Электр машиналар. Асинхрон машиналар. Ўзгармас ток машиналари


Download 0.63 Mb.
bet4/6
Sana31.07.2023
Hajmi0.63 Mb.
#1664119
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
Электр машиналар. Асинхрон машиналар. Ўзгармас ток машиналари

Ўзгармас ток машиналари

Ўзгармас ток машиналари алоқа корхоналарининг электр таъминоти


қурилмаларида заряд ва буфер энергия манбалари, ўзгармас
кучланиш электромагнит ўзгартиргичлари (радиоумформерлар) сифатида узлуксиз таъминот қурилмаларида кенг қўлланилади.
Энг оддий ўзгармас ток генератори доимий магнит ва унинг қутблари ораларига жойлаштирилган рамкадан иборат. Рамканинг боши ва охирининг учлари иккита 1 ва 2 ярим сегментларга маҳкамланган (4.13–расм). Ярим ҳалқалар билан сирпанувчан электр контактта эга бўлган қўзғалмас А ва В чўткаларга генераторнинг юкламаси уланади. Рамка магнит майдон қутбларида орасида айланганида унинг актив ўтказгичларида электромагнит индукция қонунига мувофиқ ўзгарувчан ЭЮК вужудга келади.







4.13–расм. Энг оддий ўзгармас ток генератори
Агар рамка текислиги айланишдан олдин горизонтал ҳолатда бўлса, у ҳолда ундаги ЭЮК ноль қийматдан ўзгара бошлайди (4.14–расм). Бу ЭЮК биринчи ярим айланишда (рамканинг ав томони шимолий қутб таъсири остида бўлиш вақти) максимал қийматгача ортади ва ўз йўналишини ўзгартирмаган ҳолда нолгача камаяди. Бинобарин, рамка занжири берк бўлганлиги учун бу ЭЮК таъсирида юкламадан ток оқиб ўтади. Иккинчи ярим айланишда рамканинг ав томони жанубий қутб таъсири остига, cd томони эса шимолий қутб таъсири остига киради. Бу йўналиш натижасида улардаги ЭЮК тескарисига ўзгаради. Лекин бу билан бирга ав томонга бириктирилган 1 ярим ҳалқа А чўтка остидан чиқиб В чўтка остига киради, cd томонга бириктирилган 2 ярим ҳалқа эса В чўтка остидан чиқиб А чўтка остига киради. Шундай қилиб А ва В чўткалар вақтнинг исталган моментида мос равишда мос қутбда ЭЮК индукцияланган ўтказгич билан боғланади. Бунинг натижасида юкламада ток бир йўналишда оқиб ўтади ва иккинчи ярим даврда биринчи ярим айланишдаги ўзгариш такрорланади. Рамканинг бир марта тўлиқ айланишида токнинг ўзгариш қонуни 4.14–расмда кўрсатилган тартибда бўлади. Рамканинг кейинги айланишларида жараён такрорланади ва юклама орқали бир йўналишдаги пульсланувчи ток оқиб ўтади. Чўткалардаги кучланиш ток шаклини такрорлайди.
Генератор қисқичларидаги тўғриланган кучланиш айланувчан ярим ҳалқалар ва қўзғалмас чўткалар ёрдамида олинади. Бироқ, 4.14г–расмдан кўринадики, юкламадаги ток ва кучланиш тўғриланган ҳисоблансада катталиги жиҳатидан ўзгармас эмас.






4.14–расм. Энг оддий ўзгармас ток генераторининг вақт диаграммалари


Тўғриланган токнинг ўзгармас бўлишига дастлабки яқинлашишда магнит қутблари ораларига биринчисига нисбатан 900 бурчак остида жойлаштирилган иккинчи ўхшаш рамка киритилади. Ҳар бир рамканинг боши ва учлари тўрт ярим ҳалқаларнинг бирига мустаҳкам бириктирилади (4.15–расм). А ва В чўткалар дастлабки ҳолатида қолади. Бир-биридан 900 га сурилган рамкалар айланганда уларда синусоидал ЭЮК вужудга келади.


4.15–расм. Энг оддий ўзгармас ток генераторида рамкалар сониининг оширилиши
Ҳар бир рамканинг бир марта айланишида 1-2 ва 3-4 ярим ҳалқалар жуфтлиги чўткалар билан икки марта сирпанади. Бунинг натижасида юкламадаги кучланиш рамкалардаги ЭЮКлардан ташкил топади.
Рамкалардаги ЭЮК тўғриланадиган 1, 2, 3 ва 4 ярим ҳалқалар коллектор дейилади. 4.16-расмда рамкалар сони 3 тага оширилгандаги кучланиш ва ток диаграммалари келтирилган. Расмдан кўринадики, олинган ток ва кучланиш катталиги жиҳатидан сезиларли кичик тебранишга эга. Агар мана шу принцип буйича қутблар оралиғидаги рамкалар сони кўпайтирилса, чўткалардаги кучланиш ва юкламадаги токни деярли ўзгармас олиш мумкин.



4.16–расм. Энг оддий ўзгармас ток генераторида рамкалар сони 3 тага оширилгандаги кучланиш ва ток диаграммалари


Энг оддий ўзгармас ток генератори қатор мавжуд камчиликларга эга, ундаги магнит оқими кучсиз, ўтказгичнинг актив узунлиги кичик, бунинг натижасида генератор қисқичларидаги кучланиш катталиги жиҳатдан ва шаклан пульсацияси талаб килинган даражада бўлмайди. Замонавий генераторлар конструкцияси бу камчиликларни тўғрилаш имконини беради (4.17–расм).
Замонавий генератор, қўзғалмас қисм-статина ва айланувчан қисм якордан иборат. Станина йирик машиналар учун пўлатдан, кичик машиналар учун чўяндан ясалади ва унга қутбларнинг ўзаклари ўрнатилади. Бош қутб станинанинг ички сиртига ўрнатилган бўлиб, унга қўзғатиш чўлғамлари ўралган. Бош қутб машинанинг асосий магнит майдонини ҳосил қилади. Магнит майдонини текис таркалиши учун бош қутбга учлик ўрнатилган.


4.17–расм. Замонавий ўзгармас ток генераторининг тузилиши


4.18-расм. Замонавий ўзгрмас ток генераторида чўлғамларнинг жойлаштирилиши ва унинг коллекторининг тузилиши




Якор цилиндрсимон ўзак бўлиб, ўққа ўрнатилади. Якорь қалинлиги 0,35 ёки 0,5 ммли электротехник пўлат пластиналар тўпламидан тайёрланади. Уюрма токларга бўладиган кувват исрофини камайтириш мақсадида пластиналар бир-бирларидан изоляция қилинади. Айланувчи якорнинг чўлғамларида ўзгарувчан ЭЮК ҳосил қилиниб, коллектор ва чўткалар ёрдамида генератордан ўзгармас ток олинади. Якорь чўлғами изоляцияланган мис симдан иборат бўлиб, у алоҳида-алоҳида секция қилиниб ясалгандан сўнг якорнинг ўзагидаги ариқчаларга жойлаштирлади. Чўлғам якорнинг ўзагидан яхшилаб изоляция қилинади ва махсус ёғоч поналар ёрдамида ариқчаларга маҳкамланади (4.18–расм). Чўлғамнинг учлари коллектор пластиналарига бириктирилади. Коллектор цилиндр шаклида бўлиб, мисдан ясалган алоҳида-алоҳида пластиналардан иборатдир.
Корпусдаги тутқичга ўрнатилган чўткалар ёрдамида коллектордан ток олинади. Чўткалар кўмир, графит, мис ёки бронзадан ясалади.
Агар якорь чўлғами, чўткалар ва коллекторлар контактлари қаршиликларидан иборат бўлган машинанииг ички каршилигини rя орқали белгиласак, у ҳолда якордаги ток қуйидагича аникланади:


, (4.10)


Iю×Rю=U, (U–юкланган генератор қисқичларидаги кучланиш) эканлигини ҳисобга олсак, генератор ЭЮКлари мувозанат тенгламасини
оламиз:
, (4.11)


Ўзгармас ток генераторларининг хусусиятлари уларнинг қўзғатиш схемасига қараб, яъни ток бош қутбнинг қўзғатиш чўлғамларига кандай берилишига караб турлича бўлади
Ўзгармас ток генераторлари магнит майдони қўзғатиш усулига қараб мустақил қўзғатишли ва ўз-ўзидан қўзғатишли бўлади.
Мустақил қўзғатишли генераторларнинг қўзғатиш чўлғамларига бериладиган ток ташқи манбадан (аккумулятор ёки бошқа генератор) олинади.
Мустақил қўзғатишли ўзгармас ток генераторларининг камчилиги қўшимча энергия манбаининг зарур бўлишидир.
Генераторнинг тавсифлари унинг иш хусусиятларини аниқлайди ва кўп жиҳатдан қўзғатиш усулига боғлиқ. Салт ишлаш тавсифи юкламасиз ва айланиш тезлиги ўзгармас (n=const) бўлганида якордаги ЭЮК ва қўзғатиш токининг ўзаро боғлиқлигидан иборат (Е=f(Iқ)). Мустақил қўзғатишли генераторлар салт ишлаганда якордаги ток нолга тенг. n=constда якорь чўлғамидаги ЭЮК (4.19-расмдаги 1 эгри чизиқ) магнит оқимига тўғри пропорционал, шунинг учун салт ишлаш тавсифи маълум жиҳатдан машина пўлатининг магнитланиш тавсифидир.
Машинанииг магнит занжири якорь чўлғамида ЭЮКни индукцияловчи қандайдир магнит оқимига эга бўлади. Бу ЭЮК машина номинал кучланишининг (2... 5) % ини ташкил этади. Магнит оқими каби қўзғатиш чўлғами токининг ортиши билан якорь чўлғамида индукцияланган ЭЮК ҳам ортади (1–эгри чизиқ). Бу тавсифнинг кўтарилувчи тармоғи олингандан сўнг, қўзғатиш токи камайтирилса, ЭЮК камаяди, аммо камаювчи тармоқ (2–эгри чизиқ.) пўлатнинг магнитланиши ҳисобига 1–эгри чизиқдан юқорироққа жойлашади. Тавсифнинг кўтарилувчи ҳамда камаювчи тармоқлари деярли устма-уст тушмайди ва асосий тавсиф сифатида ўртача боғлиқлик (3–эгри чизиқ) қабул қилинади.




4.19–расм. Мустақил қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг салт ишлаш тавсифлари


Нормал типдаги барча машиналар учун номинал кучланиш нуқтаси
А магнит тавсифининг букилган жойига жойлашади. Магнит
тавсифнинг чизиқли қисмида номинал кучланиш нуқтасини танлашда (А' нуқта) қўзғатиш токи сезиларсиз ўзгарганда генератор қисқичларидаги кучланишнинг кескин ўзгаришига олиб келади. Бу нуқтани тавсифнинг юқори қисмида жойлашишини танлашда (А" нуқта) генератор қисқичларидаги кучланишни ростлашда ЭЮКнинг ўзгариши учун қўзғатиш токини жуда катта ўзгариши талаб қилинади.
Генераторнинт ЭЮКи айланиш тезлиги n га пропорционал, демак n нинг ўзгариши ЭЮК нинг ўзгаришига олиб келади. n>nном да салт ишлаш тавсифи nном дагидан юкорида жойлашади (4.20-расмдаги 2-эгри чизиқ), nном ишлаш тавсифи nном дагидан пастда жойлашади (3–эгри чизиқ,). Генераторнинг юкланиш тавсифи генератор чиқишидаги кучланишнинг қўзғатиш токига боғлиқлигидан иборат, яъни U=f(Iқ), бунда Iю юклама токи ва n айланиш тезлиги ўзгармас бўлади. Юкланиш тавсифи, одатда, салт ишлаш тавсифи билан битта графикда чизилади (4–эгри чизиқ) ва бу якорь чўлғамидаги кучланишни юклама токига боғлиқ равишда пасайишни баҳолашга имкон беради.


4.20–расм. Мустақил қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг турли айланиш тезликларидаги салт ишлаш тавсифлари


Ташқи тавсиф (4.21–расм) генератор қисқичларидаги кучланишни юклама токига боғлиқлигидан иборат, яъни U=f(Iю), бунда Iқ=const, n=nном=const. Ташқи тавсиф кучланишнинг камайишига (а эгри чизиқ) ва кучланишнинг ортишига (б эгри чизиқ) олинади.




4.21–расм. Мустақил қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг ташқи тавсифлари.


Кучланишнинг ортишига олинадиган тавсифни (б эгри чизиқ) олиш учун шундай қўзғатиш токи ўрнатиладики, генератор номинал юклама токи IЯном да унинг қисқичларидаги кучланиш Uном га тенг бўлсин. Юклама токи камайганда, ҳам якорь чўлғами қаршилигидаги кучланишни пасайиши, ҳам якорь реакцияси оқимининг магнитсизловчи таъсири камаяди ва бу генератор кучланишини DUю2 қийматга ортишига олиб келади. Машина пўлатининг тўйиниши ҳисобига кучланишнинг ортиши DUh2, кучланишнинг камайиши DUю1 дан кичик бўлади (DUю2<DUю1). Бу шундан келиб чиқадики, машина пўлати тўйиниш даражаси қанчалик кичик бўлса, якорь оқимининг магнитсизловчи таъсири шунчалик кучли бўлади. Номинал юкламадан салт ишлашга ўтишдаги кучланишни фоиз ўзгариши қуйидаги ифода орқали аниқланади:
, (4.12)


Ўртача қувватли замонавий машиналарда кучланишнинг ортиши номинал кучланишнинг 5...15% ини ташкил этади.
Ростлаш тавсифи (4.22–расм) кучланиш ва тезликнинг ўзгармас қийматларида юклама токининг қўзғатиш токига боғлиқлигидан иборат, яъни IЮ=f(Iқ), бунда U=Uном, n=nном.




4.22–расм. Мустақил қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг ростлаш тавсифи


Генератор салт ишлаганда номинал кучланишгача қўзғатилади (мос қўзғатиш токи Iқ қайд қилинади). Кейин кетма-кет юкланади ва қўзғатиш токи шундай орттириладики, генератор чиқишидаги кучланиш миқдор жиҳатдан Uном номинал кучланишга тенг ва ўзгармас қолсин.
Ростлаш тавсифи юклама ўзгарган вақтда юкламадаги кучланишни ўзгармас сақлаш учун қўзғатиш токини кандай ўзгартириш кераклигини аниқлашга имкон беради.
Ўзгармас ток машиналарида магнит майдон доимий магнит ва электромагнит ёрдамида вужудга келтирилиши мумкин. Бу мақсад учун доимий магнитларнинг қўлланилиши маълум даражада чекланган. Машинанинг магнит майдонини вужудга келтиришда асосан электромагнит қўзгатиш кенг қўлланиладиган усулдир. Бунда магнит оқимини электромагнит қўзғатиш чўлғамидан оқиб ўтадиган ўзгармас ток вужудга келтиради.
Ўзгармас ток генераторлари магнит майдонининг қўзғатиш усулига
караб, мустақил қўзғатишли ва ўз-ўзидан қўзғатишли бўлади. Ўз-ўзидан қўзғатишли генераторларнинг қўзғатиш чўлғамларига бериладиган
ток бевосита ўз якоридан олинади. Ўз-ўзидан қўзғатишли генераторлар уч хил бўлади: а) параллел қўзғатишли ёки шунт қўзғатишли генераторлар; б) кетма-кет қўзғатишли ёки сириес генераторлар; в) аралаш қўзғатишли ёки компаунд генераторлар.
Параллел қўзғатишли генераторларда қўзғатиш чўлғами ростлаш
каршилиги орқали якорь чўлғамига параллел қилиб уланади (4.23а–расм.). Кетма-кет қўзғатишли генераторларда эса қўзғатиш чўлғами якорь чўлғамига кетма-кет уланади (4.23б–расм). Аралаш қўзғатишли генераторларниг қўзғатиш чўлғами иккита бўлади. Улардан бири якорь чўлғамига параллел, иккинчиси эса ташқи якорь шохобчасига кетма-кет уланади (4.23в–расм). Агар бундай генераторнинг параллел чўлғамидан ўтувчи озгина ток ҳисобга олинмаса, кетма-кет қўзғатиш чўлғамини ҳам якорь чўлғамига кетма-кет уланган, деб ҳисобласа бўлади. Iқ қўзғатиш токини ростлаш учун қўзғатиш чўлғами занжирига RР резистор қўйилган.


4.23-расм. Қўзғатиш чўлғамининг уланиш схемалари: а) параллел, б) кетма-кет, в) аралаш


Параллел қўзғатишли генератор якоридаги кучланиш қуйидагига тенг бўлади:


, (4.13)


бу ерда Ia Ra якорь қаршилигидаги кучланишнинг пасайиши.
Якорь ҳам ташки электр шохобчасини, ҳам қўзғатиш чўлғами занжирини ток билан таъминлайди (4.24-расм). Генератор нормал ишлаганида унинг қўзғатиш чўлғамидан ўтадиган ток қуйидагига тенг бўлади:
, (4.14)


бу ерда Uқ-қўзғатиш кучланиши (у якордаги кучланишга тенг); Rқ-қўзғатиш чўлғамининг қаршилиги; Rр-ростлаш реостатининг қаршилиги.
Юклама бўлмаганида, яъни Iю=0 бўлганида


, (4.15)
бўлади.
Қўзғатиш токи якорнинг номинал токига нисбатан жуда кам бўлганлиги учун якорь кучланишининг пасайишини эътиборга олмаса ҳам бўлади, яъни U=Е=с×n×Ф бўлади, бунда Ф = Iк×w / Rм.

4.24-расм. Ўз-ўзидан қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг эквивалент схемаси


Якорнинг айланиш тезлиги ўзгармас бўлганида якордаги кучланиш қўзғатиш токигагина боғлиқ бўлади, яъни


, (4.16)


(4.17) ифодага мувофиқ, қўзғатиш токини ҳосил қилиш учун якорда кучланиш бўлиши керак. (4.16) ифодага кўра якорда кучланиш ҳосил қилиш учун эса қўзғатиш токи бўлиши керак.
Дастлаб якорь бирламчи двигатель ёрдамида айлантирила бошлаганда қўзғатиш токи ва қўзғатиш токини ҳосил қилувчи якорда ҳеч кандай кучланиш бўлмайди. Шундай бўлса, машинада кучланиш ва ток қандай ҳосил бўлади? Бундай генераторда ЭЮК пайдо бўлиши ўз-ўзидан қўзғатиш принципига асосланган.
Генератор ишлаши ёки ўз-ўзидан қўзғалиши учун унинг магнит системасида (қутблар ва станина) қолдиқ магнетизм Фқм бўлиши шарт. Машинада бундай колдиқ магнетизм дастлаб заводнинг ўзида ташқи ток манбаи ёрдамида вужудга келтирилади. Қолдиқ магнетизм Фқм якорь чўлғамларида бироз бўлса ҳам Еқм ЭЮКни индукциялайди (4.25-расм). Шу ЭЮК қўзғатиш чўлғамларида Iқм токни ҳосил қилади:


, (4.17)

Бунда якорнинг қаршилиги эътиборга олинмайди, чунки қўзғатиш чўлғамининг қаршилигига қараганда анча кичик бўлади. Iқм қўзғатиш токи магнит майдони ҳосил килади. Бу магнит майдони қолдиқ магнетизмнинг магнит майдони томон йўналган. Агар улар бир томонга йўналмаса, генератор ўз-ўзидан қўзғалмайди ва ишлай олмайди. Бунда генератор якорини тескари томонга айлантириш ёки қўзғатиш чўлғами занжиридаги ток йўналишини ўзгартиришга тўғри келади. Бунинг учун қўзғатиш чўлғами занжирининг якорь чўлғамига уланган учларини алмаштириш керак.


Қўзғатиш чўлғами токини ҳосил қилувчи магнит майдони қолдиқ магнетизмнинг магнит майдони томон йўналган бўлса, бутун магнит майдони ва индукцияланувчи ЭЮК оша боради. ЭЮК орта борган сари қўзғатиш токи ҳам кучая боради. Бу жараён қўзғатиш чўлғами занжиридаги кучланиш индукцияланувчи ЭЮК ни мувозанатлагунга қадар давом этади (4.25-расмдаги А нуқта). Аммо магнит тўйиниш туфайли кучланишнинг ўсиш жараёни чекланган бўлади.


4.25-расм. Ўз-ўзидан қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг салт ишлаш тавсифи


Электр машиналарнинг хоссаларини, уларнинг тавсифлари ёрдамида осон тушуниш мумкин. Бу тавсифлар машинага оид барча катталиклар ўзгармас бўлганда, фақат икки асосий параметр ўзгарганда улар орасидаги боғланишни ифода этувчи эгри чизиқдан иборат. Амалда генератор учун якорнинг айланишлар частотаси ўзгармас, якорь кучланиши, якорь токи ва қўзғатиш токи ўзгарувчан катталиклар ҳисобланади.
Параллел қўзғатишли ўзгармас ток генераторини текширганда унинг учта асосий тавсифи олинади.
1. Салт ишлаш тавсифи. Бу тавсиф якордаги
кучланишнинг (якорнинг ташки занжири очик бўлганда) қўзғатиш
токига боғлиқ бўлишини кўрсатади. Салт ишлаш тавсифининг
аналитик ифодаси U=f(Iқ) бунда Iя=0 ва n=const. Iя=0 бўлганда
U=E бўлади, бинобарин E=f(Iқ) бўлади. n=const бўлганлиги учун
Е=с·n·Ф ифодани Е=КФ кўринишида, Е=f(Iк) аналитик ифодани эса Ф=f(Iқ·w) ёки B=f(H) кўринишида ёзиш мумкин. Бу эса магнитланиш тавсифининг аналитик ифодасидир.
Шундай қилиб, салт ишлаш тавсифсининг эгри чизиғи машина магнит занжири айрим элементларининг магнит хоссалари билан белгиланади. Қўзғатиш токи ортганида ЭЮК ортади. ЭЮК максимал қийматга эришганидан сўнг, қўзғатиш токи аста-секин камайтира борилса, қўзғатиш токининг аввалги қийматларига тўғри келганда ҳосил бўладиган ЭЮК аввалгидан ортикроқ бўлади. Машина қутби ва корпусларидаги колдиқ магнетизм шунга сабаб бўлади.
Одатда, назарий салт ишлаш тавсифи ишлатилади. Бу тавсиф ҳақикий тавсифнинг кўтарилувчи ва камаювчи тармоқлари ўртасидан ўтган чизиқдир.
Салт ишлаш тавсифи уч қисмдан иборат. Биринчи қисм тавсифнинг тўғри чизиқли бошланғич қисмидир. Бу қисмда машина ҳали магнит жиҳатдан тўйинмаган бўлиб, магнитланиш анча кам бўлади. Иккинчи қисм тавсифнинг эгри чизиқли қисми бўлиб, "тирсак" деб аталади. Бу қисмда машина магнит тўйиниш арафасида бўлади. Учинчи қисм тавсифнинг ётиқ ва тўғри чизиқли қисмлари бўлиб, бунда машина тўйинган, яъни қўзғатиш токининг ортиши янги магнит куч чизиқларини ҳосил қилмайди.
Номинал кучланишнинг ишчи қисми, албатга, тавсифнинг эгри чизиқли (тирсак) қисмида бўлиши керак, чунки бу ҳолда кучланишни ростлаш қулайроқ.
2. Ташқи тавсиф. Қўзғатиш занжирининг қаршилиги ва айланиш тезлиги ўзгармас бўлганда генератор якоридаги кучланишнинг юклама токи билан қандай боғланганлигини кўрсатувчи эгри чизиқ U=f(Iю) (n=const бўлганида) ташқи тавсифдир.
Параллел қўзғатишли генераторнинг ташқи тавсифини олишда қўзғатиш занжирининг қаршилиги Rқ=const бўлади (4.26-расм). Юклама токи Iю ортганда якордаги ток Iя ҳам ортади. Бу эса якордаги кучланиш пасайиши (Iя·Rя) ҳамда якорь реакцияси туфайли якордаги кучланишнинг пасайишига сабаб бўлади.
Демак, қўзғатиш токи Iқ=U/Rқ камаяди. Бу эса магнит оқими Ф=Iқ·wқ/Rm, индукцияланувчи ЭЮК Е=с·n·Ф ва якордаги кучланиш U=Е-Iя·Rя нинг камайишига сабаб бўлади.


4.26-расм. Ўз-ўзидан қўзғатишли генераторининг ташқи тавсифи




Шундай қилиб, параллел қўзғатишли генератор кучланишининг пасайишига таъсир кўрсатувчи сабаблар қуйидагилардан иборат:
1. Iя·Rя кучланишнинг якорь қаршилигида пасайиши.
Якорь реакцияси.
Қўзғатиш токининг камайши.
Параллел қўзғатишли генераторда нисбий кучланиш пасайиши қуйидагига тенг бўлади:


, (4.18)


Ўртача қувватли қўшимча қутбли машиналарда U,%=8-15% га тенг бўлади. Тавсифдан кўринадики, параллел қўзғатишли генераторни фақат аниқ бир чегарагача (Iмакс гача) юклаш мумкин ва бу ток критик ток деб аталади (А нуқта). Токни бу даражагача орттириш мумкин эмаслигининг сабаби, ток орта борса, кучланишни пасайишининг Iқ юклама токини камайтиришига таъсири R ташқи қаршиликнинг таъсирига қараганда кўпроқ бўлади. Ташқи қаршиликнииг камайиши юклама токини орттиради:


, (4.19)


Ташқи қаршилик нолга тенг бўлганида Iю ток Iқт киска туташув токига тенг бўлади. Тавсифдан кўринадики, қисқа туташув токи унча катта эмас. Бу токни қолдиқ магнетизм оқими индукцияланган ЭЮК ҳосил қилади.
3. Ростлаш тавсифи. Айланиш тезлиги ўзгармас бўлганида қўзғатиш токининг юклама токи билан қандай боғланганлигини кўрсатувчи эгри чизиқ ростлаш тавсифи дейилади. IҚ=f(Iю ), бунда U=const, n=const.
Электр энергияси истеъмолчиларнинг (электр двигателлар, лампалар ва бошқалар) яхши ишлаши учун манбадан олинадиган кучланиш юклама ўзгаришига тенг бўлиши керак.
Шунтли генераторларда юклама ўзгариши билан кучланишни миқдор жиҳатдан бир хил сақлаш имконияти бор. Бунинг учун қўзғатиш занжиридаги ростлаш реостати ёрдамида қўзғатиш токи IҚ, шунингдек, магнит оқими Ф ва ЭЮК ўзгартирилади, кучланиш эса ўзгармас (U=const) ушлаб турилади. Барча генераторлар кучланиш ростлагичлари билан жиҳозланади. Демак, ростлаш тавсифи (4.27-расм) турли юкламаларда генераторнинг қисқичларидаги кучланишни бир хил (ўзгармас) ушлаб туриш учун қўзғатиш токини қанча ўзгартириш кераклигини кўрсатади.
Ўзгармас ток генератори алоқа қурилмаларининт (электролиз ва гальваник) паст кучланишли ўзгармас ток истеъмол киладиган манбалари хисобланади. Ундан синхрон генераторнинг қўзғаткичи сифатида ҳам фойдаланилади.
Айниқса, махсус ўзгармас ток генераторлари (пайвандлашда, поездларни ёритиш учун ишлатиладиган генераторлар, ўзгармас ток кучайтиргичлари, аккумуляторларни зарядлаш учун генераторлар) кенг тарқалган.



4.27-расм. Ўз-ўзидан қўзғатишли ўзгармас ток генераторининг ростлаш тавсифи



Download 0.63 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling