Қашқадарё вилоят ҳудудида жойнинг табиий шароити ва фойдали қазилмалари билан боғлиқ бўлган жой номлари
Download 22.57 Kb.
|
Maqola3
Қашқадарё вилоят ҳудудида жойнинг табиий шароити ва фойдали қазилмалари билан боғлиқ бўлган жой номлари Қашқадарё вилоят ҳудуди Қашқадарё ҳавзасида ва Помир-Олой тоғларининг ғарбий чеккасида жойлашган бўлиб, шимоли-шарқида Китоб-Шаҳрисабз ботиғи, ғарбида Қарши чўли, жанубда Ғузор текислиги ва Нишон чўли ҳамда жануби-ғарбда Сандиқли чўли бор. Шимоли-шарқ ва жануби-шарқдан ҳудудни Зарафшон тизмасининг тармоқлари (Қоратепа, Чақилкалон тоғлари) ва Ҳисор тизмасининг Осмонтараш, Яккабоғ, Эшакмайдон, Чақчар, 26 Қорасирт, Деҳқонобод тоғлари ўраб туради. Бу тоғларнинг ҳар бири яна бир қанча тизмаларга, тармоқларга бўлиниб кетади, тоғлар орасида кўплаб водийлар, даралар, чўққилар, довонлар ҳосил бўлган. Вилояти ҳудудининг геологик тузилиши, маълум бир турдаги минераллар ва тоғ жинсларининг мавжудлигини англатувчи номларга Давтош (қиш., Чироқчи т.), Тобатош (бал., Деҳқонобод, Қамаши т.), Сангқалоқ (адир, Деҳқонобод т.), Сангишкон (қиш., Ғузор т.), Бақирчи (қиш., Қарши т.), Оқтош, Харсангсой (бал., сой, Қамаши т.), Олтинтепа, Кўмирчи (қиш., Қамаши т.), Кон (қиш., кўл, Қамаши т.), Аҳалли, Мумлайчи (адир,Китоб т.) каби номларни мисол сифатида келтириш мумкин. Одатда тоғли ҳудудлар оронимларида тоғнинг юқори қисмини, баланд қисмини англатувчи номлар, тоғнинг, водийнинг оралиғини англатувчи топонимлар ва шунингдек тоғнинг этаги, қуйисини билдирувчи топонимлар шаклланади. Уларнинг ҳар бирида рельеф шакли бирламчи хусусият сифатида ўзининг географик ўрнини белгилаб беради. Қашқадарё ҳавзаси икки йирик геоструктура текислик қисми Турон плитасининг шарқий чеккасида, тоғли қисми эса Туркистон – Ҳисор ороген областида жойлашган. Текислик минтақаси Қашқадарё ўзанининг шимолий қисми Муборак-Азлартепа кўтарилмаси, унинг жанубий қисми эса Бешкент-Қашқадарё тоғолди букилмасидан иборат, тоғли қисмида шимолда Зарафшон мегантиклиноли, Қашқадарё мегасинклинали (Китоб-Шаҳрисабз ботиғи), Лангар-Қорабел ва Чақчар-Одамтош антиклинал кўтарилмаларидан иборат. Ер юзасининг рельеф тузилиши билан боғлиқ бўлган номлар оронимлар дейилади. Олимларнинг такидлашича, топонимларнинг бошқа турларига қараганда оронимия энг кам ўрганилган соҳадир. Қашқадарё вилояти оронимлари. Оронимлар (юнонча “oros” - тоғ, “onoma” – ном) – топонимларнинг йирик тури, рельеф шакллари (орографик объектлар) билан боғлиқ номлардир. Ороним – тоғ, текислик, қир, сой, дара, тепа ва бошқа рельеф шакллари номлари (17; 193-б.). Оронимия – баланд, пастликлар, тоғ ва тепаларнинг номлари йиғиндиси. Оронимика – баланд, пастликлар, тоғ, тепалар номларини ўрганувчи топонимиканинг бўлими [12; 78-б.]. Оронимларга тоғ, чўққи, текислик, ботиқ, ғор, жар ва бошқа геоморфологик объектлар киради. Вилоят оронимларининг аксарияти рельефнинг баландлигини, айни вақтда тоғнинг қайси қисмида жойлашганлигини ўз номида англатиб туради. Боғибаланд (адир, Яккабоғ т.), Саримайдон (жой, Китоб т.), Сариғўрим (тоғ, Деҳқонобод т.), Сарикўтал (тоғ, Шаҳрисабз т.), Сархара (чўққи, Қамаши т.) каби номлар тоғнинг ёки бошқа рельеф шаклларининг устида, юқорисида жойлашганлигини билдиради. Ҳисор тоғининг жануби-ғарбий тармоқлари учун тоғ ёнбағирларининг анча тик ва тоғнинг устки қисми учун эса нисбатан яссиланган рельеф шакли хос. Рельефнинг бу ҳолати орографик шаклларда географик номлар асосида ифодаланган. Баланд тоғнинг юқори қисмидаги унча катта бўлмаган текис майдонлар Юқоритакча (жой, Қамаши т.), Қорасирт (тоғ, Яккабоғ, Қамаши т.), Арпақори (жой, Шаҳрисабз т.), Майдонак (тоғ, май., Қамаши т.) каби номлар билан аталган. Баланд тоғли ҳудудларда бу турдаги рельеф шакли унча кўп бўлмаганлиги сабабли маҳаллий халқнинг эътиборига молик ҳудудлар сифатида намоён бўлган. Маҳаллий халқ бундай ҳудудлардан чорвачиликда яйлов, деҳқончиликда муҳим экин майдонлари сифатида самарали фойдаланишади. Вилоят оронимларининг аксарияти ўзининг рельеф хусусиятини ўз номи орқали ифодалаган. Дўнгқишлоқ, Асқартепа (Яккабоғ т.), Бойиргаза (қиш., Чироқчи т.), Қорағўрим, Мингчуқур (бал., довон, Қамаши т.), Ҳоварқишлоқ, Галажар, Говдара (қиш., Қамаши т.), Оқбош, Сариғўрим, Қоракамар (тоғ, бал., Деҳқонобод т.), Жорма (адир, Ғузор т.) каби кўплаб номлар ўзининг рельеф хусусиятларини жой номида англатиб туради. Зарафшон тизма тоғида юқори палеозой қатламлари қумтош, майда шағалли конгломерат ва сланецлардан иборат. Интрузив жинслар ирцин магматик жинсларга хосдир. Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқларида интрузивли порфиллар мавжуд. Фойдали қазилмалар номи билан боғлиқ топонимлар. Геологик жараёнларнинг кўп миллион йиллик фаолияти натижасида ернинг устки қатлами литосферада хилма-хил мураккаб структуралар ҳосил бўлди, қатламлар ичида шу қатламлар келиб чиқишига асос бўлган ўтган даврда яшаган ўсимликлар ва ҳайвонларнинг тошга айланган намуналари сақланиб қолди, ер устидаги геологик жараёнлар натижасида хилма-хил рельеф шакллари пайдо бўлиб, табиатни безатиб туради Кишилар қадимдан маълум бир турдаги минераллардан иш фаолияти давомида фойдаланиб келишган. Минералларнинг бирор тури мавжуд бўлган ҳудудларда минерал номи ёки уларга тегишли конларнинг номи жой номи ясалиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, геологик қидирув ишларида жой номларининг мазмуни ва моҳиятини билиш муҳим аҳамият касб этади. С.Қораев геологик тадқиқотларда жой номларини билишнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирар экан, “топонимика геологик қидирув ишларида ҳам катта ёрдам беради, Консой, Контепа, Олтинтоғ, Симоб, Кумушкон, Мискон, Кўҳилал, Қўрғошинкон каби дарёлар ва сойлар, тоғлар ва текисликлар, йўллар ва довонлардан ер ости бойликлари қазиб олинганидан далолат беради” деган хулосага келади [14; 20-б.]. Зарафшон тоғлари герцин тоғ ҳосил бўлиши босқичида шаклланган интрузив, магматик жараёнлар ҳосиласи бўлган грахит жинслари чўқинди ва метаморфик жинслар билан ўзаро чатишиб кетган қиррали қоялар ва геологик очилмаларда муҳрланган. Ҳисор тоғларида юра даври ётқизиқларидан бошланади. Юра ётқизиқларида қумтош, сланец, майда донали қумлоқ, оҳактош ва тузли гипс жинслари қатламлари учрайди. Қашқадарё вилоятида бўр даври ётқизиқлари кенг тарқалган. Ҳисорнинг жануби-ғарбий тизмаларида юқори ва қуйи бўр даври ётқизиқлари аниқ ажралиб туради. Осмонтарош тоғлари карбон ва пермь даврларининг интрузив ва эффузив магматик жинсларидан, Ҳазрати Султон тоғ массиви эса силур ва девон даврларининг кристалли оҳактошларидан иборат. Қашқадарё ҳавзасининг тоғ ва тоғолди ҳудудлари юра ва бўр даврларининг денгиз ётқизиқларидан таркиб топган. Палеоген даврида ҳам ушбу ҳудудлар илиқ денгиз билан қопланган. Тоғолди минтақаси адирлар синиқ-чақиқ жинс қатламларидан ташкил топган бўлиб, улар неогендаги денгиз ва қуруқликнинг ўзаро таъсир жараёнининг натижасидир. Тоғолди юзаси тўртламчи давр лёсс ва лёссимон ётқизиқлари билан қопланган. Текислик қисми қум ва гилтошлар билан қопланган. 10-15 м қалинликдаги бу қоплам тагида палеоген, бўр ва юра даврларига мансуб денгиз гилтошлари ва қумтошларнинг қатламлари жойлашган. Чақилқалон тоғининг жанубий ёнбағри асосан палеозой (силур) оҳактошларидан, қуйи ва ўрта палеозойнинг сланецларидан таркиб топган, бу жинслар қатламлари қия парчаланган. Чақилқалон тоғи Тахтақорача давонига (1788 м) қадар давом этади, сўнгра давондан ғарбда Қоратепа тоғлари чўзилиб кетади. Бу ерда тоғлар кенгайиб, кенглиги 35 км га, узунлиги 50 км гача боради. Тоғларнинг марказий қисмлари интрузив жинслардан ташкил топган, тоғ этаклари ва ёнбағирлари юмшоқ чўкинди жинслар билан қопланган. Қоратепа тоғи билан Зиёвуддин ва Зирабулоқ тоғлари оралиги қирсимон рельефли Жом чўли жойлашган. Ер юзасини лёсс қоплаган. Чўлнинг жанубий қисми Қашқадарё ҳавзасида жойлашган. Жануби-шарқдан шимоли-ғарб томон 100 км масофага чўзилган Зиёвуддин-Зирабулоқ тоғлари палеозойнинг интрузив, оҳактош, сланецлардан, мезо-кайнозойнинг оҳактош ва қумоқ гилларидан таркиб топган бўлиб, атрофдаги текисликлардан атиги 300-400 м кўтарилиб туради. Баландлиги Пиёзи тоғида 1091 м га етади. Жом чўлидан кўтарилиб турган жануби-шарқий қисмида 767 м га боради. Зиёвуддин ва Зирабулоқ тоғларини эрозион водий бир-биридан ажратиб туради. Зарафшон тоғларининг ғарбий давоми ҳисобланган шимоли-ғарб томон аста пасайиб бориб, Қарнобчўлнинг ғарбида текисликка туташиб кетади. Вилоятни шарқ ва жануби- шарқда ўраб турган Ҳисор тизмаси ва унинг тармоқлари (Бойсун, Кўҳитангтоғ) асосан гранит, оҳактош ва сланецлардан тузилган. Бу қаттиқ жинслар кўп ерларда очилиб, ер юзасига чиқиб ётади, тик ёнбағир ва чуқур дараларни ҳосил қилган. Ҳисор Ўзбекистондаги энг баланд тоғ, унда Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси Ҳазрати Султон чўққиси жойлашган бўлиб, унинг мутлақ баландлиги 4643 м. Ҳисор тизмаси ғарб ва жануби-ғарбга томон бир қанча тармоққа бўлиниб, тобора пасайиб боради ва аста-секин текисликларга қўшилиб кетади. Тоғ олдиларида Мираки, Яккабоғ ва Ғузор адирлари катта майдонни эгаллаб ётади, улар дарёлар тоғларни емириб олиб тушган жинслардан таркиб топган. Адирлар ер юзаси нотекис, паст-баланд текисликлардан иборат. Адирларда ва паст тоғларда карст рельефи шакллари-ғорлар, воронкасимон чуқурликлар, унгурлар мавжуд. Зарафшон, Яккабоғ, Ҳисор тоғлари орасида Китоб-Шаҳрисабз ботиғи бор. Бу ботиқ дарё оқиндилари билан қопланган аллювиал текисликдир (Китоб сўзи «Кифти-об»-«сув боши» деган маънони билдиради. Китобда Улуғбек номидаги Китоб кенглик станцияси қурилган. Бу станцияда Ер қутбининг ҳаракати ўрганилади. Зарафшон тизмасининг шимоли-ғарбий давоми билан Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқлари орасида Қашқадарё ботиғи жойлашган. Унинг маркази жануби-ғарбдан шимоли-шарққа чўзилган. Ўқ қисми Қашқадарё водийсидан иборат. У ғарбга томон кенгайиб боради. Водий дарёнинг қайир ва қайир усти I, II, III, IV ва V терассалари ва уларга туташган тоғ олди пролювиал текисликлардан таркиб топган. Водийнинг шарқида ва шимоли-шарқида ўрта тўртламчи даврга мансуб пролювиал-аллювиал текисликлар катта майдонни эгаллаган. Қарши шаҳридан ғарбда ва шимоли-ғарбда юқори тўртламчи ва ҳозирги даврга мансуб аллювиал-дельта текисликлари шаклланган. Унинг айрим қисмларида қумликлар учрайди. Текисликнинг катта қисмини Қарши чўли эгаллаган. Унда эски ўзанлар, шўрҳок ерлар, қолдиқ тоғлар, кенг сойлар ва пастлик ерлар бирин-кетин алмашиниб келади. Қарши чўлининг шимоли ўр-қирли рельефга эга, жануби-ғарби текислик ва платолардан иборат. Ўрта қисмида Қўнғиртоғ, Майманоқтоғ, Косонтоғ каби танҳо тоғлар бор. Бу тоғлар емирилиб пасайиб қолган, тепалари ясси текис ва гумбазсимон. Чўлнинг шимоли-ғарбида қадимги дарё ўзанлари бўлмиш Шўрсой, Дўлталишўр сойликлари бор. Қарши чўлидан жанубдаги Нишон чўли учун қолдиқ тоғлар (Дултали, Саксондара, Олавуддинтоғ), қуруқ сойлар ва тақирлар хосдир. Қашқадарё вилояти Қарши тумани денгиз сатҳидан 336 метр баландликда, 38048'18.4 шимолий кенгликда, 065034'53.8 шарқий узунликда жойлашган бўлиб, тупроқлари суғориладиган оч тусли бўз тупроқлар ҳисобланади. Дарёлар бўйида Ғузор-Қамаши ва Қарши воҳалари бунёд этилган. ХХ асрнинг охирги чорагида Қарши чўлининг катта қисми Амударёдан Қарши магистрал канали орқали олиб келинган сув ҳисобига 200000 гектарга яқин ер ўзлаштирилди. Текисликлар релъефида юзанинг энг муҳим элементи ҳисобланади. Тарафларга кўпи 550-600 метргача чўзилган, нишабликлар 1-2 градусгача бўлганлиги аниқланган. Қашқадарё ҳавзасининг ер юзаси турли геологик даврларда мураккаб геологик ва геоморфологик жараёнлар натижасида шаклланган, рельеф ғарбдан шарққа томон кўтарилиб беради. Қарши чўли қия текислигининг Денгизкўл ботиғи билан туташ жойи денгиз сатҳидан 280 м баланд бўлса, шарқда, Ҳисор тоғларида баландлик 4000 м дан зиёд. Қашқадарё ҳавзаси рельеф хусусиятлари кўпгина геморфолог, геолог, табиий географ, тупроқшунослар томонидан ўрганилган. Бу борада О.Ю.Пословская (1959), Г.Ф. Тетюхин (1966), С.Нишонов (1966), В.М.Зубакова ва б. (1967), А.М.Расулов (1976), И.А.Ҳасанов (1981; 1982), А.Маматов (1994; 1996) ва бошқаларнинг илмий изланишларнинг ўлка геоморфологик тузилишини тадқиқ қилишдаги аҳамияти катта. О.Ю. Пословскаянинг изланишларида биринчи бор рельеф шароитларини чуқур таҳлил қилишга эришилди. Ер юзасининг ҳозирги қиёфаси геологик тараққиёт босқичлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу боғлиқликни ҳамда ҳозирги рельеф ҳосил қилувчи жараёнлар хусусиятларини ҳисобга олиб, рельефни маълум геоморфологик районлар асосида тавсифлаймиз. 1. Баланд тоғлар. Ҳисор тизмасининг марказий қисмини эгаллайди (2800-4000 м ва ундан юқори). Тизманинг жанубий ёнбағирлари кучли парчаланган. Унинг Ҳазрати Султон (4000 м). Яккабоғ (3700-3800 м) ва бошқа тармоқлари шимоли-шарққа томон йўналган. Вилоят ҳудудининг энг баланд нуқтаси Ғова чўққиси (4145 м) Ҳазрати Султон тоғида жойлашган. Бу тоғ шарқда Сумсар-Шертоғ тоғи (2500 – 2800 м) билан туташади. Ҳазрати Султон тоғи альп типли рельеф шакллари билан ажралиб туради. Бу тоғ Ҳисор тизмасининг энг шимолий ва йирик тармоғи бўлиб, Оқсув ва Тўполондарёнинг сувайриғичи ҳисобланади. Унинг ёнбағирларида қор ва музликлар доимий учрайди. Ҳудуддда кучли парчаланган рельеф шакллари мавжуд ва улар қиррали қоялар, чўққилар билан ажралиб туради. Нисбий баландлиги 1200-1500 га етади. Баланд тоғ рельефига хос, ўткир қиррали қояларга бой Чақчар тоғларнинг энг баланд Хуросон чўққиси 3744 м га кўтарилган. Эшакмайдон тоғ массиви 2800-2900 м баландликда бир қатор тарошланган силлиқ қояли тоғ ҳисобланади. Эшакмайдон шимолда Майданак ва Тойталаш тоғлари (2800 м) билан туташган Гулдара, Лангардарё ва Катта Ўрадарё сувайирғичи бўлмиш Хонтахти (2938 м) ва Курек (2800-2900 м), Яккабоғ тоғларининг ғарбдаги энг чекка баланд тармоқлари ҳисобланади. Бу тоғлар альп орогенезида бурмаланган. 2. Ўртача баландликдаги тоғлар 1500-2800 м баландликда жойлашган. Ёнбағирларнинг ўртача қиялиги 15-280, баъзан 30-400 ва ундан кўп. Шунга қарамасдан бу минтақа тоғлари анча парчаланган рельефга эга. Дарё водийлари кенгайган жойларда чуқур ботиқлар кузатилади. Шунингдек чуқур ўйинган эрозия водийлари кўп учрайди. 3. Паст тоғлар минтақаси ўртача баландликдаги тоғлардан қуйида тор зонани эгаллаб, ўртача баландликдаги 800-900 м дан 1500 м гача боради. Паст тоғлар дарё водийлари унчалик чуқур эмас, аммо кенглиги билан фарқ қилади. Мезазой ва кайназойнинг чўкинди ва тоғларнинг емирилишидан ҳосил бўлган жинслардан ташкил топган. Рельеф кучли ўйдим-чуқурлашган, тартибсиз тармоқланган тер ўзанлар ва тоғ тизмаларини ажратиб турувчи сой водийлардан иборат мураккаб шаклга эга. Паст тоғларда нисбатан ҳам парчаланган қиялама кичик тоғлар ва тепаликлар билан мураккаблашган тизмалар ҳам учрайди, ёнбағирларнинг қиялиги 20-300, баъзи жойларда тошлоқ паст тоғлар учрайди. 4. Тоғолди тўлқинсимон пролювиал текисликлар Ҳисор тизмаси, Чақилкалон, Қоратепа ва Зарафшон тоғларининг этакларини ўз ичига олади. Рельеф тепаликлардан, паст-баландликлардан ва кучсиз тик ўпирилмалардан иборат. Улар кенг сойликлар билан ажралиб туради. Нисбий баландлиги 10-35 м, баъзан 50 м га ҳам етади. 5. Тоғолди қия текислиги геоморфалогик жиҳатдан Қашқадарёнинг дельта қисми ва у билан боғлиқ бўлган дарё террасаларини ҳамда конусли ёйилмаларнинг қуйи қисмларини ўз ичига олади ва улар қуйидагича бўлинади. 5.а. Дарёларнинг конус ёйилмалари. Ғузордарё, Танҳоздарё, Яккабоғдарё, Лангардарё қуйи оқимини белгилайди. Дарё ёйилмаларининг бош қисми анча қия бўлиб, бўртма дўнгликлар билан мураккаблашган, дарё водийлари ирмоқлар билан парчаланган. Кесмаларнинг чуқурлиги жойларда 20 м га етади. Дарё водийлари юзаси-кенг, унчалик чуқур бўлмаган (6-10 м) сойликлар билан ўйилган, ёнбағирлари жуда қия. 5.б. Қашқадарёнинг қадимги ва ҳозирги дельтаси. У энг қуйи гипсометрик баландикни эгаллайди. Рельеф ясси текислик, кўпгина вақтинчалик ва доимий оқар сув ўзанлари билан парчаланган. Умуман олганда дельтага қум ва шағал тошли юзалар, қуруқ ўзанлар, қум тепалар, тақирлар ва унчалик баланд бўлмаган қолдиқ тоғлар хос. Қашқадарё ҳавзаси рельефи турлича тузилишга эга. Тоғли қисмининг хушманзаралиги рекреация турларини ривожланишига анча қулай. Доимий қор ва музликлар, трог ва дарё, сой водийлари, табиат ёдгорликлари, карст шакллари (ғорлар), даралар ажойиб экскурсия объектлари бўла олади. Баланд тоғ минтақасида чангида учиш, сайёҳлик, спорт ва соғломлаштириш лагерлари, дам олувчилар учун экскурсиялар уюштириш имкониятлари мавжуд. Ўртача баланд ва паст тоғлар рельефининг хушманзаралиги ҳамда бошқа табиий хусусиятлари рекреацияни ривожлантиришда қўл келади. Тоғлардаги Амир Темур, Ҳўкиз-Камар, Кўл, Кийик-Камар, Каптархона ғорлари саёҳатчиларни қизиқтирувчи табиат ёдгорликларидандир. Тахтақорача довонидан шимоли-ғарбга жойлашган, шамолнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлган. “Диназавр”, “Жодугар”, “Дўстлар” ва бошқа қоялар табиат ёдгорликлари бўлиб саёҳатчиларни ўзига жалб қилади. Катта Ўрадарё ва Кичик Ўрадарё ҳавзаларининг куэстали рельефга эгалиги рельефнинг хилма-хил бўлишига олиб келган, бинобарин, сайёҳликда фойдаланиш самараси юқори бўлади. Мураккаб геологик жараёнларни бошидан кечирган Бешнов массиви, Зарафшон ва Ҳисор тоғларига қадмги эраларга саёҳат сифатида саёҳлик йўналишлари уюштириш мумкин. Айниқса, рекреация мақсадларида Шертоғ ва Сумсар тоғларидан фойдаланиш имкониятлари катта. Қазилма тош қотган ўсимликларнинг қолдиқлари Қизилтош ва Тутак ота қишлоқлари орасидаги сўқмоқда топилган. Бу ҳудудга саёҳат уюштириш “Диназаврлар сўқмоғи” ва “Юра даврининг ўсимликлари”нинг қолдиқлари билан танишиш имконини беради. Қўхбулоқ, Қизилтом, Бошдарё, Терес, Мудин, Сувтушар шаршаралари ҳам кишига завқ бағишлайди. Бинобарин, вилоят рельеф ва геологик тузилишининг бетакрор хусусиятлари жиҳатидан катта рекреация имкониятларига бой. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, вилоят ҳудудида кўплаб рельеф шакллари мавжуд бўлиб, улар хилма-хил оронимларни вужудга келтирган ҳамда жой номи сифатида ҳудуд табиати билан уйғунлашган ҳолда таркиб топган. Вилоят оронимлари орасида, шубҳасиз, рельефнинг маълум бир хусусиятини англатувчи номлар жуда кўп. Шу билан биргаликда табиатнинг бошқа компонентлари номи билан бириккан ҳолда ҳам кўплаб оронимлар ҳосил бўлган. Вилоят оронимларининг аксарият қисми ўзининг табиий географик хусусиятига боғлиқ бўлган номлардир. Download 22.57 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling