Al bukhariy university nodavlat oliy ta’lim muassasasi “tаsdiqlаymаn” M. Axmedov


Download 2.32 Mb.
bet39/126
Sana17.10.2023
Hajmi2.32 Mb.
#1706606
1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   126
Bog'liq
DINSHUNОSLIK умк 2022 23 ,05,22

Протестантлик. Европа мамлакатларида Католикликда кечаётган жараёнларга қарши қаратилган реформация (лотинча reformatio – қайта ташкил қилиш, ўзгартириш) ҳаракати натижасида вужудга келади. Реформаторлар Католиклик амалларини Инжил идеалларидан қайтиш деб талқин қиладилар. Оксфорд университети профессори Ж.Виклиф (1320–1384) Рим Папаларининг Англиядан олинадиган солиқларига қарши чиқди, инглиз черковининг фуқаролар ишлари бўйича Англия қиролига бўйсуниши лозимлиги ва Муқаддас китобнинг черков ривоятларидан устунлиги тўғрисидаги ғояларини илгари сурди. Бу ғояларни инглиз “лоллардлари” – “камбағал руҳонийлари” қўллаб– қувватладилар. Прага университети профессори Ян Гус (1369–1415), Ж.Виклиф ғояларидан таъсирланиб, черков бойликларидан воз кечиши кераклигини тарғиб қилди, черковга катта даромад келтирадиган ва, Ян Гус фикрига кўра, диндорлар онгини бузувчи индульгенцияларнинг сотилишига қарши чиқди. Бу қарашлари учун у 1415 йилда Констанц собори қарорига биноан гулханда куйдирилди. Бу ҳодисадан норози бўлганлар гуситлар ҳаракатига қўшилдилар. Бу ҳаракт расмий черков сиқувига 11 йил давомида (1420–1431) бардош бериб, 1443 йилнинг ноябр ойида Базель шаҳрида ўтказилган соборни гуситларга ён беришга мажбур қилди.
Протестантлик дунёвий кишиларни руҳонийлардан ажратмайди, бу таълимотга кўра, барча диндорлар руҳонийдир. Сирли маросимлардан фақат чўқинтириш ва нон билан тамадди қилишни тан олади. Диндорлар Рим Папасига бўйсунмайдилар. Ибодат ваъз ўқиш, биргалашиб ибодат қилиш ва диний қўшиқлар (псаломлар) айтишдан иборат. Протестантлар Биби Марямни, аърофни тан олмайдилар, таркидунёчилик, чўқинтириш, руҳонийлар киядиган кийимларни, иконаларни рад этадилар.
Ян Гус куйдирилгандан юз йил кейин Германияда
Виттенберг университети профессори Мартин Лютер (1483– 1546) Протестантлар Черков асосларини яратади. У ҳам индульгенция сотилишини танқид қилади, шахсий эътиқод билан нажот топиш ғоясини илгари суради, аъроф ҳақидаги ақида, ўлганлар учун қилинадиган ибодатнинг кучи ҳамда авлиёлар хизматлари эвазига нажот топилишига шубҳа келтиради; монахлар таркидунёчилигини диний ҳаётнинг намунаси деб тан олмади, “диний аскеза” шиорини илгари сурди. М.Лютер диний–ахлоқий жиҳатдан меҳнатни қадрлаш лозимлиги ғоясини илгари сурди. Лютер реформацияси эркин тадбиркорлик маданиятининг шаклланишига асос солганлиги, унинг тарихий аҳамиятини белгилайди. Лютернинг фикрича, инсон ва Худо ўртасида бевосита алоқа бўлиши мумкин.
1517 йилнинг 31 октябрида Лютер Виттенберг черкови эшигига гуноҳларнинг кечирилишига бағишланган номани қоқиб қўяди, у 95 мулоҳазадан (тезисдан) иборат бўлиб, Католикликни ислоҳ қилиш ғояларидан таркиб топган.
Лютер таълимоти Протестантликдаги йўналишлардан бири – лютеранликка асос солди. Бу таълимотга кўра, одамлар виждони ва тавба–тазарруни онгли равишда ва мунтазам назорат қилишлари лозим. Юқорида қайд этилган 95 мулоҳазалардан бирида М.Лютер тавба–тазарру фақатгина руҳонийга истиғфор келтиришдан иборат эмас дейди; бошқа мулоҳазаларида эса ҳақиқий тавба–тазарру бир карра истиғфор келтириш эмас, балки узоқ давом этадиган жараён эканлигини қайд этади. Лютеранлар Папа ўзи буюрган ёки черков низомида белгиланган жазолардан озод қилиши мумкин, аммо черков инсонни худонинг жазосидан озод қилолмайди. Папанинг аъроф устидан ҳокимлик қилиши қуйидаги мулоҳазаларга кўра рад этилади: “Истиғфор келтириш қонунлари (яъни тавба келтирувчиларга қандай жазо чоралари кўрилиши ҳақидаги қарорлар) тирик одамлар учун белгиланади”, ўлганлар эса энди худонинг ихтиёридадир. Индульгенцияларни сотиб олишнинг бефойдалигини М.Лютер шундай асослайди: “Худо чин кўнгилдан тавба қилувчиларнинг гуноҳидан кечади, абадий қийноқлардан озод қилади, осий бандалар Папанинг ёрлиғисиз ҳам бундан умид қилишлари мумкин”. Динсизларга ҳам индульгенциянинг кераги йўқ, чунки улар у дунёда жазоланишига ишонмайдилар. Чин кўнгилдан тавба қилувчи киши, худонинг қаҳридан қочмайди, дейдилар лютеранлар.
Лютеранлик Германия, Дания, Норвегия, АҚШда тарқалган. Дунёдаги 408 млн. протестантлар ичида лютеранлар 75 млн.ни ташкил этади. Уларнинг фаолияти 1947 йили ташкил этилган Жаҳон лютеранлар иттифоқи томонидан мувофиқлаштирилади.

Download 2.32 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   126




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling