Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Ибтидоий тарих фанининг вужудга келиши
Download 1 Mb.
|
I J T kitob
3. Ибтидоий тарих фанининг вужудга келиши
Буюк географик кашфиётчилик йиллари кишиликнинг энг қадимги ҳаётини ифодаловчи бой материаллар тўпланди. Бу манбаларни ўрганиш асносида ибтидоий давр тарихи ҳақида ҳар хил фикрлар, таълимотлар, қисман афсонавий фикрлар бир қатор кўпайди. Айниқса, Янги дунё бўйича тўпланган манбалар ибтидоий ҳаётни бирмунча ойдин тасаввур қилишга омил бўлиб хизмат қилди. Бу борада миссионер Жозеф-Франсуа Лафито (1670-1740) Америка ҳиндларининг этнографиясини ўрганиб, Шимолий Америкада яшовчи ирокезлар ва гуронлар орасида яшаб, кенг маънода кузатишлар олиб борган. У бу маҳаллий аҳоли турмушида ибтидоий анъаналарнинг кучли сақланиб қолганлигини кузатиб, инсониятнинг ибтидоий даврни бошдан кечирганлиги ҳақида дастлабки тарихий-услубий фикрларни илгари қўя бошлайди. Шу асосда аста-секин тарихан таққослаш усуллари вужудга келди. Йиллар ўтиши билан умуминсоний тараққиёт ҳақидаги фикрлар туғила бошлайди. Бу тушунча асносида «ёввойи халқлар» инсониятнинг ўтмиш босқичи бўлиши мумкин, деган тарихий хулосалар рўёбга чиқа бошлайди. XVIII асрда яшаган буюк фикрдошлар Руссо, Дидро, Монтескье, Вольтер, Кондарес ва бошқалар инсониятнинг илк тарихий босқичларини «олтин аср» деб тушунтиришга уриниб, тарихий ўтмишни илоҳийлаштиришга ҳаракат қилганлар. Ибтидоий жамият ҳақида бирмунча тарихан тўғри фикрлар Жан Антуан Кондарес (1743-1794) асарларида кузатилинади. У биринчи бор одамзод тараққиёти кетма-кетликда ривож топган ва бу ҳолатни одамзод жамоаларининг хўжалик юритишида пайқаш мумкин, деган фикрни илгари қўйиб, одамлар овчиликдан балиқчиликка ўтган, сўнгра ҳайвонларни хонакилаштириш ва деҳқончиликка ўтган, деб бир қатор тўғри тасаввурларни илгари суради. Унинг фикрича, ҳар бир шундай хўжаликка ўтиш жамият тузумидан гувоҳлик беради, деб тарихийликка анча яқин фикрларни ёзиб қолдирган. Масалан, у «иккинчи босқичда», «чўпон – чорвадор халқлар» пайдо бўлади, деб айтади. Бу вақтга келиб асирлар қулга айлантирилади, зодагон оилалар пайдо бўлади, дастлабки қоидалар вужудга келади, зодагон оилалардан доҳийлар пайдо бўлади, хусусий мулкчиликка талаб ошади. Кондареснинг фикрича, бундай ўзгаришлар одамларнинг ақл-заковатига боғлиқ бўлган, деган тушунчалар келиб чиқади. Одамзод жамиятининг ўтмишни тарихан бирмунча реал тарзда фикрлайдиган олимлардан бири шотландиялик Адам Фергюсон (1723-1816) эди. У ўзининг «Фуқаролар жамияти тарихи» асарида ҳозирги давр одамлари жамиятида ибтидоийликнинг сарқит – излари айтарли даражада сақланганлигини ёзган. Кўпгина сайёҳ географларнинг тўплаган этнографик манбалари бўйича энг қадимги одамларнинг турмуш ҳаётини тасаввур қилиш мумкин. Шу боисдан Фергюсан жамият тарихини уч босқичга: ёввойилик, варварлик ва цивилизация даврларига бўлади. Бу даврлашнинг ёввойилик ва ваҳшийлик даврларида овчиликдан балиқчилик, ундан деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари пайдо бўлиб, хусусий мулк ташкил топади, деб ёзган эди у. Айнан шундай фикрлаш билан бу олим тарихий тараққиёт диалектикасига анча яқинлашиб қолади. Цивилизация даври эса хусусий мулкчиликнинг батамом ташкил топиши билан характерланади. Хуллас, Фергюсон ибтидоий жамият тарихини материалистик тушунишга анча яқинлашиб қолган эди. Айнан шундай дунёқарашга немис олими Иоганн Форстер (1729-1798) ҳам эга эди. У ҳам биринчилардан бўлиб, инсоният тарихини ёшлик ёки ёввойилик, ўсмирлик ёки ваҳшийлик ҳамда вояга етиш ёки маданият ва оқибатли тузумга ўтиш, деган фикрларни илгари суради. Бу олимнинг фикрича, жаҳондаги барча одамзод жамоаларининг ҳаммаси аввал, баъзиларигина бироз кейин, лекин, албатта, ана шу тарихий йўлни ўтаган, деган таълимотни илгари суради. XVIII аср файласуфлари ва тарихчилари ибтидоий жамият ҳақидаги ўзларининг хулосаларини шакллантира бошлади. Фаннинг тараққиёти туфайли ушбу асрнинг охирига келиб, инсоният маданият тарихининг прогрессив йўналишда ривожланиши ҳақидаги фикрлар ва таълимотлар оша борди. Хуллас, одамзоднинг ёввойилик ва ваҳшийлик ҳаёти бирваракайига доимий ёки муқим бўлмаган, балки тараққиёт сари ривожланишда бўлиб, дунёнинг барча жойларида бундай жараён бирзайлда кечмаган. Бундай фикрларнинг пайдо бўлиши келажакда фаннинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бироқ XIX асрнинг биринчи ярмига келиб, бундай прогрессив фикрлар бир қатор сўна бошлайди. Унинг сабабларидан бири Францияда бўлиб ўтган буржуа инқилоби бўлиб, хусусий мулкчилик, синфийлик ва давлатчиликнинг, шу билан бой-камбағалларнинг, хуллас, эксплуатациянинг абадийлиги ҳақида сиёсат юритилинди ва натижада ибтидоий давр тарихини ўрганишда тарихан таққослаш усулларига путур етди. Одамзоднинг энг қадимги тарихини ўрганиш ишлари XIX асрга келиб бирмунча жонланди. Бунга сабаб археология фани ибтидоий даврни ўрганишда муҳим ютуқларга эриша борди. Масалан, Овропа музейларида археологик қазишмалар натижасида ибтидоий одамларга тегишли кўпгина қурол-аслаҳалар, идиш-товоқлар, палеонтологик ва антропологик материаллар тўпланган бўлиб, улар одатда кўргазмаларда намойиш қилинарди. Бу топилмалар ибтидоий жамият ҳақида илмий хулосалар қилишга асос бўлиши мумкин эди. Бу соҳада тадқиқот олиб борган олимлардан бири Дания археологи К.Ю.Томсен (1778-1865) эди. У ибтидоий давр ёдгорликларидан топилган археологик материалларни нимадан ясалганлигига қараб уч гуруҳга: тош асри, жез ва темир даврларга ажратади. Томсен катта ҳажмдаги археологик материалларни ўрганиб, аник муаллифлардан бири Лукреция Кар фикрлаганидек, инсоният тарихи тош, мис ва темир асрларини бошдан кечирганлигини бой манбалар асосида яна бир бор маъқуллайди. Тўғри, бу олимлар ҳали ҳар бир даврнинг хронологик чегарасини белгилаб беролмаган. Инсоният тарихини тарихан фикрлашда яна бир даниялик олим, археолог И.Я.Ворсо (1821-1886) Томсендан анча ўзиб кетди. Ворсо шу жараёнга эътибор бердики, жез даврига оид дафиналар бир-биридан ўз урф-одатлари билан фарқ қилади. Шунингдек, дафн қилинганлар билан қўйилган буюмлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Шундай қилиб, Ворсо қабрларни ўрганишда топилмаларга қараб ёдгорликнинг хронологиясини аниқлаш усулини ишлаб чиқди. Ворсо Томсен схемасини маъқуллади ва бир қатор бойитди. Даниялик олимларнинг кашфиётлари археология учун катта аҳамиятга эга бўлди. Классификация системасини ишлаб чиқиш аҳамиятли бўлиб, шу асосда тарихийлик концепцияси пайдо бўлди. Швед олими Свен Нильсен 1838-1843 йилларда Томсен ва Ворсолар ишлаб чиққан уч аср ҳақидаги технологик тизимни ривожлантириб, тарихий-қиёсий изланиш усулини яратди. У археологик ва этнографик манбаларни қиёсий солиштириш йўли билан тадқиқ қилишни бошлаб берди ва маданий-тарихий даврлашга асос солинди. Нильсон инсониятниг ўтмиш тарихини 4 даврга: ёввойилик, номадизм (кўчманчи чорвачилик), деҳқончилик ва цивилизация босқичларига бўлади. Янги археологик кашфиётлар ва хулосалар тадқиқотчилар орасида мулоҳазали фикрларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Аммо ибтидоий археология соҳасидаги кашфиётлар, тадқиқот натижалар аста-секин, қийинчилик билан бўлса-да, фан сифатида тан олина бошланди. Айниқса, бу фаннинг ривожланишини диндорлар, черков аҳли ёқтиришмас, одатда фан ютуқларини қўллаб-қувватламай қаршилик қиларди. Шуни айтиш лозимки, XIX аср бошларига қадар тўпланган археологик материаллар неолит даврига оид эди. Палеолит даври қуроллари ҳали номаълум эди. Демак, инсоният тарихининг жуда катта ва узоқ даври манбасиз бўлганлиги учун ноаниқлигича турарди. Бу соҳада француз олимлари дастлабки кашфиётни бошлаб бердилар. Жумладан, Ж.Буше де Перт (1788-1868) дағал учирмаларга эга бўлган тош қуролларни топиб, бу ашёлар ибтидоий одамларга тааллуқли эканлигини маъқуллай бошлади. У бу одамлар қадимги мамонт, махайрот каби ҳайвонот оламининг замондошлари бўлганлигини исботлай бошлади. Бу олимнинг кашфиёти инсоният тарихини шунчалик даражада қадимийлаштириб юбордики, бундай ҳолатда диндорлар ва черков хронологияси пучга чиқди. Фаннинг бу каби ютуқлари диндорлар оламини ғазабга келтирди ва олимлар устидан тазйиқ ўтказила бошланди. Бироқ таниқли археологлар ва геологлар, жумладан, Дж.Прествич, Д.Эванс, Ч.Лайел, Э.Ларте ва бошқаларнинг олиб борган илмий тадқиқот натижалари Буше де Перт кашфиётларини маъқуллаб чиққан эдилар. XIX асрнинг 1-ярмида қадимги даврларда ўлиб кетган ҳайвонот суяк қолдиқлари билан қазилма одамлар қолдиғи ҳам топила бошланди. 1925 йил Мак-Инери Англиянинг жанубий-ғарбий чегараларидаги ғордан шундай топилмаларни қўлга киритди. 1833-1834 йилларда Бельгиянинг бир ғоридан шундай топилма кашф қилинди. Бу топилмалар ибтидоий қазилма одамларининг мавжуд бўлганлигини тасдиқлади. Бу топилмалар фанда одамзоднинг келиб чиқиши, яъни антропогенез (юнончи antrop – одам, genzis – келиб чиқиш) муаммосини келтириб чиқарди. Одамнинг келиб чиқишидаги масалалар антик ва ўрта асрлар даврларида ҳам кўтарилган эди. Уйғониш даврида бу масала анча кенг тус олган. Фақат XIX асрда Ж.Б.Ламарк (1744-1829) ўзининг асарларида биринчи бор йирик организмнинг аста-секин ривожланиб, одамзодгача тараққий қилганлигини дастлаб айтган олимлардан эди. Шу билан бирга у эволюцион назарияни бошлаб берган олим эди. У бу борада одамзод тараққиётини тарихий асос усулида тушунтириб берган. Бироқ ўз даврининг диний олами Ламарк назариясини маъқулламади. Одамзоднинг келиб чиқиш ҳақидаги фактик фикрлар ва назарий база Чарлз Дарвиннинг (1809-1882) «Турларнинг табиий ҳолатда келиб чиқиши» (1859) асарининг юзага келишидан бошланди. У тирик оламнинг табиий танлаш асосида вужудга келишини асослаб берди. Дарвиннинг яқин сафдоши Томос Гексли (1825-1895) ўз асарларида одамзоднинг эволюцион йўл билан илк ривожланишдан олий ривожланишгача йўлни босиб ўтганлиги ва одамзоднинг одамсифат маймунлар билан яқин влод эканлиги ҳақидаги фикрни илгари суради. 1871 йилда Дарвиннинг «Одамзоднинг келиб чиқиши ва жинсий танлов» китоби нашр қилинди. Дарвин ўша асрларда тўпланган бой фактик маълумотларга асосланиб, анатомия, зоогеография, ибтидоий жамиятни қиёсий таҳлил қилиш билан одамзоднинг ҳайвонот дунёсидан келиб чиққанлигини асослаб берди ва бу борада ўзидан аввалги Т.Гекслидан ўтиб кетди. Дарвиннинг фикрича, ҳозирги давр одамсимон маймунлари эволюция йўналишидаги қачонлардирки ўлиб кетган, дахлсиз ёки тарафсиз шохобчадан келиб чиққан, деган таълимотга таянади. Унинг бу китоби нашр қилингандан кейин одамнинг келиб чиқиши масаласи ҳайвонот дунёси билан боғлиқ дейилган материалистик ҳолат ҳукм сура бошлади. Бу олим кўпгина янги материалларга асосланиб, бу борада бош ҳаракатга келтирувчи куч одамзод эволюцияси билан боғлиқ жинсий танлов, деган тахминий хулосага келади. Аммо бу тахминлар ҳам ўз даврида қарама-қаршиликка дуч келди. Ф.Энгельс ва Дарвин яшаган замонда қазилма одам қолдиқлари топилган эмас эди. Адабиётларда маълумки, Энгельс ўзининг «Маймуннинг одамга айланиш жараёнида меҳнатнинг роли» асари Дарвиндан сўнг вужудга келган бўлса-да, Энгельс ҳам бундай топилма маълумотларга эга эмас эди. Тўғри, Энгельс Дарвиндан фарқлироқ одамнинг келиб чиқишида ҳал қилувчи мезонни меҳнат натижасида кўради. Биз муаллиф сифатида одамнинг келиб чиқиш масаласида Дарвин, Энгельс ва бошқаларнинг таълимотларига қўшилмаймиз. Ҳозирги замон фанида бу борада турли тахминлар мавжуд. Эволюционистик назарияни инкор қилмаган ҳолда биз айни дамда одамнинг яратилиши илоҳий неъмат, тангри томонидан яратилган деб қараймиз. Албатта, бу борада ҳам фанда турли мулоҳазалар ҳукм сурмоқда. Биз ушбу дарсликда фан оламидаги антропогенез масаласида мавжуд бўлган археологик, палеонтологик ва этнографик манбаларни ўқувчиларга маълумот учун келтириб ўтишни маъқул кўрдик. Дарҳақиқат, одамзоднинг пайдо бўлиши ҳақидаги ҳозирги ва ўтган давр тортишув ва мулоҳазаларни талабалар билишса, ўзи учун ҳам, фан учун ҳам зиён бўлмайди, деб ўйлаймиз. XIX асрда юз берган археологик ютуқлар, палеонтологиянинг вужудга келиши ва бошқа маълумотлардан қатъий назар ибтидоий жамият ва унинг тараққиёти ҳақида этнографик маълумотлар асос бўлиб қолди. Этнография табиий илмий эволюционизмдан одамзод тараққиётини, ибтидоий жамият ривожи ғоясини қабул қилиб олди. Бу ғоянинг этнография миқёсидаги прогрессив йўналиши «эволюцион мактаб» номини олди. Бу мактабга тарафдор олимлар барча мавжуд ғояларни тўплаб, инсоният жамияти тараққиётини бир йўналишда, оддийликдан мураккабликка қараб ривожланиш ғоясини асосий тамойил қилиб олади. Ўша замонлар фаннинг берган маълумотлари бўйича ер юзининг турли жойларида яшаган халқлар, зеро, бир-бирлари билан яқиндан боғлиқ бўлмаса-да, уларнинг турмуши, моддий маданияти, дини, урф-одатлари бир-бирига яқин ўхшаш эди. Эволюцион мактаб вакиллари бу ҳодиса ва фактда одамзоднинг психологиясининг бирлигини кўради. Қайсики, бу ҳодиса маълум бир йўлдаги ривожланишда бўлиб, турли халқлардаги мавжуд моддий маданият бир-бирларига яқин ва ўхшаш бўлган. Бу таълимот ва ғоялар немис этнографи Адольф Бостион (1826-1905) асарларида, айниқса, унинг «Одам ва тарих» китоби (1860)да кенг тус олган эди. Унинг фикрича, оддий элементар фикр турли гўшаларда яшаган халқларда дастлабки вақтларда бир зайлда ривожланган. Бу ҳодиса эса уларнинг маданиятининг ҳам бир хил бўлишига олиб келган. Бироқ ҳар бир халқ маълум босқичларда ўз таркибида муайян мафкура билан ривожланишда бўлиб, аста-секин тараққиёт туфайли бу халқ ғоялари кейинчалик этник турли-туманликни келтириб чиқарган. Тарихни психология билан боғлаб тушунтириш ҳаракатлари анча бўш эди. Шунга қарамасдан бу олимнинг инсоният тараққиётининг ва унинг маданияти ривожининг ўхшашлик ҳақидаги таълимоти фанда узоқ йиллар яшади. Эволюцион мактабнинг ёрқин вакилларидан бири инглиз этнографи Эдуард Тайлор (1832-1917) эди. Тайлор фанда шу мактабнинг асосчиси деб ҳам айтилади. Унинг асосий ғоялари «Ибтидоий маданият», «Антропология» каби асарларида ёритилган. Унинг асосий ғояси жамият ва унинг маданияти галма-галликда оддийдан мураккабликка томон ривожланишда бўлган, яъни ривожланиш паст шакл босқичдан юксакликка томон ривожланган бўлиб, бу ривожланиш органик дунёга ўхшашдир. Унинг муҳим ғоявий хатоларидан бири инсоният тараққиётини органик дунё билан солиштириш бўлиб, Тайлорнинг фикрича, ҳар бир маданият алоҳида воқеа бўлиб, улар бир-бири билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланар эмиш. Бирмунча ривожланган маданият қолоқ элементларини ҳаётдан сиқиб чиқаради, шунингдек, қадимги қўпол болталар ўз жойини такомиллашган қуролларга бўшатиб беради. Тайлор ва унинг сафдошлари ҳар бир эволюцион сафни мустақил, бир-бирига тааллуқли бўлмасдан ривожланишда бўлади, деган ғоя билан ҳар бир ҳодисанинг ўзаро боғлиқлигини инкор қилади. Бу унинг муҳим камчилик – хатоларидан бири эди. Тайлор ибтидоий давр тарихини ўрганишда археологиянинг аҳамиятини муносиб баҳолайди. Унинг фикрича, ривожланган халқлар турмушида сақланиб келаётган сарқитлар ибтидоий жамият тарихини ўрганишда муҳим манба бўлишини алоҳида кўрсатиб ўтади. Эволюцион мактабнинг кўзга кўринган вакилларидан инглиз олими Джон Леббок (1834-1913), австралиялик Юлиус Липперт (1839-1909) ва шотландиялик Джон Фергюсон Макленнан (1827-1881)ларни алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиздир. Леббок олимлар орасида биринчилардан бўлиб, археологик манбаларни этнографик факторлар билан қиёсий солиштириб ўрганишни бошлаб берганлардан эди. У «Тарихгача бўлган замон ёки ибтидоий жамият даври» асарида қадимиёт қолдиқ топилмаларни ер юзининг кўп жойларида ҳамон яшаётган ҳозирги давр ёввойилари урф-одатлари билан қиёсий солиштириб ўрганишни йўлга қўйган. У тош асрини икки тараққиёт босқичига: палеолит ва неолит даврларга бўлиб, фанга киритган олимлардан эди. Ю.Лепперт ўтмиш тарихни тушунишда материалистик асосда ўрганишга яқинлашиб қолган тадқиқотчилардан эди. Унинг «Маданият тарихи» (1886-1887) китоби муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Унинг ғоялари шундан иборат эдики, маданият тарихи меҳнат билан боғлиқ бўлиб, қашшоқлик ва қолоқликдан олий тараққиёт даражасига эришишнинг мезони меҳнатда эканлигини қайд этади. Мак-Леннаннинг тарихдаги хизматларидан асосийларидан бири – у «Ибтидоий никоҳ» китобини ёзиб, унда ибтидоий жамиятда кенг тарқалган никоҳ турли жамоалар орасида юз бериб, бир гуруҳ ўртасида ўзаро никоҳнинг ман қилинганлигини таъкидлаган. Бу ҳодисани Мак-Леннан экзогамия (юнонча ekzo – ташқари, gamiya – никоҳ) деб атаб фанга киритди ва бу ҳодисанинг акси – бир гуруҳ ичида никоҳнинг мавжудлигини эндогамия (endo - ички) деб атади. Бироқ Мак-Леннан хатолик билан тушундики, барча қабилаларда экзогамия, эндогамия мавжуд эмиш. Унинг сабабини аёлларнинг етишмаслигида, туғилган қиз болаларни ёшлигида ўлдириб юборишда, деган хато тушунчани ёқлаб чиққан. Табиий илмий эволюционизм археологиянинг ривожига катта таъсир кўрсатди. Эволюционизмга садоқатли археологлардан бири фаранг олими Габриель Мортилье (1821-1898) эди. У археологик тадқиқот ишларига геология усулини, палеозоология ва антропология фанларини жалб қилди. Умумий ўрганилган манбалар асосида палеолит даври хронологик классификациясини ишлаб чиқди ва бу тамойил ҳозиргача ўз қийматини сақлаб келади. Мортилье одамзод жамоаларининг ривожи технология тараққиётига боғлиқ деган тушунчага эга эди. Хронология босқичларини у геологик қатламлар билан боғлаб иш кўрди. Бироқ Мортилье қарашларида хато бор бўлиб, у одамзод томонидан яратилган моддий маданият биология қонунияти билан ривожланади, деган хатога йўл қўяди. Айнан шундай қарашга швед археологи Оскар Монтелуус (1843-1921) ҳам қўшилган эди. Монтелуус Овропа неолити, жез ва илк темир асрларининг хронологиясини ишлаб чиққан ва фанга киритган. Эволюционизмнинг асосий ғоя ва таълимотларидан бири – одамзоднинг прогрессив тараққиёти бўлиб, бу таълимотларда ибтидоий жамият тараққиёти бирин-кетин юз берадиган босқичлардан иборат бўлиб, ижтимоий тизимни реконструкция қилишга олиб келди. Шундай дастлабки уринишни бошлаб берган олимлардан бири швейцария тарихчиси Иогенн Якоб Бахафен (1815-1887) эди. Бу олим оила тарихини ўрганишга киришган дастлабки олимлардан эди. У ўзининг «Она ҳуқуқи» (1826) китобида ва бошқа асарларида антик давр материаллари асосида, шунингдек, археологик ва этнографик манбаларни жалб қилиш замирида фикр юритиб, инсоният дастлабки, энг қадимги даврда тартибсиз жинсий муносабатда бўлганлигини ва бу даврга нисбатан гетеризм (юнонча geter – дугона, юнонларда ҳур ҳаёт кечирган аёллар ўзларини шундай деб атаган) атамасини қўллаганлиги, ундан кейинги даврда эса сўнгра матриархат, яъни «гинекократия» (юнонча gyne – аёл, kratos – куч, ҳокимият), ундан сўнг ота ҳуқуқи – «патернатет» ёки патриархат шаклланганлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, матриархат ва патриархат барча халқлар учун универсал бўлиб, бу жараён узоқ босқичларни ўз ичига олган. Бироқ Бахофен бундай тараққиёт ўзгаришларни динга боғлаб, хатоликка йўл қўйди. Ибтидоий жамият тарихини ўрганишда америкалик этнограф олим Льюс Генри Морганнинг (1818-1881) хизматлари каттадир. У ўзининг бош асари «Қадимги жамият» (1877) китобида ҳамда бошқа асарларида Шимолий Америка ҳинд – ирокезлари ҳаёти ва турмушини синчковлик билан ўрганиб, ирокез уруғининг реконструкциясини яратди. Морган таълимотида одамзод ва унинг маданияти доим бирдамликда прогрессив асосда ривожланган. Бироқ Морган жамият тараққиётининг галма-гал, узлуксиз ривожини таърифлашда камчиликка йўл қўйиб, у идеализмдан тўла ажралган эмас эди. Морганнинг тасаввури бўйича, тараққиёт ўзидан эмас, балки руҳиятдан келиб чиққан, деган тушунчага боради. Шунинг учун ҳам унинг якуний ғоялари стихий номатериалистик жабҳада эди. Морган ибтидоий тузумнинг асосий ячейкасини уруғ деб тушунган, қайсики, у архаик матриархатдан кейинчалик ота шаклини эгаллайди. У асослаб берадики, ибтидоий жамоалар иқтисоди умумийликка асосланган бўлиб, бу ҳодиса ибтидоий тузумнинг коллектив бўлиб яшашини тақозо қиларди. Морган Бахофен ва Мак-Леннан изидан бориб, никоҳ ва оила тарихини тиклашга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, дастлабки тараққиёт босқичларда никоҳ муносабатлари чегараланмаган бўлиб, тараққиёт туфайли ҳозирги даврдаги моногам оилагача узлуксиз ривожланиб борган. Морганнинг айрим никоҳ ва оила соҳасидаги структурасида камчиликлари бўлса-да, аммо унинг таълимотлари ва кўпгина асарлари ҳозиргача ўз қийматини сақлаб келмоқда. Фаннинг тобора ривожланиб бориши ибтидоий жамиятни ўрганишда тарихий-материалистик концепциянинг вужудга келишига олиб келди. Бу масалалар К.Маркс ва Ф.Энгельс асарларида бир қатор ёритилган. 1880 йилда К.Маркс, унинг вафотидан кейин Энгельс Маркс бошлаган ибтидоийлик ҳақидаги ишни давом эттирди ва унинг васиятига биноан муҳим асар яратилинди. Энгельс ибтидоий жамият формацияси бўйича махсус тадқиқот олиб борди. Бу ҳақда унинг 1884 йил «Оила, хусусий мулк ва давлатнинг келиб чиқиши» асари нашрдан чиқди. Энгельс тадқиқотининг асосий манбаи Л.Морганнинг «Қадимги жамият» асари эди. Энгельс Морган томонидан умумлаштирилган материалга янги қўшимчалар киритиб, қайта ишлаб чиқди ва инкор қилиб бўлмайдиган материаллар замирида ибтидоий тарих жараёнини янги фактик манбалар билан бойитиб, материалистик асосда таҳлиллар қилди. Бундан ташқари, 1873-1876 йилларда Энгельс ибтидоий жамият борасида «Маймуннинг одамга айланишида меҳнатнинг роли» асарини яратди. Бу китоб аслида тугалланмаган «Табиат диалектикаси» китобининг бир боби эди. Бу асарларида Энгельс тарихни ўрганишнинг методологик асосларини яратиб, ибтидоий жамият инсоният ўтмиш тарихининг алоҳида босқичи, деган концепцияни яратди. Ибтидоий даврнинг бошланиши ва тугалланиш босқичлари бўлиб, бу тараққиёт ўз хусусиятига эга ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ҳукм суриши тараққиёт қонунияти асосида содир бўлган, деган таълимотни қўллайди. Бу таълимотнинг мазмуни шундан иборат эдики, одамзоднинг ҳайвонот дунёсидан фарқи биринчи шарт бўлган меҳнатдадир ва у меҳнат қуролларини ясашдан бошланади. Ибтидоийликнинг илк даврида ибтидоийлик жуда паст тараққиёт билан ривожланиб, ишлаб чиқариш кучларининг паст даражада тараққиёти коллективизм ва биргаликда яшаш, биргаликда қўлга киритилган маҳсулотлардан биргаликда фойдаланишни тақозо қилар эди. Энгельс ёзади, ибтидоийликнинг дастлабки босқичида ишлаб чиқариш аслида коллективники, яратилган турмуш маҳсулотлари жамоаники эканлиги билан характерланади. Ишлаб чиқаришнинг коллектив, яъни жамоа билан боғлиқлиги тор рамкада бўлиб, у ишлаб чиқаришга мутасадди бўлган ҳолда, бу жамоа ишлаб чиқариш жараёнининг ва ишлаб чиқилган маҳсулотнинг ҳукмрони эди. Ибтидоий коллективизм ибтидоий жамоалар муносабатлари ўша вақтда ишлаб чиқариш жараёнининг тобора ривожланиши билан боғлиқ ҳолда инқирозга учрайди. Бу борада ишлаб чиқариш кучлари ривожланиши билан ижтимоий меҳнат тақсимотининг тараққиёти кетма-кетликда, мол алмашув, мулкий тенгсизлик, одамни одам томонидан эксплуатация қилиш ва оқибатда антагонистик муносабатлар, синфлар вужудга келиб, улар ишлаб чиқаришда ва маҳсулотни ўзлаштиришда турли лавозимларни эгаллайди. Хуллас, меҳат тақсимотининг тобора тараққиёти оқибатда ижтимоий жамият тузумини синфларга ажралишга ва портлашга олиб келади. (К.Маркс, Ф.Энгельс, Асарлар, 2-нашри. Т.21, 174, 169-бб.) Шундай қилиб, Энгельс нафақат ибтидоий тузумнинг содда томонларини, шунингдек, унинг мисолида тарихий тараққиётнинг бирдамлик ғоясини, ҳар бир давр тараққиётининг прогрессив томонларини ва улар ижтимоий муносабатларнинг алмашуви қонунияти билан боғлиқ эканлигини асослаб берди. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling