497-модда. Вақтинчалик ходимларни дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишга жалб қилиш
Икки ойгача бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузган ходимлар ушбу муддат доирасида дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрамлар кунларида ўз ёзма розилигига кўра ишга жалб қилиниши мумкин.
Дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрамлар кунларидаги иш камида икки ҳисса миқдорида пул шаклида компенсация қилинади.
498-модда. Вақтинчалик ходимларга меҳнат таътили бериш
Вақтинчалик ходимлар ишнинг ҳар бир ойи учун камида икки календарь кун ҳисобидан ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.
Вақтинчалик ходимларга меҳнат таътиллари берилади ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганда уларнинг хоҳишига кўра ишнинг ҳар бир ойи учун икки иш куни ҳисобидан компенсация тўланади.
499-модда. Вақтинчалик ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Вақтинчалик ходим иш берувчини уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақли.
Иш берувчи ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) тугатилиши (ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди), ходимлар сонининг ёки штатининг ўзгариши муносабати билан (ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди), шунингдек ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига номувофиқлиги муносабати билан (ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 3-банди) меҳнат шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш хусусидаги ўз нияти тўғрисида вақтинчалик ходимни камида уч календарь кун олдин ёзма шаклда, имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт.
Вақтинчалик ходим билан тузилган меҳнат шартномаси вақтинчалик ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асосларга кўра бекор қилинган тақдирда, вақтинчалик ходим ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишидан камида бир кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирилади.
Вақтинчалик ходимни ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмида назарда тутилган ёзма равишдаги огоҳлантириш ўрнига иш берувчи унга мутаносиб пулли компенсация тўлашга ҳақли.
Агар жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, вақтинчалик ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |