Динларни ўрганишда уларнинг тарихи, эътиқодий асослари, ақидалари, шунингдек, бир-бирига таъсири каби жиҳатларини эътиборга олиш керак
Download 21.83 Kb.
|
Диншунослик семинар 2
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ўтилган мавзу бўйича саволлар
- Мустақил иш топшириқлари
Динларни ўрганишда уларнинг тарихи, эътиқодий асослари, ақидалари, шунингдек, бир–бирига таъсири каби жиҳатларини эътиборга олиш керак. Диншунослар турли илм–фан соҳа вакиллари бўлиб, динларни ўзлари хос бўлган илм йўналиши нуқтаи назаридан ўрганиб, турлича ёндашганлар. Шунинг учун улар ўртасида баъзи тафовутлар бўлиши табиий. Масалан, дин тарихи билан шуғулланувчи олимлар динларнинг юзага келиш тарихига кўра даврий жиҳатдан ёндашиб тадқиқ этганлар. Бошқа бир гуруҳ олимлар динларни пайдо бўлган ва тарқалган минтақаларига кўра тадқиқ этганлар. Айрим диншунослар диний нуқтаи назардан ёндашиб ўрганганлар. Динларни таснифлашда минтақавий ёндашувнинг ўзига хос жиҳати шундаки, минтақадаги айнан бир диннинг иккинчи динга таъсири ва ўзаро қоришуви ёки турли минтақа динларининг ўзаро ўхшаш жиҳатлари ёки фарқли томонларини ўрганишдан иборат. Динларни қуйидаги омиллар асосида таснифга бўлиш мумкин: 1. Қитъаларда тарқалишига кўра Африка, Осиё, Европа, Америка ва Австралия динлари тарзида таснифлаш. Бироқ бу унчалик муносиб тасниф эмас. Чунки, шундай динлар ҳам борки, улар бир неча қитъаларга тарқалган. Хусусан, ислом ва христианлик деярли барча қитъаларда мавжуд. Шунингдек, баъзи қитъаларда озчиликни ташкил этувчи бошқа динлар вакиллари ҳам бўлиши билан бирга, деярли аксар аҳоли бир динга эътиқод қилади. Масалан, Европада асосан христианлик кўп тарқалган, ислом дини Америкага нисбатан Африкада кўпроқ тарқалган. Осиё қитъасида ислом, ҳиндуийлик, буддавийлик, конфуцийлик, синтоийлик динлари аралаш тарқалган. Баъзан бир қитъада пайдо бўлган дин бошқа қитъада кенг ёйилган. Масалан, христианлик Фаластинда вужудга келган бўлса–да, асосан Осиё қитъасидан ташқарида тарқалди. 2. Жўғрофий минтақасига кўра Шарқ динлари ва Ғарб динлари тарзида таснифлаш. Бу дунёнинг қутбларга бўлинишига монанд сиёсий ва маданий тафовутни акс эттирувчи кенг жўғрофий таснифдир. Шарқ динларига ҳиндуийлик, буддавийлик, конфуцийлик, синтоийлик, даолик ва бошқа Узоқ Шарқ динлари киритилади. Ғарб динларига яҳудийлик, христианлик ва ислом динлари киритилади. Аслида ислом динини Ғарб ёки Шарқ дини деб бўлмайди. У жўғрофий жиҳатдан Шарқда юзага келиб, Ғарб мамлакатларида ҳам кенг тарқалган. Яҳудийлик ва христианлик хам аслида Шарқ динлари бўлиб, Яқин Шарқда вужудга келган ва Ғарб мамлакатларида кенг ёйилган. 3. Қадимги динлар сиёсий минтақаларга кўра Месопотамия динлари, Сурия минтақаси динлари, Кичик Осиё ёки Онадўли динлари, Форс динлари тарзида таснифланади. 4. Динларнинг мамлакатлар ҳудудларига кўра Фаластин динлари, Арабистон яримороли динлари, Мексика динлари, ҳинд динлари, Хитой динлари, Япон динлари тарзида таснифланади. Узоқ Шарқ динлари каби баъзи минтақа динларини диний мавзусига кўра аниқ белгилаш имкони бўлмаган кўп ҳолларда жўғрофий тасниф қулай илмий таснифдир. Масалан, яҳудийлик, христианлик ва ислом динларини тавҳид (яккахудолик, монотеизм) асосида умумлаштирилса, Узоқ Шарқ динларини ягона диний тушунча асосида умумлаштириб бўлмайди. Бундай ҳолатда муаммонинг ечими сифатида жўғрофий таснифга мурожат қилиш мумкин. Динлар унга эътиқод қилувчиларнинг сони, миқёси, ўзининг маълум миллат ёки халққа хослиги ёхуд миллат танламаслигига кўра турли гуруҳларга бўлинади. Бу гуруҳлар сон жиҳатдан қанча бўлишидан ёки назарий жиҳатдан қанчалик етук бўлишидан қатъи назар, уларни мутлақлаштириб бўлмайди. Чунки ҳар қандай тасниф маълум бир жиҳатга эътибор бериб, бошқа қирраларни қамраб ололмайди. Ҳозирги кунда дин типологиясида динларнинг қуйидаги таснифлари мавжуд: – тарихий–географик жиҳатга кўра; – этник жиҳатга кўра; – эътиқод қилувчиларининг сонига кўра; – ҳозирги даврда мавжудлиги жиҳатидан (тирик ва ўлик диний тизимлар) ва ҳ.к. Бугунги кунда диншуносликка бағишланган адабиётларда асосан қуйидаги тасниф келтирилади: 1) примитив диний тасаввурлар (уруғ–қабила динлари) – тотемистик, анимистик тасаввурларга асосланган, ўз уруғидан чиққан сеҳргар, шаман ёки қабила бошлиқларига сиғинувчи динлар. Улар миллат динлари ва жаҳон динлари ичига сингиб кетган бўлиб, ҳозирда Австралия, Жанубий Америка ва Африкадаги баъзи қабилаларда сақланиб қолган; 2) миллат динлари – маълум миллатга хос бўлиб, бошқа миллат вакиллари ўзига қабул қилмайдиган динлар. Уларга яҳудийлик (яҳудий миллатига хос), ҳиндуизм (ҳиндларга хос), конфуцийчилик (хитой миллатига хос), синтоизм (японларга хос) киради; 3) жаҳон динлари – дунёда энг кўп тарқалган, кишиларнинг миллати ва ирқидан қатъи назар унга эътиқод қилишлари мумкин бўлган динлар. Улар сафига одатда буддизм, христианлик ва ислом динларини киритадилар. Бундан ташқари динлар таълимотига кўра монотеистик – яккахудолик (яҳудийлик, ислом) ва политеистик – кўпхудолик (ҳиндуизм, конфуцийчилик) динлари ва ҳ.к.га бўлинади. Ўтилган мавзу бўйича саволлар 1. Диншунослик фанини ўқитишдан мақсад нима? 2. Диншунослик фанининг ривожланиш босқичлари ҳақида нималарни биласиз? 3. Диншунослик алоҳида фан сифатида қачон шаклланган? 4. Европалик илк диншунослардан кимларни биласиз? 5. Диншуносликнинг қандай соҳалари мавжуд? 6. Динга қандай таърифлар берилган? 7. Динни ўрганишда қандай ёндошув турларини биласиз? 8. Дин жамиятда қандай вазифаларни бажаради? 9. Диннинг регуляторлик вазифаси деганда нимани тушунасиз? 10. Диннинг компенсаторлик вазифаси нималардан иборат? 11. Диннинг интеграторлик вазифасига нималар киради? Мустақил иш топшириқлари 1. “Мустақиллик ва дин” мавзусида реферат тайёрланг. 2. Дунё динларининг фарқли ва ўхшаш жиҳатлари ҳақида сўзлаб беринг. 3. “Дунё динлари тарихи” фанининг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб беринг. 4. Турли олимлар томонидан динга берилган таърифлар ҳақида кўргазмали слайд тайёрланг (MS Power Point). Download 21.83 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling