Ж.К.Гэлбрейтнинг асосий асарлари қуйидагилардир: «Мўл-қўлчилик жамияти» (1958), «Янги индустриал жамият» (1967), «Иқтисодий назариялар ва жамият мақсадлари» (1973), «Пуллар» (1975), «Ишончсизлик асри» (1977). Бундан ташқари олимнинг кўпгина мақола ва интервьюлари ҳам бор.
Супериндустриал жамият тўғрисидаги ғоялар америкалик фўтуролог Тоффлернинг «Учинчи тўлқин» китобида баён этилади. Унда «янги цивилизация» даври вужудга келади, дейилган.
Кейинги пайтларда неоинституционализм назариялари ҳам пайдо бўлмоқда. Бу назарияларда техник омилларни мутлоқлаштиришдан чекинилади ва асосий эътибор инсонга, социал муаммоларга қаратилади. Шундай йўл билан мулк ҳуқуқи (Рональд Клўз - АҚШ), жамоат танлови (Жеймс Бьюкенен - АҚШ) ва бошқа назариялар вужудга келди. Бу қарашлар натижасида ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий сиёсати ҳам ўзгармоқда, бу сиёсат тобора капитализмни ижтимоий томонга буриш сари бормоқда.
Ҳозирги давр институционализмининг асосий ғояси шуки, инсон постиндустриал жамиятнинг асосий иқтисодий омили, асосий ресурси сифатида қаралади ва янги жамият шахсни ҳар томонлама ривожлантириш учун ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак бўлади, XXI аср эса «инсон асри» деб эълон қилинади.
Иқтисодий эволюция жараёнини тадқиқ қилувчи иқтисодий-глобалистлар шу қоидага амал қиладиларки, эволюция турли иқтисодларнинг ўзаро ягона иқтисодга айланиши эмас, балки турли тизимларга айланишидир. Бу оқибатда янги индустриализацияни таъминлайди, бунда инсон бош, ҳал қилувчи ўз ўрнини эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |