Э. ғозиев умумий психология


Диққатнинг нейрофизиологик механизмлари (ретикуляр тизими активацияси)


Download 3.91 Mb.
bet114/117
Sana14.11.2023
Hajmi3.91 Mb.
#1772538
1   ...   109   110   111   112   113   114   115   116   117
Bog'liq
умумий психология Гозиев

3. Диққатнинг нейрофизиологик механизмлари (ретикуляр тизими активацияси)


Ҳозирги замонда диққатнинг нейрофизиологик механизмларини тадқиқ этиш, кўп жиҳатдан психик жараёнлар кечишини танловчанлик хусусиятига боғлиқдир. У фақат қўзғалишинг оптимал даражаси мавжуд бўлган мия пўстининг уйғоқ (тетик) ҳолати орқалигина таъминланиши мумкин. Мия пўстининг уйғоқлик даражаси пўстда зарур механизм (тонус) билангина таъминланиб, бош миянинг тепа стволида нормал муносабатни сақловчи кўтарилувчи ретикуляр формацияни активлаштириш фаолияти билан уйғунликка эгадир.
Кўтарилувчи ретикуляр формациянинг активацияси мия пўстлоғига организмдаги жараёнларнинг алмашишини таъминловчи импульслар олиб бориб, уйғоқлик ҳолатини юзага келтириб туради. Бунда экстрарецепторлар ташқи қўзғатувчилар ёрдамида ташқаридан кириб келувчи информацияларни олдин стволнинг тепа бўлинмасига ҳамда кўриш тепалигининг ядросига, кейин эса бош мия пўстига олиб боради.
Бироқ мия пўстининг оптимал тонуси ва уйғоқлик (тетиклик) холатини таъминлаш фақат кўтарилувчи ретикуляр формациянинг активациясига боғлиқ эмас. Балки бу нарса тушувчи ретикуляр формация фаолиятига ҳам алоқадордир. Тушувчи ретикуляр тизимнинг аппарати толалари бош мия пўстидан бошланиб (пешона ва чакка қисмларининг медиал ва медибазал бўлинмаларида), ствол ядроси томон, сўнг орқа миянинг ҳаракат ядроси сари йўналишда ҳаракат қилади. Шунинг учун тушувчи ретикуляр формациянинг фаолияти жуда муҳим бўлиб, унинг ёрдамида мия стволи ядросига қўзғалишни танловчи тизимига етказилади, даставвал бу жараён бош мия пўстлоғида юз бериб, мураккаб билиш жараёнлари онтогенезида вужудга келган хатти-ҳаракатларнинг мураккаб программаси тариқасида инсон онгли фаолиятининг юксак шакли маҳсули бўлиб ҳисобланади.
Ҳар иккала ретикуляр формацияларни таркибий қисмларининг ўзаро таъсири миянинг актив фаолиятини ўз-ўзини бошқарувчи мураккаб шакли билан таъминлайди. Улар элементар, содда биологик ҳамда мураккаб, келиб чиқиш жиҳатдан ижтимоий стимуляция шакли таъсири билан ўрин алмаштириб турадилар.
Активация жараёнини таъминлашдаги бу тизимнинг муҳим аҳамияти кўп сериядан иборат экспериментал далиллар билан нейрофизиологлар Матун, Джаспер, Линдсли, Анохин кабилар томонидан текширилган.
Бремер тажрибасининг кўрсататишича, стволнинг қуйи бўлинмаларини кесиш тетиклик (уйғоқлик) ҳолатининг ўзгаришига олиб келмайди, лекин стволнинг юқори қисмини кесиш электр потенциалларнинг аста-секин пайдо бўлиши билан тавсифланадиган бўлган уйқуни вужудга келтиради.
Линдсли, сенсор қўзғатувчини вужудга келтирувчи мазкур сигналлар мия пўстлоғига боришни давом эттиради, лекин пўстнинг бу сигналларга жавоби қисқа муддатли бўлиб, узоқ вақтли турғун ўзгаришни амалга оширмайди. Ушбу далилларнинг кўрсатишича, уйғоқлик (тетиклик) ҳолатининг характерловчи қўзғалишнинг мураккаб жараёнларини вужудга келтириш учун сенсор импульслар оқимининг ўзи кифоя қилмайди. Шунинг учун ретикуляр тизими активациясини қўллаб-қувватлаб турувчи таъсир зарур.
Линдслининг психологик тажрибасига қараганда, кўтарилувчи ретикуляр формациянинг активацияси натижасида ствол ядросидаги қўзғалиш ҳайвонларда сезги чегарасини пасайтиради, улар учун олдин мумкин бўлмаган ишни амалга ошириш имкони яратилади, нафис фарқлаш (диффиренцировка) вужудга келади: конус билан учбурчак тасвирини аниқлаш ва бошқалар.
Доти, Эрнандес Пеон ва бошқаларнинг тадқиқотларида кўрсатилишича, кўтарилувчи ретикуляр формация йўлларининг кесилиши олдин мустаҳкамланган шартли рефлексларнинг йўқолишига олиб келади. Бироқ ретикуляр формация ядросини қитиқлашда, ҳатто қўзғатиш чегараси атрофида бўлса ҳам шартли рефлексларни юзага келтиради.
Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, кўтарилувчи ретикуляр формациянинг актив таъсири (тетиклик) учун зарур шарт бўлган оптимал ҳолат билан мия пўстини таъминлайди.
Жаҳон психологияси фанида олинган (тўпланган) маълумотларнинг аксарияти, кўтарилувчи ретикуляр формациянинг активацияси таъсири ўзига хос танловчанлик хусусиятига эга эканлигини кўрсатди. Ретикуляр формация алоҳида сенсор жараёнларнинг танлаб (саралаб) фаоллашувини барпо қилмасдан, балки бир қанча биологик тизимларни танлаб фаоллашувини таъминлаш зарур: овқат, ҳимоя, ориентир рефлекси ва ҳоказолар.
П. К. Анохиннинг кўрсатишича, ретикуляр формациянинг алоҳида қисмлари мавжуд бўлиб, улар турли биологик тизимлар фаолиятини фаоллаштиради, шунингдек, ҳар хил фармокологик таъсирга (агентларга) нисбатан сезгирдирлар. Масалан: а) уретан-тетикликни блокада қилиб, уйқуни келтиради, б) аминазин-оғриқ, ҳимоя қилиш рефлексларини блокада қилиб, тетикликка бефарқ қолади.
Демак юқоридаги маълумотларга асосланиб, ушбу фикр ва мулоҳазларни билдириш мумкин: кўтарилувчи ретикуляр формацияни фаоллаштириш таъсири танловчанликка эга бўлиб, бу танловчанлик асосий биологик системалар хусусиятига мос (муносиб) тушиб, организмни актив фаолият сари ундайди.
Тушувчи ретикуляр формацияни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этиб, унинг импульс толалари бош мия пўстидан (пешона ва чакка медиал қисмларидан) бошланиб, ундан стволнинг юқори бўлинмалари аппарати томон йўналади. Олимларнинг фикрича, мазкур тизим диққатни олий формациясининг физиологик механизмларига таъсир этиш нуқтасига жуда яқин жойлашгандир.
Жаҳон фанида анатомик маълумотларга қараганда, тушувчи ретикуляр формациянинг толалари бош мия пўстининг барча участкаларига тарқалган бўлиб, энг хусусиятлиси- бу пешона қисмининг медиал ва медиобазал бўлимларидан бошланиб, то унинг лимбик областигача давом этади. Миянинг лимбик зонаси (гиппокамда) ва базал учларидаги нейронлар бошқа нейронлардан фарқ қилади, натижада кўриш ва эшитиш қўзғатувчиларининг айрим хусусиятларига нисбатан жавоб реакциясини беради. Мазкур нейронлар ҳар қандай қўзғатувчиларнинг кучайишида эмас, балки кучсизланишида ҳам фаол ҳаракатни юзага келтиради.
Бу ҳолатни ўрганган канадалик нейрофизиолог Джаспер юқорида таъкидлаб ўтилган хусусиятларни назарда тутиб, бу нейронларни «янгилик нейронлари» ёки «диққат катакчалари» деб номлашни тавсия қилади. Унинг фикрича, ҳайвонларнинг сигнал кутиш, лабиринтдан чиқиш йўлини қидиришда, пўстнинг худди шу областларида нейронларнинг 60 фоизи пайдо бўлиб, актив разядига айланадилар.
Агарда ҳайвонларда тайёргарлик ҳолатини бошқаришда лимбик областнинг медиал бўлинмаси ва базал бойламлари муҳим роль ўйнаса, инсонларда эса мураккаб фаолият формациянинг асосий маркази миянинг пешона (манглай) қисмлари ҳисобланади.
Инглиз физиологи Грей Уолтер ўз тадқиқотларида фаол кутиш (масалан, синалувчининг 3 ёки 5 сигнални кутиши ва унга жавоб тариқасида кнопкани босиши) ҳолатининг ҳар қайсиси миянинг пешона қисмида электр тебранишни пайдо қилишини ва улар «кутиш тўлқинлари»дан иборат эканлигини далиллайди. Кутилаётган сигнални намоён бўлиш имконияти ортганда бу тўлқинлар нисбатан кучаяди, сигналларнинг эҳтимоли пасайганда эса, улар кучсизланади ёки бутунлай йўқолади. Ушбу ҳолат вужудга келса, сигнал пайдо бўлишини кутиш кўрсатмаси (инструкцияси) бекор қилинади.
Мия пўстини пешона қисмининг фаоллик ҳолатини бошқаришда (регуляциясида) қандай роль ўйнашини далилловчи тажриба М. Н. Ливанов томонидан ўтказилган. М. Н. Ливановнинг гувоҳлик беришича, ҳар қайси ақлий зўр бериш (математик топшириқларни ечиш пайтида) миянинг пешона қисмида кўп миқдорда синхрон тарзда ишловчи нуқталарни вужудга келтиради, бу ҳолат топшириқ ечиб бўлгунга қадар сақланади, кейин ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Мия пўстининг пешона қисмидаги синхрон тарзда ишловчи пунктлар барқарор хусусиятга эгадир.
Юқоридаги фикрларга асосланган ҳолда шундай хулосага келиш мумкин. Миянинг пешона қисми қўзғовчини вужудга келтиришда муҳим аҳамиятга эга, чунки одамда фаоллик ҳолатининг ўзгариши унга бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳайвон ёки одам мия пўстининг лимбик областидаги қўзғовчиларнинг кучайиши тушувчи ретикуляр формация тўқималари бўйлаб ҳаракат қилувчи импульслар манбаи ҳисобланади.
Жаҳоннинг йирик нейрофизиологларининг аксарияти, мия пўстининг қисмларини қўзғатиш мия стволи ядросининг электр фаолиятида бир қатор ўзгариш ясайди ва булар, ўз навбатида, ориентир рефлексини жонланишга олиб боради, деган хулосага келишган.
Тадқиқотчи С. Н. Нарикашвилининг тажрибасида бош мия пўстининг орқа қисмларини қўзғатиш натижасида кўриш тизимининг ичкари бўлимларининг жавоб реакциясида ҳам кескин ўзгаришлар юзага келиши кузатилган. Мия пўстининг сенсомотор қисмини қўзғатиш билан ҳаракат тизимининг пўстости бўлимлари фаолиятини сусайтириш ёки кучайтириш мумкин. Баъзи бўлимларни қўзғатиш ориентир рефлекси таркибига кирувчи хулқ реакциялари пайдо бўлишига олиб келади.
Юқоридаги фикрни тасдиқловчи тажриба Эрнандес Пеон томонидан ўтказилган. Унинг тадқиқотида мия пўстини қўзғалиш ўчоғининг кучайиши тушувчи ретикуляр формация орқали ўтиб бутун ствол бўйлаб тарқалган. Тажрибада мушукнинг оёғи остига сичқон ёки балиқ ташланганда, уларни ҳидлаб кўрса, «шилқ»этган овозга жавоб берувчи эшитиш нерви ядросининг актив электр разрядлари йўқолган. Бу далилнинг кўрсатишича, бош мия пўстида қўзғалиш ўчоғининг вужудга келиши мия стволи фаолиятини тўсиш ёки фаоллик ҳолатини бошқариш (регуляция қилиш) имкониятига эга.
Шундай қилиб, бош мия катта ярим шарлари пўстини унинг стволи билан иккиёқлама боғлаб турувчи кўтарилувчи ва тушувчи ретикуляр тизим танлаб фаоллаштирувчи таъсирга эга бўлиб, организм активациясининг юксак формацияси билан инсоннинг онгли (меҳнат, ўқиш, касбий) фаолиятини таъминлаб туради.
Ҳайвонларда лимбик пўстга озор бериш (экстирпация) мия стволи қисмлари электр фаолиятининг кескин ўзгаришига олиб келади ва уларнинг хулқида нуқсонлар хосил қилади. Бунинг оқибатида ориентир рефлексида патологик жонланиш номоён бўлади, шунингдек, танловчанлик хусусияти йўқолади. Комплекс методларга асосланган ҳозирги замон биология, физиология, нейрофизиология, психофизиология, психология фанларида ушбу омил мия стволи структурасининг пўстости механизмларини мия пўсти тормозлаш таъсиридан халос қилиш деб баҳоланмоқда.
Демак, диққатнинг нейрофизиологик механизмлари тўғрисида мулоҳаза юритилганда, кўтарилувчи ретикуляр тизим бош мия пўстига импульсларни етказувчи, формациянинг биологик шартланган шакли эканлигини, тушувчи ретикуляр тизим эса импульсларнинг фаол таъсирини вужудга келтириш имкониятини таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқ.



Download 3.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   109   110   111   112   113   114   115   116   117




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling