Биогаздан фойдаланишнинг экологик аҳамияти


Download 15.12 Kb.
Sana15.03.2023
Hajmi15.12 Kb.
#1268684
Bog'liq
БИОГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЭКОЛОГИК АҲАМИЯТИ


БИОГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЭКОЛОГИК АҲАМИЯТИ
Шамсихамар
Бугунги кунда дунё амалиётида ер ости бойликлари бўлган нефть, газ, кўмир ёқилғилари ўрнини аста–секин биоёқилғи эгаллаб бормоқда. Биоёқилғилар келажакда тугаб бораётган ер ости бойликларини ўрнини қоплаши кутилмоқда. Биоёқилғилар ўсимлик ва органик моддалар қолдиғини қайта ишлаш орқали олинади. Биоёқилғилар суюқ (этанол, метанол), қаттиқ (ўтин), газсимон (биогаз, водород) кўринишда бўлади. Хар бир киши уй– хўжаликда хосил қилиши мумкин бўлган, технологияси содда, фойдаланиш учун қулай биоёқилғидан бири биогаздир. Органик қолдиқлар (гўнг, ўсимлик танаси) кабиларни хавосиз муҳитда микроорганизмлар (ёки ферментлаш) ёрдамида ачитиш жараёнида биогаз ва махаллий ўғит ҳосил бўлади. Биореакторда органик массанинг биологик парчаланиши уч хил муддат ва режимда амалга ошади.
1.Психрофил жараён 5–25 С0, 30–50 кун
2.Мезофил жараён 25–37 С0, 12–20 кун
3.Термофил жараён 49–60 С0, 5–13 кун
Биогаз таркибида 40–75% метан (СН4), 25–55% карбонат ангидрид (СО2), 1% Водород сульфид (H2S) ва бошқа моддалар учрайди. Бир м3 биогаз ёнганда 20–25 МДж энергия ажратади, бу 0,6 л бензин энергиясига тенгдир. Бир тонна қорамол гўнгидан 450 м3, парранда гўнгидан 660 м3 биогаз олиш мумкин. Биогаздан автомобиль ёқилғиси, иситиш, ёритиш, газгенераторда ёқиб электр энергия олиш мақсадида фойдаланиш, қолдиқ массани ўғит сифатида ерга солиш мумкин. Қазилма бойликларидан фойдаланилганда улар таркибидаги миллион йиллар давомида модда айланишидан четда сақланган углерод, ёқилганда атмосферага тушиб СО2 миқдорини кўпайишига сабаб бўлади. Қазиб олинадиган ёқилғи (нефть, газ, кўмир, ва б.) турларига нисбатан биогазнинг аҳамиятли томонлари шундаки, биогаз таркибида амалда олтингугурт бирикмалари учрамайди, иссиқхона эффектини келтириб чиқорадиган газлар миқдори камаяди. Бу биогаздан фойдаланилса чиқинди газлар ажралмайди дегани эмас, биогаз ёқилганда атмосферага ўсимликлар яқинда ўзлаштирган углерод СО2 кўринишида қайтади. Углероднинг ёпиқ айланма харакати ўзгаришсиз қолади, шунинг учун атмосферада углерод миқдори кўпаймайди. Зарарли газлар ва қазилма бойликларидан фойдаланиш миқдорини камайтириш мақсадида кўпчилик мамлакатлар ҳатто биоёқилғи ишлаб чиқарувчиларни солиқлардан озод қилишган. Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Непал, АҚШ, Веьтнамда бир оилага мўлжалланган кичик ҳажмли биогаз қурилмалари мавжуд. Бундай қурилмалар сони Хитойда 18 млнга етди. Улардан фойдаланиш 10,9 т шартли ёқилғини тежаш имконини беради. Швед концернилари Volvo ва Scania биогазда ишлайдиган автобусларни ишлаб чиқармоқда. Данияда биогаздан фойдаланиб олинган энергия, умумий энергия миқдорини 18% ини ташкил этмоқда. Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён биогаз олиш технологиясини оммалаштиришга ҳаракат қилинишига қарамай, юртимизда бундай қурилмалар ҳали ҳам саноқли. Ҳолбуки Ўзбекистонда биогаз олиш учун керак бўладиган органик чиқиндилар (гўнг, ғўзапоя, манзарали ўсимликлар уруғи, тахта қириндиси) доим етарли. Атмосферани ифлосланиши, иқлимни исиб бориши билан боғлиқ экологик муаммоларни ҳал этишда бошқа муқобил энергия манбалари қатори биогаздан фойдаланишни янада оммалаштириш, аҳолига кичик биогаз ишлаб чиқарувчи қурилмалар қуриш ва улардан фойдаланишни ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг натижасида органик чиқиндиларни йиғилиб қолиши, экологик муаммоларни ортиб бориши камаяди. Аҳолининг газ ва энергетик ресурсларга бўлган эҳтиёжи қондирилиб, иқтисодий имконияти кенгаяди.
Download 15.12 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling