VI. Олий таълим муассасасида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг сабаб ва омиллари.
Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва ҳимоя қилиш жараёнида коррупциявий ҳолатларни келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни келтириб ўтамиз.
Биринчидан, илмий даража бериш тартиб-таомилларидаги мураккабликлар, ўринсиз талаб ва коррупциявий нормалар таълим сифатига таъсир этмоқда.
Хусусан, илмий даражани ҳимоя қилиш учун махсус илмий нашр ва хорижий илмий журналда чет тилида илмий мақола чоп эттириш, диссертация натижаларини конференция материали тўпламларида чиқариш изланувчидан қўшимча маблағ талаб қилиш билан бирга уларни коррупциявий ҳаракатларни содир этишга ундамоқда.
Иккинчидан, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини баҳолашда, ҳамон эскича фикрлашдан воз кечилмаган, профессор-ўқитувчилар умумий сонини, илмий даражалилари сонига бўлиб чиқариш амалиётидан фойдаланиб келинмоқда.
Илмий салоҳиятни белгилашда илмий ишланмалар натижадорлиги, илмий даражали педагог кадрларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси каби жиҳатлар умуман ҳисобга олинмай қолинган.
Германия, Англия, Австрия, Швейцария каби Европа давлатларидаги университетларининг илмий салоҳияти 53-90 фоизни ташкил этса, Россияда институт ва университетларни аккредитациядан ўтказиш учун 55-60 фоиз илмий салоҳият талаб қилинади.
Мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 34 фоизни ташкил этгани ҳолда, бу кўрсаткич 31 та олий таълим муассасаларида 30 фоизга ҳам етмайди. Илмий салоҳияти энг паст олий таълим муассасалар қаторида 19% кўрсаткич билан Термиз давлат университети ҳисобланади.
Учинчидан, илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш, илмий даражали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.
Хусусан, сўнгги 10 йилда олий таълим муассасаларининг докторантураларида ўқиб, диссертация ишларини ҳимоя қилмаган докторантлар ҳисоби юритилмаган.
Оқибатда, бюджет маблағлари ҳисобига ўқиган юзлаб докторантлар узоқ йиллар давомида диссертация ишларини ҳимоя қилмасдан келмоқда.
Жумладан, сўнгги 5 йилда 328 нафар ёки 35,6 фоиз докторантлар диссертация ишларини белгиланган муддатни бузган ҳолда ҳимоя қилган бўлса, 401 нафари ёки 43,6 фоизи диссертация ишларини ҳимоя қилмаган .
Do'stlaringiz bilan baham: |