Дунёда мусулмон аҳолининг ортиб бориши "Ҳалол" белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлмоқда
Download 22.5 Kb.
|
xalol
Дунёда мусулмон аҳолининг ортиб бориши “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Бошқа эътиқод вакиллари ҳам кўпинча “Ҳалол” маҳсулотларни афзал кўришмоқда, чунки маҳсулотларда “Ҳалол” сертификатнинг мавжудлиги унинг қўшимча хавфсизлик талаблари асосида ишлаб чиқарилганидан далолат беради. Аҳолининг 96 фоизини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатимизда ҳам экспортни ошириш, зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида бу соҳага жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли Малайзия, Индонезия, БАА, Таиланд, Миср каби давлатлар билан мувофиқликни баҳолаш, маҳсулот синовлари бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Ўзстандарт агентлиги томонидан ҳалол стандартининг қабул қилиниши тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини юқори стандартлар асосида бўлишини таъминлашга қаратилган. Натижада маҳаллий маҳсулотларимизни ташқи бозорларда муваффаққият қозонишига замин яратилмоқда. Хўш, Ўзбекистон шароитида ҳалол серификатини қандай олиш мумкин? Унинг афзалликлари нималарда кўринади? Қуйида шу ҳақда батафсил баён этамиз. Аввало, маҳсулотга сертификат олмоқчи бўлган ташкилот, аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш идорасини танлаши керак. Ҳалол сертификати 2 трлн долларлик глобал ҳалол бозорига кириш умидидаги компаниялар учун асосий рухсатномадир. Хўш, аслида ҳалоллик сертификати дейилганда нимани тушунишимиз керак? Сертификат бирор сервис ёки маҳсулот мусулмонлар ва ҳалолликни хуш кўрадиган истеъмолчилар томонидан харид қилиниши жоиз ёки йўқлигини билдирувчи ҳужжатдир. Маҳсулот ушбу сертификатга эга бўлиши учун Ислом қонунлари асосидаги муайян талабларга жавоб бериши ва махсус қадоқларида ҳалол логотипидан фойдаланилишига рухсат берилиши шарт. Энг асосий ҳалоллик талаблари қуйидагиларни ўз ичига олади: Спиртли ичимликлар тақиқи Ишлаб чиқаришда чўчқа гўшти ва қонининг мутлақо қўлланилмаслиги Бошқа моддалар аралаштирилмаган, тоза ингредиентлардан фойдаланиш Бир сўз билан айтганда, маҳсулотларнинг Ислом қонунларига мувофиқ тайёрланишидир. Ушбу жараёнда нафақат ингредиентлар, балки ишлаб чиқариш усуллари ва жиҳозларининг поклиги ҳам инобатга олинади. Сертификат озиқ-овқат, ичимликлар, диетик қўшимчалар ва ноистеъмол маҳсулотлар ҳисобланадиган ҳаво-сув фильтрлари, саноат тозалагичлар, мойлар ва косметик маҳсулотларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Маҳсулотлари ҳалол сертификатига лойиқ кўрилган корхоналар ушбу логотипдан фойдаланиши, бренд соҳибининг сайтида таснифлаш ҳақидаги эълонни намойиш этишлари мумкин. Ҳалоллик белгиси истеъмолчиларга маҳсулотлар уларнинг диний эътиқодларига зид тарзда тайёрланмаганлиги, қатъий хавфсизлик стандартларига жавоб бериши ҳақида маълумот беради. Ҳалол сертификатини олиш корхоналар ҳамда истеъмолчилар учун кўплаб афзалликлар туҳфаси демакдир. Жумладан корхоналарга йил сайин ўсиб бораётган бозорга кириш “чипта”си берилади. Статистик маълумотларга кўра, Жаҳон ҳалол бозори айни пайтда тахминан 2 трлн АҚШ долларига тенг қийматда баҳоланяпти. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 5 трлн долларгача етиши кутилмоқда. Ҳалол бозорнинг тез суръатларда ўсиб бориши корхоналар учун ҳам яхшигина имкониятларни тақдим қилишига боғлиқдир. У нафақат истеъмолчилари сони, балки сотилаётган маҳсулотлар ассортименти ва кўрсатилаётган хизматлар хилма-хиллиги жиҳатидан ҳам кенгайиб бормоқда. Бизнесингизни ҳалоллаш орқали сиз 2030 йилга бориб 2,2 млрд долларга етадиган, айни пайтда ўзларининг асл эътиқодларига мос ва соғлом эҳтиёжларига ҳамоҳанг маҳсулот ҳамда хизмат турларини қидираётган кўп сонли истеъмолчилар бозорига эришасиз. Маҳсулотларингиздаги дунё миқёсида тан олинган ҳалол сертификатловчисининг ҳалол логотипи сизнинг сифатли, хавфсиз ва соф маҳсулотлар ишлаб чиқаришга интилаётганингиз белгисидир. Замонавий истеъмолчилар жаҳон бозоридан ўзлари ишонадиган ва синалган бренд маҳсулотларига қизиқиш билдираётгани кузатилмоқда. Сифат ва хавфсизликка интилиш эса истеъмолчилар қаршисидаги обрў-эътиборнинг ошиши баробарида, ўзаро ишонч кафолати ҳамдир. Ҳалол сертификати бренд имижини мустаҳкамлаши мумкин. Ўз навбатида, ҳалоллик истеъмолчиларга бу ерда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани ҳақида ахборот беради. Иқтисодий жиҳатдан савдо ва рентабелликнинг ошишига сабабчи бўлади. Ҳалол сертификатига эга бўлиш орқали корхоналар рақобатчиларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Кўп сонли ва тобора ўсиб бораётган истеъмолчилар бозори корхоналардан потенциал мижозларини йўқотмаслик учун уларнинг эҳтиёжларига муносиб ишлаб чиқарувчига айланишни талаб қилади. Ҳалол сертификати халқаро миқёсда тан олинган, мусулмон истеъмолчилар ишончига сазовор бўлган аккредитация, яъни маҳсулотнинг белгиланган мезон ва кўрсаткичларга мувофиқлигини расман тасдиқлаш тартибидир. У ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар ва унинг таркибидаги қайта ишланган хом ашёларнинг ҳалолик талабларига мувофиқлигини таъминлайди. Чунки ушбу жараёнда корхоналар қатъий хавфсизлик ва сифат стандартларига риоя қилишга мажбур бўлади. Исломий қонун-қоидаларга биноан тайёр маҳсулотларни истеъмол қилишидан аввал унинг хавфсизлиги ва сифати қаттиқ текширувлардан ўтган бўлиши керак. Ушбу сертификат ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи мусулмон мамлакатлар (ИҲТ) билан савдо эшикларини очади. Шунингдек, рақобатбардош маркетинг муваффақиятнинг асосий омилларидан биридир. Ҳалол корхона ва маҳсулот брендлари бу борадаги сўнгги тенденцияларга амал қилиши ва мижозларга энг яхшиларини тақдим этаётганлиги билан аҳамиятли. Шу сабабли ҳалоллик сертификати ишлаб чиқарувчилар учун ажойиб маркетинг воситасидир. Ҳалол озиқ-овқатлар мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган миллатлар учун ҳам ўз қадрини йўқотмайди. Ҳозирда кўплаб сотувчилар харидорлар талабидан келиб чиққан ҳолда ҳалол сертификатига эга маҳсулотларни изламоқда. Халқаро миқёсда Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий-Шарқий Осиё минтақаларида ушбу маҳсулотларнинг бозори чаққон. Хўш, ҳалол сертификатини олиш учун қандай йўл тутиш керак? Албатта, турли мамлакатларда бу борадаги қонун-қоидалар бироз фарқланса-да, лекин умумий ҳолатга назар ташласак, жуда катта тафовутларга дуч келмаймиз. Кўпинча, ҳалоллик сертификатини берувчи идора ёки маълум исломий кенгашга мурожаат қилинади (Ўзбекистонда қандай қилиб ҳалол сертификатини олиш мумкинлиги ҳақида қуйидаги ҳаволадан билиб олишингиз мумкин). Ушбу орган бизнес жараёнлари ва маҳсулотларнинг зарур стандартларга жавоб беришини тўлиқ текширади. Текширувлар муваффақиятли якунланганидан сўнг, маҳсулотларга қимматбаҳо ҳалол логотипи тасвирини туширишингиз мумкин бўлади. Натижада ҳалоллик тарафдорлари учун парҳезбоп, исломий қонунларга мутаносиб, сифатли ва тоза маҳсулотлар етказиб беришдек савобли амалга йўл очилади. Download 22.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling