Иргашова Марипат Абдиназаровна
I БОБ. “УМУМИЙ ПЕДАГОГИКА” ФАНИНИ ЎҚИТИШНИНГ НАЗАРИЙ МАСАЛАЛАРИ
Download 0.52 Mb.
|
Битирув иши Якуний вариант
I БОБ. “УМУМИЙ ПЕДАГОГИКА” ФАНИНИ ЎҚИТИШНИНГ НАЗАРИЙ МАСАЛАЛАРИ
1.1. Ўқувчилар жамоасини самарали шакллантириш ва бошқаришда синф раҳбарининг тутган ўрни Синф раҳбари ўқувчиларни жамоасини самарали шакллантириш, ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллайди. Синф раҳбари фаолиятининг педагогик имконияти ўз-ўзидан намоён бўлмайди. Жамоа фаолиятнинг аниқ мақсадга қаратилиши ўқувчилар томонидан ташкил этилаётган барча ҳаракатларни уларда маънавий-ахлоқий сифатларни тарбиялаш учун йўналтирилишини англатади. Ўқувчилар жамоаси фаолиятининг муайян мақсадга йўналтирилишида ҳар бир шахснинг фаоллиги, мустақиллиги муҳим аҳамиятга эга. Фаолликка ва мустақилликка таяниш ҳар қандай аниқ ишни ташкил этиш услубиётида асосий талаблардан бири сифатида намоён бўлади. Агар ўқувчилар бирор кечани ўтказишга қарор қилган бўлсалар, бу қарорга ўзлари келган бўлишлари керак. Ўқувчиларни жамоа ишига жалб этиш уларнинг онги ва хулқ-атворига таъсир кўрсатишга ёрдам беради. Агарда ўқувчилар ўз хатти-ҳаракатларининг ижтимоий моҳиятини етарлича англаса, турли тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтса улар иродавий жиҳатдан камол топади. Синф раҳбари жамоа фаолиятига янгича руҳ ва мазмун бахш эта олиши керак. Ўқувчилар жамоаси байрамларни нишонлаш, турли йўналишлар бўйича саёҳатларни уюштириш ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Гап болаларнинг кўнглини олиш, улар учун мумкин қадар кўпроқ байрамлар уюштиришда эмас, балки синф жамоасининг кундалик ҳаёти етарлича ёрқин ва жўшқин бўлиши, қувончли кечинмаларнинг пайдо бўлишида. Ўқувчиларни турли ижтимоий фаолиятга аста-секин жалб қилиш, уларга тобора кўпроқ мустақиллик бериш жамоа ҳаётининг мураккаблашиб борувчи меъёрларини эгаллаб олишига ёрдам беради. Ўқувчиларнинг ғоявий-ахлоқий жиҳатдан ўсиши, ижобий сифатларнинг таркиб топиши, шахснинг ривожланишидаги камчиликларнинг йўқотилиши – тарбиявий фаолият натижа саналади. Синф жамоаси фаолиятига баҳо беришда эътиборни қилинган ишлар миқдори, олинган ёрлиқлар, мукофотлар сонига қараб эмас, балки ўқувчилар жамоасининг ташкил топишида рўй берган аниқ ижобий ўзгаришларга қаратиш керак. Аввало ижобий тарбиявий натижаларни баҳолай билиш ва шунга интилиш – синф раҳбарининг методик жиҳатдан юқори касбий тайёргарликка эгалигини белгиловчи муҳим кўрсаткичларидан биридир. Ижтимоий фойдали меҳнатни ташкил этиш, ўқувчилар томонидан ўз меҳнатларининг ижтимоий аҳамиятини етарлича англаниши синф раҳбари ишининг методик жиҳатдан тўғри ташкил этилганлигини кўрсатади. Ўқувчиларда меҳнат қилишга бўлган эҳтиёж турли сабаблар билан пайдо бўлиши мумкин. Агар синф раҳбари ҳар қандай фаолиятни ташкил этишда унинг ижтимоий аҳамиятли бўлишига эътиборни қаратса, у ҳолда ҳар қандай иш, фаолият ўқувчиларда меҳнатга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришга ёрдам беради. Қачонки, ўқувчилар жамоаси жалб этиладиган ижтимой-фойдали меҳнатни ташкил этишдан кўзланган мақсад ўзида олийжаноб ғояларни, юксак қадриятларни ифода этса, синф раҳбари синф аъзоларини ҳеч бир қийинчиликларсиз меҳнат жараёнига жалб эта олади. Одатда, ўқувчилар ўзлари учун қизиқарли бўлган меҳнат топшириқларини осонлик билан бажаришга киришади. Мактаб ҳовлисини тозалаш, синфда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш каби меҳнат фаолиятида ўқувчиларни ўзига жалб қиладиган ҳолатлар кам. Шу сабабли синф раҳбари ўқувчилар бажарадиган ишнинг аҳамияти кўрсатиб бера олиши, уларнинг умум ишига қўшаётган ҳиссалари нималардан иборат эканлигини таъсирли этиб тушунтириб бера олиши керак. Синф раҳбаридан ўқувчиларга шу нарсани кўрсата билиш талаб этиладики, синф жамоасининг ижтимоий-фойдали ишлари – ўқувчиларнинг катталар билан биргаликда иштирок этадиган муҳим ижтимоий ишларнинг бир қисмидир. Шу сабабли меҳнатни ташкил этишда ўқувчиларнинг ёшини ҳисобга олиб ёндашиш талаб қилинади. Бунда синф раҳбари ҳар бир ёш даври учун танланадиган меҳнат топшириғининг оғир-енгиллигини, меҳнатнинг турли даражада англашилишини ҳисобга олиши зарур. Меҳнат жараёнида ўқувчиларнинг кўтаринки кайфиятини бажарилаётган иш охирига етгунга қадар сақлаб туриш жуда муҳим. Кўпинча ўқувчилар иштиёқ билан ишга киришиб, тезда чарчаб қолади, ишни чала-чулпа бажаради. Ўқувчидан ишни охиригача етказишни талаб қилиш, уни ўз кайфиятини бошқара билишга ўргатиш, чарчашни енгиш, зерикиш ҳиссини йўқотиш – буларнинг барчаси шахснинг маънавий-ахлоқий сифатлар (сабрли бўлиш, қатъиятлилик, иродавийлик, тиришқоқлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам ва б.)га эга бўлишига ёрдам беради. Меҳнат топшириқларининг қандай бажарилганлиги, жамоада ҳар бир аъзонинг қандай ишлаганлиги, ишга қандай муносабатда бўлганлиги, ижодий ташаббус, зеҳн, ўзаро ёрдам қандай ташкил этилганлиги билан қизиқиши айниқса муҳим. Бу масалаларни бутун синф жамоаси билан муҳокама қилиш ижтимоий аҳамиятли ахлоқий сифатларнинг тарбияланишига ҳамда жамоада самимий ва дўстона муносабатларнинг вужудга келишини таъминлайди. Ижобий намуна асосида ўқувчиларни тарбиялаш синф раҳбари иш фаолиятида жуда катта ўрин тутади. Ижобий намуналар тақлид қилиш учун яққол намуна сифатида жуда катта ишонтирувчи ва илҳомлантирувчи кучга эга. Ибратли мисолнинг тарбиявий кучи болаларнинг тақлид қилишга мойиллиги ва қобилиятига асосланган. Ўқувчиларда етарли даражада билим ҳамда ҳаёт тажрибаси бўлмагани учун атроф-теваракдагиларнинг хатти-ҳаракати ва қилиқларига диққат билан қарайди, уларга тақлид қилади, катта кишилар ўзларини қандай тутсалар, улар ҳам ўзларини шундай тутишга ҳаракат қилади. Ижобий намуналар тарбиянинг ҳаёт билан боғлиқлигини қарор топтиришга ёрдам беради. Тарбиявий ишда ота-оналар, ўқитувчилар, тарбиячиларнинг шахсий намуна кўрсатиши, ўзларидан катта авлоднинг энг яхши меҳнат намуналаридан фойдаланиш айниқса ижобий натижаларни беради. Шу билан бирга меҳнат фаолиятини ташкил этиш жараёнида юзага келадиган жамоа анъаналари ҳар бир ўқувчининг хулқ-атворига қўйиладиган педагогик талабларни аниқлаштиришга ёрдам беради. Педагогик талаблар қаторида топшириқлар ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга. Синф раҳбари ўқувчиларга топшириқларни беришда муайян шартларни инобатга олиши зарур. Жумладан: - топшириқларнинг ижтимоий аҳамиятга қаратилган натижага қаратилганлиги; - уларнинг ўқувчиларда ташкилотчилик қобилиятлари ва сифатларини таркиб топтириши; - ўқувчиларнинг фаоллиги, ўз-ўзини ривожлантиришга бўлган интилишларини қаноатлантиради, жамоанинг турли йўналишлардаги фаолияти жараёнида фаоллик кўрсатиш учун шароит яратади; - ўқувчилар ўртасидаги муносабатларнинг янги имкониятларини вужудга келтиради. Топшириқлар турлича бўлиши мумкин: - ташкилий характердаги топшириқлар (турли-туман ташкилий ишлар, сайловлар, синф фаолларини белгилаш ва уларни йўналтириш ишлари); - ижтимоий-маърифий топшириқлар (болалар ва ўсмирлар ҳаракатида қатнашиш, деворий газета чиқариш ва ҳ.к.); - ўқув топшириқлари (ўзаро ёрдам уюштириш, имтиҳон, олимпиадаларга тайёргарлик кўриш, фан кечалари ва б.); - спорт ва ўйин топшириқлари (мусобақа, беллашув ва ҳаваскорлик чиқишларини тайёрлашга оид). Топшириқларни беришда синф раҳбари уларнинг моҳияти ва мазмунига қараб ўқувчиларнинг уларга турлича муносабатда бўлишни, у ёки бу топшириқларнинг маълум даражада таъсир этишини назарда тутиш керак. Синф раҳбари ўқувчиларда ожизлик туйғулари пайдо бўлмаслиги, улардаги ишончсизликнинг йўқолиши, ишдаги иштиёқи мустаҳкамланиши кабиларга алоҳида эътибор қаратиши зарур. Жамоанинг ижтимоий ҳаёт даражаси қанчалик юқори бўлса, топшириқлар мазмуни қанчалик қизиқарли, хилма-хил-бўлса, жамоада баъзи қарама-қаршиликлар осон бартараф этилади. Топшириқлар ўқувчиларни ёш хусусиятларига жавоб бериши, уларнинг кучи етадиган бўлиши керак. ўқувчига кучи етадиган ишни топшириш айни вақтда мавжуд қийинчиликларни енгиш имконини беради. Ўқувчиларни нафақат синф раҳбарининг суҳбат ва тушунтиришлари ёрдами билан, балки уларнинг ўз ҳаётий тажрибалари, кундалик ижодий фаолиятлари, бошқа кишилар билан доимий суратда муомалалари орқали ҳам тарбиялаш лозим. Яхши китоб, юксак ғояли санъат асари, қизиқарли радио эшиттиришлари, ойнаи жаҳон кўрсатувлари, синфдан ташқари ўқишни ташкил этиш, газета ва журналлар ўқишга ўргатиш ҳам ўқувчиларда жамоавийлик туйғуларини қарор топтиради. Шундай қилиб, ўқувчилар жамоасини шакллантириш ва самарали бошқаришда асосий шахс синф раҳбари саналади. Синф раҳбарининг методик жиҳатдан синф жамоасининг оқилона шакллантира олиши ўқувчиларда жамоавий туйғуларини қарор топиради. Жамоа анъаналари, синф раҳбарининг ўқувчиларни ижтимоий-фойдали меҳнатга фаол жалб этишга тўғри ёндашиши каби омиллар жамоанинг мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Мустаҳкам ўқувчилар жамоаси эса ҳар бир ўқувчининг ижтимоий жиҳатдан тўлақонли шаклланишига ёрам беради. Download 0.52 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling