Бухоро тарихида Жўйбор хўжаларининг тутган ўрни
Download 79.27 Kb.
|
Sanat.Rajabov
Keywords: Bukhara, Dzhuibor yards, primary source, economic documents, social and political life, hereditary property, land and water, trade, official, sphere of influence, nobility.
Академик Бўрибой Аҳмедов илмий тадқиқот ишларини таҳлил этар эканмиз юртимиз тарихини нодир манбалар асосида биринчилар қаторидан ўрганганлигини ва ҳаққоний тарихни асл манба орқали ёритиб берганлигини кўришимиз мумкин. Б. Аҳмедовнинг Бухоро тарихида Жўйбор хўжаларининг тутган ўрни ва нуфузини ўзбек тарихчи олимларидан биринчилар қаторида ўрганган забардаст олимдир. Қуйида биз Академик Бўрибой Аҳмедовнинг Жўйбор хўжалари бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари, таҳлиллари ва чиқарилган хулосалари орқали ХVI - ХVII аср бошида Ўрта Осиё ижтимойй-сиёсий ҳаётида Жўйбор хўжаларининг тутган ўрни ва таъсир доирасини таҳлил қиламиз. Академик Бўрибой Аҳмедов Жўйбор хўжалари бўйича “Тарихдан сабоқлар” [1], “Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари” [2], “Ўзбекистон тарихи манбалари” [3], “Историко географическая литература Средней Азии XVI-XVIII вв” [4] каби асарлари ҳамда “Бухоро хонлигининг XVI – XVII асрлардаги ижтимоий сиёсий ҳаётида жўйбор хожаларининг тутган мавқеи ҳақида”, “Равзат ар-ризвон” – Қошғар тарихи бўйича муҳим манба”, “Ҳофиз Таниш Бухорий ва унинг “Шарафномайи шоҳий”асари”, “Раузат ар-ризван ва хадикат ал-гилман”, “Роль джуйбарских ходжей в общественно-политической жизни Средней Азии (XVI-XVII в.в) [5]” номли тадқиқотлари орқали танишишимиз мумкин бўлади. Б. Аҳмедов Бухоро хонлиги даврида жўйбор хўжалари жуда катта нуфузга эга эканлиги бўйича тарихий маълумотларни илмий жиҳатдан кенг таҳлил этиб, ўша давр бўйича жўйбор хўжаларини яқиндан билган шахслар томонидан битилган тарихий, биографик ва агиографик (авлиёлар ҳаётига оид) асарлар хизмат қилишини таъкидлаб, “Ҳофиз Таниш Бухорийнинг 1584—1590 йиллар оралиғида битилган “Абдулланомаси”, Бобурийлардан Акбаршоҳ (1536—1605 йиллари Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган) нинг топшириғи билан Абулфазл Алломий томонидан ёзилган “Акбарнома”, Мир Муҳаммад Амини Бухорийнинг “Убайдулланома”си (1716 йилдан сўнг битилган), Муҳаммад Вафойи Карманагий (1685—1769) ва Алимбек ибн Ниёзқулибек эшон Насафийларнинг “Туҳфат ул-хоний”(“Хон туҳфаси”) асари (1720—1782 йилларга оид воқеалар баёни), ХVII аср иккинчи ярмида ижод қилган муаррих Муҳаммад Аминнинг “Муҳит ут-таворих”, 1827/28 йилда битилган Муҳаммад Ёқуб иби Амир Дониёлбийнинг “Гулшан ал-мулук”, хожа Муҳаммад Исломнинг шогирди Ҳусайн ибн Мир Ҳусайн Сарахсийнинг “Саъдийа”, хожа Саъднинг котиби Бадриддин Кашмирий тарафидан ХVI асриинг 80 йилларида битилган “Равзат ар-ризвон ва ҳадиқат ал-ғилмон”асари, П. П. Иванов томонидан кенг фойдаланилган Абулаббос Муҳаммад Толиб қаламига мансуб “Матлаб ут-толибин”рисолаларини ушбу асарлар рўйхатига мансублигини қайд этади[6]. Б. Аҳмедов ўзидан олдин Жўйбор хўжалари бўйича рус шарқшуносларидан В. Л. Вяткин Муҳаммад Исломнинг таржиман ҳолини XVI аср биринчи ярмида рўй берган асосий сиёсий воқеаларни, П. П. Иванов эса Жуйбор шайхларининг хўжалик ҳужжатлари (1544/45 — 1577/78 йилларга оид 385 та ҳужжат) ҳамда бир қатор тарихий (“Абдулланома”). ва биографик (“Матлаб ут-толибин”) асарлар ва маҳсус илмий адабиётларга суянган ҳолда бу феодал хўжалик ҳақида йирик бир илмий асар ёзганлиги тўғрисида маълумот келтиради. Б. Аҳмедовнинг Жўйбор хўжаларининг даврини ўрганишдан мақсади Муҳаммад Ислом, хожа Саъд, Тожиддин Ҳасан ва бошқа хўжалари феодал хўжаликларининг барпо бўлиш йўллари ҳамда уларнинг ХVI - ХVII аср бошида Ўрта Осиё ижтимойй-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва таъсир доирасини кўрсатишдан иборат бўлади. Жўйбор хўжаларининг жуда катта мол-мулкка эгалик қилганлар бу мулкларнинг келиб чиқиши Муҳаммад Ислом ва унинг авлодлари ўзларини аслзода валийлар авлоди эканликларнин кўрсатиб, ўз шахсларини ота томондан Муҳаммад пайғамбар авлодларига, она томонидан эса нақд Чингизхон ва Жўчига олиб бориб улаш асносида, сомонийлар давридан бошлабоқ давлат ишларида муҳим лавозимларни эгаллаганлар. Улар нақиб ал-нуқабо (улуғ нақиб) ва шайхулислом каби юқори даражаларга эга бўлганлар. Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” китобида Хожа Муҳаммад Ислом ва айниқса хожа Саъднинг таржимаи ҳоли тўлиқ баён этилган. Жўйборий хўжалар моддий фаровонлигининг асосий манбаалари авлоддан-авлодга ўтиб борадиган меросий мол-мулклар ташкил қилган. Шубҳасиз, жўйборий хўжалар мол-мулкининг асосий манбаини хонлар, султонлар ва бадавлат шахслар томонидан тортиқ қилиниб туриладиган ер-сув ва қимматбаҳо ҳадялар ташкил қилган. Абулаббос Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ут-толибин” рисоласи маълумотларига кўра, Б.Аҳмедов – “Кошғар, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг ҳукмдорлари ҳам Жўйбор хожаларига катта-катта ҳадялар юбориб турган” эканлиги бўйича маълумот беради[7]. Одатда мол-мулкнинг бўлиниб кетиш ва бегоналар қўлига ўтишининг олдини олиб, бир ота авлодлари ўртасидаги ўзаро никоҳга йўл очиб берилган. Хўжалар халқаро савдо-сотиқ ишларида ҳам фаол иштирок этганлиги, масалан, уларннинг Жонмуҳаммад ва Ёрмуҳаммад сингари махсус вакиллари бўлиб, улар хожа Саъд ва хожа Тожиддин Ҳасанларга қарашли савдо карвонларига бош бўлиб, Қозон, Москва, Булғор, Россиянинг бошқа шаҳарлари ҳамда Кошғарга қатнаганлиги, бу хусусдаги диққатга сазовор маълумотлар “Саъдия” ва “Равзат ар-ризвон” асарларида мавжуд [8]. Жўйбо хўжалари ўзларининг Бухоро, Миёнқол, Самарқанд,Тошкент, Саврон, Туркистон, Ахсикант, Насаф, Ҳисор, Термиз, Кўбодиён, Балх, Бадахшон, Ҳирот, Марви шоҳижаҳон, Мурғоб, Мохон, Машҳад, Андхуд ва бошқа жойлардаги мавжуд йирик ер-сувлари, беҳисоб мол-мулкларини кўплаб амалдорлар ёрдамида бошқарганлар. Энг аввало уларнинг ер-сувлари ўнта: Руди шаҳар, Бухоро, Самарқанд, Насаф, Ҳисор, Термиз, Балх, Бадахшон, Хуросон, Марви шоҳижаҳон саркорликларига тақсимланган бўлиб, уларнинг ҳар бири саркорлар томонидан бошқарилган. Хўжалар ўз шахсий девонларини дафтархона, яъни барча мулкни (жумлат ул-мулк) назорат қилиб турувчи молиявий идораларни ташкил қилганлар. Дафтархонада дафтардор (ҳисобчи) ва муҳаррир (котиб) каби амалдорлар ишлаб турганлар. Шунингдек, қушбеги, мирохур, мири шикор, мушриф, қози баковул, керак яроқчи каби бир қатор мансаблар ҳам мавжуд бўлган. Хўжаларга тобе бўлган кўчманчи қабилалар устидан махсус амалдор – доруға ҳукмронлик қилган. Кўриниб турибдики, Жўйбор хўжалари маълум давлат идора услубига ўхшаш бошқарув идорасини тузганларки, бу ўз ўрнида уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги куч-қудрати ва мавқеидан далолат беради. Бадриддин Кашмирий “Равзат ар-ризвон” асарида Жўйбор хўжаларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги нуфузи, хонларнинг тахтга ўтириши, маҳаллий ҳокимлар, амалдорларни тайинлаш, бир ердан бошқа жойга ўтказиш ва вазифасидан озод этиш каби тадбирлардаги мутлақ ҳуқуқларига тўхталади. Бундай маълумотларда кўпроқ муболағага йўл қўйилса-да, ҳар ҳолда бу ҳақиқат эди. Бу борада ҳўжалар номига султонлар томонидан юборилган хат ва арзномалар ҳам эътиборга сазовордир. Академик Бўрибой Аҳмедов “Равзат ар-ризвон” – Қошғар тарихи бўйича муҳим манба” илмий тадқиқотида, Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарида Қошғар хонларининг Жўйбор хўжаларига йўллаган мактубларида Шарқий Туркистоннинг XVI асрдаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, Қошғар билан Бухоро хонлиги ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз боради. Бу мактублардан Жўйбор хўжаларининг нафақат Бухоро хонлиги, балки қўшни хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий тарихида ҳам катта ўрин тутганликларининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, Б. Аҳмедов бир қанча мактуб ва ёзишмаларнинг ўзбек тилидаги таржималарини келтириши тадқиқот ишининг манбалар орқали асослантирилишига хизмат қилади. Юқоридаги мисолларни кўплаб келтириш мумкин, хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, академик Бўрибой Аҳмедовнинг илмий тадқиқотлари, рисола ва монографияларида Жўйбор хўжаларининг Шайбонийлар ва Аштархонийлар даврида Ўрта Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган мавқеининг қай даражада бўлганлиги маълум бўлиб турибди. тадқиқотчилар учун тарихий тадқиқот манбааси бўлиб хизмат қилади. Олимнинг илмий тадқиқотлари кўп қиррали бўлиб, уларнинг Бухоро тарихига оид айрим қисмларини таҳлил қилдик холос. Download 79.27 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling