Йилда совуқ келган қишнинг синоптик жараёнлар таҳлили
Download 40.49 Kb.
|
2007 - 2008 йилда совук келган кишнинг синоптик жараёнлар тахлили
2007-2008 йилда совуқ келган қишнинг синоптик жараёнлар таҳлили Ғуломова Г.С. ЎЗбекистон Миллий университети Сўнги йилларда табиий ва антропоген омиллар таъсирида иқлим ўзгариши муаммолари ва унинг натижасида келиб чиқадиган оқибатлар Ўрта Осиё худудида кескин ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун Ўрта Осиё минтақасида циркуляция жараёнларини ўрганиш ва мумкин бўлган тебраниши ва ўзгаришини баҳолаш ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Ўрта Осиёдаги мавжуд 15 та синоптик жараёнларнинг ўзига хос об-ҳаво шароитлари бор. Бу жараёнларнинг айримлари ўзига хос совуқ ҳаво массаларини олиб келади ва ҳавони совиб кетишига сабаб бўлади. Айниқса бундай шароит қиш ойларида яққол намоён бўлади. Айримлари эса ўзи билан бирга илиқ ҳаво массаларини олиб келиб, ёз ойларидаги ҳаво шароитларини ниҳоятда исишига сабаб бўлади. Барчамизга маълумки, бу йилги қиш аввалги йилларга нисбатан совуқ келди. Бу совуқлар Ўрта Осиёда 2007 йилнинг 25 декабридан бошлаб, 50 кун давом этди. Шу давр мобайнида Ўрта Осиё Сибир антициклонининг совуқ ҳаво массалари таъсирида бўлди. Сибир антициклонининг совуқ ҳаво массалари асосан Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистоннинг жануби-шарқий туманларига кучли таъсир этди. Қирғизистон ва Тожикистон айниқса, уларнинг баланд тоғли худудларига таъсири камроқ бўлди. Чунки совуқ ҳаво массаларинг таъсири атмосферанинг ерга яқин қатламида, яъни 1000-1500 м гача бўлган жойларида кучли бўлди. Энг минимал ҳаво ҳарорати 8 январдан 28 январгача давом этди. Шу кунлари республикамизнинг барча жойларида ўртача ҳаво ҳарорати 10 даража совуқни ташкил этди. Бу кунлари республикамизда совуқ ҳавонинг шимоли-ғарбдан келиши, кичик градиентли паст босимли майдон, антициклоннинг жануби-ғарбий чеккаси, Ўрта Осиё устидаги секин силжувчи циклон, антициклоннинг жануби-шарқий чеккаси, антициклоннинг жанубий чеккаси, кичик градиентли юқори босимли майдон жараёнлари хукмронтлик қилган. Бу жараёнларнинг айрим хусусиятлари билан таништирамиз. Совуқ ҳавонинг шимоли-ғарбдан келиши жараёни Ўрта Осиёга шимоли-ғарбдан, яъни Европанинг жануби-шарқида жойлашган Россия худуди, Ғарбий Қозоғистон ва Устюртдан кириб келади. Об-ҳаво шароитини ўзгартиради, ёмонлаштиради ва ҳаво ҳароратини пасайтиради. Кичик градиентли паст босимли майдон жараёни кузатилганда республикамиз антициклоник хусусиятга эга бўлган жараёнлар таъсирида бўлади. Ёғингарчиликлар ва туманлар кузатилади. Антициклоннинг жануби-ғарбий чеккаси жараёнида, Ўрта Осиё худудида атмосферанин қуйи қатламларида Сибир антициклони хукмронтлик қилади. Ҳаво ҳарорати энг минимал миқдорда бўлади. Намлик 65-100 фоиз атрофида бўлади. Туман тушади. Ўрта Осиё устидаги секин силжувчи циклон жараёнида ҳаво ҳарорати меъёрдан паст бўлади. Антициклоннинг жануби-шарқий чеккаси жараёнида совуқ об-ҳаво шароитлари кузатилади. Антициклоннинг жанубий чеккаси жараёнида Сибир антициклонининг бир бўлаги Европанинг шарқий қисмидаги Россия худудида ва Ғарбий Қозоғистоннинг устида бўлади. Унинг фақатгина жанубий чеккаси Ўрта Осиё худудига таъсир қилади. Об-ҳаво шароитларини ёмонлаштиради.
Кичик градиентли юқори босимли майдон жараёнида Сибир антициклони билан Россиянинг Европа қисмидаги антициклонни туташтириб турувчи баланд босимли майдон хосил бўлади. Бу жараёндан сўнг Россиянинг Европа қисмидаги антициклон тарқалиб кетади ёки шарққа томон силжийди, лекин Сибир антициклони сақланиб қолади. Об-ҳаво шароити ёмонлашади. Юқорида кўриб чиққан жараёнлар антициклоннинг жануби-ғарбий чеккаси жараёни Сибир антициклони билан бевосита боғлиқдир. Бу жараёнлар республикамизда шу давр оралиғида 18 кун кузатилган. Шу сабабли республикамизда бу даврда ҳаво ҳарорати 20 даражадан паст бўлди. Республикамизнинг Тошкент Қовунчи худудида,Сирдарё вилояти Сирдарё туманида, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри ва Қўшрабод туманида, Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида ҳаво ҳарорати 3-12 кун 20 даражадан паст бўлди. Жиззаҳ вилояти Ғаллаорол туманида 9 кун ҳаво ҳарорати 25 даражагача совуқ бўлган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида 20 кун давомида ҳаво ҳарорати 20 даражадан паст бўлди. Сурҳондарё вилоятининг шарқий худудларида 9 кун давомида ҳаво ҳарорати15 даражадан паст бўлса, 32 кун 20 даража атрофида бўлди.
Бу даврда Тошкентдаги ҳаво ҳарорат меъёри 0-3 даража илиқ. Аммо кузатилган ҳаво ҳарорати 10-20 даража атрофида эканлигини графикдан кўриш мумкин (1 – расм).
Худди шу даврда 2005-2006 йилларнинг ҳаво ҳарорати 5-10 даража атрофида совуқ бўлган, шу билан бирга меъёрга яқин кунлар ҳам кўп бўлган (2 – расм) . Шу каби ҳаво ҳарорати пасайиши бундан 40-50 йил илгари ҳам кузатилган. Тошкентда 1968-1969 йилларда ҳаво ҳарорати айрим кунлари 20 даражадан паст бўлиб, меъёр атрофида бўлган кунлар ҳам кўп бўлган (3 – расм). Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу йил республикамизда кузатилган изғирин қиш атмосферада бўлаётган турли хил жараёнлар ва ҳодисаларга боғлиқ ҳолда таҳминан ҳар ярим асрда такрорланиб туради. Метеорологик таҳлиллар тарихидан республикамизда бундан ҳам қаттиқ қировли қиш кунлари бўлганлигини билиб олишимиз мумкин. Download 40.49 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling