Америка инқилоби. Мустақиллик учун кураш. АҚШнинг ташкил топиши. Мустақиллик учун урушнинг сабаблари


Download 35.99 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi35.99 Kb.
#1570006
Bog'liq
amerika


Америка инқилоби. Мустақиллик учун кураш. АҚШнинг ташкил топиши. Мустақиллик учун урушнинг сабаблари. Буюк Британия қироли, зодагонлар ва тадбиркорлар мустамлакалардан олинадиган фойдани тобора кўпайтиришга ҳаракат қилишди. Улар мустамлакалардан қимматбаҳо хомашё, тери ва пахтани олиб кетишарди, мустамлакаларга эса тайёр маҳсулотларни олиб келишар, солиқ ва тўловларни йиғиб олишарди. Буюк Британия парламенти мануфактуралар очиш, темирдан буюмлар ишлаб чиқариш, бошқа мамлакатлар билан савдо қилиш каби бир қатор фаолият турлари учун мустамлакаларда турли тақиқ ва чеклашлар ўрнатган эди. Шунга қарамасдан, мустамлакалар иқтисодий қудрат ва маданий равнақ жиҳатидан беқиёс даражада ўсди ва деярли барчаси узоқ йиллар давомида ўзини бошқариб келди. 1760 йили мустамлакаларнинг жами аҳолиси 1 500 000 кишидан ортиб, 1700 йилдан бери олти бараварга ўсди. Кўчиб келганларнинг янги ерларга силжиб бориши ҳиндулар билан уруш келтириб чиқаришидан чўчиган Британия ҳукумати бу борада ҳам чеклаш сиёсатини қўллади. 1763 йилги қирол Декларациясига биноан Аллеген тоғлари, Флорида, Миссисипи дарёси ва Квебек орасидаги ғарбий ҳудудларга мустамлакаларнингжойлашиши тақиқланди. Шу тариқа қирол ҳокимияти мустамлакаларнинг ғарбий ерларга бўлган талабларини сўндириш ва ғарб томон силжишини тўхтатишга уринди. Бу чора плантаторларни ўз плантацияларини ҳосил бермай қўйган ерлардан янги, ҳосилдор ерларга кўчириш имкониятидан маҳрум этарди. Бундан ташқари майда арендаторларнинг, Ғарбга кетиб у ерларда мустақил фермер бўлишни хоҳлаётган кишиларнинг ҳам манфаатларига путур етаётган эди. Амалда ҳеч қачон қўлланмаганига қарамасдан, мазкур тадбир мустамлакачилар назарида уларнинг ғарбий ерларни ишғол этиш ва ўзлаштириш борасидаги ҳуқуқини Буюк Британия томонидан назар-писанд қилмаслик эди. Бунинг устига, ўзининг кенгайиб бораётган империясини сақлаш учун тобора кўпроқ маблағга муҳтож бўлаётган Британия ҳукуматининг янги молиявий сиёсати ҳам анча норозиликлар келтириб чиқарди. Буюк Британияга тобе бўлмаган минтақалардан ром ва қора шинни импортига ман этувчи бож ёки солиқни киритган, 1773 йилги Қора Шинни қонунини 1764 йилги Шакар Қонуни билан алмаштириш янги тизимни татбиқ этиш борасида дастлабки қадам бўлди. Хорижий ром ичимлигини импорт қилиш ман этилди. Қонун йўли билан барча манбалардан келтириладиган қора шиннига меъёридаги бож солиғи ўрнатди ва вино ичимликлари, ипак матолари, қаҳва ва бошқа ҳашамат мол-маҳсулотларига бож солиқлари солди. 1764 йили, парламент «минбъад Зоти олийларининг имкониятларида чиқарилган қоғоз пулларни қонуний тўлов воситасига айлантиришнинг олдини олиш учун» валюта қонунини татбиқ этди. Мустамлакалар савдо-сотиқ борасида камомад ҳис этаётган ва доимий нақд пул етишмаётган бир пайтда, бу чора мустамлакалар иқтисоди учун қўшимча қийинчилик туғдирди. Қирол қўшинларини озиқ-овқат ва турар жой билан таъминлашни талаб этган 1765 йилги жойлаштириш қонуни ҳам кўчиб келганлар назарида номаъқул эди. Айниқса, метрополия 1765 йили киритган «Ғарб йиғими қонуни»га биноан бериладиган тўловлар жуда оғир эди: ҳар қандай маҳсулотни, ҳатто газетагача сотиб олинганда солиқ тўлаш зарур эди. Бу чоралар оммавий норозилик ҳаракатини келтириб чиқарди. Шимолий Америка шаҳарлари бўйлаб «Ваколатсиз солиқ йўқ!» деган шиор остида аҳолининг йиғинлари бўлиб ўтди. Мустамлакалар адолатли талаб қўйиб, уларнинг вакиллари Англия парламентига овоз бериш ҳуқуқига эга бўлсаларгина солиқларни тўлашларини айтдилар. 1765 йили биринчи инқилобий ташкилот – «Озодлик фарзандлари» пайдо бўлди. У мустамлакаларда авж олаётган инглиз товарларини бойкот қилиш ҳаракатини йўналтириб турди. Герб тўловларини йиғувчи амалдорларни бўяб ташлаб, лойларга ағнатиб, пақир ва товаларни қулоқни қоматга келтирувчи таққилатишлар жўрлигида узун ёғочларга боғлаб олиб юришган пайтлари ҳам бўларди. 1773 йил 16 декабрда Самуил Адамс бошчилигида бостонлик бир гуруҳ радикаллар портда турган инглиз кемаларига ҳужум қилдилар ва солиққа тортиладиган учта инглиз кемасидаги чой ўрамларини кемалардан сувга ташладилар. Бу воқеа «Бостон чойхўрлиги» деган ном олди. Бунга жавобан Британия ҳукумати чой можаросини ваҳшийлик деб қоралади ва чўктирилган чойнинг ҳаққи тўланмагунча Бостон портини ёпиб қўйди. Британия парламенти бу воқеаларга жавобан шундай ялпи қонунлар қабул қилдики, мустамлакалар уларни «Мажбурий ёки чидаб бўлмайдиган қонунлар» деб атади. Урушнинг бошланиши. 1774 йил 5 сентябрь куни Филадельфияда Биринчи Континентал Конгресс йиғилди. Унда Жоржиядан ташқари барча мустамлакалардан 55 нафар вакил қатнашди. Конгресс Буюк Британиядан ажралиш муаммосини кўтаришга журъат қила олмади, лекин унинг сиёсатини қоралади. Эҳтиёткорона оҳангдаги асосий маъруза ниҳоясидаги «қарор қилинди» қисмида қонунларга итоат этиш мажбурий эмаслиги айтилиб, қатор қарорлар қабул қилинди: шулар жумласидан, мустамлакачиларнинг «ҳаёт, озодлик ва мулк» ҳуқуқлари ва провинциялардаги қонун чиқариш тармоқларининг «солиқ солиш ва ички сиёсат борасидаги барча масалаларни» ҳал этиш ҳуқуқи ҳам қайд этилди. Конгресс томонидан жорий этилган энг муҳим иш «Континентал Уюшма»нинг ташкил этилиши бўлиб, у савдо-сотиқ бойкотини қайта тиклаш, божхона декларациясини назорат этувчи комитетлар тизими яратиш, шартномаларни бузган брокерларнинг номларини нашр этиш, уларнинг импорт молларини мусодара этиш, тежамкорлик, иқтисод ва саноатни рағбатлантириш саъй-ҳаракатларини таъминлади. Уюшма мустамлакаларда етакчи мавқени эгаллаб, қирол ҳукмронлиги қолдиқларини бартараф этишга қаратилган янги маҳаллийташкилотлар барпо эта бошлади. Мустақиллик тарафдорлари томонидан бошқарилган ушбу ташкилотлар ўз ҳаракатлари билан жамоатчилик фикрида инқилобий шижоатни авж олдириб юборди. Шунга қарамай, Британиянинг Америка ҳуқуқларини чеклашига қарши турган кўплаб америкаликлар масаланинг мақбул ечими сифатида музокаралар ва келишувлар йўлига хайрихоҳлик билдиришди. Британия қироли мазкур кўпсонли, баъзан эса келишувга мойил гуруҳлар билан самарали иттифоқ тузиши ва шу орқали уларнинг мавқеини шу қадар кучайтириши мумкин эдики, инқилобий кураш амри-маҳол бўлиб қоларди. Бироқ қирол Георг III келишувга мойиллик билдирмади. 1774 йилнинг сентябрида Филадельфия квакерларининг номасини назар-писанд қилмай, у шундай деб жавоб берди: «Энди тақдир ўйинидан кўринг: мустамлакалар ё таслим бўлиши, ё ғолиб чиқиши лозим». Қуролли кураш 1775 йил 19 апрелда бошланди. Бостон гарнизонига қўмондонлик қилаётган генерал Томас Тейг Конкорд шаҳридаги яширин қурол аслаҳа омборини йўқ қилиш ва «исёнкорлар»нинг раҳбарларини қўлга олиш учун у ерга 700 кишидан иборат Британия отрядини юборди. Исёнчиларни бу топшириқ ҳақида огоҳлантиришди ва инглиз отряди Лексингтон қишлоғига кириб келганида рўпарасидаги майдонда турган маҳаллий бирдақиқачилар (жангга бир дақиқа ичида тайёр бўла олишларини рўкач қилгани туфайли шундай деб аталган) отрядини кўрди. Бу кишилар ҳаммаси бўлиб 70 киши эди. Улар фақат сукунат норозилигини билдиришга тўпланган эдилар. Британия аскарларининг раҳбари майор Жон Питкерн «Тарқалинг, лаънати исёнкорлар! Эй, итлар, қочинг!», деб ҳайқиради. Бирдақиқачиларнинг раҳбари капитан Жон Паркер ўз аскарларига биринчи бўлиб ўқ узмасликни тайинлади. Америкаликлар тарқала бошлаганида кимдир ўқ узиб, британиялик бир аскарни ярадор қилди. Инглизлар муншийлардан ўқ узишди, натижа шу бўлдики, мустамлакачилардан 10 киши ярадор бўлди ва 8 нафар киши вафот этди. Инглиз солдатлари Конкордга киришди ва қуроллар омборини эгаллаб олишди. «Исёнкорларнинг» раҳбарларини эса ушлаб ололмадилар ва ортга қайтдилар. Бу орада Лексингтондаги воқеалар бутун округга тарқалди ва қирол отрядига ҳужум уюштирилди. Қизил кийимдаги британия аскарлари яхши нишон эди. Бу жангда мустамлакалар биринчи бор «тарқалган қатор» тактикасини қўлладилар. Улар уйлар, тўсинлар, шох-шаббалар орқасига беркинар эдилар. Қирол отряди 223 кишини йўқотиб, орқага қайтишга мажбур бўлди. Америкаликлар эса 93 кишидан айрилди. Америка мустақиллиги учун кураш ана шундай бошланди. 1775 йил 10 май куни Пенсильваниянинг Филадельфия шаҳрида Иккинчи Континентал Конгресс йиғилди. 15 майда Конгресс уруш бошлашга овоз бериб, мустамлака халқ лашкарини расман континентал хизматга ўтказди ва виржиниялик полковник Жорж Вашингтонни (1732 –1799) Америка қуролли кучларининг Бош қўмондони этиб тайинлади. Нима учун айнан уни? Биринчидан, у ҳиндулар ва французларга қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган, қобилиятли ҳарбий бошлиқ сифатида ном чиқарган эди. Иккинчидан, у бой эди, ишда омади чопарди, қарор қабул қилишда мустақил эди. Бунинг учун уни ҳурмат қилишарди, пуританларда шахснинг бундай хислатлари юқори баҳоланарди. Республикачилик кайфияти аҳолининг турли қатламларини қамраб олди. Метрополиядан ажралишга чақирувчи адабиётлар пайдо бўлди. Мустақиллик Декларацияси. Иккинчи Континентал Конгресс илк бор йиғилган кундан кейин бир йил ўтгач, 1776 йилнинг 10 май куни Буюк Британиядан ажралишга чақирувчи қарор қабул қилинди ва гап расмий баёнот чиқаришга тақалди. 7 июнь куни, виржиниялик Ричард Хенри Ли «Мазкур қўшма мустамлакалар, лозимий равишда, озод ва мустақил штатлар» эканлигини эълон қилувчи қарорни муҳокамага қўйди. Расмий баёнотнома тайёрлаш учун виржиниялик Томас Жефферсон (1743 –1826) бошчилигида беш кишидан иборат комиссия тайинланди. 1776 йил 4 июлда қабул қилинган ва асосан Жефферсон заковатининг маҳсули бўлган Мустақиллик Декларацияси янги давлатнинг қарор топганлигини эълон қилибгина қолмасдан, балки шу билан бирга бутун дунё узра ҳаракатчан кучга айланиши муқаррар бўлган озод инсон дунёқарашини ҳам татбиқ этди. Унда, жумладан: «Биз, қуйидаги ҳақиқатларни ўз-ўзидан аён деб биламиз: – барча инсонлар тенг қилиб яратилган ва Яратувчи томонидан муайян дахлсиз ҳуқуқлар билан тақдирланган бўлиб, шулар жумласига Яшаш, Озодлик ва Бахт-саодат сари интилиш ҳуқуқлари киради. Мазкур ҳуқуқларни муҳофазалаш учун кишилар орасида ҳукуматлар таъсис этилиб, улар ўз ҳокимиятини бошқарувчиларнинг розилиги билан амалга оширади ва агарда ҳукуматнинг бирон шакли анашу мақсадларга хилоф келса, бундай ҳукуматни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳамда ўз хавфсизликлари ва бахт-саодатини рўёбга чиқариш учун ўзларига энг мақбул бўлиб кўринган тарзда унинг пойдеворини шундай тамойиллар асосида қуриш ва куч-қудрат ваколатлари шундай шаклга асосланган янги ҳукумат барпо этиш халқ ҳуқуқидир. ... Биз, Америка Қўшма Штатларининг вакиллари... халқ номидан ва унинг ваколати билан эълон қиламизки, бу бирлашган мустамлакалар аслида ҳам ва ҳақ-ҳуқуққа кўра ҳам озод ва мустақил Штатлар бўлмоғи лозим. Шу дақиқадан бошлаб улар Британия тахтига ҳар қандай мансубликдан озод қилинадилар. Озод ва мустақил Штатлар сифатида улар уруш эълон қилиш, тинчлик ўрнатиш, иттифоқларга кириш, савдо юритиш ва мустақил давлат нима қилиши мумкин бўлса барчасини амалга ошириш борасида тўла ҳуқуқларга эгадирлар» дейилган эди. Мазкур Декларация француз ва инглиз Маърифатпарварлик фалсафасидан илҳом олди, бироқ бир манба – Жон Локкнинг «Ҳукумат ҳақида икки рисола»си – алоҳида диққатга сазовордир. Локк инглизларнинг анъанавий ҳуқуқ назариясини олиб, уларни бутун инсониятнинг табиий ҳуқуқлари даражасида умумлаштирган эди. Декларациянинг дебочаси Локкнинг хизмат юритиш борасидаги ижтимоий келишув назариясига ҳамоҳангдир. Жефферсон Жан Жак Руссо таълимотига ҳам қўшиларди ва Декларация лойиҳасига қулликни бекор қилиш ҳақида модда киритган эди. Лекин лойиҳа таҳрир қилинганда махсус комиссия томонидан бу модда олиб ташланди. Мустақиллик Декларациясида давлат қурилишининг асоси сифатида халқ суверенитети принципи эълон қилинди, халқнинг золимларга қарши исён қилиш ҳуқуқи, яшашга, эркинликка, тенгликка бўлган ҳуқуқи тасдиқланди. АҚШда ҳар йили 4 июль мустақиллик куни сифатида нишонланади. Америка инқилобининг характери ва хусусиятлари. Шимолий Америкада мустақиллик учун олиб борилган уруш айни пайтда буржуа инқилоби бўлиб, у икки вазифани ҳал қилиши лозим эди: миллий мустақилликка эришиш ва Америкада капиталистик муносабатлар ривожланишига халақит бераётган тўсиқларни йўқ қилиш. Юз бераётган ўзгаришларнинг марказида ер муаммоси турарди. Қишлоқ хўжалигида феодал тартиб белгиларини тугатиш, аҳолигағарбий ерларга эркин бориш учун йўл очиш, плантацияли қулчилик тизимини йўқ қилиш зарур эди. Аҳолининг қайси қатламлари мустақиллик учун урушни ёқлаб чиқишди? Барча мустамлакачилар икки лагерга – ватанпарварлар ва лоялистлар1 га бўлинарди. Ватанпарварлар лагерига майда ҳунармандлар, ёлланма ишчилар, миллий буржуазиянинг турли табақалари, жануб плантаторлари кирарди. Улар ғарбдаги ерлар ҳисобига ўз мулкларини кенгайтиришдан манфаатдор эдилар. Лоялистлар лагери Буюк Британия қиролидан ер олган феодал аслзодалар, англикан черкови руҳонийлари, мустамлака маъмуриятининг кўп сонли амалдорлари, Англия бозорлари билан боғланган савдогарларнинг бир қисмидан иборат эди. Инқилобнинг лидерлари буржуазия ва қулдор-плантаторлар бўлиб, ҳаракатга келтирувчи кучи халқ оммаси эди. Инқилобнинг асосий хусусияти шу эдики, у миллий озодлик уруши шаклида ўтди. Уруш давридаги демократик ўзгаришлар. Уруш даврида аграр муносабатлар ўзгарди: майда ер эгалари ижара учун пул тўламай қўйдилар; лоялистларга қарашли бўлган катта ер майдонлари мусодара қилинди ва кичик участкаларга бўлиниб сотилди; Аллеген тоғлари ортидаги ерларга қўйилган тақиқни ҳукумат қонунсиз деб эълон қилди, Штатлар кенгашлари эса у жойларда аввал эгаллаб олинган ерларни тан олдилар. Жефферсон ҳар бир ерсиз кишига Ғарбдаги ерлар ҳисобидан бепул участка беришни таклиф қилди. Уруш ҳаракатларининг бориши. Ҳарбий ҳаракатлар асосан мамлакат шимолида бўлди. Инқилоб даврида мустамлакачилар армияси катта қийинчиликларни бошидан кечирди. Аскарлар ҳарбий ишга деярли ўргатилмаган, қурол-аслаҳа, ўқ-дори, озиқ-овқат етишмас эди. 1776 йилнинг августида Нью-Йоркнинг Лонг-Айленд жангида Вашингтон армияси оғир аҳволда қолди ва Бруклиндан Манхеттен қирғоғига чекинди. Британия генерали Уильям Хоув журъатсизлик қилиб, америкаликларнинг чекинишига йўл қўйди, бироқ ноябрда Манхеттен оролидаги портни ишғол қилди. Нью-Йорк шаҳри уруш тугагунга қадар инглизлар назорати остида қолиб кетди. 1776 йил 26 декабрь куни Вашингтон армияси Трентон ҳарбий гарнизонига ҳужум қилиб, 900 дан ортиқ британияликни асир олди. 1777 йил 13 январда Вашингтон британияликларга Пристонда ҳужум қилди ва расман Британия томонидан ишғол қилинган ҳудуднинг аксарият қисмини қайтариб олди. Трентон ва Пристондаги ғалабалар америкаликларнинг сўниб бораётган руҳини жонлантирди. 1777 йили генерал Хоув Америка армиясини Пенсильваниянинг Брандивайн деган жойида мағлубиятга учратди ва Филадельфияни ишғол этиб, Континентал Конгресс аъзоларини қочишга мажбур қилди. Вашингтон армияси эса 1777–1778 йилларининг қиш ойларини озиқ-овқат, кийим-кечак ва таъминотдан қийналган ҳолда, Пенсильваниянинг Форг водийсида ўтказишга мажбур бўлди. Армиядаги қийинчиликка қарамасдан, 1777 йил урушда бурилиш ясалди. Канададан Нью-Йорк яқинидаги инглиз қўшинлари билан бирлашиш учун йўл олган генерал Бергойн бошчилигидаги Британия армияси Саратога (Нью-Йорк яқини) остонасида генерал Хорацио Гейтс қўмондонлигидаги Америка қўшини томонидан қуршовга олинади. 1777 йил 17 октябрда Бергойн бутун армияси билан таслим бўлади. Оқибатда, Британия қўшинларининг олтита генерали, 300 та бошқа офицерлари ва 5500 та кичик офицерлари ва аскарлари қурбон бўлган эди. Бу орада қулай сиёсий имконият пайдо бўлганлигидан фойдаланиб 1776 йили Парижга юборилган Бенжамин Франклин Франция мададига эришади. 1776 йилнинг май ойидан Франция Америкага ёрдам бера бошлади ва Америкага уруш анжомлари ортилган 14 та кема юборилди. Британия кучлари Саратогада мағлубиятга учрагач, Франция ўзининг азалий душманини жиддий равишда заифлаштиришга ва Етти йиллик уруш (Франция ва ҳиндулар уруши) оқибатида йўққа чиқарилган қудрат мувозанатини қайта тиклашга қулай имконият борлигини англади. 1778 йил 6 февралда Америка ва Франция «Дўстлик ва Тижорат Битими»ни имзолади: унга кўра Франция Америка Қўшма Штатларини тан олди ва савдо-сотиқ шартномаларини таклиф этди. Шунингдек, улар Иттифоқ Битимини имзолашди, унга биноан, агарда Франция урушга қўшилса, Америка ўз мустақиллигини қўлга киритмагунга қадар, у ўз қуролли кучларини олиб чиқиши ёки иттифоқдошининг розилигисиз Британия билан тинчлик сулҳи тузиши мумкин эмасди ва ҳар бир томон Америкадаги ҳудудларнинг дахлсизлигини кафолатлаган эди. Бу битим Америка Қўшма Штатлари 1949 йилга қадар имзолаган ягона иккитарафлама мудофаа шартномаси бўлиб қолди. Франция-Америка иттифоқи оқибатида тўқнашув қамрови кенгайди. 1778 йилнинг июнида Британия кемалари Франция кемаларига қарши ўт очди. 1779 йили Етти йиллик уруш мобайнида Британияга ўтиб кетган ҳудудларни қайтариш умидида Испания бу урушда Франция тарафини олди. 1780 йили Британия америкаликлар билан савдо муносабатларини тўхтатмаганлиги учун Голландияга уруш эълон қилди. Англиянинг заифлашувидан манфаатдор Россия ва Испания ҳам АҚШга нисбатан дўстона позицияни эгалладилар. Франция бошчилигидаги Европа давлатларининг мазкур иттифоқи Британия учун Америка мустамлакаларига нисбатан хавфли эди. Бу орада, Жанубий Каролинада жанг ҳаракатларини олиб бораётган Британия генерали Корнуоллис бошчилигидаги қўшинлар 1781 йили Коупенси деган жойда қаттиқ мағлубиятга учради. Шундан сўнг ҳам уруш ҳаракатлари яна икки йилга яқин давом этди. 1782 йили инглиз қўшинларининг асосий кучлари америкаликлар ва французларга Йорктаун яқинида таслим бўлгандан сўнг Британиянинг янги ҳукумати Парижда тинчлик музокаралари ўтказишга қарор қилди. Музокараларда Америка томонидан Б.Франклин, Ж.Адамс1 , Ж.Жей2 қатнашдилар. 1783 йил 15 апрелда томонлар маъқуллаган Париж сулҳи Британия ва унинг собиқ мустамлакалари томонидан 3 сентябрь куни имзоланди. Битимга мувофиқ Буюк Британия Америка Қўшма Штатларининг тузилганлигини, унинг мустақиллиги, озодлиги ва суверенитетини тан олди ҳамда АҚШ ерлари ғарбда Миссисипи дарёсигача, шимолда Канадагача ва жанубда Испанияга қайтарилган Флоридагача кенгайди. Уруш тугади. Олдинда эса давлатни жипслаштириш, унинг иқтисодий аҳволини яхшилаш вазифаси турарди. Урушдан кейинги йилларнинг барча иқтисодий оғирлиги халқ зиммасига тушди. Мамлакатда уруш туфайли хонавайрон бўлган фермерлар ва ишчиларнинг қўзғолонлари бўлиб ўтди. Мустақиллик учун уруш ветерани, фермер Даниэль Шейс бошчилигида 1786 –1787 йиллари кўтарилган қўзғолон энг катталаридан бири эди. Олдингилари каби бу қўзғолон ҳам бостирилди. 1787 йилги конституция. Инқилоб муваффақиятлари америкаликларга Мустақиллик Декларациясида ифодаланган орзу-умидлари ва ғояларига қонуний шакл бериш ва ўз норозиликларини штат конституциялари воситасида қондириш имкониятини берди. Мустақиллик Декларацияси қабул қилингандан сўнг бир йил ўтгач, учта штатдан бошқа барчаси ўз конституцияларини қабул қилдилар. Янги конституциялар демократик ғоялар таъсирини акс эттирган ва инглиз таомилининг бой пойдеворига таянган бўлиб, уларни ўтмиш билан боғловчи ришталар кескин қирқилмади, аммо ҳар бири республикачилик руҳи билан суғорилган эди. Англия билан уруш бошланишидан олдин маҳаллий ассамблеялар Иттифоқ тузишнинг Олбани режасини 1754 йили рад этишган эди. Бироқ инқилоб пайтидаги ўзаро ёрдам бундай иттифоқнинг самарадорлигини исботлади. 1776 йили Жон Дикинсон «Конфедерация ва Абадий Иттифоқ Моддалари»ни ишлаб чиқди. Континентал конгресс бу моддаларни 1777 йили қабул қилди ва улар 1781 йили кучга кирди. Бироқ мазкур моддалар томонидан жорий этилган ҳукумат шакли қатор камчиликларга эга эди. Маҳаллий ҳукуматнинг тарифлар ўрнатиш, тижоратни тартибга солиш ва солиқлар йиғиш борасидаги ваколати заиф эди. Халқаро алоқалар соҳасида ҳам назорат мустақиллиги етишмаслигидан қатор штатлар хорижий давлатлар билан ўзлари музокаралар бошлаб юбордилар. Тўққизта штат ўз армияларини шакллантирди ва қатор штатлар ўз ҳарбий-денгиз қуролли кучларига эга бўлди. Аралаш-қуралаш танга пуллар муаммоси ва штат ҳамда давлат миқёсидаги қоғоз пулларнинг чалкаш хилма-хиллиги мавжуд бўлиб, барчаси тез қадрсизланиб борарди. Урушдан сўнг юзага келган иқтисодий қийинчиликлар ўзгаришлар киритишни тақозо этди. Чунки Жорж Вашингтон ёзганидек, штатлар фақат «қумдан тўқилган арқон» ёрдамида бирлаштирилган эди. Урушдан олдин ҳал этилмай қолган муаммолардан бири – штатларнинг ерларини кенгайтириш ва Аллеген тоғларидан ғарбда жойлашган ерларни бошқариш муаммоси бўлиб, бу 1787 йили эълон қилинган Шимоли-Ғарбий Ордонанс (декрет) деб аталувчи ҳужжатда ўз ечимини топди. Ордонанс орқали ўрнатилган ўз-ўзини бошқаришнинг чекланган тизимига биноан бу ерлар яхлит ҳудудбўлиб, Конгресс томонидан тайинланувчи губернатор ва судьялар томонидан бошқариладиган бўлди. Штатлар (Нью-Йорк, Виржиния) бу ерларга ўз даъволаридан уларни Қўшма Штатларга ўтказиш орқали воз кечди. Ҳудуд аҳолиси сайлов ёшидаги 5000 озод эркакларга етгач, икки палатали қонун чиқарувчи тармоққа айланиши ва қуйи палатани ўзи сайлаши лозим эди. Бу ҳудудларда бештадан ортиқ бўлмаган ва учтадан кам бўлмаган штатлар шаклланиши керак эди ва улардан бирининг аҳолиси 60 000 озод кишига етса, у «асл штатлар билан барча жиҳатдан тенг мақомда» Иттифоққа қўшилиши лозим эди. Ордонанс фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлади. Янги сиёсат Америка мустамлакалари метрополия манфаатлари учун мавжудлиги ва сиёсий жиҳатдан тобе, ижтимоий жиҳатдан эса паст эканлиги ҳақидаги асрий тушунчани рад этди. Бу назария давлатнинг кенгайишини билдириб, тенглик манфаатлари билан имтиёз сифатида эмас, балки ҳуқуқ тарзида тақдимлаш тамойилига алмаштирилди. Шимоли-Ғарбий Ордонанс Америка халқ сиёсатининг асослари шаклланишига таъсир қилди. Бироқ Ордонанс штатлар ўртасида пайдо бўлаётган бошқа кўплаб муаммоларни ҳал қилмади. 1786 йили Мэриленд ва Виржиния штатлари орасида Потомак дарёсидаги кема қатнови бўйича муаммони ҳал этиш учун йиғилган беш штат вакиллари, Александер Гамилтон1 таклифига кўра бу муаммони ваколатли йиғинда ҳал этишга келишди. 1787 йили майда Филадельфияда бошланган Федерал Конвент йиғинига штатлардан сайланган вакиллар сифатида кўзга кўринган арбоблар тўпланди. Улар орасида Жорж Вашингтон, Жэймс Уилсон2 , Бенжамин Франклин, Жеймс Мэдисон3 , Александер Гамилтон каби машҳур кишилар бор эди. Франция ва Буюк Британияга элчи қилиб юборилган Томас Жефферсон ва Жон Адамслар Конвент ишида қатнаша олмадилар. Умуман, 55 та вакил сайланган бўлиб, улар орасида ёшлар анчагина эди (вакилларнинг ўртача ёши 42). Конвент фақат Конфедерация моддаларига қўшимчалар киритиш ваколатини олган эди, бироқ муҳокама давомида давлат ва ҳукуматнинг тамомила янгича шаклини барпо этишга киришилди. Фикр-мулоҳаза ва тортишувлар 16 ҳафта давом этди. Баҳслар асосан қонун чиқарувчи орган-Конгресснинг, федерал ҳукуматнинг, суднинг мақоми ва штатлар билан марказий ҳокимият ўртасидаги муносабатлар хусусида борди. Натижада, 1787 йил 17 сентябрда шу баҳс ва тортишувлар маҳсули – Конституция қабул қилинди. Конституцияни мажлисда қатнашаётган 42 вакилнинг 39 таси имзолади. Бироқ бу ҳужжат кучга кириши учун ҳали халқ томонидан ошкора сайланган штатлар конвентларининг розилиги зарур эди. Конвент қарорига биноан 13 штатдан тўққизтасининг конвентлари тасдиқлагач, Конституция кучга кириши керак эди. 1788 йили июнда талаб этилган тўққизта штат Конституцияни тасдиқлади, бироқ йирик штатлардан Виржиния ва Нью-Йорк ўз тасдиғини бермади. Кучли марказий ҳокимиятга қарши қарашлар Конституцияга қарши чиққанларнинг асосий сабаби эди. Шахс ҳуқуқлари ва эркинликларининг камситилишидан чўчиш эса барчани бир хилда ташвишга солар эди. Конституция шахс ҳуқуқларини қайд этмаганлиги сабабли Виржиния вакили Патрик Хенри (1736 –1799) уни имзоламаган эди. Конституцияга қўшимча «Ҳуқуқлар тўғрисида билль» таклиф этилганлиги туфайли 25 июнь куни Виржиния конвенти, Александер Гамилтон, Жон Жэй ва Жеймс Мэдисонларнинг саъй-ҳаракатлари билан 26 июль куни Нью-Йорк конвенти Конституцияни тасдиқлади. 1789 йил сентябрда Нью-Йоркда тўпланган Биринчи Конгресс конституцияга қўшимчаларни қабул қилди. 1791 йил декабрида 10 та қўшимчани Конституциянинг таркибий қисмига айлантириш учун зарур даражадаги штатлар розилиги олинди. Бу қўшимчалар «Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль» сифатида тарихга кирди. Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль қабул қилинган даврдан бери Конституцияга яна 16 та қўшимча киритилди. Уларнинг аксарияти Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль ўрнатган шахс ҳуқуқлари ва эркинликларини кенгайтирган. Конституция АҚШда республика тузумини ўрнатди. Ижро ҳокимияти бошида 4 йил муддатга сайланадиган ва кенг ваколатларга эга бўлган президент лавозими жорий қилинди. Президентармия ва флотга қўмондонлик қилар, халқаро шартномалар тузар, олий мансабдорларни тайинлар эди. Биринчи Президент этиб, 1789 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган сайловларда Жорж Вашингтон сайланди. Олий қонун чиқарувчи орган АҚШ Конгресси бўлиб қолди. У икки палатадан иборат эди – юқори (сенат) ва қуйи (вакиллар палатаси). Сенатга ҳар бир штатдан 2 киши сайланарди, вакиллар палатасига эса депутатлар штат аҳолисининг сонига мос равишда сайланадиган бўлди. Конгресс тез суръатлар билан департаментлар (вазирликлар)ни барпо қилди ва барча департаментларнинг раҳбарларидан таркиб топган АҚШ Президентининг Кабинети вужудга келди. Бош судья ва бешта ёрдамчи судьялардан таркиб топган Олий Суд ҳамда учта округ судлари ва 13 та ҳудудий судларни таъсис этиш орқали Конгресс федерал суд тармоғини ҳам таъсис этди. Олий Суд катта ваколатларга эга бўлди, унинг аъзолари президент томонидан бир умрга тайинланар эди. Олий Суднинг вазифаси қонунларнинг Конституцияга мос келишини кузатишдан иборат қилиб белгиланди. Штатларда қонунчилик кенгашлари сақланиб қолинди, улар маҳаллий ишларни бошқариш ҳуқуқига эга эдилар. Айни пайтда, мамлакат собит равишда ўсиб, Европадан келувчи муҳожирлар сони ҳам ортиб борди. Америкаликлар ғарб томон силжишди: Янги англияликлар ва пенсильванияликлар Оҳайо томон; виржинияликлар ва каролиналиклар Кентукки ва Теннесси томон. Нью-Йорк, Пенсильвания ва Виржиниядан юқоридаги бой водий ерлари тез фурсатда буғдой етиштирувчи улкан далаларга айланди. Кўп анжомлар ҳамон уйда ишлаб чиқарилишига қарамай, саноатлаштириш тез ривожланиб борди. Массачусетс ва Род-Айленд тўқимачилик саноатининг пойдеворини яратди; Коннектикут тунукадан ясалган анжомлар ва соатлар чиқара бошлади; Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Пенсильвания қоғоз, шиша ва темир ишлаб чиқарди. Кемасозлик шу қадар ривожландики, денгизда Қўшма Штатлар Британиядан сўнг иккинчи ўринга кўтарилди. Янги ерлар ўзлаштирилиб, учта штат – 1791 йили Вермонт, 1792 йили Кентукки ва 1796 йили Теннесси ташкил топди. Ташқи сиёсатда оқилона иш тутилди. Француз инқилоби ва унинг оқибатлари туфайли Европада бошланиб кетган урушда қатнашмаслик учун АҚШ 1778 йили Франция билан имзоланган ўзаро Битм шартларини бекор қилди. Ж. Вашингтон АҚШ урушҳолатидаги давлатларга нисбатан дўстона ва бетараф бўлишини эълон қилди. 1797 йили Ж. Вашингтон президентликка қайта сайланиш таклифини қатъиян рад этиб истеъфога чиқди. Жон Адамс президент этиб сайланди. Буюк Британия ва Франция билан муносабатлар янада чигаллашиб, 1799 йили Франция билан қатор денгиз тўқнашувларидан сўнг уруш муқаррар бўлиб кўринди. Шунга қарамасдан мамлакатнинг иқтисодий қудрати ва сиёсий салоҳияти ортиб борди.

* * * Хуллас, мустақиллик ва инқилоб саноат ва савдони ривожлантиришдаги барча тўсиқларни олиб ташлади, мамлакат ичкарисида эркин рақобатга, иқтисодий ҳаётда ташаббусга, фаолликка, ишбилармонликка кенг йўл очилди. Замондошларнинг таъкидлашларича, инсон бахтининг асоси ўз мулкидан эркин фойдаланиш бўлиб қолди. Бироқ жанубий штатларда плантацион қуллик ҳали сақланиб қолаётган эди. Мустақиллик Декларацияси ва АҚШ Конституцияси Европанинг илғор тафаккурига катта таъсир кўрсатди, уларда илгари сурилган ғоялар умуминсоний характерга эга бўлиб, кўплаб халқлар курашининг мазмунига айланиб қолди.
Download 35.99 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling