2015-йил. Октябръ ойи. Дўрмон боғи. Истеъдод мактаби VII семинар. 44-хонада ҳар кеч барча ёш ижодкорларнинг мушоира кечаси бўлиб ўтарди.
Бунда бирлашади ишқ, муҳаббат, дард,
Аламлар, азоблар, ҳижроннинг таъми.
Гоҳ пастроқ, гоҳ баланд жаранглаб турар,
Ўша тўлмаётган дунёнинг ками.
Ўзи кичкина-ю юраги катта
Бу хона – ижоднинг қувноқ уйчаси,
Кимлардир шеър ўқир, ёниб ҳам куйиб
Гарчи етмасада ҳали бўйчаси.
Юракка боради, юракдан чиққан,
Ҳар шеърнинг жарангдор калималари.
Ашъорлар айтади такрор ва такрор,
“Дўрмон”нинг энг гўзал Ҳалималари.
Ахир қувончларнинг қувончи чексиз,
Кимга қойил дейсиз, кимлар бироз мўрт.
Не бўлса ҳам чорлар кенг қучоқ очиб,
Қирқ тўртинчи хона ва иккита тўрт.
16:03 21.01.2016
****
Тўрт томондан тортқилайди каламушлар,
Юрагимнинг кўрпасини кемирмоқда,
Атрофимда қадаҳларнинг қиқирлаши,
Ана кимдир мағлубиятим симирмоқда.
Талпинади менга қараб кекса толлар,
Қўлларидан тутай дейман, тутолмайман.
Муҳаббатнинг эшигида кўпдир чаён,
Шу чаёнлар рухсатисиз ўтолмайман.
Қора либос кияяпти қара кўнгил,
Не-не орзу – сафсаталар қучоғида,
Сен бир шоир, мен бир шоир эдим мана,
Ёнаяпмиз ҳақиқатнинг ўчоғида.
Чалаяпти найрангларнинг ноғорасин,
Ўйнаяпмиз гоҳи йиғлаб, гоҳи кулиб,
Она, агар бу дунёга қайтар бўлсам,
Илтимосим туғилмайин “шоир” бўлиб.
Ёндик ахир шу дунёнинг дарди билан,
Бу дунёни бир қадрдон дўст деб билиб,
Ёнибмиз-у қарамабмиз у ён, бу ён,
“Шайтонча”лар шеър ўқиди мазах қилиб.
Ёнаяпти бутун вужуд, бутун дунё,
Кўнгилгинам бир бағримга босай сени.
Ҳаёт бизни масхаралаб турган бир пайт –
Ой, бағрингга беркит мени, беркит мени.
Дилноза АБДУҲАМИДОВА,
Навоий вилояти Нурота тумани.
Do'stlaringiz bilan baham: |