Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Энг қадимги гоминидлар ва уларнинг меҳнат фаолияти


Download 1 Mb.
bet9/57
Sana22.02.2023
Hajmi1 Mb.
#1220168
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   57
Bog'liq
I J T kitob

2. Энг қадимги гоминидлар ва уларнинг меҳнат фаолияти
Одамнинг ҳайвонотдан келиб чиқиши ҳақидаги таълимот юзага келиши билан айрим олимлар илк даврда маймунсимон одамларнинг яшаганлиги ҳақида мулоҳазалар юритиб, ҳатто унинг морфологик тузилишини тасаввур қилишга уриниб кўришди. Бундай тахминлар натижасида 1890-1891 йилларда шундай қолдиқ топилма Ява оролидаги Соло дарёси водийсидан илк плейстоцен қатламдан топилган. Бу ердан бош чаноқ қопқоғи ва оёқ суяк қолдиқлари топилди. Бу топилмаларни ўрганиш асосида хулоса қилинадики, мавжудот ерга тиралган икки оёқда ҳаракат қилган ва бу топилма питекантроп еректус, яъни «тик юрувчи маймун» одам номини олди (pithecos – маймун, anttropos – одам). Бу топилмадан сўнг унинг атрофида ва у ҳақида турли эътироз ва муҳокамалар бошланди. Дарҳақиқат, 30-йилларга келиб, Ява оролидан яна шундай еттита питекантроп суяк қолдиқлари топилди ва питекантропларнинг яшаганлиги ҳақидаги гумон тасаввурларга ўрин қолмади.
Питекантроп тик ва дадил юрувчи жонзот бўлиб, одамга яқин бўлиб, бироқ бош чаноғи ва мия ҳажми 900 м3 дан иборат бўлиб, ҳозирги одамга яқин турарди. Тик юриш икки қўлни ерга тираб юришдан озод қилган ва сунъий равишда меҳнат қуроли ясашга имконият вужудга келган. Питекантроп бош чаноғи ва ияк, қош усти суяк тузилишлари одамсимон маймун хусусиятларини сақларди. Олимлар орасида питекантропнинг қурол ясаганлиги ҳақидаги тортишувлар юзага келди. Чунки питекантроп топилмалари билан бирга қуроллар кузатилмаган. Сабаби ҳам бор. Чунки тўрттала топилма ҳам асл маданий қатламда эмас, балки тегинилган – бузилган қатламлардан топилган. Бошқа томондан яна ҳар хил хулосалар юзага келди. Ява оролининг топилмалари орасида бузилмаган қатламдан фауна ва питекантроплар билан бирга архаик кўринишдаги тош қуроллар ҳам топилган. Бу қуроллар питекантроплар томонидан ясалганлигига асос бор. Шундай қилиб, питекантроплар ақлий жиҳатдан меҳнат қуролларини ясашни билишган, бу ҳодиса унинг одамзод тарихига киришдан гувоҳлик беради.
1954-1955 йилларда Шимолий Африканинг илк плейстоцен қатламидан қадимги одам қолдиғи топилди. Бироқ бу топилма Ява оролидагидан ҳам майда бўлаклардан иборат бўлиб, бу ердан аслида пастки жағ суяклари топилган ва улар 3 индивидиумга тааллуқли эди. Бу топилмага олимлар атлантроп номини беришдилар. Бу топилма тегинилмаган – бузилмаган қатламдан меҳнат қуроллари билан бирга топилган. Бу ҳодиса унинг ерда дадил юришидан гувоҳлик беради. Топилган жағ суякларга қараганда улар анча бақувват, ияк суягининг тўла йўқлиги боис йирик тишларга эга бўлишган. Питекантропнинг жағ суяги ва тишларига қараганда атлантроплар Ява питекантропларини эслатарди ва морфологик тараққиёт жиҳатидан ҳам Ява топилмасига яқин турарди. Атлантроп билан топилган тош қуроллар жуда йириклиги ва дағал – қўполлиги билан характерланарди.
Шу муносабат билан ушбу сатрларда энг қадимги гоминидларнинг меҳнат қуроллари эволюциясини қисқача кўриб ўтамиз. Ҳозирги вақтда Эски Дунёнинг турли ҳудудларидан илк плейстоцен даврига оид кўпгина тош қуроллар топилган. Бу тош қуролларнинг ясалиши, тошни парчалаш муайян тизимга эга эмас. Бу каби топилмаларни айрим олимлар энг қадимги гоминидларнинг қуроллари бўлиши мумкин, деган фикрларни билдиришмоқда. Бу каби тош ашёлар фанда эолитлар номини олди (эолит – юнонча «учринди»). Бу масала ҳақида олимлар орасидаги тортишувлар ўтган асрдаёқ вужудга келган эди. Кўп олимларнинг фикрича, бундай «тош қуроллар» сув оқими бўйлаб оқаётган тошларнинг бир-бирига урилиши натижасида ҳам кертилган учқур тошлардан пайдо бўлган бўлиши мумкин экан. Шуни айтиш лозимки, сув ҳаракати билан тошдан қуролларсимон ашёлар ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Шунинг учун ҳам айтиш ўринлики, бу каби шаклсиз, қўпол ашёлар инсонлар томонидан жуда илк даврларда фойдаланилган бўлиши мумкин. Энг қадимги вақтларда қуроллар одатда дағал тарзда қайроқтошлардан қилинган. Бир неча учириндилар орқали кесувчи, чопувчи томонларини ўткирлашган. Археологияда бундай қуроллар қўпол учириндилар орқали ясалган қуроллар маданияти номини олган. Айнан шундай қуроллар Овропанинг Венгерия, Франция мамлакатларида, Ҳиднистонда, Бирма, Малайзияда, Ява оролида, Хитойда ҳамда Африканинг турли вилоятларида, Яқин Шарқ мамлакатларида топилган.
Энг муҳим топилмалардан бири илк палеолит даврига оид Уланика макони ҳисобланади. Бу ёдгорлик А.П.Окладников томонидан тоғли Олтойдан топилган. Геологик қатламлар ётқизиғига ва меҳнат қуролларининг хусусиятига кўра Уланиканинг ёши 1 млн йилдан кам эмас. Бу макон Осиё қитъасидаги энг қадимги ёдгорликдир. Бу макондан топилган тош қуроллар архаик шаклга эга, айниқса, чопувчи қуроллар қизиқарли бўлиб, бу тип қуроллар Осиё вилоятларида кенг тарқалган.
Навбатдаги археологик маданият палеолит даври шелль номи билан фанга кирган. У одатда Франциядаги шаҳар номи билан Аббивел даври ҳам деб аталади. Шелль қуроллари қалин, қўпол йўниш асосида тайёрланган. Топилма тош чўқморларининг ўртача ҳажми – узунлиги 10-20 см ни ташкил қилади. Қўл чўқморларидан ташқари йирик учирмалар ҳам қурол сифатида ишлатилган. (Расм-2) Овропанинг кўпгина манзилгоҳларида шельь даври билан мувозий равишда ривожланган ёдгорликлар ҳам мавжуд. Масалан, Англиянинг Клэктон Он Си шаҳри атрофида маконлар топилиб, улар шелль даври қуролларига ўхшаш бўлса-да, клэктон даври деб ҳам аталади. Клэктонликлар асосан қуролларни чақмоқтош учриндиларидан тайёрлаган. Шундай қилиб, одамзод жамоаси ўзининг энг қадимги тараққиёт босқичидан бошлаб тараққиёт техника йўлидан фойдаланган. (Расм-3)
Шелль даври одамлари кичик гуруҳ таркибида яшаб, улар дарё соҳилларида, кўллар атрофида ва кенг субтропик ўрмонзорларда яшаган. Уларнинг асосий тирикчилиги овчилик ва истеъмолбоп ёввойи ўсимликларга ва майда қурт-қумурсқага термачилик қилиш бўлган.
Энг қадимги гоминидларнинг морфологик типлари эволюциясини тушунишда 1927 йил Шимолий Хитойдаги Чжоукоудяль ғоридан топилган топилдиқлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ғордан қадимги овчилар лагер сифатида фойдаланган. Унинг қатламларидан 40 дан зиёд гоминидлар – эрлар, аёллар, болалар қолдиқлари топилган. Бу топилмаларнинг морфологик қиёфаси питекантропларга нисбатан анча такомиллашган, ривожланган эди ва улар питекантроплардан кейин яшаган зотлар эди. Улар геологик жиҳатдан ўрта плейстоценга тааллуқли бўлиб чиқди. Олимлар бу топилмаларни алоҳида-алоҳида типга ажратиб, синантроплар (хитой одами) деб аташдилар ёки пекин маймунсимон одамлари деган номни беришдилар. Синантроп питекантроп сингари ўрта бўйли, мия ҳажми питекантропдан йирикроқ – 900 дан 1200 см3 ёки ўртача 1050 см3 ни ташкил қилган. Синантроплар жисмида ҳам питекантропларга хос айрим хусусиятлар мавжуд эди. Масалан, пешона қисмининг орқага қараб пасайиши, ияк суягининг йўқлиги кабилар синантропларни одамсимон маймунларга яқин туришидан гувоҳлик беради. Мия ҳажмининг питекантропларга нисбатан анча ривож топганлигига қараганда, синантроплар оддий нутққа, сўзлашиш қобилиятига эга бўлганлар. Бундай фикрга асос сифатида уларнинг меҳнат қуролларининг питекантропларга нисбатан бирмунча ривожланганлигини кузатиш мумкин. Бу макондан топилган тош қуроллар хилма-хил бўлса-да, питекантроплар технологиясининг сарқитлари сақланиб қолган. Синантроплар, масалан, ёввойи отларга ва махайратларга ов қилганлар. Улар ғорда доимий равишда яшаганлар. Ғор қатламларида қалин кул қолдиқларининг мавжудлигига қараганда, синантроплар олов билан таниш бўлганлар.
Олов ибтидоий одамлар турмушида жуда муҳим аҳамият касб этган. Оловнинг кашф қилиниши ва ундан фойдаланиш одамзоднинг муҳим имкониятдан фойдаланиши эди. Олов билан совуқдан сақланган, овқатни пишириб истеъмол қилишни ўрганган, ов қилишда фойдаланган, меҳнат қуролларининг тиғларини оловда тоблаган. Синантроплар фақат табиат оловидан фойдаланганлар, сунъий равишда олов олишни билмаганлар.
Инсоният тарихи тараққиётининг навбатдаги босқичи шелльдан кейин келадиган ашель даври ҳисобланади. Бу атаманинг келиб чиқиши Франциянинг Сант-Ашель номли жойи билан боғлиқ. Бу маконда ҳам кўпчилик қурол-аслаҳалар шельь маконларидагидек қўзғатилган қатламлардан топилган. Ашель даври қурол ясаш технологиясини ўрта плейстоценга боғлаган ҳолда синантропларга тенглаштириш мумкин. Аммо сўнгги ашелль босқичида неандерталларга хос қуроллар ҳам топилган. (Расм-4) Инглиз олими Ф.Цейнер шелль даврини 550 минг йил аввал, ашел 430-150 минг йил аввалги замон деб, бошқа айрим олимлар шелль ва ашелль даврларини 400-100 минг йил билан белгилашган. Ашелль даври меҳнат қуроллари шелль даврига нисбатан анча ихчамлашган ва такомиллашган кўринади. Ашелль даврида ҳам асосий универсал қурол – қўл чўқмори ҳисобланган. Ашелль даврининг сўнгги босқичида леваллуа техникаси пайдо бўлади. Бу топилма Париж яқинидаги Леваллуа Перре топилмаси жой номи билан боғлиқ.
Ашелль даври қўл чўқмори турли мақсадларда: овқатбоп ўсимлик томирларини ковлаб олиш, ўлдирилган ҳайвонларнинг гавдасини бурдалаш ва бошқа мақсадларда ҳам қўлланилган. Бу даврда овчиликда кўпинча қамал усулидан фойдаланилган. Кишилик турмушида ёғочдан ясалган қуроллардан ҳам кенг фойдаланилган бўлиши мумкин, аммо улар узоқ ўтмишдан бизгача сақланмаган. Ашелль қуроллари орасида найза тиғлари ҳам мавжуд. Ашелль даври маймунсимон одамлари нафақат ғорларни макон қилиб яшаган, балки очиқ жойларда ҳам чайла қуриб яшашни билганлар. Масалан, Ницци шаҳрига яқин жойлашган илк ашелль даврига оид Тер-Амат маконидан узунлиги 8 метрдан 15 метргача бўлган чайласимон кулба топилган. Унинг эни 4 метрдан 6 метрни ташкил қиларди. Кулба шох-шаббалардан тикланган бўлиб, томни устунлар кўтариб турган. Кулбанинг поли юпқа ялпоқ тошлардан терилган, кулбанинг пастки қисми юпқа девор билан айлантириб олинган бўлиб, бу амал эса кулбани қаттиқ эсган шамолдан ҳимоя қилган.
Германиянинг Гейдельбер водийсидан 1907 йили топилган жағ суяк ҳам илк ашелл даврига оидлиги маъқулланган. Унинг тишлари йирик бўлса-да, одамнинг тишларига яқин ўхшаш аломатларга эга. Ўзининг морфологик хусусиятларига кўра гейдельбер топилмаси синантропларга яқин туради. Яна 2 та топилма қадимийликдан гувоҳлик беради. Улардан бири 1965 йил Венгриядаги Вертешселлаш маконидан топилган бўлиб, бош чаноқнинг орқа қисми эди. Бу топилма катта субъектга тааллуқли бўлиб, мутлақ ёши 3,5 миллион йилга тенглиги айтилмоқда. Айрим олимларнинг фикрича, бу топилманинг морфологик аломатлари питекантропларга ўхшайди. Унинг бош мияси 1400 м3 дан ошади. Бу ҳолат эса унинг неандерталларга яқинлигини кўрсатади. Олимларнинг айрим фикрига қараганда, бу топилма питекантропдан синантроп ва ундан неандерталларга ўтиш даври билан ҳам белгиланиши мумкин. (Расм-5)
Иккинчи топилма 1972-1975 йилларда Германиянинг Тюринг шаҳрига яқин Билбцингслебен номи билан аталган макон билан боғлиқ. Макондан пешона ва бош қисмнинг орқа суяк қолдиқлари топилиб, 3-3,5 миллион йиллар билан саналанган. Бу топилма илк босқич гоминиди деб эмас, балки овропа питекантропи деб аталган.
Питекантроп, синантроп, атлантроп, гейдельберг одами, маймунсимон одамлар асосан табиати илиқ минтақаларда яшаган. Улар ҳар доим дастлабки яшаш жойларидан аста-секин кенгроқ ўлкаларни ишғол қилиб боришган. Уларнинг замондошлари ҳам илиқсевар ҳайвонот дунёсидан иборат эди. Улар аста-секин Африканинг катта қисми, Овропанинг жануби ва Жанубий Осиё бўйлаб тарқалиб яшаганлар. (Расм-6) Шу билан энг қадимги, яъни маймунсимон одамлар топилмаларини тугаллаймиз. Шуни айтиш лозимки, маймунсимон одамлардан ҳозирги давр одамларига морфологик жиҳатдан ривожланиб бориш узоқ минг йилликларни ўз ичига олган. Тўғри, эволюция давомида, гоминидлар эволюцияси давомида бундай тараққиётдан бошқа йўналишга кириб борган жараёнлар ҳам бўлган. Ибтидоий жамият тарихини ўрганиш давомида бундай ҳолатни ҳам ҳисобга олиш керак.

Download 1 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling