Аҳмад Яссавийнинг "Девони ҳикмат"и ва янги топилган намуналар
Download 30.72 Kb.
|
Аҳмад Яссавийнинг
Аҳмад Яссавийнинг "Девони ҳикмат"и ва янги топилган намуналар Хожа Аҳмад Яссавийнинг "Девони ҳикмат"и дунёга келиши билан туркий халқлар ўзининг мустақил тариқат китобига, том маъноси ила Маърифат, Ҳақиқат, Руҳоният қомусига соҳиб миллат ўлароқ эътироф этилган. Аҳмад Яссавийдан кейинги туркий халқларнинг тарихи - маънавий-ахлоқий ҳаётда янги йўналиш, янги илоҳий нуқтаи назар шаклланган, комил инсон ҳақидаги тасаввурлар тўла ойдинлашган тарих эрур. Зеро, араб ва форс тасаввуф тушунчаларини миллий эҳтиёжга мувофиқ равишда ўзлаштириш ва фавқулодда содда, халқона талқинларни яратишни ҳам тарих Аҳмад Яссавий зиммасига юклаган эди. Машҳур усмонли турк шоири Яҳё Камол атоқли олим Муҳаммад Фуод Кўпрулизодага: "Аҳмад Яссавий кимдир? Меросининг сир-асрори недур? Шуни бир чуқур ўрганинг. Миллиятимизнинг асосларини ана ўша жойда топурсиз!", - деган экан. Кўпрулизода шундан сўнг ишга киришиб, "Турк адабиётида илк мутасаввифлар" номли тадқиқотини ёзган. Бу китобнинг ҳанузгача машҳурлиги ва қизиқиш билан ўқиб келинаётганлиги ҳам тасодиф эмас. Унда муаллиф Аҳмад Яссавийнинг туркий халқлар орасида илк дафъа тасаввуф маслагини вужудга келтириб, асрлар мобайнида руҳониятда ҳукмронлик қилганлигини яхши ёритиб берган. Сўфи Оллоёр авлодларга Аҳмад Яссавийдан "улуғ бир китоб" мерос қолганлигини айтади. Бу - ҳикматлар мажмуаси эканлиги аниқ. Аммо ушбу нодир китобнинг қадимий қўлёзмаси сақланмаган. Сақланиб қолган бўлса-да, ҳалигача топилгани йўқ. Муаммоларнинг муаммоси ана шу. Аҳмад Яссавий адабий шахсияти ва ижодиётига иштибоҳли қарашлар, адолатсиз ва бир ёқлама танқидлар, бир-бирига зид ва мутлақо тескари муноқашаю мунозаралар - буларнинг деярли ҳаммаси асосан шу заминда пайдо бўлган. Бироқ буюк Яссавий ижодиёти таъқиқлаш билан тўхтаб қоладиган, танқид ва таҳқирлашдан аҳамиятини бой берадиган бир ижод эмас. Аксинча, у ҳеч қанақа қаршилик ва зўравонликка мағлуб бўлмайдиган шеърий меросдир. "Девони ҳикмат" инсонни нафспарастликдан, маърифатсизлик ва йиртқичлашувдан муҳофаза этади. "Девони ҳикмат" одам фарзандини шайтоний ҳийлалар, ҳайвоний қутуришлардан асрайди. Бу бебаҳо асар ҳирсу ҳавога берилиб "одамиятни пок-покиза еб" қўйиш кулфат ва мусибатларидан огоҳлантиради. Ҳамма гап уни қандай ўқиш ва қандай англаш, англабгина қолмасдан Яссавий сўзларига амал ҳам қила билишдадир. Агар "Девони ҳикмат"ни мутолаа қилиб, озми-кўпми ўз аҳволимизни тушунсак, ундаги умумий руҳ, моҳият ва маърифат шавқи қайси бир даражада ақлдан жаҳолатни, қалбдан ғафлатни четлаштирса - уринишимиз бесамар кетмаган бўлади. Демак, биз тош чайнасак-да, ҳақиқатнинг куч-қуввати, ишқнинг ҳаётбахш завқига суяниб, инониб яшашга уринмоғимиз жоиз. Қувонарлиси шундаки, сўнгги ўн-ўн беш йил мобайнида "Девони ҳикмат"ни халққа қайтариш, кенг китобхонлар оммасига етказишда хайрли ишлар амалга оширилди. Асар Тошкентда, Туркияда, Москва ва Қозоғистонда чоп этилди. "Девон"нинг эски қўлёзмаси қўлга киритилмаганлиги боис ундан қанча ҳикмат ўрин олганлигини билмаймиз. Яссавий издошлари томонидан қўшилганлари қайси, таҳрир ва ўзгартиришлар бўлганми, бунга асос нима - булар ҳам номаълум. Аммо бир нарса маълум: "Девони ҳикмат"нинг кейинги асрларга мансуб қўлёзма ва тошбосма нусхаларида ҳикматларнинг умумий миқдори анча кўпдир. Бунинг бир исботи сайрамлик олим Мираҳмад Мирхолдорўғли билан усмонли турк олими Метин Оқарнинг Истанбулда босилган "Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари" номли китоби ҳисобланади. Гап шундаки, ушбу китобдаги "янги ҳикмат"ларнинг ҳаммасини ҳам Яссавийга нисбат бериб бўлмайди. Бунга ёш яссавийшунос тадқиқотчи Нодирхон Ҳасан "Жаҳон адабиёти" (2002 йил, 10-сон) журналида босилган мақоласида махсус тўхталиб, тилдаги фарқларни ҳам далиллар билан асослашга уринган. "Девони ҳикмат"нинг қадимги нусхаси бизгача етиб келмаганлигини қайд этаркан, Нодирхон Ҳасан яна бундай дейди: "Лекин кейинги асрлардаги қўлёзмалар, тошбосма нусхалар, юртимиздаги ва Туркиядаги жорий алифбо чоп этилган нашрлар асосида "Девони ҳикмат"нинг қиёсий, яъни ишончли матнини тайёрлаш бир заруриятга айланди. Бу яссавийшуносликдаги энг муҳим ва алоҳида илмий-амалий қимматга эга бўлган иш ҳисобланади". Чиндан ҳам худди шундай. Ҳақиқатда ҳам "Девони ҳикмат"нинг қиёсий-йиғма бир матнини яратмоқ шартдурки, бу бағоят қийин, машаққатли вазифани баҳоли қудрат бажаришга Нодирхон Ҳасаннинг бел боғлагани, албатта, таҳсинга лойиқ. Мана, бир неча йилдирки, у шу иш билан банд. Унинг бир фазилатини таъкидлашни истардим: у Аҳмад Яссавий мавзуида шошилмасдан, қийинчилик ва машаққатларга чап бермасдан меҳнат қилаётир. Яссавий ҳаёти, ижоди, яссавийликка доир қадимий манбалар, мў‘табар китобларни ахтариб топиш ва тадқиқотчи нигоҳи билан уларни пухта ўрганишда у кундан кунга илгариламоқда. Хориждаги, хусусан, Туркиядаги илмий изланишлар ва натижалардан етарли маълумотга эга. Шунингдек, ўзининг ҳам мақолалари Туркиядаги журнал ва мажмуаларда кетма-кет чиқиб турибди. Энг муҳими, баъзи ёшларга ўхшаб жиндек муваффақиятдан ҳозирча эсанкирагани ҳам, мақтов кутиб тўхтагани ҳам йўқ. "Девони ҳикмат"нинг янги-янги қўлёзмаларини излаш, қўлга киритилганларини бошқалари билан қиёслаш ва кўзланган бош мақсадга етишиш учун у вақтдан анча унумли фойдаланмоқда. Бунинг бир самараси эса қўлингиздаги китобдир. Уни нашр этишдан кўзланган мақсад фақат янги ҳикматлар билан ўқувчини таништириш, танланган шеърлар Яссавий қаламига мансублигига кўпчиликни ишонтириш ёки иқрор айлаш эмас. Балки "Девони ҳикмат" муҳиблари, хусусан, дин, тасаввуф, адабиёт мутахассислари, тарихчи ва тилшунос олимларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам эшитишдир. Чунки тўпламдаги қатор тўртликлар Яссавийники эканлиги шахсан менда иштибоҳ уйғотди. Бундай шуб-ҳа ва ишончсизлик бошқаларда ҳам туғилиши мумкин. Лекин Нодирхон Ҳасан зарур, хайрли, наинки адабиёт, фан, халқ учун ҳам муҳим бир ишга қўл урганлигига инонмасликнинг иложи йўқ. Зеро, "Девони ҳикмат"нинг ҳеч бўлмаганда, қиёсий-йиғма матнини тузмаслик - яссавийшунослик истиқболига лоқайд қараш, бир пайтлардаги бесамар тортишув, ғаразли иддао ва жоҳилона мунозараларга яна ён бермоқдир. "Девони ҳикмат"и турли асрларда турли жойларда бир қанча котиблар томонидан кўчирилган. ХИХ-ХХ асрларда Тошкент, Когон, Қозон, Истанбул каби шаҳарларда тошбосмада чиқарилган. Октябр инқилобидан кейин эса Аҳмад Яссавий ижоди қатағон қилиниши билан халқимиз "Девони ҳикмат"дек буюк бир асарни ўқишдан маҳрум қилинган. Лекин хорижда, айниқса, Туркияда Аҳмад Яссавий ижодига қизиқиш ва уни ўрганиш ишлари тўхтаб қолмади. Шунинг натижаси сифатида 1983 йил доктор Камол Эраслоннинг "Девони ҳикмат"дан сочмалар" китоби нашр этилган[1]. Қайта қуриш ва ошкоралик даври бошланиши билан юртимизда ҳам Аҳмад Яссавий ҳикматларини ўқиб-ўрганиш, нашр эттириш ва оммага етказишга уриниш бошланди. Бунинг самараси ўлароқ 1991 йил адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул томонидан нашрга тайёрланган "Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар"и китобхонларга етказилди[2]. Бу китобга К.Эраслон нашри асос қилиб олинган. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Расулмуҳаммад Абдушукуров ҳам "Девони ҳикмат"ни нашр эттирди[3]. Бунга эса 1836 йилда босилган Қозон нашри асос бўлган. Сўнг "Шарқ юлдузи" журналида, "Яссавий ким эди?" китобида ҳикматлардан намуналар эълон қилинди[4]. Таъбир жоиз бўлса, "Девони ҳикмат" шу тариқа янги ҳаётини бошлаган эди. Қардош Туркияда доктор Ҳаётий Биже[5], Юсуф Азмун[6], Москвада туркманистонлик А.Овезовлар томонидан "Девони ҳикмат" чоп этилди[7]. Сайрамлик тарихчи Мираҳмад Мирхолдорўғли ва турк олими профессор Метин Оқар янги топилган Яссавий ҳикматларини эълон қилдилар[8]. Қозоғистонлик Дайрабой Серикбойўғли Қозон нусхасига асосланиб "Девони ҳикмат"нинг араб алифбосидаги нашрини халққа тақдим қилди[9]. Download 30.72 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling