Эркин Аъзам. Ажина (ҳикоя)


Download 55.5 Kb.
Sana08.02.2023
Hajmi55.5 Kb.
#1176795
Bog'liq
Ажина


Эркин Аъзам. Ажина (ҳикоя)

... – Йўқ-йўқ, – дерди қиз кўнмай, – қоронғи, қоронғидан қўрқаман. Бу кечаям ойим хавотир олиб, дори ичиб ўтирсинларми кейин, йўқ! Кинодан чиқибоқ дарров келаман деганман.


– Икки серияли экан, дейсан-қўясан.
– Ҳо-о, ишонарканларми! Сен борган кино доим икки серияли бўлавераркан-да, қуриб кетсин, дейдилар.
– Ҳм... Унда, кинодан кейин машҳур бир артист билан учрашув бўлди, деб кўрсанг-чи?
– Ким экан у машҳур артистинг, десалар-чи?
– Равшан Жўраев деб юборавер, билиб ўтирибдиларми! Яна сўроққа тутаверсалар, вой, шуниям билмайсизми, қанча кинода чиқади-ку, десанг – индаёлмай қоладилар.
– Равшан Жўраев! О-о! Тағин нима дейин?
– Ўзи ёш, талантли артист экан, дейсан. Ишонтириш учун-да.
– Қўйинг, Равшан, ҳазилингизни. Барибир кетишим керак. Кейин, биласиз, қоронғидан ўлгудай қўрқаман.
– Ёнингда қўрқмайдиган одам бор, юравер...
Улар боғнинг овлоқроқ бурчагидан скамейка топиб ўтиришди.
– Яхши жой-а, хилватгина, – деб пичирлади йигит шумлик аралаш. Унинг гап оҳанги қизга малол келди.
– Яхши жой... Лекин анов кунгидай шўхлик қилсангиз кетиб қоламан, билиб қўйинг!
– Сен мени бошқача тушундинг шекилли, – деди йигит ўзини оқлашга уриниб. – Тинчгина жой, хира болалар айланишиб кайфиятни бузмайди демоқчиман. Биласан-ку ўзинг, худди эски танишингдай тикилавериб безор қилишади. Қоним қайнаб кетиб бирортасини... Бу ерга эса ҳеч ким келолмайди. Айниқса, бунақа қоронғида. Юрак керак. Умуман, шу боғ менга ёқади.
Чоққина бу боғ кинотеатрнинг орқасида эди. Дарахти тиғиз. Истироҳат боғи сифатида алоҳида ҳисобда бўлмагани учун қаровсиз ётарди кўпинча. Баҳорда дарахтлари куртак чиқариб яшнай кетар, ўз-ўзидан сўлим бир гўшага айланарди. Кузак чоғи шамол хазонларини элакдай ҳар ён шалдиратиб ётади. Чиллада эса қор юзини дайди итлар чўтир қилиб юборади.
Битта-яримта девонароқ ошиқ-маъшуқни демаса, боққа онда-сондаям кимса мўраламасди. Хилватшин жуфтлар учун бу ер ростдан ҳам кўнгилдаги жой.
Боғ айни дамда ҳам кимсасиз, осойишта эди. Бир нафас кинодан қайтаётганларнинг шовқин-шарпаси эшитилиб турди-ю, боя тинди. Аҳён-аҳён атрофдаги кўп қаватли бинолар деразасидан, икки чети олчазор боғкўча тарафдан турли хил тун садолари қулоққа чалинади, холос.
Ой осмоннинг қайсидир буржида адашиб юрар – боғ қоронғи эди. Гоҳо дарахт шохлари орасидан милт этган кўча чироқларининг ўткир ёғдулари кўзга санчилади. Боғ бамисоли зангори ҳовур қўйнида; шитирлаган сас бу зангори сокинликда кўнгилни ҳам аллалайди, ҳам ваҳимага буркайди.
– Қўрқяпман, – деди қиз худди тун бармоқлари баданини таталаётгандай йигит томон сурилиб. Бу ҳаракатни ўзича тушунган йигит уни бағрига тортмоқчи эди, қиз беозор четланиб, тағин бояги ўрнига сурилиб ўтирди. – Бир вақтлар, эски замонда-да, бу жойлар чангалзорми-тўқайзор экан. Бувим айтиб эдилар. Ҳар хил бўрилар, ажиналар юраркан бу ерда. Қўрқинчли бўлган-а эски замонлар... Қандоқ қўрқмай яшаган экан ўша пайтнинг одамлари!
– Нимадан қўрқарди?! – деди йигит беписанд оҳангда.
– Ажиналардан-да.
– Ажина? Борми ўзи у... ажинанг?
– Бор, бор, – деди қиз соддадил бир ишонч билан. У йигитдан уч-тўрт ёш кичик, болаларча ишонувчан – кулгили даражада гўл эди. – Бувим кўрганлар. Икки марта.
– Бўлмаган гап, – деб кулди йигит. – Ҳамма бувилар ўзи шунақа, турли-туман ваҳималарни тўқиб лақиллатишни ёқтиришади.
– Ишонмайсиз-да, – деди қиз ранжиганнамо. Кейин қўққис сўради: – Сиз кўрмаганмисиз ҳечам?
– Кўриб нима фойда! – деди йигит. – Хўш, қанақа бўларкан ўзи... ажинангиз? – У қизнинг соддалигини эрмакламоқчи эди.
– Бувим айтганлар... ҳаммаёғи жун, сочлари қоп-қора; кўзи шундоқ ёниб турарканми... Йўқ-йўқ, гапирмайман, қўрқиб кетяпман!..
– Гапи-ир, гапиравер. Ёнингда мен борман-ку! – дея йигит пайпасланиб унинг бармоқларини топди, сиқди. Бироқ қиз гапирмади, анчагача шундай индамай ўтирди. Сўнг ўзидан-ўзи йигитга яқинроқ сурилди. Йигит энди бемалол бўйнидан қўлини ўтказиб олди.
– Мабодо кўрсангиз нима қилардингиз? Ҳозир-да? – деб қолди қиз бир маҳал.
– Нима қилардим – сочидан маҳкам бураб қаршингда тиз чўктирардим-да, “Мана шу қизга яқин йўласанг нақд тумшуғингни эзаман!” деб, қасам ичирардим...
– Қўрқмасмидингиз? – дея унинг гапига астойдил ишониб сўради қиз. – Мен эсим чиқиб кетиб додлаворсам керак.
– Нимадан қўрқасан? Ёнингда мен ўтирибман-ку! Ажина нима бўпти! Қишлоққа борганимда тоғам билан овга чиққанмиз, тоққа. Бўрилар орасида қолиб кетган эдик ўшанда, эҳ-ҳэ... Ажинанг нима бўпти!
– Бўрилар? Вой!.. – Қиз энди ҳеч нимани ўйламай йигитнинг пинжига суқилди. Гўё улар бўрилар қуршовига биргаликда тушиб қолган эдилар.
– Ҳа, бўрилар... – деди йигит иложи борича совуққон гапиришга тиришиб: қишлоқда унинг тоға-поғаси йўқ эди. – Шунақа, ўзимизнинг оддий бўрилар...
Қиз йигитга ошкора ҳавас, ифтихор билан боқди. Айни дамда у кўзига бошқача кўринарди. Кўкрагига бошини қўйгиси келди-ю, журъат этолмади – ийманди. “Шурик бунақамас – зоопаркда йўлбарсдан қўрққан! Ажинани кўрса эс-песи чиқиб кетса керак. Ўзиям қиз боладай майин-майриқ, бошимга ураманми, институтда ўқиса ўқир!.. Тағин ҳар саҳар дарвозамиз олдидан қуруқланиб папка кўтариб ўтишларини, ҳоҳ! Кеча айвонда турганимни кўриб, “О-о, Сева-ра, бормисан?” дейди тиржайиб. “О-о, Сева-ра”миш! Борман, хўш, нима дейсан? Бўрини кўрганмисан, а? Зоопаркда? Ўша ерда ҳам юрагинг қинидан чиқай дегандир! Бўрилар қуршовида қолганмисан?.. Умуман, овга борганмисан ўзи? Эҳ, латтавой, латтавой! “О-о, Сева-ра!” Йўлингиздан қолманг, йигит! Кейин, бўйи ҳам пак-пакана. Бўрилар қуршовида қолса нима қиларкан у шўрлик?.. Равшан бошқача, бутунлай бошқача...”
Йигит қиздан кўз узмас, қучоқлашни мўлжаллаб пайт пойлар эди. Қиз тун эпкиниданми қунишибгина ўтирарди, хаёлчан нигоҳи аллақайси қоронғилик нуқтасига қадалган. Киприк қоққанида қорачиғи ярқиллаб учқун сочади. У бошини бир ёнга солинтириб, иягини муштчалари устига қўйган кўйи қотиб қолганга ўхшарди. Унинг бу беозор ҳолатида каптарга хос бир ҳуркаклик, итоатгўйлик зоҳир эди.
“Ювош, жуда юввош, бунақасини топиб бўпсан! – деб ўйларди йигит у ҳақда. – Гаплари, қилиқларининг соддалиги! Саргузаштга бунча ўч! Бир оз хаёлпарастлиги ҳам бор. Қайтага яхши, зерикмайсан. Нигора нуқул тагдор гаплари, бўлмағур таклифлари билан энсани қотиради. Муғомбир, умрида кўнглидагини гапирмаган бўлса керак... Қани энди, бирор мўъжиза юз бериб, ўзимни кўрсатиб қўйсам бунга! Ҳозир нима учраса учрасин, ўша ажинаси бўлса ҳам майли!.. Анови, қўшниси, ким эди – Шурикми, Шуҳратми? Букридай, пастдан ўқрайиб қарайдиган. Жуда жинимни қўзғатяпти-да. Шунинг нимасига учар экан бу қиз? “Шурик мени “Мюзик-холл”га таклиф қилди, дейди. Эсинг борми, ҳей қиз, одам қуриб ўша пачоқ, муррик билан борасанми мюзик-холлга? Қизларга ҳам тушуниш қийин. Энди кўрсам жағини эзаман ўша мюзик-холлни! Бунинг кўзларини... Йўқ, бунақасини тополмайсан!”
Улар кўп марта учрашган – синашта, бироқ йигит ҳамон қизнинг кўнглини билмасди...
Йигит бўрилар қуршовидан қандоқ қутулиб кетганини айтиб бера бошлади. Қиз унинг ҳикоясини ҳайрат билан эшитарди. Уйга кеч қолаётгани ҳам эсидан чиққан эди.
Мавзу ўзгариб, энди гап навбати қизга ўтди. У “Ҳайвонот оламида” кўргани қандайдир ажабтовур мавжудот, унинг антиқа табиати тўғрисида гапира кетди. Қиз берилиб сўзларкан, йигит хаёли бошқа ёқда, унинг гапларини эшитмас, тотли орзулар оғушида скамейкага узала тушиб олган эди.
– Анави нима? – деди бир пайт қиз даҳшат ичида. У йигитнинг елкасидан қаттиқ ғижимлади. Йигит илкис бош кўтариб, қиз кўрсатган томонга қаради. Булардан тўрт дарахт наридаги кекса арғувон тагида ниманингдир жунли боши кўринарди. Бир жуфт совуқ кўз чўғдай йилтиллаб турибди!..
– Ажина!.. – дея титраб пичирлади қиз ва ўзини йигитнинг панасига олиб, юзини кифтига босди.
“Ажина” бир пишиллаб қўйди, сўнг хириллади – худди заранг ёғочга ўтмас арра тортилгандай эт жимирлашарди. Қиз йигитнинг елкасига баттар қапишиб, “кетдик, кетдик” дея туртди уни.
– Кетдик, – деди йигит ҳам ўрнидан шошиб қўзғаларкан. Кўнглига тушуниксиз бир хавотир тушган эди. – Кўп ўтириб қолдик ўзи...
Улар илдам юриб, боғ тўридаги темир панжарали баланд дарвозадан чиқишди. Бу ёғи энди симёғоч чироқларидан равшан эди!
Йигит билан қиз дарвозадан чиққан жойларида бир-бирларига рўбарў, туриб қолишди.
– Нимайди у? – деб сўради қиз. У андак енгил тортган, лекин ҳамон саросимада эди.
– Ким билсин, – деди йигит қизнинг юзига қарай олмай.
– Ана, айтмовмидим, ажина! Ишонмаган эдингиз...
Унинг гапи йигитга “Ана, қўрқасиз деган эдим-ку” оҳангида эшитилди. Кўкрагида қалқиб турган нимадир танини музлатиб шув тўкилгандай бўлди.
Балки оддий дайди итдир, – деди қиз кейин хаёлчан. – Биз эса қўрқиб...
“Ие, оддий ит ҳам бўлиши мумкин-ку, дарвоқе – эҳ!..” Қиз ҳозир кўзига худди жўрттага синаётган рақибидай кўринди-ю, бирдан қочиб кетгиси, бу ердан узоқларга қочгиси келди. Вужудида ғазаб, алам аралаш бир шижоат туғён уриб, қизни қайта боққа бошлаб киришни, ўша лаънати махлуқнинг ростдан ҳам ажина эмас, оддий дайди ит эканини исботлашни ўйлади-ю, аммо шу заҳоти бўшашиб, фикридан қайтди – энди...
– Юринг, – деди қиз. Бу гап йигитга муздай тегди. У шалвираб жилди.
Икки чети олчазор салқин боғкўчадан ёнма-ён юриб кетишди. Ҳеч биридан садо чиқмасди. Улар энди ҳув муюлишдан икки ёққа бурилиб кетадиган бегоналардек бефарқ, совуққон эдилар. Ҳамроҳлар орасига рахна солган боғ эса, йўлнинг чап томонида қолиб, зангори тун қўйнида хотиржам мудраб ётарди.
1972
Download 55.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling