98. Трансформацион метод
Бу метод замонавий методлар ичида энг мукаммали хисобланади. Чунки у тилдаги синтактик жараёнларни тушунтириш имконига эгадир. Трансформацион метод таълимотига биноан тилнинг синтактик тузилиши асосида элементар ядро гаплар ётади. Бу элементлар синтактик структураларнинг ўзгариши янги турдаги мукаммалроқ структураларни (синтактик бирликларни: сўз бирикмалари, гапларни) юзага келишига сабаб бўлади. Трансформацион қоидалар деганда элементар (ядро) гапларни турли хилдаги сўз бирикмаларига ёки турли бошқа хилдаги гапларга айлантирадиган тадбирлар тушунилади. Трансформацион қоидалар уч хил булади: а) элементар (ядро) гапларни сўз бирикмаларига айлантириш; б) элементар (ядро) гапларни бошқа содда гапларга айлантириш; в) икки ва ундан ортиқ элементар (ядро) гапларни битта мураккаб ёки қўшма гапларга айлантириш. Биринчи коидага биноан қуш сайраяпти деган элементар гапни қушнинг сайраши ёки сайраётган қуш каби сўз бирикмасига айлантириш мумкин. Иккинчи қоида ўз ичига бир нечта майда қоидаларни олади. Масалан, сўз қўшиш, сўз тартибини ўзгартириш, сўз тушириб қолдириш, актив формадан пассив формага айлантириш ва бошқалар. Эшик очиқ эшик очиқ эмас. Эшик очик эшик очикми? каби. Учинчи қоидага асосан Кеч тушди — Ёмғир ёғди деган элементар гаплар қўшма гапга айлантирилиши мумкин. Кеч тушди ва ёмгир ёгди. Кеч тушгач, ёмғир ёғди каби.
99. Статистик таҳлил методи
Статистик тахлил тилнинг барча қатламларига бирдек қўлланиши сабабли универсал метод хисобланади. Бу метод трансформацион тахлил каби тушунтириш қобилиятига эга бўлмаса-да, нутқда тил элементлари ва тил ходисаларининг ишлатилиш даражасини аниқ кўрсатиб беради. Хозирги замон тилшунослиги тил ходисаларини факат сифат томонидан эмас, балки миқдор жиҳатидан хам чуқур ўрганишни тақозо этади. Маълумки, миқдор ўзгариши сифат ўзгариши билан узвий боғлиқдир. Шундай қилиб статистик тахлил тил ва нутк ходисаларини оддий санаш, миқдорини аниқлаш методи бўлиб, тилнинг табиатини, қонуниятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |