Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)


Жез ва илк темир асрининг археологик маданиятлари


Download 0.99 Mb.
bet38/57
Sana31.12.2022
Hajmi0.99 Mb.
#1073641
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   57
Bog'liq
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)

3. Жез ва илк темир асрининг археологик маданиятлари
Жез давридаги одамзод аҳлининг бирлашмалари одатда қадимги давлатлар ҳудудидан ташқаридаги археологик маданиятлар туфайли ўрганилган. Жез даври археологик маданиятларини қабила ва халқларнинг ёзув манбаларига таяниб ўрганиш ҳар доим мураккаб кечган. Хусусан, муайян тил оиласи қайси халққа тегишли эканлигини ўрганиш қийин кечган.
Жез асрининг энг гуллаб яшнаган дастлабки минтақасига, аввало, Болқон ярим ороли билан боғлиқ Эгей денгизи мамлакатларини киритиш мумкин. Бу мамлакатлар Македониядан жануб томонидаги сарҳадларни ўз ичига олади. Шунингдек, бу ҳудудга Кичик Осиёнинг ғарбий қирғоқлари, Крит ва Эгей денгизининг бошқа ороллари ҳам киради. Айтилган минтақалар бу даврга оид археологик ёдгорликларнинг энг кўп топилган мамлакатлари ҳисобланиб, Эгей маданияти, шунингдек, Крит ороли ва Пелопонеснинг Микен сарҳадлари яхши ўрганилган. Шунинг учун ҳам бу ҳудудлар адабиётларда крито-микен дунёси деб аталади. Қадимги энеолит даврига тегишли бу мамлакатлардаги ёдгорликлар мил. авв. 4-3 минг йилликларга оиддир. Крит оролидаги жез асри мил. авв. 2200 йил аввал бошланган бўлиб, унинг ривожланишида Яқин Шарқ цивилизациясининг таъсири кучли бўлган. Грециянинг материк минтақаларида бу жараён мил. авв. XVIII-XVII асрларда бошланган.
Дунё ҳавзасидаги жез асри маданияти маҳаллий энеолит маданияти асосида ривожланган бўлиб, асосан деҳқончилик маданиятидан иборат эди. Бироқ ўрмонзорлардан ташқаридаги кам ҳосилдор ерларга ҳам ишлов берила бошланади. Бу ерда овчилик ва чорвачилик хўжаликлари муҳим аҳамиятга эга эди. Қишлоқлар қурилиши нафақат водийларда, шунингдек, тепалик устларида ҳам давом этиб, кўпинча уларнинг атрофи деворлар билан ўраб олинарди.
Неолит ва жез асри чегарасида мил. авв. 3 минг йилликда Дунай дарёсининг ўрта ва юқори оқимларида, Чехословакия ҳамда Висла дарёсининг юқори оқимлари ҳудудларида баден маданияти кенг тарқалган эди. Бу маданият соҳиблари деҳқончилик билан шуғулланарди, оғир юк ташувчи ҳайвонлардан фойдаланишни билишарди, миниладиган ҳайвонлардан от хонакилаштирилган эди. Бу маданиятнинг характерли хусусияти жангавор тош болталарни бурғалаб ясаш ҳамда керамикаси каннел шаклидаги нақшлар билан безалганлигида эди.
Жез давриинг илк босқичларига оид археологик маданиятлардан бири унетицк маданияти бўлиб, Прига яқинидан топиб ўрганилган қабрлар номи билан боғлиқ. Бу маданият Овропага кенг тарқалган бўлиб, Чехия, Қуйи Австрия, Селезия ва Саксония каби мамлакатларни ўз ичига олади. Бу маданият соҳиблари деҳқончилик, жез эритиш ва қуйиш ишлари билан машғул бўлганлар. Бинобарин, айниқса, Рудник тоғи, Судет ва Ғарбий Бескид каби гўшалар рўдаларга бой эди. Бу маданият Ғарбий Полшадан Болтиқбўйи бўйлаб Британ оролларигача тарқалган. Унетицк маданиятига доир уйлар ер сатҳида тўғри бурчакли бўлиб, деворлари шох-шаббалардан тўқилган ва лой билан сувалган. Бундан ташқари, доира шаклида ярим ертўла уйлардан ҳам фойдаланилган.
Мил. авв. 2 минг йиллик бошларида Шимолий ва Ўрта Овропада сопол идишлари бўялган ва шардозил йўсинида нақшланган керамика кенг тарқалади. Бу қабилалар сайқал берилган жангавор болталар билан қуролланган эди. Бу қабилаларнинг аксарияти чорвачилик хўжалиги билан шуғулланарди. Бу қабилаларнинг ўтмиш авлоди маҳаллий неолит ва энеолит даврларига бориб тақалади. Улар тошдан силлиқланган болталар, Қадимги Шарқ типидаги жез болталар ҳамда шарсимон керамика идишлари ясашнинг устамонлари бўлган.
Ҳозирги Германия, Юқори Австрия, Голландия, Дания, Жанубий Скандинавия мамлакатлари ҳудудларида кўпгина қабилалар яшаган бўлиб, уларнинг маданияти ўз характери жиҳатидан қўрғон қабрли маданиятга яқин турарди. Улар маданиятининг асосий хусусиятларидан бири жез болталарининг соплари қайрилганлигида эди. Асосий хўжаликлари чорвачилик бўлиб, деҳқончилик эса ёрдамчи хўжалик ҳисобланарди. Айрим олимларнинг фикрига қараганда, бу қабилалар герман қабилаларининг ўтмиш авлоди бўлиши мумкин.
Мил. авв. 2 минг йиллик бошларида Овропа тарихида қизиқарли ҳодиса юз беради. Бу вақтда қўнғироқ шаклига ўхшаш кубик маданият ёдгорликлари кенг тарқалади. Дастлаб бу маданият Испанияга кенг тарқалган бўлиб, лойдан ясалган идишлар шакли тўнкарилиб қўйилган қўнғироққа ўхшарди. Бу идишлар тароқсимон нақшлар билан безалган. Бу маданият қабилалари чорвачилик билан машғул бўлиб, чорвачилик учун кенг ва ўтлоқ майдонларни излаб, доим бир жойдан иккинчисига кўчиб юрардилар. Шу аснода уларнинг маданияти Ғарбий ва Марказий Овропадан Британиягача, ундан то Италиягача бўлган минтақаларга тарқалган. Бу қабилалар орасида мисдан ажойиб буюмлар тайёрлайдиган чилангар усталар кўп эди.
Илк жез даврида Пиреней ярим оролининг жанубий-шарқий қисми металлургиянинг ҳақиқий марказига айланади. Бу қабилаларнинг асосий машғулоти деҳқончилик бўлса-да, тоғ кон ишлари, жумладан, металлургия анча ривожланган эди. Уларнинг қишлоқлари баланд тепаликлар устига қурилган бўлиб, атрофи тош деворлар билан ўраб олинган бўларди. Бу маданият Пиреней ярим оролида ўрганилган Эл-аргар қишлоғи номи билан боғлиқ. Эл-аргар маданияти соҳиблари уйлари кўп хонали бўлиб, ҳатто икки қаватлиси ҳам бўлган.
Мил. авв. 3 минг йилликнинг 2-ярмида Германиянинг Пиреней вилоятларида, Дунайнинг юқори оқими қисмида ва Шарқий Францияда михельбер номи билан аталган маданият кенг тарқалади. Бу маданият соҳиби қабилаларининг қишлоқлари чуқур ва энли хандаклар ҳамда уюм тупроқ тўсиқлари билан ўраб олинган. Франция вилоятларида яшаган қабилалар эса ўз мудофаа деворларини тошдан қуришганлар. Мил. авв. 3-2 минг йилликларда Франция ва Англияда мегалит қурувчилар маданияти кенг тарқалади. Мегалит маданиятига эга қабилалар чорвадор бўлганлар. Деҳқончилик ҳам муҳим хўжалик ҳисобланган. Улар кичик қишлоқларда яшаганлар. Бир неча қишлоқ бир жойга тўпланган. Улар одатда мудофаага эга шаҳарларга яқин атрофда яшаганлар. Фавқулодда душман хавфи туғилса, шаҳар мудофаасидан фойдаланганлар. Қишлоқ атрофида қўрғон қабристонлар жой олган.
Францияда жез даврида яшаган қабилалар ўзларидан кўпгина йирик қўрғонлар қолдирган. Бу қабилалар деҳқончилик билан шуғулланганлар. Қўрғонлар мураккаб дафина қурилмалардан иборат бўлиб, уларга оддий кишидан тортиб то қабила доҳийларигача бўлган шахслар дафн қилинган. Оддий жамоатчилар қўрғонидан ишчи болта, ҳарбий доҳийлар қабрларидан эса бир неча қилич, найза, шлем ва қалқонлар топилган. Бу вақтга келиб Марказий Овропада турли ихтисосга эга кўпгина қабилалар яшаган ва муайян даражада ўзига хос маданият изларини қолдирган.
Мил. авв. 2 минг йилликнинг 2-яримларида лужит маданияти пайдо бўлади. Бу маданият Германиянинг Лужкук вилояти номидан келиб чиққан. Бу маданият локал гуруҳларга бўлинган бўлиб, то Славкук тоғларигача тарқалган. Бу маданият деҳқонларга тегишли эди. Унинг характерли томони шундан иборатки, қабристонлар дала майдонларида жойлашган бўлиб, ўлганлар куйдирилиб, махсус ўрниларига солиб дафн қилинган. Қабрларнинг кўплигига қараганда Овропа аҳолисининг сони неолит даврига нисбатан бир неча баробар ошганлигини кўрсатади. Жез қуроллардан деҳқончилик ва ҳунмармандчиликда кенг фойдаланилган. Жез даврининг охирларига келиб озиқ-овқат заҳиралари бир неча бор кўпаяди. Бу иқтисодиётнинг асосига шудгор деҳқончилик ва қорамол чорвадорлиги ҳамда давр технологиясининг ривожи асос бўлган. Бу даврда Овропада от-йилқичиликдан фойдаланишга киришилган.
Энг катта ва кенг ҳудудларни эгаллаган археологик маданият андронова (маданият номи Андронова қишлоғи билан боғлиқ) ва срубная маданиятига хос бўлиб, улардан ярим қўрғон шаклидаги қабрлар қолган. Андронова қабилалари Қозоғистон ва Жанубий Сибир вилоятларида яшаган. Сруб маданияти қабилалари дастлаб Ўрта Волгабўйининг Жанубий Оролбўйларидаги катта ҳудудларини ўз ичига олиб, кейинчалик Днепргача бўлган ҳудудларни эгаллаб, Жанубий Буг дарёси водийларигача етиб боради. Бу қабилалар чорвадор бўлиб, оддий деҳқончилик билан ҳам шуғулланганлар. Улар ўз молларини қиш мавсумида алоҳида қўрғонларда сақлаган. Андронова ва сруб қабилалари жамоалардан иборат бўлиб, улардан қишлоқлар қолган. Улар натурал хўжалик юритиб, ҳар хил қуроллар ва рўзғор буюмлари тайёрлаганлар.
Жезга ишлов бериш билан махсус металл қуювчи усталар шуғулланган. Эҳтимол, уларнинг айримлари жамоадан ажралиб чиқиб, ҳудудлараро юрадиган усталарга айланган. Бу ҳолат қабилалараро айрабошнинг ривожланишига кўмаклашди. Қабила, жамоа яшаган ҳудудларда металл заҳираси мўл бўлган тақдирда, улар металл бўйича ихтисослашган усталарга айланган. Мил. авв. 2 минг йилликнинг 2-ярмидан бошлаб андронова қабилалари Жанубий Қозоғистонга, Ўзбекистоннинг Зарафшон ҳавзаларига кенг тарқалади. (Расм-92)
Мил. авв. 2 минг йиллик охирларида Жанубий Сибир, Забайкал ва Олтойда жездан ишланган қуроллар тури кенг тарқалган бўлиб, улар Олтойдаги ва Ўрта Енисейдаги қарасук маданиятига ўхшайди. Бу маданият соҳиблари қисман деҳқочилик билан шуғулланган, чорвачилик эса алоҳида ўринда турган. Айниқса, қўйчилик кенг ривожланган бўлиб, бу ҳолат уларни ўтлоқ ҳудудларга мавсумий равишда силжиб юришига олиб келган.
Бронза асрида Кавказда анча ривожланган металлургия маркази вужудга келган бўлиб, бу ҳодиса собиқ Иттифоқ даштларида яшаган қабилалар билан алоқани мустаҳкамлашга олиб келди. Кавказ қабилалари бу вақтда қадимги Шарқ маданият марказлари билан ҳам алоқа боғлаган эди.
Ҳиндистонда бронза асрида илк қулдорчилик маданияти, Хараппа маданияти ташкил топади. Хараппа номи Панжоб вилоятида ўрганилган аҳоли қишлоғи номи билан боғлиқ. Шундай муҳим ёдгорликлардан бири Мохенджо-Даро ҳисобланиб, у Синд вилоятида жойлашган. Хараппа маданияти мил. авв. 3 минг йилликда гуллаб яшнаган. У деҳқончилик маданияти эди. Ерни шудгор қилишда плуг ёки металл тишли омочдан фойдаланилган. Қўш ҳайдаш учун йирик шохли ҳайвонлардан буйвал ва зебдан фойдаланишган. Қадимги Ҳинд водийсида яшаган қабилаларда чорвачилик муҳим ўрин тутган. Ҳунармандчилик анча ривожланган. Металлни қайта ишлаш, ип йигириш, тўқимачилик, кулолчилик ва заргарлик ишлари анча ривожланган. Хараппа маданиятига оид йирик қишлоқлар ҳақиқий шаҳарга ўхшарди, айрим ҳолатларда унинг эгаллаган майдони юзлаб гектарларни ташкил қилиб, атрофи қалин деворлар билан ўралган. Бинолар одатда икки қаватли бўлиб, улар пиширилган ғиштлардан қурилган. Ишлаб чиқариш кучларининг бу даражада ривожланиши, ёзувнинг мавжудлиги бу ерда синфий жамиятнинг ташкил топганлигидан гувоҳлик беради. Бироқ бу жамият ҳали ўзининг энг илк босқичини бошдан кечирарди. Шунинг учун ҳам Хараппа маданиятини ибтидоий тарихда алоҳида кўрсатиб ўтиш ўринлидир.
Хитойда мил. авв. 2 минг йилликда жезнинг пайдо бўлиши билан ибтидоий жамият тарихининг инқирози бошланиб, аста-секин синфий жамиятга ўтила бошланади. Бу ўтиш ушбу мамлакатда мил. авв. XVIII асргача давом этади ва Шань (Инь) давлати вужудга келади.
Месопотомия, Миср, Ҳиндистон, Хитой ва Греция ҳамда бошқа мамлакатларда ташкил топган қадимги цивилизация бошқа мамлакатларга қараганда анча эрта вужудга келиб, улар металлдан анча эрта фойдаланишга ўтганлар. Бу мамлакатларда яшаган халқлар рўда эритиб металл олиш, уни қайта ишлаш, турли меҳнат ва жангавор қуролларни ишлаб чиқиш ҳадисини билишганлар. Бу цивилизациялардан шимолроқда яшаган Овропа ва Осиё қабилалари ўз бошларидан илк темир асрини кечирмоқда эди ва ибтидоий жамиятнинг емирилиши бошланиб, синфий жамиятга ўтиши ҳамда давлатчиликнинг вужудга келиши арафасида яшардилар.
Собиқ Иттифоқ ҳудудида темир биринчи бор мил. авв. 2 минг йиллик охирида пайдо бўлади. Темир дастлаб Сарматлар қабридан топилган. Бу ёдгорлик собиқ Иттифоқнинг жанубидаги Овропа қисмидан топиб ўрганилган ва Сруб маданиятига ҳам тааллуқли. Энг қадимги вақтда темирдан фойдаланиш Ғарбий Грузиянинг Раге тоғидан бошланган. Бу минтақада қўни-қўшни бўлиб яшаган қабилалардан калхам, массинайки, халиблар ўз металлургияси билан машҳур эдилар. Бироқ темир металлургиясидан фойдаланиш собиқ Иттифоқ ҳудудида мил. авв 1 минг йилликка тўғри келади.
Темир даври маданияти мил. авв. VII ва унинг гуллаган даври эса V-IV асрларга тўғри келиб, бу ҳодиса, аввало, Шимолий Қораденгиз бўйларида яшаган скиф қабилаларида биринчи бор юзага келади. Скифларнинг бир неча шаҳарларини қазиб ўрганиш чоғида темир ашёлар топилган. Айниқса, Никопол яқинида қазиб ўрганилган шаҳарчадан топилган темир буюмлар уларда темирчилик алоҳида соҳа бўлганлигини кўрсатди. Никопол шаҳри ихтисослашган металлургиянинг маркази бўлиш эҳтимолидан узоқ эмас. Темирдан қуролларнинг ишлаб чиқарилиши деҳқончиликни шудгорлаш асосида олиб борилишига ҳамда ҳунармандчиликнинг ривожланишига асос бўлди.
Мил. авв. V асрларда Скиф қабилалари таркибига кирган кўчманчи қабилаларнинг бир қисми Қораденгиз бўйларидан Днепргача ва Дон ҳавзаларида яшаб, деҳқончилик билан шуғулланган. Днепр билан Ингуло ўрта қисмида яшаган скиф қабилалари кўчманчи бўлиб, кейинчалик улар Жанубий Буг дарёсининг юқори сарҳадларини ҳам эгаллайдилар. Скиф деҳқонлари Геродотнинг хабарига қараганда, буғдойни нафақат ўзлари учун эккан, шунингдек, сотувга ҳам чиқарган. Скиф қишлоқлари катта майдонга эга бўлган. Масалан, Коменск шаҳарчаси 12 кв км жойни эгаллаган бўлиб, атрофи қалин девор билан ўраб олинган. Қурилишда хом ғиштдан фойдаланилган. Шаҳар атрофи сувга тўлдирилган хандак ғовлар билан мустаҳкамланган. Яшаш уй жойлари ерда тикланган устунлар асосида қурилган бўлиб, тўртта тўғри бурчак, доира шаклларида ярим ертўла ҳамда юрталардан иборат бўлган. Скифлар жездан ясалган шлем, тарама қилич-қалқонлардан фойдаланган бўлиб, уларнинг чекка қисмлари темир ёки мис билан мустаҳкамланган. Улар энли белбоғ, темирдан ясалган дастали қилич, темир учдан иборат икки метрли найза кабилар билан қуролланганлар. Бироқ асосий қуроли ўқ-ёй эди.
Скифлар мил. авв. V асрга қадар ибтидоийликни бошдан кечирарди. Бироқ 100 йил ўтиши билан уларнинг ижтимоий тузумида кескин ўзгаришлар юз беради. Днепр бўйларида бу вақтга келиб ҳаддан йирик «подшо» қўрғонлари пайдо бўлади. Унинг баландлиги 10 метрдан ошарди. Уларга «подшоҳ»лар ва унинг қўриқчилари дафн қилинган. Аристократларга тегишли қабрлар унинг ўлдирилган хотини ёки хизматкори (қуллар) ва оти билан бирга кузатилган. Қабрга мўл қуроллар, олтин ва кумуш идишлар, вино тўлдирилган анфарлар, турли ясан-тусан тақинчоқлар қўйилган. Скиф қабила иттифоқлари аста-секин қулдорчилик давлатини келтириб чиқарди.
Ўзининг келиб чиқиши жиҳатидан сарматлар скифларга яқин турарди. Бу кўчманчи қабилалар мил. авв. VII-V асрларда Волгабўйи ва Орол атрофидаги даштликларда яшаган.
Қабилаларнинг гуруҳларга бўлиниши ва ўзларининг таркибий иттифоқ таркибларига Шарқдан келиб қўшилган қабилаларнинг бирлашуви туфайли қабилаларнинг янги иттифоқи вужудга келади. Бу қабилалар мил. авв. IV-III асрларда Тоболдан Дунай дарёси оралиғидаги даштларда яшаган сармат қабилалар иттифоқи эди. Улар кўчманчи чорвачилик билан (қўйчилик, йилқичилик) шуғулланардилар. Кубан сарҳадларида яшаган ўтроқ қабилалар деҳқончилик қилардилар. Сарматларга металл ишлаб чиқариш маълум эди. Улар жезни қуйишни билардилар. Тўқимачилик, кулолчилик, терига ишлов бериш каби юмушлар билан таниш эди. Мил. авв. II минг йилликка келиб Шарқий Овропада сарматлар ҳукмронлиги ўрнатилди. Бу ҳодиса мол боқиш учун кенг даштлик сарҳадларини излаб топиш билан боғлиқ эди. Сарматларда ҳам жамоа-уруғдошлик тузумининг инқирози бошланган эди. Бироқ бу жараён давлатчиликнинг пайдо бўлиш билан охирига етмади. III-IV асрларга келиб готлар ва гунлар томонидан сарматлар эгаллаб турган вилоятларидан сиқиб чиқарилади. Сармат қабилалари Қораденгиз қирғоқларида ҳукмронлик қилиб турган бир вақтда Шимолий Қораденгиз бўйларида, Юқори ва Ўрта Днестр, Днестр бўйларида «қабр майдонлари» маданияти, яъни зарубницк, черняховск маданиятлари пайдо бўлади. Бу қабилалар деҳқончилик билан шуғулланарди ва асосан ўрмонли дашт сарҳадларда тирикчилик ўтказарди. Аслида эса бу ерлар скифлар давридан мерос қолган эди.
Собиқ Иттифоқнинг Европа қисмининг марказий ва шимолий вилоятларида мил. авв. VII-VI асрларда яшаган қабилалар темир металлургияси билан таниш бўлганлар. Мил. авв. VII-III асрларда Прикимье вилоятларида ананин номи билан аталган қабилалар маданияти тарқалган. Улар жезга нисбатан темир металлдан кенгроқ фойдаланганлар. Вольганинг юқори оқимида, Вольга-Омск дарёлари ораси вилоятларида темир асрига оид шаҳар дьяконлар маданияти тарқалган. Бу қабилалар айтилган атрофда мил. авв. I – милодий I асрларда яшаганлар. Оқа дарёсининг жанубий ва Вольга дарёсининг ғарбида, Цны ва Люкши дарёларининг ҳавзаларида шаҳар городец маданияти тарқалган. Бу ерларда яшаган қабилалар мил. авв. VII – милодий IV асрларда истиқомат қилганлар. Бу маданият аслида қадимги финно-угор қабилаларига ҳам тааллуқли эди. Прибалтиканинг жанубий-шарқий туманларида қадимги литто-литовск ва эстск (чудск) қабилалар яшаган.
Жанубий Сибир ва Олтой ўлкаларида ҳамда унга туташ вилоятларда мил. авв. IV-III асрларда яшаган қабилалар темир рўдасидан турли маҳсулотлар олишни яхши ўзлаштирган эдилар. Дарҳақиқат, бу минтақалар полиметаллга энг бой жойлар ҳисобланди. Аммо қайси сабаблиги номаълум, темир бу ерда фақат мил. авв. III асрда маълум бўлган.
Собиқ Иттифоқнинг Шимолий Европа қисмида, Сибирнинг тўндра билан боғлиқ вилоятларида темир асри умуман бўлмаган. Фақат XVI-XVII асрларга келиб, бу ерларга рус аҳолисининг кириб келиши билан мазкур вилоятларда яшаган қабилалар темир билан танишадилар.
Ғарбий Овропадаги темир асрини икки босқич: гольштатск (мил. авв. 900-500 йиллар) ва латенск (мил. авв. 500 ва милодий I аср) маданиятлари деб айтиш мумкин. Гольштат маданияти Ғарбий Овропада ҳозирги Австрия, Югославия, Чехословакия вилоятларида кенг тарқалган бўлиб, кейинчалик бу ерларни илларийслар эгаллайди. Жанубий Германиянинг Рейн дарёси бўйларида ва Франция вилоятларида кель қабилалари яшаган. Гольштейн маданиятига тегишли қабилаларда дастлаб жез маълум эди ва кейинчалик темир қуроллар ҳам пайдо бўлади. Бу қибалалар мил. авв. 1 минг йилликка келиб, деҳқончиликда мотига ўрнига плугдан фойдаланганлар. Бу қабилалар ёғоч устунли ярим ертўла уйларда яшаб, уларнинг уйлари ҳовлилар билан таъминланган. Ёғочдан қурилган уйлар тўғри бурчак шаклида бўлган. Шунингдек, тўғри, равон кўчаларга ҳам эга бўлишган.
V асрнинг бошларида латенск маданияти гуллаб яшнаган. Бу ҳолат мил. авв. I асрда римликларнинг Галияни босиб олгунига қадар давом этган. Латенск маданияти кельтлар билан алоқадор эди. Бу маданият Ғарбий Рейн бўйлаб Атлантика океанига қадарги ерларга тарқалган эди. Латенск маданиятида жез йўқ эди. Темир кенг тарқалган эди. Овропада темир римликларнинг босиб олиши билан кенг тарқалди. Чилангарлик, ҳунармандчилик, сопол идишлар ишлаб чиқариш кенг ривожланган. Улар сопол идишларни чархда ишлаб чиқаришни яхши ўзлаштирганлар. Деҳқончилик ишлари темир тишли плуглар ёрдамида олиб борилган. Уларнинг қишлоқлари баландликларда қурилган тўп-тўп қишлоқлар бирикмасидан иборат бўлиб, кейинчалик аҳолиси сероб қишлоқлар асосида илк шаҳарлар пайдо бўлади. Уларда ҳунармандчилик ва савдо ишлари анча ривожланган эди.
Латенск маданияти кўпгина кельт бўлмаган қабилалар орасида кенг тарқалган. Кельтларнинг ўзлари давлат туза олмаганлар. Улар ибтидоий жамиятнинг емирилиши ва синфий жамиятга ўтиш арафасида яшаганлар. Аммо сиёсий бирлик уларда вужудга келмаган. Янги эранинг бошларида бу ерларни римликлар ишғол қилиши натижасида рума маданияти кенг ўрин олади.
Шимолий Овропа ерларида темир жанубга қараганда қарийб 300 йил кейин тарқалган. Илк темир асрининг охирларида герман қабилалари маданияти кириб келади. Бу қабилалар аслида Шимолий денгиз ёнларида, Рейн, Дунай ва Эльба дарёларининг ҳавзаларида, шунингдек, Скандинавия ярим ороли вилоятларида тарқалиб яшаганлар. Бу қабилалар маданиятига ғарбий славянларнинг таъсири кучли бўлган. Улар лужейск аҳолисининг кейинги авлодлари бўлиб, кейинчалик мил. авв. III-II асрлар – милодий IV-V асрларга келиб пшевор маданияти номини олади. Айрим олимларнинг маълумотига қараганда, пшевор маданиятли қабилалар қадимги муаллифларнинг хабари бўйича, аввал венедлар, сўнгра скловинлар деб аталган.
Дунёнинг кўпгина вилоятларида, жумладан, тропик Африкада темир тарқалган бўлса-да, бу вилоятларда ибтидоий муносабатлар узоқ вақтлар инқирозга юз тутмади. Янги маълумотларга қараганда, Африка қабилаларида темир металлургияси жуда қадимдан, яъни мил. авв. 2 минг йилликдан маълум эди. Мил. авв. VI асрга келиб темир Нубияда, Суданда, Ливияда маълум эди. Мил. авв. II асрга келиб темир асри Марказий Африка вилоятларига кириб келади. Кўпгина Африка қабилалари жез асрини бошдан кечирмасдан, тош давридан темир асрига ўтишганлар.

Download 0.99 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   57




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling