. Индустриал жамиятда омманинг сиёсий ва ҳуқуқий онгида кескин бурилиш юз берди. Ғалаёнлар, қўзғалонлар аста-секин революциялар шаклини олди. Сиёсий ҳокимиятни такомиллаштириш, либераллаштириш, демократлаштириш, қонунийликни, ижтимоий адолатни таъминлаш масалалари кун тартибига қўйила бошлади. Революциялар туфайли уларнинг қандай якунланишидан, ғалабаси ёки мағлубиятидан қатъи назар омманинг сиёсий ҳуқуқлари ва эркинликлари ўсиб борди. Мазкур жараён постиндустриал жамиятда давом этди, янада кенгайди, конкретлашди ва бойиди. Бугун инсон ҳуқуқлари, демократик эркинликлар давлат ҳуқуқидан устун ҳисобланади. Жамият ҳаётининг – хоҳ моддий-иқтисодий, хоҳ маънавий-маданий бўлсин – барча соҳаларига юқори даражада таъсир кўрсатади. Постиндустриал жамиятда экологик онг анча ривожланди. У ижтимоий онгининг алоҳида мустақил шаклига айланиб бораётир. Аграр, ҳатто индустриал жамиятда экологик онг ягона тизимга келтирилмаган эди. Табиатга тежамкорлик ва оқилона ёндашиш, жонли табиатга, аввало ҳайвонотга раҳм-шафқатли бўлиш ғоялари (экологик онг унсурлари) жуда қадимдан мавжуд бўлса-да (“Авесто”ни эсланг), экологик онг яхлит тизим шаклида ривожланмаган эди. Экологик онгнинг ХХ аср иккинчи ярмида, айниқса ҳозирги даврда иқлимнинг глобал исиш туфайли тез тизимлашуви ривожланиши жамият ва табиат алоқаларининг узвийлигини, инсоният келажаги экологик ҳалокатнинг олдини олишга боғлиқлигини чуқурроқ тушунишга олиб келди. Ижтимоий онг шаклларининг маънавиятга таъсир йўналишлари ҳақида гапирганда, қуйидагиларни таъкидлаш мумкин. Биринчидан, ижтимоий онг аввало соф маънавиятга, яъни маънавий онгга таъсир кўрсатади. Инсоний ҳис-туйғулар, ғоялар, меъёрлар, идеаллар ижтимоий онгнинг тегишли шакллари – фалсафа, дин, ахлоқ, нафосат ва ҳ.к. орқали қарор топади. Маънавий онг ижтимоий онгнинг энг муҳим биринчи даражали унсурлари, тузилмаларидан ташкил топган бус-бутунлик ва системавийлик касб этган қисмидир. Иккинчидан, ижтимоий онг предметлашган шаклда маънавий маданиятга айланади. Маънавий маданият тизими ижтимоий онг шаклларига мувофиқ ахлоқий, эстетик, сиёсий, ҳуқуқий, экологик, ҳуқуқий, диний, илмий-фалсафий маданиятларга бўлинади. Ўз навбатида уларнинг ҳар бири алоҳида тизимни ташкил этиб, таркибий қисмларга бўлинади. Масалан, ахлоқий маданият амалий хулқ-атвор ва одоб-ахлоқ қоидалари, этикет, урф-одатлар, маросимлар, ахлоқшунослик фани ва бу борадаги тадқиқотлардан ва ҳ.к.лардан ташкил топади. Эстетик маданият таркибига халқ оғзаки ижоди – қўшиқлар, лапарлар, айтишувлар, халқ амалий-безак санъати (каштадан, ганчкорлик то ёғоч ўймакорлик нақшларидан ва ўйинчоқлар, қўғирчоқларгача), халқ куйлари, рақслари, ўйинлари ва ш.к. халқ ижоди намуналари, адабиёт, санъат турлари, профессионал адабиётшунослик, санъатшунослик фанлари киради. Учинчидан, улардан баҳраманд бўлиш, уларни ўзлаштириш жараёнида инсоннинг шахси, маънавий қиёфаси шаклланади. Ижтимоий онгнинг ривожланганлик ва предметлашганлик даражаси жамиятнинг маънавий ривожланиш даражасини, маънавий муҳитни белгилайди. Тўртинчидан, ижтимоий онг шаклларининг тегишли меъёрларга, қадриятларга, идеалларга айланиши инсоннинг ҳаётий позициясига, ижодий салоҳияти ўсишига таъсир кўрсатади. Ижтимоий онг шаклларининг умуман ва ҳар шаклнинг алоҳида таъсир босқичларини жамият тараққиётининг тарихий босқичлари – ибтидоий жамият, аграр жамият (қулдорлик ва феодализм), индустриал, постиндустриал, постмодерн жамиятидаги аҳамиятидан ёки тарихий даврлар – қадимги, антик, ўрта асрлар, Европа Уйғониш даври, Маърифатпарварлик даври, янги давр, энг янги даврдаги аҳамиятидан келиб чиқиб таҳлил этиш мумкин. Ижтимоий онг шаклларининг маънавиятга таъсир босқичларини таълим, коммуникация воситалари, матбаа, ахборот технологиялари ва ОАВ ривожланиш даражасидан келиб чиқиб ҳам таҳлил этиш мумкин. Масалани ўрганишга ёндашув қайси мезонлар ва тамойиллар танланишга боғлиқ. Ижтимоий онг шаклларининг маънавиятга таъсир даражасини ўрганишда онгнинг икки даражаси – кундалик онг, ижтимоий психология ва назарий онг, ижтимоий идеология назарда тутилиши мумкин. Социумнинг турли кўринишларга – алоҳида инсонга (индивидуал даража), оилага, жамоага, турли ижтимоий гуруҳлар, табақалар, синфларга (коллектив даража), бутун халққа (миллий даража)таъсири ҳақида фикр юритиш ҳам мумкин. Социумнинг турли шакллари маънавиятига ижтимоий онг ва унинг ҳар бир шакли бир хил таъсир кўрсатмайди. Ҳар бир кишининг ўз қизиқишлари, эҳтиёжлари, ҳаётий тажрибаси, такрорланмас руҳий-психологик, эмоционал ва ақлий-интеллектуал хусусиятлари бор. Кимдир сиёсатга камроқ қизиқади, адабиёт ва санъатга эса кўпроқ ихлос қўяди. Кимдадир ижтимоий-гуманитар фанларга мойиллик кучли, кимдадир табиатшунослик ва аниқ фанларга. Қизиқишига, мойиллигига, эҳтиёжларига, қобилиятига қараб ҳар бир киши ижтимоий онгнинг муайян шаклларига кўпроқ, бошқаларига камроқ эътибор қаратади. Социумнинг юқорироқ ташкилий шаклларида корпоратив (жамоавий) эҳтиёжлар ва манфаатлар унинг ижтимоий онг шаклларига муносабатини белгилайди. Нафақат ижтимоий онг шакллари маънавиятга, шунингдек маънавият ҳам уларга акс таъсир кўрсатади. Ижтимоий онг шаклларидан ҳар бири яхлит система (тизим) бўлган маънавиятнинг қисмларидир. Бинобарин, улар ўртасидаги алоқалар, шу жумладан ўзаро таъсир қисмнинг тизимга, тизимнинг қисмга таъсири кўринишида амалга ошади. Бундан ташқари, маънавият (тизим, система) доирасида ижтимоий онг шакллари (қисмлар) ўзаро бир бири билан боғланади ва бир бирини бойитади. Маънавиятнинг турли тарихий ривожланиш босқичларида ўша давр тақозо этган етакчи ғоялар, тамойиллар, ҳатто маънавий онг шакли бўлади. Улар жамият ҳаётининг барча соҳалари, йўналишлари мазмунида у ёки бу тарзда акс этади. Ўрта асрларда дин ва диний ғоялар шундай роль ўйнаган бўлса, Уйғониш даврида инсонпарварлик, Маърифатпарварлик даврида тенгҳуқуқлилик ва эркинлик, ХIХ-ХХ асрларда мустамлака Шарқ ва Лотин Америкаси халқлари маънавиятида миллий озодлик ғоялари асосий роль ўйнади. Адабиёт ва санъат, матбуот ва публицистика, илм-фан ижтимоий фикр ва қарашлар мазкур ғояларни асослашга ва тарғиб этишга киришади. Илғор зиёлилар онгли равишда мазкур ғояларнинг ташувчиларга ва ривожлантирувчиларига айланади. Маънавият ижтимоий онгнинг барча шаклларини асосий ғояни ҳар томонлама ифодалаш ва ривожлантиришга ундайди ва уларнинг мазмунини ушбу ғоялар билан бойитиб, тарихий давр муаммоларига жавоб беришга йўналтиради. Ушбу ғоялар қадриятлар тизимнинг бош мезонига, баҳолаш тамойилига айланади. Бизнинг халқимиз тарихида шундай аҳволни ХIХ аср охири ХХ аср бошларида жадид маърифатпарварлари, зиёлилари, ҳатто илғор, ватанпарвар муллалари фаолиятида кузатамиз. Беҳбудий, Фитрат, Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва бошқа кўплаб фидоий жадидлар ўзбек халқининг онгига истиқлол ғояларини етказиш йўлида ўз жонларини қурбон қиладилар. Маърифат орқали тараққиётга ва истиқлолга эришиш ғояси таълим тизимини қуйидан ислоҳ қилиш заруратини тақозо этди. Юзлаб янги усулдаги мактаблар пайдо бўлди. Халқнинг савиясини кўтариш, саводини чиқариш, ижтимоий-сиёсий онгини юксалтиришга интилиб, жадидлар миллий матбуотга асос солдилар. Тошбосма усулда китоблар катта ададда чоп этила бошлади. Илгари китоблар бир неча нусхада қўлдан хаттотлар томонидан кўчирилган. Энди типографиялар қурилди. Адабиётда янги жанрлар – драматургия, роман, қисса пайдо бўлди. Шеъриятда бармоқ вазни кенг тарқалди, чунки у арузга нисбатан халққа тушунарлироқ ва руҳан ва эстетик жиҳатдан яқин эди. Маънавият даражасида ижтимоий онгнинг конкрет шакллари бир бирига таъсир кўрсатиши натижасида улар учун умумий мезонлар, баҳолар, қадриятлар вужудга келади. Масалан, гўзаллик ахлоқийлик, эзгулик билан туташади ва аксинча. Бадиий образ мазмуни ахлоқийликка зид келса, гўзал ҳисобланмайди. Хулқ-атвор бирор ғаразни кўзламаса-да, эзгуликка зид келмаса-да, қўпол, дағал ва кўримсиз бўлса, гўзалликка мос келмаса, ижобий баҳоланмайди. Биринчи ҳолатда биз бадиият, нафосат ҳодисасини фақат эстетик мезонлар ёрдамида эмас, шунингдек ахлоқий мезонлар ёрдамида ҳам баҳоламоқдамиз. Иккинчи ҳолатда эса ахлоқий ҳодисани баҳолашда эстетик меъёрлардан ҳам фойдаланмоқдамиз. Худди шундай ягона маънавий тизим доирасида сиёсий онг ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий онг сиёсий онгни, дунёвий эътиқод диний эътиқодни, фалсафий онг илм-фанни, илм-фан фалсафани бойитади. Бу жараёни бирёқлама ва жўн тушунмаслик керак. Бойитиш ҳар икки томондан у ёки бу унсурларни олиб, уларни механик қориштиришни билдирмайди. Ижтимоий онг шаклларининг бир бирини бойитиши ранг-баранг кўринишларда кечиши мумкин. Айрим ҳолларда бу жараён бир биридан тегишли ғояларни, баҳоларни, меъёрларни бевосита қабул қилиш кўринишида кечса, айрим ҳолларда бу методологик ёндашув, таҳлил ва умумлаштириш усулларини ўрганиш, қабул қилиш бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда эса ўзаро мухолифлик, баҳс туфайли ҳар икки томон ўз позициясини, хулосаларини асослаш учун мулоҳазаларни чуқурлаштиришга, янги далиллар топишга уринади. Шундай қилиб, улар бир бирини бевосита эмас, билвосита бойитади. Бунга мисол қилиб, фан ва динни келтириш мумкин. Маънавият ижтимоий онг шакллари ривожланиши учун , шундай қилиб, умумий асос ролини ўтайди. Маънавий бойликларни, қадриятларни ўзлаштириш жараёнида ҳар бир авлоднинг ижтимоий онги ривожланади. Бадиий асар аслида предметлашган, объектив мавжудлик шаклида ифодаланган ижтимоий ва индивидуал (муаллиф) онглар синтезидир. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳам предметлашган меъёрлар, қадриятларга айланган ахлоқий онгдир. Бадиий асарни ўқиб, киши уни ўз имконияти даражасида ўзлаштиради. Унда олға сурилган ғоялар, асар мазмуни унинг онгини бойитади, онгнинг унсурига айланади, предметсизлашади. Худди шундай одоб-ахлоқ қоидаларини ўзлаштириш жараёнида инсоннинг ахлоқий онги, қарашлари шаклланади. Улар инсоннинг ҳулқ-атворида, ижодий ва яратувчилик фаолиятида юзага чиқади – яна предметлашади. Онгнинг предметлашуви – маданиятга айланиши, истеъмол қилинган маданият маҳсулотининг– онгга айланиши узлуксиз, доимий кечадиган жараёндир. Мазкур жараёнда маънавият ва ижтимоий онг шаклларининг диалектикаси – ўзаро таъсири, бир бирига айланиши, бир бирини бойитиши, улар ўртасидаги муштараклик ва қарама-қаршилик намоён бўлади. Маънавий меросни, маънавий амалиётни ўзлаштириш ижтимоий онгнинг барча шаклларини бойитади. Ушбу маънода ҳам маънавият ижтимоий онг шаклланишининг асоси, ривожланишининг омили ҳисобланади. Download 24.15 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling