Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Download 1 Mb.
bet54/57
Sana22.02.2023
Hajmi1 Mb.
#1220168
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   57
Bog'liq
I J T kitob

ХОТИМА ЎРНИДА
Зарафшон водийси ибтидоий жамият тарихи ҳақида
таҳлилий хулосалар
Зарафшон водийси, унинг тоғли районлари одамзоднинг илк аждодлари томонидан қадимги тош даврининг мустье босқичидан бошлаб ўзлаштирилган (Омонқўтон, Такалисой, Гўрдара, Қўтирбулоқ, Зирабулоқ, Қизилнура ва бошқалар). Қадимги тош даврининг юқори палеолит босқичига келганда ибтидоий аждодларимиз нафақат Зарафшон водийсининг тоғ олди ва адирли минтақалари, ҳатто воҳа доирасидаги адирларни ёриб ўтган сой бўйларида, улар ҳосил қилган кўл ёқаларида ҳам макон топганлар. Чунки бу минтақаларнинг табиий шароити ва имқониятлари: сой сувлари, сой ҳавзаларида ҳосил бўлган тўқайзорлар ва улардаги ёввойи ҳайвонлар, кўллар тўла балиқ ва уларда галалашиб учиб юрувчи ҳар хил паррандалар кўп бўлган. Шунинг учун бўлса керак, Самарқанд воҳасининг юқори палеолит даврига оид машхур ёдгорлик-Самарқанд манзилгоҳи ҳам воҳа доирасидаги табиий тепаликларини кесиб ўтган Сиёбча сойи ҳосил қилган қадимги кўл ёқасида жойлашган.
Юқори палеолит даврига тегишли манзилгоҳлар, шу давр маданиятига доир тош қуроллари Зарафшон водийсининг 10 га яқин пунктлардан топиб ўрганилган. Улар орасида, айниқса, Самарқанд юқори палеолит манзилгоҳи ва Булунғур туманидаги тоғ қаъридан ёриб чиққан чучук сув асосида ҳосил бўлган қадимги кўлча бўйидан топиб ўрганилган Хўжамазгил манзилгоҳи алоҳида аҳамият касб этади.
Зарафшон водийсида мезолит даври ёдгорликлари ҳозирча кам ўрганилган. Бу даврга оид объект сифатида Сазағон 1 ва қисман Сазағон II манзилгоҳларини кўрсатиш мумкин. Ҳозиргача олимлар орасида уларнинг археологик комплексининг санаси масаласида, уларни мезолит ёки неолит даврига тегишли эканлиги ҳақида илмий баҳслар мавжуд. Аниқ стратиграфия маълумотларига асосланмаган бундай объектлар қаторига Учтут шахтасини ҳам қўшиш мумкин. Сазағон ёдгорликларида геометрик шаклдаги тош қуролларининг учраши, Зарафшон водийсида нафақат қадимги ва янги тош даври, балки уларнинг оралиғида, яъни мезолит (ўрта тош) даврида ҳам ибтидоий аждодлар яшаганликларидан гувоҳлик беради.
Зарафшон водийси, айниқса, унинг марказий ва ғарбий ҳудудлари неолит даври ёдгорликларига бой. Зарафшон водийсининг тоғ олди адирли минтақаларида (турли даврларга оид Сазағон маданияти, Учтут шахтаси, Сармишсой қоятош суратлари) ҳамда Зарафшон қуйи ҳавзаларида, яъни чўл минтақасида (калтаминор маданияти) неолит даври ёдгорликлари кенг кўламда топиб ўрганилган.
Зарафшон водийсида неолит даврида ҳали илк деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари кашф этилмасада, бу минтақада “неолит инқилоби» билан боғлиқ ишлаб чиқарувчи хўжаликнинг куртаклари ниш урабошлайди. Масалан, Учтут неолит шахтакорлари томонидан 5-6 метргача шахта қазиб, чақмоқтош хомашёсини излаш йўли билан тоғ саноатига асос солинди, яъни меҳнат қуроллари ясаш учун сифатли хом ашёсини шахта қазиш орқали кашф этилди. Қуйи Зарафшон Тузкон ва Каптарниқуми манзилгоҳларидан топилган сопол парчаларида сақланган мато излари калтаминор маданиятининг сўнгги босқичида тўқимачилик кашф этилиб, ундан балиқ овида фойдаланилганлигига ишора қилади.
Энеолит даври Зарафшон водийси тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Айнан шу даврда воҳа тарихида туб социал-иқтисодий ўзгаришлар юз берди. Авваламбор, водий аҳолиси ўзлаштирувчи хўжаликдан ишлаб чиқарувчи хўжаликка ўта бошлади. Айнан шу ҳолатни акс эттирувчи ёдгорликлар комплекси Зарафшоннинг юқори, ўрта ва қуйи ҳавзаларидан топиб ўрганилган. Тарихий илдизлари энеолит ва илк бронза даври маданий дунёси билан боғлиқ “Замонбобо маданияти” ва Жуков диний комплекслари фикримизнинг ёркин далилидир.
Замонбобо маданиятининг алоҳида ўзига хос энеолит ва илк бронза даври маданияти сифатида таркиб топишида Ўрта Осиёнинг жанубий минтақалари хўжалик ихтиролари таъсири катта рол ўйнаган, унинг археологик комплекси бу ҳақда гувоҳлик беради.
Ушбу маданиятни Калтаминор маданияти билан боғловчи бир неча манзилгоҳлар топиб ўрганилган. Уларни ишонч билан энеолит даври ёдгорликлари сирасига киритиш мумкин. Жуков диний комплексининг шаклланишида бир томондан Замонбобо маданиятига хос элементлар кузатилса, иккинчи томондан, Саразм маданияти таъсири яққол ўз аксини топган.
Зарафшон водийсининг энеолит ва бронза даврига оид ноёб объекти, унинг бошланиш қисмидан топиб ўрганилган “Саразм маданияти”дир. Саразм маданияти соҳибларининг хўжалиги суғорма деҳқончилик асосида қурилган бўлиб, у Жанубий Туркманистоннинг энеолит даври ёдгорликлари-Номозгоҳ маданияти сирасига киради. Ёдгорлик кўп маданий қатламли бўлиб, Зарафшон водийсида шаҳарсозлик маданиятининг таркиб топишида, Суғдиёна цивилизацияси учун қадимий урбанистик илдиз сифатида муҳим рол ўйнаган.
Зарафшон водийси бронза даврига келганда кенг кўламда ўзлаштирилди. Энди унинг нафақат адирли минтақалари, балки дашт ва чўл ҳамда бўлажак воҳалар ҳудудлари ҳам ўзлаштирилди. Бу даврга келганда ибтидоий аждодларимиз ҳаётида муҳим ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий ўзгаришларнинг юз бериши жадал кечади. Жамият иқтисодий ҳаётида биринчи меҳнат тақсимоти юз беради, яъни ибтидоий деҳқончиликдан чорвачилик ажралиб чиқади ва бу хўжаликнинг икки тармоғи, икки йўналиши жойлардаги табиий-географик шароит ва унинг экологик имқониятидан келиб чиқиб, мустақил ривожлана бошлайди.
Зарафшон ҳавзасининг дашт ва чўл минтақаларида, чорва учун майсазор, ўтловбоп яйловлар чорвадор аҳолининг хўжалик массивларига айланади. Чорвадор дашт қабилалари ёдгорликлари топилган минтақа географияси (Тўқайли, Жом, Галашерик, Мўминобод, Чорбоғ, Дашти-Ўрдакон, Чакка, Сойиғус, Сиёб, Сазағон 2, Гуджайли, Қизил-қир, Дашти Казо ва бошқалар) фикримизни тасдиқлайди. Водийнинг баъзи бир чорвадор қабилалари излари тоғ ораларидаги воҳаларда ҳам учрайди. Масалан, Дашти Казо. Чунки чўл минтақаси қабилаларининг бундай баландликда жойлашиши қадимги чорвадор металлургларимизнинг тоғ кон саноати ишлаб чиқариши билан боғлиқ эди.
Дарҳақиқат, энеолит давридан бошлаб ибтидоий аждодларимизни мис ва қалайи, қўрғошин ва мишяк конлари қизиқтириб келган. Улар аралашмасидан олинган бронза хом ашёси эса меҳнат ва ҳарбий қуроллар ясашда жуда асқотган. Металл хом ашёсига бўлган талаб ҳар икки хўжалик соҳиблари учун ҳам ҳова ва сувдек зарур эди. Шу боис бўлса керак, чорвадорларнинг Дашти Қазида пайдо бўлиши, ўтроқ деҳқончилик маданияти соҳиблари саразмликларнинг Зарафшон водийсининг бош қисмига, Панжикентдан 50 км чамаси шарқда Ёри, Кончач, Жилоу конларига яқин жойлашиши бежис эмас эди.
Дастлаб бу конлар саразмликлар томонидан ўзлаштирилди, сўнгра бронза даврига келганда унга эгалик қилиш жангари чорвадор қабилалар қўлига ўтди. Қадимги бобо деҳқонларнинг Саразмда қолишининг истиқболи қолмайди. Саразмда қайноқ шаҳар ҳаёти кескин қисқариб, унинг 100 гектарга яқин майдони ҳаробага айланади. Энди шаҳарсозлик маданияти билан боғлиқ янгидан-янги қадимги шаҳар марказлари Зарафшон водийсининг ўрта ва қуйи ҳавзаларига кўчади. Масалан, Зарафшон дарёсининг чап соҳилидан топилган Тўқайли манзилгоҳини кўрсатиш мумкин. Афсуски, Тўқайлида олиб борилган археологик изланишлар Саразм каби катта натижалар билан якунланмади. Аммо Тўқайлидан топилган руда эритиш қўрасининг топилиши бу заминда металлургия устахоналарининг тадрижий ривожидан (фаолиятидан) гувоҳлик беради.
Зарафшон водийсида илк урбанистик жараёнлар, археологик материаллар таҳлилига кўра, Саразм қадимги деҳқончилик маданияти шаклланган (Саразм II) давридан бошланди. Саразмдан топилган ижтимоий ва диний характердаги монументал бинолар, тоғ саноати билан боғлиқ металлургия ҳунармандчилиги, тошдан турли меҳнат ва ҳарбий қуроллар ясашни санъат даражасига кўтарилиши; оташпарастлик ибодатхоналар ва улар билан боғлиқ диний ритуал ашёларининг ишлаб чиқаришнинг юксак даражада бўлиши; Саразм металлурглари ишлаб чиқарган металл хомашёсининг минтақалараро савдога чиқарилиши; Жом орқали дашт савдо карвон йўлининг таркиб топиши ва бошқалар водийда юз берган ва жадал ривожланиб бораётган урбанистик жараёнлардан гувоҳлик берарди.
Бироқ милоддан аввалги II-минг йилликнинг ўрталаридан археологик ва ёзма (Авесто) манбаларнинг таҳлилига кўра, чорвадор орий қабилаларининг шимолий-шарқдан жанубга миграцияси муносабати билан Ўрта Осиёда, жумладан, Зарафшон водийси ибтидоий жамоалари ҳаётида тубдан ўзгаришлар юз берди. Бутун Ўрта Осиё, жумладан, Зарафшон водийсида ўзга этник гуруҳларнинг кириб келиши билан, уларга хос даштлилар маданияти пайдо бўлди. Уларнинг водийга кириб келиши Саразмда гуллаб-яшнаб бораётган илк шаҳарсозлик маданиятини инқирозга олиб келди. Аммо тарихий илдизлари билан Қадимги Шарқ деҳқончилик маданиятлари билан боғланиб кетган бу ўлкада милоддан аввалги II-минг йилликнинг охири ва I-минг йилликнинг бошларидан шаҳарсозлик маданияти яна жонланабошлайди. Ана шу жонланишнинг гувоҳи сифатида Зарафшон водийсининг ўрта қисмида Кўктепа, Афросиёб каби илк шаҳар масканлари қад кўтарганини кузатамиз.
Кўктепа ва Афросиёб қадимги шаҳар ҳаробаларининг қуйи қатламида «кечаги» кўчманчи чорвадорларнинг сахройи турмуш тарзидан воз кечиб, ўтроқ ҳаётга, яъни дастлаб ертўлаларда яшаб, деҳқончилик хўжалиги билан шуғулланишга мажбур бўлган нақшинкор рангли сопол маданияти соҳибларининг излари учратилади. Бу маданий қатлам устида гувалак ва хомғиштлардан ясалган уй-жой комплекслари пайдо бўлади. Савол туғилади, кечагина ўтроқ ҳаёт кечиришга ўтиб, ертўлаларда яшаб келаётган нақшинкор рангли сопол маданияти (Кўктепа 1, Афросиёб 1а) соҳиблари қандай қилиб милоддан аввалги I-минг йилликнинг биринчи чораги давомида монументал шохона бинолар ва маҳобатли ибодатхоналар қуриш даражасига кўтарилдилар. Сунъий суғоришга асосланган қадимги деҳқончилик маданияти жамоаларининг ҳаётий тажрибаларисиз қисқа муддатда бундай юксак маданиятга эришиш мумкин эмас эди.
Аммо Зарафшон водийсида шундай анъанавий турмуш тарзи билан яшаб келаётган саразмли қадимги деҳқончилик маданияти жамоалари дашт қабилаларининг жанубга томон миграцияси даврида батамом йўқ бўлиб кетмаган эди. Шу боис бўлса керак, нақшинкор рангли сопол маданияти аҳолисининг ибтидоий турмуш тарзи узоққа чўзилмайди. Зарафшон водийсининг қайси бир жойида юксак деҳқончилик маданияти соҳиблари – саразмликлар авлодлари яшашда давом этадилар. Лекин улар Зарафшон водийсида ҳарбийлашган жангавор чорвадор қабилаларнинг ҳарбий-сиёсий ҳокимияти таъсирига тушиб қолган эдилар.
Ўз навбатида, ҳарбийлашган дашт қабилалари маҳаллий аҳолининг юксак даражада ривожланган маданий-хўжалик ҳаёти таъсирида секин-аста ўтроқ ҳаётга ўтиб, муқимлашадилар. Икки хўжалик жамоаларини биргаликда яшаш шарт-шароитлари, уларнинг нафақат маданий-хўжалик жиҳатдан уйғунлашишга, балки этник жиҳатдан яқинлашишга, ўзаро қоришувларига олиб келади. Икки – уч аср аввал “босқинчи”, “келгинди” сифатида маҳаллий аҳоли қаҳр-ғазабига учраган сипоҳий ҳарбийлар тезда сиёсий ҳокимият эгаси, хўжайин, аслзода ва бошқарув жиловдорларига айланадилар.
Айнан шу даврдан бошлаб, Суғдиёна тарихида қадимги суғд даври, илк давлатчиликка асос солинган давр бошланади; Зарафшон водийси юксак деҳқончилик маданияти ривожланган Суғдиёна тарихий-маданий ўлкасига айланади. Бу суғд халқи ҳаётида юз берган туб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ўзгаришлар Кўктепа материалларига кўра, милоддан аввалги I- минг йилликнинг бошларида юз беради. Чунки қазилма материаллар таҳлили ва ёдгорлик стратиграфиясига кўра, нақшинкор рангли сопол маданиятининг сўнгги босқичи бўсағасида Кўктепада йирик маҳобатли сиёсий-ижтимоий характердаги монументал бинолар ва культ мажмуалари пайдо бўлади. Буларнинг барчаси Зарафшон водийсида урбанистик жараёнлар ва илк шаҳарсозлик маданиятининг пайдо бўлиши ва тадрижий ривожланишидан далолат беради.
Қадимги шаҳарсозлик маданиятига тегишли археологик материаллар Афросиёбнинг пастки қатламларида, Лолазорда, Хўжа Бўстон қадимги шаҳар ҳаробасида топиб ўрганилди. Топиб ўрганилган қадимги ёдгорликлар тарихий-археологик таҳлилига кўра, Зарафшон водийсининг кенг кўламда ўзлаштирилиши бронза ва илк темир даври билан характерланади. Айнан шу даврда Зарафшон водийси, унинг маъдан конларига бой тоғ тизмалари турли хўжалик соҳибларининг эътиборини ўзига тортади. Воҳада қадимги металлургия марказлари ташкил топади ва шу муносабат билан Зарафшон водийси бўйлаб халқаро савдо-карвон йўли- «металлургия йўли» таркиб топади. Бундай карвон йўлининг таркиб топганлиги ҳақида Панжикент шаҳри яқинидан топилган Зарча Халифа ва Жом археологик комплекслари гувоҳлик беради.
Бу даврнинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, айнан шу даврда воҳанинг чорвадор қабилаларини ўтроқ ҳаётга ўтиши жадаллашади. Бу жараёнларнинг оқибати сифатида Зарафшон водийсида учта тарихий-маданий марказларнинг (Самарқанд, Бухоро, Қоракўл) шаклланиши юз беради.
Водийда, Авестода таъкидланишича, суғдлилар Гаваси (юрти) номи остида Самарқанд тарихий-маданий маркази шаклланади. Бу ўлка Суғдиёна аталиб, бу атаманинг ҳудудий доираси Бухоро, Қоракўл воҳалари томон кенгайиб, антик даврига келганда (мил. аввалги IV асрдан) Суғдиёна ўлкасида том маънодаги шаҳарлар, кўп тармоқли ҳунармандчилик марказлари, товар-пул муносабатлари асосида қурилган ва халқаро савдо марказларига айланган йирик шаҳарлар таркиб топади. Бу жараёнларни Кўктепанинг юқори (Кўктепа III), Афросиёбнинг қуйи (Афросиёб II–IV) қатламлари мисолида кўришимиз мумкин.
Зарафшон водийсини ўраб олган тоғларда ўтмиш тарихимизнинг яна бир моддий маданият обидалари борки, улар фанда турли даврларга оид қоятош суратлари номи билан бизгача етиб келган. Улар тоғ дараларидан оқиб тушган сой ёқаларида қат кўтарган қояларда ўз аксини топган. Ана шундай қоя тош суратлар галареяси Навоий вилоятининг Сармишсой қояларида жамланган. Сармишсой қоя тош суратлари хронологик жиҳатдан бир неча тарихий даврларда ноёб санъат асари, тотемистик диний топиниш маскани, қадимги уруғ-жамоалари ёш авлодининг турли ҳайвонлар табиати билан таништириш мактаби, баҳорги навруз ва кузги меҳржон байрамлари ўтказиш сайлгоҳи сифатида тош ва бронза, илк темир ва антик, ҳатто илк ўрта асрлар даври аждодларимиз маънавий олами ва юксак санъатидан гувоҳлик беради.
Шундай қилиб, Зарафшон водийси ёдгорликларининг кўплиги, хилма-хил ва турли даврларга оидлилиги билан Ўрта Осиё маданияти тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг ҳудуди қадимги тош даврининг мустье босқичидан бошлаб ўзлаштирилган. Қадимги маданиятларнинг хилма-хиллиги, ҳар бир давр ва уларнинг тарихий кетма-кетликда интенсив ривож топган босқичлари инсоният тарихида катта маданий мерос қолдирди. Бу жуда бой ва хилма-хил маданий мерос ҳозиргача олимларимиз томонидан умумлаштирилмаган ва аниқ бир илмий тизимга солинмаган ҳамда махсус тадқиқот объекти сифатида тадқиқ қилинмаган эди. Бу бой тарихий ва маданий мерос талқини ва илмий таҳлили яқингача марксистик методология асосида тадқиқ қилиниб келинди. Дарҳақиқат, улар собиқ совет даври мафкураси талаби асосида анализ қилиниб, бу эса кўп ҳолларда бугунги замон талабига тўлиқ жавоб бермайди. Улар янгича талқин ва таҳлилга муҳтож эди. Мавжуд материалларни янгича қарашлар ва ёндашувлар асосида илмий анализ қилиш, замон талаби асосида илмий таҳлилдан ўтказиб, уларни тарихий кетма-кетликда умумлаштириш ушбу диссертациянинг ғоявий йўналишини ташкил этади.



Download 1 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   49   50   51   52   53   54   55   56   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling