Буюк фрейд ва унинг психоанализ таълимоти
Download 203.27 Kb.
|
БУЮК ФРЕЙД ВА УНИНГ ПСИХОАНАЛИЗ ТАЪЛИМОТИ
Бу невропатолог жонимга тегди!
Фрейд оилани боқиш учун илмий ишни ташлаб невропатолог бўлиб ишлаб бошлайди. У маҳаллий газеталарга шундай эълон беради: “Асаб бузилишларини даволайман!” Фрейд неврологияга жуда қизиқиб кетди. У асаб бузилишларини энди китобдан ўқиб эмас, балки беморларнинг кўзидан ўқиб ўрганиб бошлади. У энди турли-туман беморлар билан мулоқотда бўлар ва улар билан соатлаб суҳбатлашишни хуш кўрар эди. Бироқ ўша пайтлари ҳали яхши ривожланмаган неврологиядан унинг кўнгли тўлмаганди. 1896 йили “Психоген бош оғриқ” билан Фрейдда даволаниб юрган Эмма фон Н. исмли бемор унинг даволаш усулларидан қаттиқ шикоят қилади: “Бу невропатолог жонимга тегди! У менинг аҳволимни фақат оғирлаштираяпди!” Бу Фрейдга қаттиқ таъсир қилади. Фрейдни ўша пайтларда асаб касалликлари, хусусан неврозни даволашга оид қўлланмалар қониқтирмаётган ҳам эди. Нима қилиш керак? Нега бу усуллар китобда ёзилганидек ёрдам бермаяпди? Шаркога мурожат қилиш керак! Асаб касалликларини даволашга оид китобларда келтирилган тавсиялар беморларда Фрейд кутган натижани беравермасди. Неврологияни чуқурроқ ўрганиш учун Фрейд Европада жуда катта ном қозонган француз неврологи Жан Мартен Шарко (1824-1893) ёнига боради. Фрейд Шарконинг ишлари билан фахрланиб у билан учрашишни азалдан орзу қиларди. Ж.М. Шарко Францияда шу қадар машхур эдики, хатто унга “Неврология Наполеони” деб ном беришган эди. У невроз ва истерия белгиларини мукаммал билган ва беморларни даволашда гипноз усулидан кенг фойдаланган. Шарко деярли барча аристократларнинг шахсий врачи ҳам эди. Аслида невропатолог бўлганлигим учун ҳам шу ерда Шарко ҳақида батафсилроқ маълумот бермоқчиман. Дунёда биринчи марта неврология кафедраси Францияда 36 ёшли Ж.М. Шарко томонидан очилган. Бу кафедра 1960 йили Париж университетининг тиббиёт факультети қошида ташкил этилади ва унинг раҳбари Шарко бўлган. Шарко жуда кўп неврологик касалликларнинг симптом ва синдромларини ёзиб қолдирган. Неврологияга оид дастлабки йирик дарсликлар ҳам айнан Шарко қаламига мансуб. Шарко неврология соҳасида олимлар йўл қўйган ҳар қандай хатони аёвсиз танқид қилган. Шарконинг танқидига учраган илмий мақолалар қайтиб ҳеч қайси журналнинг юзини кўрмас эди. 1879 йили Шарко ўзининг “Мия касалликлари локализацияси” номли машҳур асарини яратади. Бу асар бир неча йиллар тиббиёт университетларида неврологияни ўргатишда асосий дарслик бўлиб хизмат қилган. Неврологияга оид қолган дарсликлар ҳам унинг асосида тайёрланган. Фрейд ва Брейер З.Фрейд Париждан Венага қайтгач ўша даврнинг кўзга кўринган психиатри Иосиф Брейер билан истерия ва неврозларни чуқур ўрганиб бошлайди. Улар Шарко асарларида кўрсатилган усулларни невроз ва истерияни даволашда қўллаб ҳам бошлашади. Ўша пайтлари энди амалиётга кириб келган физиотерапия усуллари ва кенг қўлланиб келаётган гипноз Фрейд кутган даражада ёрдам бермаётган эди. Фрейд невроз ва истерия билан мурожат қилаётган беморларнинг аксарияти аёллар эканлигига эътибор қаратади. 1896 йили З. Фрейд Брейерга: “Устоз! Аёллардаги невроз ва истериянинг асл сабаби сексуал қониқмаслик эмасмикан?” дейди. И. Брейер унинг бу фикрига қўшилмайди ва аввалги даволаш усулларини давом эттиравериш кераклигини айтади. Фрейд аста-секин ўз устозидан узоқлашиб бошлайди ва уни тарк этади. Шу ерда И. Брейер ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчи эдим. Агар Фрейд ҳақидаги ўнлаган материалларни ўқиб чиқсангиз қизиқ фактларга дуч келасиз. Айнан И. Брейернинг ишлари Фрейдда психоанализ таълимотининг илк куртакларини пайдо қилган. Чунки И. Брейер невротик ва истерик беморлар билан ишлаганда касалликнинг ҳар бир аломатларининг қандай пайдо бўлганини беморларга узоқ сўзлатган. Бемор ўзини безовта қилаётган симптомлар ҳақида қанча кўп сўзласа, унинг аҳволи шунча яхшиланаверган. Бунга дастлаб Брейер эътибор қаратган ва бу ҳолатни катарсис деб атаган. “Катарсис” грекчадан руҳий покланиш дегани. Демак, Фрейд асарларида энг кўп қўлланиладиган катарсис атамаси унинг устози И. Брейер томонидан таклиф этилган. Бироқ Брейер ўзининг даволаш усулларини янада такомиллаштирмади ва эски услублар билан чегараланиб қолди. Фрейд эса невротик симптомлар билан сексуал қониқмаслик орасида боғлиқликни тинмай излайверди. Download 203.27 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling