24-модда. Фермер хўжаликлари томонидан ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари
Ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга очиқ танлов асосида ижарага берилади.
Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар устун ҳуқуқдан фойдаланади.
Ер участкасининг ўлчамлари ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
Ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.
Ер участкасининг ижара шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Фермер хўжаликлари билан тузилган ер участкаларининг ижара шартномаларини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари қонунчиликда белгиланади.
Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, уни юритиш учун берилган ер участкасининг ижара шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши керак.
25-модда. Деҳқон хўжаликлари томонидан ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари
Деҳқон хўжалигининг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда белгиланади.
Деҳқон хўжалигига берилган ер участкаси бўлиниши мумкин эмас.
Ер участкасининг ўлчамлари ва чегаралари фақат деҳқон хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
Деҳқон хўжалигининг ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат бошқа тенг қимматли ер участкаси берилиб, дов-дарахтларнинг, бузилаётган бинолар ва иншоотларнинг бозор қиймати қоплангандан кейин ёхуд улар бошқа жойга кўчирилгандан ёки ўзга бинолар ва иншоотлар қурилгандан кейин ҳамда бошқа барча зарарларнинг (бой берилган фойдани қўшган ҳолда) ўрни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тўла ҳажмда қоплангандан кейин йўл қўйилади.
26-модда. Тадбиркорлик субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин кириш кафолатлари
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин киришда, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун товарларнинг айрим турларини етказиб беришда қатнашишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда тенг имкониятларга эга. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирон-бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди.
Давлат органлари давлат эҳтиёжлари учун товарларни ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) ва етказиб беришга доир буюртмаларни тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида жойлаштириш чораларини кўради. Давлат харидлари бўйича танловлар ўтказишда бошқа тенг шароитларда кичик тадбиркорлик субъектларига афзаллик берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, айрим товарлар ва хизматлар бозорларига киришига доир бошқа алоҳида шартлар белгиланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |