Ғ афур Ғулом


Download 88 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi88 Kb.
#1584923
Bog'liq
Гофур Гулом


Ғ афур Ғулом

Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Ғафур Ғулом мамлакатни ҳимоя қилиш ҳақидаги тантанавор шеърлар, ўтмиш сарқитларини қораловчи ҳажвиялар ва халқнинг кундалик ижодий меҳнатини олқишловчи асарлар муаллифи. У 60 йиллик юбилейи муносабати билан «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонига сазовор бўлган (1963). 2000 йилда эса Ватан олдидаги унутилмас хизматлари учун унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.


Таржимаи ҳол


Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида таваллуд топди. Тўққиз ёшида отасидан, ўн беш ёшида онасидан етим қолган Ғафур аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олди. У Октябрь тўнтаришидан кейинги йилларда муаллимлар тайёрлов курсини битириб, янги мактабларда ўқитувчилик қилди.


1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг «Камбағал деҳқон», «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ ҳақиқати» газеталари таҳририятларида ишлади. Газета унинг учун дорилфунун ролини ўтади, халқ ҳаётини ўрганиш, унга фаол аралашиш йўлида муҳим восита бўлди.
Унинг мамлакатни ҳимоя қилиш ҳақидаги тантанавор шеърлари, ўтмиш сарқитларини қораловчи ҳажвиялари ва халқнинг кундалик ижодий меҳнатини олқишловчи асарларидан жамланган «Динамо» ва «Тирик қўшиқлар» номли дастлабки шеърий тўпламлари 1931-1932 йилларда чоп этилди. Шоир 1930-1935 йилларда «Кўкан» достонини, «Тўй», «Икки васиқа» балладаларини яратди. Бироқ шоирнинг бир қатор шеърлари, хусусан, «Кўкан» достонида совет давлати жамоалаштириш сиёсатининг қишлоқ аҳлига чексиз кулфат ва фожиалар келтиргани четлаб ўтилди.
Унинг партия, В.И.Ленин ва Октябрь ҳақидаги шеърларида замонасозлик майллари сезилиб туради. Тўғри, адиб барҳаёт давридаёқ шахсга сиғиниш таъсирида яратилган айрим асарларини қайта кўриб чиққан. Айрим мисраларни янгидан ёзиб, шеърга табиийлик ва ҳаётийлик бағишлаган. Жумладан, «Соғиниш» шеърининг аввалги нусхасидаги:

Боғда товус каби хиромон бўлиб,


Умид данагини бирга экингиз.
Ғолиб келажакни сайр қилайлик...
тўртлигининг сўнгги мисраси:
Мушфиқ онагинанг билан иккимиз, -

деб ўзгартирилган. Натижада шеър бир бутун, тугал ва ҳаётий маънога эга бўлган. Энг муҳими, ғафурона фалсафа ўз бадиий ифодасини топган. Худди шу ҳол унинг «Кузатиш», «Сен етим эмассан» шеърларига ҳам хос бўлиб, улар ҳам адиб томонидан қайта ишланган.


У 60 йиллик юбилейи муносабати билан «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонига сазовор бўлган (1963). 2000 йилда эса Ватан олдидаги унутилмас хизматлари учун унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.
Шоирнинг кўпгина асарлари қатор халқлар тилларига таржима қилинган.
Ўзбек шеъриятининг оташин жарчиси, улкан сўз санъаткори Ғафур Ғулом миллий адабиётимизнинг ривожига катта ҳисса қўшган адибдир. Адиб 1966 йилда вафот этган.

Илмий ишлари


30-йилларда Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам яратди. Уруш йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа бағишлади, унинг муқаррар ғалабасига ишонч руҳи билан суғорилган шеърлар яратди. У «Сен етим эмассан», «Кузатиш», «Вақт», «Соғиниш» каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди.


Ғафур Ғулом урушдан кейинги йилларда ҳам самарали қалам тебратиб, юксак бадиий асарлар яратди; публицистика ва адабиётшуносликка оид қатор ажойиб мақолаларини эълон қилди. Унинг ижоди халқ ҳаётининг шу даврдаги ўзига хос йилномаси ўлароқ намоён бўлди. Агар Ғафур Ғулом шу даврда шеърий асарлари билан файласуф шоир даражасига кўтарилган бўлса, «Шум бола» қиссаси, «Менинг ўғригина болам» сингари ҳикоялари билан халқ турмуши ва руҳини яхши билувчи моҳир носир эканлигини намойиш этди. Ғ.Ғуломнинг бир неча бор сайланма асарлари, тўпламлари йиллар давомида изчил босилиб турган. Унинг ўн жилдлик танланган асарлари чоп этилган.Унинг:

Азиз асримизнинг азиз онлари,


Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин, -

деган ҳикматли мисралари кишиларни ижодий меҳнатга илҳомлантирувчи учқур сатрлар бўлиб қолган. Адиб таваллудининг 100 йиллигида эса бир жилдлик (назм ва наср) «Танланган асарлар»и (2003) нашр этилган.




Ғафур Ғулом ўзбек таржима мактабининг майдонга келишига ҳам улкан ҳисса қўшган. У «Отелло», «Қирол Лир» сингари жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига катта маҳорат билан ўгирган. Ғафур Ғулом Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1943) эди.
Download 88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling