Партия иқтидор эгалари, ижодкор ва санъаткорларга истеъдодини юзага чиқаришда ижодий эркинлик муҳити, шарт-шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш муҳим, деб ҳисоблайди.
Ҳукумат томонидан ижодкорлар турли ғоялар тарғиботига сафарбар қилинмаслиги керак. Партия нодавлат, нотижорат ташкилотлари Конституция, қонунлар ва Ўз низомлари қоидалари бўйича фаолият олиб боришларига ҳукумат томонидан тўсқинлик қилмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
Иқтидорли, истеъдодли, қобилият эгалари учун ҳар хил бўлар-бўлмас танловлар, конкурслар уюштириш шарт эмас, бундай жойда коррупция юзага чиқади. Партия иқтидорли, истеъдодли қобилият эгалари учун инновацион дастурлар яратиш муҳим, деб ҳисоблайди.
ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ВА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ БИЛАН ХАМКОРЛИК СОҲАЛАРИДА: “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик демократик партияси” ўз фаолиятини барча ҳукумат органлари, сиёсий партиялар, ижтимоий ташкилотлар билан ошкора, тенг ҳуқуқлилик асосида фикрлар плюрализмини ҳурмат қилиш йўли билан амалга оширади.
Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини шакллантириш, миллатнинг обрўйини юксалтириш мақсадида Халқаро ташкилотлар ва хориждаги сиёсий партиялар билан яқиндан алоқалар ўрнатади...
БАРКАМОЛ АВЛОДНИ ШАКЛЛАНТИРИШ: “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик демократик партияси” умуминсоний ва миллий қадриятларга садоқатли, халқпарвар, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларини қалбига сингдирган иқтидорли ёшлар миллатнинг келажаги, деб билади.
Иқтидорли, шижоатли, сиёсий фаол, мард ва жасур ёшларни партия миллий давлатчилик равнағи йўлида фидойи, миллат шаънини юксак тутувчи етук сиёсатчилар бўлиб етишишда барча шарт-шароитларни яратади.
Партия Президентлик, Парламент, Марказий ва маҳаллий кенгашларига депутатлик сайловларида ўз позициясига эга бўлган сиёсий етук ёшлар номзодини кўрсатиш бағоят муҳим, деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |