I–боб. Минтақанинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида иқтисодий ўсишни таъминлашнинг илмий-назарий асослари
Download 100.31 Kb.
|
1.1. исправлен
I–БОБ. МИНТАҚАНИНГ МАВЖУД САЛОҲИЯТИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ АСОСИДА ИҚТИСОДИЙ ЎСИШНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ 1.1. Иқтисодий салоҳият ва минтақалар иқтисодий ўсишини таъминлашнинг илмий назарий асослари Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ҳудудларда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланишга кенг эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларида айнан макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ҳамда вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш, бевосита ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, халқнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш йўналишлари алоҳида кўрсатиб берилди1. Иқтисодий фанларда илгаридан маълум бўлган “салоҳият” атамаси иқтисодий адабиётларда кейинги йилларда кенг ишлатила бошланди. Бу сўз лотинча potintia сўзидан олинган бўлиб имконият, куч-кудратнинг мавжудлигини билдиради. Мазкур атаманинг мазмунини кенг миқиёсда талқин қилиш уни имкониятлар, воситалар, захиралар манбаи сифатида қараб чикишдан иборат. У қандайдир бир вазифани ҳал килиш ёки муайян мақсадга эришиш, ёхуд алоҳида шахс, жамият, давлатнинг муайян соҳадаги имкониятларини ишга тушириш ва улардан фойдаланишни билдиради. “Салоҳият” атамаси бирор субъектда яширин, ўзини ҳали тўлиқ намоён қилмаган имкониятлар мавжудлигини билдиради, бу имкониятлар объектив ёки субъектив шарт-шароитларга мувофиқ уларнинг фаолият соҳасида ўзини намоён этмаган бўлади. Оксфорд луғатида иқтисодий салоҳият бу – рақобатбардошликни таъминлайдиган қувват ва имконият даражаси деб таъриф берилган2. А.Ю.Чаленко эса иқтисодий салоҳиятни мавжуд бўлган ресурслар тўплами, шунингдек, хўжалик фаолияти субъектларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий муносабатлари натижаси деб тавсифлаган3. Иқтисодий салоҳият миллий, минтақавий хўжалик тизимини ташкил этишда муҳим асос ҳисобланади. Иқтисодий салоҳиятнинг ҳажми ишлаб чиқариш кучларининг ривожланганлиги, мамлакатнинг рақобатбардошлиги, корхоналарнинг капиталлашув даражасини кўрсатади4. Минтақанинг иқтисодий салоҳияти деганда, минтақа иқтисодиёти ва унинг тармоқлари, корхоналарнинг иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, аҳоли талаблари ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш, истеъмол ва ишлаб чиқаришни ривожланишини таъминлаш қобилиятлари тушунилади. Минтақанинг иқтисодий салоҳияти - миқдор кўрсаткичларида ифодаланиб, шунингдек сифатий хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни реализация қилиш имкониятига эга бўлган минтақа ҳудудий чегарасида жойлашган моддий базанинг умумий йиғиндисидир.5 Минтақанинг иқтисодий салоҳияти бир неча элементлардан иборат бўлган яхлит тизим сифатида қаралиши мумкин. Унинг ташкил этувчилари бўлиб: геосиёсий салоҳият, табиий-ресурс салоҳияти, демографик (меҳнат ) салоҳияти, ишлаб чиқариш салоҳияти, молиявий салоҳият, ташқи иқтисодий салоҳият, инновацион салоҳият ва бошқалар ҳисобланади. Минтақанинг геосиёсий салоҳияти асосан унинг географик жойлашуви билан аниқланади. Ўзбекистон халқаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда қулай геостратегик вазиятга эга. Ўзбекистон чегарадош давлатлар ўртасида фойдали транспорт-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш учун катта транзит салоҳиятига эга. Республика ҳудуди орқали Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган тарихий Буюк ипак йўли ўтади. Бу ерда Европадан Яқин Шарққа ва Осиё-Тинч океани минтақасига олиб борувчи йўллар кесишади. Иқтисодий салоҳият бевосита иқтисодий ресурслар билан боғлиқ. Иқтисодий ресурслар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишнинг асосий омили бўлиб, ресурсларга ёки ишлаб чиқариш омилларига меҳнат, капитал, ер ва тадбиркорлик қобилияти киради. Иқтисодий ресурслар ишлаб чиқаришни ташкил этишда муҳим роль ўйнайди. Улардан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш омиллари эгаларининг даромадининг ошиши, харажатларнинг камайиши, корхоналар фаолияти натижавийлиги ошиши таъминланади. Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бойлик манбаларининг чекланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Маълумки, ҳар қандай маҳсулот ишлаб чиқариш учун икки турдаги бойлик манбаи бўлиши лозим. Ана шу манбаларнинг моддий қисми, яьни ер, ер ости бойликлари, хом ашё, материаллар ва ҳоказолар жамиятда чеклангандир. Шу боисдан ҳам чекланган бойлик манбаларидан унумли фойдаланган жамиятгина талаб даражасида ривожланиши мумкин. Ишлаб чиқариш учун бевосита қатнашадиган меҳнат манбаларининг имконияти ҳам чекланган. Улардан хоҳлаган миқдорда фойдаланишга имкон йўқ. Шу боисдан ҳар бир жамият ўз меҳнат манбаларининг имконият доирасини кенгайтириш чора-тадбирларини белгилаши зарур ва шу асосда улардан юқори даражада фойдаланишга эришилади”6. Ҳудудларнинг ресурс салоҳияти ресурслардан самарали фойдаланиш натижасида жамиятнинг турли эҳтиёжларини қондириш даражаси билан баҳоланади. Ҳар бир ресурс туридан фойдаланиш самарадорлиги ишлаб чиқаришнинг хусусиятларидан келиб чиқиб аниқланади. Ҳудудлар саноатида ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш даражаси ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ошиши, қўлланиладиган ресурслар таркибида юқори сифатли ресурслар улушини ошиши, фойдаланилган ресурслар таркибида инновация, ахборот ва билимларнинг улуши ошиб бориши билан аниқланади7. Юқори табиий-хомашёвий ва шаклланган ишлаб чиқариш салоҳияти мавжудлиги саноат маҳсулотларининг кўплаб турларини ишлаб чиқаришни, импортнинг ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ва кооперация алоқаларини ривожлантиришни таъминлаши мумкин. Республикада экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг муҳим манбалари бўлиб хизмат қиладиган аграр секторни ва қайта ишловчи ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш учун яхши шарт-шароитлар мавжуд. Мамлакат мева-сабзавот маҳсулотлари, ҳўл мева ва узум, пилла, қоракўл тери ва жун етиштириш бўйича МДҲда етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда жаҳон аҳамиятига эга бўлган меъморий-тарихий мерос объектлари ҳамда жозибадор экотизимлар жойлашган. Бу замонавий туризм индустрияси муваффақиятли ривожланишига кўмаклашиши мумкин.8 Фойдали қазилмаларнинг табиатдаги миқдори, фойдаланишдаги мақсадига кўра маьданли ва номаьдан фойдали қазилмаларга бўлинади. Суюқ ва газсимон фойдали қазилмалар алоҳида гуруҳни ташкил этади. Конларнинг геологик ўрганилиш даражаси, геологик тузилмалари, фойдали қазилмалари таркиби ва хоссаларини ўрганиш даражаси, тоғ ишлари миқдори ва характери ҳамда ишлаб чиқариш технологиясига қараб, кон захиралари 4 тоифага бўлинади. Булар: А, В, C1, C2. А тоифага фойдали қазилмаларнинг турлари ва технологик хоссалари ўрганилган захиралари киради. Фойдали қазилмаларнинг В тоифадаги захиралари руда жисмларининг ётиши ҳоллари, табиий турлари ва саноат навлари аниқланиб ҳисобланади. Бундай захиралар қидириб топилган ва чегараланган бўлади. C1 категорияга киритилган фойдали қазилмалар захиралари конларнинг алоҳида участкаларидан олинган технологик намуналарни ўрганиш асосида аниқланади, аммо рудаларнинг хиллари, сифати ва технологик характеристикаси аниқланмаган бўлади9. Захиралар геологик, саноат аҳамиятига молик ва эксплуатация турларига бўлинади. Минерал ресурсларга бўлган талаб вақтга қараб ўзгариб туради ва у жамиятнинг ривожланиш даражасига, ишлаб чиқариш эҳтиёжларига, шунингдек техника тараққиётига ва иқтисодий имкониятига боғлиқ бўлади. Табиий минерал моддалар уларга бўлган эҳтиёж ва амалда улардан фойдаланиш усуллари пайдо бўлгандагина минерал ресурсларга айланади. Техника билан қуролланганлик даражаси қанча юқори бўлса, фойдали қазилмалар ассортименти шунчалик кўп бўлади ва минерал хомашёнинг кўплаб янги турлари саноат ишлаб чиқаришга жалб этилади. Масалан, саноат аҳамиятига эга бўлган тошкўмирдан фақат ХVII аср охиридан, нефтдан ХIХ аср ўрталаридан, алюминий, магний, хром ва нодир элементлар маьданларидан ва калийли тузлардан ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидан, уранли маьданлардан эса ХХ аср ўрталаридан бошлаб фойдали қазилма сифатида фойдаланиб келинмоқда10. Одатда, фойдали қазилмалар захиралари ва прогноз қилинган ресурслар миқдорий жиҳатдан баҳоланади. Дунё ва айрим мамлакатлар минерал-хомашё балансида, ҳар бир фойдали қазилма тури, захираларининг 70-80 фоиздан ортиғи йирик ва жуда катта конлар ҳисобига тўғри келади, қолганлари ўртача катталикдаги ва кўплаб майда конларга жамланган. Умуман қидириб топилган фойдали қазилмаларнинг талайгина қисми маьдан миқдорига нисбатан оз бўлган, ёки катта чуқурликда ва мураккаб тоғ-геологик шароитларда жойлашган конларда жамланган. Ўзбекистон Республикасида ишга солинаётган фойдали қазилма конлари бошқа мамлакатлардан ўзининг жуда катта захиралари билангина эмас, балки қуйидаги бир қатор хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради: биринчидан, табиий ва минерал-хомашё захиралари йирик конларда тўпланган бўлиб, уларни қазиб олинган жойнинг ўзидаёқ комплекс қайта ишлаш имконияти бор; иккинчидан, фойдали қазилмаларнинг кўпгина турлари таркибида фойдали компонентлар юқори даражада бўлибгина қолмай, катта миқдорда йўлдош элементларга ҳам эга; учинчидан, конларнинг кўпчилигида очиқ усулда ишлаш мумкин, рудаларни бойитиш технологияси ҳам нисбатан оддий. Бу технология кўп миқдорда фойдали компонентлар чиқариш ва жаҳон бозорида харидоргир маҳсулот олишни таьминлайди; тўртинчидан, кўпгина фойдали қазилма конлари яхши ўзлаштирилган, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда жойлашган. Улар қулай транспорт инфратузилмаси, шу жумладан суюқ ва газ ҳолатидаги фойдали қазилмалар учун қувур транспортига эга11. Ўзбекистонда Менделеев даврий жадвалининг деярли барча элементлари топилган. Ҳозирда республикада 2900 дан ортиқ фойдали қазилма конлари ва улар намоён бўлган истиқболли жойлар, 100 хилга яқин минерал-хомашё қидириб чамаланган, шундан тахминан 65 туридан ҳозирдаёқ саноатда ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда. 1000 тага яқин кон, шу жумладан 168 та нефт, газ ва конденсат кони, 51 та қимматбаҳо металлар кони, 41 та рангли, нодир ва радиоактив металлар кони, 3 та кўмир кони, 22 та кон - маьдан, 14 та кон - кимёвий ва 24 та ярқирама тош хомашёси кони, 522 та турли мақсадда фойдаланиладиган қурилиш материаллари ва 151 та чучук ва минерал ерости сувлари конлари қидириб чамаланган. Ҳозир уларнинг 45 фоизи фойдаланишга жалб қилинган. Республикамизнинг умумий минерал-хомашё салоҳияти тахминан 3,5 триллион долларни ташкил қилади. Ишлатиш учун тайёрлаб қўйилган фойдали қазилмалар захиралари 1025 млрд. АҚШ долларига баҳоланмоқда. Шуни қайд қилиш керакки, республикада нисбатан қисқа муддат ичида 200 млрд. доллар миқдорида хомашё қазиб олинди. Тайёрлаб қўйилган захиралар негизида республикада 535 та кон, шахта, карьер, нефт-газ конлари, 420 та сув олиш жойлари, балнеологик шифохоналар, шифобахш сувларни қуйиш шохобчалари ишлаб турибди. Ўзлаштиришга тайёрлаб қўйилган минерал-хомашё захиралари нафақат ишлаб турган кон қазиб чиқариш мажмуаларнинг узоқ муддатли истиқболини таьминлайди, балки уларнинг қувватини ошириш, энг муҳим фойдали қазилмалар (олтин, уран, мис, қўрғошин, рух, кумуш, литий, фосфоритлар, калий тузлари, флюорит, кварс-дала-шпат, агрокимёвий маьданлар ва бошқалар) қазиб олишни қайтадан ташкил этиш имконини ҳам беради. Ҳар йили республика конларидан тахминан 5,5 млрд. доллар миқдорда фойдали қазилмалар олинмоқда ва улар ўрнига 6-7 млрд. долларлик янги захиралар қўшилмоқда. Минтақада барқарор ривожланишга ўтиш “ресурслардан фойдаланиш иқтисодиёти”дан “тизимли такрор ишлаб чиқариш ва инновацион иқтисодиёт”га ўтишни англатиши керак. Моҳиятан бу, ижтимоий ривожланишнинг янги тури бўлиб, унда минтақада барқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятга эришилиши узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожланишнинг ишончли шартларини яратиши керак. Шу ўринда ҳозирги рақамли иқтисодиётни ривожлантириш шароитида минтақада иқтисодий ўсишни таъминлаш учун нафақат табиий ресурс салоҳияти ва ундан самарали фойдаланиш, балки иқтисодий салоҳиятнинг бошқа турлари хам махсус эътиборни талаб қилмоқда. Табиий ресурслар минтақанинг ривожланиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Турли рудалар, нефть, газ конларининг мавжудлиги кўпчилик ҳолларда минтақа ривожланишининг асоси бўлиб хизмат қилсада, табиий ресурслар миқдори минтақа ривожланишининг ҳал қилувчи мезони бўла олмайди. Жаҳон иқтисодиётида бой табиий ресурсларга эга давлатлар иқтисодий ривожланишнинг юқори даражасига эришмаганлик ҳолатлари ҳамда аксинча, Япония, Исроил, Жанубий Корея каби мамлакатлар мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш асосида иқтисодий ривожланишнинг юқори кўрсаткичларига эришишди12. Деярли барча мамлакатларда ер ва чекланган табиий ресурслар анъанавий равишда иқтисодий ўсишнинг муҳим шарти сифатида кўриб чиқилар эди. Лекин Япония хамда Осиё тўртликлари ушбу анъанавий тушунчани рад этиб, баъзи ҳолатларда (асосан ҳозирги постиндустриал, юқори технологияларга асосланган жамиятда) табиий ресурс салоҳияти мамлакатнинг истиқболи билан тескари боғлиқ бўлиши мумкинлигини исботлади. Дарҳақиқат, табиий ресурсларга асосланиб ривожланиш жаҳон иқтисодий фанида маълум бўлган “голланд касаллигига” олиб келади13. Ҳозирги кунда иктисодий адабиётларда уй хужалиги, фирмалар, минтақа, давлат ривожланишининг молиявий имкониятлари сифатида «молиявий салоҳият» тушунчаси кенг фойдаланилмокда. Э.А. Исаев минтақанинг молиявий салоҳиятини қуйидаги услубий ёндашувлар асосида кўриб чиққан: давлат, минтақа иктисодий салоҳиятининг махсус шакли сифатида; молиявий муносабатлар ва молиявий ресурслар бирлиги, уларнинг кайта шаклланиши ва ривожланишини ифодаловчи категория; молия тизими ва унинг звенолари орқали акс эттириладиган категория14. Ушбу ёндашувлар «молиявий салоҳият» тушунчасини аниклашда асос сифатида мавжуд молиявий ресурсларни тан олади. Молиявий ресурсларга жорий фаолиятда ва такрор ишлаб чикариш жараёнида хакикатда фойдаланилаётган пул маблагларини киритиш мумкин. Молиявий салоҳият эса, барча манбаларни хисобга олган холда, даромадни потенциал молиявий ресурсларга (шу жумладан инвестицион ресурсларга) айлантириш кобилиятидир. Молиявий ресурсларнинг шаклланиш манбаларига кўра, минтақа молиявий салоҳияти куйидаги элементларни талаб килади: минтақанинг солиқ салоҳияти; минтақанинг бюджет салоҳияти: бюджетлараро муносабатлар (трансфертлар); минтақада фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг молиявий салоҳияти (жорий фаолият ва такрор ишлаб чиқариш жараёнидаги хусусий ва жалб қилинган молиявий маблағлар); аҳолининг молиявий салоҳияти, яъни уй хужаликларининг молиявий ресурслари (даромад ва жамғармалари); молия-кредит тизими салоҳияти, минтақа банк-кредит инфратузилмасини молиявий ресурслари; ташки қарз ва инвестициялар салоҳияти, яъни бошка давлатлардан жалб қилинган молиявий ресурслар йиғиндиси15. Шундай қилиб, минтақанинг молиявий салоҳиятининг асосини жамоавий, корпоратив, хусусий ва давлатлараро молиявий ресурслар ташкил этади. Иктисодиёт тармоқлари, атроф-мухит ва ижтимоий соҳа ушбу маблағларнинг қўлланилиш объекти бўлиши мумкин. Интеграция ва ўзаро хамкорлик жараёнлари ривожланаётган шароитда минтақанинг ташқи иқтисодий фаолияти иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан бирига айланиб бормоқда. Минтақа интеграцион салоҳиятининг муҳим таркибий қисми бўлиб, экспорт салоҳияти ҳисобланади. Экспорт салоҳияти бу – жорий ва башорат қилинадиган бозор шароитларида мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш асосида маҳаллий ва хорижий истеъмолчиларнинг товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжларини шакллантириш ва максимал даражада қондиришнинг реал имкониятларидир16. Натижавий ёндашувга кўра минтақанинг экспорт салоҳияти рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уни жаҳон бозорларида сотиш қобилиятини ифодалайди. Шундай қилиб, экспорт салоҳияти ўз ривожланишида иқтисодиётнинг бошқа таркибий қисмлари сингари баъзи бир қонуниятларга бўйсуниши билан бир қаторда, иқтисодий ўсишнинг потенциал генератори сифатида ҳаракатланиб, иккинчи томондан унинг ривожланишини рағбатлантирадиган иқтисодиётнинг ресурс имкониятларига боғланиб қолади. Минтақанинг ташқи иқтисодий салоҳияти бир неча омиллар таъсирида шаклланади: минтақанинг иқтисодий –географик ҳолати; транспорт инфратузилмасининг ривожланганлик даражаси; минтақа иқтисодиётининг мавжуд тузилмаси; малакали кадрларнинг мавжудлиги; ишлаб чиқариш қувватларининг янгиланиш даражаси; инвестициялаш борасида минтақавий сиёсат хусусиятлари, жумладан давлатнинг инвестицияларни минтақавий қўллаб қувватлаш тизими. Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий жозибадорликни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2019 йил якунлари бўйича мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 3,7 баробарга ўсди. Яъни 2018 йилга нисбатан инвестициялар миқдори 3,1 миллиард долларга ошди ҳамда инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизни ташкил этди17 Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар сингари Бухоро вилоятида ҳам минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қабул қилинган дастурларнинг ижросини таъминлаш натижасида 2021 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,5 бароварга ошиши, унда саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришнинг улуши ҳозирги 29,0 фоиздан 34,0 фоизга, қайта ишловчи тармоқларнинг саноатдаги улуши - 80 фоиздан 85 фоизга ошиши, қишлоқ хўжалигининг улуши 31 фоиздан 25 фоизга камайиши, хизматлар соҳасининг улуши 41 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. 2017-2021 йилларда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича вилоятда умумий қиймати 1 триллион 200 миллиард сўмлик 1000 дан зиёд инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. И.В. Антоненконинг фикрича, инновацион салоҳият деганда, асосан «ресурслар» ва «имкониятлар»нинг йиғиндиси тушунилади. Шунингдек, кўп ҳолларда инновацион салоҳият ресурсларнинг йиғиндиси сифатида қаралади (масалан, молиявий, моддий, интеллектуал ва илмий-техник), чунки булар инновацион фаолиятни амалга ошириш ва инновацион технологиялар, маҳсулотлар ва хизматларни яратишда хизмат қиладилар.18 Ҳудуднинг инновацион салоҳиятини ҳудудда технологик салоҳиятнинг мавжуд бўлиши ва унга таянган ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлиги ва молиявий манбаларнинг талаб қилинганлик даражасида мавжуд бўлиши, ҳудудда интеллектуал салоҳият ва илмий тадқиқот базасининг мавжуд бўлиши ҳамда ахборот-ресурс, таълим тизими ва кадрлар билан таъминланганлик салоҳиятларининг мавжуд бўлиши каби муҳим омиллар белгилайди. Ишлаб чиқариш салоҳияти – табиий ва иқтисодий ресурслар ҳамда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан оқилона фойдаланган ҳолда белгиланган муддатда маълум ҳажмдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти. Ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти табиий ва меҳнат ресурслари, асосий капитал ва фан-техника тараққиётининг ўзаро таъсири жараёнида шаклланади ва бу борада асосий фондлар муҳим аҳамият касб этади19. Умуман олганда, минтақанинг ишлаб чиқариш салоҳияти – мавжуд ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда ташқи муҳит билан ўзаро муносабатлар жараёнида истеъмолчиларни саноат маҳсулотларига бўлган талабни шакллантириш, аниқлаш ва қондириш қобилиятини англатади.20 Инфратузилма салоҳияти транспорт, алоқа, коммуникация, хизматлар соҳаси, банк тизими, биржалар ва бошқа фондлардан таркиб топади. Ишбилармонлик инфратузилмаси салоҳияти ташкилий иқтисодий инновацияларга мойиллиги билан тавсифланади. Интеллектуал салоҳият – бунда янги билимлар, таълим жараёни, билимларнинг тарқалиши иқтисодий ривожланишнинг асосий манбалари ва омилларига айланади. Ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишга интеллектуал салоҳият ва меҳнат унумдорлигини оширувчи бошқа эндоген омиллар орқали «объектга йўналтирилган» ва «лойиҳага йўналтирилган» чораларни амалга ошириш йўли билан эришилади. Самарадорлик омиллари ёрдамида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда «жараёнга йўналтирилган» ва «муҳитга йўналтирилган» моделларни амалда қўллаш кумулятив самарани келтириб чиқарувчи либераллаштириш, ишбилармонлик ва бизнес муҳитини яхшилашга оид омиллар ҳисобига эришилади.21 Бироқ иқтисодий салоҳиятнинг барча элементлари ҳам минтақа иқтисодиёти рақобатбардошлигига таъсир қилмайди, чунки унинг маълум бир қисми иқтисодий фаолиятга жалб қилинмайди.(меҳнатга лаёқатли ёшдаги иш билан банд бўлмаган аҳоли, ишлатилмаётган асосий фондлар, ер, сув ресурслари, фойдали қазилма конлари ва ҳ.к). Бунинг учун жорий хўжалик фаолияти жараёнида фойдаланилаётган иқтисодий салоҳият элементлари тўплами сифатида аниқланиладиган минтақанинг рақобатбардошлик салоҳияти тушунчасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатувчи конфликтоген латент омиллар, биринчи навбатда яширин иқтисодиётнинг таъсирини инобатга олиш лозим. Шунинг учун минтақанинг реал иқтисодий салоҳияти тўғрисида ЯҲМнинг маълум бир фоизини ташкил этувчи яширин иқтисодиётни инобатга олган ҳолда гапириш мумкин. Яширин иқтисодиётнинг иқтисодий ўсишга таъсирини тушуниш бўйича қарама–қарши икки хил ёндашув мавжуд. Биринчидан, ривожланаётган мамлакатларда яширин иқтисодиётнинг расмий иқтисодий ўсиш суръатларига статистик жиҳатдан аҳамиятли бўлган салбий таъсири, иккинчидан, ривожланган мамлакатларда яширин иқтисодиёт ҳамда иқтисодий ўсиш ўртасидаги ижобий корреляциянинг(тўғри боғланиш) мавжудлиги. Яширин иқтисодиётнинг ЯИМ га нисбатан 1 фоизга ошиши ривожланган мамлакатларда иқтисодий ўсишнинг 7,7 фоизга ошиши, ўтиш даври иқтисодиёти бўлган мамлакатларда эса яширин иқтисодиёт нисбий миқдорининг 1 фоизга ошиши расмий сектор иқтисодий ўсишини 9,9 фоизга оширади. Ривожланаётган мамлакатларда эса бошқача ҳолат кузатилади, яъни яширин иқтисодиётнинг 1 фоизга ошиши расмий иқтисодий ўсишни 4,9 фоизга секинлаштиради.22 Ҳозирги кунда яширин иқтисодиёт, кузатилмайдиган иқтисодиёт, норасмий иқтисодиёт тушунчалари кенг ишлатилмоқда. Кузатилмайдиган фаолият турларини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: Яширин, ноқонуний ишлаб чиқариш, норасмий сектор, уй хўжаликларининг ўз шахсий якуний истеъмоли учун ишлаб чиқариши23. Уй хўжаликларининг кузатилмайдиган (яширин) иқтисодиёт билан алоқадорлиги қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши мумкин: уй хўжаликлари яширин ёки ноқонуний секторда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни сотиб олишади; уй хўжаликлари яширин бандлик натижасида даромадга эга бўлишади; уй хўжаликлари бевосита яширин, ноқонуний ёки норасмий секторнинг бир қисми бўлиши ҳамда ўзининг якуний истеъмоли учун ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишади24. Уй хўжалиги секторида уй меҳнати кузатилмайдиган иқтисодий фаолиятнинг бир тури бўлиб ҳисобланади. Уй меҳнати деганда фақатгина оила аъзоларининг ички истеъмолига қаратилган товар ва хизматларни ишлаб чиқариш тушунилади. Илмий адабиётда уй меҳнатини классификациялашнинг қуйидаги асослари ажратиб кўрсатилган: йўналтирилган объектга кўра катта ёшдаги оила аъзоларига хизмат кўрсатиш ҳамда бола парваришлаш; “яратиш – қўллаб қувватлаш” тамойили асосида уй меҳнати оила аъзолари эҳтиёжларига мувофиқ товар ва хизматлар яратиш (масалан, овқат пишириш) ҳамда уй хўжалигига тегишли бўлган товарларнинг истеъмол хусусиятларини сақлаб қолишга қаратилган бўлади (масалан, таъмирлаш ишлари). фаолият натижасига кўра уй меҳнати жисмоний меҳнат(ишлаб чиқариш, масалан экин етиштириш) ва хизмат кўрсатиш (болалар парвариши билан шуғулланиш)га бўлинади.25 Яширин иқтисодиётнинг инқироз шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг омон қолишини таъминлайдиган сафарбарлик функцияси иқтисодий фаолиятнинг турли шаклларини яратишида ифодаланади. Хусусан, ноқонуний секторнинг мавжудлиги қонуний бозорга чиқиш харажатларининг юқорилиги сабабли талабга эга бўлмаган тадбиркорлик салоҳиятини амалга оширишга имкон яратади.26 Юқоридаги фикрлар, яширин иқтисодиётни иқтисодий ўсишни таъминлайдиган минтақа иқтисодий салоҳиятининг бир элементи сифатида кўриб чиқишимизга асос бўлмоқда. Дарҳақиқат яширин иқтисодиёт, унинг таркибий қисми сифатида - уй хўжалиги такрор ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилинган ҳолда, ЯҲМ (ЯИМ) ни яратишда иштирок этади. 2008-2009 йилларда жаҳон иқтисодий инқирози сабабларини ўрганиш бўйича комиссия иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Джозеф Стиглиц бошчилигида аҳоли фаровонлигини баҳолаш учун ЯИМ кўрсаткичидан фойдаланишни танқид қилиб, бир қатор тузатишлар киритишни таклиф этди. Хусусан, макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашни такомиллаштириш йўналишларидан бири сифатида, уй хўжаликларининг кузатиб бўлмайдиган иқтисодий фаолиятининг ҳисобга олиш шартлигини кўрсатиб ўтди.27 Даромаднинг ушбу элементлари ривожланган мамлакатларда даромаднинг 30 фоизни, хамда ривожланаётган мамлакатларда 60 фоизгача ташкил этсада, ЯИМда ҳисобга олинмайди. Шу билан бирга тадқиқотчилар аҳоли қанчалик камбағал бўлса, ЯИМ ҳажмида уй хизматлари шунчалик кўп деган барқарор қонуниятни ҳам таъкидлаб ўтдилар. Агарда шаҳарда уй хўжаликлари даромади 20-30 фоизни ташкил этса, қишлоқ жойларда томорқа маҳсулотлари ёки чорвачилик, паррандачилик билан бирга 70-80 фоизга етиши мумкин.28 Иқтисодий ўсиш бевосита ялпи миллий маҳсулот миқдорининг мутлоқ ва аҳоли жон бошига ҳамда иқтисодий ресурс харажатлари бирлиги ҳисобига кўпайиши ҳамда сифатнинг яхшиланишида ва таркибининг такомиллашувида ифодаланади. АҚШнинг Global Finance иқтисодий журнали томонидан 189 давлат кўрсаткичлари инобатга олинган рўйхатда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми бўйича Ўзбекистон 127-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 6452 доллар ЯИМ ҳажми тўғри келади. Айни пайтда, ушбу кўрсаткич Россияда – 26 109, Қозоғистонда – 25 670, Озарбайжонда – 17 700 долларни, ривожланган мамлакатлардан: Швейцарияда –59 400, АҚШда – 57 300, Германияда – 48 200, Японияда 38 900 долларни ташкил этади29. Шунингдек, иқтисодий ўсиш тўла бандлик билан мужассамлашган ишлаб чиқариш реал ҳажмининг узоқ муддат мобайнида ўсишидир. Бевосита бандликни таъминлашда ҳам яширин иқтисодиётнинг ўз ўрни бор. Чунки расмий статистика маълумотларини таҳлил қиладиган бўлсак, иш билан банд бўлмаган аҳолининг маълум бир қисми, яширин иқтисодиётда ёки уй хўжалигида иш билан банд бўлади. Мисол учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосан 2018 йилда Бухоро вилоятида меҳнат ресурслари 1077,8 минг кишини, иқтисодиётда банд бўлганлар эса 810,1 минг кишини ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги фарқнинг 267,7 минг кишини ташкил этиши, банд бўлмаганларнинг маълум бир қисми яширин фаолият олиб бораётганликларидан далолат беради. Жумладан, кўпчилик аёлларимиз иқтисодиётнинг яширин секторида фаолият юритиб, аҳолига маиший хизмат кўрсатишмоқда, мисол учун: репетиторлик, энагалик, уй хизматчиси ва бошқалар. Ушбу уй хўжалиги аъзоларининг расмий даромад манбаларига эга бўлишмаса ҳам, расмий фаолият юритишга хоҳиш истаклари мавжуд эмас. «Иқтисодий ўсиш» тушунчаси замонавий илмий фанда етарлича таҳлил қилинган. «Иқтисодий ўсиш» атамасига нисбатан турли ёндашувларни кўриб чиқиб, қуйидагиларни ажратиш зарур: мутлақ миқдорий иқтисодий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан (ЯИМ, миллий даромад, миллий бойлик кўрсаткичи, олтин-валюта захиралари ҳажмининг ўзгариши); нисбий миқдорий иқтисодий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан (аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, аҳоли жон бошига ўртача даромад миқдори, аҳоли жон бошига истеъмол, жамғармалар, инвестициялар ҳажмининг ўзгариши); сифат кўрсаткичлари нуқтаи-назаридан (аҳоли маълумоти ва саломатлиги даражасининг, иқтисодиёт тармоқ таркибининг, қишлоқ хўжалиги, хомашё ва қазиб чиқарувчи саноат тармоқлари улушининг, инфратузилма даражасининг, ижтимоий ва сиёсий барқарорлик даражасининг, атроф муҳит ҳолатининг ўзгариши). Юқорида келтирилган ёндашувларни кўриб чиқишда «иқтисодий ўсиш» тушунчасини таърифлаш муаммоси юзага келади. Масалан, Лавров иқтисодий ўсишни нисбий миқдорий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан кўриб чиқади ва буни қуйидагича ифодалайди: Бир томондан, сифат кўрсаткичларининг ўзгариши ташқи омиллар (хусусан, ФТТ ютуқлари, моддий ва пул ресурслари, ишчи кучи, аҳоли миграцияси) таъсирига дучор бўлган. Иккинчи томондан, абсолют миқдорий кўрсаткичларнинг ўзгариши экстенсив омилларга, хусусан, хорижий инвестициялар оқимига, жаҳон конъюнктурасига, банд аҳоли сонининг ўзгариши ва ҳоказоларга кучли боғлиқ.30 Лавров ва Капогузов иқтисодий ўсишга аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмининг ўтган даврга (календарь йилига) нисбатан ошиши сифатида таъриф беради. Иқтисодий ўсиш – бу муайян даврда яратилган товарлар ва хизматлар ҳажмининг ошиши (потенциал ва реал ЯИМнинг ошиши), мамлакат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши. Иқтисодий ўсиш ишлаб чиқариш натижалари ва ишлаб чиқариш омилларининг миқдорий ва сифатий ўзгаришини англатади.31 Ҳар бир мамлакат иқтисодий ўсишни таъминлашга интилади, чунки иқтисодий ўсиш, биринчидан, миллий маҳсулот ҳажми ва даромаднинг кўпайишига, иккинчидан, ресурслардан самарали фойдаланишга, учинчидан, янги-янги эҳтиёжлар ва имкониятларнинг пайдо бўлишига, тўртинчидан, халқаро бозорларда мамлакат нуфузининг ошишига олиб келади. Иқтисодий ўсиш бўйича кўплаб иқтисодчи олимлар томонидан илмий-амалий изланишлар олиб борилган бўлиб, улар томонидан иқтисодий ўсишнинг механизмлари ўрганилиб, иқтисодий ўсиш моделлари тузилган. Ҳозирги кунда иқтисодиёт назариясига кўра иқтисодий ўсиш моделларини 3 асосий гуруҳларга ажратиб кўрсатилади: кейнсча ва неокейнсча иқтисодий ўсиш моделлари, неоклассик иқтисодий ўсиш моделлари, ҳозирги замонавий иқтисодий ўсиш моделлари.32 Иқтисодий ўсиш турли нуқтаи-назарлар орқали ўрганилиши сабабли, унинг интенсив ва экстенсив турларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Экстенсив иқтисодий ўсиш табиий ресурслар, ишчи кучи ва капитал каби ишлаб чиқариш омилларини қўшимча жалб қилиш ва фақат уларнинг миқдорий ошиши ҳисобига рўй беради. Бунда уларнинг сифат ва техникавий даражаси ўзгармасдан қолади. Интенсив иқтисодий ўсиш эса илмий-техникавий базани такомиллаштириш ва барча ишлаб чиқариш омилларидан самарали фойдаланиб, меҳнат унумдорлигини ошириш орқали таъминланади. Интенсив йўл ишлаб чиқаришга жалб этилган ресурсларнинг ҳар бир бирлигидан олинадиган самаранинг, пировард маҳсулот миқдорининг ўсишида, маҳсулот сифатининг ошишида ўз ифодасини топади.33 Иқтисодий ўсиш доимо иқтисодий ва ноиқтисодий омиллар таъсири натижасида келиб чиқади. Иқтисодий назарияда иқтисодий ўсиш омиллари деганда ишлаб чиқаришнинг реал ҳажмини кўпайтириш, ўсиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имкониятларини белгилайдиган ҳодисалар ва жараёнлар тушунилади. Иқтисодий омилларга фойдаланилаётган ресурслар миқдорини ошириш ва сифатини такомиллаштириш омиллари кирса, ноиқтисодий омиллар ўз ичига сиёсий, ҳарбий, географик, миллий ва маданий омилларни олади.34 К.Р. Макконнелл ҳамда С.Л. Брю ўзининг классик асарларида иқтисодий ўсишни қуйидаги омиллар орқали аниқланилиши хусусида тўхталиб ўтишган: табиий ресурсларнинг миқдори ва сифати; меҳнат ресурсларининг миқдори ва сифати; капитал ресурслар; технологиялар. Иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлиги энг аввало унинг қандай омиллар эвазига таъминланаётганлигига боғлиқ. Чунки, ташқи бозорга хомашё ресурсларини сотиш эвазига миллий маҳсулот ўсишини таъминлаб келган кўплаб мамлакатлар, жаҳон бозорида хомашё ресурслари нархи пасайганда мушкул ҳолатга тушиб қоладилар. Мазкур хомашёларнинг нисбатан юқори нархлари шароитида тузилган ривожланиш стратегиялари муваффақиятсизликка учраб, улар инқироз “кўчалари”га кириб қоладилар. Иқтисодий ўсиш “чекланган ресурслар” муаммосини енгиллаштиради. “Ресурслар тугаши қаерда кузатилмоқда?” деган саволнинг туғилиши табиий албатта. Бу саволнинг жавоби далилларга нисбатан кишиларнинг тахминларида кўринади. Лекин шундай бўлса ҳам, тахминлар ҳақиқатни ўрнини босолмайди. Бу ерда гап йўқолиб бораётган ресурслар ўрнига яратилаётган альтернатив ресурслар тўғрисида кетяпти. Масалан нефть, ўғитлар, оптик толалар, мобил телефонларнинг яратилиши. Ўрта асрларда инсоният нефть хусусиятлари тўғрисида етарли билимларга эга бўлмаган, 1900 йилдан бошлаб, электр энергияси кенг қўлланила бошланди, энди эса унинг етишмаслик хавфи каби муаммолар пайдо бўла бошлади. Демак, энди ресурслар чекланганлиги, уларнинг камайиб бораётганлиги эмас, балки унинг ўрнини босувчи янги ресурсларни яратиш тўғрисидаги билимлар етишмаяпти. Иқтисодий ўсишни янги билимларга асосланган миллий иқтисодиётнинг инновацион ривожланиши деб тушуниш керак35. А.Н. Фоломьев ва Г.Я. Киперман инновацияларни янги маҳсулотлар, технологиялар ҳамда хизматларни яратишга қаратилган ва маълум бир имкониятларга эга бўлган ижодий меҳнат маҳсули деб қарашади. А.Харман, Р.Джонс эса инновация остида ишлаб чиқариш жараёнига янги ёки мавжуд бўлган эскисининг такомиллашган вариантини татбиқ этишни тушунадилар.36 Минтақада барқарор ривожланишга ўтиш “ресурслардан фойдаланиш иқтисодиёти”дан “тизимли такрор ишлаб чиқариш ва инновацион иқтисодиёт”га ўтишни англатиши керак. Моҳиятан бу ижтимоий ривожланишнинг янги тури бўлиб, унда минтақада барқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятга эришилиши узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожланишнинг ишончли шартларини яратиши керак. Минтақада иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий шарти бўлиб - пировардида ҳудуднинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий салоҳияти билан белгиланадиган иқтисодиётни рақобатбардош тармоқларини шакллантиришдир. Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиқиб, минтақанинг иқтисодий салоҳиятига ўзимизнинг қуйидаги таърифимизни беришимиз мумкин. Минтақанинг иқтисодий салоҳияти бу - иқтисодий ишлаб чиқариш фаолиятида аҳоли ва жамият эҳтиёжларини қондириш мақсадида товар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин бўлган минтақадаги мавжуд маблағлар, имкониятлар ва манбалар йиғиндиси. Бизнинг фикримизча, минтақанинг иқтисодий салоҳияти бир-бири билан алоқадор бўлган табиий-ресурс салоҳияти, геосиёсий салоҳият, ишлаб чиқариш салоҳияти, инфратузилма салоҳияти, меҳнат салоҳияти, молиявий салоҳият, инвестицион салоҳият, ташқи иқтисодий салоҳият, интеллектуал ва инновацион салоҳият йиғиндисидан таркиб топади (1-расм). Шунингдек, ҳозирги рақамли иқтисодиёт шароитида минтақанинг иқтисодий салоҳияти элементларига рақамли салоҳиятни ҳам киритиш лозим деб ўйлаймиз. Чунки ҳозирги вақтда иқтисодиётни биз ахборот коммуникация технологияларисиз (АКТ) тасаввур қилиш қийин. АКТ халқаро иқтисодий интеграция самарадорлигига, ҳаёт даражаси ошишига ва рақамли бўшлиқнинг қисқаришига хизмат қилади.37 Молиявий салоҳият Геосиёсий салоҳият Табиий ресурс салоҳияти Ишлаб чиқариш салоҳияти Инфратузилма салоҳияти МИНТАҚАНИНГ ИҚТИСОДИЙ САЛОҲИЯТИ Инновацион салоҳият Меҳнат салоҳияти Ташқи иқтисодий салоҳият Рақамли салоҳият Интеллектуал салоҳият Инвестицион салоҳият Яширин салоҳият Уй хўжаликлари салоҳияти Download 100.31 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling