Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Download 0.99 Mb.
|
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)
- Bu sahifa navigatsiya:
- ИБТИДОИЙ ЖАМИЯТ ТАРИХИ (Жаҳон тарихи)
- Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи).
- МУҚАДДИМА 1. Ибтидоий тарихнинг фан сифатида ўрганилиш аҳамияти
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ Археология кафедраси А.И.Перщиц, А.Л.Монгайт, В.П.Алексеев ИБТИДОИЙ ЖАМИЯТ ТАРИХИ (Жаҳон тарихи) Дарслик Олий таълим даргоҳлари тарих факультетлари талабалари учун мўлжалланган Дарслик профессор М.Д.Джуракулов ва т.ф.н. Д.М.Джуракуловаларнинг ҳамкорликда рус тилидан ўзбек тилига эркин, ижодий ва янги ёндашув асосидаги таржимаси. С Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи). Профессор М.Д.Джуракулов ва т.ф.н. Д.М.Джуракуловаларнинг ҳамкорликда рус тилидан ўзбек тилига эркин, ижодий ва янги ёндашув асосидаги таржимаси. Дарслик. 296 саҳифа. Қўлёзма Археология кафедрасининг қарори билан 10 нусхада кўпайтирилди. Компьютер муҳаррири: Я.К.Азизов. Муҳаррир – Ш.С.Ғаффоров Маслаҳатчи – Н.А.Аванесова Тақризчи – Х.М.Мамарагимов © МУҚАДДИМА 1. Ибтидоий тарихнинг фан сифатида ўрганилиш аҳамияти Инсоният тарихида бирин-кетин ёки бири иккинчиси билан алмашган қатор ижтимоий-иқтисодий формациялар: ибтидоий жамоалар, феодал, капиталистик ва замонавий соҳалар мавжуд. Ушбу фан улардан биринчиси ҳисобланган ибтидоий жамоалар тарихи бўлиб, одамзоднинг пайдо бўлишидан синфий жамият ва давлатчиликнинг вужудга кегунга қадарги ниҳоятда катта даврни ўз ичига олади.* Ибтидоий жамият тарихи одамнинг келиб чиқиши, унинг дастлабки хўжалиги ва моддий ҳамда мафкуравий жиҳатларининг вужудга келишида қўйилган дастлабки қадами, ибтидоий тузум қонуниятларининг асосий хусусиятларини, унинг ташкил топиши, гуллаши, инқирозга юз тутиш сабабларини ва синфий жамиятга айланиш шароит шаклларини ўрганади. Ибтидоий одамларнинг пайдо бўлишидан то давлат юзага келгунга қадар бўлган давр ибтидоий жамоалар давридир. Жамоа бўлиб меҳнат қилиш ва жамоа бўлиб истеъмол қилиш ибтидоий жамиятнинг ўзига хос хусусиятидир. Энг оддий меҳнат қуролларига эга бўлган ибтидоий одам якка-якка ҳолда табиат кучларига ва даҳшатли йиртқич ҳайвонларга қарши кураша олмас эди. Шунинг учун ибтидоий одамлар жамоа равишда меҳнат қилиб, ўз меҳнатларининг маҳсулини тенг тақсимлар эдилар. Ибтидоий жамият ибораси буюк кашфиёт ҳисобланиб, у биринчи навбатда, этнограф олим Л.Г.Морган номи билан боғлиқ. Л.Г.Морган ўзининг «Қадимги жамият» (1877) китобида жуда бой этнографик материалларга асосланган ҳолда илмий оламда биринчи бўлиб кишилик тарихининг дастлабки синфий жамиятга қадар бўлган даврини икки босқичга бўлган: I босқични «ибтидоий тўда», II босқични эса «ибтидоий уруғчилик жамоаси» деб атади. Ибтидоий тўда босқичи ўз мазмун моҳияти билан илк аждодларимизнинг «ҳайвон» оламидан ажралиб, инсоният оламига ўтиш даври билан характерланади. Л.Г.Морган бу босқични ибтидоий жамиятга киритмаган. Аслида ибтидоий жамият уруғчилик жамоасининг вужудга келиши билан бошланади. Л.Г.Морган фикрига Ф.Энгельс ва В.И.Ленинлар қўшилса-да, аммо улар уруғчилик жамоаси даврини «ибтидоий коммуна», «қадимги коммунизм» иборалари билан алмаштириб, катта назарий хатога йўл қўйдилар. И.В.Сталиннинг «Диалектик ва тарихий материализм» асари пайдо бўлгач, мазкур масала яна чалкашиб кетди. У ибтидоий жамият тушунчасига кишилик тарихининг ибтидоий тўда босқичини ҳам қўшиб юборди. Сталинча концепция кейинчалик собиқ совет тарихшунослигида асосий йўл-йўриқ бўлиб қолди. Аслида, тарихан биринчи ижтимоий-иқтисодий формация – ибтидоий уруғчилик жамоаси бўлиб, уруғ жамоаларнинг пайдо бўлишдан то синфий жамиятнинг шаклланишига қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Ибтидоий тўда даврида эса ишлаб чиқаришнинг ўзи бўлмаган. Бу давр одамзоднинг узоқ давом этган тадрижий шаклланиш босқичи бўлиб, у ҳақиқатан ибтидоий жамиятга ўтиш даври ҳисобланади. Л.Г.Морган ўз вақтида ибтидоий жамиятни икки босқичга бўлган: биринчисини «ибтидоий уруғчилик жамоаси», иккинчисини эса «ҳарбий демократия босқичи» деб атади. XX асрда этнография ва археология соҳаларида фан оламида қўлга киритилган ютуқлар ҳарбий демократия даврини синфсиз жамиятдан биринчи синфий жамиятга ўтиш босқичи сифатида қарашни, шунингдек, «ибтидоий уруғчилик жамоаси» даврини иккала фазага бўлишни тақозо қилади. Ибтидоий уруғ жамоасининг ҳар иккала фазасида инсон ҳаётида жуда катта синфий ўзгаришлар юз берди. Бу даврда дастлабки жамоа бўлиб яшаш куртаги пайдо бўлди. Бу куртак уруғ жамоасининг таркиб топишига асос солган оналар атрофида юз берди. Шунинг учун ҳам уруғчилик жамоаларининг бу илк фазаси она уруғи – «матриархат» деб аталди. Уруғчиликнинг биринчи тадрижий ривожланиш фазасида ишлаб чиқариш муносабатлари тўлалигича уруғ манфаатига мос тушади, жамоада ижтимоий ишлаб чиқариш ҳукмрон бўлади. Энди ибтидоий уруғчилик жамоасининг иккинчи фазасида ишлаб чиқариш муносабатлари аста-секин уруғ манфати доирасидан чиқа бошлайди. Бундай ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ибтидоий жамоа хўжалигида деҳқончилик ва чорвачиликнинг келиб чиқиши, ривожланиши асосида жамоада ортиқча маҳсулотнинг пайдо бўлиши ҳамда бозор муносабатларининг таркиб топиши билан боғлиқ эди. Бу жараёнлар, албатта, ишлаб чиқаришда эркаклар меҳнатига талабнинг ортиши, уруғлараро гуруҳли никоҳнинг бузилиши ва уруғ жамоасидан ташқарида патриархал жуфт оиланинг қарор топиши билан боғлиқ эди. Ибтидоий уруғчилик жамоаси замирида рўй берган бу ўзгаришлар матриархат уруғ жамоасининг патриархал уруғ жамоасига ўз ўрнини бўшатиб беришига олиб келди. Ота уруғи (патриархат) шаклланди. Жамоада эркаклар ролининг кучайиши табиий равишда патриархал жуфт оилани келтириб чиқарди. Патриархал уруғ жамоасидаги жуфт оила никоҳи унинг таркибида моногам никоҳ тизимининг қарор топишига олиб келди. Илк уруғчилик жамоаси даврида одамзод биринчи бор амалий санъатни кашф этди, яъни санъат дастлаб аёл ҳайкалларини ясашдан, биринчи навбатда, ҳомиладор аёл тасвирини ишлашдан бошланди. Бу даврнинг бошқа бир буюк ўзгариши одамзоднинг биологик жисмоний тузилишида рўй берган эди, яъни европоид, негроид ва монголоид ирқлар шаклланди ва ниҳоят, энг қадимги аждодларимиз табиий ғордан чиқиб, муайян минтақаларда ўзлари учун кулба ясаш йўлини кашф этдилар. Ибтидоий аждодларимиз ҳаётидаги бу инқилобий ўзгаришлар она уруғи – матриархатнинг дастлабки минг йилликлари давомида, яъни мил. авв. 50-40 минг йилликларда содир бўлди. Ибтидоий тўда даврида илк жамоаларимиз ўртасида биологик алоқалар чекланмаган шаклда, тартибсиз ҳолда юз берган бўлса, ибтидоий уруғчилик жамоаси таркиб топиши билан одамлар ўртасидаги биологик алоқалар маълум тартибга тушди, яъни биологик алоқалар энди икки уруғ жамоаси аъзолари ўртасида содир бўладиган бўлди. Бу никоҳ тартиби гуруҳли никоҳ деб юритилди. Кейинроқ она уруғи даврининг сўнгги фазасида ана шу гуруҳли никоҳ доирасида аёллар фарзандларининг оталаридан ўз уруғи учун ишлаб беришни, ўз уруғи юмушларига ёрдам беришни талаб қила бошлайдилар. Бу талаблар, албатта, иқтисодий муаммолар билан боғлиқ бўлиб, она уруғи жамоаси замирида матриархал жуфт оилани расмийлаштиришга олиб келди. Оналар энди ўз фарзандларига отасини таништириб боради. Узоқ давом этган бу никоҳ тартиби ва ахлоқ нормалари она уруғи доирасида эркаклар ролининг кучайишига олиб келди. Иқтисодий ҳаёт ташвишлари энди эрлар қўлида жамланди. Эркаклар иқтисодий хўжалик жиловини ўз қўлларига оладилар ва фарзандлари олдидаги нуфузи ортиб боради. Ибтидоий уруғчилик жамоасининг иккинчи фазасида уруғ жамоалари хўжалигидаги қўшимча даромад пайдо бўлади, у эса, ўз навбатида, мол айрабошлашни келтириб чиқаради. Ана шу даврдан бошлаб, уруғларнинг қабилаларга бирлашиши бошланади. Қабилалараро иқтисодий алоқалар вужудга келади ва натижада кишилик тарихида ҳарбий демократия даври бошланди. Бу инқилобий ўзгаришлар оталар уруғи (патриархат)га хос бўлиб, улар ибтидоий уруғчилик замиридаги деҳқончилик ва чорвачиликнинг кашф этилиши билан боғлиқ эди. Археологик жиҳатдан илк ва ўрта палеолит даврига мувофиқ келувчи ибтидоий тўда даврида яшаган аждодларимизнинг одамсимон маймун подаларига хос хатти-ҳаракатлари фан оламида улар энг олий типдаги одамсимон маймунлардан тарқалган, деган тасаввурни келтириб чиқарди. Аслида ҳеч бир одамсимон маймунлардан (шимпанзе, гиббон, орангутан, гориллалардан) одам тарқалмаган. Одамзоднинг энг илк аждодлари ўзларининг озиқ тишларидаги нақшлари ва бош миясининг маймун бош миясидан катталиги билан фарқ қилувчи маймунсимон одам аждоди (Горонна дриопитеки)дан тарқалган. Бу типдаги одамзод аждодларининг қолдиқлари Жанубий Африкада зинжантроп, Индонезиянинг Ява оролида питекантроп, Хитойда синантроп, Ўзбекистонда фергантроп, Германияда неандерталлар номлари остида топиб ўрганилган. Фан оламининг хулосасига кўра, улар то «ақлли одам» (homa sapiens) ҳолатига келгунига қадар (мил. авв. 50-40 минг йилликка қадар) ўзининг тадрижий шаклланиш тараққиёт йўлини босиб ўтган. Улар энг оддий тош қуроллардан ва оловдан фойдаланишни ўргандилар. Маданиятнинг дастлабки куртаклари вужудга келди, маъноли нутқ пайдо бўлди. Инсон аста-секин биологик жиҳатдан такомиллаша борди, энг ибтидоий (питекантроп, синантроп, неандертал ва бошқ.) типдан юксак тараққий этган ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган одам даражасига етди. Аввало, меҳнат, сўнгра сўзлаш – иккита энг муҳим сабаб бўлдики, бу сабаблар таъсири остида энг илк аждодларимизнинг мияси секин-аста ақлли одам миясига айланди. Илк ва ўрта палеолитдан унинг сўнгги босқичига ўтиш даврида тош қуролларни ясашда, овчиликда анча ютуқларга эришилди. Ибтидоий тўдадан сўнгги палеолитга ўтиш даврида ижтимоий муносабатлар ва одам қиёфаси анча ўзгарди ва тараққий этди. Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда ибтидоий жамиятнинг ҳар бир даврига мансуб меҳнат қуроллари Фарғона водийсидаги Селенгур ғорида ва бошқа жойларда топилди. Археолог А.П.Окладников томонидан 1938-1939 йилларда текширилган Тешиктош ғори ёдгорликлари ҳам мазкур даврнинг мустье босқичига мансубдир. Сўнгги палеолит даврида суяк ва шохдан ясалган буюмлар: игна, бигиз, камон ўқи, турли хил безаклар ва ҳ.к. кенг қўлланилган. Бу даврда парма ҳам пайдо бўлди. Ибтидоий тўда ўрнини ижтимоий жамоанинг анча мукаммаллашган шакли – она уруғи жамоаси (матриархат) эгаллади. Бир уруғ ичида никоҳ қилиш ман этилди, натижада ибтидоий одамларнинг жамоа бўлиб уюшиши кучайди. Археологик жиҳатдан сўнгги палеолит, мезолит ва неолит даврига мувофиқ келувчи матриархат даврида уруғчилик жамоаси анча уюшқоқ ижтимоий-иқтисодий куртак бўлиб, кишилар биргаликда маҳсулот тайёрлар ва истеъмол қилар эди. Улар овчилик, балиқчилик билан шуғулланганлар, кейинчалик эса мотига билан ер ҳайдаб, деҳқончилик қилиб ва уй ҳайвонларини боқиб тирикчилик ўтказишган. Матриархатнинг ривожланган даврида меҳнат тақсимоти туфайли хўжаликда ва жамиятда аёллар муҳим рол ўйнай бошлади. Ибтидоий гуруҳ-гуруҳ оиладан алоҳида хўжаликка эга бўлмаган беқарор жуфт оилага ўтилди. Матриархат даврида қишки турар жой, кийим ва безаклар, қуролнинг мураккаб турлари (ўқ-ёй, елмилтиқ ва бошқ.), терини қайта ишлаш, мато тўқиш, кулолчилик, тасвирий санъат ва дин вужудга кела бошлади. Бу даврнинг сўнгги босқичида этник бирлик – қабила таркиб топди. Ўрта Осиёда шу даврга оид кўп ёдгорликлар топилган. Масалан, Жойитун, Калтаминор, Ҳисор, Сазағон маданиятлари шулар жумласидандир. Неолитнинг сўнгги босқичи ва жез даврининг бошларида она уруғчилик жамоасининг ишлаб чиқарувчи кучлари тараққиётида катта ўзгаришлар рўй берди. Чорвачилик, омоч билан ер ҳайдаш, балиқ тутиш, металлни оддий усулда қайта ишлаш юзага келди. Натижада аёлларнинг хўжалик юритишдаги роли пасайиб, эркакларнинг роли ошди. Кишилар табиат кучларига қарши курашиш учун турли қуроллардан фойдаландилар. Эркаклар ўзлари топган бойликларини жамоага эмас, ўз болаларига беришга интилдилар. Шу тариқа матриархатдан патриархат даврига ўтишди, уруғчилик оилаларига ота бошчилик қиладиган бўлди. Ота уруғи асосида катта патриархал оилалар ташкил топди. Патриархал оилада уруғчилик тузумининг куртаги сақланган бўлса-да, унинг емирилаётгани сезилиб турарди. Барқарор никоҳ вужудга келиши билан аёл киши эркак турган жойга бориб яшайдиган бўлди. Болалар ота исмининг ва мулкининг меросхўри бўлдилар, уйда ота ҳукмронлиги юзага келди. Ишлаб чиқариш кучларининг ўсиши, ижтимоий меҳнат тақсимотининг ривожланиши хусусий хўжаликнинг пайдо бўлишига, уруғнинг емирилишига, ўзига тўқ юқори табақанинг ажралиб чиқишига олиб келди. Бу табақа дастлаб ҳарбий асирлар, сўнг қашшоқлашган қабиладошларини қулларга айлантирди. Қабилалараро хўжалик ва маданий алоқаларнинг ривожи туфайли этник бирликнинг янги шакли – элат вужудга келди. Натижада синфлар ва давлатлар пайдо бўлди. Уруғ-қабила бошлиқларидан давлат ҳокимияти ташкил топа бошлади. Жез даврида Ўзбекистон ҳудудида суғорма деҳқончилик ривожлана бошлади. Бу даврга оид археологик топилмалар моддий-маданий белгилари ва этник хусусиятларига қараб кўпгина археологик маданият исмлари билан аталади. Масалан, Амиробод маданияти, Сополлитепа маданияти, Замонбобо маданияти, Тозабағёб маданияти, Чўст маданияти ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Ўрта Осиё ҳудудидаги жез ёдгорликларининг жуда бой мажмуси воҳаларда иқтисод ва маданият тараққий этганидан бу ерда қадим даврдаёқ синфий жамият туғила бошлаганидан далолат беради. Жаҳон бўйича ибтидоий жамият тарихини ўрганар эканмиз, ўзимиз туғилиб, ўниб-ўсган мўътабар диёр Зарафшон ҳавзасининг ибтидоий тарихидан ҳам қисқача жумлалар асосида маълумот бериш фойдали деб ўйлаймиз. Зарафшон ҳавзаси Марказий Осиёнинг марказий қисмидаги қадимги тарихий ўлкалардан бири. Бу ҳавзанинг асосий қисми Туркистон Оқтов билан Зарафшон тизмалари орасида жойлашган кўндаланг водийдан иборат бўлиб, Зарафшон дарёси тармоғидан Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг бир қисми тўйинади. Зарафшон водийсининг шарқий тоғли қисми Тожикистон, ғарбий тоғ этаги ва текислик қисми Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлиб, тектоник йўл билан вужудга келган. Водийнинг ҳозирги релъефининг шаклланишида Зарафшон дарёсининг доимий ва вақтли ирмоқлари ҳамда мавсумий равишда эсиб турадиган шамол ва ёғингарчилик муҳим рол ўйнаган. Водий Зарафшон музлигидан (баландлиги 2775 м) бошланиб, ғарбда Сандиқли қумигача (баландлиги 185 м) 781 км масофага чўзилган ҳавзани ўз ичига олади. Водий шу масофада ғарбий, жанубий-ғарбий йўналишда давом этади ва аста-секин пасайиб ҳамда кенгайиб боради. Водийнинг асосан устини тўртламчи давр аллювиал жинслари қоплаган. Учламчи давр чўкинди жинсларидан таркиб топган бўлиб, бу ерда неоген давригача денгиз бўлган. Альп орогенезида водий қуруқликка айланган. Зарафшон диёри ўз ўзанини доимий чуқурлаштириб, терасса (кўҳна қайирлар) ҳосил қилган. Масалан, водийнинг шарқий тоғи қисмида 6 та терасса ҳосил бўлган. Панжакент шаҳригача 300 км масофа бўйлаб водий тор ва чуқур. Зарафшон дарёси юқори қисмида муз ҳаракати билан вужудга келган анча кенг – 4-5 км дан иборат водий ҳосил қилган. Қўштутсойнинг Зарафшонга қуйиладиган ерида водий жуда тор, тоғ ёнбағри дарё қирғоғидан тик кўтарилган. Қуйи қисмида водий кенгайиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтгач, кенглиги айрим жойларда 60-70 га етади. Ўзбекистон ҳудудида Зарафшон водийсининг узунлиги қарийб 480 км масофани ўз ичига олиб, 3 та воҳани, яъни Самарқанд, Бухоро, Қоракўл воҳаларини қамраб олади. Зарафшон ҳавзаси табиий иқлими асосан континентал. Водийнинг асосий дарёси Зарафшон кўлларидан энг йириги - Денгизкўл. Зарафшон водийси ботиқда жойлашганлиги сабабли ер ости сувларига сероб, кўпгина доимий обиҳаёт берадиган зилол сувли чашмаларга бой. Водийнинг тупроғи ҳосилдор, турли-туман ўсимликлар ўсади. Ҳайвонот дунёсига бой. Суғоришга яроқли ерлар мўл. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд. Водий ўзининг кўркам боғ ва манзаралари билан қадимдан машҳур. Водий турли табиий бойликларга сероб. Олтин, мис, қалай, кўмир, газ, ҳар хил қурилиш материаллари конлари, минерал сувлари ва бошқа ресурсларга бой. Ибтидоий даврда инсон жамоалари тирикчиликда фойдаланадиган чақмоқтош, палеометалл заҳираларига бой. Хуллас, ҳавзанинг табиий географик жойлашиши, табиий иқлими, экологик шароитлари, одамзод ҳаёти учун турли ресурсларга бойлиги каби омиллар ҳавзани жуда қадимдан одамзод жамоалари ўзлаштирганлиги тасодифий эмас. Зарафшон ҳавзаси одамзоднинг қадимги ватанларидан эканлиги археологик тадқиқотлар туфайли исботланган. Ер бағрининг деярли барча сарҳадлари, шунингдек, Зарафшон ҳавзаси ҳам одамзоднинг ибтидоий даврини ўз бошидан кечирган. Маълумки, инсоният ўз ўтмишида бир неча бирин-кетин содир бўлган ижтимоий-иқтисодий формацияларни бошдан кечирган бўлиб, уларнинг дастлабкиси ибтидоий тарих ҳисобланади ва бу давр дастлабки синфий жамият ва давлатчиликнинг ташкил топишига қадар ҳукм сурган. Ибтидоий жамият тарихи одамзоднинг келиб чиқиши, унинг дастлабки хўжалик ва ижтимоий фаолияти, маънавий ва моддий маданиятнинг вужудга келишининг дастлабки қадамлари тарихини ўрганиш билан бирга ибтидоий жамият тарихининг асосий хусусиятлари, бу жамиятнинг вужудга келиш қонуниятлари, ташкил топиши, гуллаши ва инқирози, дастлабки синфий жамиятга айланиш шакллари ва шарт-шароитларини ҳам ўрганади. Ибтидоий жамиятнинг ўзига хос хусусияти ишлаб чиқариш кучларининг ниҳоятда паст даражада ривожланганлиги ва бу даврнинг асосий тараққиёт босқичларида меҳнат қуролларини ишлаб чиқишда тошдан фойдаланганлигидир. Тошдан оддий қуроллар ясаш анча қийин кечган, уни ишлаб чиқаришни такомиллаштириб бориш узоқ минг йилликларни талаб қилган. Шунингдек, дастлабки тараққиёт босқичларда меҳнат унумдорлиги ҳам паст даражада кечган ва кишиларда ҳали ҳаёт ва ишлаб чиқариш тажрибалари паст даражада бўлган. Лекин асрлар давомида меҳнат қуролларини такомиллаштириш давом этган. Бу ҳолат ибтидоий одамнинг ҳаётий тажрибаларининг пастлиги унинг табиат олдида ожизлигини тақозо қиларди. Бу ҳолат одамларнинг якка тарзда эмас, балки тўда ёки гуруҳларга бирлашиб яшашни ҳаётнинг ўзи талаб қиларди. Коллектив бўлиб яшаш эса тирикчилик маҳсулотларини яратишда бирга меҳнат қилиш, қўлга киритилган озиқ-овқат маҳсулотларига бирга эгалик қилишни талаб қиларди. Шу тарзда табиат инжиқликлари билан яшаш учун кураш олиб бориларди. Ибтидоий жамият хусусий мулк, ижтимоий синфлар ва халқни мажбурлаш ҳокимиятига ҳам эга эмас эди. Бу давр ҳали давлатчиликнинг ташкил топмаган синфсиз жамиятдан иборат эди. Ибтидоий жамият тарихини ўрганиш шу боисдан, нафақат тарихни, шунингдек, дунёқараш фикрларнинг шаклланишни ўрганишда ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эга. Бу давр тарихини ўрганар эканмиз, биз синфий жамиятга қадарги ўтмишнинг ижтимоий тузумини, хусусий мулкнинг пайдо бўлишини, ижтимоий тенгсизлик ва давлатчилик ҳокимиятининг юзага келиш жараёни динамикасини ўрганамиз. Маълумки, буржуазия олимларининг ибтидоий давр ўзгармас жамият ва у шундай бўлиб қолади, деган фикр ва таассуротлари жамият тараққиёти қонунларига зид эканлиги прогрессив кайфиятдаги тадқиқотчилар томонидан доим фош қилиб келинган. Зарафшон ҳавзаси одамзоднинг палеолит давридан бошлаб макони бўлиб келганлиги тўла илмий жиҳатдан исботланган. Ҳавзанинг ибтидоий давр тарихини ўрганиш ишлари XX асрнинг 30-йилларида бошланган бўлиб, бу борада, аввало, Самарқанд давлат университети, Термиз археологик комплекс экспедицияси, ЎзФА археология институти экспедицияси, ЎзФА санъатшунослик институти экспедицияси бир қатор дала археологик тадқиқот ишларини бажариб, ибтидоий тарихни аниқлаб берувчи тош асри ва жез даврига доир қатор ёдгорликларни кашф қилиб, натижаларини фан оламига киритди ва оқибатда ҳавзада ибтидоий тараққиёт босқичларининг барчаси узлуксиз ривожланишда бўлганлиги аниқлаб берилди. Ҳавзада одамзод тўдалари ўрта палеолит давридан бошлаб қўним топганлиги ва галма-гал ўзлаштириб, ўз даврига молик юксак маданият яратилганлиги исботланди. Масалан, Зарафшон ҳавзасининг ўрта қисми билан боғлиқ Омонқўтон, Такалисой, Гўрдара, Зирабулоқ, Қўтирбулоқ каби ўрта палеолит даври ёдгорликлари топиб ўрганилган. Сўнгги палеолит даври ёдгорликларидан Самарқанд, Сиёбча, Хўжамазгил, Олмабулоқ каби ёдгорликларни кўрсатиш мумкин. Зарафшон водийсининг Қизилқум саҳроларидан ҳам ўрта палеолит даври ёдгорликлари топиб ўрганилган. Юқорида зикр этилганидек, ҳавзада ибтидоий даврда узлуксиз одамзод жамоалари яшаб, ўз даврига хос юксак маданият яратиб келинганлиги исботланди. Мезолит ва неолит даврига келиб, одамзод ҳавзанинг барча маъқул экологик бурчакларини ишғол қилиб, ўзлаштириб яшаган. Бу даврга оид юзлаб макону манзилгоҳлар топиб ўрганилган. Тош асрида одамзод жамоаларининг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган табиат жинсларидан бири чақмоқтош бўлиб, унинг заҳиралари ҳавза туманларида бир неча жойда топиб ўрганилган. Зарафшон ҳавзаси тош асри ёдгорликларини ўрганишда археологлардан Я.Ғ.Ғуломов, Д.Н.Лев, М.Джуракулов, Н.Ташкенбаев, Ў.Исламов, М.Қосимов, Р.Сулаймонов, Т.Мирсоатов, А.В.Виноградов, Э.Д.Мамедов каби олимларнинг хизматлари каттадир. Заравшон ҳавзасида тош давридан металл даврига ўтиш милоддан авалги III минг йиллик охирлари ва II минг йилликларда содир бўлиб, тараққиёт кетма-кетликда давом этган. Айрим буржуа олимларининг фикрига қарама-қарши улароқ, илмий асосда айтиш лозимки, Зарафшон ҳавзасида ибтидоий даврда яратилган маданият ўзга юртлардан кириб келган эмас, балки туб, маҳаллий, автохтон асосида яратилганлиги фанда исботланган. Зарафшон ҳавзасида неолит даврига келиб жойли цивилизациянинг дастлабки куртаклари пайдо бўлади. Бу каби тараққиёт ҳодисалари қадимги замонларда ўша замонда яшаган бобокалонларимизнинг ақл-заковати билан яратилган маданиятнинг маҳсулидир. Юқоридаги илмий маълумотлардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, Зарафшон ҳавзасида Ўрта палеолит даврида одамзод гала-гала ёки тўда бўлиб яшаган бўлиши билан бирга, улар қон-қариндошлик ва пуналуа (ўртоқлик) оила тизимини юзага келтиради ва сўнгги палеолит даврига келиб унинг илк тараққиёт босқичида уруғчилик куртаклари пайдо бўлади. Бу ҳодиса натижасида дастлабки уруғчилик тузумининг, яъни она уруғдошлигининг – матриархатнинг (mater – она ва arche – ҳукмронликнинг бошланиши) юзага келиши бошланади. Мезолит (Ўрта тош асри), неолит (Янги тош асри) тараққиёт босқичларида она уруғчилик жамоалари гуллаб яшнаган давр ҳисобланади. Юқорида айтилганидек, неолит даврининг сўнгги тараққиёт босқичида дастлабки металл, яъни миснинг кашф қилиниши билан палеометалл даври бошланиб, жез даврида уруғ жамоалари орасида жуфт оилалар пайдо бўлади, одамлар уруғ-жамоаларига бирлашиб яшай бошлайдилар ва тараққиёт маҳсули сифатида уруғ-жамоаларининг бирлашмасидан қабилавий бирлашувлар ташкил топган ва бу давр ибтидоий жамиятнинг энг ривожланган босқичи ҳисобланади. Зарафшон ҳавзасининг палеометалл даври анча яхши ўрганилган. Сўнгги 50-60 йил давомида, айниқса, Зарафшон водийси бўйлаб, жез даврига доир қатор ёдгорликлар топиб ўрганилди. Масалан, Мўминобод, Замонбобо, Чакка, Сиёбча, Саразм каби ёдгорликлар шулар жумласидандир. Бу соҳани ўрганишда олимлардан А.Асқаров, А.Исҳоқов, Н.Аванесова ва бошқаларнинг хизматлари каттадир. Умумий миқёсда қаралганда, энеолит (мис-тош даври) ва жез даврларида ибтидоий уруғ-жамоалари ҳавзанинг барча маъқул экологик бурчакларини эгаллаб, ўзлаштириб яшаганлар. Модомики, неолит даврида яшаган уруғ-жамоалар дастлаб ўзлаштирувчи хўжаликдан ишлаб чиқариш иқтисодига ўтишни бошлаб берган бўлса, палеометалл даврига келиб, жезнинг турмушга кириб келиши меҳнат унумдорлигининг кескин ривожланишига олиб келди ва кишилар ўртасида ўтроқ суғорма деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик каби соҳалар ривожланиб, уруғ-жамоалараро дастлабки мол айрабошлаш жараёнлари ташкил топади ва бу даврда уруғ-жамоаларнинг бирлашиб яшашига, хуллас, қабилавий бирлашмалари, сўнгра давлатчиликнинг ташкил топишига олиб келади. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling