Инвестиция муҳити


Download 19.59 Kb.
bet1/2
Sana04.02.2023
Hajmi19.59 Kb.
#1159095
  1   2
Bog'liq
Тезис инвестиция первод Айсулыуга


ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИ” КАТЕГОРИЯСИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Эркин иқтисодий зоналар иқтисодиётига миллий ва хорижий инвестициялар кириб келишини рағбатлантиришда қулай инвестициявий муҳит яратиш масалалари долзарб аҳамиятга эга.


Инвестиция муносабатларни тартибга солишга қаратилган аксарият хорижий давлатларнинг қонунчилигида, хусусан миллий қонунчилигимизда ҳам “қулай инвестициявий муҳит” тушунчасига расмий таърифлар мавжуд эмас. Илмий адабиётларда “қулай ишбилармонлик муҳити”, “қулай инвестиция муҳити” тушунчалари ишлатилсада, уларни умумий равишда тавсифлайдиган ягона таъриф ишлаб чиқилмаган.
Республикамиз иқтисодчи олимларининг қатор илмий-тадқиот ишларида “инвестиция муҳити” ва “инвестиция иқлими” категориялари ўзаро синоним тушунчалар (категориялар) сифатида талқиқн этилган. Бу борада, Д.Ғозибеков ва Э.Носировларнинг фикрича, “Инвестиция иқлими – кенг маънода ишлатиладиган тушунча бўлиб, инвестор томонидан ҳисобга олинадиган барча муаммо ва масалаларни мужассамлаштиради. Инвестор томонидан маълум бир мамлакатга капитал ажратишнинг қулай ва ноқулай томонлари белгиланади, шу билан бир қаторда, ўз капиталини киритмоқчи бўлган мамлакат мафкураси, сиёсати, иқтисодиёти ва маданиятига катта аҳамият берилади [1]”.
Шунингдек, Ш.Мустафақулов ҳам “инвестицион иқлим” ва “инвестиция муҳити”нинг бораисда олиб борган илмий изланишларида “нвестицион иқлим – ички ва ташқи инвестицияларнинг кириб келишига таъсир кўрсатадиган ялпи иқтисодий, сиёсий, молиявий шароит” эканлигини алоҳида таъкидлаб, инвестиция муҳитини ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилиниши асносида инвестиция таваккали баҳоланишига эътибор қаратади. Олимнинг фикрича, инвестиция муҳити ва таваккал даражалари бир-бирига тескари нисбатдадир. Инвестиция муҳити қанчалик қулай бўлса, инвесторнинг тадбиркорлик таваккали шунчалик паст даражада бўлади ва бу инвесторларнинг кириб келишини фаоллаштиради. Аксинча, инвестиция муҳити ноқулай бўлса, таваккал даражаси юқори бўлади. Бу эса, инвестиция қабул қилувчи томон сарф-харажатларининг ўсишига олиб келади. Инвестиция муҳитининг ҳолати фақат инвестор учун эмас, балки инвестиция қабул қилувчи учун ҳам муҳимдир [2].
“Инвестицион муҳит жозибадорлиги – мамлакат, тармоқ ва соҳаларга инвестициялар оқимини аниқловчи, таъминлашга имкон берадиган, кафолатланган ҳамда инвестицион фаоллик билан баҳоланадиган иқтисодий, ижтимоий ҳолат, жараён ва воситалар, имконият ва чекловлар йиғиндисидир”.
Шунингдек, эрқин иқтисодий ҳудудларга инвестицияларни жалб қилиш борасида илмий изланишлар олиб борган Ж.Каримқулов томонидан қуйидаги фикрлар билдирилган: “Дунё миқёсида ривожланган ва янги индустриал мамлакатларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада эркин иқтисодий ҳудудларда яратилган инфратузилма тармоқлари ва қулай инвестицион муҳит хорижий инвестицияларни ўзлаштиришда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда [3]”. Шунингдек, мазкур олим томонидан, инвестиция муҳитига таъсир этувчи ички ва ташқи омиллар ҳам аниқланган. Ушбу илмий изланишлар натижаси сифатида иқтисодчи олимнинг таъкидлашича: “Инвестиция муҳитига таъсир кўрсатувчи ички омиллардан энг муҳими сифатида мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорликни келтириб ўтиш лозим. Сабаби, ушбу омил ўзида мамлакатдаги макроиқтисодий кўрсаткичлар, жумладан ЯИМ, унинг аҳоли жон бошига нисбатан тақсимоти, инфляция даражаси, ЯИМ дефлятори, давлат бюджетининг ижроси, саноат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, инвестицияларни жалб этиш ва бошқа кўпгина кўрсаткичларни ўзида акс эттиради. Айнан ушбу омиллар жаҳоннинг кўплаб рейтинг агентликлари ва халқаро рейтинг натижалари учун асос ҳисобланади. Ички омиллар гуруҳидан жой олган солиқ, божхона ва бошқа маъмурий имтиёзларнинг амал қилиши эркин иқтисодий ҳудудлар учун аҳамиятлидир [3]”.
Инвестицион муҳитнинг соғломлиги, жозибадорлигини давлатнинг ижтимоийиқтисодий ҳолатини акс этувчи макроиқтисодий кўрсаткичлар орқали ҳам баҳолаш мумкин. Жаҳон банкининг (ЖБ) классификациясига кўра, Сингапур давлати энг юқори даромадга эга бўлган давлатлар қаторига киради. Инвестицион иқлимга таъсир кўрсатувчи муҳим кўрсаткичлардан биттаси – инфлация даражасидир. Инфлация даражаси қанчалик паст бўлса, инвестицион жозибадорлик шунчалик даражада юқори бўлади. 2005 йилда Сингапурда инфлация даражаси 0,5 фоизни, 2019 йилга келиб эса 0,4 фоизни ташкил этди. Давлатнинг инвестицион муҳит жозибадорлигига баҳо беришда, бугунги кунда энг кўп тарқалган усуллардан бири бу – Doing Business индекси; Глобал рақобатбардошлик индексидир [4].
Нега инвестиция муҳитини доимий равишда яхшилаш зарур, деган савол туғилади. Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин: агар инвестиция муҳити яхши бўлса, бир томондан, ички инвестицияни ўсишига, мўлжалланган харажатлар таркибида истеъмолга нисбатан жамғаришнинг кўпайишига имкон беради. Бу эса иқтисодий ўсиш суръатларининг юқори бўлишига кафолатдир. Иккинчи томондан эса хориждан инвестицияни оқиб келишга имкон беради. Бу, ўз навбатида, қўшимча иш жойлари, қўшимча даромад, иқтисодиётнинг ўсишига қўшимча имкониятдир. Бундан ташқари, энг муҳими хорижий инвесторлар ўзлари билан нафақат капитални олиб келадилар, балки ўз мамлакатларида бўлган илғор билим ва тажрибани ҳам олиб келадилар. Бу ҳам мамлакатнинг иқтисодий ўсишига имкон туғдиради. Дунёдаги барча давлатлар ўзларидаги инвестицион муҳитни яхшилаш устида иш олиб боришади. У ёки бу давлат бу масалага озгина эътибор бермаса, хорижий инвесторларни тезда йўқотиб қўяди, чунки инвесторлар ўз капиталларини қўйишга доимо иложи борича жозибалироқ жой қидиради.


Download 19.59 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling