I боб. Жиноят ҳуқуқи махсус қисми тушунчаси, вазифаси, предмети ва тизими


Баданга оғир шикаст етказганлик учун жавобгарликни


Download 1.56 Mb.
bet42/127
Sana09.02.2023
Hajmi1.56 Mb.
#1182750
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   127
Bog'liq
3-Том. сунгги (2)

Баданга оғир шикаст етказганлик учун жавобгарликни
оғирлаштирувчи ҳолатлар
ЖК 104-модда 2-қисмида қуйидаги оғирлаштирувчи ҳолатлар:
а) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
б) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг қариндошларига нисбатан;
в) ўта шафқатсизлик билан;
г) оммавий тартибсизликлар жараёнида;
д) тамагирлик ниятида;
е) безорилик ниятида;
ж) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;
з) диний таассублар замирида;
и) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида;
к) бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан содир этилган баданга оғир шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, оғир тан жароҳати етказишни квалификация қилишнинг мазкур белгилари (алоҳида квалификация қилинадиган белгилар сифатида) ўз мазмуни ва квалмфмкацияси хусусиятларига кўра юқорида кўриб чиқилган ЖК 97-моддаси 2-қисми таҳлилининг белгиларига мувофиқ келади. Шу билан бирга уларнинг айримлари ўз хос хусусиятларга эга бўлиб, мазкур белгиларни қўллаш бўйича Олий суд Пленуми қарорларининг раҳбарий кўрсатмалари мавжуд, уларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
“Масалан, қилмишни ЖК 104-моддаси 2-қисми “а” банди билан квалификация қилишда айбдор томонидан тан жароҳатлари етказилишига қадар унга жабрланувчининг ҳомиладорлиги аён бўлиши лозим”.1
Сўзсиз, агарда аёлнинг ҳомиладорлиги анча муддатни ташкил этса, ҳомиладорлик белгилари кўриниб туради, бунда қилмишни квалификация қилиш қийин бўлмайди. Лекин агар жабрланувчининг ҳомиладорлиги қисқа муддатни ташкил этса, унинг ҳомиладорлиги эса айбдорга аён бўлмаса ва унда жабрланувчига фақат тан жароҳати етказиш мақсади бўлса, бу ҳолат ЖК 104-моддаси 1-қисмининг белгиси ҳисобланади.
Бундай ҳолатда қилмишни ЖК 104-моддаси 1-қисми “а” банди билан квалификация қилишда “аёлнинг ҳомиладор эканлиги ҳолати унинг баданига шикаст етказилгунга қадар айбдорга маълум бўлган бўлиши лозим. Бунда қилмишни мазкур белги билан квалификация қилиш учун ҳомилани туширишга нисбатан қасд мавжуд бўлиши, айбдорнинг ҳаракатлари ҳомиланинг тушишига олиб келмаган ҳолларда эса, баданга бошқа, тегишлича, оғир, ўртача оғир шикаст етказилган бўлиши шарт. Акс ҳолда, ҳаракатлар, келиб чиққан оқибатлар бўйича, Жиноят кодексининг баданга қасддан шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддаси билан квалификация қилинади.”2
Мазкур ҳолатда содир этилган қилмиш келиб чиққан оқибатни очган ҳолда айбдорнинг қасди жабрланувчининг ҳомиласи тушиши мумкинлигига кўзи етиши билан қамраб олинганлигини аниқлаш лозим (эгри қасд). Агар айбдор жабрланувчининг ҳомиласи тушишига тўғри қасд билан ҳаракат қилган бўлса, лекин бундай оқибат унга боғлиқ бўлмаган ҳолда келиб чиқмаган бўлса, жиноят охирига етказилмаган саналиб, қилмиш ЖК 25-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми “а” банди билан квалификация қилиниши лозим.
Ўз хизмат вазифаси ва фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига айбдор томонидан унинг ўз хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида, шунингдек, бундай вазифани амалга оширгани учун ундан ўч олиш мақсадида оғир тан жароҳати етказилган бўлса, қилмиш ЖК 104-моддаси 2-қсми “б” банди билан квалификация қилиниши лозим.
“Фуқаролик бурчини бажариш деганда, жумладан, инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган мажбуриятларни бажаришга қаратилган ҳар қандай қонуний фаолияти тушунилади.”1
Оғир тан жароҳати етказилган қилмишни ЖК 104-моддаси 2-қисми “в” банди билан, яъни ўта шафқатсизлик билан содир этилган деб квалификация қилиш учун айбдорда қилмишни жабрланувчига жисмоний ва руҳий азоб берувчи усуллар орқали амалга ошириш қасди борлигини аниқлаш лозим.
Мазкур ҳолатда ўта шафқатсизлик оғир тан жароҳати етказилишига олиб келган азоблаш ва қийнашда намоён бўлиши мумкин. “Бунда азоблаш деганда, узоқ вақт овқат, сув ёки иссиқликдан маҳрум қилиш каби хўрловчи ҳаракатлар ёхуд инсонни соғлиқ учун зиён етказувчи шароитга солиш ёки унда қолдириш ва ҳоказолар тушунилиши лозим. Қийнаш деганда, кўп марта ёки узоқ вақт давомида оғриқ етказувчи, жумладан, муттасил дўппослаш, чимчилаш, кесиш, ўтмас ёки ўткир-санчилувчи (кесувчи) предметлар билан кўп сонли, бироқ чуқур бўлмаган жароҳатлар етказиш, электр ёки термик омиллар орқали таъсир кўрсатиш ва ҳоказолар билан боғлиқ ҳаракатлар тушунилиши лозим.”1
Шунингдек, худди қасддан одам ўлдириш жинояти каби оғир тан жароҳатлари етказишда ҳам ўта шафқатсизлик жиноятни жабрланувчининг яқин инсонлари (яқин қариндошлари ёки жабрланувчи билан яқин дўстлик муносабатларида бўлган шахслар) олдида айбдор ўз ҳаракатлари билан уларга азоб бераётганлигини англаган ҳолда ҳам содир этилиши мумкин.
Етказилган оғир тан жароҳатининг усули ўта шафқатсизлик билан содир этилганлиги масаласини ҳал қилиш суд-тиббиёт экспертининг эмас, балки тергов ва суд органларининг ваколатига киради.
Кўриб чиқилаётган жиноятни ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди билан, яъни оммавий тартибсизликлар жараёнида баданга қасддан оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш сифатида квалификация қилишда шуни инобатга олиш лозимки, “агар айбдор томонидан оммавий тартибсизликлар жараёнида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказишдан ташқари яксон қилиш, бузиш, ўт қўйиш ва шу каби бошқа жиноятлар содир қилинган бўлса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича”1 ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди ва 244-модда бўйича квалификация қилиниши лозим.
“Баданга қасддан таъмагирлик ниятида, айни пайтда, босқинчилик белгилари мавжуд бўлмаган ҳолда етказилган оғир, ўртача оғир шикаст, тегишлича ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "д" банди билан квалификация қилинади”.2
Агар оғир тан жароҳати босқинчилик натижасида етказилган бўлса, қилмишни ЖК 164-моддаси 3-қисми “г” банди, оғир тан жароҳати етказилиши билан содир этилган босқинчилик сифатида квалификация қилиш лозим.
Баданга қасддан безорилик туйғусида етказилган оғир шикаст ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "е" банди билан квалификация қилинади ва ЖК 277-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди. “Агар айбдор мазкур жиноятдан ташқари яна безорилик жинояти белгилари мавжуд бошқа ҳаракатларни содир этган бўлса, қилмиш ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "е" банди ва 277-моддасининг тегишли қисмида кўрсатилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.”1
“Баданга қасддан етказилган оғир, ўртача оғир шикастни миллатлараро ёки ирқий адоват замирида етказилган (ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "ж" банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг "ж" банди бўйича) деб квалификация қилиш учун айбдор томонидан бундай ҳаракатлар бошқа мотивларда (масалан, муайян жабрланувчига нисбатан рашк, ўч олиш, шахсий келишмовчилик муносабати туфайли) эмас, балки айнан ушбу бандда назарда тутилган мотивда содир этилганлиги аниқланиши лозим.”2
ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "з" банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг "з" банди билан “жабрланувчига нисбатан диний таассублар замирида унинг диний эътиқоди муносабати билан, аксарият ҳолларда, муайян диний конфессия шаъни ва обрўсини камситиш, диний адоват ёки ихтилоф қўзғатиш мақсадида қасддан етказилган, тегишлича, оғир, ўртача оғир шикаст квалификация қилиниши лозим.”3
“Жабрланувчи баданига унинг органлари ёки тўқималарини қонунсиз олиш пайтида етказилган оғир шикаст ҳам, трансплантация мақсадида уни ўз органлари ёки тўқималарини беришга мажбурлаш пайтида етказилган оғир шикаст ҳам ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "и" банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда айбдорнинг ҳаракатлари натижасида киши органи ёки тўқимаси олинган бўлиши шарт бўлмай, унда трансплантат олиш мақсади борлиги аниқланишининг ўзи кифоя.”1
Тирик инсоннинг аъзо ва тўқималарини ажратиб олиш ташқи томондан қонуний (масалан, одам буйрагидаги ўсимтани олиб ташлашни важ қилиб жарроҳлик операцияси орқали шахснинг буйрагини ажратиб олиш) ва ноқонуний (аъзо ва тўқималарини ажратиб олиш мақсадида ўғирланган шахсларнинг аъзоларини ноқонуний операция орқали ажратиб олиш) тарзида амалга оширилиши мумкин.
“Баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказган бир гуруҳ шахсларнинг ҳаракатлари, олдиндан тил бириктирилган ёки бириктирилмаганлигидан қатъи назар, тегишлича, ЖК 104-моддаси иккинчи қисмининг "к" банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг "и" банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст бир гуруҳ шахслар томонидан етказилган деб топиш учун икки ва ундан ортиқ шахс бундай шикаст етказиш мақсадида биргаликда ҳаракат қилиб, уни содир этишда ҳам ижрочи сифатида қатнашган бўлиши керак. Бироқ баданга шикаст улардан ҳар бири томонидан етказилган бўлиши шарт эмас (масалан, гуруҳ иштирокчиларидан бири жабрланувчининг қаршилигини бостирса, айни пайтда бошқаси унга жароҳат етказади). Баданга оғир, ўртача оғир шикаст етказишга қаратилган ҳаракатлар бир шахс томонидан содир этилиши жараёнида унга бошқа шахслар шу мақсадда келиб қўшилганда ҳам бундай жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган деб топилиши керак.”1
ЎзР ЖК 104-моддаси 3-қисмида:
1) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
2) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;
3) ўта хавфли рецидивист томонидан;
4) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган;
5) жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга шикаст етказганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
“Икки ва ундан ортиқ шахс баданига қасддан етказилган оғир шикаст, башарти айбдорнинг ҳаракатлари ягона қасд билан қамраб олинган ва одатда, узлуксиз бир вақтнинг ўзида ёки жуда қисқа вақт ичида содир этилган бўлса, ЖК 104-моддаси учинчи қисмининг "а" банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг "а" банди билан квалификация қилиниши лозим.”1
ЖК 104-моддаси 3-қисми “б” бандига кўра оғир тан жароҳати қасддан икки ёки ундан ортиқ марта, турли вақтларда ва ягона қасд билан қамраб олинмаган ҳолда содир этилган бўлиши лозим.
“Қасддан баданга етказилган оғир, ўртача оғир шикастни, тегишлича, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб квалификация қилиш учун айбдор жиноятнинг ижрочиси ёки бошқа турдаги иштирокчиси эканлиги аҳамият касб этмайди. Айни пайтда, шуни назарда тутиш керакки, айбдор томонидан муқаддам бошқа жиноят содир этилган бўлиб, унинг таркибий қисмини қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказиш ташкил этилганлиги (масалан, шахс муқаддам босқинчилик, терроризм, безорилик, ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш ва ҳоказо жиноятларни содир этган бўлса) қилмишни ЖК 104-моддаси учинчи қисмининг "б" банди, 105-моддаси иккинчи қисмининг "к" банди билан такрорийлик белгиси бўйича квалификация қилиш учун асос бўлмайди.
Иштирокчиликда баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказилганда, такрорийлик сифатидаги квалификация белгиси, фақат ушбу белгига лойиқ айбдорга нисбатан қўлланилиб, бошқа иштирокчиларга нисбатан қўлланилиши истисно этилади.”2
Ўта хавфли рецидивист ҳамда уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки унинг манфаатини кўзлаб етказилган оғир тан жароҳатини квалификация қилишнинг ўзига хос жиҳатларини 97-модда 2-қисмининг таҳлилида кўришингиз мумкин.
Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан оғир тан жароҳати етказиш (ЖК 104-моддаси 3-қисми “д” банди)да авваламбор жабрланувчига оғир тан жароҳати етказилиши, яъни ЖК 104-моддаси аломатларидан бири бўлиши лозим. Жабрланувчини уриш, дўппослаш, унга енгил тан жароҳатлари етказиш, эҳтиётсизлик оқибатида унинг ўлимига олиб келган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари 102-модда (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) билан квалификация қилиниши лозим.
Агар жабрланувчига унинг ўлимига сабаб бўлган ўртача оғир тан жароҳатлари етказилган бўлса, айбдор ҳаракатдарини жиноятлар жами бўйича 105-модда (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 102-модда (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) билан квалификация қилиниши лозим.
Қилмишни бундай квалификация қилиш учун айбдор мазкур ҳолат бўйича сабабий боғланишнинг бундай ривожланишига кўзи етиши мумкинлиги ва лозимлиги аниқланиши зарур. Акс ҳолда унинг ҳаракатлари фақат 105-модда билан квалификация қилиниши лозим.
Кўриб чиқилаётган жиноят билан қасддан одам ўлдиришни бир-биридан ажратишдаги қийинчилик шу билан боғлиқки, уларнинг объектив томони ўз моҳиятига кўра бир хил. Ҳар иккала ҳолатда ҳам жабрланувчига оғир тан жароҳатдари етказилиб, бир хил оқибат – жабрланувчининг ўлими келиб чиқади. Мазкур жиноятлар қоида тариқасида бир хил усулда ва бир хил қуролдан фойдаланган ҳолда содир этилади. Айрим ҳолларда қилмиш субъектив томонининг мотиви (рашк, безорилик ниятлари, ўч олиш ва б.) ҳам бир хил бўлиши мумкин.
Шунингдек, худди қасддан одам ўлдириш каби айбдор ҳаракатдарини ЖК 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан квалификация қилиш учун етказилган оғир тан жароҳати ҳамда келиб чиққан ўлим ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш лозим.
Мазкур жиноятларни бир-биридан ажратувчи асосий омил бу жабрланувчиннинг ўлими юзага келган вақт эмас, балки айбдорнинг келиб чиққан оқибатга бўлган руҳий муносабати ҳисобланади.
ЖК 104-моддаси 3-қисми “д” бандидаги жиноятларнинг субъектив томони ўзига хослиги билан ажралиб туради ва етказилган оғир тан жароҳати билан юзага келган оқибатда айбдорнинг айбини алоҳида аниқлашни талаб этади, яъни бундай ҳолатда айбнинг мураккаб шакли вужудга келади. ЖК 104-моддаси 3-қисми “д” бандидаги жиноят мураккаб таркибли ҳисобланади. Унда бир жиноят таркибида 2 та қилмиш намоён бўлади – қасддан оғир тан жароҳати етказиш ва қасддан одам ўлдириш. Шу муносабат билан агар айбдор ҳаракатларида оғир тан жароҳати етказилишига тўғри ёки эгри қасд ва жабрланувчининг ўлимига шнисбатан эса айбнинг эҳтиётсизлик шакли мавжуд бўлса, унинг ҳаракатлари ЖК 104-моддаси 3-қисми “д” банди бўйича жабрланувчининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳати етказиш сифатида баҳоланиши лозим.
Шуни яна бир маротаба таъкидлаш лозимки, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш билан қасддан одама ўлдириш жиноятларининг таркибидаги фарқ айбдор қасдининг мазмуни ва унинг нимага қаратилганлигида намоён бўлади.
Агар айбдорнинг қасди жабрланувчини ҳаётдан маҳрум қилишга қаратилган ёки бундай оқибат келиб чиқиши унинг қасди билан қамраб олинган бўлса, унинг ҳаракатлари ЖКнинг одам ўлдириш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси билан квалификация қилинади.
Айбдорнинг қасди таркиби масаласини ҳал қилишда судлар барча ҳолатлар бирикмасидан келиб чиқиб, хусусан жиноятнинг усуллари ва қуроллари, тан жароҳатларининг даражаси, характери ва уларни бартараф этиш мумкинлиги, масалан, ҳаётий муҳим аъзоларга етказилганлиги, жиноий ҳаракатларнинг тўхтатилиш сабаблари, шунингдек, айбдор ва жабрланувчининг олдинги ҳаракатлари, жиноят содир этилиши олдидан улар ўртасидаги муносабатларни инобатга олиши лозим.
Судлар баданга қасддан етказилган ва жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган оғир шикастни эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдиришдан фарқлашлари лозим. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдиришда айбдорда жабрланувчи баданига оғир шикаст етказишга нисбатан ҳам, уни ўлдириб қўйишга нисбатан ҳам қасд бўлмаслиги тақозо этилса, жабрланувчи баданига унинг ўлишига сабаб бўлган оғир шикаст етказилганда эса, шахснинг қасди жабрланувчига шундай шикаст етказишга қаратилган бўлади.”1
“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Қарорига мувофиқ “ЖК 104-моддаси иккинчи ёки учинчи қисмлари, 105-моддаси иккинчи қисмининг икки ва ундан ортиқ бандларида назарда тутилган квалификация белгилари мавжуд бўлган ҳолда баданга қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказиш ушбу бандларнинг барчаси билан квалификация қилинади. Бундай ҳолларда жазо бир неча квалификация белгиси мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда тайинланиши лозим.
Айбдорнинг ҳаракатларида ЖК 104-моддасининг ҳам иккинчи, ҳам учинчи қисмларида назарда тутилган квалификация белгилари мавжуд бўлган ҳолларда, барча қилмиш ЖК 104-моддасининг учинчи қисми бўйича квалификация қилиниши лозим бўлиб, бироқ шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этиш тўғрисидаги қарорда ва ҳукмда барча квалификация белгилари кўрсатилиши шарт.”1
Айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 104-моддаси 1-қисмидаги бир неча белгилар бўйича квалификация қилишда қасддан баданга оғир шикаст етказиш (худди қасддан одам ўлдириш сингари) квалификация белгилари сифатида ЖК 104-моддаси 2-қисмининг 2 ёки ундан ортиқ банди билан бир-бири билан боғлиқ мотив ва мақсадларни (масалан, таъмагирлик ва безорилик ниятлари) назарда тутган.
Кўриб чиқилаётган жиноят турини квалификация қилишда шунингдек, шуни эътиборга олиш лозимки, “агар айбдор қўллаган зўрлик жабрланувчини дўппослаш, унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишга сабаб бўлса, жабрланувчи баданига оғир шикаст (ёки жабрланувчининг ўлими) айбдорнинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича (масалан, зарбадан сўнг йиқилиш натижасида) келиб чиққан бўлса, айбдор оқибатига кўзи етмаган, бироқ кўзи етиши шарт ва мумкин бўлган ёхуд кўзи етса-да, етарли асосларсиз унинг олдини олишни мўлжаллаб қилган ҳаракатлари натижасида келиб чиққан оқибатлар ЖК 111 ёки 102-моддалари билан квалификация қилинади. Бундай пайтда баданга қасддан етказилган шикастлар алоҳида юридик баҳоланиши лозим. Бундай ҳаракатларда жиноий жазога сазовор қилмиш белгилари мавжуд бўлса жавобгарлик жиноятлар мажмуи бўйича келиб чиқади.”1



Download 1.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   38   39   40   41   42   43   44   45   ...   127




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling