Худоёрхоннинг Англияда, қиролича Виктория ҳузурида бўлгани, хонлик тақдири борасида у билан музокаралар олиб боргани ҳақидаги ҳужжатлардан хабардормисиз


«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 48-сонидан олинга


Download 129.23 Kb.
bet2/3
Sana22.01.2023
Hajmi129.23 Kb.
#1111120
1   2   3
Bog'liq
XOnning so\'ngi ilinji Sharif Yusupov maqolasi

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 48-сонидан олинга
Синхрон жадвалга кўра, ҳаж мавсуми 1877 йили 16 декабрдан, 1878 йили эса 5 декабрдан бошланган. 1877 йилги ҳаж мавсумига етиб бориш учун Худоёрхон ихтиёрида 45 кун муддат бўлган. Бу муддат ичида ҳам хон бемалол Маккаи мукаррамага етиб бориши мумкин эди, деб ўйлаймиз.
Аммо, бир тарафдан, «Туркистон вилоятининг газети»да 1878 йил 21 июлда босилган хабарда хоннинг ҳаётига оид анча тафсилотлар берилганига қарамай, унинг олдинги йили ҳажда бўлганлиги хусусида ҳеч нарса дейилмайди. Иккинчидан, Умидий-Ҳавоий Худоёрхоннинг императорга, Туркистон генерал-губернаторига, шунингдек, фарзандларига ёзган хатларини Истанбулга келтириб, Россия элчихонасига топширган. Оға Абдураҳим 1878 йили ҳаж зиёратига борганида, Жиддада хон билан учрашгани ҳақида ёзади. Бинобарин, хон 1878 йили Маккаи мукаррамани ва Мадинаи мунавварани зиёрат қилиб, Маккадаги ҳарам яқинида яшаётган даврдан бошлаб фожиали ҳодисаларни бошдан кечиради. Ҳаж мавсуми 1878 йили декабрнинг иккинчи ярмигача давом этганини ҳисобга олсак, хон ҳарам яқинида Содиқ саркор томонидан икки тиши синдирилгач, бир-икки ой чамаси Содиқ саркор устидан қўзғатилган жиноий иш можароси билан овора бўлиб қолган, кейин билагига ёмон яра чиққач, олти ой чамаси Макка табиблари томонидан даволанган. Шифо топилмагач, Бўмбайга йўл олгунича у ерда беш ой даволангани, ундан Ироқда маълум муддат яшаганини ҳисобга олсак, Худоёрхон Ҳиндистонга 1879 йили борганлиги ҳақидаги архив материалларига тўла ишониш керак бўлади.
Зотан, Оренбург генерал-губернатори Крижановский ҳузуридаги хос ходим, ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Бекчурин 1880 йил 14 январда фон Кауфманга ёзган мактубида ўша кунларда Маккадан Ўрта Осиёга, ўз юртларига қайтиб келаётган баъзи зиёратчилар Худоёрхонни яқинда Бўмбайда кўрганликларини, у номини ўзгартириб, бошқа ҳожилар билан биргаликда Жиддадан денгиз орқали ўтиб, Ҳиндистонга борганини айтганлари хусусида маълумот беради. Мактуб охирида: «Улар (ҳожилар) Бўмбай орқали ўтишган ва менга айтишларича, Худоёрхонни шахсан кўришган, унинг ҳузурида Фарғона вилоятидан кетган 11 нафар қўқонлик ҳам бор экан», дейилади.
Бекчурин инглизлар Худоёрхонни ўз ҳомийликларига олиб, Бўмбай яқинидан жой беришибди ва улар Афғонистонни босиб олгудек бўлсалар, уни шу юртга вассал қилиб тайинлаб, Кобул шаҳрига жўнатмоқчи эканликлари ҳақидаги хабарни ҳам ўша ҳожилардан эшитганлигини маълум қилади.
Мактубни олган фон Кауфманни Худоёрхоннинг Афғонистон тахтига Англиянинг вассали сифатида чиқарилиш эҳтимоли жилла ҳам ташвишга солмайди, шекилли. У мактубни қабул қиладию Петербургдаги тегишли амалдорлар билан ёзишмалар олиб бориш орқали Бекчурин маълумотлари ҳақиқатга қанчалик мувофиқлигини аниқлашга шошилмайди.
Орадан саккиз ой ўтгач, фон Кауфман ҳузуридаги хос ходим ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Мирза Ҳаким Умидов (генерал-губернатор идораси ходимлари уни Карл Карлович деб атаганлар) томонидан берилган ёзма маълумотномани олгач, генерал-губернатор жиддий хавотирга тушади ва пойтахт идоралари ила зудлик билан алоқа боғлайди. Зотан, Умидовнинг маълумотномаси Қўқон хонлигини қайта тиклаш ва тахтга Худоёрхоннинг ўзини ёки фарзандларидан бирини чиқариш йўлида жиддий ҳаракат борлигидан далолат берарди.
Тадқиқотчилардан атиги бир киши, яъни Акмал Акрам 1992 йили «Туркистон» газетасида босилган мақоласида Умидовнинг маълумотномасига мурожаат этиб, унинг баёнини берган. Лекин бу баёнда жиддий ноаниқлик ва хатоларга ҳам йўл қўйилган. Чунончи, Бағдодда яшаётган Худоёрхоннинг 300 тилла қарзини Бўмбайдаги бир савдогар воситасида ҳоким томонидан юборилган одам тўлаб, хонни ўзи билан бирга Бўмбайга олиб кетганлиги ҳақидаги воқеа А.Акрам баёнида гўё Худоёрхон 300 тилла қарз эмас-у унинг олдига Бўмбайдан одам юборган савдогар хондан қарздор эди, тарзида берилади. Умидов маълумотномасидаги хоннинг Россияда таълим олаётган ўғли тўғрисидаги қайдни изоҳлар экан, А.Акрам бу ўғилни Ўрмонбек деб кўрсатади. Ваҳоланки, бу ерда гап хоннинг 1875-1880 йиллар орасида Владимирда сургунда яшаган ўғли Насриддинхон ҳақида бормоқда. Ўрмонбекка келсак, у 1875-1879 йиллар орасида хоннинг севикли хотини Оғача ойим ва унинг ўғли Фансуруллобек билан биргаликда Туркистон шаҳрида яшаб, сўнгра Тошкентга кўчиб келиб, орадан оз вақт ўтгач, оғир сил касалидан вафот этгани ўша давр манбаларида аниқ акс эттирилган.
Ана шу ва бошқа баъзи камчиликларни ҳисобга олиб, Умидов маълумотномасининг Республика Марказий архивида сақланаётган тўла матнини келтирмоқчимиз:
«Оренбургдан қочганидан сўнг Худоёр Кобул орқали Бағдод шаҳрига борган ва муқаддас жойларни зиёрат қилгач, яна шу шаҳарга қайтиб, анча узоқ муддат унда яшаган. Бўмбайда яшаб турувчи бир қўқонлик савдогар Бағдодга махсус одам юбориб, илтижо қилгани сабабли Худоёр ўша махсус юборилган одамга ўзининг 300 тилла (кумуш ҳисобида 1200 сўм) қарзини тўлаттириб, шу йил бошида Бўмбай шаҳрига жўнаган. Шаҳар ҳокими томонидан иззат-икром билан кутиб олинган Худоёр ҳоким фармойишига кўра аввалдан ўзи учун тайёрлатиб қўйилган бинога келиб тушган, ҳоким уникига ташриф буюрган. Бу учрашув чоғида Худоёр шаҳар ҳокимига Россия ҳукумати устидан шикоят қилган ва қудратли Англиядан ҳомийлик ҳамда ҳимоя кутаётганини айтган. Ҳоким марказий ҳукуматга маълум қилганидан сўнг Худоёр Лондонга жўнатилган ва у ерда ўз шахсига зўр қизиқиш ва ўз аҳволига ҳамдардликни кўрган. Саройда ўтказилган расмий қабул маросимида собиқ хон қиролича Виктория ҳузурида Россия ҳукуматига кескин норозилик билдириб, тахминан қуйидаги сўзларни айтган:
Хонликдаги тартибсизликлар туфайли русларнинг ҳузурига ўз ихтиёри билан келганида руслар зўравонлик билан уни эркидан жудо қилишган, яшаш учун Оренбургга жўнатишган, сўнгра Худоёрхонга тобеъ хонликни асоссиз равишда эгаллаб олишганки, бу эрксизликдан у қочиб кетган ва ҳуқуқлари поймол этилгани учун ўзини ҳимоя қилишни ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини қайта тиклашни Британия ҳукуматидан ва куч-қудрати ҳамма ёққа машҳур ажойиб қироличадан илтижо қилади. Худоёрхоннинг бу қатъий норозилиги ҳазрати олиялари томонидан шу воқеа юзасидан махсус тайинланган мажлисда хорижий давлатларнинг 12 нафар вакили иштирокида тингланган.
Юқорида айтилган маънодаги ўз қатъий норозилигининг далили сифатида хон учта ҳужжатни тақдим этган (ҳужжатлар қай мазмунда эканлиги маълум эмас). Шу масала юзасидан Сенат ва Петербург кабинетлари орасида музокаралар олиб борилган ва Худоёрнинг кескин норозилигига Россия ҳукумати қуйидагича тушунтириш берган эмиш: Худоёр хонлик лавозимидан ўз халқи томонидан маҳрум этилган. У хонлик ҳудудидан руслар ҳузурига бошпана сўраб келган, шунинг натижасида, яшаш учун Оренбургга юборилган, у ердан номаълум жойга яширинган. Унинг ўғли юқори лавозимларга мўлжалланган турк шаҳзодалари чет элларда таълим олаётганлари сингари Россияда тарбияланмоқда. Британия ҳукумати Петербургнинг бундай жавобидан қониққанми-йўқми, маълум эмас. Лекин Англия қироличаси музокаралар орқали ёки Британия қуролли кучи билан Худоёрга ёки унинг ўғилларига хонлик мавқеини тиклаб беришни ваъда қилган.
Эркалатилган ва тўла умидлантирилган Худоёр Лондондан Бўмбайга қайтиб келиб, ҳозирда ўзига ҳукумат томонидан ажратилган бинода яшамоқда. Инглизлар хазинасидан оладиган ойлигидан ташқари яна ҳар кеча-кундуз учун 60 рупийдан олмоқда.
Баён этилганларни маълум қилар экан, бўмбайлик савдогар Бўмбайдан уч ой илгари йўлга чиққанини ва ўзи берган маълумот маҳаллий вақтли матбуотда Британиядан олинган янги хабарлар сифатида чоп этилганлигини қўшимча қилди.
Умидов, 19 сентабр 1880 йил, Тошкент».
Умидов маълумотномаси ҳошиясида фон Кауфманнинг ўша йил 24 сентябрдаги резолюцияси бўлиб, унда шу фактларни текшириб кўриш буюрилган.
Орадан яна икки ой ўтгач, Туркистон генерал-губернатори Россия ташқи ишлар вазири Н.К.Гирсга шу маълумотнома юзасидан қуйидагича хат ёзади:
«Менинг фармойишимда тургувчи ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Умидов яқинда Қўқонга Бўмбайдан келган савдогарлар томонидан ўзига маълум қилинган собиқ Қўқон хони Худоёр ҳақидаги маълумотларни менга тақдим этди.
Жаноб Умидов ёзма баёноти нусхасини юборар эканман, Сиз олий ҳазратдан, Худоёрхон хусусида Англия ҳукумати билан қандайдир ёзишмалар бўлганми-йўқми эканидан, шунингдек Сиз олий ҳазрат жаноб Умидовнинг эслатилган маълумотида кўрсатилган баъзи фактларни, чунончи, Худоёрхоннинг Лондонга борганлиги, у ерда кутиб олинганлиги, шунингдек, Худоёрхоннинг Бўмбайдаги ҳозирги аҳволи (агар у чиндан ҳам Бўмбайда бўлса) ҳақидаги фактларни текшириб кўриш мумкинми эканидан мени бехабар қолдирмаслигингизни ўтиниб сўраш шарафига нойилман», деб ёзгач, «Собиқ Қўқон хони Худоёр ҳақида ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Умидов томонидан билдирилган маълумотлар» дея биз юқорида келтирган маълумотноманинг тўла матнини илова қилади.
Хуллас, Англия ҳукумати билан собиқ Қўқон хонининг муносабатларига Туркистон генерал-губернатори дарҳол қизиқиб қолади ва ундаги энг муҳим нуқталарни Петербургдаги шу соҳага мутасадди йирик амалдорлар орқали аниқлаш тараддудига тушади.
Лекин шуниси ҳам борки, Республика Марказий архивидаги генерал-губернаторлик фондида фон Кауфманнинг бу мактубига Н.К.Гирс томонидан берилган жавоб хатига дуч келмадик. Бунинг сабаби аниқ эмас. Балки император аъёнлари бу гапнинг шов-шувга айланиб кетишидан чўчигандир, балки жавоб келгану бирор сабаб билан йўқолган ёки бирор киши билмас бурчакда сақланиб ётгандир. Ҳарқалай, шамол бўлмаса, дарахтнинг шохи қимирламаганидек, Умидов маълумотномасида камоли жиддият билан билдирилган бу воқеаларнинг мустаҳкам асоси бор.
Худоёрхондан бир неча йил аввал Бухоро хонлиги ҳукмфармоси амир Музаффар ҳам ўз юртини рус босқинчиларидан озод этишда ёрдам беришни сўраб Англия ҳукуматига мурожаат этганлиги тарихдан маълум. Лекин амир Музаффар қиролича Викторияга эмас, балки Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги олий комиссарига Аббосхожа деган одамни элчи сифатида юборган ва у орқали ўз махфий мактубини ҳам жўнатган эди. Мактубда, жумладан, қуйидаги гаплар ёзилган: «… бир гуруҳ рус тоифасидаги одамлар бу ерни (Бухоро амирлиги ҳудудларини демоқчи) ўз тасарруфига олишга киришдилар ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳли уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли босқинчиликка қарши чиқа олмади ва натижада айрим қитъаларни руслар босиб олдилар, тақдир тақозоси билан у ерлар рус қўли остига ўтиб қолди… Ҳозирги вақтда Ислом аҳли руслардан қутула оладилар ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб, Сизга мурожаат этадилар. Ҳозир ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ… Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз».
Форс тилида битилган бу мактубни ўзбекчага ўгириб, факсимиле билан бирга «Тафаккур»нинг 1999 йил 1-сонида эълон қилдирган профессор Н.Исматуллаев хатни 1870 йилга мансуб деб ҳисоблайди. Аммо мактубга ҳеч қандай жавоб ҳам, Британия империяси билан Бухоро амирлиги муносабатларида бирор ижобий ўзгариш ҳам бўлмайди.
Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега Бўмбайда ҳам, Лондонда ҳам собиқ Қўқон хонини дабдабаю асъаса билан кутиб олган, унга дунё-дунё ваъдалар берган инглиз ҳукмдорлари Бухоро амирига номига бўлса ҳам бир дипломатик мактуб юборишни лозим кўрмайдилар? Бизнингча, бунинг сабаби анча илгарига, амир Музаффарнинг отаси амир Насрулло Бухоро хонлигида ҳукмфармолик қилган ХIХ асрнинг 40-йиллари бошига бориб тақалади. Россия императори Николай I 1842 йили Амир Насрулло Қўқон хонлигини босиб олиб, бутун хонлик ҳудудларини амирликнинг бир қисми дея эълон қилиб, Қўқонга Иброҳим хаёл деган нўноқ бир кишини ноиб қилиб, тайинлаганида уни табриклаб, хос элчи орқали мактуб жўнатгани, амирнинг қўлтиғига сув пуркаб, унинг яна ҳам ҳаддан ошишига сабабчи бўлганлиги маълум. Шундан сўнг амир Насрулло Россия империясига хуш ёқадиган ишларни қила бошлаган бир пайтда, яъни 1842 йилнинг иккинчи ярмида Англия ҳукумати Ўрта Осиёдаги уч хонликнинг Россияга тобеъ қилиниши олдини олиш тадбирини кўради.Бу тадбир хонликларнинг ҳар учовини ҳам Россия босқинига қарши курашда ҳамжиҳат қилишни, энг замонавий қуроллар билан таъминлаб, ундан кейин урушга киритишни кўзда тутар эди. Шу мақсадда Англия йирик ҳарбий мутахассислар бўлмиш полковник Стоддарт ва капитан Коннолини махфий вакил сифатида Ўрта Осиёга юборади. Англиялик вакиллар Қўқонда Шералихон ва Хивада Аллоқулихон билан учрашиб, уларга Лондоннинг режаларини маъқуллатадилар. Бироқ Бухорога борганда иш чаппасидан кетади.
Суратда: Худоёрхоннинг ўғиллари: Муҳаммад Аминбек (олдинги қаторда, чапда иккинчи), Ибн Яминбек (иккинчи қаторда, чапдан учинчи), Сайид Умарбек (чапдан тўртинчи), Фансуруллобек (чапдан охирги), ва жияни Назирбек (олдинги қаторда, чапдан иккинчи). Қолганлари неваралари.



Download 129.23 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling