Физика фанини ўҚитишни таълим принциплари асосида ташкил қилиш


Download 204.58 Kb.
Sana13.12.2022
Hajmi204.58 Kb.
#1000923
Bog'liq
Химматкулов таълим принциплпри (2)


ФИЗИКА ФАНИНИ ЎҚИТИШНИ ТАЪЛИМ ПРИНЦИПЛАРИ АСОСИДА ТАШКИЛ ҚИЛИШ
Одилбай Химматкулов
Тошкент давлат техника университети
khimmatkulov@mail.ru
АННОТАЦИЯ
Ушбу мақола олий физика таълими жараёнида таълимнинг илмийлик, назария ва амалиётнинг ўзаро боғликлилиги, узвийлик ва мунтазамлик, кўргазмалик, таълим олувчиларнинг фаоллиги, мустақиллиги принципипларини қўллаш масалаларига бағишланган. Физика фанини ўқитишда ушбу таълим принципларини қўлланилиши натижасида талабалар оладиган билимларнинг мукаммал, яхлит бўлишини таъминлаш ва таълим самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Калит сўзлар: таълим принциплари, илмий тадқиқот элементлари, виртуал лаборатория, тизимли таҳлил, муаммоли маъруза, мустақил таълим, синергетик ёндашув
КИРИШ
Таълим жараёнида таълим принципларига эътибор бермаслик уларни билмаслик ёки нотўғри тушуниш, уларнинг талабларига амал қилмаслик таълим жараёни илмийлигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш имконини бермайди. Таълим принципларига амал қилиш таълим жараёни самарадорлигининг муҳим шарти бўлиб, ўқитувчи педагогик маданиятининг кўрсаткичи ҳисобланади. Таълим принциплари тизими таълим жараёни
қонуниятларини ифодалайди ва тарбия мақсадлари билан белгиланади. Шунга кўра, таълим принциплари таълим жараёнининг энг муҳим масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан тўғри ҳал килишнинг асосий негизи ҳисобланади. Таълим муссасаларида физика фанини ўқитишда таълим принципларини эътиборга олиш муҳим аҳамиятга эга.

АСОСИЙ ҚИСМ


Маълумки, физика фани кўпгина табиий ва мухандислик фанлари учун фундаментал асос бўлиб хизмат қилади, бу фанлар ривожланишида ва Оламнинг илмий манзарасини яратишда муҳим рол ўйнайди.
Таълимнинг илмийлик принципи ўқув жараёнларида авваламбор физика фанининг фундаменталлик характери ва хусусиятлари сақланиб қолинишини тақозо этади. Дарс соатларининг асоссиз, керагидан ортиқ равишда қисқартирилиши ва соддалаштирилиши таълим мазмунига, унинг фундаментал асосига путур етказади. Талабалар физика фани бўйича янги билимлар, ўтказалаётган янги илмий тадқиқотлар ҳақида маълумотларни маъруза машғулотларида оладилар. Таълимнинг илмийлик принципига асосан фан бўйича илмий асосланган, тажрибада ўз тасдиғини топган маълумотларгина талабаларга тақдим қилиниши лозим ва шу билан биргаликда фаннинг энг янги ютуқлари олий физика таълим мазмунида ўз аксини топиб бориши керак.
Педагог ходимлардан фан янгиликларидан доимо хабардор бўлиб, бу янги билимлар билан машғулотлар пайтида талабаларни муттасил таништириб бориш таълимнинг илмийлик принципи талабларига мос келади.
Охирги ўн йилликларда замонавий физиканинг очиқ тизимлар физикаси, нанотехнология, конденсирланган муҳитлар физикаси, ночизиқли оптика, юқори энергияли ядро физикаси, квант физикаси ва физиканинг бошқа сохаларида катта ютуқларга эришилди.
Илмийлик принципи талабларидан бири талабаларни илмий тақдиқот ишларига жалб этиш, илмий тадқиқот усуллари билан таништириш, адабиётлар билан мустақил равишда ишлаш, тақдиқот натижаларини таҳлил қилиш ва хулосалар чиқаришига ўргатишни тақозо этади. Бу эса ўз навбатида талабалар ижодкорлик фаолиятининг ривожланишига ёрдам беради. Охирги йиллардаги педагогик кузатишлар шуни кўрсатадики, талабалар малакавий битирув ишини бажариш, ҳимоя қилиш жараёнида илмий тақдиқот бўйича билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги сезилиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда талабаларда илмий – изланиш фаолияти бўйича билим ва кўникмаларни лаборатория машғулотлари пайтида шакллантириб боришга эътиборни кучайтириш зарур. Яъни лаборатория ишларини бажариш жараёнига илмий тақдиқот элементларини киритиб бориш мақсадида дарсларни муаммоли ташкил қилиш лозим. Кўп ҳолларда лаборатория ишларини мураккаблаштириш техник имкониятлари чегараланган ёки мавжуд бўлмаса ахборот технология воситаларидан, масалан лаборатория ишлари моделлаштирилган, виртуал лаборатория усулларидан фойдаланиш мумкин. Лаборатория шароитида амалга ошириладиган таълим жараёнига бундай ёндашув натижасида талабалар олинган назарий билимларни мустаҳкамлаб, ўрганалаётган физик ҳодиса қонунларнинг, катталикларнинг мазмун моҳиятини чуқур ўрганиш билан бир қаторда уларда ижодий илмий тадқиқот ишлари бўйича билим ва кўникмалар шаклланади, ижодий фаоллик ошади.
Физика фани соҳасида билимларнинг мукаммал бўлиши таълимнинг узвийлик ва мунтазамлик принципи асосида ташкил қилишни тақозо этади. Бунда берилиши лозим бўлган билимларнинг мантиқий кетма-кетлик ва тизимлашган бўлишига эришиш муҳим аҳамиятга эгадир. Фаннинг барча бўлимларини ўрганишда мавзуларни мантиқий кетма-кетликка ажратиш, физик ҳодисалар ва қонуниятлар орасида ўзаро алоқадорлик,узвийликни аниқлаш, тизимли таҳлил ёрдамида умумий хулосалар чиқариш, олинган билимларнинг кенг қамровли ва яхлит бўлишига ёрдам беради.
Охирги йилларда техника ва технологияларнинг тез суратларда ривожланиши мутахасислардан чуқур назарий билимларга эга бўлишни ва уларни амалда қўллай билишни талаб қилади. Назарий билимларнинг мукаммал бўлишида таълимнинг кўргазмалик принципини қўллаш катта ёрдам беради.
Замонавий физика таълимида назария ва амалиётнинг ўзаро боғликлик приципига таяниш талабаларда олинган назарий билимларни амалда қўллаш кўникмаларини шаклллантиришда катта аҳамиятга эга. Бунда амалиёт ва лаборатория машғулотларини ўтказишга ижодий ёндашиш, компютер ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш, илғор инновацион ва ахборот технологияларини қўллаш ижобий натижа беради.
Таълим олувчиларнинг фаоллик принципи физика фани бўйича ўтказиладиган машғулотлар самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларидан биридир. Табиий фанлар, жумладан физика фани бўйича анъанавий усулда олиб борилаётган машғулотлар талаба-ўқувчилар учун зерикарли бўлиб, билимларни эгаллашда улар “пассив” позицияда бўладилар. Тайёр равишда олинган маълумот, ахборотлар талабалар, ўқувчилар хотираларида узоқ сақланмайди ва уларнинг билим эгаллашга нисбаттан ижодий ёндошув кўникмалари ривожланмай қолаверади.
Билим беришнинг фаол усулларидан бири муаммоли ўқитишдир. Муаммоли маърузада талаба ёки ўқувчининг билиш жараёни ижодий изланиш, тадқиқот фаолиятига яқинлашиб боради. Муаммоли маърузанинг самарали ўтиши ўқитувчи ва талаба-ўқувчиларнинг ҳамкорликдаги, биргаликдаги ҳаракати билан таъминланади. Маърузачининг асосий вазифаси талабаларга тўғридан-тўғри маълумот етказиш йўли билан билим бериш бўлиб қолмай, тингловчиларни билиш жараёнинг объектив зиддиятларига ва уларга жавоб топиш жараёнига жалб қилиши керак.
Талабалар ўзлари учун номаълум бўлган янги билимларни ўқитувчи билан ҳамкорликда ақлий изланиш орқали “кашф” қиладилар, ўз мутахассисликлари учун пойдевор бўлган фаннинг назарий хусусиятларини билиб оладилар.
Муаммоли маъруза мазмун-моҳияти, мантиқ жиҳатдан анъанавий маърузадан тубдан фарқ қилади. Агар анъанавий маърузада маълумотлар талабаларга олдиндан маълум, тайёр билимлар сифатида фақат эслаб қолиш учун берилса, муаммоли маърузада янги билимлар тайёр ҳолда шаклланмаган, номаълум, билимлар сифатида талабалар ҳукмига ҳавола қилинади. Бунда талабалар маълумотларни эслаб қолиш ва такрорлаш билан чекланиб қолмасдан, ўзлари учун номаълум, янги билимларни шакллантириш, идрок қилиш ва ўзлаштириш жараёнида фаол иштирок этишлари лозим.
Муаммоли маърузада талабаларни фаол билиш жараёнига тортишнинг муҳим дидактик усулларидан бири муаммоли вазиятларни яратишдир. Муаммоли вазиятлар бирор зиддиятни ўзига гавдалантирадиган махсус савол, масала, топшириқлар ёрдамида яратилиши мумкин. Бундай махсус савол ёки топшириқларнинг мураккаблик даражаси талабаларнинг билиш имкониятларига мос келиши улар учун тушунарли бўлиши лозим.
Таълим муассасини битирётган мутахасис кенг доирадаги билимларга эга бўлишлари учун физика таълимида фанлар, мазулар ва бўлимлараро узвийлик, боғликлик принципига амал қилиш мақсадга мувовиқдир. Маълумки физика фани математика ва кўпгина табиий ва техника фанлари билан узвий боғлик ва улар ривожи учун асос бўлиб хизмат қилади. Физика фани ютуқларини табиий фанлар масалаларига қўллаш натижасида улар чегарасида янги фан йўналишлари юзага келди. Масалан, кимёвий фиэика, физикавий кимё, биофизика, геофизика, астрофизика ва бошқалар шулар жумласга киради. Бу жараёнларда фаннинг интегратив характери намоён бўлади. Таълимдаги интегратив ёндашув айрим мавзулар, машғулотлар, фанлар ва усуллар ўртасидаги ўзаро алоқадорликни, узвийликни, синтез ва умумийликни тақозо қилади. Масалан, физика фани доирасида алоҳида ўрганиладиган баъзи ҳодисалар, қонунлар, уларни тизимловчи бўлимлар, олиб бориладиган машғулот турлари ўртасидаги ўзаро алоқадорлик, синтез ва умумлашув тенденцияларини олиб қараш мумкин.
Талабаларнинг билиш жараёнида уларнинг мустақил таълими муҳим аҳамиятга эга эканлиги таълимнинг мустақиллик принципипида ўз аксини топади. Ҳозирги замон физика таълимида талабаларнинг мустақил ишлари ўқув жараёнининг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда. Ўқув дастури қамраб олиб улгурмаган, кашф қилинган янги ҳодисалар, қонунлар, яратилган янги назариялар ҳақидаги материалларни талабаларга мустақил ўзлаштириш учун тақдим қилиш мумкин.
Мустақил таълимда синергетик ёндашув элементлари намоён бўлади. Таълимдаги ўз-ўзидан ташкил топиш бу ўз-ўзига таълим беришни англатади. Бунинг маъноси билимларни тайёр ҳолда бериш эмас, балки билимларни ошириш, мукаммаллаштириш ва тармоқланган билимлар тизимида тез йўл топиш, ўз-ўзига таълим бериш усулларини эгаллашдан иборатдир. Синергетика нуқтаи назаридан таълим, бу тайёр билимларни бир шахсдан иккинчисига узатиш, беришдан иборат бўлмасдан, балки бу жараён очиқ мулоқот, тўғри ва тескари алоқалар, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ҳамфикрлик, ҳамкорликдан иборат ночизиқли вазиятда юз берадиган жараёндир.
ХУЛОСА
Олий физика таълимида илмийлик принципини қўллаш натижасида талабалар физика фанининг энг янги ютуқлари билан танишадилар. Лаборатория шароитида илмий тадқиқот фаолияти кўникмаларига эга бўладилар. Таълимнинг узвийлик ва мунтазамлик принципига асосан физика фани бўйича билимларни мантиқий кетма-кетлик, узвийлик ва ўзаро алоқадорлик тамойиллари асосида бериб бориш натижасида талабалар олган назарий билимлар чуқур ва яхлит бўлишига эришилади.
Замонавий физика фанини ўқитиш жараёнида назария ва амалиётнинг ўзаро
боғлиқлик принципига таяниш талабаларда олинган назарий билимларни амалда қўллаш кўникмаларини шаклллантириш имконини беради.
Талабалар томонидан олинган назарий билимларнинг мукаммал бўлишида, узоқ вақт ёдда сақланиб қолишида таълимнинг кўргазмалик принципини қўллаш катта аҳамиятга эга. Таълимнинг фаоллик принципини қўллаш физика фани бўйича ўтказиладиган машғулотлар самарадорлигини оширишга катта ёрдам беради. Замонавий физика таълимидаги интегратив ва тизимли ёндашув натижасида талабалар кенг қамровли билимларга эга бўладилар. Талабаларнинг мустақил изланиш ва ижодий қобилиятларни ўстиришда таълимнинг мустақиллик принципига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Таълимдаги синергетик ёндашув талабалар ва ўқитувчининг билим олиш жараёнидаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди ва талабаларнинг физика фани бўйича билим олишга қизиқишини кучайтиради.
АДАБИЕТЛАР
1. И.П.Подласый. Педагогика. Новый курс: Учебник для студентов пед . вузов : В 2 кн. М.: Владос, 2005
2. В. В.Давыдов. Теория развивающего обучения. М., 1996
3. Дьяченко В.К. Новая дидактика М. Проспект, 2001
4.. В.Оконь. Введение в общую дидактику. – М., 1990.
5. В.И.Загвязинский. Теория обучения: Современная интерпретация. – М., 2004.
6. Е.С.Полат. Новые педагогические и информационные технологии в системе образования. Под редакцией - М., 2003.
7. В.А.Сластенин, И.Ф.Исаев, Е.Н.Шиянов. Общая педагогика: Учеб. Пособие для студентов высщих учебных заведений/ Под ред. В.А. Сластенина: В 2 ч. М., 2002
8. А.В.Хуторской. Современная дидактика: Учебник для вузов. СПб.: Питер,
2001.
9. И.Я.Лернера, И.К.Журавлева .Современная дидактика: теория и практика /Под ред. М., 2004
10. O. Ximmatkulov I. G. Tursunov. Oliy ta’lim muassasalarida fizika fanini muammoli oʻqitish masalalari. "Экономика и социум" №5(96) 2022. 5 с.
Download 204.58 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling